Аввалги мақоламизда қайд этганимиздек, ИҲРТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкам диверсификацияланмаган, турли тўсиқлар, жумладан транспорт, институционал ва тартибга солувчи инфратузилманинг кучсизлиги тадбиркорлик, айниқса кичик тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилади, деб ҳисоблайди.
Enhancing Competitiveness in Central Asia
ИҲРТ ҳисоботида минтақа давлатларига бизнесдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, жумладан фермерларни маблағ билан таъминлаш, бизнесни байналминаллаштириш ва ходимлар малакасини ошириш тавсия этилади.
Молиялаштириш имкониятларидан фойдалана олмаслик Марказий Осиё тадбиркорлари олдидаги катта тўсиқ саналади: тўртдан бир қисм тадбиркорлар ўз бизнесини очиш ва уни юритиш учун етарли маблағга эга эмас.
Минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос кўплаб муаммолари ички сармояларни рағбатлантириш сиёсатини юритиш, бизнесдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда инсон капитали сифатини ошириш орқали ҳал этилиш мумкин.
Тожикистон: Тадбиркорликни ривожлантириш учун пул ўтказмаларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш
Ҳозирча катта оқимдаги пул ўтказмалари инвестициаявий салоҳиятга эга эмас
Кўплаб ривожланаётган мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, доимий тарздаги пул ўтказмаларининг кириб келиши, молиявий ривожланишга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида, иқтисодий ўсиш ва камбағаллик даражасининг пасайишини тезлаштиради. Бунда, ушбу таъсир даражаси пул ўтказмалари натижасида олинган қўшимча даромадларнинг қай тарзда сарф қилинишига боғлиқ – яъни, улар инвестициявий салоҳиятга эга экани ёки эҳтиёжга ишлатилишига қараб.
Пул ўтказмаларининг инвестициявий салоҳияти бевосита мамлакатнинг молия тизими ҳолатига ҳам боғлиқ. Тожикистон молия тизимида банк сектори устунлик қилади ва айни пайтда у инқироз ҳолатида турибди. 2016 йил декабрь ойида мамлакат умумий ҳажми 400 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги тўртта банкни қайта капиталлаштиришни амалга оширди. (7.1% ЯИМ) Молиявий сектордаги тартибсизликлар кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш шартларига бўлган талабларни кучайтиради. Қарздорлар сомони (Тожикистон пул бириги)нинг қадрсизланганидан зарар кўрди, чунки 60% тўланмаган кредитлар доллар ҳисобидаги қарзлар эди. Хусусий секторни кредитлаш 2015 йилдаги ЯИМнинг 23%дан 2016 йил охиригача 10%гача қисқаради.
Тожикистонда ишсизлик даражаси расман 3%дан ошмайди деб рўйхатга олинган бўлсада, Халқаро меҳнат ташкилоти уни 11% деб баҳолайди. Тожикистон ишчи кучини экспорт қилувчи мамлакат ҳисобланади ва айрим йилларда мигрантлар пул ўтказмаларининг улуши ЯИМнинг 50%гача етди.
Шундай катта оқимдаги пул ўтказмалари ҳозирча инвестициявий салоҳиятга эга бўлмаётгани қизиқ ҳолат. Пул ўтказмалари аввалгидек, асосан истеъмол мақсадлар учун ишлатилмоқда ва ИҲРТнинг тавсиялари ушбу маблағларни кичик ва ўрта бизнесни молиялаштирадиган ички манба сифатида самарали ишлатиш услубларига қаратилган.
Мавзуга оид материал: Қирғизистон ва Тожикистонда меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари: тескари таъсир ва “сув тубидаги тошлар”
Хусусан, молиявий секторни ривожлантириш пўл ўтказмаларининг омонатлар ва маҳаллий банк сектори томонидан тақдим этилган кредитларнинг жами миқдорига кўрсатадиган таъсирига боғлиқ. Бироқ мигрантлар ҳозирча, расмий молия сектори хизматларидан фойдаланишга шошилмаяпти. Чунки, мамлакатда пул ўтказмалари тизимидаги қийматлар паст, омонатларни суғурта қилиш тизими эса, мавжуд эмас.
ИҲРТнинг асосий тавсиялари банкларда пул ўтказмалари тартибларини соддалаштириш, хусусий корхоналар ташкил қилишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мигрантларга хизмат кўрсатиш бўйича кўп функцияли марказ тузишга қаратилган таклифлардир.
Тожикистонда 2014 йил ҳолатига кўра, аксарият пул ўтказмалари Western Union, Money Gam, “Золотая корзина” каби тизимлар орқали амалга оширилган. Пул ўтказмалари мамлакат молия тизимини четлаб ўтган ҳолда, нақд пул кўринишида берилган. 2014 йил октябрь ойида Тожикистон Миллий банки миллий тўлов тизими концепциясини амалга оширишни бошлади. Энди Тожикистондаги дебет карталар бўйича барча операциялар Миллий процессинг маркази орқали ўтади, бу эса республиканинг бошқа давлатлар тўлов тизимларига қарамлигини камайтирди. Бундан ташқари, мамлакатда қарийиб 1 420 та банк хизмати кўрсатиш марказлари очилди.
Маърузада қайд этилганидек, мамлакат ташқарисида (асосан Қозоғистон ёки Россия ҳудудида) карталар бўйича барча тўловларни кўриб чиқишнинг бесамарлиги Тожикистон банкларининг ўз тизимларини ташкил этишга сармоя киритишига мажбур қилди. Бундан ташқари, қўшимча ҳаражатларни қисқартириш ва тўловлар хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш молия секторига бўлган ишончни мустаҳкамлаши мумкин.
Шуни таъкидламоқчимизки, самарали миллий тўлов тизимларини ташкил қилиш рақобатни кучайтиради ва молиявий хизматлардан фойдаланиш даражасини оширади (масалан, худди Қирғизистондаги каби).
Гаровсиз ва ҳаммабоп кредитлаш тизимини кенгайтириш, шунингдек, ўз ватанига қайтаётган мигрантлар ва уларнинг оилалари учун ҳам кичик бизнесни ривожлантиришда муҳим омиллардан ҳисобланади. Бугунги кунда Тожикистоннинг микромолия сектори тарқоқ бўлиб, уни бирлаштириш керак. 2014 йилда микромолия ташкилотларининг қарздорлари сони 561 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсатгич 480 минг, 2016 йилда эса 366 минг нафаргача қисқарди. Бу эса, банк секторига бўлган ишончсизлик микромолия секторигача етиб келганини кўрсатади. 2016 йилда Миллий банк микромолия ташкилотларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида капитал етарлилик даражасини улар учун 4 баравар оширди. Натижада, қатор кичик ва суст фаолият олиб бораётган микромолия ташкилотлари ёпилди ва уларнинг сони 15% га қисқарди.
2015 йилда Тожикистон Республикаси инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси томонидан Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (ТҚЖ) таъсис этилади. У кичик ва ўрта бизнес вакилларига кам фоиз эвазига (ўртача бозор ставкаси 23% ни ташкил этган бир пайтда, чамаси 7 % миқдорда) субсидия кредитларини тақдим этади. Дарҳақиқат, давлат кредит ташкилотлари ошкора ва яхши бошқарув шароитида кичик бизесни ривожлантиришга ёрдам беради. ИҲРТ ходимлари ўтказган суҳбат, Тожикистон бизнес уюшмаларининг ТҚЖ бошқарувига алоқасининг йўқлиги ва жамғармага у қадар ишонишмаслигини кўрсатди. Бизнес вакилларининг маълум қилишича, кредит бериш ва талабномаларни саралаш бўйича қарор қабул қилиш жараёнида етарли даражадаги ошкоралик таъминланмайди ва қарама-қарши ҳолатлар мавжуд.
Тожикистонда аҳоли молиявий саводхонлигининг пастлиги алоҳида муаммо ҳисобланади. 2017 йилда Миллий банк Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонликни ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқди. Ҳозирги кунда уни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, Тожикистон Республикаси меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги мигрантларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, бўлғуси ҳамда қайтиб келган мигрантлар, уларнинг оила аъзоларига бепул ва пулли ўқув курсларини таклиф этади. Ушбу курсларда фуқаролар 96 хил касб бўйича ўқитилади.
Умуман, мигрантлар пул ўтказмаларидан самарали фойдаланиш ҳамда кичик ва ўрта бизнесдан фойдаланиш муаммолигича қолмоқда. Тожикистонда давом этаёган молиявий инқироз ушбу ҳолатни яхшилашга ёрдам бермаяпти. ИҲРТнинг тавсиясига кўра, мамлакат асосий саъй-ҳаракатларини фуқароларнинг молия ва банк тизимига бўлган ишончини тиклашга қаратиши керак. Зеро, бу аҳолига молиявий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришга зарур шарт-шароит яратади. Шунингдек, Тожикистон, бозорда янги иштирокчилар, энг аввало мобиль алоқа операторларининг пайдо бўлишига имкон яратувчи тўлов тизимини такомиллаштириши лозим. Инновацион банк воситаларини жорий этиш, пул ўтказмаларини сарфлашни рағбатлантириш ва аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини ошириш зарур.
Қирғизистон: қишлоқ хўжалигидаги таъминотлар занжирини молиялаштириш
Фермерларга молиялаш имкониятларидан фойдаланиш чекланганлиги қишлоқ хўжалигида кичик бизнесни ривожлантиришнинг катта тўсиқларидан ҳисобланади
Қишлоқ хўжалиги Қирғизистондаги асосий тармоқлардан бири ҳисобланади. 2016 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ЯИМдаги улуши 13% ни ташкил этган, ушбу соҳадаги бандлик даражаси эса, 27 % га етган. Айни пайтда, сўнгги 10 йил ичида фермерлар сони ҳам узлуксиз кўпайган (2006 йилда уларнинг сони 313 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсатгич 415 минг нафарга етган), деҳқон-фермер хўжаликларининг ЯИМдаги ҳиссаси қисқарган ва 2016 йилда 9% ни ташкил этган.
ИҲРТга кўра, қишлоқ хўжалигида кичик бизнесни ривожлантиришда фермерларнинг маблағдан фойдаланиш имкониятларининг чекланганлиги катта тўсиқлардан ҳисобланади. 18% дан 24% гача ўзгариб турадиган юқори фоизли ставкалардан ташқари, гаров таъминотига нисбатан қўйилган қатъий талаблар ҳам тармоқ вакиллари олдидаги жиддий тўсиқлардандир. 2013 йилда кредит олиш учун мурожаат этган 80% қишлоқ хўжалиги корхоналаридан умумий қарз миқдорининг камида 120% миқдоридаги кўчмас мулк шаклида таъминотни талаб қилишган.
Шу муносабат билан, 2013 йилда ИҲРТ омбор тилхати гарови остида молиялаштиришни ривожлантиришга алоқадор бўлган фермерлар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг маблағдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқди.
Омбор тилхати гарови остида молиялаштириш чекловларни қисман кучсизлантиради ва ўз навбатида, қарзга капитал олиш имкониятларини яхшилайди. Омбор тилхати гарови остида кредитлаш – махсус омборларга жойлаштириладиган маҳсулотларга гаров остида кредит беришдир. Кредит маблағлари банклар томонидан фақатгина омбор тилхатлари тақдим этилганидан кейингина берилади.
2016 йил якунларига кўра, Қирғизистон ҳукумати донорлар кўмагида омбор тилхати гарови остида молиялаштириш механизмини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга оширди. Бундан ташқари, қонунчилик асосларини яхшилаш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилди. Чуй ва Иссиқкўл туманларидаги 32 та омборхона эгалари билан учрашувлар ўтказилди. Йигирмата омбор мудири мазкур тажриба-синов тизими доирасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. Оқибатда, “Айыл банк” очиқ акциядорлик давлат банки омбор тилхати гарови остида 12% ставка бўйича кредит беришга рози бўлди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида, яъни 2014-2015 йил йиғим-терим мавсумида умумий қиймати 3 миллион сом (55 000 АҚШ доллари)га тенг тўққизта кредит маъқулланди. Бироқ бу жуда кичик рақамдир.
Лойиҳа ташаббускорлари уни амалга оширишда кўплаб муаммоларга дуч келишди. Омборлар бўйича мукаммал реестр мавжуд эмас эди, бундай омборлар рўйхатини тузиш учун маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, банк филиаллари ва омбор хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар иштирокчиларидан олинган маълумотлар асос қилиб олинди. Омбор тилхати гарови остида молиялаштириш бўйича аниқ қонунчиликнинг йўқлиги банклар зиммасига қўшимча таваккалчиликларни юклайди. Омборхоналарга лицензия бериш ҳамда таваккалчиликларни суғурта қилиш бўйича тизимларининг мавжуд эмаслиги, кўпчилик омборларда ушбу молиялаштириш тизимида қатнашиш учун ускуналарнинг етишмаслиги молиялаштиришнинг ушбу усулини ривожлантириш имконини бермайди.
Бундан ташқари, мамлакат омбор хўжалиги ҳолатининг ёмонлиги ҳам омбор тилхати гарови остида молиялаштириш тизимини янада кенгайтиришга тўсқинлик қилади. Омбор тилхати гарови остида молиялаштириш талабларига мос бўлган омборлар сони кам, сифатити ҳам чекланган. Тизимнинг тўлақонли ишлаши учун тегишли омборларни аниқлаш ва уларни модернизация қилиш зарур. Бироқ Қирғизистондаги омборлар ҳақидаги маълумотлар эскирган. 2003 йилги қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш китоби – бу борадаги ягона ишончли манбадир. Ушбу ҳужжатга асосан, Қирғизистонда сиғими 500 тоннали 1 476 та омборхона объектлари мавжуд.
Омбор тилхати гарови остида молиялаштиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш, ушбу тизимнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш бўйича навбатдаги қадамлардан бири бўлиши керак. ИҲРТ тавсияларига кўра, ҳокимият “Товар омборлари ва омбор далолатномалари тўғрисида”ги Қонунни киритиши, қатор қарорлар қабул қилиши, ушбу тизим ва омборларнинг ўзаро ҳамкорлигини кузатиб бориши лозим. Энг биринчи саралаб олинган омборлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ниҳоятда зарур. Дастлабки йиғим-терим кампаниясидан кейин бир неча йил ўтгач, айрим ўзгартишлар киритиш талаб этилади.
Шуни қўшимча қилмоқчимизки, қишлоқ хўжалиги тармоғида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун турли муқобил воситалар мавжуд. Масалан, мамлакатда молиялаштириш талаб ҳукуқлари гарови остида амалга оширилаётган бир пайтда, шартнома асосида молиялатишрини жорий этиш масалалари муҳокама этиляпти, бироқ бу лойиҳа ҳам ҳали бошланғич босқичда турибди.
Ўзбекистон: экспортни рағбатлантириш тизимини ривожлантириш ва кенгайтириш
Ўзбекистон иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, экспортни диверсификация қилиш учун кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш керак
ИҲРТ ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон ҳукумати 2000-йилларнинг бошларида иқтисодий ўсишга самарали таъсир кўрсатган қатор ислоҳотларни амалга оширди. Ижобий савдо баланси, давлат инвестициялари ва пул ўтказмалари шарофати билан 2005-2015 йиллар давомида ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 7% дан ортди. Шундай бўлсада, Ўзбекистон ЯИМнинг жон бошига тўғри келиши бўйича бир хил ресурсга эга қўшниларидан орқада қолмоқда ҳамда паст ва ўрта даромад даражали мамлакатларнинг ўртача белгисига етиб бормаяпти.
Бугун ҳам табиий ресурслар Ўзбекистон экспортининг асоси ҳисобланади. Масалан, 2015 йилда фақат олтин, пахта ва газ Ўзбекистон экспортининг 50% дан ортиғини ташкил қилган.
Яқинда паст даромад даражага эга давлатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, экспорт диверсификацияси катта даражали иқтисодий аҳамиятга эга эмас: экспорт диверсификация кўрсатгичини битта стандарт фарқга ўсиши ўртача йиллик кўрсатгични 0.8 фоиз пунктга ўсишини таъминлайди. Ўзбекистон иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни тобора ортиб бораётгани ҳисобга олинса, экспортни диверсификация қилиш учун кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш кераклиги ойдинлашади. Эълон қилинган давлат статистикаси маълумотларига кўра, 2017 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат ЯИМдаги улуши 53.3% ни ташкил этган, бандликдаги ҳиссаси эса, ундан-да юқори кўрсатгич – 78%га етган.
Айни дамда кичик ва ўрта бизнеснинг экспортдаги улуши жуда кичкина. Унинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши кўпайгани билан, 2015 йилда кичик ва ўрта бизнес зўрға Ўзбекистон экспортининг 25%дан ортиғини таъминлаган. Бу, ЯИМда кичик ва ўрта бизнес экспортининг улуши 6%дан ошмади, деганидир. Бу пайтда ЕИ мамлакатларидаги бу кўрсатгич тахминан уч баравар юқори бўлган. Кичик ва ўрта бизнес экспортининг ривожланмаганлиги ўз навбатида, Ўзбекистон экспортининг ЯИМдаги ҳиссасида нисбатан паст кўрсатгичларда намоён бўлади.(21%). Бу Европа давлатлариникига нисбатан, анча паст кўрсатгичдир (39%). Бундан ташқари, Ўзбекистон экспортининг асосий қисмлари кичик ва ўрта бизнес вакиллари тўпланган тармоқларга алоқадор эмас.
2017 йилда ҳукумат валютани тўла конвертация қилиш бўйича қатор ишларни амалга оширди. Президент фармонига кўра, 2017 йилнинг август ойидан бошлаб, экспорт қилувчилар зиммасидаги экспортдан камида 25% валюта киримларини давлат курси бўйича конвертация қилиш талаби бекор қилинди. 2017 йил сентябридан бошлаб валюта алмаштириш курси бозор механизмларига қараб белигиланди, эркин валюта алмаштиришга рухсат берилди, кўплаб чекловлар, жумладан эксрпорт киримларидан бир қисмини давлат курси бўйича конвертация қилишга қўйилган талаблар бекор қилинди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон экспорт бўйича бир қанча божхона расмиятчиликлари ва ҳужжатларини оптималлаш ва бекор қилиш ҳамда корхоналарга хорижда банк ҳисобларини очиш имкониятларини тақдим этиш орқали савдо тартибларини соддалаштиришга оид қатор тадбирларни ишлаб чиқмоқда.
Мамлакатдаги ахборотдан фойдаланиш, божхона расмиятчиликлари (ҳужжатлар, автоматлаштириш ва тартиблар) ҳамда давлат бошқаруви ва нохолислик кўрсатгичлари таққослама даромадга эга мамлакатларникига нисбатан анча паст. Божхона ва чегара назорати органлари ўртасидаги ҳамкорлик қилиш кўрсатгичлари ҳам ўрта даражадан бир мунча паст.
ИҲРТ экспертлари маърузани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистондаги бир қанча кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан суҳбатлар ўтказди. Улар, хорижий бозорлар тўғрисида етарлича маълумотга эга эмасликлари, экспортга кўмаклашиш бўйича маслаҳат ва хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келишларини билдирган. Амалдаги экспорт агентликлари экспортни ривожлантириш учун маълум чора-тадибрларни амалга оширади, жумладан кўргазмалар ташкиллаштиради, бошқа мамлакатларга сафарлар уюуштиради, бозорларни ўрганади. Бироқ кичик ва ўрта бизнес учун бу каби ҳаракатларнинг таъсири сезилмайди.
Кичик ва ўрта бизнес вакиллари оладиган маълумотларнинг сифати ҳамиша ҳам юқори эмас. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадбиркорлар бозор тенденциялари, божхона тўловлари, сертификациялаш, рақобат ва тўсиқлар ҳақида етарлича хабардор эмас. Халқаро стандартлар ва тартиблар, тармоққа оид масалаларда чуқур билимга эга бўлмаслик – экспорт бозорларига чиқишда жиддий муаммолардан саналади.
Маҳсулот сифатини тасдиқловчи сертификатни олиш зарурияти ташқи бозорларга киришда муаяйян тўсиқларни юзага келтиради. Корхоналар сертификатлашни катта тўсиқлардан бири деб ҳисоблашади ва Ўзбекистонда сертификациялаш билан шуғулланувчи компанияларни топишда қийинчиликлар мавжудлигини билдиришади. Европа мамлакатларидаги сертификация тартиблари тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлмаслик ва тегишли хизматлардан фойдаланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги, маҳсулотларни, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистонда экспортнинг айрим тармоқларини ривожлантириш учун ҳукумат юқори салоҳиятга эга деб ҳисоблаган иккита тармоқ танланди, булар: маиший техника ишлаб чиқариш ва агросаноат мажмуаси.
Ҳозирча Ўзбекистон маиший техникани импорт қилувчи мамлакат саналади. 2015 йилда Хитой (50% дан ортиқ), Туркия (10%), (Россия 9%) давлатлари маиший техникани импорт қилиш бўйича Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бўлган. Шундай бўлсада, экпорт ҳажми ҳам тобора ортиб бормоқда. 2011 йилдан 2015 йилга қадар маиший техника экспорти (асосан кир ювиш машиналари, кондиционерлар, совутгич ва музлатгичлар) пул эквивалентида деярли 5 баравар ўсган. Айни пайтда, маҳаллийлаштириш дастурларининг зарур ресурслар импортини чеклаган ҳолда, экспортга йўналтирилган тармоқларга таъсир кўрсатиши ва ушбу ресурслардан фойдаланувчи тармоқларнинг рақобатбардошлигига зарар етказиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Саноат сиёсатидаги қатъий меъёрлар ва маҳаллий компонентлар бўйича талаблар маҳсулот таннархининг ошишига, нархларнинг бузилиши ва технологиялардан фойдаланишнинг камайишига олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, саноат рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатади.
Қишлоқ хўжалигида пахта устунлик қилган. Диверсификация қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарасида, пахта чигити ва тўқимачиликнинг умумий экспортдаги улуши 1995 йилда 77% дан, 2015 йилда 19% гача камайди. Шундай бўлсада, мева-савбзовотлар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортида асосий улушга эга, қайта ишланган маҳсулот улуши эса, олдингидек, 1% дан озроқни ташкил этади. Кўпгина тўсиқлар, жумладан божхонадаги мураккаб тартиблар, Марказий Осиёдан ташқаридаги хорижий бозорларни ўзлаштиришда зарур билим ва малакали кадрларнинг йўқлиги, ускуналарнинг етишмаслиги озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга ҳалал беради.
Таклиф этилган йўл харитасида қайд этилганидек, ҳукуматнинг вазифаси – устувор экспорт бозорлари бўйича аниқ стратегияни ишлаб чиқиш ҳисобланади. 2013 йилда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Давлат тизими сифатида Жамғарма хорижий инфратузилмани ривожлантириш учун асосий жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак.
Қозоғистон: профессионал стандартларни ишлаб чиқиш
Етарли малакага эга бўлмаган ишчи кучи Қозоғистоннинг йирик корхоналари учун асосий муаммоларни келтириб чиқармоқда
Мутахассислар танқислигига барҳам бериш – Қозоғистон корхоналарининг биринчи галдаги вазифасидир. 2016 йилда ИҲРТ ҳукуматга профессионал-техник таълим воситалари, энг аввало малаканинг миллий чегаралари ва профессионал стандартларни фаол қўллашни тавсия этган эди.
Қозоғистоннинг ресурсга бойлиги, бозорларга яқин жойлашгани ҳамда мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам кимёвий маҳсулотларга бўлган талабнинг юқорилиги ҳисобга олинса, у кимё ва нефть-кимё саноатини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Ишчи кучи дунё рақобати туфайли доимо малакасини ошириб, янги ва турфа касб-ҳунарларни эгалламоқда, меҳнат бозори ҳам замонга мос тарзда тайёрланган ёш мутахассисларни қабул қиляпти.
Қозоғистон кимё ва нефть-кимё саноатида малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Айни пайтда, Қозоғистонда етарли малакага эга бўлмаган ишчи кучи йирик корхоналар учун асосий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Маърузада, камида 6000 нафар мутахассисга эҳтиёж борлиги билдирилади.
Профессионал-техник таълим тизимида профессионал стандартлар иш берувчининг талаблари ва инсон капиталини ривожлантириш ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланади. Бугунги кунда Қозоғистон нефть-кимё соҳасида профессионал стандартлар йўқ. Кимё саноати учун бир нечта стандартлар ишлаб чиқилган эди, бироқ иш берувчилар уларни тузишда фаол қатнашмади.
Қозоғистонда профессионал стандартларни ишлаб чиқиш, назорат қилиш ва янгилаш механизми етарлича ишлаб чиқилмаган, нефть-кимё ва кимё соҳасида профессионал стандартларни тузиш учун жавобгар бўлган орган ҳам мавжуд эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўн нафар мутахассисдан иборат кичик гуруҳ бошқа вазирликлар кўмагида профессионал стандартларни ишлаб чиқиш масалаларини назорат қилувчи котибият вазифасини бажаради. Иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олиш учун бу етарли эмас.
Бугунги кунда Қозоғистонда миллий, ҳудудий ва тармоқлар даражасида техник ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш кенгашлари тузилган. Бироқ иш беручилар профессионал стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида тўлиқ иштирок этмайди. Профессионал стандартларни ишлаб чиқишда қайси тармоқ уюшмаси нефть-кимё саноати манфаатларини ифодалашини тушуниб бўлмайди.
Бугунги кун профессионал-техник таълим тизимида ўқув режаларини ишлаб чиқиш ҳамда малака даражасини баҳолаш ва сертификатлашда профессионал стандартлар ҳисоб-китобини таъминловчи самарали механизм етишмайди. Амалдаги таълим стандартларида уларнинг профессионал стандартларга мувофиқ келиши ҳақида гапирилмайди, мамлакатдаги ўқув режалар эса аниқ натижалар олишга йўналтирилмаган. Бундан ташқари, тармоқ бирлашмалари иқтисодиётнинг олтита тармоғи (металургия, нефть ва газ, сайёҳлик, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалиги)да ҳозирги кунда тажриба тариқасида ишлаётган тўртта мустақил баҳолаш марказларини таъсис этди. Бироқ уларнинг биронтаси ҳам профессионал стандартлар асосида баҳолаш ишларини амалга оширмайди.
Ушбу тушунчалар Қозоғистон аҳолиси учун янги бўлгани боис, айниқса вилоятлардаги хусусий сектор вакиллари профессонал стандартлар нима ва таълимда улар қай тарзда қўлланилади, деган саволлар тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга эмас. Ва ёки мазкур соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатидан хабардор эмаслар. Бу, соҳадаги ташаббусларнинг етарли даражада келишилмагани билан изоҳланади.
Шу боис, ИҲРТ ҳисоботида қайд этилганидек, Қозоғистон профессионал стандартларни ишлаб чиқиш, назорат қилиш ва янгилаш бўйича доимий ишлайдиган органни мустаҳкамлаши, профессионал стандартларни тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳини шакллантириши ҳамда мутахассисларни баҳолаш учун тегишли мезонларни ишлаб чиқиши лозим.
Оригинал: http://caa-network.org/archives/12969