Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонни қамраб олган Марказий Осиё аҳолиси 72 миллиондан ошди. 2017 йилда минтақа ички бозор айланмаси 150 млрд. АҚШ доллари бўлди. Минтақанинг аксарият мамлакатларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар маълум даражада инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда. “Boston Consulting Group” (BCG) компанияси таҳлилчилари мазкур минтақа кейинги 10 йил ичида 170 млрд. АҚШ долларигача тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш салоҳиятига эга, шундан 40-70 млрд. АҚШ доллари иқтисодиётнинг хомашё бўлмаган секторларига тўғри келади, деб ҳисоблайди.
BCG мутахассислари фикрича, макроиқтисодий барқарорлик, табиий ресурсларнинг улкан захираси, катта ички бозор ва кўп сонли ишчи кучининг мавжудлиги минтақанинг асосий устунлигидир. Шунга қарамасдан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, асосан, қазиб олиш ва хомашё тармоқларига йўналтирилмоқда.
BCG бизнес стратегияси бўйича етакчи маслаҳат берувчи халқаро компания ҳисобланади ва дунёнинг 50 та мамлакатида офисларига эга. Компаниянинг Марказий Осиё (МО) мамлакатлари инвестиция салоҳиятига бағишланган батафсил ҳисоботи мукаммал тадқиқотлари маҳсулидир. Унда минтақанинг инновацион ривожланишдан орқада қолиш сабаблари, инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги муаммолар, асосий хавфлар ва минтақа салоҳиятини рўёбга чиқариш йўллари кўрсатиб берилади.
Ушбу мақолада “Марказий Осиёга инвестиция киритиш: битта минтақа, кўплаб имкониятлар” ҳисоботининг муҳим жиҳатлари ва асосий хулосалари эътиборингизга ҳавола этилади.
Яқин ва ўхшаш
МО мамлакатларини умумий тарих ва маданият бирлаштириб туради. Компания ҳисоботида қайд этилганидек, маданиятлар умумийлиги минтақанинг бир хил ижтимоий қиёфасида ўз аксини топган. Унинг асосий жиҳатлари қуйидагилардир:
- Ҳокимият ва жамият ўртасидаги улкан масофа;
- Паст даражадаги индивидуализм (коллективизм фойдасига);
- Ноаниқликдан қочишга бўлган интилиш.
Ушбу учта кўрсаткич минтақанинг инновацион ривожланишдан анча орқада қолаётганини кўп жиҳатдан белгилаб беради. Минтақа аҳолиси ривожланиш ва муваффақиятга эришишга интилиш ўрнига хавфларга нисбатан сабрсизлиги ва барқарорликни афзал кўришга мойиллиги билан ажралиб туради.
МО мамлакатлари иқтисодиёт тузилмалари деярли бир-бирига ўхшаш. Уларда табиат ресурслари асос бўлган қазиб олиш ва хомашёга ихтисослашган тармоқлар устунлик қилади. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётлари иш кучининг арзонлиги ва агросаноатлашган салоҳият сингари бир қанча умумий афзалликларга ҳам эга. МОнинг барча мамлакатлари ҳам турли ислоҳотларни амалга ошириш орқали кўпроқ инвестиция жалб қилишга интилмоқда. Бироқ ушбу ислоҳотларнинг кўлами ва даражаси мамлакатига қараб фарқ қилади.
Айни пайтда – ҳар хил
МО мамлакатлари мустақилликни қўлга киритгандан сўнг турлича ривожланди. Қозоғистон иқтисодиёти қўшни мамлакатлар иқтисодиётидан анга илгарилаб кетди. Гарчи бу ерда минтақа аҳолисининг 1/4 қисми истиқомат қилса-да, бугунги кунда ЯИМнинг 60 фоиздан ортиғи ушбу мамлакат иқтисодиёти ҳиссасига тўғри келмоқда. Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодиётининг ривожланиш суръати паст ёки секин. Бу ҳам етмагандай, улар меҳнат мигрантларининг пўл ўтказмаларига ўта тобе. Минтақа ЯИМда Тожикистон ва Қирғизистоннинг улуши 3 фоиздан ҳам ошмайди. Шунингдек, МО мамлакатлари инвестиция муҳитида ҳам анча-мунча тафовут мавжуд. Сармоядорлар учун уларнинг жозибадорлик даражаси бир-биридан кескин фарқ қилади. «Бизнес юритиш» (Doing Business) рейтингидаги турлича ўринлари ҳам буни тасдиқлайди. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар суръати ушбу тафовутни янада кучайтириши мумкин. Қозоғистондаги жадал ўзгаришлар ва Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатларнинг жозибадорлигига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, минтақа ичидаги мустаҳкам бўлмаган иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги ҳам мамлакатлар тараққиётида анча фарқ борлигидан далолатдир. 2016 йилда бешта мамлакат жами экспортининг 6 фоиздан камроғи ички минтақавий савдога тўғри келган эди. Қозоғистон умумий экспортининг 5 фоиздан камроғини, Ўзбекистон умумий экспортининг 13 фоизини, Тожикистон умумий экспортининг 1 фоиздан озроғини минтақавий савдо ташкил этади.
Инвестициялар учун энг истиқболли бўлган тармоқлар
Шу кунгача Марказий Осиёга йўналтирилган инвестицияларнинг энг катта – 59 фоизлик улуши хомашё тармоқларига қаратилган эди. Телекоммуникация, савдо, молиявий хизматлар каби секторларга инвестицияларнинг қарийб 9 фоизи тўғри келади. Бу кўрсаткич умумжаҳон даражасидан анча паст.
BCG компанияси МО минтақасида инвестиция салоҳияти нисбатан кўпроқ бўлган учта тармоқни белгилади: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, нефть кимёси сектори ва туризм. Айни тармоқлар қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинди:
- нисбатан паст даражадаги инвестициялар;
- тармоқларга кириб бориш учун тўсиқларнинг камлиги;
- уларнинг МО мамлакатлари ҳукуматлари учун устувор тармоқлар экани.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш
Ҳозирги кунда МО мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, асосан, экспорт қилмоқда. Уларни қайта ишлаб, янада юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш анча кам. BCG тадқиқотчилари фикрича, минтақа ҳудудининг чекланган қисминигина қамраб олган самарасиз, технологик жиҳатдан эскирган суғориш тизимлари МО қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардан биридир. Жаҳон банки берган маълумотга кўра, минтақада суғориш учун ишлатиладиган сув миқдори йўқотишлари 79 фоизгача етади. Эскирган ирригация тизимлари ҳам ернинг ишдан чиқиши ва шўрланишига сабаб бўлмоқда.
Қишлоқ хўжалигида суғориш майдонларини кенгайтириш ва унумдорлигини ошириш учун замонавий технологиялар ва суғориш тизимларидаги инновациялар учун инвестиция зарур.
Бундан ташқари, минтақада етиштириладиган ҳосилнинг 40 фоизгача қисми сақлаш ва ундан кейинги босқичларда яхши ривожланмаган инфратузилма сабабли нобуд бўлмоқда. Ҳосилни йиғиб олиш ва сақлаш тизими модернизация қилинса, ушбу йўқотишларни камайтириш ёки бартараф этиш имкони туғилади. Қадоқлаш марказларини ривожлантириш мева-сабзавот маҳсулотларининг сақлаш муддати ва сифатини ошишига хизмат қилиши, бу эса ўз навбатида МОга қўшимча қийматга эга мева ва сабзавотларни экспорт қилиш имконини бериши мумкин.
Фермер хўжалигидан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларда қайта ишлаш корхоналари учун инвестиция зарур. Қишлоқ хўжалигидаги хомашё хилма-хиллиги сармоядорларга янада юқори қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш имконини беради. Бу иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан минтақа қайта ишлаш тармоқлари маҳсулотлари ҳажмини ошириш мумкинлигини англатади.
МО гўшт ишлаб чиқариш соҳасига инвестицияларни жалб қилишда рақобатлаша оладиган афзалликларга эга. Ўрта даражали сармоядорлар учун чорвачилик, хусусан, зотдор молларни яратиш ва кўпайтиришда генетик хусусиятларни яхшилаш бўйича катта салоҳият мавжуд. Йирик сармоядорлар учун чорва молларини семиртириш майдончалари, гўшт комбинатларини қуриш ва тарқатиш каналларини ташкил этиш каби соҳалар улкан имкониятларга эга.
Пахта ҳозирги кунда минтақанинг барча мамлакатларида етиштирилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодиётида пахтанинг роли ҳамон муҳим. Хомашёни бирламчи даражада қайта ишлашдан тортиб, мато ва кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган технологик ва ишлаб чиқариш занжирларини яратиш минтақада янги имкониятлар очади. Бироқ дунё кийим-кечак бозорининг тўлақонли иштирокчисига айланиш учун янада қалин ҳамкорлик ва инвестициялар зарур. Хорижий компаниялар халқаро сифат стандартларини жорий этиши ва дизайнерлик ресурсларини ривожлантириши мумкин.
Нефть кимёси саноати
Нефть кимёси саноати улкан бозор бўлиб, юқори ўсиш суръатига эга ва тобора ривожланиб бораётган тармоқдир. Қозоғистон ва Ўзбекистон ушбу тармоқнинг базавий даражаси бўйича рақобатлашадиган устунликка эга. Иккала мамлакатда ҳам улкан ҳажмдаги арзон хомашё бор. Қозоғистоннинг нефть кимёси саноати хомашёси Россияникидан 30 фоиз, Европа Иттифоқиникидан қарийб 50 фоиз арзон. Асосий жаҳон бозорларидан фойдаланиш йўлидаги логистиканинг мураккаблиги (фақат темир йўл орқали), катта миқдорда капитал киритиш зарурати, маркетинг ва савдо соҳасидаги ваколатлар етарли эмаслиги, инновациялар тақчиллиги кимё саноати тармоқларини ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардир.
Дунёда нефть кимёси маҳсулотларига бўлган талабнинг 50 фоизгача бўлган қисми этилен ва пропилен ишлаб чиқаришга тўғри келади. Асосан, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти сабаб жаҳондаги полимерларга бўлган талаб ўсиб бормоқда. Масалан, ялпи талабнинг қарийб 30 фоизи Хитой улушига тўғри келади.
Жаҳон амалиётида таркибида этан миқдори 3 фоиздан кам бўлмаган табиий газни қайта ишлаш самарали ҳисобланади. Қозоғистон ва Ўзбекистон нефть-газ ресурсларида этан миқдорининг нисбатан юқорилиги ҳамда арзонлиги ушбу мамлакатлар нефть кимёси тармоғига сармоя киритиш истиқболли эканини кўрсатади.
Туризм
Сўнгги йилларда туризм дунё иқтисодиётида энг жадал ривожланаётган тармоқлардан бирига айланди. Туризмнинг жаҳон экспортидаги улуши озиқ-овқат саноати ва автомобилсозликни ортда қолдириб кетди ҳамда кимё маҳсулотлари ва ёнилғи савдосидан кейин учинчи ўринга чиқиб олди. МОнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳали тўла рўёбга чиққанича йўқ. Минтақа ЯИМнинг жуда кам улуши (1 фоиздан 3 фоизгача) мазкур тармоқ ҳиссасига тўғри келади.
МОнинг Хитой ва Россияга яқинлиги машҳур туристик йўналиш сифатидаги салоҳиятини оширади. Хитой фуқаролари туризмга йил сайин кўп пул сарфлаётган мамлакатлигича қолмоқда: 2017 йилда хитойлик сайёҳларнинг умумий ҳаражатлари 261 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Ҳар йили ўртача 135 млн. нафар хитойлик сайёҳ чет элларни зиёрат қилмоқда. Шунингдек, МО аҳолисининг рус тилини билиши ҳам Россия ва МДҲ мамлакатларидан сайёҳларни жалб қилишдаги устунликларидан биридир.
МОнинг сайёҳлик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат ва хусусий инвестицияларни киритиш керак бўлади. Айни чоқда минтақавий инфратузилмани яхшилашга доир айрим лойиҳалар амалга оширилмоқда, бироқ ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар кўп.
Ушбу сектордаги, айниқса, мижозларга хизмат кўрсатиш борасидаги стандартлар паст ва беқарор, сервис ресурслари эса у қадар ривожланмаган. Мазкур соҳанинг барча бўғинлари: меҳмонхона, ресторан ва туроператорлик бизнеси, ахборот марказларига инвестиция киритиш учун катта имкониятлар мавжуд.
МО мамлакатлари минтақада “Буюк ипак йўли”ни макройўналиш сифатида тарғиб этиш орқали катта фойда олиши мумкин, бироқ бунинг учун минтақа мамлакатлари янада қалин ҳамкорлик қилиши зарур. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билдиришича, “бир неча мамлакатни битта йўналиш сифатида тарғиб этиш сайёҳларни жалб қилишда самарали ва даромадли стратегия бўлиши мумкин”. Бу, айниқса, бир пайтда бир неча мамлакатни зиёрат қилиш орқали узоқ сафардан кўп нарса олишга ҳаракат қиладиган хорижлик сайёҳлар учун қўл келади. Бироқ ушбу минтақавий лойиҳани амалга ошириш учун МО мамлакатлари транспорт алоқаларини ривожлантириши, виза олиш шартларини оптималлаштириш (“ягона виза”ни киритишгача) ҳамда мазкур сайёҳлик йўналишини бирга ривожлантириш (маркетинг ва реклама) йўлида ҳаракат қилмоғи лозим.
Асосий хавфлар
Марказий Осиё минтақасига инвестиция киритишнинг ривожланган ёки ривожланаётган бозорларга инвестиция киритишдан кўра кўпроқ хавфи бор. BCG таҳлилчилари қуйидагиларни асосий хавф турлари сифатида кўрсатмоқда:
Сиёсий зиддиятлар. Мамлакатлар ўртасидаги низо ва сиёсий зиддиятлар (масалан, сув ресурсларини бўлишишга оид баҳслар) минтақанинг умумий инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Йирик мамлакатлар иқтисодиётига боғлиқлик. Минтақа мамлакатлари иқтисодиёти у қадар катта эмас ва кўпроқ бир неча турдаги хомашёни экспорт қилишга мослашган. Уларнинг савдо айланмаси минтақадан ташқаридаги бир неча бозор, асосан, Хитой ва Россияга қаратилган. Экспортнинг кам сонли товарларга (хомашёга) боғлиқлиги ва асосий савдо ҳамкорлари камлиги минтақа мамлакатларини “ташқи шок”ка ўхшаш омиллар олдида заиф қилиб қўяди. Бундан ташқари, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий қисми Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг пул ўтказмаларига ҳам боғлиқ.
Хомашё нархларининг ўзгариб туриши. Минтақа мамлакатлари иқтисодиёти табиий ресурслар нархига қарамдир. Углеводородлар, олтин, мис ва алюминий улар экспорти асосини ташкил қилади. Дунё биржаларида ушбу ресурслар нархи тушиб кетиши МО иқтисодиётига кучли салбий таъсир кўрсатади.
Минтақа салоҳиятини рўёбга чиқариш йўллари
BCG тадқиқотчиларига кўра, бугунги кунда минтақа олдида иқтисодиётни рангбаранглаштириш орқали йўналишини фақатгина хомашёга ихтисослашмаган тармоқлар томон ўзгартириш имкониятлари очилмоқда. Бунинг учун инфратузилма лойиҳалари ҳамда хомашёга асосланмаган истиқболли тармоқларни ривожлантиришга инвестициялар керак. Бозор ислоҳотларини давом эттириш, янада чуқурлаштириш, шунингдек, минтақалараро қалин ҳамкорлик МОнинг инвестиция муҳитини яхшилашда зарур шартларидан саналади.
Ушбу ҳисобот муаллифлари МО мамлакатлари ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириши мумкин бўлган бешта йўналиш борлигини қайд этади. Айни таклифлар минтақа салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқариш ва мавжуд инвестиция имкониятлари жозибадорлигини ошириш имконини бериши шубҳасиз.