Муаллиф: Навруз Мелибаев
Савдони либераллаштириш – ички ёки ташқи савдода чекловларни камайтириш ёки бартараф этиш жараёнидир. Савдода ҳар хил тўсиқ ва чекловлар қанча кўп бўлса, бозордаги фирмалар (тадбиркорлар) ўртасида рақобат ҳам шунча кам бўлади. Шу боис, ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти ўз самарадорлигини ошириш учун рақобатни ривожлантириши керак. Маълумки, товар бозорларидаги рақобат бозорни маҳсулотлар билан тўлдиришга ёрдам беради ҳамда маҳсулотларни бир ёки бир неча фирмалар томонидан сотилиши (харид қилиниши) ни мажбуран қабул қилдирмайди.
Ўзбекистонда октябрь ойининг охирларида ички ва ташқи савдони либераллаштириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлардан бири қўйилди – давлат раҳбари “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Хўш, қандай чекловлар бекор қилинди ва фирмаларнинг савдо фаолиятини ташкиллаштириш бўйича нималар ўзгарди? Фармоннинг асосий қоидаларини қулай шаклда таҳлил қиламиз.
Қабул қилинган ҳужжат савдони 2 босқичда эркинлаштиришни назарда тутади: киритилган ўзгаришларнинг бир қисми 1 ноябрдан бошлаб амал қилади, қолган қисми эса, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб қонуний кучга киради.
Юқори ликвидли маҳсулотларни сотишнинг янги тартиби ва инвойс бериш орқали “нақд пулсиз келишувлар”
Президент фармонидаги ички савдони либераллаштириш бўйича 1 ноябрдан бошлаб амал қиладиган учта энг муҳим бандни кўрсатиш мумкин.
Биринчи қоида, бу четдан импорт қилинадиган юқори ликвидли маҳсулотларни сотиш механизмининг соддалаштирилиши ва ундаги чекловларнинг бекор қилинишидир: “импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулот турларини, эгаларининг ҳоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотиш”. Бу энди импорт бўйича олиб келинган маҳсулотларни ички бозорда ҳеч қандай чекловларсиз – тўғридан-тўғри ҳам фирмалар (истеъмолчилар)га, ҳам биржа орқали сотиш мумкин, деганидир.
Илгари импорт бўйича олиб кирилган юқори ликвидли маҳсулотлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилиши керак бўлган.
Юқори ликвидли маҳсулот нима дегани? Фармонда юқори ликвидли маҳсулотларнинг барча турлари келтирилмаган. Бу ҳақда аниқ тасаввурга эга бўлиш учун Президентнинг 2017 йил 14 ноябрдаги №ПҚ-3386 сонли қарорига мурожаат қиламиз. Автомобиль бензини, экстракцион бензин, дизель ёқилғиси, техник керосин, полипропилен, полиэтилен, олтингугурт, кўмир, минерал ўғитлар, кальцинацияланган сода, катод мис, мисли катанка, иккиламчи алюминий, қора металлар ижараси, металл рух, цемент, цемент клинкер, қурилиш ойнаси, шакар, ем учун белгиланган донлар, арпа, пахта толаси, пахта линти, ўсимлик (пахта) мойи, пахта шелухаси, пахта шроти, техник уруғлар юқори ликвидли маҳсулот турлари, ҳомашё ва материаллари сирасига киради.
Иккинчиси – юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳисоб-китобларни нақд пулсиз корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда олди-сотди шартномаларини тузиш мажбурий шартларининг бекор қилинишидир. Энди юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан, фақат инвойс (ҳисоб фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу штатли юристга эга бўлмаган ёки юридик фирмада хизмат кўрсатилмайдиган кичик фирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун айниқса, муҳимдир. Кичик бизнесда бундай фирма ва тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳар бир келишувда шартнома тузиш талабининг бекор қилиниши ҳужжат айланмасини анча соддалаштиради ва келишувларни расмийлаштиришнинг оддий механизмини кафолатлайди.
Президент фармони юқорида кўрсатиб ўтилган икки банддан ташқари, пул тушумларини инкассация қилишнинг янги тартибини ҳам жорий этади.
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар кунлик тушуми энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда бўлган кичик бизнес субъектлари, қолган барча корхоналар эса, энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида нақд пул тушумини ҳар куни Марказий банк инкассация хизматлари орқали топшириши лозим эди. Агар нақд пул тушуми кўрсатилган миқдордан кам бўлса, улар пул тушумини Марказий банк инкассация хизматлари орқали топшириши ёки банк кассаларига мустақил равишда топшириш имконига эга эдилар.
Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб:
– энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда банк кассаларига топширишлари мумкин. Лекин пул тушуми аввалгидек, банкка ҳар иш кунида топширилиши зарур.
– ўртача кунлик тушумидан кам миқдорда тушуми бўлган субъектлар нақд пулни ҳар куни топширишлари шарт эмас. Улар инкассация хизматлари учун пул топшириш кунини ўзлари белгилаши мукин – ҳар 2 кунда, 3 кунда бир марта ва ҳ.к.
Албатта, нақд пул тушумини инкассация қилишнинг янги тартиби корхоналарнинг нақд пулни дўкон кассаларидан банкгача бўлган логистикасини ташкиллаштиришдаги “эркинлик даражаси”ни оширади.
1 январдан бошлаб лицензиялар (рухсатномалар)нинг, маҳаллий ва импорт маҳсулотларини харид қилишда кредитлаш шартларининг бекор қилиниши
Улгурчи савдо учун лицензия бериш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартибининг бекор қилиниши Фармондаги узоқ кутилган ва ёрқин қоидалардан бўлса керак.
Ўзбекистонда улгуржи савдо учун лицензия бериш 2000-йилларнинг бошларида, сўм конвертация қилинмаган, нақд пул етишмовчилиги ва солиққа тортиш, жумладан, импорт ҳам юқори даража бўлган шароитда киритилган эди. Кўплаб “нақд пулли” идоралар “улгуржичилар” шаклида фаолият юритишган. Улгуржи савдо корхоналарига лицензия бериш, кейин эса, уларнинг пул тушумини солиққа тортиш тартибининг жорий этилиши давлатга уларни назорат қилишни бирмунча енгиллаштирган. Эҳтимол, давлат шу орқали пул айланмаси билан бирга товар айланмасини назорат қилган бўлиши ҳам мумкин.
Шу тарзда, савдо фаолияти 2 турга бўлинган: улгуржи ва чакана савдо. Улгуржи савдо учун лицензия берилган. Чакана савдога эса йўқ. Ҳисоб-китоб шакллари савдони турларга ажратишда асосий мезон ҳисобланган. Харид қилинган маҳсулотларни тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки шахсий ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун нақд пулсиз шаклда сотиш улгуржи ҳисобланган. Қолган барча савдо турлари чакана деб ҳисобланган.
Корхонанинг йирик устав фондига – камида энг кам ойлик иш ҳақининг 3500 (!) миқдоридаги маблағга эга бўлиши улгуржи савдога лицензия беришнинг асосий талабларидан саналган. Аслини олганда, бу ана шундай “улгуржичилар” доирасига киролмайдиган, кам миқдордаги капиталга эга корхоналар учун тўсиқ бўлиб хизмат қилган. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 майдаги қарори билан мазкур шарт ҳам бекор қилинди.
Устав фондига нисбатан қўйилган шартлар бекор қилинсада, “улгуржичилар”га лицензия бериш тартиби ва лицензиялашнинг махсус тартиби бугунги кунда анархизмга айланган.
Масалан, Россия ва Қозоғистонда улгуржи савдога лицензия берилмайди. Савдо айланмасида чекланган бўлган, алоҳида маҳсулотлар билан савдо-сотиқ қилиш ҳолларидагина махсус рухсатнома олинади холос.
Янги йилдан бошлаб, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш учун ҳам рухсатнома олинади. Кўчма савдо бу – кўчма савдо объектларидан фойдаланган ҳолда, турғун савдо шохобчалари (дўкон ва дўконча) дан ташқарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилишдир. Рухсатнома юридик шахсларга савдонинг тасдиқланган объекти жойлашиш схемаси иловаси билан бирга олти ой муддатга берилади.
Президент фармонидаги яна бир муҳим банд – мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва импорт товарларни кредит асосида харид қилинганда, тенг шароитларнинг яратилганидир. Амалдаги “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, молиявий истеъмол кредити фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни харид қилиш учун берилади. Бу қоида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қатор афзалликларни тақдим этади.
1 январдан бошлаб мазкур талаб бекор қилинади ва истеъмол кредити ҳам импорт товарлари, ҳам маҳаллий маҳсулотлар (хизматлар)ни харид қилишда бир хил тақдим этилади.
Ортиқча бюрократияларсиз интернет савдони ривожлантирамиз
Президентнинг 2018 йил 19 февралдаги фармонига мувофиқ, тадбиркорлар 2018 йил 1 июндан бошлаб экспорт шартномасини тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали товарлар, ишлар ва хизматлар экспортни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Энди бундай келишувлар учун битта инвойс бўйича 5000 АҚШ долларигача миқдорда лимит ўрнатилди. Бундан ташқари, савдони эркинлаштиришга доир президент фармонида қуйидаги қўшимча шароитлар ҳам киритилган: тўловларни почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, халқаро тўлов тизимлари орқали олиш ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтиришдир. Бу келишувларга оид ахборотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмайди, юкнинг божхона декларацияси ҳам расмийлаштирилмайди.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан божхона декларациясисиз товар олиб ўтиш 5000 АҚШ долларигача оширилди. Илгари бу миқдор 3000 АҚШ доллари этиб белгиланган эди.