The Diplomat Ўзбекистондаги Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош техник маслаҳатчиси Жонас Астрап (Jonas Astrup) билан ХМТнинг мамлакатдаги фаолияти ва пахта саноатида мажбурий меҳнатни бартараф қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида суҳбатлашди.
‒ ХМТнинг кузатув лойиҳаси Ўзбекистонда пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни назорат қилиш учун мониторинг олиб боради. Ўзбекистон пахта йиғим-терими дунёнинг энг йирик ишга жалб қилиш саноати бўлиб, ҳар йил сентябрдан ноябргача 2,5 миллион киши пахта теришга жалб қилинади. ХМТ 2013 йилдан буён пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни кузатиб келмоқда. Third-Party Monitoring, яъни “Учинчи томон мониторинги” (УТМ) лойиҳаси Европа Иттифоқи, Швейцария ва АҚШ Давлат департаментининг ҳам ҳиссаси бўлган кўп донорлардан иборат траст фонди орқали молиялаштирилади.
2017 йилда биз маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукумат ўртасида меҳнат ҳуқуқи ва принциплари бўйича мулоқот ўрнатдик. Шуни айтиш керакки, ҳуқуқ фаоллари ва ҳукумат вакиллари ўртасидаги мулоқотлар Ўзбекистонда янги ҳолатни юзага келтирди, яъни фуқаролик жамияти ва ҳукумат ўртасида энг муҳим муаммолар ва уларнинг ечими борасида очиқ фикр алмашув жараёни кузатилмоқда.
“Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси, шунингдек, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқини билишини таъминлашга ва саволлар туғилганда, Меҳнат вазирлигига мурожаат қилиш йўлларини ўргатишга қаратилган кенг қамровли ахборот кампанияларини уюштиради. 2018 йилда ХМТнинг УТМ лойиҳаси “Human Rights Watch” ташкилоти ва “Америка овози” радиоси билан бирга маҳаллий журналистлар учун журналистика ва меҳнат ҳуқуқи бўйича тренинглар ўтказди. Ушбу тренингни ҳукумат мамнуният билан қабул қилди. Айни пайтда мамлакатда мажбурий меҳнат борасида янада танқидий ҳисоботларга эҳтиёж бор, маҳаллий журналистларнинг бу борадаги ҳисоботларида эса сезиларли ижобий ривожланиш кузатилмоқда.
ХМТ лойиҳалари қандай амалга оширилаётганига бир мисол. 2018 йилда ХМТ УТМ лойиҳаси пахта йиғим-теримига жалб қилинган 7000 дан ортиқ кишини иш билан таъминлашга қаратилган “Одилона ёллаш” номли тренинг ўтказди. Бундан ташқари, биз 1000 га яқин меҳнат инспектори, журналист, прокурор, касаба уюшмалари ходими ва ҳукумат амалдори учун тренинг ташкил қилдик. УТМ бўйича 2018 йилги ҳисоботимиз мамлакатдаги 2,5 миллион пахта теримчиси орасидан танлаб олинган 11000 дан зиёд вакил билан мустақил ва эълон қилинмаган суҳбатларимизга асосланган.
− УТМ лойиҳасининг 2018 ҳисоботи асосий хулосаларидан бирида Ўзбекистонда “бундан буён мунтазам ёки тизимли болалар меҳнати жиддий муаммо деб қаралмайди” ҳамда 2018 йилда “Ўзбекистон ҳукумати мунтазам ёки тизимли мажбурий катталар меҳнатини қўлламади”, дейилади. Сизнингча, қайси натижалар ўтган даврдаги кузатув миссияларига мос келади ҳамда қайси омиллар “мунтазам ёки тизимли” мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият яхшиланишига ёрдам берди?
− ХМТ Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида мунтазам ёки тизимли мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатидан фойдаланилмаганини тасдиқлади. Шунга қарамай, кўплаб алоҳида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилди ва бу маҳаллий даражада содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисалар ва топшириқларни нотўғри бажариш билан боғлиқ. Марказий ҳукуматнинг одамларни пахта йиғим-теримига жалб қилишга қаратилган сиёсат, қоида ёки тизим мавжуд эмас. Аксинча, ҳукумат мажбурий меҳнатни буткул бартараф этишга астойдил ҳаракат қилаётганини кузатяпмиз.
2018 йилги кузатувимиз пахта терувчиларнинг аксарияти теримга мажбуран эмас, балки ихтиёрий равишда жалб қилинганини кўрсатди. Аммо теримчиларнинг 6,8 фоизи мажбурлаш ва таҳдид йўли билан далаларга чиқарилган. 2018 йилда пахта теримига 170 минг нафар одам мажбуран жалб этилган ва бу 2017 йилга нисбатан 48 фоиз қисқарган. 2017 йилда мажбурий пахта теримига 330 минг нафар киши жалб қилинган эди.
Ўзбекистон ҳукумати ушбу натижаларга эришгани эътибор ва ҳурматга лойиқ. Чунки бунга мажбурий меҳнатни бартараф этиш, иш ҳақларини ошириш, ишга жалб қилиш жараёнларини яхшилаш ва пахта учун ажратилган ерлар ҳажмини қискартиришга йўналтирилган аниқ сиёсат ортидан эришилди.
− Ҳисоботда таъкидланишича, “мажбурий меҳнатни бартараф қилиш учун мавжуд эски тизимлар ҳали йўқ қилинмаган.” Бундай тизимлардан бири квота тизими, яъни пахта топшириш режасидир. Ушбу тизим қандай ишлаши ва мажбурий меҳнат ҳолатларига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
− “Квота тизими” атамаси қишлоқ хўжалигида кўпинча давлат буюртма тизимини тавсифлаш учун қўлланади. Бу Совет Иттифоқидан қолган тизим учта нарсага асосланади:
1. Ерларни муайян экинлар учун марказдан туриб ажратиш. Бу ҳолатни нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа қишлоқ хўжалиги майдони чекланган мамлакатларда ҳам кузатиш мумкин. Асосан, ҳукумат маълум туман ва ҳудудларни пахта, буғдой, сабзавот ва бошқа экинлар учун бўлиб беради.
2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини ҳукумат белгилайди. Бу тизимга ўзгартириш киритилмоқда, аммо бугунги кунда нархлар марказдан ўрнатилмоқда.
3. Ҳукумат ресурслар (уруғлар, ўғитлар ва ҳк.) билан таъминлашни ҳамёнбоп нархларда таклиф қилади, аммо ушбу молиялаштириш шартномаси ишлаб чиқариш мақсадлари билан боғлиқ бўлади. Бу фермерлар зиммасига маълум миқдорда экин, масалан, пахта етиштириш шарти юкланади, деганидир.
Бу тизимларнинг ҳеч бири одамлардан мажбурий меҳнатни талаб қилмайди. Бироқ ишлаб чиқариш жараёнида бундай ҳолат кузатилиши мумкин, чунки айрим ишлаб чиқарувчилар ҳосилни йиғиб-териб олиш вақтида режани бажариш учун босим ўтказилаётган пайтда одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши мумкин.
− Ҳисоботда келтирилган тавсиялардан бири “хомашёни қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун маҳсулот ишлаб чиқариш орқали барқарор иш ўринлари яратишга эътибор бериш”дир. Бугун Ўзбекистон хомашёни қайта ишлаш ва/ёки тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлаш борасида қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?
− Иш ўринлари яратиш – мамлакат учун муҳим масала. Ҳар йили меҳнат бозорига 500 минг нафар ёш иш кучи кириб келади. Ишсизлар ва иш қидирувчилар сони эса 800 мингдан ошади. Расмий ишсизлик даражаси 2018 йилда 9,3 фоизни ташкил этди ва бунда ёшлар улуши 17 фоиздан ортиқ бўлди. Бу эса 2,4 миллион нафар ўзбекистонликнинг чет элда меҳнат муҳожири бўлиши, айрим ҳолларда эксплуатация қилиниши ва ёмон меҳнат шароитларида ишлашга мажбур этилишига олиб келди.
Ўзбекистон ҳукумати пахта хомашёсини экспорт қилиш ўрнига тўқимачилик ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш мақсадида хусусий тўқимачилик ва тикув фабрикаларини жалб қилиш стратегиясини амалга оширмоқда. Бу эса кўпроқ ва доимий иш ўринлари яратилишига олиб келади ҳамда пахтага бўлган қарамлик камайиши билан мажбурий меҳнат хавфи ҳам қисқаради.
Бу ерда асосий масала халқаро инвесторлар ва харидорларни жалб қилишдир. Сир эмаски, айрим гуруҳлар Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорга етказиб берилишини чеклашга интилмоқда.
ХМТ маҳсулотларни етказиб бериш бўйича қарор қабул қилмайди ҳамда Ўзбекистонга тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшувчи маъсулиятли инвесторлар ва харидорларни кириб келишини истайди. Бу эса, ўз ўрнида, муносиб иш ўринлари ва шароит яратишни талаб қилади. Ушбу жараённи осонлаштириш учун биз очиқлик, шаффофлик ва маълумотлардан очиқ фойдаланиш имкони зарурлигига ишонамиз. Умид қиламанки, бизнинг 2018 йилги УТМ ҳисоботимиз бу борада қўл келади.
Очиқлик ва халқаро хамкорлик ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат ҳукумат ва бизнес муҳитига, балки фуқаролик жамияти, ҳуқуқ ҳимоячилари ва Ўзбекистон халқига ҳам фойда келтиради.
− 2019 йилги ҳосил йиғим-терими қандай бўлишини истайсиз? Сизнингча, бугун Ўзбекистон ҳукумати қайси соҳаларга эътиборини қаратиши лозим?
− Ҳисоботимиз батафсил тавсияларнинг узун рўйхатидан иборат. 2019 йили ҳосили учун ҳукумат эътибор қаратиши керак бўлган бир неча аниқ қадамни таъкидлаб ўтаман:
1. Иш ҳақларини оширишни давом эттириш. Пахта терими қишлоқ жойлардаги ишсизлар учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Даромад пахта йиғим-теримига ихтиёрий жалб қилиш учун асосий омил бўлиб хизмат қилади.
2. Меҳнат сафарюбарлигини рағбатлантириш учун меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш. Баъзи ҳудудларда иш кучи камлиги кузатилади ва бу ихтиёрий теримчиларни топишни қийинлаштиради. Кузатувимиз меҳнат ва яшаш шароитлари мақбул бўлса, одамлар бошқа вилоятларда пахта теришга тайёр эканини кўрсатди.
3. Йиғим-терим вақтида мониторинг ва ҳисобот бериш учун эркин ва очиқ муҳит яратиш. 2018 йилда маҳаллий фаоллар ва журналистларнинг теримни кузатиш фаолиятлари чекланмади. Бу жуда муҳим ва биз очиқ ҳисоботлар, шунингдек, янгилик, ахборот ва онлайн маълумотгни олиш бемалол бўлганини кузатдик.
4. Секторни хусусийлаштириш ва либераллаштиришни давом эттириш. Бу нафақат яхши иш ўринларини яратишга хизмат қилишда, қолаверса, пахта етиштиришда ҳукумат ходимларининг ролини камайтириш ва чеклашда аҳамиятга эга. Ҳукумат қулай иш муҳити яратишга, жумладан, меҳнат инспекцияси тузишга эътибор қаратиши лозим.
5. Мажбурий меҳнат қонунбузарликлари учун жавобгарларни жазолашни давом эттириш. Жиноят кодексини тегишли тартибда қўллаш имконини берадиган ёндашувни ишлаб чиқиш.
6. Пахта йиғим-терими билан боғлиқ хусусий ва маҳаллий шахслардан олинадиган пул йиғимлари ташаббусларини тақиқлаш.
7. Меҳнат бозорини ривожлантириш ва мустақил уч томонлама тузилмани ижтимоий мулоқот, уюшмалар эркинлиги ва оммавий музокаралар орқали мустаҳкамлашни таъминлаш.