Корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) ривожланган мамлакатларда тадбиркорлик фаолиятининг чамбарчас қисмига айланган. Ушбу соҳадаги сўнгги тадқиқотлар тегишли КИМ амалиётларини амалга ошириш корхоналарнинг муваффақиятига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади. Бундан ташқари, инновация ва КИМ билан боғлиқ амалиётлар ўртасидаги бевосита боғлиқлик борлигини кузатишимиз мумкин.
Муаллиф
Малика Шарипова, корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, «Buyuk kelajak» кенгаши эксперти
Мутахассислар КИМни инновацияга етакловчи ижтимоий, экологик ва барқарор, яъни зарар етказмайдиган тадбиркорлик омилларга эътибор қаратишади. КИМ тамойилларини тадбиқ этиш ривожланган мамлакатларда янги маҳсулотлар, хизматлар, жараёнлар ва янгича бозор шароитларини яратиш учун инновацион ғояларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Энг муҳими шундаки, бу инновациялар ишлаб чиқариш ва таъминот занжири орқали бошқа ташкилотларга ва мамлакатларга тарқалмоқда. Етакчи ташкилотлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб, уларни утилизация қилишгача бўлган барча жараёнларда экологияга ва жамиятга зарар етказмасликка алоҳида эътибор қаратишади. Масалан, техника ишлаб чиқарилса унда энергия ва ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хом ашёлар тежамкорлигини оширишга эътибор қаратилади.
Қолаверса, Ғарбдаги тушунчаларга кўра бизнес нафақат даромад олиш балки жамиятдаги муаммоларни, масалан, қашшоқлик, ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари, иқлим ўзгариши каби муаммоларни ҳал этиш билан ҳам шуғулланиши лозим. Бу масалаларни ҳал этишда эса инновацион ғояларнинг ўрни жуда муҳимдир. Келажакда тадбиркорлар муваффақиятга эришиш истагида бўлсалар, айнан мана шу муаммоларни ечишга қаратилган инновацион ғояларни тадбиқ этишлари талаб этилади. Ўзбекистон ҳам, шу тариқа, инновацион илғор давлатлар сафига қўшилиш истаги бўлса, мамлакатда КИМ тамойилларини кенг жорий этиши лозим бўлади.
Ўзбекистонда ҳам ҳозирги кунда инновация ва КИМ масалаларига эътибор қаратилаяпти. 2017 йил юртимизда инновацион ривожланишга маъсул мутассадди вазирлик ташкил этилди. Ўтган 2018 “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида мамлакатнинг инновацион ривожлантириши Стратегияси, ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Жорий 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йилида ҳам инновацион ривожланишга ва ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор қаратилган. Шундай бўлсада инновация ва КИМ орасида узвий боғлиқликка етарлича эътибор қаратилаяпти дея олмаймиз.
Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити яхшиланиб бораяпти. Беш йил мобайнида мамлакат Жаҳон банкининг “Doing business” рейтингида ўз ўрнини 166-дан 76-ўринга кўтарди. Ҳукумат бир неча йилда ушбу рейтингда 20-ўринни эгаллаш мақсадини ўз олдига қўйди. Бундан ташқари давлатимиз 2030 йилга келиб энг илғор инновацион иқтисодга эга бўлган 50 та кучли мамлакат қаторига кириш ниятида. Хўш бу мақсадларга эришиш учун нималар қилиниши зарур?
Дунёдаги энг ривожланган ва жадал ривожланаётган давлатлар тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, ушбу белгиланган мақсадларга эришишда Корпоратив ижтимоий маъсулият ҳамда инновациянинг синтези муҳимлигини кузатишимиз мумкин.
Ижтимоий инновация
Ижтимоий инновация ва ижтимоий тадбиркорлик 90 йилларда Буюк Британия ва АҚШда ривожланиб, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш билан бирга иқтисодий фойда ҳам олиб келувчи ғоя сифатида аста секин глобал феноменга айланган. Ижтимоий инновация бу жамият эҳтиёжларига жавоб берувчи янги ечимлар (ғоя, маҳсулот, хизмат, жараён ва х.з.лар) бўлиб улар мавжуд қарашлардан анча самаралироқ ва ижтимоий инновация соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ҳамда корхоналарга меҳнат шароити, таълим соҳаси, жамиятни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, экологияга зарар етказмаслик каби жамият эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради.
Масалан, Данон фирмасининг КИМ ва Экологик, ижтимоий ва бошқарув (ESG) рейтингларида юқори ўринда туриши бежиз эмас албатта,[i] чунки Данон Нутрипланет гуруҳи 52 мамлакатда аҳолининг саломатлиги ва нималарни истемол қилишларини таҳлил қилиб, ўша ердаги соғлиқ билан боғлиқ маълум бир муаммони ечиш учун ўз маҳсулотлари таркибини ўзгартиради. Масалан, бразилиялик ёшларнинг рационини ўрганиб чиққанидан сўнг, Данон пишлоқнинг бир тури кўпроқ истеъмол этилишини ўрганган ва ундаги шакарни камайтириб, ўрнига витаминлар қўшган. Бангладешда болалар учун махсус озуқага бой ва тўқ тутадиган маҳсус йогуртни арзон нархларда сотади. Сенегалда эса Данон сут маҳсулотларини хона ҳароратида сақланишини таъминлаш учун ўзига ҳос қадоқлар ишлаб чиқади, бу қадоқлар маҳаллий ғалла ва озгина сутдан ташкил топган махсус картондан қилинади.[ii]
Волт Дисней компанияси 2018 йил глобал ижтимоий маъсулият рейтингида (Global CR RepTrak® ranking)иккинчи ўринни эгаллаган.[iii] Бу компания “VoluntEars” программаси доирасида ишчиларига ўз вақтларини хайрия қилишни рағбатлантиради. 2012 йилдан бери бу компания 3.4 миллион соатни ижтимоий хизматга сарфлаган, 2020 йилгача улар бу соат миқдорини 5 миллионгача чиқариш истакларини билдирганлар.[iv]
Бизда ҳам бу ғоя, молиявий инкониятлари кам лекин КИМ тамойилларини ўзларига тадбиқ этишни истаган, ташкилот ва бизнесларга қўл келиши мумкин. Яъни улар моддий ёрдам кўрсата олмаслар ҳам, жамият ривожига ҳисса қўшиш мақсадида университет, колледж ёки мактабларда бепул курслар ташкил қилишлари мумкин. Бу уларга ҳатто ёш кадрларни тайёрлаш имкониятини ҳам беради.
Эко-Инновация
Экологик муаммоларнинг миқёси, иқлим ўзгариши, глобал иқтисодиётда рақобатлашиш муаммолари ва табиий ресурсларнинг камлиги ҳозирда мавжуд технологияларни модернизация қилишни тақозо этади. Бу зарурият эса ўз ўрнида инновацион ғоялар орқали жамиятни барқарор ривожланиш тизимига йўналтириш имкониятини туғдирди. Инновацион технологиялар иқтисодий ва экологик кўрсатгичларни яхшилаш билан бирга, тадбиркорларга КИМнинг учта асосий тамойиллари, яъни ижтимоий, иқтисодий ва экологик маъсулиятларини амалга оширишга ёрдам беради. Қолаверса, эко-инновациялар эко самарадорликка, яъни ташкилотларнинг атроф муҳитга зарарли таъсирларини камайтириш орқали кўпроқ даромад олиш билан боғлиқ бўлган бошқарув тизимига етаклайди.
Ҳозирда ҳеч кимни шамол турбиналари, қуёш панеллари, гидро ускуналар, био ёнилғи, том устидаги боғлар ёки қайта ишланган поябзалдан ётқизилган пиёдалар учун йўлакчалар билан хайрон қолдириб бўлмайди. Лекин баъзи компаниялар янгидан янги инновацион ғояларни илгари суришяптики, буларни хоҳиш бўлса албатта Ўзбекистонда ҳам тадбиқ этиш мумкин.
Масалан Швейцариянинг Ҳонггерберг Кампусида олимлар ва тадқиқодчилар ёзда қуёш иссиқлигини махсус ўрнатилган системалар орқали йиғиб, ер остида сақлашади ва уни қишда биноларни иситиш учун етказиб беришади. Бу инновацион ғоя уларга қишда иситиш системаларига кетадиган ҳаражатларини тежашга ёрдам берди ва биноларнинг карбон диоксиди чиқиндиларидан деярли ҳалос қилди.[v]
Текстил соҳасида ҳам эко технологиялар бўйича янгиликлар талайгина. Масалан Леви Страусс компанияси “Waste Less” проекти доирасида янгича жинси кийимлар ишлаб чиқара бошладики, бунда улар ҳар бир кийим учун 8 та пластик бутилкаларни ишлата бошлади. 2013 йилдан бери Левис жинси кийимлар коллекцияси деярли 12 миллион пластик бутилкадан фойдаланиб, ўзининг 511 русумли шимлари ва нимчаларини ишлаб чиқарган.[vi] 2018 йил глобал ижтимоий маъсулият рейтингида (Global CR RepTrak® ranking) бу компания 18-чи ўринда турган.
Жаҳонда пластик маҳсулотларига қарши кураш олиб бориляпти, чунки океанлар пластик чиқиндилар билан тўла, бу эса жонзотлар ҳаётини хавф остига қўймоқда, умумий экологик вазиятни эса янада ёмонлаштирмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада кичик қадамлар қўйиляпти, пластик пакетлар савдоси чекланмоқда. Пластикдан умуман воз кечиш қийин, аммо инновацион ғояларни ишга солган холда, пластик ўрнига бошқа маҳсулот ишлатиш орқали бу муаммони ҳам ҳал этса бўлади.
Бразилиянинг Браскем компанияси пластикда ишлатиладиган нефт маҳсулоти ўрнига табиий шакар қамишни ишлатишни йўлга қўйган. Уларнинг табиий ва зарарсиз полиетилен ишлаб чиқариш жараёнида ҳар бир тонна пластик маҳсулот чиқариш учун уч тонна карбон диоксиди ишлатилади. Бу жараён иссиқхона газларини камайтиради, чунки атмосферадан карбон диоксидини олиб уни маҳсулот жараёнига ишлатади.[vii]
Бундай эко-инновацион ва экологик теҳнологияларга мисоллар жуда кўп. Асосийси, Ўзбекистондаги корхоналар маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилган ҳолда бу ғояларни амалга оширсалар, нафақат экологияга зарарни камайтирадилар, балки жаҳондаги рақобатчилар орасида устунликка эга бўладилар. Худди шундай тарзда, Ўзбекистонда ғўзапоядан ҳам пакетлар ясаш технологиясини ўйлаб топсак, биз нафақат экологиямизни сақлаб қолган, балки Ўзбекистонни бутун дунёга экологик маъсулиятли мамлакат сифатида обрўсини оширишга ҳисса қўшган бўламиз.
Узлуксиз иқтисодиёт/ Ёпиқ халқа иқтисодиёти
“Ёпиқ ҳалқа” (Closed loop economy) моделини 70 йилларда Волтер Стахел Женеванинг “Product Life” институтида ишлаб чиққан.[viii] Унинг асосий мақсади, маҳсулот умрини узайтириш, чиқиндилар кўпайишини олдини олиш ва чидамли маҳсулотлар тизимини йўлга қўйиш бўлган. Бу ғоянинг асосида уч “R” – “Reduce, Reuse, Recycle”, яъни камайтириш, қайта ишлатиш ва қайта ишлаш ғояси бўлган.
Бу концепция кейинчалик Браунгарт ва МакДоноу томонидан “Cradle to cradle” моделида давом эттирилди. Бу ишлаб чиқаришда яна ҳам илғори ғоя ҳисобланади, чунки саноат ва ишлаб чиқариш тизимларини бутунлай қайта ишлаб чиқилишини тақозо этади. Унга қўра ишлаб чиқариш шундай йўлга қўйилиши керакки, ҳеч қандай чиқинди бўлмаслиги керак, маҳсулот эса қайта ва қайта ишлатила олиш сифатига эга бўлиши керак.
Ҳозирги даврдаги қайта ишлаш (recycling) экологик фожеаларни ҳал этмайди, чунки кўпинча бу маҳсулотлардан ортган чиқиндилар барибир ерга кўмилади ва ўз навбатида заҳарли моддалардан ташкил топган бу чиқиндилар тупроқни заҳарлаб уни яроқсиз ҳолга келтиради.
Заҳарли материаллар ва жараёнлардан воз кечиб, маҳсулотларни шундай яратишимиз керакки, улар хавфсиз равишда қайта қайта ишлатилишлари ёки ишлаб чиқиш жараёнидаги чиқиндилар ерга кўмилган тақдирда ҳам ўсимликларга ва ерга зиён етказмасликлари лозим.
Ҳозирда “Cradle to cradle” системаси бошлангич, бронза, кумуш, олтин ва платина cертификациясига эга ва бу йўлни танлаган компаниялар асосан қуйидаги мақсадларга таяниши лозим:[ix]
• Саноатнинг техник цикли биологик ва экологик метаболизм циклига тақлид қилиши лозим;
• Металл, пластмасса ва шу каби узоқ муддат чиримайдиган хом ашёлар, табиий заҳиралар истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчи ўртасида қайта ва қайта узлуксиз ишлатилиши муҳим;
• Ишлаб чиқариш жараёнида фақатгина алтернатив энергиядан фойдаланиш;
• Тизимли фикрлашни йўлга қўйиш (яъни бошқарув, ташкилот, истеъмолчиларнинг бир бирига боғлиқлиги, бирида рўй берувчи жараёнларнинг иккинчисига таъсир қилишини ҳисобга олган холда бутун ишлаб чиқариш тизимини ўзгартириш);
• Ишлаб чиқариш инсон ҳуқуқлари тамойилларига амал қилиши, иқтисодиётга фойда келтириши ва экологияни сақлашга хизмат қилиши керак.
Бундай мақомни қўлга киритган компаниялар кўп эмас, лекин уларнинг сафи йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Масалан, Швейцариянинг “Rohner” фирмаси офис мебелларини ишлаб чиқаришда кенг ишлатиладиган “Climatex LifeCycle” исмли биочирийдиган мато ишлаб чиқаради.[x] Бу мато шунчалик хавфсизки уни ҳатто адашиб истемол қилган тақдирда ҳам инсонга зиён етказмайди, ярқосиз ҳолга келганда эса ерга кўмилса ўсимликлар учун озиқ бўлиб хизмат қилади. “Rohner” фабрикасида ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган сув инспекция қилинганда, текширувчилар бу сувни ҳудди шаҳардаги уйларда етказиб бериладиган сувдек тоза деган хулосага келишган. Чиқиндиларни утилизация қилиш харажатлари сезиларли даражада қисқарган чунки энди “Rohner” чиқиндиларни ёндириб юбориш учун Швейцариянинг ёки Испаниянинг инcенераторларига юборишга муҳтож эмас эди. Барча текстил чиқиндилар қалин матога айлантирилиб, маҳаллий деҳқон ва боғбонларга сотилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бўёқ ва кимёвий моддаларни филтрлаш зарур бўлмай қолди ва хавфли кимёвий моддаларни сақлаш учун керак булган ҳужжатларга зарурият йўқолди.
Яна бир мисол бу гилам қопламаларини ишлаб чиқарувчи “Desso” компаниясидир.[xi] Компанияда 2012 йилгача бош ижрочи директор бўлган Стеф Кранендижк 2020 йилга келиб “Desso” тўлақонли узлускиз иқтисодиёт моделига ўтиш ниятида деб, айтиб ўтган. Унинг айтишича “Cradle to cradle” модели нафақат сайёрамиз учун, балки бизнес самарадорлиги учун ҳам жуда фойдалидир.
“Desso” компанияси Браунгарт ва Мак Доноу билан ҳамкорлик ўрнатиб, 2 йил давомида ўзига ҳос бир технология яратдики, унда эски ковролан устки қисмидаги иплари алоҳида ажратиб олиниб, ундан янги ип ясалади, гилам тагига ишлатилган пластмасса эса қурилиш ишларига, масалан велосипед йўлакларига ишлатилади. Келажакда “Desso”, ковроланда пластик ўрнига полёлефин ишлатиш ниятида чунки шунда компания ип билан биргаликда ковроланлар тагини ҳам яна янги маҳсулот учун ишлатишга қодир бўлади. Агар Буюк Британияда ҳар йили 600 минг тонна ковролан чиқинди сифатида ерга кўмилишини ҳисобга олсак,[xii] “Desso” экологияни сақлаш учун катта қадам қўйганига гувоҳ бўламиз.
Айтиб ўтиш жоизки, алоҳида бир бизнеснинг ўзигина тўлақонли ёпиқ ҳалқа моделига ўтиши қийин. Бутун сектор ва саноатнинг турли соҳалари бўйлаб ресурслар алмашувини, хом-ашё исроф бўлмаслиги, логистиканинг ҳам барқарор ривожланишини таъминлаш учун тизимли фаолиятни йўлга қўйиш лозим. Мижозларни ҳам маъсулиятли истеъмол тизимига ўтишларини рағбатлантиришга ўргатиш лозим.
Ўзбекистоннинг корхоналари аста-секин халқаро бозорлардаги имкониятларини кенгайтириш учун барқарор ва ижтимоий маъсулиятли амалиётларнинг аҳамиятини тушуниб етишлари ва шунга яраша ҳаракат қила бошлашлари муҳим. Айрим Европа компаниялари Ўзбекистонда КИМ ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда, яъни улар ҳамкорликни йўлга қўйишдан олдин, ўзбек томонларининг юқори стандартларга жавоб беришларини, масалан, SEDEX рўйхатига киришни, SMETA сертификатини олишни ва BSCI аудитидан ўтишларини талаб этишяпти.
Жаҳон бозорида муваффақият қозониш учун Ўзбекистондаги компания ва ташкилотлар кучли КИМ сиёсатини ишлаб чиқишлари, иқтисодий, ижтимоий ва экологик стандартларини яхшилашлари зарур. Масалан, энг йирик инвестицион компанияларнинг ривожланаётган мамлакатларга киришдан қўрқишининг сабаби шуки, улар киритаётган сармояларининг этикага тўғри келмайдиган ёки экологияга зарар келтирувчи тадбиркорлик фаолиятига ишлатилишидан хавфсирашади, чунки бу нарса уларнинг обрўсига путур етказади ва содиқ истеъмолчиларининг ишончини йўқотишга олиб келади.
2019 йил 17 январь куни тасдиқланган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат Дастурида ҳам аэропорт, йўл қурилиш, электр-энергетика ва кимё саноати соҳаларида инвестициялар лойиҳалари портфелини шакиллантириш орқали хусусийлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон хаво йўллари, Узбекэнерго каби ташкилотларни жаҳон талабларига мослаштириш назарда тутилган.
Ўзбекистон Президентининг 17 январидаги қарорига асосан тоғ-кон ва металлургия саноатини ислоҳ қилиш бўйича республика комиссияси тузилди. Комиссияга 1 июлгача ушбу соҳаларда фаолият юритаётган йирик корхоналарни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, шу жумладан, ички ва халқаро фонд бозорларида дастлабки (IPO) ва иккиламчи (DPI) оммавий таклифлар орқали инвесторларни жалб қилиш топширилди. Шу кунларда Навоий кон-металлургия комбинатига Гарвард бизнес мактаби битирувчиси О.Понкратовани ёллангани ҳам бежиз эмасдир. Ўйлайманки, мамлакатдаги йирик корхона ва ташкилотлари фаолиятида КИМ тамойилларини жорий этмасдан йирик инвесторларни, хусусан ривожланган мамлакатлардан сармоядорларни кутмасак ҳам бўлади.
Юқорида тилга олинган барча ғояларни кенг жорий этиш Барқарор Ривожланиш Мақсадларининг (БРМ) ҳам кўпига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, “Иқлим бўйича тадбирлар” (БРМ-13), “Life below water” яни сув билан боглиқ муаммолар (БРМ -14), “Life on land” Ер юзидаги ҳаёт (БРМ-15), ва шу билан бирга фаровонлик ва яшаш тарзига боғлиқ «яхши иш ва иқтисодий ўсиш» (БРМ-8), «Саноат, Инновация ва Инфратузилма» (БРМ-9) мақсадларини амалга оширишда ёрдам беради.
Тавсиялар:
– КИМ амалиёти ҳақида жамиятда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш (маърузалар, семинарлар, брифинглар, оммавий ахборот воситаларида интервюлар);
– КИМ концепцияси ва унинг мамлакатда ривожланиши бўйича тадқиқотлар ва нашрларни амалга ошириш; омманинг КИМ бўйича савияси ошириш;
– Университет ва таълим соҳасида инновация ва масъулиятли бизнесга доир йўналишларни тадбиқ этиш;
– Тадқиқот ва ихтиро масалаларига кўпроқ маблағ ажратиш ва эътибор бериш;
– Бизнесга йўл кўрсатиш, унга барча манфаатдор томонлар, яъни давлат ва ҳукуматдан бошлаб, қонун чиқарувчилар, юристлар, ижтимоий фаолларгача ҳаммани жалб қилиш ва маъсулиятни ошириш зарурлигини ўргатиш мақсадида маслаҳат хизматларини ташкил қилиш;
– Ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш;
– Инновация вазирлигида ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бошқарма тузиш;
– Бизнеснинг таъминот тизими маъсулиятини ривожлантириш;
– Аэропорт, йўл қурилиш, электр энергетика ва кимё саноат соҳаларида фаолият юритаётган йирик корхоналарда йиллик КИМ ҳисоботлар тизимини жорий этиш. Бу фақатгина иқтисодий кўрсатгичлар билангина чекланмасдан, балки экологик ва ижтимоий кўрсатгичлар ҳақида ҳам омма ва истеъмолчиларга ҳисобот беришни кўзда тутади.
Аминманки, Ўзбекистонда инновацияларга йўл очиб бериш, маъсулиятли тадбиркорлик, КИМ тамойилларини тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш давлатимизни барқарор ривожланиши ва иқтисодиётимизни дунё бозорида рақобатбардошлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшади.
[i] https://www.csrhub.com/CSR_and_sustainability_information/Groupe-Danone
[ii] http://parisinnovationreview.com/articles-en/social-innovation-the-danone-case-by-b-faivre-tavignot
[iii] https://www.reputationinstitute.com/about-ri/press-release/google-disney-and-lego-lead-world-corporate-responsibility
[iv] https://www.thewaltdisneycompany.com/philanthropy/
[v] https://ourworld.unu.edu/en/science-city-stores-heat-in-the-ground
[vi] https://levistrauss.com/sustainability/products/wasteless/
[vii] https://www.braskem.com.br/news-detail/neutrox-begins-to-use-green-plastic-in-its-packaging-as-a-sustainability-initiative
[viii] https://www.ellenmacarthurfoundation.org/circular-economy/concept/schools-of-thought.
[ix] https://www.c2ccertified.org/get-certified/levels
[x] http://www.climatex.com/en/
[xi] http://www.desso.com/news-events/news-overview/2011/5/dessor-cradle-to-cradler-carpet-in-the-most-sustainable-office-building-in-the-netherlands/
[xii]http://lascuola.ancitoscana.it/allegati/2013/131111%20Il%20Futuro%20in%20Gioco%20Cradle%20to%20Cradle%20Dr%20T%20Scheelhaase%20V2.pdf