2000- ва 2010-йиллардаги суперцикл (товар ва хизматларга талабнинг жадал ўсиши билан боғлиқ барқарор ўсиш даври) илмий адабиётда ресурсларга бой мамлакатлар ривожланиш учун хомашё товарларига нархлар “бонанзаси”ни – “омадли” нархларни қўллаши мумкинлиги ҳақидаги қизғин мунозараларни келтириб чиқарди. Осиё “жаҳон фабрикаси”га айланиши мумкинлиги хусусидаги олдинги мунозараларда бўлгани каби саноат сиёсати яна муҳокамаларнинг олдинги марраларига чиқди.
Бир тарафдан, ортодоксал, яъни классик иқтисодий илмни ёқловчи олимлар ресурсларни саноатлаштиришга йўналтириш учун бозордаги беқарорликдан фойдаланиш муваффақият кафолати кам таваккал иш бўлади, деб туриб олди. Бунинг ўрнига Осиё “йўлбарслари” ва улардан олдин Хитой ривожлаётган мамлакатлар сифатида ўзининг таққослама устунликларини аниқлаб олиш учун бозордан фойдаланиши маъқулдир. Шу нуқтаи назардан, саноат сиёсати самарасиз ва серхаражат иш бўлиб қолмоқда, бу ҳам етмагандай, у тараққиёт эмас, коррупцияга сон-саноқсиз имкониятлар яратиб бераётир. Бошқа тарафдан, гетеродоксал (иқтисодий жараён иштирокчиларининг нохолис хатти-ҳаракатларини тартибга солиш учун унга давлатнинг аралашувини ёқлайдиган) тадқиқотчилар қайд этишича, ресурс рентасини аниқ пайдо бўлаётган соҳаларга қайта йўналтириш учун давлатнинг аралашуви ўта муҳимдир, янги пайдо бўлаётган соҳалар доимий кўмаксиз халқаро миқёсдаги рақобатга бардош бера олмайди. Осиё “йўлбарслари” ҳам, Хитой ҳам сўнгги пайтларда рақобатбардош соҳаларни ривожлантириш учун халқаро даражада фаол саноат сиёсати юритди, шунинг учун ривожланаётган мамлакатлар ҳам экспорт учун юқорироқ қўшилган қийматли ишлаб чиқаришни модернизация қилиш йўлида аниқ мақсадни кўзлаган аралашувни амалга ошириши зарур.
Шунга қарамай, ҳам ортодоксал, ҳам гетеродоксал иқтисодий адабиёт эътиборидан қочаётган бир савол ўн йиллар давомида трансмиллий корпорациялар, масалан, Аргентина, Бразилия ва Миср сингари рерсурсларга бой мамлакатларга нима учун инвестиция киритиб келгани билан боғлиқ. Бу ушбу бозорларда миқёс кичиклиги ва ишлаб чиқариш харажатлари кўплигига қарамай юз берган (ортодоксал олимларга кўра, бу уларни самарасиз қилиб қўяди), улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, асосан (гетеродоксал олимлар фикрича), экспорт қилинмай, ички бозорларда сотилади.
Яқинда Competition & Change журналида чоп этилган ва ўқиш учун очиқ мақоламда мен айнан шу саволга жавоб бериш учун Ўзбекистоннинг етарли даражада ўрганилмаган автомобил ишлаб чиқариш саноатига нисбатан аргентиналик олим Хуан Инйиго Карреранинг Карл Марксга оид оригинал ишланмасини қўлладим. Аниқлаганим шу бўлдики, Ўзбекистонда маъмурий буйруқбозлик иқтисодиётидан “ўтиш”га оид адабиётда ўша ортодокслар ва гетеродокслар иккилиги (binary) устунлик қилади. Ортодоксал тадқиқотчилар иддаосича, давлатга қарашли “ЎзАвтоСаноат” автомобил компанияси самарадорлик йўқлиги ва коррупция, хусусан, ҳукуматнинг саноат сиёсатидаги хатолар сабаб ривожлана олмай қолган. Гетеродоксал олимлар эса, аксинча, айнан саноат сиёсати экспорт қилишга мўлжалланган, хусусан, хомашёнинг суперцикли вақтида муваффақиятли автомобил саноати яратилишига сабаб бўлган, ўша пайтда умумий ишлаб чиқарилган автомобилларнинг маълум қисми асосан Россияга экспорт қилинган, деб ҳисоблайди. Бироқ на у ва на бу олимлар нега Кореянинг Daewoo Motor Company (DMC) компанияси билан Американинг General Motors (GM) компанияси унча катта бўлмаган ички миқёсли (шунга кўра, харажатлари юқори) автомобиллар ишлаб чиқарилаётганига ва улар, асосан, мамлакатнинг ўзида харид қилинаётганига қарамай, “ЎзАвтоСаноат” қўшма корхонасини тузди.
Инйиго Карреранинг энг муҳим кашфиётларидан бири шуки, унинг ота юрти Аргентина сингари ресурсларга бой мамлакатлар дунё иқтисодиётида, асосан, хомашё экспорт қилувчилари сифатида иштирок этади ва ер рентасини ўзлаштириш манбалари ҳисобланади. Гарчи мана шу охирги концепция бугунги кун кишиси қулоғига бежама гапдай эшитилса-да, у илгари классик сиёсий иқтисоднинг асосий унсури бўлган. Бошдан-оёқ мураккаб бўлишига қарамай, Маркс таклиф этган “тиррақи рента бизнеси” масаласини эҳтиёткорлик билан ҳал этиш моҳияти энг маҳсулдор капиталистик фирмалар товарларга нарх белгилаганда “нормал” рақобат шартлари билан тартибга солиниши ўрнига хомашё нархларининг маргинал шартлари билан тартибга солинишидан иборат, чунки энг ёмон (“маргинал”) ерлар ер рентасини ўз ичига олиши учун нархлар ўсиб бориши керак, ўша ерлардаги ишлаб чиқариш тўловга қобиллик талаби билан оқланади. Пировардида ҳатто ишлаб чиқариш учун ноқулай бўлган ер эгалари ҳам ўша ерлардан хомашё олиш учун рента олмай туриб, фойдаланишга рухсат бермайди.
Шунга кўра, дунёга бозорига асосий хомашё товарларини олиб чиқиб сотиш уларни экспорт қилаётган ресурсларга бой мамлакатларга ижтимоий бойлик – ер рентаси – оқиб келишига сабаб бўлади. Қайд этиш зарурки, Инйиго Каррера ресурсларга бой мамлакатларнинг миллий давлатлари ушбу ер рентаси оқимини ўзлаштириш ва тақсимлаш учун қўллаётган бир қатор аниқ сиёсий чораларни аниқлади. Масалан, давлат кўпинча мамлакат ичида хомашё товарларини бозор нархларидан пастроқ баҳода сотиб олади, мақсад – кейинчалик уларни жаҳон бозорида халқаро нархларда сотиш. Ўз навбатида фарқ – яъни ер рентаси – ички бозорда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналарини давлат ва тижорат банклари арзон кредитлар бериши орқали ички / бевосита субсидиялаш учун ҳам ишлатилади. Шу билан бирга, ушбу мамлакатлардаги давлат корхоналари арзон ресурслар тақдим этиши мумкин, бунга умуман саноат компаниялари ва аҳолига электр қуввати етказиб бериш ҳам киради, айни ҳол ҳаёт харажатларини камайтириш билан бирга иш кучининг харид қобилиятини оширади, натижада иш кучи мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган нисбатан қиммат товарларни харид қилиши мумкин бўлади. Ниҳоят, миллий валютанинг оширилган курси саноат корхоналарига эҳтиёт қисмлар, компонентлар ва ускуналарни субсидияланган нархларда сотиб олиш имконини беради.
Бунинг маъноси шуки, ресурсларга бой мамлакатлардаги ишлаб чиқарувчи корхоналар миллий давлат воситачилигидаги ушбу кўплаб субсидиялаш шакллари ёрдамида ишлаб чиқаришни давом эттираверади. Натижада улар ишлайверади ва маҳсулотининг асосий қисмини ҳимояланган ички бозорда чекланган миқёсда сотаверади. Бундай корхоналар сирасига трансмиллий корпорациялар (ТМК) ва уларнинг шўъба корхоналари киради, улар зикр этилган мамлакатларда жаҳон бозори меъёрлари бўйича майда инвестициялар нархини ошириш учун зикр этилган мўл-кўл имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиши мумкин. Хусусан, валютанинг оширилган курси ТМКга дунё бозоридан эскириб қолган ускуналарни импорт қилиш учун субсидия ажратиш имконини беради, бу ушбу мамлакатларда экспорт қилиш ўрнига нисбатан эски ва қиммат товарларни ишлаб чиқариш учун керак. ТМКнинг ресурсларга бой мамлакатларда барқарор иштирокини шу билан изоҳлаш мумкин, буни на ортодоксал ва на гетеродоксал олимлар англаб ета олгани йўқ. Шу тариқа саноат ишлаб чиқариш фирмалари, “миллати”дан қатъи назар, одатда унчалик катта бўлмайди ва дунё бозори стандартларига кўра технологик жиҳатдан эскирган бўлади. Мен Инйиго Карреранинг гапига қўшилган ҳолда буни “қолоқ” саноатлаштиртиш деб атайман.
Ўзбекистондаги автомобил саноати ушбу “қолоқ” саноатлаштиришнинг аниқ-тиниқ намунасидир. Пахта, тобора ошиб бораётган олтин ва табиий газ экспортчиси сифатида ўзбек давлати ўз ҳудудига ер рентаси оқиб келишига бошқа ресурсларга бой мамлакатларда мавжуд бўлган кўплаб тартиб-қоидалар ёрдамида воситачилик қилади. Натижада Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш фирмалари унча катта эмас ва технологик жиҳатдан эскириб қолган, ТМК билан бирга ташкил этилган қўшма корхоналардан иборат автомобил ишлаб чиқариш саноати бунинг ёрқин намунасидир. ЎзАвтоСаноат билан Кореянинг DMC компанияси ўртасидаги UzDaewooAvtoнинг устав капитали 200 миллион АҚШ доллари бўлган, жаҳон бозоридаги ушбу соҳанинг кўп миллиардлик кўрсаткичлари билан таққосланса, бу арзимас миқдор экани маълум бўлади. Худди шу гапни ЎзАвтоСаноат ва АҚШнинг General Motors компанияси ўртасида ташкил этилган GM Uzbekistan компаниясининг 266,7 миллион долларлик устав капитали ҳақида ҳам айтиш мумкин. Кореянинг DMC компанияси 2000 йилда банкрот бўлгач, UzDaewooAvto General Motorsбошқарувига ўтган эди.
Ўлчами ва миқёси кичик эканига қарамай, ушбу фирмалар фойданинг ўрта меъёрини оладиган бўлди, чунки улар бир қатор чора-тадбирлар орқали субсидиялар олган. Булар сирасига, масалан, “Асака” тижорат банки орқали арзон кредитлар, шунингдек, табиий газни ёқиш орқали олинадиган электр қуввати, табиий газдан олинадиган ҳамда бампер ва асбоблар панели сингари платик буюмлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оралиқ кимёвий маҳсулотлар янглиғ арзон ресурслар киради. Параллел равишда субсидияланган электр қуввати иш кучининг ҳаётий харажатларини пасайтирар, унинг харид қобилияти шу тариқа оширилар эди, бу ҳол ишчиларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган нисбатан қиммат автомобилларни сотиб олишига имкон берар эди.
Бундан ташқари, миллий валюта – сўмнинг оширилган нархи ушбу саноатга субсидияланган нархларда эҳтиёт қисмлар, компонентлар ва ускуналарни импорт қилиш имконини берар эди. Энг муҳим жиҳати DMC билан GM Ўзбекистон ички бозори учун автомобилларнинг эски моделларини ишлаб чиқариш мақсадида технология платформалари импортини субсидиялашга муваффақ бўлди, олдинги ўн йилликда ўша платформадан дунё бозори учун автомобил ишлаб чиқариш учун фойдаланилган, ҳозирги вақтга келиб эса у янги технологиялар билан алмаштирилган. Натижада гарчи қўшма корхона бизнесда фойда кўраётган бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати яқинда тан олганидек, “автомобилларнинг жорий модел қатори ўртача 10 – 11 йилга эскириб кетган”. Хусусан, суперцикл даврида автомобил ишлаб чиқариш ва уларни Россияга экспорт қилиш экспортга йўналтирилган автомобил саноати муваффақиятли яратилгани эмас, гетеродоксал олимлар таъкидлаётганидек, пахта, табиий газ ва олтиннинг нархлари ўсгани боис ўзбек бозорида “қолоқ” соҳаларни субсидиялаш учун ер рентаси тўлови кескин ошгани натижаси бўлган. Аслида бу даврда жами ишлаб чиқарилган автомобилларнинг ярмидан кўпроғи мамлакат ичида сотиб олинаётган эди. Худди шу тарзда Россия пул бирлиги рубл қадрининг ўзбек сўмига нисбатан ошиб кетиши 2010-йилар ўртасида Россияда юз берган пул қадрсизланиши сабаб йўққа чиқди ва ўзбек автомобилларининг ушбу мамлакатга экспорти тўхтаб қолди.
Хуллас, “қолоқ” саноатлаштириш самарасиз сиёсат ёки ривожланиш сиёсати маҳсули эмас, аксинча у глобал иқтисодиётга хомашё экспортчилари сифатида интеграцияланган ресурсларга бой мамлакатларда ишлаб чиқариш оладиган муайян шаклдир. Шу тариқа ТМКлар ва уларнинг шўъба корхоналари ушбу миллий маконларда фаолият кўрсатаётган бошқа барча ишлаб чиқариш компаниялари сингари ер рентаси олиш учун айни мамлакатларга сармоя ётқизади. Мен бу мақоламда собиқ Совет Иттифоқидаги “ўтиш даври”га оид адабиётларни тараққиёт ҳақидаги кенгроқ мунозаралар билан мулоқотга даъват қилишга ҳаракат қилдим ва шу йўл билан Инйиго Карреранинг Маркснинг сиёсий иқтисод танқидига ўзига хос ёндашуви илм аҳлининг иккала гуруҳи учун ҳам қимматли ғоялари таклиф этаётганини кўрсатиб бермоқчи бўлдим. Тобора кўпроқ олимлар Глобал жанубда ишлаб чиқилган ушбу ёндашувни Глобал жакнубнинг бошқа мамлакатлари, жумладан, собиқ Совет Иттиқоқи ҳудудларига нисбатан ҳам қўллашига умид қилиб қоламан.
Франко Галдини (Franco Galdini) – Манчестер университети Сиёсат факултетида ESRC (Иқтисодий ва иқтисодий тадқиқотлар кенгаши) постдокторал илмий ходими