Муаллиф: Савия Хасанова, Январь 22, 2019/
Профессионал кадрларни ривожлантириш (қайта тиклаш) масаласи собиқ иттифоқ мамлакатлари олдидаги долзарб муаммолардан биридир. Ушбу давлатларда сўнгги ўн йилликда меҳнат бозоридан орқада қолган, ўз навбатида иқтисодий ривожланишдаги таркибий нуқсонлардан азият чеккан таълим тизимидаги камчиликлар қатор тармоқларда депрофессионализацияга олиб келди. 2014 йилда Жаҳон банки “Ўзбекистонда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш учун профессионал қобилиятларни ривожлантириш” тадқиқотини ўтказди. Тадқиқот натижалари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Унда кўп йилик лойиҳанинг натижалари тақдим этилган бўлиб, маъруза Ўзбекистон меҳнат бозоридаги текширувларга ва малакали ишчиларнинг таҳлилига асосланган. Ўзбекистонда муаллифлар респондентлар билан тест ва суҳбат ўтказиш орқали ишчиларнинг когнитив ва нокогнитив қобилиятлари (ҳам расмий, ҳам норасмий секторда), иш қидираётган ва ишлай олмаётган инсонларнинг маҳоратларини баҳолаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Маърузанинг асосий хулосаси шундан иборатки, гарчи прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб банд аҳолининг сони 3.9 млн. нафар кишига кўпайиб, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари орасида ишчи кучининг кўплиги бўйича бешинчи ўринга (Россия, Туркия, Украина ва Польшадан сўнг) чиқиб олсада, ходимлар малакасига оид камчиликлар мамлакат меҳнат бозоридаги бандлик кўрсатгичларини пасайтирмоқда. Иш ўринлари сони ва ойлик маошларнинг ошишига қарамасдан мамлакатда ходимларнинг касбий кўникмалари ва қобилиятлари етишмаслиги сақланиб қолмоқда.
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши мамлакат экспанионистик сиёсати (умумий эҳтиёжларни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва ҳукумат сарф-ҳаражатлари) ҳисобига экспорт ва ички талабнинг ошиши ҳамда пул ўтказмаларининг сезиларли даражада кўпайиши орқали таъминланган. Ўзбекистон йилига қарийб 8% иқтисодий ўсиш кўрсатгичлари суръатига эришиб, нафақат Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари, балки шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти мамлакатлари кўрсатгичларидан ҳам ўзиб кетди. Бунинг устига, Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатига қарамай, иш ўринларини яратиш суръати ҳам расмий, ҳам норасмий секторларда аҳоли кўпайиши сонидан ҳам ошиб кетди.
Бошқа мамлакатлар билан таққослаганда Ўзбекистонда иккита ўзига хосликни кўрсатиш мумкин: хотин-қизлар иштироки анча кам бўлган иш ўринларининг бир хил тақсимланмагани ва ёшларнинг иш топишга бўлган умидининг йўқолгани. Ушбу омиллар ишлашга тайёр бўла туриб, меҳнат бозорини тарк этаётган инсонларга таъсир кўрсатмоқда. Чунки улар ўз юртларида ишга жойлашиш имкониятлари борлигини сезмайдилар.
Навқирон авлод салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилса, мамлакат иқтисодий ўсишнинг барча афзалликларидан фойдаланиш имконига эга бўларди. Бироқ максимал даражада фойда олиш учун Ўзбекистон ўзининг малакасиз катта ёшли ишчиларини малакали ёшлар билан алмаштириши муҳим аҳамият касб этади. Бу Ўзбекистон иқтисодиётини аҳоли жон бошига ўрта даражадан юқори бўлган даромадли мамлакатлар мавқеига кўтариши мумкин.
Ўзбекистон меҳнат бозори сезиларли ўзгаришларни бошдан кечирди
1990 йиллар ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон саноатлаштириш йўлидан қадам ташлай бошлади ва қишлоқ хўжалигига қарамликни камайтиришга ҳаракат қилди. Масалан, Ўзбекистондаги тадбиркорлар орасида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари эмас, айнан хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрокорхоналар устунлик қилади. Айни дамда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг аксарияти – оила аъзолари таркибидаги ҳақ тўланмайдиган ходимларидир.
Қишлоқ хўжалигида бандликнинг устунлик қилиши сиёсатидан чекиниш меҳнат унумдорлигини ислоҳ қилишнинг муҳим қисми бўлди. Ҳа тўғри, Ўзбекистонда меҳнат унумдорлиги бошқа мамлакатларга нисбатан анча паст, аммо у сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада ўсган. 2000-2011 йиллар мобайнида Ўзбекистонда бир нафар ходимга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилига 4% дан кўпроққа ошган ва бу ўсиш Бразилия, Чили, Польша, Жанубий Африка ва Туркиядагидан юқори бўлган. Ўзбекистонда 2004 йилдан буён меҳнат унумдорлигининг ошиши меҳнат сифатининг юқорилиги, янада самарали капитал ҳамда алоқа, транспорт ва саноат каби айрим унумли секторларга ресурсларни қайта тақсимлашда ифодаланади.
Шу билан бирга Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳанузгача кучли асимметриялар мавжуд
Хотин-қизларнинг иқтисодий иштироки камлигича қолмоқда, бу эса, уларнинг ресурс салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга имкон бермаяпти. Ҳанузгача аёллар ўз ҳаётларининг аксарият қисмини бола ва\ёки қариялар парвариши билан боғлиқ ҳақ тўланмайдиган ишга сарфлашмоқда.
Бандлик даражаси бўйича Ўзбекистон аёллари ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти мамлакатларида яшовчи аёллар ўртасидаги фарқ 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган хотин-қизлар учун қарийб 20% ва 55 ёшдан 59 ёшгача бўлган аёллар учун 42% ни ташкил этади. Агарда Ўзбекистон хотин-қизларининг ўртача бандлик даражаси Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти хотин-қизларининг ўртача бандлик даражасига мос келганида, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида 1 миллион нафардан ортиқ аёллар иштирок этган бўларди.
Аҳолининг каттагина қисми иш топишдан умидсизликка тушганидан расман ишсиз. Айниқса ёш авлод вакиллари меҳнат бозорида рағбатлар йўқлигидан жуда азият чекадилар – 20-24 ёшдаги кишиларнинг тахминан ўн нафаридан биттаси иш топа олишига ишонмагани туфайли ҳам иш қидирмайди. Таққослаш учун, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти мамлакатларида 2012 йилда 24 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида иш тополмасликдан умидсизликка тушган ёшлар бир фоиздан камроқни ташкил этган. 55-59 ёшдаги эркаклар ҳам меҳнат бозорида қўллаб-қувватланмаслик юксак даражада эканини билдиришмоқда. Аёлларда бундай фикр йўқ. Бу эҳтимол, 55 ёшдан катта аёллар вақтининг аксарият қисмини набиралар ёки бошқа қариндошларга қарашга сарфлагани учун ҳам шундайдир.
Ўзбекистон аҳолисининг меҳнатга лаёқатли эркакларининг ҳар беш нафардан биттаси халқаро мигрант ҳисобланади, ёшлар ўртасида эса халқаро миграция даражаси янада юқори. 20 ёшдан 24 ёшгача бўлган эркакларнинг уч нафардан биттаси мигрант. Халқаро миграциядан фарқли ўлароқ, ички миграция даражаси жуда паст бўлиб, бу мамлакат ичидаги меҳнат тақсимоти номақбул бўлиши мумкин, деб тахмин қилиш имконини беради.
Норасмий секторда Ўзбекистондаги барча ходимларнинг ярмидан кўпроғи меҳнат қилади ва бу ишчиларнинг экплуатация ва иқтисодий ночорликдан ҳимояланганлиги бўйича жиддий ташвишланишга асос бўла олади. Маърузада меҳнат шартномасига эга бўлмаган ёки оила аъзоларидан иборат ҳақ тўланмайдиган ходимлар норасмий секторга киритилган. Шу билан мазкур секторда эркаклар, қишлоқ аҳолиси ва паст таълим даражасига эга шахслар кўрсатилган. Масалан қишлоқ хўжалигида барча ходимларнинг қарийб 80 фоизи норасмий секторда меҳнат қилади. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда жами 54% ишчи норасмий сектора меҳнат қилади.
Шу тариқа, баъзи ижобий тенденцияларга қарамай, меҳнат бозори ҳолатига таъсир қилувчи муаммолар кўплигича қолмоқда. Меҳнат бозорида иш ўринларининг нотекис тақсимоти, ёшлар ўртасидаги пессимизм, иқтисодий иштирокда аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқ – буларнинг барчаси мамлакатдаги меҳнат ресурслари салоҳиятидан тўла фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.
Иш берувчилар когнитив ва нокогнитив қобилиятларга эга бўлган ходимларни қидиришади
Юқорида санаб ўтилган муаммолардан ташқари, Ўзбекистондаги ходимларнинг ярмидан кўпроғи норасмий секторда меҳнат қилиши ва ишчилар вазифаларни қайта-қайта бажарганидан, уларнинг аскарияти ишда жуда кам ҳолларда бирон бир янги нарсани ўрганишини ҳисобга олганда, иш сифати ҳам жиддий ташвишланарли. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон иш берувчилари ходимларнинг тавсифномалари ва таълим даражасидан ташқари, бошқа омиллар (хусусан, таълим даражаси) ўзгармас ҳолатидалигича қолса, когнитив ва нокогнитив қобилиятларга эга ходимларни қидиришади.
Когнитив қобилиятлар мантиқий, интуитив ва танқидий фикрлаш ҳамда вазифаларни ҳал эта олиш, оғзаки нутқни ишлата билиш, саноқ саводхонигини қўллашни ифодалайди. Ижтимоий ва хулқий қобилиятлар, жумладан киришимлик, ҳалоллик, янги тажриба ўрганишга очиқлик, мулоқотда ёқимли бўлишлик ва ҳиссий барқарорлик меҳнат бозорида муҳим ҳисобланган шахсий хусусиятлардир. Тадқиқот жараёнида учта когнитив қобилиятлар хотира, саводхонлик ва саноқ саводхонлиги текшириб кўрилди. Муаллифлар ушбу когнитив қобилиятларни рақамлар кетма-кетлигини эслаб қолиш ва ўқиб эшиттирилган матндан сўнг саволларга жавоб бериш бўйича турли топшириқларни ҳал этиш асосида баҳолашди. Шунингдек, тадқиқотда яна бешта нокогнитив қобилиятлар: очиқлиқ, ишга муносабат, қарорлар қабул қилиш, мақсадга интилиш ва ривожланишга йўналганлик даражаси ҳам текширилди. Бу қобилиятлар асосан сўров ўтказиш ёрдамида баҳоланди.
Маърузада қайд этилишича, юқори малакали ишчилар ўртасида ишга жойлашиш имкониятининг юқорилиги ва ойлик маош ставкасининг катталиги ходимларнинг ўз иш жойларида айнан когнитив ва нокогнитив қобилиятларни қўллаши билан белгиланади. Бироқ, малакали ишчилар ишга жойлашиш даражасининг нисбатан юқорилиги ва ойлик маоши ставкасининг катталигига қарамай, Ўзбекистонда касбий билимлар етишмаслиги сақланиб қолмоқда. Масалан, 2013 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, саноат корхоналари керакли малакага эга бўлган ишчи топишга қийналишган, респондентларнинг қарийб ярми олий маълумотли малакали мутахассисларнинг етарлича эмаслигини билдиришган.
Айнан шу боис, иш берувчилар кўпинча когнитив ва нокогнитив кўникмалар симбиозидан фойда олишга интиладилар.
Меҳнатда банд бўлган аҳоли юқори даражада когнитив қобилиятларга эга
Маърузада айтилишича, меҳнат қилувчи аҳолида ишламайдиган аҳолига қараганда хотира, ҳисоб бўйича саводхонлик кўрсатгичлари яхши натижаларни кўрсатади. Ишлайдиган ва ишламайдиганлар ўртасидаги катта фарқ асосан хотирада кузатилган. Одамларнинг иш топишдан умидсизликка тушишидаги камчиликлари нима учун уларнинг қийинчиликларга дуч келишини қисман айтиб бериши мумкин. Тўғри, касбий қобилиятларнинг етишмаслиги ўз-ўзидан иш қидиришда мотивациянинг йўқлигини билдиради. Одамлар турли сабабларга кўра ишсиз бўлиб қоладилар: паст минимал иш ҳақи, иш ўринларига эга бўлиш учун зарур ҳаракатчанлик ва алоқаларнинг йўқлиги ёки ортиқча умид қилиш туфайли. Эътиборли жиҳати иш топишдан умидсизликка тушганлар ўртасида айниқса малаканинг пастлиги яққол сезилади, чунки бундай тоифадаги инсонларда ёшлар кўпчиилкни ташкил этади.
Когнитив ва нокогнитив қобилиятлар давлат секторида меҳнат қиладиган ходимлар ўртасида жуда яхши ривожланган. Маърузада билдирилишича, давлат хизмати ва давлат корхоналари когнитив ва нокогнитив қобилиятларга эга юқори малакали ходимларни жалб қилади. Шунингдек, тадбиркорлар ҳам юқори даражада когнитив қобилиятларга эга бўлади, бироқ ушбу қобилиятларнинг қарор қабул қилишдан ташқари ҳеч бири бўйича юқори баҳо ололмайдилар. Расмий секторда меҳнат қиладиганларда эслаб қолиш кўникмалари жуда баланд. Аммо когнитив ва нокогнитив қобилиятлари норасмий сектор вакиллариникидан унча фарқ қилмайди. Бу жуда қизиқ, чунки расмий ва норасмий секторда ишлаш учун ҳам ҳар икки қобилият бирдек муҳим саналади.
Одатда ёшлар катта ёшдагиларга қараганда энг яхши когнитив қобилиятларга эга бўладилар. Ишлайдиганлар ишламайдиганларга қараганда саводхонликдан ташқари юқори когнитив қобилиятларга ҳам эгалар. Бу ёшлар ва катталар когортасига нисбатан адолатли. Худди шундай, нокогнитив қобилиятларнинг қўплиги бўйича меҳнат қиладиган ёшлар ва катталарга бериладиган баҳо ҳам, ишламайдиганларникида юқори. Меҳнат қиладиган ёшларда очиқ ва мақсадга интилувчанлик намоён бўлади, бу нарса бошқа мамлакатларда ҳам кузатилади. Ишламайдиган ёшлар барча нокогнитив қобилиятлар бўйича ишга бўлган муносбатдан ташқари энг паст баҳоларни олганлар.
Ўзбекистонда когнитив қобилиятлари анча ривожланганлар бу кўникмаларидан ишда доимо фойдаланадилар ва жисмоний меҳнат билан шуғулланмасликлари ҳам мумкин. Хотин-қизлар ва қишлоқ аҳолисининг нокогнитив қобилиятларига берилган юқори баҳо ушбу кўникмаларнинг иш жараёнида тез-тез қўлланилишини билдиради. Аёллар учун очиқлик\киришимлилик ижобий ва статистик жиҳатдан аҳамиятли бўлса, эркаклар учун ишга бўлган муносабат ижобий ва аҳамиятлидир. Айни пайтда маъруза муаллифлари нима учун аёллар ва эркаклар ўртасида бундай фарқ кузатилаётганлиги тўғрисида алоҳида тадқиқот ўтказиш кераклигини қайд этадилар.
Шу тариқа, маърузада когнитив ва нокогнитив қобилиятлар Ўзбекистондаги бандик кўрсатгичлари билан ўзаро боғлиқдир, деб маълум қилинилади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, муайян когнитив ва нокогнитив қобилиятларга эга бўлишлик иш топиш эҳтимолининг юқорилиги билан боғлиқ. Айни пайтда, когнитив қобилятларга кирадиган хотира ва нокогнитив қобилиятларга тааллуқли бўлган қарор қабул қилиш инсоннинг ишли бўлиши эҳтимоли ижобий ва маълум даражада билан боғлиқ.
Бундан ташқари, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бандлик эҳтимоли инсоннинг когнитив ва нокогнитив қобилиятларига маълум даражада таъсир кўрсатади. Иқтиодиёт ривожланиб, таркибий ўзгаришлар юз бериши билан Ўзбекистондаги иш ўринлари ҳам ўз жойини анъанавий тармоқлар, масалан қишлоқ хўжалиги замонавий ва технологик секторлар – хизмат кўрсатиш, алоқа, саноат каби тармоқларга ўзгартирмоқда. Тадқиқот натижалари саноқ саводхонлиги ва қарорлар қабул қилиш “замонавий сектор”да бандликни таъминловчи муҳим омиллардан эканини кўрсатди (қишлоқ хўжалигидаги ишдан ёки ишсизликдан ташқари).
“Бандлик кўрсатгичларини белгилашда мактабгача таълимнинг улуши юқори”
Маъруза якунида муаллифларнинг қайд этишича, сўнгги ўтказилган тадқиқотлар самарали бандлик учун зарур бўлган қобилиятларни ривожлантириш учун эрта ёшданоқ мустаҳкам когнитив ва нокогнитив қобилиятларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Тадқиқот натижалари ҳам расмий, ҳам норасмий секторда банд бўлганлар учун бирдек статистик аҳамиятга эгадир, яъни мактабгача таълим келгусида болаларнинг меҳнат фаолияти учун юқори меҳнат унумдорлигига хизмат қиладиган когнитив ва нокогнитив қобилиятларнинг ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон умумий таълимдан фойдаланиш бўйича катта ютуларга эришди, бироқ болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси (худди олий таълим билан қамраб олиш каби) анча паст. Муаллифлар ушбу вазифаларни ҳал этиш мақсадида таълим тизимида қатор ислоҳотлар ўтказишни, жумладан мактабгача таълимни дастурлар билан қамраб олишни янада кенгайтириш, ўқув дастурларини модернизация қилиш ва ўқитиш сифатини яхшилашни, меҳнат бозорида талаб этиладиган касбий қобилиятларни шакллантиришни, сифатли олий таълимдан фойдаланишни кенгайтиришни, меҳнат бозорида самарадорликни ошоиришни таклиф этишмоқда.