Катта йўл бошида
Паррандалар нафақат гўшти, тухуми балки пати учун ҳам боқилади. Бугунги кунда паррандачилик истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш экани тан олинади. Бунинг сабаблардан бири паррандаларни сақлаш учун иншоатларнинг оддий бўлишидир. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида паррандачиликка катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига ҳисса қўшади.
Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, паррандачиликни ривожлантиришни устувор вазифалари белгиланди. Хусусан, эндиликда хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиб барча ҳудудда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний маҳсулот тайёрлаш ва уни истеъмолчига етказишни қамраб олган паррандачилик кластерлари ташкил этилади (2019 йилда 13 та). Бунда инновацион технологиялар кенг татбиқ этилади
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши 50 миллион АҚШ доллари миқдорида оширилиб, ушбу маблағлар паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар ажратиш учун йўналтирилиши қарорда белгилаб қўйилди. Шунингдек, парранда хўжаликларига хизмат кўрсатувчи замонавий илмий-диагностика лаборатория маркази ташкил этилади. Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида паррандачиликка оид кўргазмалар ўтказилади.
Инвесторларга имконият
Ўзбекистон ҳар соҳада бўлгани каби паррандачиликни ҳам хориж кўмаги билан ривожлантиришга бел боғлаган. Исроилнинг Levia Group компанияси Андижон вилоятида йирик паррандачилик фабрикасини барпо этадиган бўлди. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 14 тонна бройлер гўштига тенг. Қўшма корхона қурилишнинг дастлабки қиймати 46 млн. долларни ташкил қилади.
Яна бир ҳамкор Туркиядан топилди. Мамлакатнинг ҳамкорлик ва координация агентлиги (TIKA) ҳам Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантиришга кўмаклашадиган бўлди. “Паррандасаноат” уюшмаси мутасаддилари хорижлик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантириш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ва аҳоли хонадонларида касаначилик усулида паррандачилик маҳсулотларини етиштириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, паррандачилик маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашиш ва айниқса паррандачилик маҳсулотларида ўзбек брендини яратишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Маълумот учун айтиш керакки, ТIKA томонидан шу кунгача Ўзбекистонда 23,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 700 та лойиҳа молиялаштирилган.
Жўжалар келтираётган даромад
Ака-ука Исломжон ва Азизбек Рўзибоевлар Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида истиқомат қилишади. 3 йил аввал хонадонида 2 минг бош жўжа билан оилавий бизнесни бошлаб юборишган эди. 10 сотихли уйининг орқа томонидан бино қуришиб, унда махсус сим катакларда товуқларни парваришлашмоқда.
– Жўжаларни Асака шаҳридан олиб келдик. Ишни ташкил қилишимизга, бинони таъмирлаш ва мослаштиришга аввалига банкдан 40 миллион сўм кетди, – дейди Исломжон Рўзибоев. – Илгари “Дамас”да кира қилардик. Оилада 12 жонмиз. Кун ўтказишимиз қийин бўлди. Шундан кейин паррандачиликка бор кучимиз ва ғайратимизни бердик. 2 минг бош товуқ кунига 1600 та тухум берди, 400 сўмдан сотдик. Ҳозир оиламизга кунига 100 минг сўм фойда қолади. Байрам кунлари тухумга талаб ортиб, нархи кўтарилса, 200 минг сўмгача нақд даромад оламиз. Ўзимиздан ташқари маҳалладаги 2 та кам таъминланган оила вакилини ҳам ишга олганмиз, ойига 600 минг сўмдан иш ҳақи берамиз. Улар ҳозир “кам таъминланган” деган тоифадан чиқиб, ўзларини тутиб кетишди. Икки йил ичида 40 миллион сўмдан даромад олдик. Рўзғоримизни бутлаб, уй-жойимизни тўғриладик. Фойда билан зарар бир хуржуннинг кўзида, лекин ҳалол меҳнат қилинса ва ташвишидан қочмаса, паррандадан зарар кўриш эҳтимоли камроқ бўлади.
Фаррух Ризаев ҳам паррандачилик билан шуғулланиб келаётган ёш тадбиркорлардан. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида фаолият юритаётган тадбиркор Тошкент молия институтининг бухгалтерия факультетини тамомлаб, дастлабки ишини 300 та жўжа боқишдан бошлади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгач, фаолиятини янада кенгайтириб, паррандалари сонини 1000 тага етказди.
– Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан ўтказилган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасининг республика босқичида ғолиб бўлиб, 65 миллион сўмлик имтиёзли кредитга эга бўлдим, – дейди Фаррух Ризаев. – Бу менга янада кенг имкониятлар эшигини очди. Ҳозирги кунда 4 нафар ишчим билан биргаликда 5 минг парранда боқиб, аҳолимиз эҳтиёжига кўра, паррандачилик маҳсулотларини беминнат етказиб беряпмиз. Келажакда ЯТТни фермер хўжалигига айлантириб, маҳсулотимизни хорижга экспорт қилиш ҳамда помидор етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш ниятидаман.
Айни пайтда ёш тадбиркорнинг даромади ойига ўртача 50-70 миллион сўмни ташкил этяпти.
Мақсадсиз кредитлар
Яқинда kun.uz сайтида ушбу мавзуда долзарб бўлган бир мақола эълон қилинди. Унда Президентнинг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятида амалга оширилган ишлар танқид остига олинди. Маълум бўлишича, қарор асосида Андижон вилоятига жами 231 млрд. сўмлик ресурс маблағи ажратилиши назарда тутилган. Шундан, 176,5 млрд. сўмлик кредит маблағи «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича вилоятдаги 14 та тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга 147,3 млрд. сўм, юридик шахсларга 29,2 млрд. сўм кредит маблағи ажратилган.
Кредит ҳар бир фуқарога ЭКИҲ 150 бараваригача миқдорида (27,6 млн. сўмгача), 7 фоизлик устама тўлаш шарти билан таъминотсиз, 3 йил муддатгача берилиши назарда тутилган. Тарқатилган 176,5 млрд. сўм маблағдан паррандачиликка 3,3 млрд. сўм, балиқчиликка 3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Ишчи гуруҳ томонидан кредитларнинг мақсадли сарфланиши жойига чиқилган ҳолда ўрганилганда, жуда катта кредит маблағлари мақсадсиз сарфлангани аниқланган. Хусусан, мақсадсиз сарфланган маблағларнинг 2,7 млрд. сўми паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келган.
Ёки яна бир мисаол. 2018 йилнинг октябрь ойида Навоий вилояти Хатирчи туманида истиқомат қилувчи О.Т. га нисбатан қўзғатилган иш бўйича суд йиғилиши бўлиб ўтди. Судга даъво киритган юридик шахс – туман банкларидан бири. Гап шундаки, у паррандачилик билан шуғулланиш мақсадида ариза ёзиб, банкдан 7 миллион сўм имтиёзли кредит олади. Сўнг маблағни бошқа мақсадларга, яъни хонадонига маиший техника сотиб олишга сарфлаб юборади. Банкнинг кредитни қайтариш талабини рад этади.
– Бундай холатлар учраб турибди, – дейди банк мутахассиси Т.Тошбоев. – Кредит олгунча бизни ва бошқа мутасадди идораларни айнан паррандачилик билан шуғулланишга ишонтириб, сўнг маблағларни мақсадсиз сарфлаб юбораётган фуқаролар учун жазо турини кучайтириш лозим. Акс ҳолда бундай кўнгилсизликларни камайтириб бўлмайди.
Тарих
Хонадонларда товуқ, ўрдак ва ғоз боқиш Осиё ва Европада бир неча минг йиллардан бери аньанга бўлиб келган. Курка илк бор Америкада хонакилаштирилиб, кейинчалик Европага олиб келингани айтилади. “Кўхна қитьа”да товуқ ва бошқа паррандаларни боқиш XVIII аср сўнггида Франция, Голландия ва Англияда йўлга қўйилган.
Паррандачиликда гўшт етиштириш борасида товуқчилик ва куркачилик олдинги ўринларда туради. Бу борада етиштирилган парранда гўштининг учдан бир қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади. АҚШда паррандачилик кичик фермер хўжаликларида товуқ боқиш билан бошланган. Товуқчиликка 1880 йилда асос солинган бўлишига қарамай, 1950 йилга қадар гўшт ва тухум етиштириш кенг қамровли соҳа сифатида кўрилмаган. “Океан орти мамлакати”да 1940 йили 143 миллион жўжа бўлган бўлса, соҳага қаратилган эьтибор туфайли 1950 йилга келиб жўжалар сони 631 миллионга етди. 1960 йилда жўжалар сони бир миллиарддан ошиб кетди. 1996 йилда америкалик фермерлар 7 миллиарддан ортиқ бройлер жўжаларини етказиб берди. Айни дамда Америкада парранда боқиш ўзига хос моддага айланган. Ҳар бир хусусий хонадоннинг паррранда боқишга мослашган ўзига хос товуқхоналари бор.
Бугун дунё миқёсида…
Жаҳонда гўшт махсулотлари орасида етиштириш ва истеъмоли бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда туради. Истеъмол қилинаётган гўштнинг 34 фоизи парранда гўшти хиссасига тўғри келади. АҚШда эса парранда гўшти истеъмоли ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб биринчи ўринга чиқиб олди. Экспертларнинг фикрича, 2020 йилга бориб жаҳонда парранда гўшти биринчи ўринга чиқиб олади. Шу сабабли ҳам парранда гўштининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Паррандачилик бўйича бугунги кунда Хитой, АҚШ, Япония ва Россия олдинги ўринларни эгаллаб турибди. Айни дамда жаҳонда 1 триллион 360 мингта тухум, 296 миллион тонна парранда гўшти етиштирилади. Бу борада ҳиссаси 40 фоизни ташкил қилган Хитой биринчи ўринда турса, иккинчи ўрин АҚШга насиб қилган. Ўтган асрнинг 90-йилларида “осмон ости мамлакати” тўртинчи ўринни эгаллаб турарди, мамлакатда ўтказилган кенг қамровли ислоҳатлар туфайли биринчи ўринга чиқиб олди. Бундай самарага эришиш йўлида паррандачилик ривожи учун махсус гуруҳлар ташкил этилди. Бу гуруҳлар соҳадаги барча муаммоларни аниқлаб, уларни белгиланган вақтда ҳал қилди. Хитойда ўтказилган ислоҳатлар туфайли паррандачилик ривожланди. Сўнгги 30 йил мобайнида паррандачилик тараққий этгани боис миллий иқтисод юқори кўрсаткичларга эришди. Аҳоли иш билан таъминланди. Қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланди, даромадлари кўпайди.
Товуқдан бошқа паррандалар
Тошкент аграр университети доценти Б.Бадалов паррандачилик соҳаси билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келади.
– Паррандачиликда товуқчилик биринчи ўринда турса, иккинчи ўрин ғозчиликка берилган. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Товуқни ҳар қандай шароитда боқиш мумкин. Ғоз эса мавсумга қараб боқилади. Бунинг учун албатта сув хавзалари керак бўлади. Ғозлар вафодорлиги билан ажралиб туради. Тарихдан маълумки, ғозлар Римни қутқарган. Қўриқчиликда ғозлар итлардан асло қолишмайди. Уйингизга бегона одам кирса, албатта “ғағ-ғағ”лаб овоз чиқаришади. Ғозлар асосан гўшти учун боқилади. Арзон ва шу билан бирга сифатли ғоз гўшти даво экани айтилади.
Ғозлар билан бирга ўрдакларга қизиқувчилар ҳам бор. Курка ҳам йил сайин оммалашиб бормоқда. Унинг гўшти парҳез экани маълум. Курка махсулотлари етиштириш бўйича АҚШ биринчи ўринда туради. Ундан кейинги ўринлар Франция, Италия, Буюк Британия ва Германияга насиб қилган. Куркаларни ёпиқ иншоатларда боқиб бўлмайди. Товуқлардан фарқли равишда улар очиқ ҳавони яхши кўради. Паррандачиликда куркалар ҳовли кўрки сифатида кўрилади.
Халқимиз бедана гўшти ва тухумини севиб истеъмол қилади. Сўнгги йиллада нафақат юртимизда, балки бутун дунёда беданачиликка ҳам катта эътибор қартилмоқда. Масалан, Японияда 200 йилдан бери беданаларни кўпайтириш йўлга қўйилган. Мутахассисларнинг фикрича, беданаларни кўпайтиришга сарфланган ҳаражатлар кўп ўтмай ўзини оқлайди. Беданалар қуёнларга қараганда уч баробар тез кўпаяр экан. Бедана тухуми кичик бўлишига қарамай, айни дамда сотилиши бўйича товуқ тухуми билан рақобатлашга олиш даражасига етиб келди. Ҳар куни битта бедана тухумини истеъмол қилган кишининг иммунитети мустаҳкам бўлиши аниқланган. Унинг тухумидан бир қатор касалликларни даволашда фойдаланилади. Бедана тухумини узоқ вақт сақлаш мумкин. Бироқ тухум берувчи бедананинг ўзини бир йилдан ортиқ сақлаб бўлмайди. Шунинг учун тухум берувчи беданаларни тез-тез алмаштириб туриш керак. Бедананинг гўшти фойдали экани маълум.
Матбуотимизда айрим туманларда туяқушлар боқилаётгани хақида ўқиб қоламиз. Мамлакатимизда туяқушчилик мустақиллик йилларида йўлга қўйилди. Ватани Африка бўлишига қарамай туяқушлар Ўзбекистон иқлимига ўрганиб қолди ва кўплаб ишқибозлар ортирди. Айни дамда туяқушлар тухумига қизиқиш ортиб бормоқда. Мамлакатимизда Қора Африка страуслари боқилмоқда. Парранданинг бу тури 50 йил яшайди. Камида 30-35 йил тухум беради. Страуслар жуда ҳам меҳрибон ва қизиқувчан бўлиб ўз эгаларига тез ўрганади. Туяқуш фермасига эга бўлганлар нафақат гўшти ва тухумидан фойда кўришлари, балки қизиқувчиларни страусларни кўрсатиш мақсадида экскурсия уюштиришлари ҳам мумкин. Туяқушнинг битта тухумидан тайёрланган қуймоқни 8-10 киши истеъмол қилиши мумкин.
Соҳанинг эртаси…
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг февраль ойида Қамаши туманида ташкил этилиши мўлжалланган саноат усулида курка боқиш лойиҳаси билан танишиб, ўз кўрсатмаларини берган эди. “Азза парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи хориждан зотдор куркаларни келтириб, маҳаллий шароитда кўпайтиришга қаратилган.
– Гўшт йўналишидаги курка зотларини боқишни, улардан йилига 100 донага яқин тухум олишни мўлжаллаганмиз, – дейди жамият раиси Аъзамжон Зоҳидов. – Масалан, дунёнинг кўпгина давлатларида 20 килограммдан 30 килограммгача гўшт, ҳар мавсумда 70-90 дона тухум олиш мумкин бўлган зотдор курка турлари парваришланади. Бизда боқиладиган маҳаллий куркалар эса ўртача 6-7 килограммгача гўшт, йилига 45-50 дона тухум беради. Шу сабаб мутахассислар билан маслаҳатлашиб, хориждан келтирилган зотдор курка турларини маҳаллий иқлим шароитида саноат усулида кўпайтиришни режалаштирдик. Бу курка жўжаларини 150 кун давомида парваришлаб, 20 килограмм ва ундан ҳам кўп гўшт олиш мумкин экан. Айни дамда лойиҳамиз учун ер ажратилиб, мажмуанинг қурилиш ишларини бошладик. Бу ерда 30 мингтагача курка боқишни мўлжаллаб турибмиз. Шунингдек, корхонамиз томонидан тумандаги ҳар бир хонадонга 100 бошдан курка жўжаси етказиб берилиб, уларни маҳаллий шароитда парваришлаш технологияси оммалаштирилади.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилда вилоятда парранда боқишни кўзда тутувчи 163 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. Аҳоли хонадонларида боқилаётган паррандалар сони ҳам ошиб бормоқда. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам борки, фақат хомашё етиштириш билан юксак натижага эришиб бўлмайди. Масалан, АҚШ, Италия, Франция, Англия каби давлатларда паррандачилик юқори даражада ривожланган. Парранда гўштидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида ҳам ушбу давлатлар етакчилик қилади. Агар паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш қувватлари ишга туширилса, бу давлатлар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиши тайин.
Манбалар:
http://xs.uz/uzkr/post/turkiyaning-hamkorlik-va-koordinatsiya-agentligi
http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/51331-parrandachilik
http://xs.uz/uzkr/post/isroilliklar-ozbekistonda-jirik-parrandachilik-fabrikasi
https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/parrandachilikni_rivojlantirishga_-_kreditlar