Куз – ҳосил йиғиштириб олинадиган фасл. Ўзбек деҳқони бу йил илк бор аччиқ қалампирдан даромад учун ҳосил кўтарди. Гап шундаки, 2018 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига кўпдаромадли ва сув кам талаб қиладиган экинларни етиштиришни тавсия қилди. Масалан, зафарон, нохот, узум, қалампир каби маҳсулотлар, айниқса, 60-80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Ҳар бир вилоятда ушбу сердаромад ўсимликни экиш, кўпайтириш чоралари кўрилди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти ҳудудидаги катта ер майдонларига қалампир экиш керак деган қарорга келинди.
Ўзбекистонда экиш учун тавсия этиладиган марғилон-330, пикантный, учқун, тилларанг, мумтоз, саид каби қалампир навлари мавжуд. Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Индонезияда етиштириладиган навларга ҳам жаҳон бозорида талаб юқори. Таъкидлаш керакки, аччиқ қалампир етиштириш ўзбек деҳқонлари учун янгилик эмас. Водий вилоятлари, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда азалдан ушбу ўсимлик етиштириб келинади. Фақат ички бозор учун, шу пайтгача экспорт қилинмаган. Президент эса экспорт билан шуғулланиш вазифасини қўйди. Дунё бозорида айнан талаб катта бўлган навларни етиштиришни йўлга қўйиш бизнинг деҳқонлар учун қийинчилик туғдирмайди. Режага кўра Ўзбекистон дунёнинг етакчи аччиқ қалампир экспорт қилувчи давлатлари билан рақобатга киришиши керак эди.
(графика – дунёнинг аччиқ қалампир етиштирувчи ва экспорт қилувчи давлатлари)
Олимлар бу йўналишда бир қатор тавсиялар ишлаб чиқдилар, жойларда ўқув-семинарлари ўтказишга киришилди. Хусусан, Тошкент давлат аграр университети Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Жанубий Кореянинг “KOPIA” маркази, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Бухоро, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида “Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштиришнинг истиқболлари” мавзусида тадбирлар ташкиллаштирди. Унда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари ҳисобга олиниб, ишлаб чиқилган таклифлар фермер, деҳқон хўжаликлари бошлиқлари ва томорқа ер эгаларига етказилди.
– Бизга жаҳонда аччиқ қалампир ишлаб чиқаришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ишлаб чиқаришдаги аҳамияти, озиқ-овқат саноатидаги ўрни, аччиқ қалампирни инновацион технологиялар асосида етиштириш, қуритиш, қайта ишлаш жараёни ҳақида батафсил маълумотлар берилди, – дейди семинар иштирокчиси бухоролик фермер Мирзавали Насриев. – Чамалаб кўрдим, бемалол томорқада ҳам етиштириб, мўл ҳосил олиб, даромадимизни ошарсак бўлар экан.
Жараён бошланди
Шу зайил мамлакат бўйлаб кенг миқёсда қалампирлаштириш сиёсатига старт берилди. Иш осон кўчиши учун “Агробанк”га қалампир етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига қалампир уруғларини харид қилиш, экиш, кўчат ва маҳсулот етиштириш, иссиқхоналар қуриш, моддий-техника ресурсларини сотиб олиш, агротехника тадбирларини амалга ошириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш вазифаси юклатилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг жойларда вилоят ҳокимлари ҳам тегишли қарорларни бирин-кетин имзолашди. Аччиқ қалампир етиштириш бўйича муайян ишлар авж олди. Март-апрель ойларида ушбу ўсимликни экиб, катта даромад олишга талабгорлар сафи ошгандан ошиб кетди. Қашқадарё вилояти Қарши тумани ҳам мустасно бўлмади.
– Туманимизда 200 гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирилди, – дейди туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Бахтиёр Умиров. – Биргина Шуҳрат Нормаҳматов бошлиқ фермер хўжалиги 100 гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирди. Тумандаги яна 4 та фермер хўжалиги ҳам аччиқ қалампир ортидан мўмай даромад кўзлаб турибди.
Шуҳрат Нормаҳматов, фермер:
– Гектаридан 15 центнердан кам пахта ҳосили берадиган далаларга бу йил илк марта аччиқ қалампир кўчати экиб, катта даромадни кўзлаган эдим. Тўғри, меҳнати пахтага нисбатан кўп ва оғир, кўпроқ ишчи кучини жалб қилишни талаб этади. Аммо унинг сердаромадлиги мени барча қийинчиликларни енгишга ундади. Меҳнатимизга яраша мўл ҳосил олдик. Уни валютага сотишни мўлжаллаб турибмиз.
Умуман, Қашқадарё вилояти бўйича жорий йилда 5 минг 100 гектар майдонда экспортбоп қалампир етиштирилди. Бундай йирик лойиҳани амалга оширишда экспортчи корхоналар фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади, албатта. “BIGAGRO” масъулияти чекланган жамияти вилоятнинг Миришкор ва Қарши туманларидаги 2 минг 100 гектар ерга аччиқ қалампир кўчатлари экди.
– “Каян” навли аччиқ қалампир уруғлари Ҳиндистондан келтирилди, – дейди “BIGAGRO” МЧЖ иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов. – Бу нав ҳосилдорлиги ва табиий иқлимга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Қалампир етиштириш агротехникасини сифатли амалга ошириш учун Ҳиндистон ва Индонезия давлатларидан тажрибали мутахассислар жалб этилди. Улар қалампир экиладиган майдонлардаги сув ва тупроқ таркибини ўрганиб, ўз тавсияларини берди. Ҳисоб-китобларга кўра, бизнинг ҳудудда мазкур қалампир гектаридан 20-25 тоннагача ҳосил бериши мумкин экан. “BIGAGRO” МЧЖ вакиллари вилоятдаги 4 мингдан зиёд фермер хўжалиги билан агрокластер усулида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган.
Кутилган ва кутилмаган даромад
Ҳўш, юқоридаги қарор ва Президентнинг жон куйдириб, деҳқонларга сердаромад экин экишни тасия этишига сабаб нима эди? Ростдан ҳам аччиқ қалампир даромади юқори бўлган ўсимликлар сирасига кирадими?
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрманов “Ўзбекистон 24” телеканалига ўша пайтда берган интервьюсида шундай деган эди:
– Яқинда Президент топшириғига асосан, биз бир гуруҳ ҳокимлар, мутахассислар Индонезия давлатига бориб келдик. Бу давлат дунёда асосан аччиқ қалампир етиштириш, экспорт қилиш бўйича етакчи ўринда туради. Ҳукумат топшириғига биноан пахта майдонларини камайтириб, унинг ўрнига экспортбоп маҳсулотларни етиштириш масаласи қўйилган. 2018 йилдан бошлаб 100 гектар ерда қизил қалампирни етиштириш бўйича фермерлар билан келишиб, экиш ишларини амалга оширдик. Қалампир етиштириб, ҳар бир гектар ердан бизнинг шароитимизда 21 миллион сўмдан даромад олиш мумкин. Пахтадан эса 1 гектар ер минг машаққат ва заҳмат эвазига бор йўғи 500-600 минг сўм фойда беради. Кўриниб турибдики, 21 миллион сўм билан 600 минг сўм ўртасида жуда катта фарқ бор.
Сhiliuz масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистонда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштириш, қайта ишлаш ва уни чет элга экспорт қилиш билан шуғулланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий филиаллари мавжуд. 18 мингта фермер хўжалиги ерларида уни етиштириш ва экспорт қилиш борасида шартнома тузилди. Уларга Ҳиндистондан келтирилган cayenne ва маҳаллий марғилон 33 нави етказиб берилди. Ҳосилнинг табиий ҳолда қуритилгани ва майдаланиб кукун ҳолда келтирилганига катта миқдорда буюртмалар шакллантириляпти. Россиянинг деярли барча ҳудудлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша, Грузия, Молдова сингари ўнлаб мамлакатлар билан келишувларга эришилди.
– Жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб жуда юқори, – дея ОАВга интервью берган эди Сhiliuz МЧЖнинг ўша пайтдаги директори Фурқат Баҳромов (2018 йил 28 июндан ушбу лавозимда Ботир Машарипов). – Айтиш керакки, аччиқ қалампир етиштириш сердаромад соҳа, бир гектарда қалампир етиштириш учун 25 миллион сарфланса, ҳосилдорлик 15-20 тоннагача етади. Унинг қуритилганига талаб кўплигини ҳисобга олсак, бир гектар майдондаги ҳосилдан 3-4 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг доллар атрофида баҳоланади.
Жорий йил баҳорида мамлакатда 18 минг гектарга яқин ерга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари экилди. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти маълумотлари ҳам ҳар бир гектардан 21 миллион сўм даромад олиш мумкинлигини тасдиқлади.
Ўша вақтда катта шов-шув кўтарилиб, бир кило аччиқ қалампир жаҳон бозорида фалон доллар экан, ўзбек фермерларидан килосини фалон сўмдан олишаркан, деҳқоннинг кўкрагига ҳам шамол тегадиган кунлар келди, қабилида сўзлар янгради. Аммо оддий ҳақиқат шуки, жўжани кузда санашади.
Сўнгги пайтларда мавзуни зўр бериб ёритишга бел боғлаган расмий матбуот анча сустлашди, қалампирчилик эсдан чиқди, гўё. Гап шундаки, “тажриба” кутилган натижани бермади. Ижтимоий тармоқлар чув тушиб қолган деҳқонлар ҳақида ёза бошлади, интернет сайтлар эса уларнинг дардларини далил исботлар билан омма эътиборига ҳавола этди. Масалан, kun.uz сайти “Қалампир экканларни ҳам пиёз экканларнинг қисмати кутмоқдами?” (kun.uz/10732525) сарлавҳали дардли мақола эълон қилди.
Сўнгги вақтларда қалампир етиштирган ва тайёр маҳсулотни кимга сотишни билмай боши қотган деҳқонлар ва фермерлардан шикоят аризалари кўпайди. Улар шартнома бўйича маҳсулотни харид қилиши керак бўлган ташкилотлар (булар: Chiliuz, Nova Agro, Big Agro, Bekklaster) фермерлар билан алоқага чиқмаётганлари, етиштирилган маҳсулотни харид қилиш пунктлари ҳам маълум эмаслигини айтмоқда. Сайт мухбири мамлакатда етиштирилган қалампирни харид қилиш ва экспорт қилиш ишлари қай даражада эканини билиш мақсадида даставвал масъул ташкилотлардан бири “Ўзозиқовқатхолдинг” компанияси билан боғланади. Бу ерда мазкур масала бўйича Chiliuz фирмаси ва “Ўзагроэкспорт” ташкилоти жавобгар эканини билдиришди.
– Президент Шавкат Мирзиеёв Қорақалпоғистон Республикасига уюштирган сафарлари чоғида деҳқон-фермерлар билан учрашиб, ҳосилдорлиги паст пахта майдонлари ўрнида янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан аччиқ қалампир етиштириш бўйича таклифларни маъқуллаш ташаббуси билан чиқди, – дейди Chiliuz МЧЖ директори Б.Машарипов. – Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январь куни 62-сонли қарори, кейинроқ қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича 2018 йил 21 февралда ўтказилган йиғилишнинг 8-сон баёни қабул қилинган.
Машариповнинг маълум қилишича, аччиқ қалампир етиштириш кампанияси биринчи йилининг бундай муваффақиятсизлигига асосий сабаб шуки, Chiliuz компанияси ташкил этилган кундан бошлаб, шу кунга қадар, унга ва ҳудудий бўлинмаларига банклар ёки бошқа ташкилотлар томонидан маблағ ўтказилмагани, яъни етарли айланма маблағ билан таъминланмагани боис, Chiliuz жойларда етиштирилган ҳосилни харид қила олмай қолган. Банк муассасалари Chiliuz таъсисчиларининг (“Ўзозиқовқатхолдинг” ва “Ўзагроэкспорт”) бугунги молиявий аҳволини, уларнинг бошқа кредит мажбуриятлари бўлгани сабабли кафолат бера олмаслигини инобатга олган ҳолда Chiliuz фирмасига кредит тақдим этишни рад этиб келган.
Машарипов, шунингдек бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган гармдориларни хорижга экспорт қилишда ҳам муаммолар мавжудлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг аччиқ қалампирни кўп истеъмол қиладиган асосий йирик Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Сингапур, Корея ва Мексика каби давлатларда Ўзбекистонда етиштирилган аччиқ қалампирни киритиш бўйича тақиқлар бор. Қолаверса, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Мексика, Болгария, Руминия ва Польша катта миқдорда аччиқ қалампир етиштиради. Бундан ташқари, Ўзбекистонда етиштирилган аччиқ қалампир ҳосилини экспорт қилишда тақиқлар мавжудлиги ёки йўқлиги, маҳсулотни қандай усулда олиб кириш мумкинлиги борасида керакли мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ахборот берилмаган.
Эксперт: жаҳон бозорида рақобатлашишга тўғри келади
Иқтисодий шарҳловчи Навруз Мелибоев, бир муддат ушбу мавзу билан шуғулланган. Бу борада унинг ўз фикрлари бор. У сайти учун қуйидагиларни айтди:
– Аччиқ қалампир ўзига хос маҳсулот, уни узилган холатда, қуритилган ҳолатда, зиравор ўрнида истеъмол қилиш мумкин, тиббиётда ҳам қўлланилади. Яна бир ўзига хослиги – табиат ва иқлим шароитига қараб, қалампирга кўп ёки оз миқдорда эҳтиёж сезилади. Уни энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар сирасига Ҳиндистон, Вьетнам, Ҳитой, Индонезия, Малайзия, Филиппин ва Таиланд киради. Айнан ушбу мамлакатлар аччиқ қалампирни энг кўп етиштирувчи ва экспорт қилувчилардир. Бошқача айтганда, Ўзбекистон қалампирини юқорида саналган давлатларга экспорт қилиш ҳақида бош қотирмаса ҳам бўлади. Бир мисол келтираман. Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўз олган Бош вазир ўринбосари Суҳроб Ҳолмуродов шундай деди: “Биз ҳиндистонлик ҳамкорларимиздан гилос, нектарин, ўрик, олхўри ва бодом импортига қўйилган тақиқни олиб ташлаганлари учун миннатдормиз. Умид қиламизки, тез орада узум, олма, қовун, анор ва аччиқ қалампир импортига бўлган тақиқ ҳам бекор қилинади”. Яъни, Ҳиндистон бозори ҳозирча Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар учун ёпиқлигича қолмоқда.
Бозорида аччиқ қалампирга талаб юқори, аммо ўзлари етарли ҳажмда уни етиштира олмайдиган мамлакатлар ҳам мавжуд: Япония, Покистон, Россия ва Саудия Арабистни. Бундан ташқари, АҚШ ва ЕИ мамлакатлари ҳам импортга қараб қолган. Бироқ ушбу бозорларда ўз ўрнимизга эга бўлиш учун Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам каби йирик етказиб берувчилар билан жаҳон бозорида рақобатлашишга тўғри келади.
Марказий Осиё давлатларига келсак, улар қалампирнинг йирик истеъмолчилари қаторига кирмайди. Шунинг учун яқин қўшниларга маҳсулот сотишдан умид қилмасак ҳам бўлади. Ушбу маҳсулот турини етиштиришни кескин оширишдан аввал уни қаерга, кимга ва қандай сотиш ҳақида бош қотириш тўғри бўлар эди. Ахир гап бу ерда қовун, помидор, гилос ва бошқа шу каби харидорини муаммосиз топадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳақида кетаётгани йўқ. Амалиёт ушбу саволлар мамлакат ҳудудлари бўйлаб ёппасига аччиқ қалампир экила бошлаган пайтда ҳеч кимни ташвишга солмаган кўринади”, дейди Н.Мелибоев.