UzAnalytics.com “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзолари билан суҳбатларни эътиборингизга ҳавола қилишда давом этади. Германиянинг Карлсруэ техника институти лойиҳа раҳбари Равшанжон Хўжанов қайта тикланувчи, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида изланишлар олиб бормоқда.
Равшанжон, бу галги форумда қандай мавзуда иштирок этдингиз?
– Мен “Ўзбекистон 2035” форумининг “Саноат” бўлимида, “Қайта тикланувчан энергия манбалари, хусусан, муқобил энергия турларидан фойдаланиш” йўналишида иштирок этдим.
Ўзингизнинг фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз?
– Мен Германиянинг турли шаҳарларида муқобил энергияни тадқиқ қилиш лойиҳаларида ишлаганман. Дрезден Техника университетида етти йил қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича изланишлар олиб бордим. Ҳозирда Карлсруэ Технология институтида чиқиндиларни қайта ишлаб, ундан табиий газ олиш билан шуғулланаяпман. Яъни, чиқиндилардан ҳосил бўлган маҳсулотлар ҳамда иссиқлик энергиясини саноат корхоналарига жорий қилиш масалаларини тадқиқ этяпман. Мазкур лойиҳа уч йилга мўлжалланган ва мен ушбу лойиҳада ҳам маъмурий, ҳам техникавий жиҳатдан раҳбар бўлиб ишлаяпман.
Германия бугунги кунда муқобил энергия турларидан самарали фойдаланиш бўйича дунёда етакчилардан саналади. Бу борада уларда жуда катта тажриба тўпланган. “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси сифатида сиз ҳам немис тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш бўйича ўз таклифларингизни бердингизми?
– Дарҳақиқат, таъкидлаб ўтганингиздек, Германия бугунги кунда энергетика соҳасида жуда ҳам илгарилаб кетган. Уларда табиий қазилма бойликлар – газ, нефть, кўмир конлари йўқ. Шу сабабли Германия янги концепция ишлаб чиқди. Яъни, анъанавий энергия манбаларидан ноанъанавий энергия манбаларига ўтиш концепциясини бундан 10-15 йил илгари жорий қилди. Немисчасига “Energo Wendum”, ўзбекчасига “Энергетик бурилиш” дейилади. Чунки, Германия асосан Россиянинг табиий энергоресурсларига қарам бўлиб қолган эди. Бундан чиқиш, энергия мустақиллигига эга бўлиш ҳар қандай мамлакат учун ҳам бирламчи вазифа. Куни кеча Президентимизнинг қайта тикланувчи энергия манбалари концепциясини яратиш бўйича қарори қабул қилинди. Ўша қарор асосида биз, яъни, ўзимизнинг табиий ёқилғиларимиз мавжуд бўлган Ўзбекистон энергетик бурилиш эмас, балки, бу соҳада энергетик инқилоб қилишимиз мумкин. Яъни, табиий бойликларимиздан тежаб-тергаб фойдаланган ҳолда муқобил энергияга қараб кетишимиз керак. Ва буни тадрижий равишда, йилма-йил, муайян режа асосида амалга ошириб боришимиз керак. Бугун мен чиқиндилар бўйича бир мутахассис билан гаплашдим. Тошкент шаҳрининг ўзида кунига 2 минг тонна чиқинди чиқарилар экан. Буни биз жуда катта бойлик, энергия манбаи сифатида кўришимиз мумкин. Ундан ҳосил бўладиган иссиқлик қувватидан уйларни иситишда, саноатда ишлатса бўлади.
Равшанжон, бугунги кунда муқобил энергиянинг ўзи билангина мақсадга эришиб бўлмайди. Менимча, мавжуд энергия воситаларининг тежамкорлиги даражасига ҳам эътибор қаратиш керакка ўхшайди. Бунга қандай қарайсиз?
– Биласизми, бу мавзуга ўтиш олдидан яна юқоридаги фикримга қайтсам. Масалан, Ўзбекистонда қишки мавсум бошланиши билан аҳоли қишлоқ жойларда электр энергиядан асосан иситиш воситаларида фойдаланади. Бу аслида танқис бўлган электр энергиясининг янада узилиш ҳолатига олиб келади. Бунинг асосий сабаби нимада? Чунки, биз уй қуришда табиий воситалардан самарали фойдаланишга уринмаганмиз. Деворлар энерготежамкор материаллардан қилинмаган, қуёш нурларининг тушиши инобатга олинмаган. Бугунги янги қурилаётган уйларда ҳам айни жиҳатларни эътиборга олиш керак. Қандай қурилса уй тез исийди, иссиқликни ўзида сақлаб туради, қуёш нурларидан фойдаланиш самарадорлиги – буларнинг барчаси мужассамлашган ҳолда замонавий қишлоқ архитектурасига кириши лозим. Керак бўлса, уйларни қабул қилиб оладиган экспертлар ҳам айни шу жиҳатларни эътиборга олсин. Энерготежамкор лампалардан фойдаланиш ҳам самарали восита саналади. Эътибор беринг, 33 миллион аҳоли босқичма-босқич энерготежамкор воситаларга ўтадиган бўлса, бу жуда катта ўсишга олиб келади.
Тақдим этган маърузангизда Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудлари, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, хусусан, Бекобод томонларда қуёш, шамол ёрдамида электр ишлаб чиқариш ҳақида гапирдингиз. Бугунги кунда бу Ўзбекистон учун қанчалик истиқболли ва бугун қандай амалий ишлар қилинмоқда?
– Биласизми, жавобни сал узоқроқдан бошласам. Мен ўзим Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳриданман. Бу ерда Ўрта Осиёда энг улкан – 3 ГгВт.лик Иссиқлик электр станцияси мавжуд. Унда катта миқдорда табиий газ ва мазут ёқилади. Мен шу ерда туғилдим, катта бўлдим. Унинг қандай ишлагани кўз олдимда намоён бўлиб туради. Бу билан нима демоқчиман, қишлоқ жойларда муқобил энергияни жорий этишда кўп нарсаларга диққат қилишимиз керак. Масалан, нафақат қишлоқларда қуёш панелларини ўрнатиш лозим, балки, йирик саноат корхоналарига яқин жойларда ҳам худди шундай қуёш электростанцияларини қуриш керак. Айтиб ўтганимдек, Ширин шаҳрига Бекободдан жуда кучли шамол эсади. Тасаввур қилинг, шу атрофларга биз шамол ва қуёш электрстанцияларини қурсак. Бекободда йирик саноат корхоналари бор ва уларни электр билан таъминлашга ёрдам беради бу! Шириндаги Иссиқлик Электростанциясида эса ёқилаётган табиий газ ва мазут тежалишига олиб келади. Яна бир муҳим жиҳатни айтаман, электр энергияси ишлаб чиқарилаётганда истеъмолчи билан орадаги масофа қисқа бўлиши керак. Агарда масофа қисқа бўлса, электр узатишдаги йўқотиш, яъни, исроф ҳажми камаяди. Қуёш панелларида йўқотиш 2 фоизни ташкил этади. Биз йирик саноат корхоналари ва ишлаб чиқарувчиларга қуёш панеллари ва шамол станцияларини яқин жойлаштирсак исроф ҳажми ўз-ўзидан камаяди. Ҳозир Ўзбекистонда электр энергиянинг қарийб 30 фоизи исроф бўлар экан, яъни, йўл-йўлакай йўқолиб кетади. Германияда бу бор-йўғи 5 фоизни ташкил қилади. Агар биз ана шу 30 фоизни маълум бир ускуналар, методлар, концепциялар ва биздаги мавжуд воситаларни ишга солган ҳолда 5 фоизга туширсак, мамлакатдаги мавжуд ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 15 фоизини иқтисод қилган бўламиз. Буни эса энергия танқис бўлган ҳудудларга етказиб берсак бўлади. Буни янаям соддароқ тушунтирадиган бўлсам, 2028 йилда қуриб фойдаланишга топширилиши кутилаётган Атом Электростанцияси мамлакат энергия тизимининг 15 фоизини ташкил этар экан. Биз ҳозирнинг ўзида қарийб иккита АЭСнинг қувватини исроф қиляпмиз!
Яна “Буюк келажак”ка қайтсак. Бутун дунёдаги ўзбек мутахассисларини жамлаган ушбу форумда ўз соҳангизда ҳам экспертлар етарли. Улар билан ҳамжиҳат бўлиб янги ғоялар устида ишлаяпсизларми?
– Тўғри айтингиз, бугунги кунда “Буюк келажак” экспертлари 300 га яқинлашиб қолди. АҚШ, Дания, Франциядаги муқобил энергия манбалари билан шуғулланувчи ҳамкасбларим билан ҳамфикр бўлиб ишлаяпмиз. Ўзаро ғоялар алмашиб, қайси ҳудудларда қандай воситаларни қўллаш, қайси соҳаларда булардан самарали фойдаланиш керак, деган масалаларда биргаликда ишлаяпмиз.
Яқинда Ўзбекистон Президентининг Германияга ташрифи амалга оширилди. Бу жараёнларни қандай кузатдингиз?
– Албатта, Германияда яшайдиган ўзбекистонлик учун бу жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Президентимиз дунёнинг кучли саккизлигидан ўрин олган мамлакатнинг етакчи корхоналари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Ўзбекистон равнақи учун тарихий ҳужжатлар имзоланди. Мени тўлқинлантирадиган нарса шундаки, Президентимиз айнан мен ишланиш олиб бораётган соҳаларга жуда кўп мурожаат қилади. Чиқишлари давомида менга тегишли бўлган гапларини шиор қилиб оламан. Масалан, “валютани ёқиб электр энергия ишлаб чиқаряпмиз” деган гаплари ёдимдан чиқмайди. Валюта бу – табиий газ. Мазкур ташриф шахсан мен учун ҳам унутилмас бўлди. Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида Президентимиз номидан дастурхон ташкил этилди ва у ерда “Ўзбекистон Республикаси Президенти” ёрлиғи туширилган мобиль телефон совға қилинди. Мен учун бу совға энг катта ютуқлардан саналади. Бу Германиядаги барча ўзбекистонликларни тўлқинлантирди. Жуда ижобий таъсир кўрсатди.
Форумнинг номидан келиб чиқсак, 2035 йилда Ўзбекистонни қандай тасаввур қиляпсиз?
– Яна ўзимнинг соҳамга қайтсам, 2035 йилга бориб муқобил энергия манбалари Ўзбекистон энергия тизимининг учдан бирига чиқиши керак. 30 фоиз қайта тикланувчи энергия манбалари, 15 фоиз АЭС бўлса, жами 45 фоиз мамлакат электр тизими муқобил энергияга ўтади. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 90 фоиз энергияси табиий ресурслар ҳисобига тўғри келади. Мен орзу қилганимдек, муқобил энергия воситаларини 2035 йилда 45 фоизга чиқарсак, бу мамлакатнинг тараққиётида улкан сакрашга олиб келади.
Равшанжон, умид қиламизки, бу режалар амалга ошади. Суҳбатингиз учун ташаккур.