Сурат манбаси: gazeta.uz
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, 2026 йил охирига қадар мамлакатда камбағаллик даражасини икки баробарга камайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг жорий йил январь ойида камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишлаб ўтказилган онлайн йиғилишида маълум қилган эди.
Бироқ, орадан бир ой ўтгач, Россия Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошлагани Евроосиё қитъасидаги геосиёсий ва иқтисодий вазиятни кескин ўзгартириб юборди. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, бу уруш кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради, ҳар икки давлат иқтисодиётига катта зарар келтиради, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақаси ҳамда жаҳоннинг бошқа мамлакатларида жиддий иқтисодий йўқотишларга олиб келади.
Маълумки, Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Россияда меҳнат қилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг маълумотига кўра, март ойида Россиядан Ўзбекистонга 50 минг нафар меҳнат муҳожири қайтиб келиб, мамлакатдаги ишсизлар сафига қўшилган.
Прогноз қилинаётганидек, бу йил Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши фонида камбағаллик даражаси ортмаслигини таъминлаш ҳукумат учун муҳим ва долзарб вазифага айланади. Жамиятда камбағаллик кўрсаткичлари ва уларни мониторинг қилиш параметрларини аниқлаш, камбағалликни қисқартиришнинг самарали воситаларидан фойдаланиш каби чора-тадбирлар соҳага доир давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига киради.
Uzanalytics таҳририяти ушбу мавзу юзасидан таниқли эксперт – сиёсий иқтисодчи, ижтимоий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Баҳром Ражабов билан суҳбатлашди.
Ушбу интервью Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан аввал ёзилгани сабабли суҳбатда мазкур воқеаларнинг оқибатлари, Украина ва Россия иқтисодиётининг издан чиқиши ЕМО минтақаси ва жаҳондаги бошқа мамлакатларда жиддий иқтисодий йўқотишларга олиб келиши ва буларнинг Ўзбекистонда камбағаллик даражасига таъсири ҳақида сўз юритилмаган.
Ушбу суҳбатни аудиоподкаст ва матн шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– 2020 йилда Ўзбекистонда Камбағалликни қисқартириш стратегияси қабул қилинди. Бу борада амалга оширилган ишларни қандай баҳолайсиз?
– Айтиш керакки, 2020 йилдан Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Хабарингиз бор бу соҳада ҳатто алоҳида давлат органи – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилган.
Ўзбекистонда камбағал қатлам мавжудлигининг тан олиниши соҳага доир сиёсатнинг дастлабки бурилиш нуқтаси бўлди. Илгари бизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотларининг камбағалликни қисқартиришга доир ҳужжатлари (Poverty Reduction Strategy Paper) аҳоли турмушини яхшилаш қилиб бироз ўзгартирилган ҳолда бериларди. Яъни камбағаллик атамасига атайин урғу берилмаган. Бундан худди Ўзбекистонда камбағаллик ва камбағал ёки қашшоқ қатлам йўқдек таассурот уйғонган. 2020 йилдан сўнг мана шу масалада ёндашув ўзгарди. Ўша пайтда мамлакатда камбағаллар сони аҳолининг 12-15 фоизни ташкил этиши очиқ-ошкора айтилди.
Кейин Жаҳон банкининг қашшоқлик ва камбағаллик даражасини аниқлаш методикаси таклиф қилинди. Унга кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда камбағал қатлам 11,9 фоизни, 2018 йилда – 11,4 фоизни ташкил этиши маълум бўлган.
Албатта, бу борадаги статистика ҳисоб-китобни қандай олиб боришга боғлиқ. Масалан, кунига 2 долларга кун кўрадиганлар ҳисобланса битта рақам чиқади, кунлик кўрсаткични бироз оширсак, бошқача статистикага эга бўламиз. Айтайлик, кунига 5 доллардан кўпга кун кўрадиганлар кесимида камбағаллар салмоғи, табиийки, камроқ чиқади.
Ҳисоблаш усуллари ҳар хил, қўлланилаётган методикалар бўйича жуда кўп танқидлар ҳам бўлди. Лекин умуман олганда сиёсат шу йўналишда олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағалликни 2 бараварга қисқартириш вазифасини қўйган. Бундай режа-мақсадларга коронавирус пандемияси салбий таъсир кўрсатди, албатта. Пандемия пайтида бутун дунёда иқтисодий ўсиш суръатлари пасайди. Гарчанд Ўзбекистонда мазкур кўрсаткич минусга айланмаган бўлса-да (иқтисодиёт тахминан 1 фоизга ўсган), лекин аввалги даражада сақланиб қолмади.
Турган гапки, камбағалликни қисқартириш масаласи иқтисодиёт ривожига боғлиқ. Жаҳон банки пандемиядан аввал Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичи қўшни республикалар ҳамда Шарқий Европа мамлакатлари орасида энг юқори бўлишини прогноз қилганди.
Бироқ назариядан ҳам, амалиётдан ҳам маълумки, биргина иқтисодий ўсиш асносида камбағаллик билан курашиб бўлмайди. Бунинг учун давлат сиёсати даражасидаги жиддий сайъ-ҳаракатлар керак. Биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг имкон қадар инклюзивлигини таъминлаш зарур. Иқтисодиётдаги ютуқлар халқ орасида тенг тақсимланса ва бундан аҳолининг заиф қатламлари ҳам баҳраманд бўлсагина камбағаллик қисқаради. Бу эса муайян чора-тадбирлар кўришни, аввало, янги иш ўринларини яратиш, таълим сифатини ошириш, тиббиёт хизматларини яхшилаш, ижтимоий дастурлар қабул қилиб, амалга оширишни тақозо этади. Ҳукумат олдида турган бирламчи вазифа нотенгликни бартараф этишдан иборат. Шунга қараб камбағалликни қисқартиришга доир давлат сиёсати нечоғлиқ муваффақиятли амалга оширилаётгани тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.
– Мамлакатда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган сиёсат самарадорлигини қандай баҳолаган бўлардингиз?
– Ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий жабҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини аниқлаш учун, аввало, мазкур сиёсат параметрларини аниқлаш керак. Бу мақсадли кўрсаткичлар, деб ҳам юритилади. Яъни муайян ислоҳот натижасида нималарга эришмоқчимиз?
Дейлик, қайсидир лойиҳа ёки дастур ижроси доирасида бажарилган ишлар самарадорлигини ўлчаш учун аниқ индикаторлар бўйича мониторинг олиб бориш зарур. Ҳозирча бундай индикаторларга эга эмасмиз. Стратегик ҳужжатлар қабул қилинади, лекин ўлчов мезонлари йўқ. Масалан, камбағалликни 2 бараварга қисқартириш вазифаси қўйилди. Ушбу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар қанчалик самара беряпти, мақсадга қанчалик ета оляпмиз – ҳаммаси мониторинг давомида аниқланади. Бунинг учун маълумотлар керак, албатта.
Биргина мисол. Камбағаллик даражаси ўлчови сифатида Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси” индикатори қўлланилмоқда. Ушбу “истеъмол саватчаси”га нималар киради, уларнинг пул эквивалентидаги қиймати қандай, деган саволлар аввал ҳам кўтарилган.
Таъкидлаш керак, агар инсон ойлик даромадининг ярмидан кўпини истеъмол товарларига ишлатса, демак, у камбағал тоифасига киради. Борди-ю, мазкур кўрсаткичнинг фоиздаги пропорцияси ўзгарса, масалан, киши даромадининг 10 фоизини озиқ-овқатга сарфлаб, қолганини бошқа эҳтиёжларига йўналтирса, шу жумладан, банк депозити ёки бошқа кўринишдаги сармоя сифатида сақласа, бу вазият ўзгараётганидан дарак беради.
Ўзбекистонда яқин вақтгача “истеъмол саватчаси” тушунчаси истеъмолга киритилмаганди. Ва бу бир қатор муаммоларни туғдириб келган. Гап шундаки, “истеъмол саватчаси” тегишли методика бўйича ҳисоблаб чиқилса, барча ижтимоий тўловларни ҳозирги даражасидан анча ошириш керак бўлади. Натижада давлат бюджетига қўшимча юк тушади. Уни бюджет кўтара оладими, деган хавотир доимо бўлган. Зотан, бозор иқтисодиётига ўтаётганига қарамай, Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатини юритмоқда. Энди ҳақли савол туғилади: мана шу ижтимоий компонентни қанчалик бажара оляпмиз? Чунки аҳолини камбағалликдан олиб чиқишга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар аниқ ҳисоб-китоб қилиниши керак: ким иш билан таъминланади, ишсизларга қанча нафақа тўланади ва ҳоказо.
Менинг қўлимда бундай ҳисоб-китоблар мавжуд эмас. Эҳтимол, тегишли давлат идоралари улар бўйича ишлаётгандир. Ҳарқалай, маълумотлар жамоатчиликка очиқланмаган. Агар бизда уларни ўрганиш имкони бўлса, кейингина камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатнинг самарали ёки йўқлигини айтиш мумкин бўлади.
Ҳозирча кўпроқ камчиликлар ҳақида эшитяпмиз. Чунки одамларимиз ютуқларни кўрса ҳам, уларни эътироф этишга одатланмаган. Масалан, мана бу ерда йўл таъмирланди, фалон маҳалла обод этилди ёки қайсидир ижтимоий тўловни олиш енгиллашди, давлат дастури ҳақиқатдан ҳам ишлаяпти, деган гаплар камдан-кам айтилади. Барибир ҳамма жойда ҳам одамлар ислоҳотларга танқидий ёндашади: ё салбий, ё ижобий жиҳатдан.
Шу боис саволингизга жиддий жавоб беришим учун қўлимда аниқ рақам бўлиши керак.
– Сўнгги йилларда ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатида аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ижобий тенденция, албатта. Аммо бошқа томондан, бозор иқтисодиётида муайян бир корхона самарали фаолият юритиши ва рақобатбардош бўлиши учун у ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириши, хусусан, инсон ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириши, зарур ҳолатларда эса ходимлар сонини камайтириши керак. Шу маънода, камбағалликни қисқартириш параметрларига риоя этиш самарали иқтисодиёт стратегиясига зид бўлиб қолмайдими?
– Иқтисодиёт назариясига кўра, ишлаб чиқаришнинг ўзига яраша функциялари бор. Улар бир нечта компонентдан иборат бўлиб, асосийлари – инсон капитали ҳамда ишчилар сони. Табиийки, ишчи-ходимларнинг кўпайиши ишлаб чиқариш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмайди.
Лекин ҳозир биз бошқа нарса ҳақида гапиряпмиз. Агар мамлакатда иқтисодиёт ўсса, албатта, ишчи кучига талаб ортади. Шу боис аввал-бошданоқ Ўзбекистонда кўпроқ ишчи кучини қамраб оладиган иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга урғу бериб келинган. Сиз айтаётган оптималлаштириш сиёсати, албатта, камбағалликни қисқартиришга маълум даражада салбий таъсир кўрсатади.
Бошқа томондан эса ҳозир биз турган тўртинчи технологик инқилоб даврида қайсидир касблар умуман йўқолиб кетиш эҳтимоли юзага келган. Ҳозир мана шу касбларга фуқароларимизни ўқитиб, уларни эртага кераксиз бўладиган соҳа мутахассиси этиб тайёрлаш қанчалик тўғри ёки мақсадга мувофиқ? Эртага улардан қандай самарадорликни кутишимиз мумкин?
Лекин Ўзбекистон шароитини, оддийгина демографик ҳолатни ҳам эътиборга олиш зарур. Меҳнат бозорига кириб келаётган мутахассислар сони билан мавжуд иш ўринларининг сони бир-бирига номутаносиб. Етарли миқдорда иш ўринлари яратилмагани боис одамлар ишсиз қолмоқда. Шу туфайли ташқи меҳнат миграциясига эҳтиёж пайдо бўлган. Ўзбекистондаги “ортиқча” ишчи кучи шу йўсинда ўз кунини кўриб келмоқда. Айтмоқчи бўлганим, иш ўринларини яратиш орқали камбағалликни қисқартиришда, авваламбор, мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш керак. Биз том маънода эркин иқтисодиётни қура олсак, шунда иқтисодиёт тармоқларининг ўзи керакли миқдорда иш ўринларини яратиб, аҳолини иш билан таъминлайди ва пировард натижада Ўзбекистонда камбағаллар сони камая бошлайди.
Камбағалликни қисқартиришнинг бошқа йўллари ҳам бор. Шулардан бири – аҳолига тадбиркорлик билан шуғулланишга имкон бериш. Дейлик, бир киши кичик бизнесини йўлга қўйиб, учта одамни иш билан таъминлайди. Бу йўлдан ҳам борса бўлади, лекин одатда халқ ичидан тадбиркорлар кўп чиқмайди. Ҳар қандай мамлакатда улар аҳолининг 1-2 фоизини ташкил қилади, холос. Риск даражаси юқорилиши туфайли ҳамма ҳам тадбиркор бўлолмайди. Мана шу 1-2 фоиз қолган юзлаб одамларни иш билан таъминлайди. Тажрибадан маълумки, меҳнат билан банд аҳолининг 80-90 фоизи тадбиркор эмас, ўша тадбиркорга ёки давлат корхона ва идораларига ёлланиб ишлаётган одамлар бўлиб чиқади.
Сўзсиз, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш керак. Бу ерда мен айтган ўша хусусий мулк, тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимояси, қонун устуворлигини таъминлаш, бизнес муҳитини яхшилаш масалалари жуда муҳим. Зотан, улар камбағалликни қисқартиришга доир сиёсатнинг зарурий компонентлари сирасига киради.
– Батафсил изоҳ учун раҳмат. Демак, камбағалликни қисқартириш дастурининг таркибий қисмларидан бири – иқтисодиётдаги тез ўзгариб бораётган шароитларга жавобан, ишчи ва мутахассисларни қайта ўқитиш орқали уларни янги касбларга тайёрлаш, яъни баъзи касблар йўқ бўлиб кетиши ва улар ўрнида янгилари пайдо бўлишига олиб келадиган глобал трендларни ҳисобга олиш керак. Шундайми?
– Ҳа, лекин бу миллий иқтисодиётнинг талабидан келиб чиқади. Ҳозир, масалан, АҚШ иқтисодиётига умуман бошқа мутахассислар керак. Ҳатто яқиндагина талаб юқори бўлган касблар бугун долзарблигини йўқотиши мумкин.
Ўзбекистондаги вазият эса бошқача. Айтмоқчиманки, ҳар қайси мамлакат иқтисодий эҳтиёжидан келиб чиқиб мазкур масалани ҳал қилади.
– Жамиятдаги камбағаллик кўрсаткичларини қандай параметрлар орқали кузатиб бориш ва назорат қилиш мумкин? Мен бу борада макроиқтисодий ва микроиқтисодий параметрларни назарда тутяпман.
– Юқорида айтдим, Жаҳон банкининг методикасига кўра, кунига 2 доллардан кам маблағ топадиганлар камбағал ҳисобланади. Камбағалликни “истеъмол саватчаси” бўйича аниқлаш методикаси ҳам бор. Бу ерда ҳам икки хил ҳисоблаш мумкин: килокалориялар бўйича ёки АҚШ доллари эквивалентида. Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қайси кўрсаткичга таянишини ўзи учун аниқлаштириб олиши керак.
Шунингдек, юқорида айтганимдек, инсон даромадининг неча фоизини озиқ-овқатга сарфлашига қараб камбағаллик даражасини аниқласа бўлади. Бу ҳам битта кўрсаткич.
Умуман олганда, илгари Ўзбекистон иқтисодий статистикасида мавҳумлик кўп эди. Ҳозир, менимча, анча-мунча жойига тушиб қолган. Аслида вазият икки хил бўлиши мумкин: ё статистика органи реал ҳолат (фактлар)ни билмайди, ёки билатуриб яширади. Ўйлашимча, бизга номаълум нарсалар ҳали ҳам бор.
Совет Иттифоқи парчалангач россиялик сиёсатчилардан бири Егор Гайдар: “Иттифоқ даврида ҳатто инфляция даражаси қанчалигини аниқ билмасдик”, – деганди. Билмаслик ёмон. Чунки бунда ҳеч қандай прогнозлар қилиб бўлмайди. Шу боис статистика жуда муҳим, зотан, унга таяниб иқтисодиётимизнинг аҳволи ҳақида хулоса чиқара оламиз.
Микроиқтисодиёт бўйича Жаҳон банкининг иккита методикаси мавжуд. Ўзимизда ва Тожикистонда ҳам кўрганман буни. “Ўзбекистонни эшитиб”, “Тожикистонни эшитиб”, деб номланади. Мазкур лойиҳалар доирасида уй хўжаликлари бўйича ўрганишлар олиб борилганди. Дейлик, меҳнат муҳожирлари томонидан оиласига қанча пул жўнатиляпти, бу маблағ қайси мақсадларга ишлатиляпти, таълим даражаси қандай, уй хўжаликларининг тоза ичимлик суви, таълим ва тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкони борми, “ижтимоий лифт”лар ишлаяптими ва бошқа кўплаб параметрлар аниқланган. Шу аснода камбағалликнинг оилалар кесимидаги микроўлчамини кўрса бўлади.
– Жуда муҳим ва қизиқарли жиҳатга тўхталдингиз. Яъни камбағалликни бир параметр бўйича эмас, балки ушбу масалага комплекс ёндашиб, кўп ўлчовли баҳолаш мезонини қўллаш ҳақида. “Ижтимоий лифт” мавжудлиги, ичимлик сувидан фойдаланиш имконияти ва таълим олиш имконияти кабилар шулар жумласидан.
Сизнингча, Ўзбекистонда камбағаллик даражасини баҳолашда қандай ёндашув кўпроқ мос келади?
– Нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатларда ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулотини ўлчаш иқтисодчилар учун энг осон йўл ҳисобланади. Зотан, мазкур кўрсаткичнинг ўзгаришини динамикада кўрса бўлади. Лекин шу нарса аниқки, ЯИМ аҳолининг камбағаллик даражасини, аҳоли оч ёки тўқ яшаётганини кўрсатиб беролмайди. Бунда нафақат иқтисодий ўсиш, балки бошқа параметрлар, шу жумладан, иқтимоий кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш зарур.
Муҳим параметрлар сирасига иқтисодий, сиёсий эркинлик, таълим ва тиббий хизматлардан фойдалана олиш, ички миграция кабилар ҳам киради.
БМТ маълумотига кўра, дунёда аҳолининг шаҳарларга кўчиб ўтиш тенденцияси кучайган. Чунки иқтисодий, технологик ривожланиш шаҳарлардан бошланади. Буни қишлоқ аҳолисининг шаҳарга кўчиб ўтиш суръатидан билса бўлади. Шаҳарда давлат кўмаги билан “ижтимоий лифт”лар ишласа, ҳатто қашшоқ оиладан чиққан йигит ёки қиз ҳам жамиятда ўз ўрнини топиб, ижтимоий мавқеини ошира олади.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак – тенгсизлик айнан камбағаллик билан боғлиқ бўлган масала. Бу ерда нафақат иқтисодий, яъни даромадлар тенгсизлиги, балки кўпроқ имкониятлар тенгсизлиги назарда тутилмоқда. Яъни бой оила фарзандининг юқори мартабага эришиши ақлли, лекин камбағал тенгдошига қараганда осонроқ. Ҳукуматнинг вазифаси мана шу тенгсизликни бартараф этишдан иборат. Таълим борасида ҳам шундай: давлатманд оиладан чиққан ёшлар нуфузли университетларда ўқий олади. Камбағал эса минг илмли бўлгани билан, иқтисодий шароити танглигиги туфайли олий маълумотли бўлолмайди. Баъзи мамлакатлар, масалан, АҚШда олий ўқув юртида таҳсил олиш пулли. Шундай пайтда камбағалларга махсус стипендиялар жорий этиш ёки бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлаш зарурати туғилади. Чунки улар билим олиб, яхши мутахассис бўлиб етишса, мамлакат иқтисодиётига фойда келтиради. Шу аснода ижтимоий қатламлар ўртасидаги тенгсизликни оз бўлса-да қисқартириш мумкин.
Ёки бўлмаса аёлларнинг иқтисодиётга қанчалик жалб этилганлик масаласини олайлик. Бу ҳам камбағалликка таъсир қилади. Чунки камбағаллар орасида аёлларнинг салмоғи катта. Уларни тадбиркорлик билан шуғулланиши ёки бошқа бирор жойда ишлаши пировардида гендер тенглик масаласига бориб тақалади. Аёл ва эркаклар тенгсизлиги мамлакат иқтисодиётига, албатта, таъсир кўрсатади.
Японияни олайлик. У иқтисодий ривожланган мамлакат. Шунга қарамай, оилали аёлларнинг 60 фоизи биринчи фарзандини дунёга келтиргач, ишга қайтмас экан. Умуман олганда, бутун дунёда “ойнаванд шифт”, деган тушунча бор. Бу шундай кўринмас чегараки, ундан эркак бемалол ўта олади, аммо аёлнинг ўтиши даргумон. Демоқчиманки, гендер тенгликнинг ижтимоий, сиёсий ўлчамларидан ташқари, иқтисодий мезонлари ҳам бор. Шу масала ечилса, ижтимоий йўналтирилган сиёсат ўз мақсадига эришади, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти таъминланиб, камбағалликка барҳам берилади.
– Кенг қамровли ва батафсил жавобингиз учун раҳмат! Буларнинг барини умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, камбағалликни қисқартириш масаласи бир қарашда тасаввур қилганимиздан ҳам каттароқ ва анча мураккаб вазифа. Ва бу вазифа жамиятда коррупция даражасини пасайтириш, гендер тенглигига эришиш, таълим олиш имконияти ҳамда кундалик ҳаётда зарур ҳисобланадиган товар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яратиш каби бир қанча йўналишларни ўз ичига олган.
Шуни қайд этиш лозимки, сўнгги бир неча йилда жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг деярли барча жабҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистондаги камбағаллик даражасини пасайтириш борасида муайян ютуқларга эришилди. Хусусан, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда коррупция даражаси пасайгани, аҳолини ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминлаш бўйича қатор йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани, аҳолининг барча қатламлари учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари яхшиланиши, шунингдек, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги сезиларли ижобий натижалар ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Сиз ушбу фикрга қўшиласизми?
– Албатта. Мана, ҳатто охирги вақтда ҳукумат Ўзбекистонда табиий газга талаб энг юқорилаган пайт (мавсум)да унинг экспортини чеклаш бўйича қарор қабул қилди. Шахсан ўзим буни ижобий баҳолайман. Чунки давлат, авваламбор, ички эҳтиёжни қондириб, жайдари қилиб айтганда, халқни ўйлаб, ундан кейин экспортни йўлга қўйиши керак.
Бу ерда кўпроқ ижтимоий компонент роль ўйнаяпти. Иқтисодий жиҳатдан эса табиий газ экспортини чеклаш, турган гапки, мамлакатга фойда келтирмайди. Исталган товарни сотиш учун харидор ва бозор керак. Ички бозорда эса аҳолининг харид қобилияти ташқи бозордагига қараганда паст. Қолаверса, экспорт қилинганда маҳсулотни юқорироқ нархга сотиш мумкин. Табиий газ экспортининг чеклангани иқтисодий томондан балки мақсадга мувофиқ бўлмас, лекин ижтимоий нуқтаи назардан айни муддао.
– Камбағалликни қисқартиришнинг самарали воситаларидан бири – ижтимоий инновациялар. Ўзбекистонда бу борада қандай саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда?
– Ижимоий инновацияларни яратиш ва жорий этиш амалиёти Ўзбекистонда 2012 йилда бошланган. Бу бўйича БМТ Тараққиёт дастури йирик лойиҳани амалга оширганди. Унгача давлат институтлари мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш тугул, қизиқиш ҳам билдирмаган. Донор ташкилотнинг ёрдами билан Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар жорий қилина бошланди. Улар кўпроқ самарали бошқарув йўналишида ёшларни рағбатлантириш билан боғлиқ ташаббуслар эди. Тошкент шаҳри ва республика ҳудудларида ижтимоий муаммоларга ечим топиш мақсадида шундай даcтур ва лойиҳалар молиявий рағбатлантирилган.
Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ривожланган, деб бўлмайди. Бироқ тан олиш керак, соҳасига эътибор катта.
Аслида инновацияларни ривожлантириш хусусий секторнинг иши. Инновацион бозорни ривожлантириш ҳамда интеллектуал меҳнат маҳсулига асосланган инновацияларни жорий этиш учун кучли илмий база ва албатта бозор бўлиши керак.
Ҳозирча Ўзбекистонда инновациялар бозори шаклланмаган. Бунинг учун сармоя ва сармоядорлар йўқ. Инновацион тадбиркорлик катта маблағни талаб қилади. Шу боис 2016 йилда маҳаллий инновацияларни молиялаштириш механизми йўлга қўйила бошланди.
Дунёда инновацияларга сармоя жалоб қилиш осон. Чунки бунга жуда кўп пул ажратилади. Ишни инновацион экотизимни яратишдан бошлаш керак. У кўплаб таркибий қисмлардан иборат. Мазкур тизим Ўзбекистонда эндигина шаклланяпти.
Ижтимоий инновациялар келажаги порлоқ соҳа. Ривожланган мамлакатларда шундай концепт борки, давлат сиёсати ҳамда сиёсий институтларнинг кучи етмаётган жойда ижтимоий инновациялар ишлайди. Яъни фуқаролар мустақил равишда ўзлари учун ижтимоий қулайлик яратишга ҳаракат қилади.
Ривожланаётган мамлакатларда эса бунинг тескариси – ижтимоий инновациялардан одатда жамиятнинг фақат асосий эҳтиёжларини қондиришда фойдаланилади. Дейлик, қайсидир қишлоқда ичимлик суви муаммоси бўлса, маҳаллий аҳоли оддий технология ўйлаб топиб, шу муаммони ҳал қилиши мумкин. Электр энергия етказишда ҳам инновациялар ишлатилади. Масалан, Бразилиянинг қашшоқ ҳудудларида одамлар сувдан бўшаган пластмасса идишларга муайян материал жойлаштириб, уйларининг томига ўрнатиб қуёш нуридан электр энергиясини олмоқда. Бундай инновациялар асосан локал муаммолар ечимига хизмат қилади.
Макроинновациялар ҳам бор. Уларнинг амалиётга татбиқ этилиши жамият ҳаётида тизимли ўзгаришларга олиб келади. Масалан, ўз вақтида АҚШда фақат пулдор одамлар олий маълумотли бўла олган. Маълум вақт ўтиб, жамиятдаги эврилишлар натижасида вазият ўзгарди. Ҳозир Америкада олий таълим пулли бўлишига қарамай, оддий оилаларнинг билимли фарзандлари университетга кира оляпти. Бу жамиятда халқ равнақига хизмат қиладиган ижтимоий механизмлар яратилгани ва улар ҳақиқатдан ҳам ишлаётганидан, ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Ижтимоий инновацияларни турли соҳаларда татбиқ этса бўлади. Атроф-муҳит муҳофазаси бўладими, камбағаллик ёки самарали бошқарув муаммолари бўладими, таълим соҳасида ҳам ижтимоий инновацияларни жорий этиш мумкин. Ҳатто баъзан адабиётларда ўқиб қоламан, низоларни ҳал этишда ижтимоий инновациялардан фойдаланса бўлади.
Иқтисодиётда ҳам ижтимоий инновациялар қўл келади. Юқорида камбағаллик параметрлари ҳақида гапирдик. Мана шу параметрлар негизидаги муаммолар ечими сифатида ижтимоий инновацион лойиҳалар қўлланилса, албатта, ижобий натижага эришилади. Чунки ижтимоий инновацияларнинг хусусияти шундаки, улар одамларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб яратилади ва пилот лойиҳа сифатида муайян ижтимоий доирада, масалан, қайсидир уй хўжалигида синаб кўрилади. Синов жараёнида аҳолининг ўзи сизга қандай ижтимоий муаммоси борлиги ва уни қайси йўллар билан ечиш мумкинлигини айтади.
БМТ Тараққиёт дастурига ўхшаш йирик ривожланиш ташкилотлари ўзи конкрет ҳудудга келиб қаерда йўл, қаерда кутубхона, боғча ёки мактаб қуришни ҳал қилади. Ижтимоий инновацияларда эса аксинча, қаерда нима қилиш кераклигини давлат ёки халқаро ташкилотлар эмас, балки жамият вакиллари айтади. Яъни одамлар эксперт вазифасини бажаради ҳамда ижтимоий лойиҳада бевосита иштирок этиб, унинг ижросига баравар бош қўшади.
Аслида юқоридан кўрсатма асосида бошланган лойиҳа халққа кераги ёки қизиғи бўлмаса, одамлар уни қабул қилмайди. Бунга кўп бора амин бўлганмиз. Масалан, бирон қишлоққа келиб мана сизларга қуёш батареяси, энди ундан бемалол фойдаланиб уйларни ёритиш ҳамда иситишингиз мумкин, деб барча шароит яратиб берилади. Аммо вақт ўтиб қарабсизки бу ускуна ё бузилган, ёки бирон қисми ўғирланган бўлади. Оддий нарса-да, агар ташқаридан одам келиб муаммоингиз билан қизиқса ва уни сиз истагандек эмас, балки ўзи билгандек ҳал қилишга уринса, албатта, унга ё ишонмайсиз, ёки қилинган иш самара бермайди. Билъакс муаммо ечими юзасидан сиз билан маслаҳатлашилса, жонли мулоқот юзага келади ва бундай лойиҳадан натижа чиқади. Инновациялар учун краудсорсинг, яъни мақсадли гуруҳдан фикр олиш жуда муҳим. Тўғри, одамларда инновацияни яратишда билим ёки кўникма бўлмаслиги мумкин, лекин ғоя ва таклиф улардан чиқиши керак.
UzAnalytics сайти таҳририяти эксперт Баҳром Ражабовга мазкур суҳбат учун миннатдорлик билдиради.
Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Наргиза Умарова
Овоз режиссёри: Тимур Исмаилов