Жорий йил 11 июлда олий таълим соҳасини ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини тубдан ўзгартирувчи иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Мамлакат президенти “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорга имзо чекди.
2020 йилдан бошлаб, олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш янги тизимнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Олий таълим муассасалари мустақил бўлади ва уларга қуйидаги ҳуқуқ берилади:
· ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;
· иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
· сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;
· тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги таълим йўналишларини очиш;
· олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш.
Айни дамда давлат олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари, касб-ҳунар таълим муассасалари директорлари ва директор ўринбосарларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиши ҳуқуқини сақлаб қолади.
UzAnalytics олий таълим соҳасидаги ушбу ислоҳот юзасидан етакчи экспертлар билан суҳбатлашди. Сайтимиз таҳририяти уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
1. Ушбу ислоҳотлар олий таълим сифати даражасида қанчалик акс этиши мумкин?
2. Олий таълим муассасаларида коррупция даражаси камаядими?
3. Ушбу ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонларини қандай баҳолайсиз?
Лазин Хўжақулов, иқтисод фанлари номзоди (PhD in Economics), Бухоро Давлат универститетининг ўқитувчиси:
1. Олий ўқув юртларининг харажатларини ўзи қоплаши маблағларни тақсимлашда мустақил бўлишига олиб келади. Ҳақиқатан ҳам, ректорлар маблағларни мустақил равишда тақсимлаш имконига эга бўлса, ходимларни ҳам моддий жиҳатдан рағбатлантира олади ва бу ўз навбатида таълим сифатини оширишга ёрдам беради. Аммо олий таълим даражасини ўқитувчилар ойлик маошини ошириш билангина яхшилаш эҳтимолдан анча узоқ. Шу ўринда мен бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. Гап шундаки, таълим сифати ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи бир-бирига бевосита боғлиқ эмас. Нима учун? Афсуски, ҳозирги кунда дарс бераётган ўқитувчилар қатлами жаҳон стандартларидан анча орқада қолган. Кўпчилиги инглиз тилини билмайди.
Агар замонавий билимларнинг қарийб 80 фоизи инглиз тилида экани ҳисобга олинса, таълим тизимимиз дунёдаги илм-фан трендларидан четда қолгани аён бўлади. Шу боис, ўқитувчиларнинг ойлик маошини ҳозир кўтарсак ҳам, уларнинг билим ва малакаси таълим сифатида акс этадиган даражада ошмайди. Узоқ муддатли режа билан моддий рағбатлантириш уларга ўз устида кўпроқ ишлаш, ўз малакасини ошириш имконини беради ва шу билан таълим сифати яхшиланишига кўмаклашади. Бироқ тез орада ойлик маошни ошириш ва бошқа турдаги моддий рағбатлантириш таълим сифатига таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман.
2. Олий таълим муассасалари мустақил бўлишининг коррупция даражасига таъсир кўрсатишига келадиган бўлсак, бу масалада ҳам вазият баҳслидир. Бир томондан, олий ўқув юрти ректорлари маблағларни мустақил равишда тақсимлаш, ўқитувчилар иш ҳақини ошириш ҳуқуқига эга бўлса, уларнинг пора олишга бўлган интилиши анча камаяди. Бошқа томондан эса, бундай мустақиллик бутунлай тескари натижа бериши ҳам мумкин. Ҳозирги кунда олий таълимда ресурслар (ўқув анжомлари, компьютерлар ва б.) марказлашган ҳолда тақсимланади. Агар олий ўқув юртларига мустақиллик берилса, ушбу вазифада вазирликдаги ўқув анжомлари учун масъул бўлган битта амалдор ўрнини ҳар бир олий ўқув юртида хўжалик ишлари бўйича маъсул бўлган ходимлар эгаллайди. Улар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши коррупциянинг тизимда янада кучайишига олиб келади.
3. Умуман олганда, бу – долзарб ва яхши ташаббус. Олий таълим муассасаларига кўпроқ эркинлик, жумладан, молиявий мустақиллик бериш, маблағ топишга рағбатлантириш керак. Таълим даргоҳлари мустақиллиги улар ўртасида рақобатни юзага келтиради. Ўз навбатида, ушбу рақобат таълим сифати яхшиланиши, янги йўналишлар очилиши, тадқиқотларни ривожлантириш каби ижобий ўзгаришларга олиб келади. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ҳукумат олий ўқув юртлари ректорларига бундай эркинликни бергани билан ушбу лавозимга тайинлаш ва ундан бўшатиш ҳуқуқини сақлаб қолмоқда. Бу – олий ўқув юртлари раҳбарлари тўла мустақил бўла олмайди ва юқори инстанцияларга боғлик бўлиб қолади дегани. Ушбу ислоҳотларни амалда татбиқ қилиш жараёнида дастлаб “микрохаус” пайдо бўлиши мумкин. Масалан, ушбу қарорда бир нарса ҳақида гапирилса, ғазначилик ва давлат активларини бошқариш бошқармаси бошқа нарсани тушуниши мумкин. Шу боис, мослашув даврида кўп муаммолар пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан самарасиз ишлайдиган олий ўқув юртлари ё ёпилиб кетади, ёки кичраяди ва педагогик кадрлар бозор муҳитида танлаб олинади.
Равшан Назаров, фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, “Замонавий тарих ва халқаро тадқиқотлар” бўлими бошлиғи ўринбосари:
1. Бозор муносабатлари шароитида субъектларнинг ўзини ўзи молиялаштириши ёки харажатларини ўзи қоплаши асосий жиҳатлардан биридир. Бироқ таълим соҳаси – бозор қонунларини механик тарзда қўллаш мумкин бўлган ўзига хос тармоқ. Таълим фақат хизмат кўрсатиш соҳасигина эмас, малакали кадрларни тайёрлаш тизими ҳамдир. Албатта, олий ўқув муассасалари ўзи маблағ топиши керак, аммо уларнинг маълум қисми ўзини ўзи тўла молиялаштиришга ҳали тайёр эмас. Менимча, айрим гуруҳдаги мутахассисликларни бюджет ёки молиялаштиришнинг аралаш турларида маълум вақтгача сақлаб туриш лозим.
2. Коррупция олий ўқув юртларини молиялаштириш тизимига бевосита боғлиқ эмас. Бундан ташқари, давлат бюджетидан молиялаштиришни камайтириш ва кейинчалик бутунлай бекор қилиш жараёнида коррупция даражаси бирмунча ўсиши мумкин. Аммо профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг мунтазам равишда оширилиши ва ушбу меҳнат бозорида рақобатнинг кучайиши коррупциянинг камайишига олиб келади, деб ўйлайман.
3. Мазкур ислоҳотнинг ижобий жиҳатлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
· олий таълим муассасалари мустақиллиги кучайиши, корхоналар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро ҳамкорликка интилиш ошиши, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш даражаси ўсиб бориши;
· иш берувчиларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашни кўпайтириш;
· талабаларнинг шартнома пули, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида устама ҳақлар ва бошқа моддий рағбатлантириш турлари миқдорини мустақил равишда белгилаш;
· бакалавриат ва магистратуранинг янги йўналишларини очиш.
Ушбу ислоҳотнинг салбий жиҳатлари:
· профессор-ўқитувчилар орасида ишсизлик даражасининг ўсиш эҳтимоли;
· олий ўқув юртлари маъмуриятида хизмат ваколатларини суиистеъмол қиши ҳолатларининг авж олиш эҳтимоли;
· таълимда тўлов-шартнома тизимига тўла ўтилиши натижасида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакилларининг таълим олиш имконияти кескин даражада камайиши;
· олий таълим муасасаларида ҳар қандай йўл билан мўмай пул топишга бўлган интилишнинг ўсиш, пул топиш мақсадида тўлов-контракт асосида талабаларни ҳаддан ташқари кўп миқдорда қабул қилиш эҳтимоли;
· ўзини ўзи тўла молиялаштиришга ўтиш оммавий ва талабгор бўлмаган мутахассисликлар бўйича таълим берадиган олий ўқув юртларини ёки факультетларни молиявий аҳволини қийинлаштириши мумкин.
Шуҳрат Ғаниев, Гуманитар ҳуқуқий марказ рахбари:
1. Ушбу қарорни ўқиганда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таълим тизимига бозор механизмларини жорий этишга ҳаракат қиляпти ва айни пайтда бу механизмни тўла татбиқ этмаяпти, деган фикр туғилади. Бир томондан, мамлакат олий таълим муассасалари мустақил ва харажатларини ўзи қоплайдиган янги тизимга ўтмоқда, уларга ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш, у ёки бу мутахассисликлар зарурлигини мустақил ҳал қилиш имкониятлари берилмоқда. Бошқа томондан эса, олий таълим даргоҳларида ректорлар ва проректорларни вазирликлар тайинлайди. Бу ҳолатда механизм қандай ишлайди, деган табиий савол туғилади. Бозор бир пайтнинг ўзида ҳам бозор, ҳам бошқариладиган бўлиши мумкин эмас. Агар биз тизимда рақобат ва қонунчиларимиз истаётган ўша прагматизм самара беришини истасак, олий таълим муассасаларини бутунлай бозор тизимига ўтказишимиз керак.
Бунда бозор иқтисодиётининг ўзи, қанақа таълим даражаси ва қайси мутахассислар кераклигини, ўқитувчилар маоши миқдорини белгилайди. Агар таълимни ўз-ўзини молиялаштиришга ўтказсак ва айни пайтда олий таълим муассасалари раҳбарларини тайинлаш механизмини сақлаб қоладиган бўлсак, бу ҳеч қандай самара бермайди, деб ўйлайман. Бу ҳолат тизимда муаммоларнинг янада кучайишига ёки кўпайишига олиб келиши мумкин.
2. Агар олий таълим муассасаларига ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳажмини белгилаш, кимни ишга олиш ва кимни бўшатиш, талабалар сонини қисқартириш ёки ошириш масалалари бўйича тўла мустақиллик берилса, бу коррупциянинг илдизига болта уради. Чунки талабаларни қабул қилиш квотасини ва муайян олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш масаласини юқоридан ҳал қилиш коррупция юзага келишида асосий омил ҳисобланади. Квота ва имтиёзлар таниш-билишчилик ва коррупция ривожланишига олиб келади. Бундай “ярим чоралар” билан олий таълим тизимида коррупция ҳали-бери камаймаса керак.
3. Умуман олганда, бу – яхши ташаббус. Биз совет таълим тизимидан мерос қолган режали тизимдан қутулишимиз керак. Олий таълим муассасаларига квоталарни режали тарзда тақсимлаш режали иқтисодиётга хосдир. Бозор иқтисодиётида эса, таълим тизимига тегишли бозор механизмларини тадбиқ этишимиз керак. Олий ўқув юртлари харажатларини ўзи қоплаши ва мамлакат эҳтиёжи учун зарур бўлган йўналишдаги ва миқдордаги мутахассисларни етиштириб бериши керак. Бошқача айтганда, қанча ва қандай мутахассисларни тайёрлашни Олий ва махсус ўрта таълим вазирлиги эмас, бозор белгилаб беради. Мен бу ташаббусни маъқуллайман ва такроран айтаманки, ушбу чора чала-ярим ҳолатда эмас, тўлалигича амалга оширилиши керак.
– Бундай тизимда фундаментал тадқиқотларнинг келажаги нима бўлади, деган табиий савол туғилади. Олий таълим муассасалари молиявий жиҳатдан мустақил бўлса, улар ўнлаб йиллар мобайнида ўзини қоплаши мумкин бўлган тадқиқотларни молиялаштириши эҳтимолдан анча узоқ.
Лазин Хўжақулов: Ҳа, таълим хизматлари бозоридаги бундай рақобат шароитида бирор олий ўқув юрти талабалардан тушган маблағларни фундаментал тадқиқотларга сарфлашдан манфаатдор эмас. Бироқ жаҳон амалиётида бу борада муайян механизмлар ишлаб чиқилган. Масалан, Яқин Шарқ мамлакатлари олий ўқув юртлари тушган маблағларининг бир қисмини фундаментал тадқиқотларга йўналтиришга мажбур. Агар ушбу тадқиқотлар молиявий жиҳатдан муваффақият қозонса, тадқиқот ўтказган олий ўқув юрти ўша маблағнинг маълум фоизларига эга бўлади. Бундан ташқари, фундаментал изланишларга йўналтириладиган маблағнинг бир қисми солиқлардан озод этилади. Зикр этилган қарор эса фундаментал тадқиқотларни молиялаштиришнинг бу каби механизмларини назарда тутмайди. Келажакда бундай механизмлар республика қонунчилигида ўз аксини топади, деб ўйлайман.
– Амалдаги тизимда олий ўқув юртларига талабаларни давлат грантлари бўйича қабул қилиш, яъни уларни давлат бюджети ҳисобидан ўқитиш квоталари ҳам кўзда тутилган. Янги тизимда бу нарса мавжуд эмас, олий таълим муассасалари қайси талабага имтиёз ёки бепул таълим бериш имкониятини ўзи ҳал қилади. Бироқ олий ўқув юртлари бу каби хайрия лойиҳаларидан манфаатдор эмас. Бу истеъдодли ва қобилиятли талабаларнинг бепул таълим олиш имконияти кескин камайиши ёки бутунлай йўқ бўлиб кетишини билдирадими?
Лазин Хўжақулов: Афсуски, шундай. Ҳозирги кунда давлат минглаб нафар талабаларга бепул олий таълим олиш имкониятини бермоқда. Олий ўқув юртлари харажатларини ўзи қоплашга ўтиши билан бепул таълим кескин камаяди. Янги тизимга ўтилганидан сўнг олий ўқув юртида истеъдодли талабаларни қўллаб-қувватлаш учун қанча “маҳаллий” дастурлар бўлишини олдиндан башорат қилиш қийин.
Амалдаги тизим муаммолари ва эксперт таклифлари
Шуҳрат Ғаниев: Фикримча, бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим даргоҳларида юқори малакали ўқитувчилар ниҳоятда танқис. Биз энг сара ўқитувчиларимизни йўқотдик. 5-6 йил аввал уларни оммавий тарзда нафақага чиқариш оқибатида юқори малакали профессионаллар ўрнини ёш кадрлар эгаллади. Ўшанда ҳеч ким, олий ўқув юртларида ўнлаб йиллар давомида яратилган илмий мактабларни ёш кадрлар мустақил равишда давом эттира оладими, деб сўрамади ҳам. Бу ислоҳотнинг асл мақсади ва моҳияти ёшларни иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган эди. Булар барчаси олий таълим сифати пасайишига олиб келди. Бугун ўша кадрлар алмашинуви жараёни оқибатларини кўряпмиз. Мисол учун, ташкилотимизнинг олий таълим тизими бўйича олиб борган мониторинги кўрсатишича, Россияга иш қидириб кетган олий маълумотли дипломига эга бўлган 20 фоиз мутахассисларгина мутахассислиги бўйича ишга жойлашган. Қолган 80 фоизи малакаси пастлиги учун ишга олинмаган. Бу дипломли мутахассисларнинг аксарияти мазкур бозор механизми сабаб рақобатга бардош бера олмаганини англатади. Мен Ўзбекистон олий таълим даргоҳларида ўз малакасини етарли даражада деб ҳисоблайдиган кадрларни аниқлаш бўйича тўлақонли аттестация ўтказишни тавсия этмоқчиман.
Бундан ташқари, таълим тизимимиз ниҳоятда мафкуралашган. Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи форумида ҳам шу ҳақда сўз юритилди. Унда Марказий Осиёда олий таълим тизимига нисбатан янгича стратегияни ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Айни мафкуралашув ўқув режалари, ҳатто талабаларнинг реферат, курс ва диплом ишларини ёзишида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, бундай ишларнинг аксарияти қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Ҳукуматимиз қабул қилган дастурлар самарасида мустақиллик йилларида илм-фаннинг мазкур йўналиши сезиларли даражада ривожланди…” Бу – бартараф этилиши керак бўлган яна бир муаммо. Биз олий таълим тизимини ҳар қандай мафкурадан холи қилишимиз, уни прагматик, талабалар учун керакли ва фойдали тизимга айлантиришимиз лозим.
Мақолада келтирилган инфографикаларда қуйидаги манбалардан фойдаланилди:
1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб-сайти, телеграмм канали: https://edu.uz/uz/otm/index, https://edu.uz/uz, https://t.me/eduuz/988, https://edu.uz/uz/pages/enrollment-plan
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботи: https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/5646-22042019-2
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори: http://lex.uz/docs/4380357#4382700
4. https://www.goldenpages.uz/abiturient/education_price