Чегаралар очилди – имкониятлар очилди
Ўзбекистон томондан “Бекобод”, Тожикистон томондан “Хаштяк (халқ тилида “Ойбек”), деб номланган чегара ўтиш пости орқали 1 йил аввал харакатланган киши бугун агар чегарани кесиб ўтса, бутунлай ўзгача манзаранинг гувоҳи бўлади. У ердаги божхона ва чегарачиларнинг қўпол муомаласи, асабга тегувчи узундан-узоқ тартибсиз навбатлар, автомобилларнинг чегарада узоқ туриши натижасидаги тирбандликлар, эски бир ишлаб, бир бузилиб қоладиган назорат аппаратлари… энди йўқ. Ҳаммаси ижобий томонга ўзгарган. Чегарани у томонга ҳам, бу томонга ҳам кесиб ўтаётган одамлар юзида қўрқув ва хавотир кузатилмайди. Меҳмонга, саёҳатга кетувчилар билан бирга тижорат, яъни савдо-сотиқ билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар ҳам, фирма ҳамда корхоналар вакиллари ҳам бисёр. Ҳатто автобус ва юк автомобиллари орасида қўшни Қозоғистон давлат рақамлари тақилган транспортлар бор.
– Сўнгги 3-4 ой ичида бир неча маротаба Тожикистонга айнан мана шу пост орқали ўтиб, хизмат сафарида бўлдим. Корхонамиз мамлакатимизда етиштирилган пахтадан тайёрланган матоларни замонавий ускуналар ёрдамида қайта ишлайдиган йирик мажмуага эга, – дейди Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “NurSam-Tex” МЧЖ директори Ғофиржон Ҳафизов. – Турли ўлчамдаги матоларни бўяш, ранг ва жило бериш, гул безакларини босиш билан шуғулланамиз. Кунига 30 минг метр атрофида газламага ишлов берамиз. Маҳсулотларимиз Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади. Бу йилдан эътиборан Тожикистон бозорига ҳам кириб, ўз харидорларимизни топишга муваффақ бўлдик.
Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқи сўнгги чорак аср кутган дамларга 2018 йилнинг 1 март куни старт берилди. Шу куни Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида эришилган келишув ўлароқ ўзбек-тожик давлат чегараси орқали 9 та ўтиш пунктлари тантанали равишда очилди. Бу яхши ҳамда муҳим янгиликка нафақт маҳаллий ОАВ, балки халқаро ҳамжамият ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Шу куни Самарқанд вилоятидаги “Жартепа”-“Саразм”, Жиззах вилоятидаги “Кушкент”-“Ўратепа” ва “Учқўрғон”-“Ҳавотоғ”, Сирдарё вилоятидаги “Ховособод”-“Зафаробод”, Тошкент вилоятидаги “Бекобод”-“Хаштяк”, Наманган вилоятидаги “Поп”-“Навбунёд”, Фарғона вилоятидаги “Равот”-“Равот”, Сурхондарё вилоятидаги “Гулбаҳор”-“Айваж” каби автомобиль йўлларидаги, шунингдек, темир йўл чизиғидаги “Амузанг”-“Ҳошади” пунтлари очилди.
Бу эса икки давлатнинг фуқароларининг ўзаро қатновини осонлаштиришга имкон яратади, қариндошчилик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Иқтисодий алоқалар…
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри билан Сўғд вилоятини бир ариқ ва бир тепалик ажратиб туради, холос. Чегараларнинг очилгани икки ҳудуд орасидаги ўзаро савдо-сотиқ алоқаларини сезиларли даражада жонлантириб юборди. Тожикистон ахолиси ва тадбиркорлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга катта қизиқиш билдираётгани сабабли савдо алоқалари кун сайин ривожланмоқда. Ўзбек тадбиркорлари ҳам тожик бозори мисолида ўзларига истиқболли шерикчиликни кўришмоқда. Хўжанд ва Сўғд вилоятининг бошқа ҳудудлари билан ҳамкорлик ўзбекистонлик, айниқса Тошкент вилоятида фаолият олиб брувчи тадбиркорларда катта умидлар уйғотмоқда.
Яқинда Хўжанд шаҳрида “Сўғд 2018” – V халқаро савдо ярмаркаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан иштирок этган расмий делегация ва тадбиркорлар айнан ушбу “Бекобод” (“Хаштяк”) чегара пости орқали бир мамлакат ҳудудидан иккинчи мамлакат ҳудудига ўтишди.
Халқаро ярмарка кунлари ўзбекис¬тонлик ишбилармонларнинг стендлари харидорлар билан гавжум бўлди. Умуман олганда, маҳаллий корхоналар, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, ҳамюртларимиз саноат маҳсулотларини намойиш этишди ва стендларимиз барчада бирдек қизиқиш уйғотди.
Ёш, шижоатли, тиниб тинчимас Дилшод Менглиев Ўзбекистон ишбилармонлар делегациясининг раҳбари. Ярмарка жараёнида у ўзи бош бўлиб келган тадбиркорларнинг янги ҳамкорлар топишлари, шартномалар имзолашлари учун анча жон куйдирди. Зеро, унинг вазифаси ҳам расмий идора вакили ва делегация раҳбари сифатида ўзбек бизнесини Сўғд вилоятида янада кенгроқ ривожланиши учун кўмаклашишдан иборат.
– Ўтган йили илк бор ўзбекистонлик ишбилармонлар 30 тага яқин тадбиркорлик субъектлари билан мазкур ярмаркада иштирокларини бошлаган эдилар, – деди Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Менглиев. – Бу йил эса Хўжандда ўз маҳсулотларини намойиш этишни истаган корхоналар сони 40 тадан ошди. Ўзбек ишбилармонлари маиший техника, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат моллари, маиший кимё, полиграфия маҳсулотлари билан қатнашдилар. Бу каби тадбирлар халқларимизнинг савдо-сотиқ ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ярмарка жараёнида икки қўшни мамлакат тадбиркорлари томонидан жами 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари имзоланди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп демакдир.
Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги суръатларда ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоиз ўсди. Ўзбекистондан Тожикистонга енгил автомобиллар, юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, металлургия, электротехника, қурилиш моллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, Тожикистон мамлакатимизга қурилиш материаллари, цемент, альюмин каби маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Август ойида Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда расмий вакиллар томонидан таъкидланганидек, савдо-иқтисодий, сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик суръатларида сезиларли ўсиш қайд этилаётган бўлса-да, бу мавжуд имкониятларга тўлиқ мос келмайди. Шу маънода, бугун Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасини 2020 йилгача 500 миллион АҚШ долларига етказиш белгиланган. Бунинг учун барча зарур имкониятлар мавжуд.
Бизнес-форум давомида молиявий ҳамкорлик, транзит, электроника, фармацевтика, қандолатчилик маҳсулотлари экспорт-импортига оид умумий қиймати 103,3 миллион АҚШ долларлик шартномалар имзоланди.
Тадбиркорга нима даркор?
Вазиятни янада ойдинлаштирувчи яна бир мисол: Хўжанд шаҳрида “Ўзбекистон савдо маркази” ҳам фаолият юритмоқда. Иш бошлаган кунданоқ марказ энг гавжум савдо-сотиқ масканларидан бирига айланди. Бу ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ранг-баранг маҳсулотларни топасиз. Жумладан, саноат ва қурилиш моллари, электр чойқайнатгичлардан тортиб заргарлик буюмларигача, кийим-кечаклар, озиқ-овқат, қандолат маҳсулотлари, чинни ва сопол идишлар сотиб олиш мумкин.
– Ўзбекистон ва Тожикистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, – дейди “Кони намак” ОАЖ (Тожикистон) директорининг тижорат ишлари бўйича ўринбосари Сабоҳат Карабоева. – Бу бугунги кунда транзит-логистика йўналишларида шериклик муносабатларини назарда тутадиган дастурларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга ошириш имконини беради. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз мумкин. Корхонамизда 14 турдаги йодланган, экологик тоза туз маҳсулотлари тайёрланади. Эл саломатлиги ва озиқ-овқат ҳавфсизлиги йўлида ҳар қандай ҳамкорлик, Ўзбекистондан бизнес шериклар орттиришдан манфаатдормиз.
– Бизнинг корхонамиз 2008 йилда фаолият бошлаган ва замонавий, юқори сифатли қадоқлаш AD*STAR қопларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “UzPolitex Holding” компанияси (Ўзбекистон) тижорат директори Бекзод Воисов. – Мазкур қоплар, асосан, цемент, гипс ва бошқа шу каби қурилиш материалларини қадоқлашда зарур маҳсулот ҳисобланади. Тожикистонда ҳамкорларимиз бор, мижозларимиз сони ҳам ортиб боряпти. Умуман, Тожикистон бозори Ўзбекистон учун энг қулай макон, деб ҳисоблайман.
– Ўзбекистонда бизнинг манти қасқонларимиз, кастрюлларимиз ва тоғораларимизга талаб катта. Бу ердан биз телевизор ва музлатгичлар олиб борамиз. Уларнинг ўзида йўқми, деб ўйлашингиз мумкин. Бор, албатта, бироқ у ерда буларнинг бари қимматроқ. Ҳатто Хитойда ишлаб чиқарилган телевизор ҳам Ўзбекистонда бир неча юз сомонийга қимматроқ, – дейди тожикистонлик ишбилармон Фотима Қурбонова.
Аёлнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик савдогарлар тожиклардан, масалан, 128 АҚШ долларига телевизор сотиб олиб, уни ўзларида 22 долларга қимматроққа сотишади. Товар жуда харидоргир, чунки Ўзбекистондаги дўконларда худди шундай телевизор 160 долларга сотилади.
Узоқ истиқболдан умид катта
– Ўзбекистонда сон жиҳатидан тожиклар ўзбеклардан кейинги иккинчи, Тожикистонда эса ўзбеклар тожиклардан кейинги иккинчи миллат ҳисобланади, – дейди журналист-сиёсатшунос Негматулло Мирсаидов (Тожикистон). – Ўзбеклар ва тожиклар, асосан, тил жиҳатидангина фарқланади. Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ишончсизлик ва норозиликларни ўтмишда қолдириб, янги “биродарлик” муносабатларига пойдевор қўйди. Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга илк давлат ташрифи ҳам, навбатдагилар ҳам бутун мамлакат бўйлаб олқишланди. Ушбу учрашувлар муносабатларимиз тикланиши ва ривожланишига муҳим асос бўлди. Яна бир энг муҳим жихати, 17 йил давомида амалда бўлган виза режимини бекор қилишга келишиб олинди. Энди ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқаролар бир-бирларининг давлатларида 30 кун давомида визасиз бўлишлари мумкин. Бу эса савдо-сотиқ, иқтисодий алоқалар ривожланишига ҳам хизмат қилади.
– Одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим шартларидан биридир, – дейди Сўғд вилоятининг савдога кўмаклашиш маркази раҳбари Абдураҳмон Ҳусейнов. – Ўзбекистоннинг транспорт йўлаклари минтақавий ҳамкорлик учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Улар Марказий Осиёнинг барча давлатлари, жумладан, Афғонистон билан ҳам ўзаро тижорий алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиши мумкин.
– Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ашт тумани Наманган вилояти Поп тумани билан чегарадош ҳудуд, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Поп туман кенгаши раиси Мунира Салоҳиддинова. – Азалдан ҳар икки мамлакат аҳолиси билан ўзаро ҳамжиҳатликда ва аҳил яшаб келган. Бироқ минг афсуски, сўнгги даврда ўзаро алоқа қилиш имкониятлари деярли йўққа чиқди. Яхши ҳам Президентлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган йўлни танлашди. Мана бугун ана шу ҳаракатларнинг самарасини кўриб турибмиз: савдо-сотиқ, қўшничилик авжида. Мени қувонтирган яна бир нарса, 2018 йилнинг февраль ойида Тошкент ва Душанбе ўртасида тожикистонлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн. доллар ажратиш ҳақида ҳукуматлараро келишув имзоланганидир. Демак, ҳамкорлик парвозлари янада баланд бўлади.
Ривожланишга қарши омиллар
Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб, 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этган. Бу охирги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Масалан, 2016 йилги бу кўрсаткич 20,2 фоиз кам эди. Ўзаро товар етказиб бериш ҳажми, хизматларни ҳисобга олмаганда, кейинги икки йилда 10 мартадан ортиқ кўпайди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.
Бугун Ўзбекистонда тожикистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 25 корхона фаолият кўрсатмоқда. Лекин, кўрсаткичлар бундан ҳам самаралироқ бўлишига нималар ҳалал бермоқда? Экспертларнинг фикрича, биз турли даражадаги ривожланиш босқичида эканлигимиз ривожланишни сустлаштирувчи омил бўлиши мумкин. Бизнес учун имкониятлар жуда кенг. Ҳозирча фақат Ўзбекистонда… Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти ва компаниялари Тожикистон билан савдо-сотиқ қилиш учун нисбатан яхшироқ шароитга эга. Бу факт кичик капитализацияси ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида диверсифакция йўқлиги нуқтаи назаридан тожик бизнеси учун маълум бир хатар туғдиради. Тан олиш керакки, Тожикистонда Ўзбекистон компаниялари билан рақобат қила оладиган корхоналар жуда кам, айниқса, саноат ишлаб чиқариш соҳасида.
Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф Имомзода ЎзА мухбири билан суҳбатда шундай дейди:
– Президент Шавкат Мирзиёев нутқларининг бирида “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу вақт талаб этади, бу эса осон эмас”, деб айтган эди. Ҳозир биз бу йўлда дастлабки қадамлар ташлаганимизни мамнуният билан қайд этмоқдамиз, энди Душанбе ва Тошкент ҳар томонлама ҳамкорлик учун қулай замин яратиш юзасидан бир қатор механизмлар ва воситаларни ишлаб чиқишлари керак. Масалан, ҳукуматлар ва ташқи ишлар вазирликлари даражасида доимий фаолият юритувчи комиссияни ташкил этиш фикри мавжуд. Бу ерда икки мамлакатнинг оқсоқоллари, жамоатчилик, экспертлар ўртасида мунтазам йиғилишлар ўтказиш бўйича билдирилаётган таклиф ўринлидир.
Яна журналист-сиёсатшунос Негматулло Мирсаидов фикрларига қулоқ тутамиз:
– Чегаралараро ҳудудий савдо-сотиққа нималар монъелик қилаётганига келсак, муносабатлар ривожига асосий тўсиқ бўлаётган нарса Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи натижасида олиб ташланди. Бу – чегарани кесиб ўтаётган енгил автомобиллардан ундирилаётган бож тўловлари, ваҳоланки, чегара ҳудудларининг аксарият аҳолиси автомобилларда ҳаракатланади.
Бироқ чегарада савдо ишларини ривожланишига тўсқинлик қилаётган бошқа омилларда ҳам кўзга ташланади. Бу маҳсулотларнинг олиб ўтилишига қўйилган чекловлардир. Балки, ҳар иккала давлатнинг ички бозорини ҳимоя қилиш учун илк даврларда бундай тартиб ўзини оқлар. Аммо бу ҳолга босқичма-босқич барҳам бериш лозим. Юк автомобиллари чегарани кесиб ўтгани ва айрим зарур маҳсулотлар учун ундириладиган бож тўловлари миқдорини ҳам қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Аминманки, эртами кечми шундай тўхтамга келинади.
2 comments
Ижобий ўзгаришларни самимий ёритган мақола бўлибди! Яхши қўшничиликка нима етсин! Мақолани ўқиб, бўлаётган воқеаларга ишончим ортди.
So’nggi ikki yil ichida O’zbekiston ulkan o’zgarishlar o’chog’iga aylandi. Prezidentimiz tomonidan qo’shni davlatlar bilan yaqin qarindoshlik aloqalarini tiklash, turli xil ziddiyatlarga barham berish, o’zaro iqtisodiy aloqalarni yo’lga qo’yishga alohida e’tibor qaratilmoqda. Xalqimizda “Uzoqdagi qarindoshdan, yoningdagi qo’shni yaxshi”, “Qo’shning tinch, sen tinch” degan maqollar mavjud.
Qo’shnichilik aloqalarining mustahkamlanib borishi, birinchi navbatda, o’zbekistonlik tadbirkorlarga keng yo’l ochib berdi. Xususan, eksport va import hajmi oshmoqda. Xalqimiz yashash tarzi yaxshilanmoqda. Prezidentimiz ta’kidlaganidek, “Xalq boy bo’lsa, davlat ham boy bo’ladi”.