Суратда: Аъзамхон Абдуллаев
Марғилон шаҳридаги ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ёдгорлик” корхонасини топиб бориш қийин эмас. Фарғонача услубда ишланган нақшинкор ёғоч эшиклар бу ерга киришни истовчилар учун доим очиқ. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кўпинча корхона раҳбари Аъзамхон Абдуллаевнинг ўзи кутиб олади: равон рус ва содда инглиз тилида Ўзбекистонда биринчи бўлиб саноат туризми ташкил қилинган фабрикаси ҳақида шошмасдан гапириб беради.
Марғилон услубидаги маркетинг
Самарқанд, Бухоро ва Хива ноёб меъморий ёдгорликлари билан сайёҳларни жалб қилади, аммо Марғилоннинг бу борада туристларга мақтанадиган бундай ёдгорликлари деярли йўқ. Бу ерга сайёҳлар оқимини жалб қилиш учун уларга мос маҳсулот турларини яратиш, улар сайёҳлар Марғилонни ҳам ўз йўналиш режаларига киритиши учун сифатли, бетакрор ва ўзига хос бўлиши керак.
1990 йилда Аъзамхон давлат тасарруфидаги фабрикани сотиб олди ва унинг мулкдорига айланди. У ипакчилик бизнесига янглишиб келиб қолган эмас – бутун ҳаёти шу билан боғлиқ. Аждодлари ҳам айни ҳунар билан шуғулланган.
Маҳсулот салоҳиятли истеъмолчи кўз ўнгида ишлаб чиқарилса, у нафақат маҳсулот сифатига, қолаверса, ўзига хослигига ҳам ишонч ҳосил қилади. Яна одатий, стандарт реклама аксарият ҳолларда тескари натижа беради. Бу ерда эса технологиянинг ўзига хослиги, бизнес шаффофлиги, ҳалоллик ва энг муҳими, очиқлик намойиш этилади. Бизнеснинг очиқлиги эса саноат туризмининг асосий принципидир. Булар қаторига яна ўзига бўлган ишонч ва рақобатчилардан устунликни ҳам қўшиш мумкин. Марғилонда бунақа корхорналарнинг яна 4 таси бор. Аммо сайёҳлар оқими айнан шу фабрикада кўп. Гап фақат рекламада эмас.
“Ёдгорлик” аслида фабрикагина эмас, музей-фабрикадир. Ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари (пилла толасидан тайёр мато ва ипак гилам тўқишгача) Марғилонда сақланиб қолган қадимий анъаналарга асосланади. Анъанавий устахоналарда асбоб-ускуна ва усталардан бошқа ортиқча нарса йўқ. Сайёҳлар уларга ҳақиқий музей экспонатига қарагандек қарайди.
Бу ерда қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлардан ташқари дунёда талаб катта бўлган техник ва бадиий ипак матоларни ишлаб чиқариш бўйича механик устахона ҳам мавжуд. ХХ асрнинг 60-йилларида ўрнатилган 20 та станокдан ҳали ҳам фойдаланилади. Умуман олганда, фабрикага келган ҳар бир киши қисқа вақт ичида ипак ишлаб чиқариш тарихининг барча босқичларини ўз кўзи билан кўриши мумкин.
Марғилонда 1972 йилда ташкил этилган фабрика тикланиши баробарида сайёҳлик объектига – барча учун очиқ қадамжога айлантирилди.
Аъзамжон Абдуллаевни суҳбатга тортамиз.
‒ Сиз бу ерда Совет Иттифоқи даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам ишлагансиз. Айтинг-чи, фабрикада қандай муҳим ўзгаришлар юз берди?
− Мен ушбу корхонага 1981 йили келганман. СССР даврида ҳамма нарсага давлат монополияси мавжуд бўлгани сабабли қанча ва қайси матоларни ишлаб чиқариш юқоридан белгилаб берилар эди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, эркин кишиларга айландик, дейишимиз мумкин. Эски ўзбек матоларини тиклашга ва янгиларини яратишга киришдик. 90-йилларнинг бошида фабрикани биринчилардан бўлиб хусусийлаштирдик. 1992 йилда мен унинг тўлиқ эгаси бўлдим.
Ўшандан бери янги бинолар қурилди ва ипак матолар ишлаб чиқариш бўйича ўзбек ҳунармандчилик устахонаси тикланди. Пилла етиштиришдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ босқичлар кетма-кетлиги яратилди.
Бизда 200 киши меҳнат қилади. Бугун 100 га яқин маҳсулот турлари: турли хил ипак матолар, жумладан, мумтоз ўзбек матоларини ишлаб чиқарамиз. Шу билан бирга, қаторимизга иқтидорли ёшларни жалб қиляпмиз. Ёш дизайнерларда борлиққа мутлақо бошқача қараш мавжуд. Айтиш мумкинки, биз бундай қарашларни “матога кўчирамиз”. Ёшларимиз яратган авангард нақшли замонавий матолар бор. Биз янги даврга тарихни ва бугунги кунни уйғунлаштирган ҳолда қадам қўйяпмиз.
Албатта, хорижликлар вақт синовидан ўтган мумтоз намуналарни, миллий ўзбек матоларини хуш кўради. Улар – ўзбек ипакчилигининг олтин фонди. Биз табиий бўёқларни ишлатамиз, бу мато ва ипак гилам ишлаб чиқаришда ҳам қўлланади.
− Шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз…
− Илгари Марғилонда бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарилмас эди, ҳозир эса бу ерда мингдан ортиқ киши гилам тўқиш билан шуғулланади. Гиламларимиз Европа, Осиё ва ҳатто Жанубий Америкада сотилади. Умуман олганда, маҳсулотларимизда ўз дизайнимиз – услубимизни, яъни ўзбекча – Фарғона водийси руҳини яратишга ҳаракат қиламиз. “Ёдгорлик” ушбу соҳада ўз ўрнини топган етакчи корхона ҳисобланади.
− Ёш дизайнерлар ҳақида гапирдингиз. Ҳозирги ёшлар ҳунармандчиликка ҳам қизиқадими?
− Корхонамиз яхши бизнес мактабидир. Кўплаб ёш йигит-қизлар бу ерга келиб, ҳунар ўрганади, сўнгра ўз бизнесини яратади. Шу орқали биз давлатга янги иш ўринларини ташкил этишда ёрдам берамиз.
Қарийб 40 йилдан бери шу соҳанинг ичидаман ва давлат ҳунармандларни қандай қўллаб-қувватлаётганини яхши биламан. Солиқлардан озод қилинганмиз. Сўнгги икки-уч йилда ривожланиш сари катта қадам ташланди – ҳукуматнинг ипак саноати, жумладан, маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга оид 5 та қарори қабул қилинди.
Янги иш ўринлари яратадиган корхоналар солиқ тўлашда катта имтиёзларга эга бўлди ва булар барчаси ипакчилик тармоғини ривожлантиришга ҳизмат қилди.
− Аммо ҳамма ҳам сайёҳлик билан шуғуллана олмайди…
− Сайёҳлик билан шуғулланиш учун ўлкангиз тарихини яхши билишингиз шарт. Нафақат ўзимизнинг, қолаверса, дунё тарихини ҳам ўрганишимиз керак. Инсон бағрикенг, байналмилал бўлиши, кўплаб тилларни билиши зарур. Биз бу ерга келган барчани ҳурмат қилишимиз лозим.
Яна сайёҳлар ўзини эркин ҳис қилиши учун шароит яратиш ҳам муҳим. Биз уларни чекламаслигимиз керак. Эркинлик қанча кўп бўлса, сайёҳлар шунча кўп келади. Бу бутун минтақадаги бизнесни ривожлантиради. Ахир, сайёҳларга такси ҳайдовчисилар, ошпазлар, меҳмонхоналар ва бошқа кўплаб соҳалар кишилари хизмат кўрсатади. Биз ҳам шу йўлда даромад топамиз Шунинг учун бизникига ўхшаш йўналишда ва умуман турли соҳаларда корхоналар сони кўп ва жозибали бўлиши керак, деб ўйлайман. Бунинг учун шарт-шароит яратиб беришимиз керак. Бу, биринчи навбатда, яхши хизмат дегани. Иккинчидан, ҳамма нарса: шаҳар тарихи, мамлакат тарихи, биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар тарихини жуда чиройли тақдим қила билиш зарур.
− Уч йил олдин қўшни давлатлар билан чегаралар ёпиқ эди. Энди вазият ўзгарди. Бу сизларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлса керак…
− Бу саволингизга оддий жавоб бераман. Қариндошим Қирғизистонда яшайди. Бу ердан атиги 40 км узоқ. Мен уни йиллар давомида кўргани бора олмадим. Ёки Тожикистонни олайлик. 18 йил давомида у ерга боришга тўсиқлар бор эди. Бутун дунё бирлашяпти: Европа Иттифоқи, ЕвроОсиё иттифоқи ва ҳк. Нега биз бир-биримиздан узоқлашишимиз керак?
Чегаралар очилгани, виза тартиби соддалаштирилгани сайёҳлар оқими кўпайишига олиб келди. Яқинда фабрикамизга Тожикистондан 30 кишилик делегация келди. Тахминий ҳисоб-китобимизча, икки йилда сайёҳлар оқими уч баравар кўпайибди. Эҳтимол, кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.
Мен сиёсатчи эмас, тадбиркорман ва тадбиркор сифатида маҳсулотларимни ҳамма жойда сотишни хоҳлайман. Агар сиёсатчилар дўст бўлса, биз, турли мамлакатлар ишбилармонлари, тезда тил топишамиз.
Бизнеснинг ривожланиши халқлар ва мамлакатлар ўртасида яхши муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади. Масалан, тожикистонлик меҳмонлар билан ипак гиламларни сотиш, Тожикистонда савдо уйини ишга тушириш ҳақида гаплашдик. Улар ҳам Тошкентда савдо уйларини очмоқчи. Шунингдек, яқинда Хитойнинг бир инвестиция компанияси вакиллари билан учрашдик. Мен “Ўзбекипаксаноат” вакили сифатида уларга ҳам бирга ишлашни таклиф қилдим. Улар, биз қўшма корхоналар ташкил этиш, сармоялар киритиш бўйича ҳамкорликка тайёрмиз, дейишди.
Бу нимани англатади? Барчага маълумки, ҳар бир янги корхона ташкил этиш янги иш ўринлари яратиш демакдир. Ўзбекистон – аҳолиси зич жойлашган мамлакат. Бизга жуда кўп иш ўринлари керак. Хўш, уларни қандай яратиш мумкин? Бунинг учун янги бозорларни забт этишимиз, маҳсулотларимизга чет элларда харидор топишимиз, ишлаб чиқариш саноатимиз ривожланиши зарур. Халқаро бозорларга чиқиш учун очиқ бўлишимиз, ярмарка, кўргазмаларда иштирок этишимиз керак. Қанча кўп маълумот олсак, саноатимиз шунчалик тез ривожланади.
Агар иш бўлса, бандлик таъминланса, мамлакатда барқарорлик бўлади – одамлар пул ишлаб топиб, яхши яшайди. Шунинг учун президентимиз олиб бораётган сиёсат – ишбилармонлар, ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланиши тўғри йўл.
Бахтимизга янги давр бошланди. Дунёга қўшила бошладик. Шу пайтгача деярли ёпиқ мамлакат эдик. Аммо ҳозир, атиги икки йил ичида дунё Ўзбекистон ҳақида 26 йилдагидан кўпроқ маълумотга эга бўлди. Энг муҳими, одамларнинг фикрлаши ўзгармоқда. Улар эркин гапира бошлади, ижтимоий тармоқларда ўз фикрлари, ўй-хаёлларини очиқ баён қилишни ўрганди. Бу ҳам мамлакат ривожига хизмат қилади. Мен ипак бизнеси ва сайёҳлик соҳаси вакили сифатида бундан хурсандман. Чунки мамлакат қанчалик очиқ бўлса, демократия шунчалик кучаяди, сайёҳлар шунчалик кўп келади.
− Сиз тадбиркорсиз ва кўп саёҳат қиласиз. Сизнингча, Ўзбекистон йўналишни белгилашда қайси мамлакатни намуна қилиб олиши керак?
− Ўзбекистон, у Хитой бўладими, Россия бўладими, ўзига иқтисодий “илоҳ” яратиши керак эмас. Асосийси, очиқ мамлакат бўлиши, халқ дунёнинг тараққий топган мамлакатлари қандай яшаётган бўлса, шундай яшаши лозим.
Шахсан менга Япония ёқади. Яқинда бу мамлакатга бориб келдим. Улар анъана ва замонавийликни мукаммал уйғунлаштирган. Тўғри, улар ҳаётини 100 фоиз тушуниб улгурганим йўқ, лекин менга япон турмуш тарзи жуда ёқди. Эҳтимол, биз шу каби моделларни ўзлаштиришимиз керакдир. Билмадим. Туркия ҳам – яхши модель. Эрдўғандан аввалги даврларни айтяпман.
Биз ҳамма билан дўстона муносабатда бўлишимиз керак. Ўзбекистон манфаатига қаратилган ва демократияга асосланган сиёсатимиз бўлиши керак. Энг асосийси нима? Инсон! Ҳаммаси ўзбек халқининг фаровон турмушини таъминлашга қаратилиши зарур. Бошқалардан ўзимизни олиб қочишимиз керак эмас, алоҳида йўлдан кетишимиз ҳам шарт эмас. Одамлар илмли бўлсин, илм-фан, маданият ривожлансин, бағрикенглик ҳукмронлик қилсин. Шундагина одамлар бахтли ҳаёт кечиради. Албатта, бу – менинг шахсий фикрим.
− Яқин келажакда қандай режаларингиз бор?
− Биринчи навбатда инвестициялар керак. Ҳар қандай бизнес учун инвестор доим манфаатлидир. У хорижий ёки маҳаллий бўлиши мумкин. Чунки ишлаб чиқаришни ривожлантириш доим қўшимча маблағ талаб қилади. Бизда ҳозир пилла етиштиришдан тайёр маҳсулот – ипак матолар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири йўлга қўйилган. Пилла етиштириш учун 200 гектардан ортиқ майдонни тутзорга айлантирдик. Ишлаб чиқаришни кенгайтиришни – замонавий технологияларни жорий этишни, янги матолар, жумладан, европалик харидорга маъқул келадиган матоларни ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз. Бугун ушбу йўналишда италиялик, франциялик ва хитойлик ҳамкорларимиз билан иш олиб боряпмиз.
“Ўзбекипаксаноат”нинг сиёсати матоларни экспортга чиқаришдир. Бугун биз хом ашёнинг 70 фоизини Хитойга экспорт қиляпмиз. Олдимизда бир мақсад бор: 2021 йилга келиб, унинг ҳаммасини ўзимиз қайта ишламоқчимиз. Биз хом ашёни эмас, балки тайёр маҳсулотни сотишни хоҳлаймиз. Бир неча бор Европага (Италия, Германия), Японияга бордим, бозорни ўргандим. Бу бозорлар жуда юқори сифатли, экологик тоза маҳсулотларни талаб қилади. Ипагимиз – экология жиҳатидан 100 фоиз тоза. Европа сифатига ҳам эришсак, унда яхши истиқболга эга бўламиз. Умуман олганда, Ўзбекистон жуда яхши истиқболларга эга. Сабаби, халқи – тадбиркор ва меҳнаткаш. Унга фақат кўпроқ эркинлик бериш керак ва у мўъжизалар яратади!