Назарбоев Университети ва Джордж Вашингтон Университетининг Марказий Осиё Дастури томонидан нашр этилган “Евросиё ҳаракатда: Динамик миграция жараёнини ўрганишга фанлараро ёндашувлар” китобида Евросиё миграцияси оқимининг барча жиҳатлари муҳокама қилинади. Кересс Шенк (Назарбоев Университети. Nazarbayev University) китобнинг кириш қисмида қайд этишича, Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг эркин меҳнат зонаси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотининг визасиз режими туфайли Евросиё миграцияси дунёнинг энг эркин миграцияларидан бири деб баҳоланган.
Шу билан бир қаторда, Евросиё муҳожирлари Совет Иттифоқи давридан қолган рўйхатга олиш тартиб-қоидалари, Россия Федерациясига киришни тақиқлаш ва Тожикистон ҳамда Ўзбекистон муҳожирлари оқимини назорат қилиш каби турли чекловларга дуч келади. Ушбу китоб минтақада туғилиб ўсган ва чет элда таълим олган янги бир гуруҳ тадқиқотчи олимларнинг хусусий бўлимларидан ташкил топган. Масалан, Малика Баховадинова (Чехия Фанлар Академияси. Czech Academy of Sciences) ва Исак Скарбороу (Лондон Иқтисодиёт Мактаби. London School of Economics) Совет даври миграция дастурларининг пост-совет Евросиёдаги таъсирини ўрганиб чиқишган.
Уларнинг таъкидлашича, Тожикистондан Россияга катта миқдордаги меҳнат миграцияси Совет Иттифоқи ҳудудида меҳнат бозори эркинлигини кучайтиришга қаратилган, Совет даври сўнгги ўн йиллигида ташкил этилган тизимли ва мантиқли тузилмага асослангандир. Тожикистонда ҳаракатсизликни рағбатлантиришга ва пахта теримини тарғиб қилишга қаратилган Совет даври ривожланиш лойиҳаси туфайли, Тожикистон кўп йиллар мобайнида минтақадаги республикалар орасида кам урбанизациялашган мамлакатга айланди. Тожикистон ССРда ишчилар сони ошиб (1980 йилларнинг ўрталарида 200 мингга яқин), бу ишчиларни СССРнинг бошқа жойларида ишга йўналтиришга даъват этиш бошланганди. Тожикистон ССР “ортиқча ишчи” даврини бошдан кечираётган бир пайтда, РСФСР ва бошқа Европа давлатлари инсон кучи етишмовчилиги ҳолатини бошдан кечираётганди.
Қизиқарли жиҳати шундаки, меҳнат миграцияси Россия хусусий корхоналарига шартнома асосида ишлашдан РСФСРга доимий кўчиб келишгача ривожланган. Тожикистон давлат меҳнат қўмитаси, масалан, 1980 йиллар ўрталарида Тожикистон ишчиларининг Россиянинг Хабаровск ўлкаларига кўчиришга кўмаклашган. У ерда ишчиларнинг қишлоқ хўжалигида ишлаши тахмин қилинганди. Совет кафолат тизими барбод бўлиб, иқтисодий ҳавф авж олганда, тожик миграцияси ҳам ўзгарди.
Рустамжон Уринбоев (Лунд Университети. Lund University) эса Марказий Осиё мигрантлари орасида трансмиллийлик, ижтимоий тармоқ воситаларининг қўлланишининг Россиядаги муҳожирлар орасида трансмиллийлик ва ижтимоий ўзгаришга таъсирини ўрганади:
Уринбоев Россиянинг Москва шаҳри ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида олиб борган кенг миқёсли илмий тадқиқоти натижаларини тақдим этади. Унга кўра, алоқа технологиялари, масалан, смартфонлар ва ижтимоий тармоқ воситалари ўзбек мигрантларининг ўз уйлари, яқинлари билан алоқада бўлишга, шунингдек, Москвада доимий, телефонга асосланган, маҳалладош ёки ҳамқишлоқларини ўз ичига олган транлокал жамиятлар қуришига сабаб бўлган. Ушбу телефонга таянган трансмиллий муҳит муҳожирларга яшаш рўйхати, иш рухсатномаси, миллатчилик ва ижтимоий хавфсизлик муаммолари каби мусофирчиликнинг турли қийинчиликларини бошдан кечириб, уларни енгиб ўтишда кўмакчи хизматини ўтамоқда.
Ушбу муҳожирлар жамоалари ва тармоқлари улар учун муқобил мослашув тузилмаси бўлиб, уларни меҳнат, иш жойи, яшаш жойи ва жисмоний ва ижтимоий ҳавфсизлик каби оммавий хизматлар билан таъминлашга кўмаклашади. Бундай тармоқлар кўпинча ҳудудий жиҳатдан яқин, бир этник гуруҳга хос ёки қариндош жамоалар орасида тузилиб, миграция ва вақтинчалик яшаш шароитларига кўникишда “ички” тажрибалардан фойдаланишади. Шу сабабли, ўзбек мигрантларнинг трансмиллийлиги нафақат иқтисодий фаолият ёки маданий амалиёт, балки бу репрессив сиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий муҳитга қарши кураш стратегияси ва қаршилик кўрсатиш усулидир.
Фаррух Ирназаров (Марказий Осиё Тараққиёт Институти. Central Asian Development Institute) Россиянинг қайта кириш тақиқининг Марказий Осиёлик муҳожирларга таъсирини ўрганиб чиққан:
Унинг таъкидлашича, 2013 йилда Россия хукумати томонидан киритилган қайта рўйхатга киришни тақиқлаш қоидасига кўра, мигрантларнинг яшаш рўйхати ва яшаш жойи орасидаги фарқлар ёки кечиккан тўловлар каби майда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун мамлакатга қайта кириши тақиқланиши тайин бўлиб қолди. Натижада, уч йилдан беш йилгача бўлган муддатда, рўйхатга киритилган кўплаб меҳнат муҳожирларининг Россияга қайта кириши тақиқланган. Ҳозирда Россияда тўққизта давлат органлари мигрантларни қайта кириш тақиқи рўйхатига ўз қарорини тушунтирмасдан киритиб қўйиши мумкин. Мигрантларда ўз ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотлар етарли эмас ва шунинг учун бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун турли стратегияларни Россия ташқарисида туриб ўйлаб топишга ҳаракат қилишади.
Қайта кириш тақиқи депортациядан фарқ қилади, аммо кўплаб меҳнат мигрантлари буни фарқига бормай, улар депортация қилинган деган нотўғри тушунчага эга. Баъзилар эса бу ҳақда маълумотга эга ва шу сабабли, Россия ҳудудида қолишга қарор қилишади, баъзан эса Россия фуқаролигини олишга интилишади. Бошқалар эса мамлакатдан чиққандан сўнг қайтиб келиш имкониятини бой беришади. Чегарадан қайтиб келганлар учун кўпинча Қозоғистон муқобил маконига айланган.
Қайта кириш тақиқи Қирғизистон, Тожикистон ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари томонидан пул ўтказмалари миқдорини пасайишига олиб келди. Масалан, ўзбекистонлик мигрантлар пул жўнатувлари миқдори 2014 йилда 5653 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб бу рақам 2741млн. АҚШ долларига тушган.
Шоирахон Нурдинова (Анадолу Университети. Anadolu University) Туркиядаги ўзбек мигрантларига таъсир кўрсатаётган ижтимоий иқтисодий-омилларни ўрганади:
Ўзбекистонлик сайёҳларнинг Туркияга ташрифи сони 2007 йилда Анқаранинг визасиз режимни тадбиқ этганидан сўнг ортди. 2016 йилда Туркия Иммиграция Бошқармасининг 18,270 та Ўзбекистон фуқароларига яшаш рухсати бергани маълум бўлди. Шунингдек, айни йилда 1,648 та ноқонуний муҳожирлар қўлга олиниб, жаримага тортилгани, расмий рақамлар буларни ўз ичига олмаслигини тасдиқлайди. Ўзбекистонлик мигрантларнинг Туркияга келишига нафақат ижтимоий иқтисодий омиллар, балки маданий яқинлик ва уларнинг жамоавий тармоқлари мавжудлиги ҳам сабабдир.
Мигрантларнинг даромадлари турли мақсадларга йўналтирилган. Шулардан асосийлари бу: уй-жой қуришга (36.9%), таълим ҳаражатларига (16.9%), тадбиркорликка (15.4%), тўй маросимларига (7.7) ва автомобиль сотиб олишга (7.7%) ҳамда бошқа бир қатор жабҳаларга сарфлашга йўналтирилган.
Азизбек Абдурахимов (Миллий Тадқиқот Университети Олий Иқтисодиёт Мактаби, Москва. National Research University Higher School of Economics, Moscow) Марказий Осиёнинг айрим мамлакатлари мигрантлар пул жўнатмаларига таяниши сабабли эмиграция тузоғига илиниши масаласини тадқиқ қилади:
Унга кўра, миграция Қирғизистон иқтисоди учун ишсизлик ва қашшоқликни енгиб ўтишда муҳим омилдир ва умуман ишчи кучининг 27-30% ни мигрантларнинг улуши ташкил этади. Тожикистон минтақада энг камбағал давлат бўлиб, тожик мигрантларининг сони 2015 йилда 587,000 га етди. 1995 йилдан 2015 йилгача иқтисодий фаол аҳолининг 15-25% чет элда ишлаган ва уларнинг 77-80% Россияда меҳнат қилган. Ўзбекистон 32 миллионга яқин аҳолига ва юқори иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат. Шундай бўлса-да, ишсизлик, порахўрлик, заиф иқтисодий ва ҳуқуқий тузилмалар ҳамда банк тизим муаммоларига дуч келмоқда. 1990 йилдан 2015 йилга қадар, ўзбек мигрантларининг сони 1,4 миллиондан 2 миллионга ортди. Мигрантларнинг 60% Россияда ишлашади ва ўзбекистонлик мигрантлар Россия мигрант аҳолисининг 5-11% ни ташкил этади. Муаллифнинг таҳлили натижаларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиёти миграцияга етарлича боғлиқ, чунки уларнинг макроиқтисодий вазияти ўзаро чет пул ўтказмалари миқдори билан изоҳланади. Мисол учун, агар Россия иммиграция бўйича чекловлар жорий қилса, Қирғизистон ва Тожикистон макроиқтисодий кризисга учраши мумкин.
Жаҳонгир Қаҳҳоров (Гриффит Университети. Griffith University) пул ўзтказмалари Ўзбекистонда тадбиркорликка молиявий манба сифатида хизмат қилиши ҳақида мулоҳазалар билдиради. Бироқ, катта миқёсдаги тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, пул ўтказмаларини қабул қилувчи оилаларнинг фақат кичик қисмигина маблағни тадбиркорликка сарфлашади. Бунга бу оилаларнинг кичик миқдорда пул ўтказмалари қабул қилиши ва асосан уларни кундалик эҳтиёжларга сарфлашлари сабаб бўлиши мумкин. Пул ўтказмалари миқдори ошиши билан, оилаларда сармоя жалб қилиш истаги ортади. Шу аснода, пул ўтказмалари, агар банк кредити ёрдамида ёки пул ўтказмалари миқдори ортиши туфайли кўпайса, улар микро, кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналар учун муҳим инвестиция манбаи бўлиб хизмат қилиш салоҳиятига эга. Бундан ташқари, оилалар тадбиркорликка сармоя ажратишмасада, Ўзбекистоннинг молиявий тизими ушбу маблағдан фойда кўрмоқда. Пул ўтказмаларининг кичик қисми ҳатто хусусий корхоналар ривожи учун кўмакчи бўла оладиган банк кредитларига айланиши мумкин. Пул ўтказмаларининг ижобий самарасини ошириш учун сиёсатчи ва қонун яратувчилар микрокредит ва кичик бизнесни молиялаштириш учун банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқишлари зарур; мигрант оилаларининг маблағини микро, кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналар яратишга йўналтириш, мигрантларни тадбиркорликка ўргатиш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали.