Ўзбекистонда 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсуми ниҳоясига етмоқда. Шу муносабат билан 25 сентябрдан 31 октябрга қадар теримчилар учун яратилган шароит, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликни назорат қилиш бўйича Миллий мониторинг ўтказилди.
Мониторинг пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун яратилган шароитни баҳолаш, пахта йиғим-терими ишларида 18 ёшга тўлмаган шахслар, жумладан, ўқувчи ва талабалар, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ташкил этилди.
UzAnalytics мухбири Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп ва Гуманитар ҳуқуқий марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниев билан ушбу мониторинг натижалари ва мажбурий меҳнат муаммолари ҳақида суҳбатлашди.
Ўзбекистоннинг пахта саноатида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш борасида эришилган ютуқларга қандай баҳо берасиз? 2019 йилги пахта териш мавсуми ҳақидаги фикрингиз қандай?
Йонас Аструп: Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалаларига алоҳида-алоҳида ёндашиш лозим, назаримда. Болалар меҳнатига келсак, Ўзбекистон пахта териш мавсумида мунтазам равишда болалар меҳнатидан фойдаланишни бартараф қилишдаги муваффақиятидан фахрланса арзийди. Бу жуда катта ютуқ ва келажакда, албатта, ўз самарасини беради. Халқаро меҳнат ташкилоти болалар боғчалари, мактаблар, университетлар ва бошқа ўқув муассасалари бу йилги пахта терими мавсумида одатдагидек фаолият кўрсатганининг гувоҳи бўлди. Талабалар ўқиди, ўқитувчилар дарс ўтди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.
Мажбурий меҳнат масаласига келсак, 2019 йилги мавсум ҳақида хулоса чиқаришга бироз эрта. Чунки пахта териш мавсуми ҳали ўз якунига етмади. Ҳозир мавсумнинг энг сўнгги – қийин босқичи давом этаяпти. Далаларда пахта камайган, план эса бажарилиши керак. Пахта терими жараёнида маълум бир саволлар ёки муаммолар пайдо бўлганда, фуқаролар тўғридан тўғри Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияларига мурожаат қилаётганини, бундай алоқалар тобора кўпаяётганини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Буни ижобий ҳолат деб ҳисоблайман. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхшироқ англаб етаяпти ва бу ҳақда очиқ гапиришга тайёр. Бизда шундай таассурот уйғонди. Бу – ижобий натижа.
Сизнингча, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси буткул бартараф этилди, дея хулоса чиқарса бўладими? Бу фикрга қўшилмасангиз, мазкур амалиёт республика иқтисодиётининг қайси соҳаларида кўзга ташланади, деб ўйлайсиз?
Йонас Аструп: Мажбурий меҳнат – дунё миқёсидаги муаммо. Мажбурий меҳнат турли мамлакатларда турли кўринишга эга. Аммо у ҳамма жойда бор. Бу масалада Ўзбекистон ижобий натижаларга эришмоқда ва давлат бу муаммони бартараф этишда сиёсий мажбуриятларга ҳам эга. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакат миқёсида мажбурий меҳнат сезиларли даражада пасайди. Кўп давлатлар бу борада Ўзбекистон тажрибасидан ўрганса, ўрнак олса арзийди.
Ҳукумат сиёсати аниқ ифодаланган: замонавий Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга ўрин йўқ. Мазкур сиёсатнинг амалга оширилишига келсак, биз хусусийлаштириш ва либераллаштириш тенденциясини кузатмоқдамиз. Бу шуни англатадики, келажакда маҳаллий ҳокимият вакиллари пахта теримига жалб этилмайдилар. Бу – жуда муҳим қадам. Бугуннинг асосий вазифаси – ҳудудларда фикрлаш, дунёқараш ва яшаш тарзини ўзгартириш. Бу осон иш эмас. Одамларнинг онгини, фикрлашини ўзгартириш маълум бир вақт талаб этади.
Мажбурий меҳнатнинг турли сабаблари бўлиши мумкин. Масалан, ишчи кучига бўлган юқори талаб, ишчи ёллаш механизмларининг самарасизлиги ёки такомиллашмаганлиги ёки ишчи ёллаш каналларининг етишмаслиги. Ҳаттоки, одамлардан пул талаб қилиш ҳолатларини ҳам кузатмоқдамиз. Иқтисодиётнинг барча соҳаларида принцип бир хил бўлиши лозим: ҳеч кимнинг бошқа одамни ўз хоҳишига қарши мажбурий меҳнатга жалб қилишга, агар у ишлашга рози бўлмаса, ҳеч кимнинг ҳеч кимдан пул талаб қилишга ҳаққи йўқ,.
Шу йилнинг баҳор ойларида АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасини сотиб олишга қўйилган тақиқлар бекор қилинди, аммо Cotton Campaign халқаро ташкилоти ўзбек пахтаси ва тўқимчилик маҳсулотлари бойкотини сақлаб қолди. Мазкур халқаро ташкилот бойкотининг бекор қилиниши ва шунингдек, ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотлари учун АҚШ бозорининг очилиши истиқболи ҳақидаги фикрларингиз қандай?
Йонас Аструп: Ишончим комил, ташқи савдо алоқалари ва инвестициялар бу муаммони бутунлай ҳал қилишда катта аҳамиятга эга. Биз пахта саноатини либераллаштириш, тўқимачилик ва тикувчилик хусусий секторларини ташкил қилиш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳукумат стратегиясини қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг учун Ўзбекистонга хусусий инвесторларни жалб қилиш лозим. Cotton Campaign халқаро ташкилотининг бойкоти бу жараённи секинлаштирмоқда ва бу Ўзбекистоннинг фойдасига эмаслиги аниқ. Ўйлайманки, тез орада бу бойкот бекор қилинади.
Шу йилнинг май ойида The Diplomat сайтига берган интервьюингизда Ўзбекистон ҳукуматига 7 та банддан иборат тавсияларингизни билдирган эдингиз. Бугунги кунга келиб мазкур тавсияларингиз қай даражада амалга ошмоқда?
Йонас Аструп: Келинг, ушбу 7 та тавсияни бирма-бир кўриб чиқайлик:
1. Иш ҳақини оширишда давом этинг. Пахта терими қишлоқ жойлардаги ишсиз фуқаролар учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Пахта теришга кўнгилли равишда жалб қилинадиган одамлар учун пул (пахта терими учун иш ҳақи) энг муҳим рағбатлантирувчи омил бўлиб қолмоқда.
Кузатувларим: Иш ҳақи бу йил яна оширилди. Эҳтимол, бурунги икки йилга нисбатан камроқ суръатда, аммо ўсишда давом этмоқда. Пахта теришда тўланадиган иш ҳақи энди даромад солиғи ва пенсия бадалларига тортилмайди, бу ҳам одамларни рағбатлантиради. Шунингдек, биз илғор теримчиларни ўзига жалб қилиш мақсадида кўпроқ иш ҳақи тўлайдиган бир қатор тўқимачилик кластерлари ва фермерларни кузатмоқдамиз.
2. Ишчиларни рағбатлантириш учун меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилашни давом этинг. Баъзи ҳудудларда ишчи кучи етишмайди, шу сабаб теримчи топиш қийинлашади. Биз ўтказган мониторинг шуни кўрсатадики, одамларга меҳнат ва яшаш шароитлари мақбул бўлса, улар бошқа ҳудудларга ҳам бориб ишлашга тайёр.
Кузатувларим: Ҳукумат муносиб яшаш шароитларини таъминлаш ва меҳнат ҳаракатчанлигини ошириш учун синов тариқасида бир қатор вақтинчалик турар жойларни ташкил қилди. Ҳозирча, яратилган шароитлар яхшидек. Бироқ, бу вақтинчалик чора, вақт ўтиши билан ҳукумат пахта терими жараёнидаги ролини камайтириши керак.
3. Йиғим-терим мавсумида мониторинг ва ҳисобот беришда эркин ва очиқ муҳитни яратишда давом этинг. 2018 йилда маҳаллий фаоллар ва журналистларнинг йиғим-теримни кузатиш билан боғлиқ фаолияти чекланмаган. Бу жуда муҳим ва биз очиқроқ ҳисоботларни, интернетда ва бошқа манбаларда янгиликлар ва маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятлари яратилганининг гувоҳи бўлдик.
Кузатувларим: Биз маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари 2019 йил мавсумини мониторинг қилишда эркиндирлар, дея хабар беришдан мамнунмиз. Ҳеч қандай таъқиб ёки чеклаш ҳолатлари ҳақида эшитмадим. Бу – жуда ижобий натижа.
4. Соҳани хусусийлаштириш ва либераллаштиришда давом этинг. Бу нафақат муносиб иш ўринларини яратиш, балки пахта етиштиришда давлатнинг ролини янада камайтириш ва чеклаш учун ҳам муҳимдир. Бунинг ўрнига ҳукумат қулай бизнес муҳитини яратишга, шу жумладан, самарали меҳнат инспекциясини яратишга эътибор қаратиши керак.
Кузатувларим: Шуни таъкидлаш жоизки, меҳнат инспекторлари сони ўтган йилги 200 дан бу йил 400 тагача кўпайди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш вақти анча қискарган, масалан 24-48 соат ичида.
5. Мажбурий меҳнатга жалб қилиб, инсон ҳуқуқларини бузган айбдорларни жазолашда давом этинг. Зарур бўлса, бу борада Жиноят кодексидан фойдаланишга имкон берадиган ёндашувни ишлаб чиқинг.
Кузатувларим: Биз мажбурий меҳнатнинг қонунга хилоф экани тарғиб этилаётган хатти-ҳаракатларни кузатмоқдамиз. Бу масалада қонунни бузган жисмоний шахсларни иложи борича жиддий жавобгарликка тортишни таклиф қиламиз ва бу борада биз ҳукуматни қўллаб-қувватлаймиз.
6. Пахта йиғим-теримида теримчиларни алмаштириш ёки хусусий компаниялар ёки жисмоний шахслардан пул йиғиш каби маҳаллий ташаббусларни ман этиш.
Кузатувларим: Биз ҳали ҳам бундай ҳолларни кузатмоқдамиз. Бундай мисолларнинг камайгани ёки кўпайгани ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта.
7. Ижтимоий мулоқот, бирлашмалар эркинлиги ва жамоавий битимлар меҳнат бозорини ривожлантириш ва мустақил уч томонлама тузилмани мустаҳкамлаш.
Кузатишлар: Бу узоқ муддатли саъй-ҳаракат бўлиб, Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги мувозанатни таъминлаш учун жуда муҳимдир. Ўзбекистонда ҳукумат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан бир-бирига яқин. Назаримда, бу – собиқ Совет иттифоқидан қолган мерос. Ўзбекистон меҳнат бозорини юқоридаги тавсиялар асосида ривожлантириш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга, Халқаро меҳнат ташкилоти бу жараёнда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Умуман олганда, тўғри ёндашув қўлланилаётганини таъкидлашдан мамнунман. Биз сезиларли ютуқларни кўрмоқдамиз, лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. Мен Ўзбекистоннинг келажагига ишонч билан қарайман ва ушбу тарихий ислоҳотлар жараёнига оз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман.
Шуҳрат Ғаниев, Гуманитар ҳуқуқий марказ рахбари:
Фаол фуқаро сифатида мен учун 2019 йил мавсуми, биринчи навбатда муҳим аҳамиятга эга, чунки мустақил мамлакат тарихида биринчи бор фаол фуқаролар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва бандлик вазирлиги томонидан расмий кузатувчи қонуний мақомига эга бўлишди. Бу расмий тузилмалар билан тенг шароитда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам юқори ваколатларга эга бўлиб, мониторинг олиб бориш имконига эга бўлдилар. Бу шуни англатадики, бугун фуқаролик жамияти мамлакатда мажбурий меҳнатнинг даражаси ва хавфини мустақил равишда баҳолай олади.
Яна бир омил – бугунги кунда кузатув гуруҳи таркибининг аксарияти турли минтақалардан келган ёшлардан иборат. Биз буни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сафларининг янгиланиши ва ёшларнинг жалб этилиши сифатида кўрмоқдамиз.
Менинг назаримда, ўз вақтида бойкот Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини болалар меҳнати ва маҳаллий маъмурлар томонидан шифокорлар, талабалар ҳамда ўқитувчиларнинг пахта йиғим-теримига жалб қилинишига қарата олди. Айнан ўша пайтда кураш стратегияси шаклланди ва бу Ҳукуматга самарали таъсир чораси бўлди. Мен ва менинг ҳамкасбларим бойкот эълон қилиш тўғрисидаги чақириқни ёқладик. Болалар меҳнатига чек қўйдик.
Аммо бугунги кунда, воқелик ва Президент Шавкат Мирзиёев илгари сураётган мақсад аниқ – мажбурий меҳнат бутунлай йўқ қилиниши керак ва бу жимжимадор баёнот эмас. Ўтган йилги кузатувлар давомида теримчиларнинг фақат 7 фоизи хавф гуруҳи ва эҳтимолий мажбурлаш тоифаси сифатида қайд этилди. Умумий сафарбарлик билан солиштирганда бу катта ютуқ. 1999 йилдан бери пахта мониторингини олиб борувчи эксперт сифатида айтишим мумкинки, мажбурий меҳнатга доимий тизим сифатида бархам берилди. Аммо бу нарса ҳамон учраб турибди ва биз бунга қарши курашишимиз керак.
Фермер ва ишчилар билан далаларда ўтказган суҳбатларимиз, бугунги кунда тизим, технология ва мавжуд техника янгиланишга мухтож эканини кўрсатди. Ривожланаётган кластерлар хом ашё эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга йўналтирилган бўлиб, бу самарадорлик ҳамда фойданинг ортишини таъминлайди. Буларнинг барчаси учун инвестициялар зарур, афсуски бу нарсага асосий тўсиқ ҳамон амалда бўлган бойкотдир. Биз Ўзбекистонда ва АҚШда Cotton Campaign халқаро ташкилоти вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказдик. Мулоқотлар кескин бўлди, чунки, жумладан, ҳуқуқ фаоллари томонидан ҳам билдирилган жиддий важлар мавжуд эди. Аммо ўтган йилги мавсумдаги бир мисол алоҳида эътиборга молик. Менимча, бу тизимли кўрсаткич. Бухоро вилояти қишлоқ ҳудудларидан Россия Федерациясига меҳнат мигрантлари сифатида кетаётган аёлларнинг сони узоқ йиллардан бери илк бор 7 минг нафарга камайди. Тадқиқотлар шуни тасдиқладики, ушбу аёллар уйда қолиб, мавсум давомида пахта теришди, уларнинг эътироф этишича, бу жуда манфаатли бўлди. Терилган пахта учун оширилган нархлар аёлларга ўз оилаларини ташлаб кетмасдан 300-350 АҚШ долларгача пул ишлаш имконини берди. Бу қишлоқ ҳудудларидаги кишилар учун катта пул. Теримчи меҳнатига ҳақ тўлашнинг бозор механизми ишлай бошлади ва аёллар далаларга мажбурий эмас, ихтиёрий равишда чиқа бошладилар. Бу ўтган йилнинг гапи. Жорий 2019 йил мониторинг натижалари жамланмоқда ва сарҳисоб қилинмоқда. Аммо ҳозир биз мулоқот қилиб улгурган аксарият теримчилар далаларга мажбурлашсиз бориб, ўз меҳнатлари учун ҳақиқий ҳақ олганликларини таъкидлашганини айта оламан.
Сурат манбаси: uzpaxta.uz