Ўзбекистонда пахтачиликка ихтисослашган кўплаб фермер хўжаликларининг молиявий аҳволи анча ночор ва абгор ҳолатга келиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби йиллар давомида пахтани сотиб олишга давлат томонидан белгиланган нархлар пахта етиштиришга мажбур фермерларнинг харажатларини деярли қопламаслигидадир.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бу муаммони тан олиб, 2018 йилда пахта етиштиришни “фойдали иш” қилишга ваъда берди. 2018 йилнинг ўзидаёқ давлат томонидан белгиланган пахта сотиб олиш нархлари деярли 90 фоизга оширилди, лекин халқаро нархларга солиштирганда пахтанинг нархи ҳали-хануз пастлигича қолмоқда. Хусусан, биринчи навли пахтанинг бир тоннасига тўлов 3,000,740 сўмдан 5,717,240 сўмга оширилган, худди шу пахтанинг бир тоннаси дунё бозорида 1,900 АҚШ доллари ёки 20 миллион сўмга яқин туради.
Пахта етиштириш фойдали бўлмагани боис фермерлар бу соҳада дунё саноатида аллақачон фойдаланилаётган “инновацион ёндашувлар”ни амалиётга жорий эта олмади. Ўтган йили декабрь ойи охирида Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга қилган мурожаатномасида ҳам пахтачиликда йиллар давомида дунёда мавжуд илғор тажрибадан фойдаланилмаганлигини ва бунинг натижасида мамлакатимиз бу муҳим соҳада анча ортда қолиб кетганлигини афсус билан таъкидлади. Президент таклифи билан 2019 йилда мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида пахтачиликда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиши кўзланган бўлиб, бу дастурни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан фермер хўжаликларига хатто тарихда биринчи маротаба субсидиялар ҳам ажратилиши эълон қилинди.
Йиллар давомида молиявий жиҳатдан ўта чеклаб ташланган фермер пахтачиликка “бош оғриқ” сифатида қараб келди ва пахтадан ортган ер майдонларида эккан сабзавот ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тушган даромад эвазига кун кўришга ўрганиб қолди. Пахтачиликни ривожлантириш учун фермерларда на молиявий имконият ва на хоҳиш бор эди.
Бундан ташқари, доимий равишда ўтказиб келинган қишлоқ хўжалик ерларини қайта тақсимлашлар, баъзида туман хокими алмашиши ҳам бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ёки пахта режасини қайсидир сабабларга кўра бажара олмаган фермерлар ерларининг олиб қўйилиши, кўплаб фермерларда ўз ерларига бўлган мулкдорлик ҳисининг йўқолишига сабаб бўлди. Табиийки, қишлоқ хўжалигидаги бундай вазият мазкур соҳада самарадорликни оширишга имкон бермас эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кўплаб бошқа соҳаларда бўлганидек қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам “ўзгаришлар” бўлмоқда. Айнан “ўзгаришлар” бўляпти, ислоҳотлар эмас. Қишлок хўжалигидаги кластерларни ташкил қилишни расмийлар “катта ислоҳот” сифатида тақдим этишмоқда. Аслида ҳам шундайми?!
Ўтган 2018 йили Ўзбекистоннинг кўплаб туманларида биринчи маротаба пахта етиштиришда кластер тизими жорий этилди. Президент Шавкат Мирзиёев кластер тизими ўзини оқлаганини ва мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ягона тўғри йўл эканлигини тинмай таъкидлаб келяпти. Президентга кўра, 2019 йили кластер тизимини янада кўпроқ худудларда жорий этиш режалаштирилган.
Расмийларнинг айтишича, кластер тизими қишлоқ хўжалик соҳасида ва хусусан, пахтачиликда самарадорликни оширади ва хатто Президент таъкидлашича, икки-уч йил ичида бутун мамлакатнинг “энг катта бош оғриқ”ларидан бўлиб қолган пахта йиғим-терим мавсумидаги мажбурий меҳнатга барҳам беришга олиб келади.
Ўтган йилги кластер тизими жорий этилган республикадаги барча пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларда қандай натижалар бўлгани хақида ҳали-ҳамон расмий малумотлар деярли йўқ. Баъзи мустақил хорижий оммавий ахборот воситаларида ўтган йили пахтакор-фермерларга, шулар қаторида кластер билан ҳамкорлик қилган фермерларга ҳам сув тақчиллиги ва фавқулотда зараркунанда ҳашаротлар кўпайиши боис, жуда қийин келгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Расмийлар ҳам 2018 йили пахтачиликда қийин йил бўлганини тасдиқлашади ва бунинг исботи сифатида 2018 йилги пахта ҳосили 2017 йилги 2 миллион 900 минг тонналик кўрсатгичдан анча пасайиб 2 миллион 300 минг тоннани ташкил этганидан ҳам билиб олса бўлади. Баъзилар, пахта етиштириш кўрсаткичларини бунчалик катта даражада тушиб кетишини олдинлари мавжуд бўлган деб ҳисобланган пахтани қўшиб ёзиш каби фирибгарликларга барҳам бериши билан ҳам боғлашади.
Бундай шароитда пахтачилик кластерлари ўтган йили қанчалик ўзини оқлади, деган саволлар туғилади ва энг муҳими, ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, бу йил кластер тизимида бирон бир камчиликлар бўлган бўлса, улардан керакли хулосалар чиқарилдими ёки йўқ, буни билиш қийин.
Аслида олганда, пахтачиликда жорий этилган кластер тизими моҳиятан қандай фаолият юритади?
Малумотларга кўра, кластер пахтакор фермерга пахтани экиш ва уни етиштиришда яқиндан ҳам молиявий, ҳам техника борасида ёрдам беради. Масалан, ерни пахта экишга тайёрлаш учун техникаси бўлмаса, керакли техника билан таъминлайди, ёқилғи, минерал ва кимёвий ўғитлар ёки пестицидларни сотиб олиш учун пул беради, фермер хўжалиги ишчиларига ойлик маош беради ва етилган пахтани териб олишда ўз ишчиларини сафарбар этиб, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олишга кўмаклашади.
Албатта, пахтакор фермер ҳосилни териб олиб давлатга топширгач, давлат пахта учун тўлайдиган пулидан кластер берган барча ёрдам пулларини қайтаради. Кластер эса, териб олинган пахтани тозалайди, ип-калавага айлантиради ва имконига қараб тайёр маҳсулот ҳам чиқаради. Маҳаллий тўқимачилик кластерлари давлатдан пахтани неча пулдан сотиб олишлари ҳақида маълумот йўқ.
Муҳим бўлган уруғлик чигит ва сув билан таъминлаш ва тақсимлаш ишлари давлат идоралари томонидан амалга оширилиб назорат қилинади ва йилнинг охирида фермер ҳисобидан бу хизматлар учун ҳам пул ечиб олинади. Бу жараёнда вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, туман прокурорлари, туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва хатто туман солиқ инспекцияси бошлиқларига ҳам худудлар секторларга бўлиниб, пахта етиштириш бўйича барча тадбирларни самарали олиб борилишини таъминлашга масъул қилиб қўйилган.
2018 йили Ўзбекистон телеканалларида пахта етиштиришга доир лавҳаларда ҳарбий формадаги юқорида санаб ўтилган ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари пахта далаларини фермерлар билан кезиб вазиятни назорат қилишаётгани доимий равишда кўрсатиб борилди.
Ўтган йилги маълумотларга кўра, кластер билан ҳамкорлик қилган кўплаб фермерлар об-ҳаво ноқулай келиши, сув тақчиллиги ва зараркунанда хашоратлар кўпайгани боис ҳосилларидан айрилишган ва бунинг натижасида кластерга катта миқдорда қарз бўлиб қолишган ва давлат олдидаги пахта етиштириш бўйича мажбуриятларини ҳам бажара олишмаган. Бу фермерлар 2019 йилда мавжуд қарздорликлар боис, қонунларга кўра, ўз ерларидан махрум бўлишлари мумкин.
Бундан ташқари, 2019 йил 9 январь куни Вазирлар Махкамасининг қишлоқ хўжалигига доир 14-қарорига кўра:
– пахта-ғаллачилик учун 2 минг АҚШ $ ;
– сабзавот, боғдорчилик, узумчилик учун 5 минг АҚШ $ миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритадиган тадбиркорларга мақсадли ишлатиш шарти билан сектор раҳбарининг (маҳаллий ҳокимлар, прокурор, ички ишлар ва солиқ инспекцияси бошлиқлари) тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратиб берилади, деб белгилаб қўйилди.
Худди шу қарорга мувофиқ, пахтачиликда самарадорликни ошириш мақсадида пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларнинг ер майдонлари камида 100 гектардан кам бўлмаслиги ҳам белгилаб қўйилган. Табиийки, жуда кўплаб саволлар туғилади: бундай ўзгаришларга фермер хўжаликлари тайёрми, шундоқ ҳам кунини аранг кўраётган пахтакор фермерларда давлат талаб қилаётган пахта етиштириш учун қарамоғларидаги ҳар бир гектар ерига 2 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя топа оладими ёки 20 гектар ерда ҳосил режасини аранг бажараётган фермерлар эндиликда 100 гектар ерни ҳам эплай оладими, каби саволлар кўп.
Фермерни қийнаётган муаммо:
Икром Қўлдошев, Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ туманидаги фермер ҳўжалиги раҳбари, 43 ёш.
– Икром бу йилги пахта ҳосили қандай бўлди? Сиз режани бажардингизми?
– Йўқ, мўлжалга озгина етмай қолди. Пахта мавсуми бу йил оғир келди. Сув муаммо бўлди, вақтида берилмади, етишмади. Сув охирги қулоқда бор эди, Охангарондан чиқиб келарди. 40 гектар майдонга пахта эккан эдим. Ҳосилдорлик бу йил ўтган йилга нисбатан кам бўлиб, 22-23 центнерни ташкил қилди. Бу кам. Аслида, ҳар гектардан 30-32 центнердан ҳосил кўтариш лозим. Балки, сув бўлганида 40 центнер ҳам бўлиши мумкин эди.
– Фермер пахтадан яхши ҳосил олиши учун давлат томонидан нималар қилиниши лозим?
– Пахта экишга мўлжалланган ерларни мутахассислар келиб ўрганиши керак. Бизнинг ер оғир, ҳеч ким келиб ерни ўрганмади, ерга баҳо бермади, имкониятини чамаламади. Нега бу ерга пахта экдинг, демади. Президент бундай майдонга пахта экманглар, фойдалироқ, сердаромад, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиринглар, деб айтган. Яъни, дуккакли экинларни назарда тутган. Хўжаликка тегишли экин майдони 114 гектар. 60 гектарига ғалла экиб, 45-50 центнердан ҳосил олдим. Ҳозир ерим кластерга ўтказиб юборилди. Ўша кластерда бригадир бўлиб ишлаяпман.
– Бу йил нима экасизлар, яна пахтами?
– Шу пахта ғалла яна дуккакли экинлар экамиз. Дуккакли экинлар яхши бўлади, 2 тоннагача ҳосил беради. Кластерда давлатнинг режасини бажариб, ортиқчасини ўз ихтиёримизда қолдиришимиз мумкин экан. Лекин қийин. Давлатнинг режаси 30–32 центнер. Бу кўп, бажариш қийин.
Янги чиққан қонунлар қишлоқ хўжалигида мавжуд бўлган “ўйин қоидаларини” тубдан ўзгартириб юборяпти. Кўплаб иқтисодий жиҳатдан ўта заиф, ишчиларига маош ўрнига ғўзапоя берадиган фермерлар янги шартларни қабул қила олмаслиги кундай равшан. Лекин шунга қарамай мамлакат ҳукумати белгиланган ислоҳотларни амалга оширишга қаттиқ бел боғлаган ва ёши бир жойга борган собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсуповни шу йили январь ойи охирида истеъфога чиқариб, унинг ўрнига 1979 йилда туғилган собиқ Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевни янги Қишлоқ хўжалиги вазири қилиб тайинлади. Ёш ва ғайратли янги вазир жон-жаҳти билан ҳукумат белгилаб қўйган ислоҳотлар дастурини амалга оширишини кутиш мумкин.
Йиллар давомида, пахтакор фермерлар пахта етиштириш бўйича давлат қўйган мажбуриятларни ўзлари фойда кўрмасаларда, бажариб келишди. Бунинг натижасида мамлакат энди-энди оёққа тураётган ва иқтисодий жиҳатдан ўта оғир бўлган 1990 йиллар ва 2000 йилларда фермерлар етиштирган пахтани сотиб, мамлакат учун зарур хорижий валюта тушумига эришди ва шу тушумларга таяниб мамлакатда барқарорликни сақлаб турди, қолаверса, саноатлаштириш ва бошқа дастурларни амалга оширди.
Лекин эндиликда, фермерлар кўтариб келган юкини енгиллаштириш ва уларнинг ҳам косаси оқаришини таъминлаш ўрнига уларга янада бажариш қийин шартлар қўйиляпти. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ижтимоий бўҳронларсиз ўтишини таъминлаш учун мамлакат раҳбарияти томонидан фермерларга ўз молиявий аҳволларини яхшилаб олиш учун ҳеч қандай “соғломлаштириш дастурлари” таклиф қилинмаяпти ва хатто фермерлар кўплаб янги қабул қилинаётган норматив ҳужжатлар билан танишиб чиқишига ҳам етарли вақт ажратилмаётгандек. Ҳаммаси жуда тез содир бўлаяпти.
Бундай ислоҳотлар ўтказиш охир-оқибат салбий ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин, мамлакатнинг энг асоссий бойликларидан бири – қишлоқ хўжалик ерлари, марҳум президент Ислом Каримов айтганидек “ернинг асл эгалари пахтакор фермерлар” қўлидан молиявий корпорациялар ва пулдор шахслар қўлига ўтиб кетиши мумкин.
Ислоҳот ислоҳот учун эмас, одамларга фойда келтириши кераклигини мамлакат раҳбарияти худди унутиб қўйгандек. Амалга ошириши кўзланган ислоҳотлар бу кетишда мамлакатга қандай фойда келтириши ҳозирча номаълум, лекин кўплаб меҳнаткаш оддий фермерлар учун ўта зарарли бўлиши борган сари аниқ кўрина бошлади.