Фото: © РИА Новости, Алексей Дружинин | Перейти в фотобанк
Валентина Матвиенко ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириши бўйича музокара ўтказилаётгани хусусида баёнот бергандан сўнг ушбу масала долзарблашди. Аслида айни масала ушбу мамлакатда ҳокимият ўзгариши биланоқ янги раҳбарият олдида кўндаланг бўлган эди. Ўзбекистон дунёга очилиши билан дунёнинг Ўзбекистонга очилиш муаммоси ҳам пайдо бўлди. Минтақавий бирлашмаларга киришдан ўзини четга оладиган, аммо шу билан бирга экспортни ривожлантирмоқчи бўлаётган Ўзбекистон double-landlocked, яъни ўзи ҳам, унга чегарадош қўшнилари ҳам дунё океанига чиқа олмайдиган мамлакат сифатида ЕОИИга киришнинг мусбат ва манфий жиҳатлари хусусида бош қотирмасдан иложи йўқ, чунки унинг ташқи савдодаги тақчиллиги (импортнинг экспортдан устунлиги – дефицит) тобора ортиб бормоқда.
Бир пайтлар Ўзбекистон билан Тожикистоннинг турлича тезликдаги интеграцияси ва ЕОИИдаги махсус шерикчиликка асосланган аъзолиги ҳақида сўз юритилган бўлса, айни дамга келиб, тўлиқ аъзолик билан боғлиқ музокара олиб борилмоқда, яна бир муҳим жиҳати шуки, Ўзбекистониннг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириши бўйича ҳам музокара ўтказилмоқда. Иккала жараён ҳам маълум вақтни олади, ЖСТга кириш вақти эса анчага чўзилади. Ўзбекистон ЖСТга аъзо барча мамлакатлар билан музокара ўтказиши керак бўлади. ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг Беларусдан бошқа барчаси ЖСТ аъзосидир. Айни пайтда Беларусь ЖСТ билан фаол музокара олиб бормоқда. ЕОИИга эса 3 та Европа мамлакати (Россия, Арманистон, Беларусь) ва 2 та Марказий Осиё мамлакати (Қозоғистон, Қирғизистон) аъзодир. Ўзбекистон ҳам унга аъзо бўлса, тахминий сценарийга асосан, ушбу минтақавий ташкилот ҳозиргидан кўра бутунлай бошқача кўриниш касб этади.
Ортиб бораётган тақчиллик
МДҲ мамлакатлари ўртасида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Беларусь ва Тожикистон Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо шериклари ҳисобланади ва улар ҳиссасига ташқи савдо айланмасининг 31,0 фоизи тўғри келади. Бошқа мамлакатлар орасида эса Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Германия, Афғонистон, Япония, Латвия, АҚШ, Эрон, Франция, Италия бор ва уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 43,1 фоиздир (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумоти). Гарчи 2011 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдоси ижобий сальдога эга бўлган ва у 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда тақчиллик 5,4 миллиард АҚШ долларига етди. ЕОИИ мамлакатлари билан савдо-сотиқда ҳам шундай тақчиллик кузатилмоқда, фақат Қирғизистон билан профицит бор, холос.
Тақчиллик юзага келишининг асосий омиллари пахта, газ ва олтин (айниқса, пахта) сингари жаҳон бозорида олди-берди қилинадиган товарлар экспорти пасайиши, машиналар, ускуналар ва бошқа товарлар импорти ортиши билан боғлиқ. Масалан, пахта хомашёси экспорти 2010 йилдан 2018 йилга қадар 1,5 миллиард доллардан 222 миллион АҚШ долларига қадар қисқарди (лекин ушбу пасайишни 2016 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг 2016 йилда 1,6 миллиард долларга қадар ошгани қоплади). Автомобиллар экспорти ҳам 2010 йилдаги 715 миллион АҚШ долларидан 2018 йилга келиб, 214 миллион АҚШ долларига тушиб қолди. Машиналар ва ускуналар импорти эса 2010 йилдаги 4 миллиард доллардан 2018 йилга келиб 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ кўрсаткичга чиқиб кетди. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ташқи савдоси хомашё экспортидан товарларнинг ранг-баранг тўплами томон сезиларли тарзда ўзгариб бормоқда. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари билан хизматлар экспорти (транспорт хизматлари ва туризм) ортмоқда, бу ўринда ҳам ЕОИИ бозори асосий роль ўйнамоқда.
ЕОИИ ва МДҲ мамлакатларига экспорт потенциали, умуман олганда, тўлиқ амалга ошаётгани йўқ: 2018 йилда мева-сабзавот экспорти ҳажми 874,5 миллион АҚШ доллари бўлди (ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ошди), уларнинг асосий қисми Қозоғистон билан Россияга жўнатилди – Қозоғистон 388 миллион АҚШ долларилик, Россия эса 164 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот сотиб олди. Ўзбекистоннинг ушбу экспорт ҳажми фитосанитария ва ветеринария талаблари сабаб чеклангандир, чунки ЕОИИ мамлакатлари (асосан, Қозоғистон) Ўзбекистондан импорт қилинган маҳсулотларни қайта экспорт қилади. Экспертлар фикрича, бунинг оқибатида Ўзбекистон керагидан кўра 1 миллард АҚШ доллари кам даромад олмоқда.
Бошқа мисол тариқасида тўқимачилик маҳсулотларини олиб кўрамиз. 2018 йилнинг январь – декабрь ойиларида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 1603,1 миллион АҚШ доллари бўлди ва 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 41,4 фоиз ошди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти структурасида асосий улушни пахтадан йигирилган ип (45,3 фоиз), шунингдек, тайёр трикотаж ва тикув буюмлари (36,5 фоиз) ташкил этди. Бу борада Россия Ўзбекистоннинг асосий шериги бўлиб, 640 миллион АҚШ долларилик, Қозозистон билан Қирғизистон эса биргаликда 300 миллион АҚШ долларилик зикр этилган товарларни сотиб олди.
Автомобилларни ташқаригша сотиш ҳам Ўзбекистоннинг хомашё билан боғлиқ бўлмаган экспорти учун ЕОИИ минтақавий бозори қанчалик муҳим эканини кўрсатувчи мисолдир. Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш деярли 200 минг кишини иш билан таъминлайди, у бошқа соҳаларга мультипликатив – самарадорликни кўп марта оширадиган таъсир кўрсатади. Бироқ 2011 йилда жами экспортнинг 6,6 фоизини ташкил қилган машиналар экспорти ЕОИИ жорий қилган техник талаблардан сўнг муваффақиятсизликка учради ва 2018 йилга келиб, жами экспортнинг 1,5 фоизига қадар тушиб кетди.
Гарчи ҳозирги пайтда автомобиллар ишлаб чиқариш ички бозорга йўналтирилган бўлса-да, давлат автомобиль экспортини йилига 100 000 тага етказишни режа қилиб белгилаб берди. Ушбу вазифани муваффақиятли бажаришнинг бирдан-бир йўли энг яқин қўшниларнинг бозорига чиқишдир. Ўзбекистон ЕОИИ бозорига қириш учун автомобилларни Қозоғистонда йиға бошлади. Республика ушбу ҳудудий ташкилотга аъзо бўлгандан сўнг бозорга бемалол кириб бориши мумкин, у ерда ҳамёнбоп автомобилларга бўлган талаб катта.
Мигрантлар ва пул кўчирмалари
Россияда 2 – 3 миллион ўзбек меҳнат қилмоқда. Бу Ўзбекистон ёшларининг анча-мунча қисмини ташкил қилади, айрим ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар уч ўзбек йигитининг бир нафари меҳнат мигрантидир. ЕОИИга аъзо мамлакатларга таклиф этилаётган эркинликлардин бири меҳнаткашлар оқими эркинлигидир. Айни дамда Ўзбекистондан Россияга ва ЕОИИнинг бошқа мамлакатларига бориб ишлаётган меҳнат мигрантларининг аниқ сонини ҳисоблаб чиқиш қийин, чунки улар расмий меҳнат мигрантлари сифатида рўйхатдан ўтмаган, тегишли ҳуқуққа ҳам эга эмас, тиббий ёрдам ҳам ола билмайди, бундан фақат пенсия олиш мустасно.
Сўнгги йилларда Россиядан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул кўчирмалари пасайиб кетди, аммо 2014 – 2015 йиллардаги кескин пасайишга Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан қадри қўққисдан тушиб кетиши сабаб бўлган эди. 2016 – 2017 йилларга келиб, жўнатмалар ҳажми бир оз кўтарилиб, 2,6 миллиард АҚШ долларига етди, нима бўлганда ҳам, бу Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий қуйилмадир.
Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзолиги меҳнат мигрантларига кўплаб имтиёзлар беряпти, улар расмий мақом оляпти ва солиқ тўлашга имконига ҳам эга бўляпти. Ҳозирги кунда Россия парламентида мигрантлар учун даромад солиғи ставкасини 30 фоиздан 13 фоизгача камайтириш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилиняпти. Бундан мақсад солиқ тўлаш ва расман ишлашга рағбатни оширишдир.
Умуман олганда, хомашёга боғлиқ бўлмаган экспорти ривожланган, ишлаб чиқаришни жойлаштириш ва бевосита инвестициялар жалб қилиш потенциали юқори бўлган Ўзбекистон учун ЕОИИга киришдан келадиган иқтисодий имтиёзларга эга бўлиш имконияти Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан юқори бўлса-да, мамлакатнинг танлов имконияти чеклангани ҳам кундай равшан: иқтисодиёти янги йўлга чиқиб олиши керак, буҳронга қарши курашиш бўйича қабул қилинадиган қарорлар рўйхати унчалик узун эмас.
ЕОИИ олабўжи қилиб кўрсатилгани билан қўрқинчли эмасми?
Ўзбекистоннинг ЕОИИга назарда тутилаётган аъзо бўлиб кириши мамлакатнинг ўзида ҳам, ундан ташқарида ҳам, сиёсий аъзоликка менгзалиб, қўрқув уйғотмоқда. Ўзбекистон Украинанинг ўрнига ЕОИИнинг тутиб турувчи блоки бўлиб, бирлашманинг муваққат экани хусусидаги кутилмаларга барҳам бериб, уни янада реал ва таъсир кучига эга ташкилотга айлантира оладими? Тошкентнинг «евроосиёчилик» ва унинг қадриятларига қўшилиши нимани англатади? Кўпйиллик изоляциядан сўнг Ўзбекистон сиёсатининг йўналиши нега ўзгаряпти ва бу мустақилликни йўқотишни англатадими?
Аммо кўпчилик экспертлар ЕОИИда иккинчи СССР бўлиши мумкин бўлган «ажина»ни кўраётгани йўқ. «Ҳозирги пайтда ЕОИИда интеграцияни чуқурлаштириш ва кенгайтириш истиқболлари қоронғилигича қолмоқда», деган эди бизга 2017 йили берган интервьюсида регионализм масалалари бўйича таниқли эксперт Александр Либман. ЕОИИнинг Россиядан бошқа аъзолари анчадан бери ҳам сиёсий, ҳам молиявий соҳадаги интеграцион ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятига муваффақиятли ва принципиал жиҳатдан қарши туриб келяпти.
– Интеграцияни чуқурлаштиришнинг фақат айрим (масалан, энергетика) соҳаларда имкони бор, – дейди Либман. – Бироқ интеграция гуруҳини тубдан кучайтириш ҳақида гапириш қийин. Аксинча, сўнгги йилларда айрим устмиллий тузилмаларнинг мавқеи (масалан, суднинг) заифлашиб кетди.
Гарчи ЕОИИ Европа Иттифоқига ўхшаш тузилма бўла олмаган бўлса-да, божхона тарифини юксак даража уйғунлаштира олиши билан чиндан ҳам ишлаётган божхона иттифоқига айланди. Ташкилот ичидаги эркин савдо меъёрлари ЕОИИ аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳокама қилишида муайян эркинликларни белгилаб берди. Шундай қилиб, мамлакатлар савдо билан боғлиқ масалаларини муҳокама қилиш учун платформага эга бўлди, Россия эса, Либманнинг фикрича, «ЕОИИ таркибидаги кичик мамлакатларга «ён бериш»га тайёр, чунки ушбу мамлакат раҳбарияти учун ЕОИИ мавжудлиги муҳим мақсад ҳисобланади. Бошқача айтганда, Россия ЕОИИнинг у ёки бу қарорларига жуғрофий-сиёсий можаролар призмаси орқали қарамаётган пайтда уни қўллаб-қувватлаш заруратини шу даражада юқори баҳолайдики, ЕООИдаги консенсус – ўзаро муросага асосланган ҳолда қарорлар қабул қилиш тартиби амал қилишини дастаклашга тайёр».
Бошқа тарафдан олиб қараганда. Ўзбекистон ва ҳатто Тожикистон (Ўзбекистон киргандан сўнг Тожикистонга кириш-кирмаслик танловига имкон қолмайди ҳисоб) аъзо бўлиб киргандан сўнг ЕОИИ Европадан кўра кўпроқ Осиё тузилмаси бўлиб қолиши, Марказий Осиёдаги иштирокчи мамлакатлар самарали тарзда «иттифоқ ичида иттифоқ» тузиши мумкин. Албатта, эксперт Фарҳод Толипов 2017 йилда нашримизга берган интервьюсида айтганидек, «Марказий Осиёдаги интеграция сабаблари ва дастлабки шартлари Евроосиё минтақасидаги интеграцияни белгиловчи сабаб ва шартлардан фарқ қилади… Лекин бу иккала модель ўзаро бутунлай мос келмаслигини англатмайди. ЕОИИ ичида Марказий Осиё блокининг пайдо бўлиши интеграция вазифаларини тўғри белгилаб олиш демакдир, лекин бу дастлаб блок шаклланишини кераклигини англатади, шундан сўнггина, айни блок исталган йирикроқ бирлашмаларда, айниқса, ЕОИИ сингари бутун қитъага чўзилиб кетган, жуғрофий-сиёсий нуқтаи назардан юки ўта оғир, ҳозирча эса қанақа тузилма экани унчалик аниқ бўлмаган ташкилотда иштирок этиши мумкин».
Яна қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Маказий Осиё минтақасидаги ҳамкорлик айни пайтда жуда суст ривожланмоқда. Марказий Осиё баҳорига оид кутилмаларга қарамай, бешта давлат етакчиларининг муаммоларни инқилобий йўл билан ҳал этишга қаратилган саммити ҳали ҳам ўтказилмади. Эҳтимол, «евроосиёчилик» сари қадам қўйишга фақат иқтисодий муаммолар сабаб бўлаётгандир ва Ўзбекистон, худди Қозоғистон ҳам ЕОИИ билан муносабатларини Ғарб мамлакатлари ва Хитой билан мувозанатда сақлашга ҳаракат қилаётгандай, ташқи сиёсатини кескин ўзгартирмас. Эҳтимол, бунга эришса бўлар, яна эҳтимол шуки, Тошкент буни олдингидан ҳам кўра оғирроқ вазифа деб билар.