Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон қарийб 4 миллиард долларлик олтин экспорт қилди. Экспортнинг умумий ҳажмида ушбу қимматбаҳо металнинг улуши 29 фоизни ташкил этди – бу барча экспортнинг қарийб учдан бир қисми дегани. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг 21-октябрь куни эълон қилинган ташқи савдо айланмаси ҳақидаги ҳисоботида келтирилган. Давстатқўм маълумотларига кўра, 2000 йилда умумий экспорт ҳажмининг тахминан шу миқдордаги улуши (27,5%) “оқ олтин” деб аталган пахта толасига тўғри келган. Энди “оқ олтин” ўрнини “сариқ олтин” эгаллади.
Охирги 19 йил мобайнида мамлакат экспорт таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Бу ўзгаришлар экспорт таркибидаги хом ашё бўлмаган (пахта, олтин, энергия манбалари, нефть маҳсулотлари ва металлардан ташқари) товарлар улушини 2000 йилдаги 39 фоиздан 2018 йилда 51 фоизгача ўсишига олиб келди. Бироқ, бу ютуқни хом ашё бўлмаган товарлар экспорти улушини ошириш йўлида 19 йилда эришилган жиддий силжиш деб бўлмайди. Қуйида 2000 йилдан 2019 йил октябр ойигача бўлган даврда мамлакат ташқи савдо таркибидаги ўзгаришлар ва унинг ўсиш суръатларини қисқача таҳлилини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Экспорт ва импортнинг прогноз ҳажмини ҳисобга олсак, 2000 йилдан 2019 йил якунигача Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 7 баравар, шу жумладан экспорт 5,5 баравар, импорт эса қарийб 8 баравар ошади. Экспорт ва импортнинг ўсиш суръатларидаги катта фарқ бугунги кунда кузатилаётган савдо балансининг катта дефицитини (экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ) шаклланишига олиб келди. Бироқ, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мазкур даврда савдо баланси дефицити илк бор 2014 йилда 439 миллион доллар миқдорида кузатилган. Бундан ҳам кўпроқ миқдорда (1,6 млрд доллар) 2017 йилда бошлаб кузатила бошланди. Ўшандан бери бу кўрсаткич ўсиб келмоқда. Жорий йилнинг охирига бориб мамлкат ташқи савдо айланмасида 6,4 миллиард долларлик дефицит кутилмоқда[i].
2000 йилдан бери мамлакатнинг экспорти таркибида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Агар 2000 йилда экспортнинг умумий ҳажмида хом ашё ва энергия манбааларининг улуши 61,4 фоиздан иборат бўлган бўлса, 2018 йилда бу улуш 49 фоизгача пасайди.
19 йил олдин пахта толаси мамлакат экспорти таркибида етакчи роль ўйнаган ва унинг улуши 27,5 фоизни ташкил қилган. 2019 йилга келиб пахта толаси экспортининг улуши 1,7 гача пасайди ва унинг мамлакат экспортидаги «ўрни»ни олтин эгаллади.
Пахта толаси экспортининг пасайиши ҳукуматнинг пахта ва тўқимачилик саноатидаги иқтисодий сиёсати билан боғлиқ. Мазкур сиёсат пахтани мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлашга ва кейинчалик пахта толаси ўрнига тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. Мақсад қўшимча иш ўринларини яратиш ва юқорироқ қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилиш эди. Натижада, 2000-2019 йилларда пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми қарийб 2 баравар кўпайди. Бироқ, бунга қарамай пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий улуши экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши ҳисобига 2019 йилга келиб 10 фоизгача пасайди.
Мамлакат экспорт таркибидаги бошқа муҳим ўзгаришлар бу “энергия манбалари” ва “хизматлар” каби товар гуруҳлари улушининг ўсишидир. 2000 йил бошида энергия манбаларининг улуши экспортнинг умумий ҳажмида 8-10% ни ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб бу кўрсаткич 34 фоизга етди, сўнгги йилларда эса 16-19% гача камайди. Энергия манбаларидан фарқли ўлароқ, хизматлар экспорти 2012 йилдан бери барқарор ўсиб бормоқда. 2016 йилда хизматлар улуши максимал даражага етди (26%), аммо кейинчалик 19 фоизгача пасайди.
Назаримизда хом ашё бўлмаган товарлар орасида “Машина ва асбоб-ускуналар” товар гуруҳининг динамикасига эътибор қаратиш қизиқарли. Бу товарлар гуруҳи автомобилсозлик саноати маҳсулотлари экспортини ўз ичига қамраб олиб, 2004-2008 йилларда маҳсулотларниниг экспорти сезиларли даражада ўсди ва мамлакат жами экспортининг 7,4-10,4 фоизини ташкил этди. Кейинги йилларда «машина ва ускуналар»нинг умумий экспортдаги улуши кескин камайиб, бугунги кунда қарийб 2% ни ташкил қилади.
Олтин экспортининг ўсиши алоҳида эътиборга лойиқ. 2000 йилдан 2018 йилгача олтин экспортининг йиллик миқдори 3,3 миллиард долларгача бўлган ва унинг умумий экспортдаги улушининг максимал даражаси 21 фоизга етган. Бироқ, жорий йилда олтин рекорд миқдорда экспорт қилинди. Январь-сентябрь ойларида олтиннинг мамлакат экспортидаги улуши 29 фоизни кўрсатган. Тахмин қилишимизча, олтиннинг бундай катта миқдорда экспорт қилиниши савдо баланси дефицитини камайтиришга қаратилган.
Экспортдан фарқли ўлароқ, импортнинг ҳажми деярли 8 баробар ошган бўлишига қарамай унинг таркибида жиддий ўзгаришлар юз бермади. 19 йил давомида “Озиқ-овқат товарлари” гуруҳининг умумий импорт ҳажмидаги улуши 12,2 фоиздан 7,5 фоизгача қисқарди, “Машина ва асбоб-ускуналар” гуруҳи товарлар импортининг улуши эса ортди. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу товарлар гуруҳи мамлакат импортида деярли ҳар доим энг катта улушга эга бўлган. 2009 йилда эса умумий импорт ҳажмининг ярмидан кўпи (56,5 фоизи) айнан “Машина ва ускуналар”га тўғри келган.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[i] UzAnalytics сайти таҳлилчиларининг фикрига кўра
Сурат манбаси: kapital.kz