Ирна Хофман (1983) Лейден университетида докторлик диссертацияси устида иш олиб боряпти. Тадқиқотчи Совет иттифоқидан кейин Тожикистоннинг жануби-ғарбий туманларида дала ишлари билан шуғулланиб, ҳудуднинг аграр тармоғидаги сиёсий иқтисодиётни ўрганади. Ирна маълумоти бўйича қишлоқ социологи ҳисобланади ва у Совет иттифоқидан кейинги жамиятларда ижтимоий ва аграр ўзгаришларни ўрганишга ихтисослашган. Озиқ-овқат хавфсизлиги; қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларда яшаш воситалари; пахтачилик; Марказий Осиёда Хитойнинг бўлиши; органик қишлоқ хўжалиги ва юқоридаги мавзу билан боғлиқ йўналишлардир. Ирна илгари Ўзбекистонда аграр ўзгаришлар бўйича тадқиқот олиб борган ҳамда 2014 йилда IAMO, Ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Лейбниц институтида вақтинчалик илмий ходим сифатида фаолият юритган (Германиянинг Halle/S).
Ирна Хофман бизга Марказий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг таркиби, мамлакатлардаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар, болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги ҳамда СССР тарқаганидан сўнг фермаларни қайта тузиш каби масалалар ҳақида сўзлаб берди.
Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалиги ҳақида айтиб берсангиз. Минтақа мамлакатларида нималар етиштирилади? Экинларни кимлар ва қанча ҳажмда етиштиради?
Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши бўйича хилма-хилдир. Минтақа республикалари ўртасида ҳамда мамлакатлар ичкарисида ҳам экин парваришлаш ва аграр тузилмалар бўйича тафовут бор. 1991 йилдан буён минтақада экин экишнинг хилма-хил усуллари кўпайди, лекин айрим мамлакатлар маълум даражада ўз ихтисослигини ҳам сақлаб қолди. Менимча, бу кимнинг нимани ишлаб чиқараётганини ҳамда мамлакат учун муайян бир экиннинг қай даражада муҳим эканлигини билиш учун аҳамиятлидир. Бу фақат рақамлардан иборат бўлган суҳбатга қараганда жуда қизиқроқ ва муҳимроқ.
Совет иттифоқи пайтида Марказий Осиё мамлакатлари маълум турдаги экин етиштиришга ихтисослашган эди. Минтақада Россия забт этилгунга қадар асосан пахта етиштирилган. Бироқ Россия ҳукмронлиги ва совет даврининг сўнгги йилларига келиб пахта етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошган. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Совет иттифоқида асосий пахта ишлаб чиқарувчи мамлакатларга айланган. Айни пайтда Тожикистон сингари мамлакатларда эса, асосан мева ва сабзавот етиштирилган.
Бугунги кунда пахта аввалгидек Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодиётининг асосий валюта экини ҳисобланади ва уни етиштириш ортиқча қайта ишловлар ва қўшимча ҳақ талаб этмайди. Пахта бошқа жойда қайта ишланади. Оқ олтин 1990 йилларда Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшди: Ўзбекистон пахта тармоғи ўша пайтда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 18 фоизини эгаллаган эди. Туркманистонда эса бу кўрсатгич қарийб 25 фоиз, Тожикистонда 10 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда бу кўрсатгич анча пасайди: пахта Тожикистон ва Ўзбекистон ЯИМнинг 5 фоизини, Туркманистонда – қарийб 2 фоизни ташкил этади.
Жанубий Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим вилоятларида ҳам пахта етиштирилади. Шундай бўлсада, Марказий Осиё мамлакатлари орасида муҳим фарқли жиҳатлар мавжуд. Туркманистон ва Ўзбекистонда пахта хўжалиги бўйича давлат монополияси, Тожикистонда хусусий харидор устунлик қилади. Қозоғистон ва Қирғизистонда пахта бозори ва ишлаб чиқариш муҳити анча либераллашган. Пахта ишлаб чиқариш комплексининг бу ўзига хослиги унинг нархида муҳим аҳамият касб этади. Пахта йиғим-терими билан шуғулланувчи корхоналар – пахта тозалаш заводлари рақобатлашаётган жойда пахтанинг баҳоси қоидага кўра, биргина харидор бўлган жойга нисбатан юқори бўлади.
Буғдой Марказий Осиёдаги энг муҳим экин ва маҳсулот бўлиб, уни етиштириш учун ажратиладиган ер майдони 1991 йилдан буён Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда тобора ортиб бормоқда. Совет ҳукумати даврида мазкур уч мамлакатдаги йирик хўжаликлар асосан пахта ва буғдой етиштиришга ихтисослашган эди. Уларнинг айримларида алмашлаб экиш кузатилган. Бугунги кунда ҳам буғдой Марказий Осиёда тижорат фермерлари томонидан асосан ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида етиштирилаётган асосий экинлигича қолмоқда. Қозоғистон минтақада буғдой етиштириш бўйича етакчи мамлакат ҳисобланади. Ушбу мамлакат Совет ҳокимияти пайтида минтақанинг ғаллахонаси ҳисобланган ва бугунги кунда фақат Қозоғистон ушбу ҳудудда буғдойга тўқ давлат ҳисобланиб, у буғдой (дон) ва унни қўшни республикаларга экспорт қилади. Шу билан бирга, Қозоғистон уни Тожикистон унига қараганда анча сифатли саналади ҳам. Тожикистонда буғдойга бўлган талабнинг тенг ярми Қозоғистондан келтирилган маҳсулот билан қондирилади.
Шунингдек, Марказий Осиё хилма-хил мева-сабзавотлари билан ҳам машҳурдир. Минтақа муҳити ва ери баҳордан куз ойларигача турли мева-сабзавотларни етиштириш имконини беради. Совет ҳокимияти пайтида колхозларда боғдорчилик анча ривожланган эди.
Йирик фермерлар учун тез бузиладиган маҳсулотни катта ҳажмда ишлаб чиқариш ва сотиш кўпинча муаммо ҳисобланади. Минтақа инфратузилмаси ва бозорлари олдингидек, катта ҳажмдаги мева-сабзавотларни сақлашга у қадар мос эмас. Фермерларда уларни сақлаш ёки транспортировка қилиш имконияти йўқ. Бундай маҳсулотлар ёз ойларида юқори ҳароратда тегишли тарзда сақланмаса ёки тез сотилмаса, қисқа вақт ичида айниб қолади. Шу боис, айрим фермерларнинг харид қилиш нархи нисбатан кам бўлсада, пахта етиштиришни афзал кўришларини шундан ҳам билса бўлади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиши ҳолати қандай? Ким, нимани қаерга экспорт\импорт қилмоқда?
Минтақа бозори минтақа мамлакатлари ҳамда унинг муҳим савдо шериклари бўлмиш Россия, ЕИ ва Хитой учун муҳимдир. Пахта ва буғдой Марказий Осиёнинг Россия, ЕИ ва Хитойга экспорт қиладиган асосий маҳсулоти саналади. Шунингдек, савдода мева-сабзавотлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Турли мамлакатларнинг экспорт ўзига хослиги ҳақида гап борганда, шуни таъкидлаш керакки, аксарият мамлакатларнинг ишлаб чиқариш андозаси бир хил. Шарқий Ўзбекистондаги Фарғона водийси, Тожикистон шимоли ва Қирғизистон жанубидаги фермерлик ишлаб чиқаришлари бунга мисол бўла олади. Ушбу барча фермаларда мева-сабзавотлар, ёнғоқлар етиштирилиб, улар ички бозорга сарҳил ва қуритилган тарзда сотилади. Бунда ҳар учала мамлакат маҳсулотни маҳаллий истеъмолчиларга сотиш ва камроқ қисмини экспорт қилиши билан бир-бирига ўхшаб кетади. Бироқ маҳсулотни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш даражаси алоҳида ўрин тутади. Қозоғистонга асосан мева-сабзавотлар, хорижга қуритилган мева ва ёнғоқлар экспорт қилинади. Қозоғистон минтақадаги энг асосий экспорт қилувчи мамлакатдир. Ушбу мамлакат Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига катта ҳажмда дон ва ун, камроқ ҳажмда сут маҳсулотлари экспорт қилади. Буғдой ва дон маҳсулотлари, жумладан ун, нон Қозоғистон қишлоқ хўжалиги экспортининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этади.
Пахта етиштиришга ихтисослашган уч мамлакатда ҳам пахта ЕИ ва Хитойга экспорт қилинадиган муҳим товар саналади. Бироқ пахта даласидан завод, савдо майдонигача бўлган экспорт жараёнини кузатиш мушкул. Мен мазкур глобал ишлаб чиқариш тармоғини ўрганмоқчиман; “ғарб” брендлари заводдаги меҳнат шароитларига катта эътибор берадилар, лекин пахта далаларидаги аҳвол ҳақида кам маълумотга эга. Қизиқ, бу брендлар ўзлари фойдаланаётган пахта ишлаб чиқарилган жойи ҳақида билармиканлар?
Пахта Тожикистонда ҳам энг муҳим маҳсулот ҳисобланади. Пахта (хусусан пахта ёғи, кунжара сингари унинг қолдиқлари) мамлакат қишлоқ хўжалиги экспортининг 60 фоизини ташкил этади (ФАОнинг 2016 йилги маълумотлартга кўра). Туркманистонда пахта экспорт қилинадиган энг муҳим қишлоқ хўжалиги товари сифатида аҳамиятлидир (пахта, жумладан пахта ёғи ва кунжара мамлакат қишлоқ хўжалиги экспортининг 80 фоизини ташкил этади). Ўзбекистонда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти хилма-хил бўлиб, бу ерда пахта Тожикистон ва Туркманистонга қараганда кам экспорт қилинади.
Хитой Марказий Осиёда энг муҳим иштирокчига айланиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг баъзи турлари Хитойга экспорт қилиняпти ва ушбу экспортда пахта энг асосий ўринни эгаллаяпти. Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитой бозорига мева-сабзавотларни етказиб бериш салоҳияти мавжуд. Бугунги кунда Хитойга асосан пахта экспорт қилинади, савдо баланси эса салбий ҳолда турибди: Марказий Осиё республикалари Хитойга маҳсулот экспортидан кўра, кўпроқ импортни амалга оширяпти. Эътиборли жиҳати шундаки, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қозоқ бозорига мева-сабзавот етказиб бериш бўйича Хитой билан рақобатлашмоқда.
ЕИ билан савдо-сотиқ қилиш пахта, дон ва Қозоғистондан уруғлик маҳсулотларни экспорт қилишдан иборат. Шу билан бирга Марказий Осиё республикалари Европадан озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда қайта ишланган маҳсулотларни импорт қилмоқда. Бу минтақа аҳолисининг турмуш даражаси юклалганидан далолатдир. Бу ерда «супермаркетлаштриш» тенденцияси мавжуд бўлиб, бунда бозорлар ўз ўрнини супермаркетларга бўшатиб беряпти. Бундай ривожланиш энг аввало шаҳарларда юз бермоқда. Қишлоқ жойларида кичик бозорлар аввалгидек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган асосий жойлигича қоляпти.
Озиқ-овқат маҳсулотлари импортига келадиган бўлсак, Марказий Осиё мамлакатлари чой, шакар; (товуқ гўшти), гўшт; ўсимлик ёғи; сариёғ, пастеризация қилинган сут сингари сут маҳсулотлари; қаҳва ва какао (шоколад) маҳсулотларини импорт қиладилар. Бу маҳсулотларнинг айримлари турли мамлакатлардан, баъзилари эса Қозоғистондан импорт қилинади (айрим ҳолларда Қозоғистон озиқ-овқат маҳсулотларини Марказий Осиёнинг бошқа республикаларига қайта экспорт қилади). Евро Осиё иқтисодий иттифоқининг тузилиши Марказий Осиёда савдо-сотиқни амалга ошириш учун бир қанча енгилликлар яратди. Мазкур иттифоқ аъзо давлатлар ўртасида савдо юритишни осонлаштирди, бироқ минтақада иттифоқнинг таъсири у қадар сезилмаяпти. Чунки чегара атрофи ҳудудларида кўплаб норасмий савдо шохобчалари жойлашган бўлиб, улар ҳудуд учун муҳим ўрин эгаллайди. Бу норасмий савдо қишлоқ аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш учун ҳам зарур. У мамлакатлар\макро даражада статистик қайд этиб борилмайди. Шундай бўлсада, Марказий Осиё мамлакатларининг қўшни республикалар билан эркин савдо қилишига қаршилик қилувчи бир қанча тўсиқлар бор. Масалан, ҳали у қадар ривожланмаган йўлаклар, божхона маъмурияти ва фитосанитар стандартлари туфайли савдо қилиш жараёни қийинлашяпти. Яна бир муаммо. Марказий Осиёдаги кўплаб майда фермерлар ўз уруғларини танлашаётганидир. Бунинг натижасида ҳосил жуда гетероген бўляпти, бу эса катта ҳажмдаги экспортни амалга оширишни қийинлаштириши мумкин. ЕИ ёки Россиялик харидорлар бошқача ишлаб чиқариш тизимини талаб этадиган маҳсулотларни саралашни талаб қилиши мумкин. Мен шартнома асосидаги деҳқончиликни ҳимоя қилаётганим йўқ, лекин у асосан ишлаб чиқаришни соддалаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини янада фаоллаштиришда қўлланилмоқда.
Минтақада озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ҳолат қандай?
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва озиқланиш хавфсизлик ўртасида катта фарқ бор. Менимча, озиқланиш хавфсизлиги масаласи бу борада муҳимроқ саналади. Озиқланиш ҳақида гап борганда, етарли даражада овқатланиш (калория нуқтаи назаридан) билан озиқланиш хавфсизлигига эришиб бўлмайди – негаки энг муҳими таом сифатидир (бошқа нарса билан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган аминокислоталар, витаминлар ва минералларнинг бўлишидир). Озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли даражада диверсификация қилинмаслиги тўйиб овқатланмасликка олиб келиши мумкин ва бу болалар ўртасида бўй ўсишининг секинлашиши ва озиб кетишга сабаб бўлади. Озиқланиш хафсизлигининг йўқлиги маълум даражада камбағаллик билан боғлиқ. Марказий Осиё минтақасида ҳайдаладиган ерлар кам бўлсада, кўпчилик аҳоли қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Озиқланиш хавфсизлиги (бошқа омиллардан ташқари) аҳолининг ердан самарали фойдалана олишига боғлиқ. Марказий Осиёда озиқланиш хавфсизлиги йўқлигининг асосий сабаблари: сиёсий иқтисодиёт, жумладан давлатнинг қишлоқ иқтисодиётига киритаётган инвестицияси; ҳайдаладиган ерлардан фойдаланиш; Марказий Осиёда деҳқончилик эркинлиги билан боғлиқ сабаблардир. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури кўп йиллардан буён Қирғизистон ва Тожкистонда фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот биринчи навбатда энг муҳим эҳтиёжларга ўз эътиборини қаратади.
Марказий Осиё республикалари сўнгги ўн йил ичида тўйиб овқатланмасликка қарши курашда катта ютуқларни қўлга киритди. Шунга қарамасдан, айниқса ёш болалар ҳақида гап борганда, бу мавзу долзарблигича қолмоқда. (ФАОнинг 2017 йилги маърузасига кўра) Марказий Осиё мамлакатлари орасида Тожикистонда вазият анча танг. Бу ерда 2016 йилда 30% гача аҳоли тўйиб овқатланмаган ва фақат 25% қишлоқ аҳолиси хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган. 2016 йилда Тожикистонлик 25% болалар бўй ўсиши бўйича орқада қолган. Ўзбекистон ва Қирғизистонда аҳвол бироз яхши (бу ерда тўйиб овқатланмаслик даражаси қарийб 6% атрофида). Шундай бўлсада, 2016 йилда бу мамлакатлардаги 10% болаларда бўй ўсиши бўйича қолоқлик кўрсатгичи кузатилади. ФАО ҳисоботига асосан, 2016 йилда Туркманистонда 5,5% аҳоли тўйиб овқатланмаган ва қарийб 10% бола паст бўйли бўлган. Қозоғистонда овқатланишга яхши эътибор беришади. 2016 йилда бу ерда 3% дан кам аҳоли тўйиб овқатланмаган. Мамлакатда шунингдек, болаларни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлашда ҳам яхши натижаларга эришилган; 2005 йилда қарийб 18% болада бўйи ўсиши бўйича қолоқлик кузатилган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсатгич 8% гача пасайган.
Марказий Осиёда колхозлар тугатилганидан кейин қишлоқ хўжалигида қандай ислоҳотлар амалга оширилди?
Турли мамлакатларда ислоҳотлар уларни амалга ошириш суръати ва миқёсига кўра турлича кечди. Ер ислоҳотлари Марказий Осиёдаги барча мамлакатда тепадан пастга қараб олиб борилди. Айниқса Тожикистон ва Қирғизистонда халқаро донорлар босими ўз вазифасини бажарди.
Бошланишида баъзи умумий мулоҳазалар: Биринчидан, бутун Марказий Осиё минтақаси бўйлаб қишлоқ хўжалигини индивидуаллаштириш бошланди, бироқ ерни хусусийлаштириш фақат Қозоғистон (2003 йилда мамлакатда хусусий мулк тан олинди) ва Қирғизистонда (1998 йилда хусусий мулк тан олинди ва 2001 йилда ерни сотиш бўйича тўлов муддатини узайтириш бекор қилинди) юз берди. Туркманистонда ҳам хусусий мулк тан олинсада, бу ерда кўпинча ердан фойдаланиш ҳуқуқи қўлланилади. Ўзбекистон ва Тожикистонда давлат ернинг ягона эгаси ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ, ерни фақат ижарага бериш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд.
Иккинчидан, Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатларида ер ислоҳотлари ва фермаларни қайта тузиш босқичма-босқич даражада олиб борилди. Бунда собиқ давлат хўжаликлари (совхозлар) ва жамоа хўжаликлари (колхозлар) дастлаб акциядорлик жамоавий ёки корпоратив фермалар ёҳуд акциядорлик холдингларга айлантирилди. Акция эгалари ушбу йирик фермалар ерларини олиб, ўзларининг шахсий ерларини ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу боис Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги ер ислоҳотлари жараёни ўзига ерни собиқ колхозлар ва совхозларга тақсимлашни эргаштириб боради. Марказий ва Шарқий Европадаги ер ислоҳотлари бошқача кечган эди, унда ер олдинги эгаларига қайтарилган. Қайта тузиш натижасида, Марказий Осиёнинг барча республикаларидаги фермер хўжаликларининг ўртача катталиги бироз қисқартирилади. Масалан, Қирғизистон ва Тожикистонда ферманинг ўртача катталиги беш гектарни; Қозоғистонда 300 гектардан ортиқроқ майдонни ташкил этади. Ўзбекистонда 2008 йилда олиб борилган фермер хўжаликларини бирлаштириш сиёсати натижасида, ўртача ферма катталиги яна ошди.
Учинчидан, 1990-йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида умумий иқтисодий инқироз билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам қисқарди. 1990-йилларнинг охирида ушбу мамлакатларда (Қирғизистонда 1995 йилда, Ўзбекистонда эса 1996 йилда) тармоқларни тиклаш ҳолатлари юз беради. 1990-йилларнинг боши барча Марказий Осиё мамлакатлари учун қийин давр бўлган. Ўша даврларда масалан, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳукумат қишлоқ аҳолисига (ер участкасидан ташқари) қўшимча ер ҳам тақдим этган. Умуман, минтақада иқтисодий қийинчиликларга нисбатан «қайта ва переориентация демонетизация» қилиш ҳоллари кузатилган. Мустақилликдан кейинги оғир даврларда одамлар яшаш учун ердан фойдалана бошлайди ҳамда бартер – ресурслар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олишда асосий воситага айланади.
Тўртинчидан, минтақада қишлоқ хўжалигининг миллий иқтисодиётдаги улуши анча қисқарди. Масалан, 1995 йилда Тожикистон қишлоқ хўжалиги тармоғининг мамлакат ЯИМ даги ҳиссаси 35%дан кўпроқ бўлган. 2015 йилда бу кўрсатгич қарийб 22% ни ташкил этган. Қирғизистонда эса, аграр иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 1995 йилда 40 % дан 2015 йилда тахминан 15 % гача пасайган. 1995 йилдаги 40% лик юқори кўрсатгич шу билан изоҳланадики, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари анча қисқариши натижасида, аграр иқтисодиётнинг аҳамияти ортади. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тармоғининг мамлакат ЯИМдаги ҳиссаси 1995 йилда 28%дан 2015 йилга келиб 17 % гача, Қозоғистонда эса, 12%дан 5% гача, Туркманистонда 16%дан 9 % гача қисқаради. Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда тоғ-кон тармоқлари (нефть,газ, олтин ва б.ш) қишлоқ хўжалигининг миллий иқтисодиётдаги улушида қисман ўринбосарлик қилади.
Бешинчидан, Марказий Осиёдаги барча республикаларда тижорат фермер хўжаликларидан ташқари уй хўжаликларида ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини экиш муҳим муҳимлигича қолади. Юқорида айтиб ўтганимдек, 1990-йилларда одамлар ҳовли томорқасида озиқ-овқат етиштирган, аслида эса, уй хўжалигида ишлаб чиқариш совет пайтида ҳам энг ҳал қилувчи роль ўйнаган. Совет иттифоқи даврида томорқада озиқ-овқат экинларини етиштириш асосан хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланган, бироқ маҳсулотнинг ортиқча қисми шаҳар бозорларида сотилган. Бу колхозчиларга қўшимча даромад келтирган. Уй хўжаликларининг иш самарадорлиги Совет иттифоқидаги йирик хўжаликлар ва совет давридан кейинги мустақил фермерларнинг ишлаб чиқариш унумдорлигидан анча юқори бўлган. Аксарият қишлоқ аҳолиси ўз ҳовлисида бир қанча сигир ва\ёки қўй боқади. Қозоғистондаги чорвачилик фермаларини ҳисобга олмаганда, Марказий Осиёда йирик сут фермалари деярли йўқ ҳисоб. Бундан ташқари минтақадаги (ярим) кўчманчи гуруҳлар кўп сонли қўй ва от боқиш билан шуғулланади. Шундай бўлсада, Марказий Осиёдаги ер ислоҳотари ва фермер хўжаликларини қайта тузиш ишларининг суръати ва миқёсини кўриб чиқиш зарур. Қирғизистон 1990-йилларнинг бошида бошқа қўшни республикаларга қараганда биринчилардан бўлиб, ердан фойдаланиш бўйича қатор ислоҳотларни амалга оширди. Мамлакат иқтисодий инқироздан кейин капиталга муҳтож ва халқаро донорлар босимига таъсирчан бўлган пайтларда ҳукуматнинг ўша пайтдаги раҳбари бўлган Акаев ғарб инвестициясини жалб этиш истагини билдиради. Кўпқиррали институтлар аграр иқтисодиётни хусусийлаштириш ва либераллаштиришни талаб этишади. Ҳукумат тез суръатлар билан ислоҳот олиб боришга киришади ва натижада, Қирғизистонда фермер хўжаликларини қайта тузиш тез амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги даромадлари биргина қишлоқ хўжалиги товарлари орқали таъминланмаган, яъни қишлоқ хўжалиги бойликлари йирик тузилмалар орқали йиғилган ва бу Совет давридан кейинги режимнинг йирик хўжаликларни чегаралашни истамаганини англатади. Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда пахта иқтисодиётда биринчи даражали бўлгани боис, вазият бошқача бўлган. Яъни Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги бошқа республикаларга қараганда эрта (1995 йилда) тикланган. Шунга қарамасдан, 1990-йиларнинг бошларида кўплаб мустақил фермалар катта институт ва инфратузилмаларнинг кўмагига муҳтож бўлган. Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ташкилотлари самарасиз ишлар, қолган институтлар эса, (собиқ) йирик ишлаб чиқариш тизимларига мослашган эди. Натижада, эндигина ташкил этилган фермалар экин экиш ва сотишда қийинчиларга учрайди. Ўзбекистон ва Туркманистонда Қирғизистон республикасидан фарқли ўлароқ, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу мамлакатларда аграр соҳада давлат назорати сақланиб қолган. Ўзбекистон ва Туркманистон табиий ресурсларга бой бўлгани сабабли Қирғизистонга ўхшаб хориж кўмагига муҳтож бўлмади. Бундан ташқари, ҳар икки мамлакатда (Тожикистонда ҳам) пахтачилик саноати мамлакатлар иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга эди. Даромадлар ҳукумат томонидан қатъий назорат қилинарди. Фермерликнинг хусусийлаштирилиши ва режали иқтисодиётнинг тугатилиши пахта ишлаб чиқаришга сезиларли таъсир кўрсата олди.
Минтақа мамлакатларининг ислоҳотларга ёндашувлари бир-биридан қандай фарқ қилади?
Мазкур мамлакатлар иқтисодиёти учун маълум экинларнинг аҳамияти ҳамда ер фондининг тарқоқлигини ҳисобга олганда, Ўзбекистон ҳукумати айтиш мумкинки, аграр тармоқни ҳамда собиқ совхоз ва колхозларни аввалига ширкатлар, сўнгра тижорат фирмаларига ўзгартирган ҳолда, босқичма-босқич ислоҳ қилди. Ўзбекистонда энг аввало пахта ва буғдойга нисбатан квоталар тизими аввалгидек фаолият юритади. 2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати янги сиёсатни қабул қилади ва қишлоқ хўжалиги ер-мулкини қайта бирлаштиради ҳамда шу орқали фермер хўжаликларининг ўртача катталигини оширади. Фермалар бирлаштирилади ва шу жараёнда айрим фермерлар қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни тўхтатади. Шу боис, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ўзига хос тарзда кечади (Қозоғистонда ҳам 2005 йилда кичик хўжаликлар бирлашган пайтда, қисқа вақт ичида ислоҳотлар амалга оширилган эди). Ўзбекистонда охирги йилларда аграр иқтисодиётда юз берган ўзгаришларни кузатиш қизиқроқ бўларди. Чунки Мирзиёевнинг президентлиги пайтида айниқса, пахта саноатига оид туб ўзгаришлар ҳақида кўп гапирилди. Менимча, бу борадаги энг муҳим савол шундан иборатки, аграр иқтисодиётдаги қандай ўзгаришлар қишлоқ аҳолиси турмуши ва фаровонлигини юксалтиришга таъсир кўрсатади. Масалан, мажбурий меҳнат тўхтатиладими, аграр иқтисодиётдаги ойлик иш ҳақининг ошиши собиқ мигрантларни соҳага жалб қила оладими? Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилай оладими?
Қозоғистон фермер хўжаликларини қайта ташкил этишда бошқача ёндашувни танлайди. Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларида буғдой ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик колхоз ва совхозлар қурилади ва йирик агрохолдинглар (10 000 гектардан ортиқ), якка тартибдаги фермер хўжаликлари (қарийб 500 гектар) ва уй хўжалигидан иборат учёқлама тузилма жорий этилади. Шимолий Қозоғистоннинг буғдой тармоғида йирик агрохолдинглар кўпчиликни ташкил қилади. Улар бажарадиган операциялар Марказий Осиёдаги бошқа кўпчилик майда фермалардан фарқли ўлароқ, ўта механизациялашган. Ушбу маскан ҳудуднинг ғаллахонаси ҳисобланади. Қозоғистоннинг жанубида буғдойга қўшимча равишда турли қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан пахта, боғ экинлари етиштиришга ихтисослашган майда фермер хўжаликлари жуда кўп.
Тожикистонда олиб борилган ислоҳотлар бошқа республикаларникидан фарқ қилади. Чунки мамлакат икки гектар ёки ундан камроқ майдонни эгаллаган юқори тоғ хўжаликлари ҳамда пасттекисликларда жойлашган 300 гектар ёки ундан кўпроқ майдондан иборат бўлган диверсификацияли географияга эга. Ҳозирги кунда деҳқон хўжаликларининг ўртача катталиги беш гектардан кичикроқ. Тожикистонда ҳам Қирғизистондаги каби аграр ўзгаришлар жараёнини шакллантиришда халқаро донорлар муҳим роль ўйнади. Соҳага оид қарорлар ҳали 1992 йилларда қабул қилинган бўлсада, бу борадаги ислоҳотлар мамлакатда юз бераётган фуқаролик уруши туфайли тўхтаб қолган эди. 1990-йилларнинг охирларида халқаро донорлар Тожикистонга аграр иқтисодиётни ислоҳ қилиши учун катта босим ўтказа бошлайди. Шундай бўлсада, ҳукумат индивидуаллаштириш ва давлатнинг бозорга аралашмай қўйиши пахта иқтисодиётининг емирилишига олиб келади, деб хавфсирарди. Бунга жавобан ҳукумат пахтани давлат харид қилиш тизимидан хусусий харид тизимига ўтди. Бу тизим 2000-йилларнинг охиригача ўзгартирилмади.
Колхозларни хусусийлаштиришдан кимлар ютди ва кимлар ютқазди? Нима сабабдан бундай бўлди?
Самарали хўжалик қилганлар ҳам, бунинг уддасидан чиқмаганлар ҳам бўлди. Айримлар тижорат хўжаликлари тузишни ўзи истамади. Биринчи гуруҳ кишиларини «ғолиблар», қолганларни «мағлублар» тоифасига киради, деса ҳам бўлади. Афтидан, Марказий Осиёдаги постсоциалистик аграр ўзгаришлар кўпчиликни агар иқтисодиётдан четлаштирган. Чунки қишлоқ жойларида қишлоқ хўжалигидан бошқа шуғулланиш мумкин бўлган имкониятлар кам қолган эди. Шундай қилиб, мигрантлар “мағлублардир” деган хулосага келиш мумкин. Бироқ ҳамма ҳам якка хўжалик ташкил этишни истамасди. Унинг устига фермерлар ўртасида табақаланиш юз беради. Ўз тадқиқотларим давомида шу нарсани кузатдимки, ҳамма фермерлар ҳам аграр ўзгаришларда “ғолиб” деб ҳисобланмайди.
Мустақиллик йиллари ва ислоҳотларнинг бошида бригадир ва собиқ колхоз раислари сингари «таниш-билиш»и бўлган шахслар хўжаликни қайта тузиш жараёнида ердан фойдаланишда қатор имтиёзларга эга бўлганлар. Улар қишлоқ хўжалигидан даромад қила олганлар. Менинг хулосаларим Руминия, Украина ва Россия сингари постсоциалистик мамлакатларда ишлаган олимларнинг кузатувлари билан бир хил. Ер ислоҳотлари амалга оширилаётган жараёнда яхши танишларга эга кишилар қишлоқ хўжалиги активлари (масалан, трактор), унумдор ерга эга ва сувга яқин энг яхши далаларни ололганлар. Оддий колхозчилар қишлоқ хўжалиги мулкларини олиш учун навбатда туриши, баъзан эса, ўз фермасини тузиш тўғрисидаги илтимоснома билан туман ҳокимиятига мурожаат қилгунга қадар узоқ кутишига тўғри келган.
Натижада, хўжаликларни қайта қуриш ижтимоий табақаланишга олиб келди. Жавоавий деҳқончиликдан якка тартибдаги қишлоқ хўжалигига ўтиш айрим имтиёзли шахсларга қимматбаҳо қишлоқ хўжалиги активлари ва капитал олиш имконини берди.
Қимматли қишлоқ хўжалиги активларига эгалик қилиш фақат жойлардаги активларгагина эмас, капитал оқимига ҳам тааллуқли эди. Тожикистонда пахтанинг давлат харидидан хусусий харид тизимига ўтилиши сиёсий танишлари бор шахсларга пахта ишлаб чиқариш комплекси устидан назорат қилиш имконини берди. Улар пахта етиштиришдан маълум даражада даромад қила олган бўлсаларда, пахта Тожкистонда қишлоқ камбағаллиги билан боғлиқдир.
Шундай бўлсада, колхозлар ҳозир ҳам аввалгидек долзарбми?
Қишлоқ хўжалиги тармоғи сўнгги бир неча йил ичида анча ўзгарди ва одамлар ҳануз ўзларини ўз колхозлари шаклланган жой билан тенглаштиради. Айрим жойларда колхозларни қабул қилувчилар ҳали ҳам бор ва одамлар бу хўжаликларни ўз колхоз номи билан аташмоқда. Мен колхоздан кейин ташкил қилинган фермада ҳали ҳам ҳисобчиси ва агроном борлигини кўриб ҳайрон қолганман.
Совет иттифоқи пайтида йирик колхоз ва совхозлар «умумий ижтимоий институт» ҳисобланган: улар колхозчиларга соғлиқни сақлаш ва таълимдан фойдаланиш имконини тақдим этган, аксарият колхоз ва совхозларда эса «клуб» ва кинотеатрлар бўлган. Фермер хўжаликларининг ислоҳ қилиниши билан Марказий Осиё ҳукуматлари аҳоли ижтимоий таъминоти, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олади. Айрим ҳолларда йирик якка хўжаликлар колхозлардан кичик бўлган маҳаллий жамоаларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Баъзи туманларда колхоз фаолияти аввалгидек муҳимлигича қолмоқда. Бу уларнинг қишлоқ уй хўжаликлари фаровонлиги билан боғлиқдир. Бу ерларда ресурслар ва қишлоқдаги ишчилар алмашинуви юз беради. Колхозлар ишлаб чиқариш субъектлари сифатида йўқотилган бўлсада, бироқ айрим жамоавий тузилмалар қолди, менимча колхоз мавзуси олдингидек долзарбдир. 1990-йилларда туғилиб ўсган ёшлар кўпинча ўзлари тегишли бўлган жойни айтишда қишлоқ номларини келтиришади. Колхоз эса катта ёшдаги авлодлар учун «мансублик» ва ижтимоий жипслик сифатида муҳимдир. Колхоз ва совхозлар инсонлар ҳаётини кўрсатиб берди. Тожикистоннинг жануби-ғарбидаги туманларнинг бирида дала ишларини ўтказаётганимда, қишлоқлар номини айтиб ҳам, юрган йўлимни тушунтиришга қийналганман. Чунки аҳоли пунктлари фақат №1 Совхоз, № 2 Совхоз ва ҳоказо тарзида машҳур эди.
Майда фермерлар кучсизлигича қоладими?
Бунга жавоб бериш қийин. Эҳтимол, қишлоқ уй хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми учун катта аҳамият касб этар. Шунинг учун айрим олимлар Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тармоғининг тикланишини фермер хўжаликларини фрагментациялаш билан изоҳлашади. Умуман, майда фермерларнинг иш унумдорлиги йирик фермаларникига қараганда, анча юқори. Тожикистон пасттекисликларида олиб борган тадқиқотларимга асосланган ҳолда шуни айтишим мумкинки, кўплаб майда фермерлар (яъни, оддий қишлоқ уй хўжаликлари эмас, деҳқонларнинг фермалари) олдингидек, пахта ва умуман фойда келтирмайдиган экин экишга мажбур бўлгани учун, қийинчиликларга дуч келмоқда. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда меҳнат миграциясининг кенг тарқалгани аграр иқтисодиётнинг инсонлар яшаши учун керакли воситаларни бермаётганини ифодаловчи омиллардан биридир. Кишиларга фақат қишлоқ хўжалигидан келадиган даромаднинг ўзи етарли эмас. Қишлоқ жойларида фермадан ташқарида ишлаш учун эса имкониятлар чегараланган.
Умуман, Марказий Осиёда майда фермерликни ривожланишига қаршилик қиладиган тўсиқлар ҳали ҳам мавжуд. Аввалдан Қирғизитонда кузатилган, бироқ Тожикистон фермерлик тармоғининг ўзига хос жиҳати бўлган ҳодиса бу – майда фермерларга институционал ёрдамнинг етишмаслигидир. Кичикроқ фермерлик кредит муассасалари (банклар), инфратузилмалар, бозорлар ва маърифат тарқатувчи хизматлар ташкил қилиш учун зарур бўлган институционал муҳит аввалгидек аниқ эмас. Кўплаб янги фермерлар ҳисобчилик, манбаларни танлаш ва бозор нархлари бўйича музокаралар ўтказиш каби мажбуриятларни ўз ичига олган корхонани бошқариш кўникмаларидан хабардор эмас. Натижада, улар агорономлик маслаҳатлари, материаллардан фойдаланиш ва ўз экинларининг маркетинги ҳақида гап борганда, даллоллар каби масалалар юзасидан маҳаллий ва туман ҳокимликларига қарам бўлиб қолишмоқда. Бундай фермерларни бозорни тўлдириш учун қолдиришади.
Баъзан янгиликларда Марказий Осиё мамлакатларидаги фермерлар колхозларда мавжуд бўлган ресурслар йўқлиги боис, экин экиш ва парваришлашнинг совет давригача бўлган усулига қайтаётгани ҳақида гапларни учратиш мумкин. Минтақа қишлоқ хўжалиги тармоғида янги технологиялар (дронлар, сервис иловалари ва б.ш)дан фойдаланиш ҳақида нима дейиш мумкин?
Марказий Осиёнинг аксарият совет республикаларида қишлоқ хўжалиги кам механизациялашган эди. Аҳоли сонининг зичлиги катта ишчи борлигини англатарди. Совет раҳбарияти минтақада қишлоқ хўжалигини механизациялашни кучайтиришини режалаштираётган бўлсада, пахта далаларида қўл меҳнатидан фойдаланиш ҳамон давом этади. Бу борадаги вазият ҳудудларга қараб фарқланган эди. Масалан, Қозоғистон шимолидаги дон етиштириш ҳудудида механизация бўлган, булар ғалла ўрадиган комбайнлардир. Мазкур ҳудудга киритилган йирик инвестициялар самарасида бугунги кунда бу жойдаги қишлоқ хўжалиги замонавий технологиялар, ерга қайтадан ишлов берадиган замонавий ускуналар, сунъий йўлдош орқали бошқариладиган технологиялар билан жиҳозланган.
Шунга қарамасдан, Марказий Осиёдаги кўплаб мамлакатларда қўл меҳнати устунлик қилади. Сабзавот ва пахта далаларида ўтоқ қилиш ва ҳосилни териш ишлари қўл меҳнати ёрдамида амалга оширилади. Техника етишмовчилиги (масалан, ғалла ўрадиган комбайнлар, тракторлар ва юк ташиш машиналари) аграр тармоқни ривожлантиришни қийинлаштирмоқда. Кўп ҳолларда ускуна олиш учун навбатлар пайдо бўляпти ва бу иш унумдорлигига таъсир кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё, ҳеч бўлмаганда Тожикистонда инновациялар бўйича сўнгги ишланмалар ва билим тарқатиш хизматлари донорлар томонидан амалга оширилган. 1991 йилдан бошлаб давлат қишлоқ хўжалиги тармоғидан аста-секин узоқлаша бошлайди, бу қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ишланмаларида ўз таъсирини кўрсатади.
1991 йилдан кейин Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ишланмалари учун ресурслар қисқартирилади, қўллаб-қувватлаш хизматлари эса, ўзининг самарали фаолиятини тўхтатади. Давлат сармоясининг йўқлиги ишлаб чиқариш ҳаражатлари (масалан, уруғ) дан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ишлари, умуман иш унумдорлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Марказий Осиё қишлоқларида ишлайдиган кўплаб агрономлар совет ҳокимияти даврида таълим олишган. Улар пахтачилик ва маҳаллий ирригация тизимларига оид билимларга эга, лекин улар бошқа экинлар ва бошқача ишлаб чиқариш услубларига оид маълумотлардан хабардор эмаслар. Бундан ташқари, аксарият агрономлар деярли пенсия ёшида, ёшлар эса бу касбга унчалик қизиқмайди.
Ишда ёрдамчи хизматларнинг бузилиши ва ишлаб чиқариш ҳаражатлари бўйича бозорларнинг ёмонлашуви ҳам ўғитлар ва пестицидлар билан боғлиқ. Совет ҳукумати даврида йирик хўжаликлар ҳеч қандай муаммосиз ўғит олишган. Бугунги кунда кимёвий моддалар (азот, фосфор ва калий (NPK) ўғитлари ҳамда пестицидлар) дан совет пайтидагидан кўра кам фойдаланилмоқда. Бунинг энг муҳим сабабларидан бири, фермерлар ресурсларни тежашга уринаётганидир. Бундан ташқари, кўпчилик мамлакатлар ўғит ва пестицидларни импорт қилади. Яқинда Хитой корхонаси Тожикистондаги ўғит ишлаб чиқариш бўйича эски заводни тиклаш учун сармоя киритди. Лекин шундай бўлсада, сўнгги йилларда мамлакатда қўлланилаётган ўғит ва пестицидлар Ўзбекистон, Россия, Покистон ва Хитойдан келтирилди. Баъзан кимёвий моддаларни кам ишлатиш яхши ҳамдир – мен органик деҳқончилик тарафдориман, лекин бунинг учун деҳқончиликда бошқача ёндашув талаб этилади. Юқори ҳосил олиш учун фермерлар ер унумдорлиги, қишлоқ хўжалиги экинларини ўташ, уларни етиштириш жараёнига катта эътибор қаратиши зарур. Марказий Осиёда чорва гўнги сингари органик ўғитлардан фойдаланиш камдан-кам учрайди. Чунки минтақа аҳолисининг аксариятида фақат бир ёки икки сигири бўлиб, улар чорва гўнгидан уй эҳтиёжлари учун ўғит сифатида эмас, ёқилғи манбаси сифатида фойдаланади.
Минтақа қишлоқ хўжалигида Хитой сармоясининг ошиб бораётгани ҳақида нима дейиш мумкин?
«Камар ва йўл» (BRI) лойиҳасини амалга ошириш бошланганидан буён Марказий Осиёда Хитойнинг иштироки кенгайди. Ҳозирча минтақадаги Хитой қишлоқ хўжалиги корхоналари чайқовчилик ва ишончсизлик уйғотмоқда. Сиёсатчилар ва олимлар Марказий Осиёда Хитой корхоналарининг фаолият юритиш сабаблари билан қизиқмоқда. Бунинг ортида нима турибди – сиёсатми ёки фойда олишми?
Умуман олганда, Марказий Осиёда бир қанча жараён юз беряпти. Энг аввало, Марказий Осиёда ердан фойдаланмоқчи бўлган, яъни қишлоқ хўжалиги мулкини ижарага олиш истагида бўлган Хитой корхоналари мавжуд. Бундай ҳолат Тожикистонда кузатилганди. Ишончим комилки, бундай инвестициялар Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам амалга оширилган. Мен шарқий Қозоғистонда хитойлик фермерларнинг ишлаши ҳақида эшитгандим, бироқ буни аниқлаштириш учун ўша жойда тадқиқот олиб бориш талаб этилади. Ер инвестициялари ҳақида гапирадиган бўлсак, Хитой фуқаролари ва оилалари томонидан ташкил этилган кичик фермалар мавжуд бўлиб, одатда улар йирик инвестициялар туфайли эътибордан четда қолмоқда. Иккинчидан, минтақага Хитой қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг катта оқими: уруғлар, ўғит ва ишлаб чиқариш услублари кириб келяпти. Марказий Осиёда сифатли уруғлар ва бошқа ҳаражатларга эҳтиёж катта. Яқинда Хитой компаниялари Қирғизистонда қўшма корхона ташкил этиш орқали 30%гача пахта етиштиряпти, деб эшитдим. Учинчидан, минтақага қишлоқ хўжалиги ресурслари билан бирга услуб ва аниқ билимлар ҳам кириб келмоқда. Шунингдек, Хитой ва Марказий Осиё тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик муносабатлари ҳам ўрнатилди. Чегараларнинг шу тарзда очиқлиги Марказий Осиё республикаларининг аграр тармоғига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Хитой ва Марказий Осиёда савдо қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигига сармоя киритиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ресурслар ва соҳа билимларидан фойдаланишга таъсир кўрсатмоқда. Занжирнинг энг охирги бўғинида бўлган сўнгги истеъмолчилар, ишлаб чиқарувчилар ва қишлоқ уй хўжаликлари ҳам Хитой фермер хўжаликлари, Хитой ресурслари, билим ва технологияларининг кўпаяётганини ҳис қилмоқда.
Хўш, нима учун, Марказий Осиё қишлоқ ххўжалигида Хитой таъсири ортиб бормоқда? Биринчидан, маълумки Хитой ҳукумати минтақада ижтимоий барқарорликдан ташвишланади. Мамлакат ҳукумати Синьцзян-Уйғур автоном округи, Афғонистон ва Покистондаги вазиятни диққат билан кузатиб боради ва Хитойнинг жойларда бўлиб туриши ҳукуматга бевосита энг сўнгги маълумотлар ва назорат механизмларини тақдим этиш имконини беради. Айни пайтда, Хитой ҳукумати учун ички иқтисодий ўсишни сақлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳақиқатан ҳам, Хитой давлати хорижда Хитой корхоналари ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди, бироқ ҳеч қандай давлат кўмагисиз, ўз ташаббуси билан ишлаётган тадбиркорлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хитой компанияларининг йирик лойиҳалари жамоатчилик эътиборига тушаётганини таъкидлаш жоиз. Хитойнинг Тожикистон қишлоқ хўжалиги ерларига ишлов беришга киритган инвестициялари бўйича олиб борган тадқиқотларимда шуни кузатдимки, кичик сармоялар\ харидларга кам эътибор қаратилмоқда.
Ўз изланишларим орқали Марказий Осиёдаги Хитой фермаларининг асосан тижорат мақсадида фаолият юритаётганини билдим. Масалан, Марказий Осиё иқтисодиётида ўз ўрнини топган Хитой фуқаролари ва оилаларига тегишли бўлган майда фермалар кўп. Улар асосан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиради ва Марказий Осиёда кам бўлсада, тобора ўсиб бораётган Хитой жамоати доирасида фаолият юритишади.
Ўтган йили Қирғизистонга уюштирган сафарим давомида реклама лавҳасига кўзим тушди. Унда қишлоқ хўжалиги бўйича Хитой-Қирғиз ҳамкорлиги ҳақида ёзилган эди. Мен яна Хитой фермер корхоналари Тожикистоннинг Данғар туманида пахта етиштираётгани ва тумандаги Махсус иқтисодиёт зонада иштирок этаётгани ҳақида ҳам ўқиб қолдим. Менимча, илгари мен ўрганган Хитой фермерлик бизнеси ҳам фаолиятини тобора кенгайтиряпти. Яқин йиллар ичида Марказий Осиёнинг қишлоқ туманларида Хитойнинг иштироки ўсиб боради, деб ўйлайман.
Фотосуратлар – Ирна Хофман