Муаллиф: Наргиза УМАРОВА
Бир йил муқаддам Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши Евроосиё минтақасидаги геосиёсий вазиятни беқарорлаштирди. Бу уруш дунё иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатгани ва кўрсатишда давом этаётгани ҳақида халқаро молиявий ташкилотлар ўз ҳисоботларида қайд этмоқда.
Украина кризиси Марказий Осиё мамлакатларини ҳам қийин аҳволга солди. Жумладан, улар учун асосий транзит мамлакат бўлган Россия Федерацияси орқали жаҳон бозорларига чиқиш имконияти чекланди. Натижада муқобил транспорт коридорларини ривожлантиришга эҳтиёж сезилди.
Айтиш жоиз, Марказий Осиёни бошқа минтақалар билан боғлайдиган транспорт йўлаклари тармоғини кенгайтиришдан ҳаммадан ҳам кўп Ўзбекистон манфаатдор. Чунки республика денгиз йўлларидан буткул узилган. Мазкур ҳолат бир томондан, ташқи дунё билан олди-бердини қийинлаштирса, иккинчи томондан, маҳаллий экспортда транспорт-транзит харажатлари улушининг ортишига сабаб бўлмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай харажатлар четга чиқарилаётган маҳсулот нархининг 70-80 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолардан бири ҳам шунда. Уни бартараф этиш мақсадида республика маъмурияти халқаро транспорт маршрутларини диверсификациялаш сиёсатини юритмоқда. Охирги йилларда бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайди.
Транспорт соҳасидаги ташқи алоқалар суръати айни вақтда Ўзбекистон учун жанубий йўналиш, яъни Ҳинд океанига олиб чиқадиган логистика тармоқлари устуворроқ эканини кўрсатмоқда. Мавжуд вариантлар орасида бирламчи эътибор «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши лойиҳасига қаратилган. Мамлакат расмийлари ушбу транспорт коридорига катта умид боғлаган ҳолда ўз баёнотларида унинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги «энг қисқа ва арзон йўл» бўлишини урғулайди.
Чамаси 600 километрли трансафғон транспорт магистрали орқали келгусида савдо юкларини Покистоннинг Араб денгизи соҳилидаги Гвадар портига ва у ердан бошқа кўплаб манзилларга етказиш кўзда тутилган. Бундай истиқболдан икки субминтақа давлатларидан ташқари баъзи йирик ўйинчилар, масалан, Хитой ҳам манфаатдор.
Шу ўринда ХХР ва Ўзбекистон ҳамкорлигида амалга оширилаётган бошқа йирик транспорт лойиҳасини тилга олиш жоиз. Гап «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиши хусусида. Бу борадаги уч томонлама шартнома ўтган йили Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида имзоланганди. Янги маршрут дунё иқтисодиётида биринчиликка даъво қилаётган Хитойга нафақат Марказий Осиё, балки бизга қўшни Афғонистон ҳамда ҳозирда Жанубий Осиёдаги энг яқин ҳамкори бўлган Покистон билан қуруқлик орқали тезкор боғланиш имконини беради. Хитойликлар жафокаш афғон заминидаги кўпгина фойдали қазилма конларини сотиб олгани, Покистон инфратузилмасига эса мўмай инвестиция киритганини ҳисобга олсак, Мозори Шарифдан Пешоварга олиб борувчи темир йўл бу улкан мамлакат учун нечоғлиқ аҳамиятли эканини англаш қийин эмас.
Хитойдан бошланиб қўшни Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўл янги трансафғон транспорт йўлагига уланишидан Ўзбекистон каррасига ютиши аниқ. Зотан, иккала маршрут республикамиз ҳудудида кесишади. Демак, транзитнинг ўзидан яхшигина даромад олиш мумкин. Қўшимчасига ўзбек товарларини жаҳон бозорларига экспорт қилишда анча вақт ва маблағ тежалади.
Дарвоқе, Россия-Украина уруши фонида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» транспорт коридорини (ҳозирча унинг фақат мультимодал қисми амалда) бошқа муҳим минтақа – Европага қадар давом эттириш масаласи ҳам долзарблашди. «Хитой – Европа – Хитой» халқаро транзит занжирида Ўзбекистон яна марказий ҳалқага айланиши турган гап. Баъзи воқеалар таҳлили мамлакат бунга олдиндан тайёргарлик кўра бошлаганини исботлайди.
2019 йилнинг охирида Ўзбекистон таклифига биноан Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўл раҳбарлари Тошкентда учрашди. Тор доирадаги йиғилишда Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ўлкаси билан боғлайдиган мультимодал транспорт коридори бўйича музокара олиб борилган. Янги маршрутга эҳтиёж ва зарурат юқорилиги сабаб, томонлар кўп ўтмай уни ишга туширади. Мазкур лойиҳада юртимиздан чиқадиган юкларни Каспий денгизига Туркманистон ҳудуди орқали олиб ўтиш кўзда тутилган. Бу Қозоғистон транзитига қараганда анча арзондир.
Ҳарқалай, туркман диёрининг қулай географияси Ўзбекистонга фақат Европага йўл очиш нуқтаи назаридан қўл келаётгани йўқ. Жанубий қўшнимизнинг транзит салоҳиятидан фойдаланиб, бошқа мамлакат ва минтақалар, хусусан, Яқин Шарқ давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мумкин. Бу ҳақда бироздан сўнг бафуржа тўхталамиз.
Транскаспий мультимодал маршрутига қайтсак. Жанубий Кавказ йўналиши ўзбек экспортининг қўҳна қитъа бозорига чиқиш имкониятини, сўзсиз, кенгайтирмоқда. Шу ўринда маҳсулотимиз европаликларга қизиқмикан, дегувчилар қуйидаги фактларга эътибор беришини хоҳлардик. 2021 йилда Ўзбекистон 6 мингдан зиёд турдаги маҳсулотларни евроҳудудга божхона тўловисиз олиб кириш ҳуқуқини берадиган «GSP+» имтиёзли савдо тизимига қўшилди. Натижада 2022 йилда юртимиздан Европа Иттифоқига экспорт қилинган юқори қўшилган қийматли товарлар ҳажми қарийб икки баробарга ошди. Уларнинг рақобатбардошлигини таъминлашда нарх-наво масаласи жуда муҳим. Бунда, аввало, логистик сарф-харажатларни оптималлаштириш талаб қилинади. Расмий Тошкент ўзбек маҳсулотларига транзит тарифларини пасайтириш юзасидан манфаатдор хорижий давлатлар билан доимий музокаралар олиб бормоқда.
Юкларни Марказий Осиёдан Каспий денгизи оралаб Жанубий Кавказ орқали Европага етказишда Туркия асосий воситачи ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон аввал-бошданоқ ушбу қардош мамлакатни транспорт соҳасидаги ташаббуслари доирасига тортишга интилди. 2020 йилда Ўзбекистон – Грузия йўналишидаги мультимодал маршрут ишга туширилгач, ушбу лойиҳа бенефициарлари учун Транскавказ транспорт йўлагининг аҳамияти ҳам ортди. Бу, табиийки, Туркияни бефарқ қолдиролмасди.
2022 йилнинг баҳорида пойтахтимизда иккинчи дафа ўтказилган темир йўл идоралари раҳбарлари йиғилишида туркиялик вакиллар ҳам қатнашди. Нуфузли анжуманда «Осиё-Тинч океани минтақаси – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» халқаро мультимодал маршрутини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Айтиш керак, ушбу лойиҳада Тошкентнинг Транскаспий ва Транскавказ транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ҳамда уларни «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл магистралига улаш билан боғлиқ режа-мақсадлари мужассамлашган.
Бугунги кунда томонлар “ОТМ мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» мультимодал транспорт коридорининг салоҳиятини ошириш, унга қўшимча юк ҳажмларини жалб қилиш, тарифларни унификациялаш, товарларни чегара постларидан тезроқ ўтказиш каби жараёнлар бўйича келишиб олмоқда. Хусусан, лойиҳада иштирок этувчи давлатлар темир йўл операторларининг 2022 йил 8 августида Боку шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Қашқар (Хитой)дан Европага тажриба тариқасида илк юк поездини жўнатиш масаласи муҳокама қилинганди.
Каспийбўйи давлатлари ҳамда Туркия орқали Марказий Осиёдан Европага жўнатиладиган савдо юклари оқимини ошириш бўйича ўтган йили Туркий давлатлар ташкилоти форматида ҳам фикр алмашилган. Масалан, 27 октябрь куни Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия темир йўл раҳбарларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи учрашувида туркий давлатлар ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми муттасил ортаётгани таъкидланди. Бунда “ОТМ мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» халқаро мультимодал йўналишининг аҳамияти алоҳида урғуланди.
Тошкент анжуманида эришилган ютуқлар баробарида келгуси режалар хусусида ҳам сўз борган. Шулардан бири умумий узунлиги 4,5 минг километрдан ошадиган «Туркия – Эрон – Туркманистон – Ўзбекистон» транспорт коридори ҳисобланади. 2022 йилнинг 3 декабрида мазкур йўналишдаги илк юк поезди республикамиз пойтахтида тантанали кутиб олинганди.
Туркияга олиб борувчи мультимодал маршрутлар айни соҳада Ўзбекистоннинг Россияга қарамлигини камайтирмоқда. Бир вақтнинг ўзида экспортёрларимиз маҳсулотни жаҳон бозорларига тезроқ ва арзонроқ етказиш имконига эга бўляпти.
Юқорида айтганимиздек, Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги транспорт коммуникациясида Туркманистон асосий транзит мамлакат ҳисобланади. Аммо бу борада Эроннинг ҳам ўз ўрни бор.
Ўзбекистон Ислом Республикасининг Форс кўрфазидаги Бандар-Аббос денгиз портидан кўпдан буён фойдаланиб келади. Бундай имкониятга 1996 йилда Туркманистонни Эрон билан боғлайдиган «Тажан – Сарахс – Машҳад» темир йўли ишга туширилгач эга бўлдик. Ўшанда ўзбек пахтасининг асосий қисми айнан шу маршрут орқали жаҳон бозорларига етказиларди.
Ўзбекистон Эрондаги Чобаҳор портига ҳам юқори қизиқиш билдирмоқда. Мазкур объект Бандар-Аббосдан фарқли ўлароқ, Ҳинд океани билан тўғридан-тўғри боғланган. Шунинг ҳисобига юк кемалари манзилга тезроқ ва хавфсиз етиб боради. Натижада уларни суғурталаш қимматга тушмайди.
Чобаҳорнинг қулай географик жойлашуви дунёда иқтисодий қудрати тобора ортаётган Ҳиндистон учун айни муддао (мамлакат порт модернизациясига 700 миллион доллар (!) атрофида инвестиция киритган). Бу портни Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт дарвозасига қиёслаш мумкин. Бироқ ҳозирча ҳиндлар Чобаҳор орқали фақат Афғонистон бозорига чиқа оляпти. Шу мақсадда 2020 йилда «Хаф – Ҳирот» темир йўли қуриб битказилганди. Ўшанда уни Ўзбекистон чегарасигача давом эттириш, яъни 2011 йилдан буён фаолият кўрсатаётган «Ҳайратон – Мозори Шариф» темир йўлига улаш кўзда тутилган. Эрон йўналишидаги дастлабки трансафғон транспорт коридори шу тахлит юзага келиши керак эди. Бироқ лойиҳа тўхтаб қолди. Эндиликда унинг амалга ошишига Афғонистондаги сиёсий беқарорлик ҳамда халқаро санкцияларга дучор бўлган Эрондаги мураккаб вазият тўсқинлик қилмоқда.
Яқин истиқболда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1 млрд долларга етиши прогноз қилинган. Бундай натижага эришиш учун логистика билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал қилиш керак. Ўтган йили расмий Тошкент Ҳиндистонга Туркманистон ва Эрон орқали йўл очаётганини маълум қилганди. Чобаҳор порти янги транспорт маршрути учун марказий халқа вазифасини бажаради.
Эрон ва Ҳиндистон Ўзбекистонга Чобаҳордан ҳамкорликда фойдаланиш, шунингдек, порт терминалларидан бирини сотиб олиш таклифини берган. Бу истиқболли лойиҳа. Чунки денгиз йўлидаги инфратузилмага эга бўлатуриб мамлакатимиз нафақат хорижий ҳамкорлар билан савдо айланмасини яхшилай олади, балки экспорт-импорт операцияларидан даромад кўриши мумкин.
Чобаҳорга киритилажак инвестиция Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам хизмат қилса, ажаб эмас. Маълумот ўрнида айиш керак, 2022 йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 435,7 млн долларни ташкил этди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 1 млрд долларга етказиш кўзда тутилган.
Ислом Республикаси билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликдан эса янада кўпроқ натижа кутса бўлади. Туркманистон ва Эрон тандеми Ўзбекистонни ишончли минтақалараро транзит билан таъминламоқда. Бундай комбинацияда савдо оқимларини диверсификациялаш имконияти кенгаяди. Жумладан, Яқин Шарқ томонга.
Охирги йилларда Ўзбекистон Форс кўрфазининг бой-бадавлат монархиялари билан сиёсий мулоқотни жадаллаштирди. Бунинг таъсирида иқтисодий алоқалар ҳам жонланмоқда. Баъзи Яқин Шарқ мамлакатлари ҳатто асосий савдо ҳамкоримизга айланган. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки ҳисса кўпайиб, 508 млн доллардан ошди. Сўнгги беш йилда Саудия Арабистони билан савдо айланмаси 20 фоизга ўсган. Мазкур тенденцияни давом эттириш учун икки минтақанинг логистик боғлиқлигига жиддий эътибор қаратиш зарур. Бизни Яқин Шарққа элтадиган энг қисқа йўл эса юқорида айтилганидек, Туркманистон ва Эрон ҳудудидан ўтади.
Шу топда анчадан буён мавжуд «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон» халқаро транспорт-транзит коридори ҳақида эслатиш жоиз. Марказий Осиёни Форс кўрфази портлари билан боғлайдиган ушбу маршрутни ишга туширишга доир ҳужжат (Aшхобод битими) 2016 йилда имзоланганди. Аммо ҳали ҳам лойиҳадан бирон самара чиққани йўқ.
2021 йилда Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтириш асносида бироз унутилган «Марказий Осиё – Форс кўрфази» маршрутини «жонлантириш» масаласини кун тартибига қўйди. Мақсад хайрли. Фақат энди мазкур транспорт артериясига рақобатчилар ҳам борлигини унутмаслик керак. Шулардан бири Покистоннинг Ҳинд океанидаги портларига чиқувчи трансафғон темир йўли. Бироқ у қанчалик кўкларга кўтарилмасин, Aфғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилмас экан, лойиҳанинг истиқболи мавҳумлигича қолаверади.
Айнан афғон омили биз учун Эрондаги Чобаҳор портининг аҳамиятини оширмоқда. Юқорида мазкур объектнинг имкониятлари ҳақида гапиргандик. Портга сифатли темир йўл етишмаяпти, холос. Уни 2024 йилгача қуриб битказиш кўзда тутилган. Натижада Чобаҳор орқали юк ташувлари ҳажмини ошириш имкони туғилади. Бу “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон” транспорт-транзит коридорининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, албатта.
***
Украинадаги уруш Марказий Осиё учун, сўзсиз, оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Буни минтақа давлатларининг охириги йилдаги иқтисодий ва репутацион йўқотишларидан ҳам кўриш мумкин. Бутун дунё агрессор, дея қоралаётган Россия Федерацияси асосий савдо ҳамкоримиз экани аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. У билан алоқаларни буткул узиш имконсиз, чуқурлаштириш эса хавфли. Бугунги кризис мамлакатларимизни мураккаб аҳволга солди, лекин айни вақтнинг ўзида янги имкониятларни ҳам тақдим этмоқда.
Халқаро санкциялар туфайли Россия глобал логистика тармоғидан буткул узилди. Шимолий йўналишдаги транспорт маршрутлари фалажланган бир шароитда Европа, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Эрон каби йирик акторларнинг транзит масаласида Марказий Осиёга боғлиқлиги кучаймоқда. Улар минтақамизни Евроосиёнинг муҳим транспорт-логистика хабига айланишидан манфаатдор.
Ҳатто дунёдаги энг катта ишлаб чиқариш фабрикаси ҳисобланган Хитой қуруқлик орқали жаҳон бозорларига чиқишда Ўзбекистон транзитидан фойдаланишни афзал биляпти. Охирги йилларда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ҳамда «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» транспорт магистралларини қуриш ишлари жадаллашгани ҳам бежиз эмас. Бу лойиҳаларнинг Марказий Осиё учун геоиқтисодий аҳамияти катта.
Ўз навбатида, Ўзбекистон арсеналидаги бошқа логистик йўналишлар, жумладан, мақолада батафсил сўз юритилган каспийбўйи, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Яқин Шарқ мамлакатлари иштирокидаги транспорт-транзит коридорлари ҳам иқтисодий юксалишимизга хизмат қилади. Шу боис мамлакат раҳбарияти уларни ривожлантириш бўйича проактив ҳаракатлар олиб бормоқда. Айни мақсадда ҳатто Эрондек мураккаб давлат билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Ўзбекистон Эроннинг очиқ океандаги Чобаҳор портига юқори қизиқиш билдирмоқда. Бундай ҳолат Хитойга ёқмаслиги аниқ. Чунки у Покистондаги Гвадар порти модернизациясига катта маблағ сарфлаган. Чобаҳорнинг ортида эса Хитойнинг геосиёсий рақиби Ҳиндистон турибди. Икки қудратли мамлакат ўртасидаги манфаатлар тўқнашувида «олтин ўрталиқ»ни топиш ҳамда ҳеч бирига ён босмаслик ўзбек дипломатиясидан катта маҳоратни талаб қилади.
Ҳарқалай, Ўзбекистоннинг ташқи савдо маршрутларини диверсификациялашга доир сиёсатида муваффақиятли жиҳатлар талайгина. Улар мультипликатив эффект ҳосил қилиши учун жараёнга минтақадаги бошқа ўйинчилар ҳам фаол қўшилмоғи даркор. Транспорт-логистика тармоқларини кенгайтариш ҳамда жаҳон бозорларига чиқишнинг муқобил йўлларини излаш аслида Марказий Осиё давлатларининг муштарак иши. Бунга умумминтақавий масала сифатида қараш, тажриба ва салоҳиятни бирлаштирган ҳолда, янги ташаббусларни биргаликда илгари суриш айни муддао.