15 март куни Тошкентда Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон Республикаларининг расмий ҳукумат делегациялари иштирокида биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди. МОИФ мавзуси: Марказий Осиё кооперацияси: ўзаро манфаатли ривожланиш истиқболлари.
Тадбир Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви арафасида ташкил этилди. Шунингдек, мамлакатларнинг ишбилармон доиралари учун кооперация биржаси ва НЕC “Ўзекспомарказ” да ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси бўлиб ўтди, унда миллий брендлар остида мамлакатларнинг маҳсулотлари тақдим этилди.
Марказий Осиё иқтисодий форумини ташкиллаштириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг ноябрида Марказий Осиё бўйича Самарқанд конференциясида илгари сурилган эди. Форумнинг мақсади минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация мажмуаси имкониятларини ўрганиш, ўзаро савдо ҳажми ҳамда туризм жозибадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
– Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари кучайди, – деди тадбирнинг очилишидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев.
– Транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларидаги алоқалар ривожланмоқда. Хусусан, 2018 йилда минтақада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ўсган. Шунга қарамай, савдо-иқтисодий соҳада эришилган натижалар мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмас.
Марказий Осиё давлатлари нафақат умумий чегараларни, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини, географик жойлашувини, шунингдек, мамлакатлар миллий иқтисодиётини акс эттирувчи экспорт тузилмасининг ўхшашлигини ҳисобга олган ҳолда бир қатор хусусиятларни бирлаштиради. Иштирокчилар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жараёнида ижобий динамика кузатилаётганини таъкидладилар. Масалан, 2018 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 50 фоиздан ошиб, 4,2 миллиард долларни ташкил этди ва Марказий Осиё давлатлари капитали иштирокида Ўзбекистондаги корхоналар сони 729 тага, яъни 3 баробарга кўпайди.
Анжуман доирасида минтақа давлатларига денгиз портлари ва халқаро бозорларга чиқиш имконини берадиган транспорт ва логистика тизимларини такомиллаштириш, мавжуд туристик салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳисобига сайёҳлик тармоғининг иқтисодиётдаги улушини ошириб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум шуъба мажлисларида кўп томонлама савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёнинг сайёҳлик жозибадорлиги, транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ўрганилди. Хусусан, Ўзбекистон томони Марказий Осиёда “Шенген”, “Ипак йўли” визаларини жорий қилиш ҳақидаги ташаббусни илгари сурди. Қозоғистон вакиллари минтақада инвестициявий муҳитни яхшилаш, космик соҳадаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Женис Касимбек 70 миллион аҳолига эга минтақанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти борасида фикр юритди. У энг аввало, инсон капиталига муҳим фактор сифатида қараш муҳимлигини қўшимча қилди. Касимбеков логистика марказлари ва иқтисодий йўлакларнинг ташкил қилиниши ўзаро товар айрбошлаш жараёнига ижобий таъсир қилишини таъкидлади.
Шунингдек Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига космик соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди. Женис Касимбек ҳар бир мамлакатга биттадан сунъий йўлдош тегишли бўладиган, Ерни масофадан туриб зондлаш бешта сунъий йўлдошдан иборат гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди.
– Бу сифатли ахборот олиш имкониятини беради, Ер юзасини тезкорлик билан суратга олиш самарадорлигини оширади. Шунингдек, бу ҳар бир мамлакатга иқтисодиёт соҳалари, масалан, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга мониторингларни татбиқ этишда ёрдам беради», – деди Женис Касимбек.
Қирғизистоннинг биринчи вице-Бош вазири Кубатбек Бороновнинг маълум қилишича, 2018 йилда Қирғизистон ва қўшни республикалар билан товар айирбошлаш ҳажми 1 фоизга ошди. Ўзбекистон билан бу кўрсаткич 3 фоизни ташкил этди, Тожикистон билан эса 1.5 баробарга юқорилади. Мамлакатнинг экспорт салоҳияти йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Айни пайтда Европа Иттифоқи мамлакатларига 6 минг номдаги маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
Форум доирасида ташкил этилган кўргазмада эса металлургия, нефт-кимё, фармацевтика, тўқимачилик, чарм ва пояфзал, озиқ-овқат саноати, электротехника, автомобилсозлик, машинасозлик, миллий амалий санъат сингари бўлимлар намойиш этилди.
Биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.
UzAnalytics.com мухбири форумнинг айрим иштирокчиларига “Марказий Осиё давлатлари иқтисодий форумида иштирок этишдан мақсад нима?”, “Ўзбекистон бозори билан ҳамкорликни қандай олиб боришни истар эдингиз?” ва бошқа саволлар билан мурожаат қилди.
Талантбек Максутов, “Қирғизмармар” заводи таъсисчиси ва директори:
– Табиий тош, мармар ва травертин ишлаб чиқаришга мослашган заводимиз вакилларининг Тошкент форумида иштирокидан биринчи мақсад, бу қўшниларимиз бизнес соҳасида қандай ютуқларга, натижаларга эришаётганидан хабардор бўлиш, албатта. Иккинчидан, биз ўтган йили Ўзбекистонга келиб, ўзимизнинг эҳтимолий ҳамкорларимизнинг салоҳиятлари билан танишиб кетган эдик. Табиийки, биз ўз маҳсулотларимиз билан мамлакат бозорига киришдан манфаатдормиз.
– Рақобатдан қўрқмайсизми? Ўзбекистон бозорида сизнинг маҳсулотингизга талаб борми?
– Йўқ, рақобатдан чўчимаймиз. Бозор катта, талаб ҳам шунга яраша. Янги бозорда маҳсулотларимиз сифати билан ўз харидорини топишига ишонамиз. Халқларимиз орасида мавжуд “узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши”, деган мақол бежиз айтилмаган. Гап шундаки, қурилиш учун ишлатиладиган биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларни агар узоқ масофага ташиб борсак, унинг сифати ва яроқлилиги тушиб кетади. Шу маънода Ўзбекистон бозори биз учун энг мақбул манзил. Ўзбекистонда кенг кўламда қурилиш ишлари олиб бориляпти, демак талаб ҳам шунга яраша бўлади. Айниқса, бизнинг маҳсулотлар “Тошкент Сити” қурилишида ишлатилишини истар эдик.
– Ўзингизга ҳамкор компаниялар топиб улгурдингизми?
– Биз ўтган йили келганимизда “Фарғона керамика” корхонаси билан алоқаларни ва ҳамкорликни йўлга қўйган эдик. Дастлабки шартномага кўра, биз уларга жорий йил апрель ойидан бошлаб хом ашё етказиб беришни бошлаймиз. Ҳозир эса яна янги ҳамкорлар излаяпмиз.
Эмил Аманкулов, “Қирғизистон” Савдо уйининг Ўзбекистондаги Бош директори:
– Биз асосан Қирғизистондан Ўзбекистон бозорига сут маҳсулотларини олиб кирамиз. Сут, қуруқ сут, қатиқ, пишлоқ, музқаймоқ ва бошқа маҳсулотларимиз табиийлиги, мазалилиги, қиммат эмаслиги билан харидорларга маъқул келмоқда.
– Ўзбекистонда фаолият юритиш учун тўсиқ ва муаммолар ҳам борми?
– Айни пайтда муаммолар анча камайган. Бироқ божхона билан боғлиқ жараёнларнинг чўзилиб кетиш муаммоси бироз ишимизга халақит қилмоқда. Битта сертификат олишимиз учун тахминан 1 ҳафта-10 кун вақт йўқотяпмиз. Маҳсулотларимиз табиий сутдан тайёрлангани учун уни сақлаш қийин, дархол харидорларга етказмаса бўлмайди. Бундай вазиятда сертификатлаш жараёнини имкон қадар қисқартириш, 1 кунда хал қилиш керак. Мамлакатимизнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ёрдами билан шунга эришмоқчимиз.
Ўзбекистонда бизнес юритиш истиқболлари жуда юқори. Ахолининг кўплиги, қулай иш шароити, оралиқ масофанинг яқинлиги бизни келажакка дадил қарашимизга асос бўлади. Биз бу ерда бизнесимиздан хавотирда эмасмиз. Тўғри, рақобатчиларимиз ҳам, айни шу маҳсулотларни олиб кираётганлар сони ҳам етарли, аммо биз ҳам ўз маҳсулотларимиз сифатига ишонамиз ва кафолат берамиз. Чунки улар табиий. Ҳеч қандай сунъий қўшимчалар қўшилмаган. Ҳозир бир ойда ўртача 250-300 тоннагача маҳсулот сотишни режалаштириб турибмиз.
Анвар Бобоев, “Навоий кон-металлургия комбинати”, иқтисодчи:
– Биринчи Марказий Осиё иқтисодий форумида иштирок этишимиздан мақсад яқин қўшниларимиз билан ҳамкорликни кучайтириш. “Навоий кон-металлургия комбинати”га қарашли “Навоий машинасозлик заводи”да темир йўнувчи токарлик станокларини ишлаб чиқаради. Мақсадимиз хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш. Форумда ўз салоҳиятимизни намойш қилиб, ҳамкорларни жалб этмоқчимиз.
Темур Усмоналиев, Қирғизистон савдо-саноат палатаси Экспомарказ бўлими бошлиғи:
– Биз халқаро кўргазмалар ўтказиш билан шуғулланамиз. Баҳор фаслида “Қирғизистон”, куз ойларида “Бишкек” кўргазмалари ташкил этилади. Уларда МДҲ давлатларидан вакиллар ҳам иштирок этади. Бугунги Тошкент иқтисодий Форумида янги ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиб, уларни жалб қилмоқчимиз. Минтақа ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлиги мамлакатларимиз иқтисодиётининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.