Сув дунёдаги энг муҳим ва айни пайтда энг арзон табиий ресурсдир. Маданиятимизда ва урф-одатларимизда сувни қадрлаш, уни тоза сақлаш ҳақида кўплаб мақол ва амалиётларнинг мавжудлигига қарамасдан, афсус, бугунги кунга келиб ҳаёт учун зарур бу ресурс ҳаддан ташқари кўп сарфланади. Сув манбалари чексиз эмас. Буни англаган ривожланган мамлакатларнинг аксарияти сувдан барқарор фойдаланишни йўлга қўйишган. Агар ҳозирдан сув тежаш маданияти кенг сингдирилмаса ва ушбу ресурсни асрашга доир кескин чоралар кўрилмаса, вазият иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммоларга олиб келиши муқаррар.
Кўпгина мамлакатларда ичимлик суви манбаларининг кескин қисқаришига қарамасдан ушбу ресурснинг нархи унинг ҳақиқий қийматини акс эттирмайди. Дунёда барча давлатлар орасида Германия энг кам сув истеъмол қиладиган ва обиҳаёт учун энг юқори нархларга эга мамлакатлардан бири бўлиб, ҳар йили киши бошига ўртача 311 кубометр сув ишлатилади ва ҳар бир кубометрнинг нархи 1,91 долларга тенг. Ривожланган давлатлар орасида энг паст нархга эга ва жон бошига энг кўп сув истеъмол қилинадиган мамлакатлардан бири бу – Канада бўлиб, ушбу давлатда ҳар йили киши бошига 1420 кубометр сув истеъмол қилинади ва ҳар бир кубометр учун нарх 0,40 долларни ташкил этади.
Муаллиф:
Малика Шарипова, корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, CARE CSR консалтинг компанияси раҳбари
Афсуски, сув манбалари абадий эмас. Жаҳон аҳолисининг ўсиши билан сув ва озиқ-овқатга бўлган талаб ортиб бормоқда. Кўпгина сув манбаларидан фойдаланиш даражаси барқарорлик принциплари чегарасидан чиққан, сув ресурслари иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит шароитининг ёмонлашиши туфайли катта хавф остида қолган. Дунё ресурслари институти тахминларига кўра, 2040 йилга келиб, жаҳоннинг 33 давлати сувнинг ўта даражада танқислиги муаммоси билан тўқнашади. Бу 33 мамлакат орасида Марказий Осиё давлатларининг барчаси мавжуд. Ўзбекистон ҳам, албатта, улар орасида.
Қолаверса, сув геосиёсий барқарорлик учун муҳим омил бўлиб, оқилона тартибга солинмаган вазиятда сиёсий қурол сифатида ишлатилиши ва жиддий тўқнашувларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун сувдан фойдаланиш ва тақсимлашнинг самарали ва барқарор амалиётларини ишлаб чиқиш барча мамлакатларнинг келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистонда барча Марказий Осиё мамлакатларидаги каби хонадонларда сувдан фойдаланиш, айниқса, дала ҳовлилардаги боғларда сув исрофгарчилиги жуда юқори. Ушбу хонадонлардаги очиқ сув ҳавзалари (ҳовуз, бассейнлар) ичимлик суви билан тўлдирилади, кўп ҳолларда бу сув тез-тез янгиланади, автоуловларни тозалашда хам ушбу танқис ресурс ишлатилади. Боғлар соатлаб водопроводдаги ичимлик суви билан суғорилади, фавворалар ва “микроклимат” деб аталмиш сув пуркаш тизими қимматбаҳо манба, яъни, ичимлик сувини катта миқдорда сарфлайди.
Шаҳарлардагисувтаъминот тизимларида сув жуда арзоннархда тарқатилади. 69 шаҳар, 335 та қишлоқ ва 2902 қишлоқ аҳолисининг сувга бўлган талаби ерости сувлари заҳиралари билан қопланади. Афсуски, кўпчилик ҳолларда хонадонларда ҳатто, ўлчов мосламалари ҳам ўрнатилмаган. Қишлоқ жойларда ва шаҳар марказидан узоқ ва марказлаштирилган қувурли тизим мавжуд бўлмаган жойларда одамлар ўзлари қазиб олган қудуқлардан фойдаланадилар. Бу қудуқлар аксарият ҳолларда лицензияга эга эмас, хўжаликларда ўлчовсиз ва керагидан ортиқ даражада сувдан фойдаланиш ер ости захираларидаги манбанинг камайишига олиб келади.
Хўжаликдаги фойдаланишдан ташқари, ирригация ва далаларни суғориш сувнинг аксарият қисми исроф қилинадиган жой ҳисобланади. Жами сувга бўлган талабнинг атиги 10 фоизигина Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилади, қолган фоизини таъминлашда мамлакат қўшниларига буткул қарам. Ўзбекистон атиги 10 фоиз экин майдонларини суғориш учун сувнинг умумий миқдоридан 90% ни ишлатади.
Албатта қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежаш борасида бир қанча тадбирлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хўжалиги Вазирлиги маълумотига кўра: “Пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилди. Жумладан, 80 йилларга нисбатан пахта майдонлари қарийб 50 фоизга, шоли майдонлари эса 75 фоизга қисқартирилди”. Гарчи сўнгги йилларда Ўзбекистон пахта етиштириш ҳажмини камайтирган бўлса-да, ҳали ҳануз дунёдаги етакчи пахта экспорт қилувчи давлатлар орасида саккизинчи ўринда туради. Айтиб ўтиш жоиз, пахта сувни энг кўп истеъмол қиладиган экин бўлиб бир килосига 10-20 минг литр сув сарф қилинади.
Қишлоқ хўжалиги сектори билан биргаликда саноат ҳам охирги 40-50 йиллар давомида ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Ер ости сувлари захиралари корхоналар томонидан рухсатсиз ишлатилиши натижасида 35 фоизга қисқарган.
Ичимлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарнинг сув ресурсларидан қандай фойдаланаётгани ҳақида бизда маълумот деярли йўқ. Албатта, бу корхоналар қонунан ўрнатилган атроф-муҳит ва сув тўловларини тўлайдилар, лекин, бу оз миқдордаги тўловлар уларнинг атроф муҳитга етказаётган барча зарарни қоплайдими?
Ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни мониторинг қилиш ва ҳисобга олишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан 2017 йилда 1073 та қудуқ инвентаризация қилинганида қуйидаги хулосаларга келинди:
– 6 679 та қудуқдаги ер ости сувларидан фойдаланишни тартибга солиш тизими самарасиздир;
– келгуси ўнйиллик ичида ҳозирги даражадаги сув ифлосланиш даражаси давом этса, мавжуд бўлган янги ерости сув ресурсларининг ярмидан кўпининг йўқолиш хавфи мавжуд.
Муаммони ҳал қилиш учун Қўмита қуйидагиларни тавсия этди: ҳуқуқий тизимга бир қатор тузатишлар киритиш ва қўшимча қонунлар ишлаб чиқиш; 2021 йил охиригача ерости сувларини мониторинг қилиш учун 500та автоматик кузатиш тизими билан жиҳозланган самарали кузатув пунктларини яратиш; барча сув заҳиралари бўйича аналитик маълумотлар базасини яратиш.
Мамлакатимизда сув муаммосини ҳал этишга қаратилган бир қатор бошқа қонунлар ва чоралар ҳам мавжуд. Республикада “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун” қабул қилинган. Бунга қўшимча равишда 2017 йил 4 майда Ўзбекистон Президентининг “2017-2021 йилги ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Гарчи сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон сув ва санитария хизматларини яхшилашга қодир бўлса-да, аҳолининг деярли ярми сув қувурлари тизимидан фойдаланиш имконига эга эмас. Мамлакатда сувдан барқарор фойдаланиш амалиётини ривожлантириш, аҳоли савиясини сувни тежаш ва ундан унумли фойдаланишни ўргатиш бўйича ошириш, республика бўйлаб экинзор ва боғларда сувдан тўғри фойдаланишни йўлга қўйиш жуда муҳим. Акс ҳолда натижалар салбий оқибатларга ва сувнинг ўта даражада танқислигига олиб келиши мумкин.
Буни амалга ошириш учун Ўзбекистон ривожланган давлатлар тажрибасидан ўрганиши, уларнинг хато ва ютуқларидан ўрнак олиши, кўп йиллик тажрибаларига мурожаат қилиб ва бу амалиётларни маҳаллий шароитга мослаштирган холда амалга ошириши муҳим. Бу борада юқорида қайд этилган Германия тажрибасига назар солсак.
Германия йил давомида тез-тез ёмғир ёғиши туфайли сув ресурсларига бой мамлакат бўлса ҳам, у энг кам сув истеъмол этувчи давлатлардан бири ҳисобланади (аҳоли умумий 190 млрд. кубометр бўлган сув таъминотидан атиги 3% ни истеъмол қилади). 2017 йилда аҳоли жон бошига кунига ўртача 123 литр сув ишлатилган бўлиб (АҚШда бу кўрсатгич кунига 380 литрни ташкил этади), бу бошқа мамлакатларга нисбатан анча паст натижадир. Германия уй-рўзғор ва ташкилотлардан чиққан чиқинди сувларнинг 96% ни ўзининг 10000га яқин сувни қайта ишлаш заводларига юборади. Аҳолининг 99% марказий сув таъминоти тизимига уланган.
Айтиб ўтиш жоизки, немис халқининг дунёқараши сувни тежашда жуда катта аҳамият касб этади. Германияда 188 миллиард куб метрдан зиёд сув ишлаб чиқарилади, шунга қарамай улардан 17 фоизигина истеъмол қилинади, қолганлари эса сув захираларида сақланади. Тадқиқот натижаларига кўра, Германия аҳолисининг тўртдан уч қисмининг сувдан фойдаланишдаги жуда эҳтиёткорликиги боиси бу – уларга болалик давриданоқ сингдириладиган табиатга бўлган масъулият ҳиссидир. Шунингдек, сувни тежаш уларга иқтисодий ва молиявий жиҳатлар бўйича ҳам фойда бериши ўргантилади.
Бор йўғи 6 литр сув ишлатадиган замонавий идиш-товоқ машинасидан фойдаланиш, тишларни юваётган ва соқол олаётган пайтда крандаги сувни ўчириб қўйиш, сувни тежовчи душ ва ҳожатхона мосламаларини ўрнатиш германияликлар учун одатий ҳол. Бугунги кунга келиб Германия сув тежаш бўйича шунчалар самаралики, бу баъзи ҳолларда уларга канализация тизимида муаммоларни яратади. Гап шундаки, сувнинг ҳаддан зиёд тежалиши қувурлардаги чиқиндилар тиқилиб қолиш ҳолатларини келтириб чиқаради.
Германия мисоли ва у ердаги сувни тежаш тадбирларини маҳаллий шароитларда тадбиқ этиш, келажакдаги сув танқислигини олдини олишда асқотиши мумкин. Албатта, Германия билан биргаликда дунёда ўрнак олиш мумкин бўлган бошқа мамлакатлар ҳам мавжуд.
Австралиянинг ҳам сув тежаш бўйича бир қатор тадбирларини ўзимизда қўллаш имкони бор. Биламизки, Австралия дунёда энг қуруқ қитъалардан бири ҳисобланади. У сув танқислиги муаммоси билан курашаётган бошқа мамлакатлар учун ижобий намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Мисол учун, Австралиядаги сув ресурслари бозори ва ирригация учун ишлатилувчи чиқинди сувларни қайта ишлаш амалиётини Марказий Осиёда, хусусан, сувни барқарор бошқариш тизимларини жорий этиш зарурати мавжуд бўлган Ўзбекистонда ҳам муваффақиятли қўллаш мумкин.
Бозор муносабатларига асосланган сувни тақсимлаш – бу нафақат Австралияда, балки, АҚШ, Чили, Жанубий Африка Республикаси, Эрон ва Испаниянинг Канар оролларида ҳам қўлланиладиган жуда самарали усул хисобланади. Улар ичида Австралия бу тизимни энг самарали ишлатувчи мамлакат ҳисобланади. Сув бозори баъзи деҳқонларга ўзларига ажратилган сувни ўз қишлоқ хўжалигида ишлатганидан кўра сотиш кўпроқ даромад келтирса, бошқа деҳқонлар учун сувни сотиб олиш кўпроқ фойда беради, чунки, бу сув билан улар купроқ маҳсулот етиштириш имконига эга бўладилар. Сув бозори Австралия деҳқонларига қурғоқчилик пайтларидан зарарсиз ўтишга ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга ёрдам беришда мувафаққият калити деб тан олинган.
Ўзбекистонда ҳам шу каби сув бозори амалиётларини қўллаш мумкинми? Суғориш тармоғи марказсизлаштирилмаса, самарали ўлчаш тизимлари ўрнатилмаса, сувга бўлган ҳуқуқлар тан олинмаса, ва бу ҳуқуқлар ер ҳуқуқларидан ажратилмаса, ҳозирча бу амалиётларни қўллаб бўлмайди.
Австралиядаги қайта ишланган чиқинди сувларни суғориш ва ирригация учун ишлатиш тажрибасини Ўзбекистонда қўлланилиши мумкин бўлган яна бир яхши мисол сифатида кўришимиз мумкин. Канализация, уй хўжаликлари, савдо ва саноат ҳудудларидан чиққан чиқинди сувлар махсус корхоналарда қайта ишланади ёки тозаланади. Бу қайта ишланган сув инсон ва атроф-муҳит саломатлигига таҳдид солмайдиган даражага етказилади. Қайта ишланган сувни қишлоқ хўжалиги учун ишлатиш, аҳоли истеъмоли учун кўпроқ ичимлик суви манбасини яратиш деганидир.
Гарчи Австралиянинг ирригация учун қайта ишланган сувдан фойдаланиши мисоли ичимлик сувидан фойдаланишни камайтиришнинг яхши усули бўлса-да, Ўзбекистонда уни шундайлигича кўчириб тадбиқ этиб бўлмайди. Ер ва умумий атроф-муҳит чуқур ўрганилиши, тозаланган сувдан фойдаланишга мос бўлиши керак. Чунки, қайта ишланган сув таркибидаги юқори миқдордаги тузлар тупроқ шўрланишини келтириб чиқариши мумкин. Бу ерда албатта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури томонидан ишлаб чиқилган тозаланган сувдан қандай хавфсиз фойдаланиш бўйича махсус кўрсатмани эслатиб ўтиш жоиз.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, қайта ишланган сувдан фойдаланишнинг бошқа кўплаб усуллари мавжуд. Масалан, автоуловларни ювишга, балиқ сақланадиган ҳовузларда, ҳатто, ёнғинларга қарши курашишда ва баъзи кўнгилочар сунъий кўлларни тўлдиришда ишлатса мақсадга мувофиқ бўлади. Умуман олганда, қайта ишланган чиқинди сувдан фойдаланиш Ўзбекистонга муҳим иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан фойда келтириш билан бирга мамлакатнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш ва сув таъминоти сифатини яхшилашга имкон беради.
2018 йил октябрь ойида Европа инвестицион банки (EIB) Ўзбекистон учун сув ва чиқинди суви ташаббусларини амалга ошириш учун 100 миллион евро миқдорида кредит ажратди. Умид қиламизки, ушбу кредит дунёдаги илғор амалиётларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат ичидаги сув муаммосини максимал даражада ҳал этишга хизмат қилади.
Ичимлик сувини тежашнинг бошқа усуллари ҳақида ҳам тўхталсак. Масалан, “кулранг сув”ларни (ҳожатхонадан бўлак уй хўжаликларида қўлланилган чиқинди сув, яъни чўмилиш, кир ювиш, ошхонада ишлатишдан ортган сув) қайта ишлаб, уларни ҳожатхонани тозалаш, боғларни суғориш ёки автоуловларни ювиш учун ишлатилиши ичимлик сувини тежашга ёрдам беради. Албатта, бунинг учун уй шароитида ишлатиладиган кимёвий маҳсулотларни камайтириш, табиий маҳсулотларга алмаштириш ёки чеклаш лозим бўлади.
Австралияда чоп этилган экологик барқарор уйлар учун йўлланмасига кўра, агар қайта ишланган “кулранг сув” ҳожатхонада ишлатилса, уй хўжаликлари кунига 50 литр ичимлик сувини тежаши мумкин экан. “Кулранг сув”агарда кир ювиш учун ҳам қўлланилса, ҳар куни 90 литр ичимлик сувини тежаш имкони пайдо бўлар экан. Японияда, масалан, қўл ювиш чаноқлари ҳожатхона мосламаси оқадиган қилиб ўрнатилганки, ҳар бир киши ҳожатдан сўнг қўлини ювса, кейинги фойдаланувчи учун тозаловчи мосламани сув билан тўлдиради.
Австралия, Германия ва бошқа мамлакатларнинг энг илғор амалиётларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда сувни муҳофаза қилиш ва уни самарали қўллаш учун қуйидагиларни тавсия этса бўлади:
- аҳолининг уй хўжалиги ва қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш талабини қондириш учун сувни барқарор бошқариш тизими режаларини тузиш;
- ирригация тизимини номарказлаштириш ва қишлоқ хўжалигида бозорга асосланган сув тақсимоти тизимини яратиш;
- саноатда, қишлоқ хўжалигида ва уй хўжаликларида қайта ишланган чиқинди сувдан фойдаланиш бўйича амалиётларни жорий қилиш;
- ёмғир сувини йиғиш учун махсус ускуналарни ўрнатиш ва хусусий сувни қайта ишлаш тизимларини ўрнатишни рағбатлантириш;
- сув етказиб берувчи хизматларнинг масъулиятини ва шаффофлигини ошириш;
- уй хўжаликларида ичимлик сувдан фойдаланиш учун муайян квоталар яратиш;
- ичимлик сувини керагидан ортиқча ишлатиш вазиятида тўловлар миқдорини ошириш;
- сув муаммолари мавзусида аҳоли савиясини ошириш, уларнинг нафақат суғориш, балки, уй рўзғор шароитларида ҳам сувни қандай тежаш мумкинлигини ўрганишларини рағбатлантириш.
Иқлим ўзгаришининг ёмғир билан тўйинувчи сув манбалари сатҳининг камайишига таъсирини, шиддат билан ўсиб бораётган аҳолининг сувга бўлган талабини назарда тутсак, бугунги кунда сув таъминоти сиёсати ва тизимлари мослашувчан ва инновацион бўлиши, барқарорлик тамойилларига асосланган бўлиши лозим.
Агар келгусида Ўзбекистонда сув таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келишни истамасак, албатта инсонларнинг дунёқарашини эго-центрик принципдан эко-центрикка ўзгартириш, уларга атроф-муҳит ва экологияга бўлган таъсирларини тушунган ҳолда ҳаёт кечиришларини кенг тарғиб этиш лозим бўлади.
Фото: World Bank