Муаллиф: Савия Ҳасанова (Қирғизистон), иқтисодчи, «Инвестицияга оид давра суҳбати» жамоатчилик бирлашмаси эксперти
Инсон ҳулқ-атвори бўйича тадқиқотлар ХХ асрда машҳур бўлиб кетди ва янги – феъл-атвор иқтисодиёти деб аталган фанни вужудга келтирди. Ушбу фан иқтисодий қарорлар қабул қилишга ва улар қандай оқибатларга олиб келишига, бозор механизмларига когнитив[1] ва ҳиссиёт омилларининг қандай таъсир кўрсатишини ўрганади. Феъл-атвор иқтисодиёти тарафдорлари иқтисодий феъл-атвордаги, бозор баҳолари ва даромадларидаги аномал – меъёрдан оғувчи ҳолатларни ўрганади. 2017 йили феъл-атвор иқтисодиёти тадқиқотчиларидан бири Ричард Талерга «иқтисодий қарорлар қабул қилиш таҳлилига психологик жиҳатдан реал фаразларни татбиқ қилгани учун» иқтисодиёт соҳасидаги Нобель мукофоти берилган эди.
Биз қабул қилаётган қарорларимизни фақат ўзимизнинг танловимиз десак, янглишамиз.
Nudge атамаси тобора машҳурлашиб бормоқда, бугунги кунга келиб у нафақат маркетинг, реклама ёки иқтисодиётда, қолаверса, давлат сиёсатида ҳам қўлланмоқда. Nudge (сўзма-сўз таржимаси – енгил туртки) одамларга муайян йўналишда туртки берадиган интервенция – аралашувни англатади, улар бу ҳолда танлов ҳуқуқини сақлаб қолади («interventions that steer people in a particular direction while preserving freedom of choice»). «Иқтисодий психология”, инсон феъл-атвори назариялари (behavioral insights) тарқалиши натижасида феъл-атвор жиҳатлари ёки моделлари нафақат иқтисодиёт ва унга турдош соҳалар, қолаверса, давлат сиёсати тадбирларини ишлаб чиқишда қўллана бошлади. Behavioral Insights Team, iNudgeyou, Behavioral Economics in Action at Rotman ва Behavioral Insights Group сингари кўплаб тадқиқот марказлари ушбу йўналишда мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
2017 йил мартида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) “Behavioural Insights and Public Policy: Lessons From Around the World” (“Феъл-атвор модели ва давлат сиёсати. Бутун дунёдан олинган сабоқлар”) деб номланган маърузаси эълон қилинди. Унда феъл-атворга оид ва ижтимоий фанлар, бошқарув қарорлари, психология, когнитив фанлар, нейропсихологиядан олинган сабоқларни, шунингдек, индивид ёки гуруҳларнинг феъл-атворга оид жиҳатларини мамлакатлар кўпроқ наф берадиган давлат сиёсатини ишлаб чиқишда қандай қўллаётгани ҳақида сўз юритилади. Дарҳақиқат, маъруза муаллифлари хулосасига кўра, сиёсатчиларнинг феъл-атворга оид жиҳатлардан фойдаланиши тренд – тамойилга айланиб бормоқда. Айни дамда ушбу тамойилнинг янада кенгроқ тарқалиш – одамларнинг давлат идораларининг назорат ва тартибга солувчи функцияларни бажариши вақтида феъл-атвори илҳомланиш тамойили мавжуд.
Феъл-атвор моделлари вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ташаббуси билан қўлланди ҳамда уни кўпинча етакчилик салоҳияти юқори ва новаторлар кишилар илгари сурди.
Маъруза муаллифлари уни тайёрлаш жараёнида ИҲТТга аъзо мамлакатлардаги давлат сиёсатини кенг миқёсда тадқиқ қилди, тадқиқот жараёнида фақат феъл-атвор моделларини қўллаш масалалари билан чекланиб қолинмади. 23 та мамлакат, БМТТД ва Жаҳон банки маълумотлар тақдим этди, 159 ҳолатда мамлакатлар сиёсат ишлаб чиқишда феъл-атворга оид жиҳатларни қўллади. Ушбу услуб, асосан, тартибга солиш ва солиқ идораларида марказий даражада қўлланди. Аксарият ҳолларда феъл-атвор моделлари вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ташаббуси билан қўлланди ҳамда уни кўпинча етакчилик салоҳияти юқори ва новатор кишилар илгари сурди. Ишлаб чиқилган сиёсат тадбирларининг кўпчилиги ихтисослашган институтлар ва тадқиқот марказлари билан келишилди ва одатдагича, у ёки бу сектор/соҳани ислоҳ қилиш бўйича устувор қадамлар доирасида амалиётга татбиқ қилинди. 22 фоиз ҳолатда сиёсатнинг янги тадбирлари танқид ва қарама-қаршиликка учради.
Сиёсатнинг феъл-атвор модели қўлланган асосий соҳалари қуйидагилардан иборат:
- истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
- таълим ва соғлиқни сақлаш;
- энергетика ва атроф муҳит;
- молия маҳсулотлари;
- меҳнат бозори;
- давлат хизматлари ва солиқлар;
- телекоммуникация.
1-мисол: Канада аҳолисининг саломатлиги
Мисол тариқасида Канада билан боғлиқ бир ҳолатни келтирамиз. Ушбу мамлакатда болалар ва ёшлар ўртасида семириш даражаси жуда баланд: ҳар уч боланинг бири ва ўн ўсмирнинг олти нафари ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Ҳар 10 боланинг 1 нафардан камроғи, ҳар 4 нафар катта ёшлининг 1 нафари жисмонан фаолдир. Бу мамлакат аҳолиси умумий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тадқиқотчилар аниқлашича, канадаликлар ўртасида (мамлакат ҳудуди катталиги сабаб бўлса керак) авиакомпанияларга содиқлик дастурлари, айниқса, машҳур – Канадада яшовчи ҳар бир киши шунақа дастурлардан бирортасида қатнашади, ҳар бир оила ўртача 8 та турли содиқлик дастури бўйича баллар йиғиб боради. Давлат соғлиқни сақлаш агентлиги ушбу фактдан аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланишга қарор қилди. Тажриба тариқасида лойиҳа жорий этилди ва содиқлик дастурларидан бири билан шартнома тузилди. Энди иштирокчиларга спорт мажмуаларидан (YMCA) бирига қатнагани учун қўшимча бонус миллари бериладиган бўлди. Дастурда 98 000 иштирокчи рўйхатга олинди ва назорат гуруҳининг (дастур иштирокчилари эмас) мониторинги ўтказилди.
Аралашув натижаларига кўра, дастур иштирокчилари спорт мажмуасига иштирокчи бўлмаганларга нисбатан ўртача 17 фоиз тез-тез қатнаб тургани маълум бўлди.
Лекин айни чоқда дастлабки ойларда ўта фаоллик кўзга ташланди. Ҳозирги вақтда ушбу лойиҳа баҳолаш босқичидан ўтмоқда, аммо дастлабки натижалар бундай ташаббусларни кенг миқёсда жорий қилишга муайян тузатишлар киритиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу тариқа, истеъмолчиларнинг муайян хизмат турлари бўйича афзал билган нарсаларини аниқлаш уларга тўғрироқ ҳаёт тарзини танлашга туртки бериши ва аҳолининг семизлик даражасини камайтиришга кўмаклашиши мумкин.
Дарвоқе, АҚШда тиббий суғурта компаниялари бир неча йилдан бери фитнес-трекер – фитнес жараёнини кузатиб борувчи электрон билакузук ишлаб чиқирувчилар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, соғлом турмуш тарзига амал қилаётган мижозларга фитнес маҳсулотлари ёки ҳатто суғурта маҳсулотларига чегирмалар таклиф этмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобича, одам жисмоний тарбия билан қанчалик кўп шуғулланса, унинг соғлиқни сақлаш харажатлари шунча кам бўлади: жисмоний фаоллик етишмаслиги жаҳон иқтисодиётида йиллик қўшимча тиббий харажатлар тақрибан 68 миллиард АҚШ доллари бўлишига ва иш унумдорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда.
2-мисол: Копенгагенлик кашандалар
Копенгаген аэропортида “Nudging smokers away from the doors at CPHAirports” (“Аэропорт эшигидан узоқдаги кашандаларга чекишга туртки бериш”) деган ном билан яна бир қизиқ тадқиқот ўтказилди. 2004 йили суст чекиш – бошқалар сигарета чеккан жойда унинг тутунини ютиш оқибатида дунёда, тахминан, 600 000 киши ҳаётдан кўз юмган. 2007 йилдан бошлаб, Дания бошқа кўплаб мамлакатлар қатори суст чекишдан кўрилаётган зарарни камайтириш ташаббусларини – жамоат жойлари, қаҳвахона, ресторан ва б. жойларда чекишни тақиқлаш тадбирларини қўллай бошлади. Ҳа, чекишни қонун йўли билан тақиқлаш жамоат жойларда уни қисқартириш йўлида анча-мунча самара берди. Бироқ тадқиқотчилар аниқлашича, тобора кўпроқ одамлар аэропорт эшиги олдида чека бошлади. Бу жиддий хавотирларга сабаб бўлди, чунки замонавий шамоллатиш тизимлари ташқаридаги ҳавони (айланадиган эшиклар, деразалар ва б. орқали) ичкарига ҳайдайди. Аэропорт раҳбарияти у ердаги йиллик йўловчилар оқими 26 миллион киши экани ва уларнинг чорак қисми кашанда эканини ҳисобга олиб, буни йўловчилар ва ходимлар саломатлиги учун муаммо деб ҳисоблади. Бошланғич чоралар сифатида аэропорт эшиклари ёнига чекишни тақиқловчи белгилар ўрнатилди. Аммо кашандалар бу тақиққа эътибор қилмади. Аэропорт маъмурияти мижозларига катта жарима солмаслик мақсадида мақбулроқ ечим топиш учун iNudgeyou жамоаси билан бирга муаммога ечим излашга тушди.
Тадқиқотчилар вазиятга аралашиш йўлини излаб топиш учун 2000 дан ошиқ кашанданинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилди. Улар аниқлашича:
- аксарият кашандалар ҳали аэропорт биносида эканидаёқ сигаретани пачкасидан олиб оғзига солди ёки қўлида ушлаб турди;
- эшикдан чиқиши билан сигаретани чека бошлади;
- шундан сўнггина атрофига аланглаб, қулай жой – ўриндиқ, чекиш жойи, тош, кашандалар ва б.ни қидиришга тушди.
Батафсилроқ таҳлил кўрсатишича, 80 фоиз чекувчилар рейсга шошилаётган ва «сўнгги сигарета»ни чекиб олмоқчи бўлаётган йўловчилар эмас, аэропорт биносидан чиқаётган, уларнинг 33 фоизи тақиқланган ҳудудда чекиб, кейин бинога кирган кишилар бўлиб чиқди.
Тадқиқотчилар кашанданинг феъл-атворини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келди, у: 1) чекиш учун рухсат этилган жойни қидириш учун жонини койитмайди; 2) чекиш қарорини кеч, аэропорт биносидан чиқаётиб, қабул қилади; 3) бундан ташқари, кашанда чекиш учун қулай, яъни ўтирадиган жой излайди, шунингдек, бошқа кашандаларни кўриб, буни – улар тақиқланган ҳудудда бўлса ҳам – чекиш учун рухсат белгиси деб қабул қилади. (psychological hypothesis that smokers are drawn to imitate other smokers’ behaviour as social proof of acceptable behaviour in the context).
Шундан келиб чиқиб, аэропорт раҳбарияти тақиқловчи эмас, буйруқ берувчи белгилардан фойдаланишга қарор қилди. Аэропорт биноси ерига чекиш йўналиши ва унгача бўлган масофани кўрсатувчи стикерлар жойлаштирилди. Чекиш ҳудудлари кашандалар эътиборини тортиш учун ёрқин, сариқ рангга бўялди.
Имкон бўлган ҳолларда ўриндиқлар, тутқичлар ва б. аэропорт эшиклари ёнидан чекиш ҳудудларига кўчирилди, бундан мақсад кашандалар учун эшиклар ёнидаги қулайликни минимал даражага тушириш ва уларни чекиш ҳудудига жалб қилишдан иборат эди. Аралашув натижаларини баҳолаш учун ўлчовлар ўтказилди ҳамда рухсат этилмаган жойларда чекиш ҳолатлари ўртача 49 фоиз камайгани аниқланди.
Бизда ҳам шуни йўлга қўйса бўладими?
Янги аралашувларни амалга оширишдан олдинги феъл-атвор таҳлили жуда қиммат ҳамда натижалар тест ўтказиш ва синаб кўришни тақозо қилади.
Аксарият ҳолларда янги аралашувларни амалга оширишдан олдинги феъл-атвор таҳлили жуда қиммат ҳамда натижалар тест ўтказиш ва (тажриба тариқасидаги лойиҳаларни амалга ошириш) синаб кўришни тақозо қилади. Бундан ташқари, сабаб ва оқибатнинг ўзаро боғлиқлигини аниқлаш, самарадорлик барқарорлигини баҳолаш ва аралашувларни мониторинг қилиш жуда қийин. Зикр этилган маърузадаги феъл-атворга оид жиҳатлар асосида амалга оширилган сиёсатнинг аксарият қисми муқобил энергия манбаларини истифода қилишни жорий қилиш, илғор молия воситаларидан фойдаланиш ёки истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид қонунчиликдаги ўзгаришларга бағишланган. Айни вақтда бир қанча тартиб-қоидалар Марказий Осиё мамлакатлари учун мақсадга мувофиқ ҳам, мумкин ҳам эмас. Лекин мамлакатларимиз ҳукуматлари айни вақтда қайси феъл-атвор моделларидан фойдаланиши мумкин?
Масалан, молия маҳсулотларини тарғиб қилиш масаласини олайлик. Айниқса, Қирғизистгон билан Тожикистонда молиявий саводхонлик даражаси ўта паст. Бу бошланғич молия маҳсулотлари ҳақида билим ҳамда даромад ва буромадни режалаштириш йўқлигида кўринади ва ўз навбатида кредит тўловлари вақтини ўтказиб юборишга олиб келади. Тадқиқотлар кўрсатишича, доимий эслатишлар у ёки бу хизматлар истеъмолчиларининг амал қилиш эҳтимолини оширади. Масалан, Буюк Британияда омонат ҳисоб рақамлари бўйича фоиз ставкалари ўзгариши ҳақидаги эслатмалардан кўрилган самара 5,4 фоиз бўлди: эслатмаларни олган молия муассасалари мижозларининг фойдаси кўпроқ ҳисоб рақамларига ўта бошлаш эҳтимоли катта. Эслатма потенциал йўқотишлар тавсифини ўз ичига олган ҳолларда, бундай эслатмани олмаган мижозлар билан солиштиргандаги самара янада юқори – 7,9 фоиз бўлди. Бошқа ҳолларда вазиятни оддий тил билан ифода қилувчи хабарлар ва улар таркибида аниқ ва тушунарли амаллар рўйхати бўлган тақдирда, эслатмалар самараси 12 фоизга етди. Аммо қизиғи шундаки, молиявий амалиётлар ҳақида гап кетганда, ўта соддалаштирилган эслатмалар, улардаги норасмий сўзлашув оҳанги улар самарадорлиги пасайишига олиб келди, чунки мижозлар маълумотлар аниқлигига шубҳа қилиб, қаллоблик эмасмикан, деб шубҳалана бошлади.
Шу тариқа банк, микромолия ва бошқа молия-кредит муассасалари мижозларига жўнатиладиган SMS (электрон почта) эслатмаларидан уларнинг у ёки бу амалларни кўпайтириши учун фойдаланса бўлади. Бу кредитларни тўлаб беришнинг келгуси муҳлати ва депозитлар очиш таклифи битилган эслатмалар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, банк ва молия маҳсулотларини оммалаштиришнинг далилловчи ва рағбатлантировчи ташаббусларини ҳам қўллаш мумкин. Мисол учун, Қирғизистон иқтисодиёти нақд пул иқтисодиётидир. Муомалага чиқарилган банк карталари кўплигига қарамай, улар билан боғлиқ амалиётларнинг 90 фоизини банкоматлардан пул олиш ташкил қилади. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш ва аҳолини ишонтириш учун банклар Миллий банк билан бирга нақд пулсиз тўловлар амалга оширилганда, чегирма бериш тизимларини жорий қилмоқда. Айни чоқда шуниси қизиқки, чегирмалар ҳақидаги маълумотни ҳар доим ҳам тўла олиш мумкин эмас. Ваҳоланки, Миллий банк мижозлар ҳисоб рақами очаётган ва банк картасини олаётган вақтда уларга тўлиқ маълумот берадиган буклетлар тақдим этишга мажбурлаши мумкин эди. Шунда мижозлар қаҳвахона, ресторан, дўкон ва б.да чегирма олиш учун пул тўлашга оид маълумотлар олган бўлур эди.
3-мисол: Рамазон ойида диабетга ташхис қўйиш
Рамазон ойида кундузи оч юришни яна бир мос мисол сифатида келтириш мумкин. Қатарда муқаддас ойда ушбу ўзига хос турмуш тарзидан диабет хасталиги ва унга мойилликка ўз вақтида ташхис қўйиш мақсадида фойдаланилди. Маълум бўлишича, ушбу мамлакатда диабет билан оғриганлар миқдори жуда кўп – аҳолининг 17 фоизи диабетнинг II турига чалинган, диабет билан оғриётганларнинг 1/3 қисмига бундай ташхис қўйилмаган. Диабетга ташхис албатта оч қоринга қўйилади. Шу ҳолат ҳисобга олиниб, 2014 йил Рамазон ойида Қатардаги давлат масжиди олдига 20 та ташхис қўйиш чодири ўрнатилди, имомлар билан эса намоз вақтида диабет хасталиги ва ташхис қўйишга мўлжалланган чодирлар ҳақида ахборот тарқатишга келишиб олинди.
Натижада ўша ойда 5,3 фоиз диабет хасталигига янгитдан чалинган кишилар аниқланди, 26,6 фоиз ҳолатда эса ушбу хасталикка юксак даражада мойиллик ташхиси қўйилди.
Кўпинча одамлар таҳлилга қон ва бошқа нарсалар топшириш учун эрта туриб, овқат емасдан лабораторияга бориш учун жонини койитиб ўтирмайди. Асосан мусулмонлардан таркиб топган минтақамизда шунга ўхшаш рўза тутишга асосланган ташхис қўйиш ташаббусларини жорий қилиш мумкин.
4-мисол: Италияда овқатни ташлаб юбориш
Италияда 2015 йилги ЭКСПО вақтида қизиқ бир тажриба ўтказилган эди. Тажриба ўтказишга Ғарб жамиятида озиқ-овқатнинг кўп миқдори – “барча ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг учдан бир қисмидан тенг ярмигача” ташлаб юборилиши сабаб бўлди. Бунинг сабабларидан бири, масалан, мева ва сабзавотларнинг “товарга хос бўлмаган” ташқи кўриниши экан. ЭКСПО вақтида мева ва сабзавот сотувчилари харидорларнинг мева ва сабзавотларни сотиб олишига маълумот ва нархларнинг таъсир этишини синовдан ўтказди. Бир хабарда: “Овқат ташлаб юборилишига қарши кампанияда сафимизга қўшилинг!”, иккинчисида: “Табиий номукаммаллик: олманинг (сабзининг) бори шу!” дейилади. Шу тариқа илк хабар харидорларни ижтимоий жиҳатдан фойдали ишга чорласа, иккинчиси маҳсулотнинг табиий хусусиятига урғу бераётган эди. Бундан ташқари, “товарга хос бўлмаган” ташқи кўринишга эга сабзавот ва меваларга мўътадил ва анча-мунча чегирмалар таклиф этилди.
Натижада харидорларга кампанияга қўшилиш ҳақида маълумот берилганда, уларнинг 74 фоизи “товар кўринишига эга” сабзавот ва меваларни, 26 фоизи эса “товарга хос бўлмаган” ташқи кўринишлиларини сотиб олди. Мева ва сабзавотларнинг органик хусусиятлари ҳақида хабар берилган ҳолатда харидорларнинг 42 фоизи ташқи кўриниши “товарга хос бўлмаган” маҳсулотларни сотиб олди. Хабарлар нисбатан камроқ нархлар билан омихта қилинганда, харидорларнинг 50 фоиздан ортиғи ташқи кўриниши “товарга хос бўлмаган” мева ва сабзавотларни сотиб олди. Тадқиқот хулосасига кўра, шунга ўхшаш тажриба вақтида мўътадил чегирма бериш ва уни ахборот даъвати билан тўлдириш оптимал натижа беради. Қизиғи шундаки, икки нарса – анча-мунча чегирма бериш ва сабзавот ва меваларнинг органиклиги ҳақидаги хабарлар – омихта қилинган пайтда самарадорлик сусайган. Табиийлик ҳақидаги хабар харидорларнинг маҳсулотлар юксак сифатига оид кутилмаларини оширган, бинобарин, нархни пасайиши потенциал талабга тескари таъсир кўрсатган.
“Маълумотнома” деган қоғоз муҳимми ёки натижа?
Марказий Осиё мамлакатларида яшил иқтисодиёт, муқобил энергия, органик маҳсулотлар ва б. сингари ташаббуслар тобора оммалашиб бормоқда. Мамлакатлар ҳукуматлари турли хил “яшил” кампаниялар орқали аҳолини эко-ташаббусларни тарғиб қилишга жалб этиш имкониятини кўриб чиқиш мумкин.
Хулоса сифатида шуни айтмоқчимизки, сиёсатчиларимиз давлат хизматларидан фойдаланиш ва уларнинг оддийлигини етарлича баҳолай олмаяпти. Сон-саноқсиз бюрократик иш тартиби ва қоғозбозлик аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишга тайёргарлигини (иложи бор жойларда) камайтиради, давлат муассасалари самарадорлиги ва иш унумини пасайтиради, шунингдек, янги ахборот техологияларини жорий этишга тўсқинлик қилади. Одамлар феъл-атвори соҳасидаги тажриба ва тадқиқотлар тартибларни соддалаштириш ва маълумот бериш статистика нуқтаи назаридан муҳим ижобий самара беришини кўрсатмоқда.
Лекин аҳолининг ҳар бир қадами маълумотнома олиниши билан белгиланадиган мамлакатларда буларни жорий қилиб бўлармикан?
[1] Когнитив (лот. Cognitio) – идрок қилиш, билиш сўзидан.