Сурат манбаси: «Дунё» Ахборот агентлиги
АҚШ қуролли кучлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгач, мазкур мамлакатда ҳукумат ўзгарганидан сўнг Марказий Осиёдаги геосиёсий жараёнлар ушбу минтақа асосий акторларининг ўзаро алоқалари ва таъсири нуқтаи назаридан янгича характер касб эта бошлади. Бу борада халқаро жараёнларда тобора каттароқ ролни ўйнашга интилаётган Ҳиндистон позицияси алоҳида аҳамиятга эга.
Бир ойдан сал кўпроқ вақт илгари – 2022 йилнинг 27 январь куни Ҳиндистон Бош вазири билан Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасида биринчи олий даражадаги учрашув бўлиб ўтган эди. Ушбу учрашув Ҳиндистон ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Миллий хавфсизлик кенгашлари вакиллари ва ташқи ишлар вазирлари даражасидаги давомли саъй-ҳаракатлар самараси бўлди. Учрашув Ҳиндистоннинг минтақа давлатлари билан дипломатик алоқалари ўрнатилганига 30 йил тўлиши ҳамда Ҳиндистон Республикаси мустақиллигининг 75 йиллиги нишонланишига тўғри келди.
Мазкур Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, бугунги Ҳиндистон – бу замонавий, жадал ривожланаётган, катта халқаро нуфузга эга, жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий таъсири тобора ортиб бораётган мамлакат. Бошқа томондан, бугунги Марказий Осиё – 60 миллиондан зиёд аҳолиси бор йирик минтақа, бу ердаги мамлакатлар эса БМТнинг тўлақонли аъзосидир. Мазкур минтақа ресурсларга бой, катта иқтисодий салоҳиятга эга, барча давлатлар, хусусан, Ҳиндистон билан ҳам савдо-иқтисодий, ҳам маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга ҳар жиҳатдан тайёр.
UzAnalytics сайти таҳририяти Ҳиндистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий манфаатлари, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг бош йўналишлари бўйича ўзаро алоқалар истиқболлари ва бу борадаги мавжуд муаммолар ҳақида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори Фарҳод Фозилович Толипов ва мустақил эксперт Фарҳод Муҳаммад ўғли Мирзабоев билан суҳбатлашди.
Ушбу суҳбатни аудиоподкаст ва матн шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Тўлиқ транскрипт:
Авваламбор, суҳбатимизни Ҳиндистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий манфаатларидан бошласак. Фарҳод Фозилович, сизнингча улар нималардан иборат?
Фарҳод Толипов: Менинг назаримда, Ҳиндистон ва Марказий Осиёдан кўрилаётган манфаатлар аниқ-равшан бўлиб, 90-йилдан, яъни, мустақил Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг мустақилликка эришган дастлабки даврларидан бошлаб ифодаланган. Асосан, Ҳиндистон янги мустақил давлатга нисбатан жуда ҳам илиқ, ижобий муносабатларини изҳор этган. Марказий Осиё минтақаси билан Ҳиндистонни боғлаб турувчи қадимий ришталар мавжуд эканлигига урғу берилиб, катта умидлар билдирилган. Энди шу ришталар, қадимий алоқалар тикланиши мумкин. Қолаверса, қадимги Марказий Осиёдан ўтган Буюк ипак йўлининг бир тармоғи, бурилиши Ҳиндистондан ҳам ўтганлигини инобатга олсак ва ҳатто милоддан аввал ҳам Ҳиндистонни Марказий Осиё билан боғлаб турган буддизм дини – буларнинг бари Осиёга алоқадор бўлганлиги Ҳиндистоннинг Марказий Осиёга эътибори кучайишига сабаб бўлди. Ва бу, албатта, ўтмишга муносабат, умуман олганда, Ҳиндистоннинг Марказий Осиё билан алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги фақатгина тарих билан ўлчанмайди. Тарихни муайян бир маънавий, ижобий фон, шароит деб тасаввур қилсак, ҳамкорлик кўпроқ ҳозирги манфаатлар ва келажакни кўзлайди. Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистоннинг Марказий Осиёга бўлган эътибори кўп жиҳатдан савдо, иқтисодий алоқалар ва энг қизиғи, ҳатто, геосиёсий ўлчамлар билан ифодаланиши мумкин.
Яна такрор айтаман: бу савдо йўлларини барпо этиш, икки ҳудуд, икки минтақа — Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг Ҳиндистон билан транспорт ва бошқа алоқаларини қайта тиклаб, савдо-сотиқни жадаллаштириш, иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва шу билан бирга, геосиёсий манфаатларни ҳам кўзлаш билан ифодаланади. Ёки бу ўлка, яъни, Марказий ва Жанубий Осиё ўлкалари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, маълум бўлдики, геосиёсий жараёнларга очиқ ўлка бўлгани учун ҳам ҳар хил давлатлар, минтақавий даражадаги, ўрта мақомдаги давлатлар ҳам улкан давлатлар билан бир қаторда кўринар-кўринмас геосиёсий мусобақага киришиб кетган. Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистон ҳам улар қаторида геосиёсий манфаатларни кўзлаяпти. Кўриб турганингиздек, Марказий Осиёда Ҳиндистоннинг манфаатлари, мақсадлари кўп ўлчамли ва қайсидир маънода узоқ муддатни кўзлаган бўлиб, икки томонлама, яъни Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг манфаатлари уйғунлигига ҳам хизмат қилиши мумкин.
Сиз ҳозир манфаатлар ҳақида сўз юритганингизда икки йўналишни қайд этдингиз, яъни, геосиёсий ва иқтисодий. Бу икки йўналишдан қай бири Ҳиндистон учун устувор аҳамият касб этмоқда?
Фарҳод Толипов: Биласизми, геосиёсий ўлчам, аслида, ўз-ўзи билан алоҳида, қандайдир ажралган мустақил ўлчам эмас. Геосиёсий йўналишлар, хатти-ҳаракатлар турли геосиёсатчилар тилида айтилганидек, “ўйинлар” каби тадбирлар, ҳаракатлар қайсидир омиллардан келиб чиқади. Бу хоҳ савдо-сотиқ бўлсин, хоҳ ҳарбий амалиётлар, хоҳ давлатларнинг ўзаро ишончсизлиги, шубҳалар, савдо мусобақалари, рақобат ва савдо-сотиқ буларнинг барига боғлиқ манфаатларни геосиёсий манфаатлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ўлчаган бўлар эдим. Лекин, геосиёсий деганда, унинг яна ўзига яраша бошқа мустақил ўз ўлчами ёки хусусиятлари ҳам мавжуд. Хусусан, биламизки, анча йилдан бери Афғонистонда давом этиб келаётган можаро, терроризм, диний экстремизм таҳдидлари кучайганлигининг ҳам ўз геосиёсий ўлчамлари мавжуд ва бу минтақа, тўғрироғи, бу мамлакатга — Афғонистонга нисбатан Ҳиндистоннинг ўзига яраша позицияси бор. Худди шу позиция, яъни, Ҳиндистоннинг Афғонистонга нисбатан позицияси ҳамма давлатлар билан ҳам уйғун, ҳамоҳанг эмас. Яъни, Афғонистонга нисбатан улкан давлатлар, минтақавий мамлакатларнинг позицияси билан солиштирганда, давлатларнинг позициялари, манфаатлари уйғун келмаяпти. Шу қаторда Ҳиндистон ҳам ўз позициясига эга бўлганлиги учун ва у ўз манфаатларини кўзлаётганлиги учун ҳам айтишимиз мумкинки, Ҳиндистоннинг бу ўлкалар, бу минтақаларда ўз геосиёсати мавжуд.
Бу масалада Ҳиндистон позицияси қандай?
Фарҳод Толипов: Ҳиндистонда кўп маротаба бўлганман ва стратегик, илмий марказлар билан кўп ҳамкорлик қилиб, улар билан мулоқотда бўлганман. Шу маънода айтишим мумкинки, афғоншунослик деган йўналишни, масалан, балки Ҳиндистонда бошқа давлатларга нисбатан жаҳондаги энг кучли мактаб, деб айтишимиз мумкин. Чунки, Афғонистонни Ҳиндистон каби шу қадар чуқур, атрофлича, ҳар томонлама ўрганган давлат кам учрайди. Ҳиндистон 1947 йилга қадар Афғонистоннинг бевосита қўшниси эди, Покистон йўқ эди, унда. Ҳиндистон ва Афғонистон бевосита черагадош бўлганлиги учун ҳам бу давлат жуда пухта ўрганилган, Ҳиндистон экспертлари, олимлари, таҳлилчилари Афғонистонни жуда-жуда яхши ўрганишган, жуда яхши билишади. Ва уларнинг таҳлиллари, маърузаларини бошқа мамлакатларнинг таҳлилий ишлари билан солиштирганимда, айтишим мумкинки, Ҳиндистон экспертлари Афғонистонга нисбатан жуда ҳам кучли, жуда ҳам ишонарли таҳлилни амалга оширган. Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистоннинг геосиёсий қарашларидан турли террорларга қарши кураш борасидаги позициялари жуда ҳам ишонарли жуда ҳам кучли ва обрўли дейишимиз мумкин. Хусусан, Афғонистонда охирги кунга қадар Ҳиндистон билан Покистоннинг позициялари бир-бирига қарама-қарши бўлиб келган. Ҳатто, айтишимиз мумкинки, кўп ҳолларда бу ўз тасдиғини топган: Ҳиндистон билан Покистон Афғонистонда қарама-қарши мақсадларни кўзлаган. Покистонда фаолият олиб бораётган террористик ташкилотлар айнан Афғонистондаги террористларни ёллаган ҳолда Ҳиндистонга қарши улардан турли ҳолатларда фойдаланяпти ва Ҳиндистоннинг хавфсизлигига таҳдид соляпти, дейиш мумкин. Шунинг ўзи ҳам айтиб турибдики, Ҳиндистоннинг геосиёсий қарашлари Марказий Осиёда жуда ўткир ва кучли.
Энди иккинчи суҳбатдошимизга юзлансак, яъни, Фарҳод Мирзабоевга. Фарҳод, сизнингча, Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдан кўзлаётган асосий манфаатлари нималардан иборат?
Фарҳод Мирзабоев: Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги манфаатлари серқирра. Масалан, иқтисодий йўналиш бўйича айтадиган бўлсак, Марказий Осиё Ҳиндистон маҳсулотлари учун катта бозор. Иккинчи маънода, Марказий Осиё минерал, қазилма бойликлар, нефть-газга жуда ҳам бой минтақа ҳисобланади. Шунинг учун Ҳиндистон бутун жаҳондан шундай минерал бойликларни қидиради, бу топилмаларни ўз мамлакатидаги ҳар хил саноат соҳаларига етказиб беришга ҳаракат қилади. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё Ҳиндистон учун жуда муҳим. У нечоғли амалга ошяпти, бу бошқа масала, чунки, Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасидаги асосий муаммолардан бири бу ўзаро боғлиқликнинг йўқлиги. Бошқа тарафдан қаралса, Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги геосиёсий манфаатлари ҳам бор. Покистон ҳар доим фаоллашганда Ҳиндистон ҳам қўл қовуштириб ўтирмайди. Глобал миқёсда Хитой Ҳиндистон учун рақиб давлат ҳисобланади. Чегара минтақалари муносабатларида ўзаро муаммолар бор. Покистон ҳам қанча йиллардан бери Ҳиндистоннинг рақиби, биринчи рақамли рақиби деса ҳам бўлади ва бу масалалар Ҳиндистон раҳбарларининг Марказий Осиёга назарини қаратишда муҳим аҳамиятга эга. Афғонистон масаласи ҳам Ҳиндистон учун муҳим ҳисобланади, айниқса, охирги пайтларда. Афғонистон Покистоннинг томорқасига айланишини Ҳиндистон хоҳламайди.
Шунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда Покистоннинг таъсирини тийиб туриш, Афғонистоннинг мустақил бир давлат бўлиши тарафдори бўлиб туради. Умуман олганда, Ҳиндистоннинг манфаатлари жуда серқирра.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро алоқалар масаласига келсак. Фарҳод Фозилович, ушбу ҳамкорликнинг қайси йўналишларини асосий деб атаган бўлар эдингиз. Ва нима учун мазкур йўналишлар устувор саналади?
Фарҳод Толипов: Ўзбекистон билан Ҳиндистоннинг ўзаро ҳамкорлигига энди 30 йил тўляпти. Шу йиллар ичида анча-мунча йўналишларда тажриба орттирилди. Ва энди биз ҳозир анча-мунча ишонч билан айрим иқтисодий соҳаларни алоҳида ажратиб таъкидлашимиз мумкинки, ҳақиқатан ҳам, ушбу соҳаларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам ижобий кўрсаткичлар билан давом эттирилиши мумкин ва бу, ҳақиқатан, йўлга қўйилди, дея оламиз. Биринчиси (биринчиси, деганда кучи, обрўси ёки устуворлик маъносида эмас) бу ахборот технологиялари соҳаси. Ҳозир ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлиги жуда ҳам яхши ривожланмоқда. Тошкентда IT-парк деб аталадиган катта мажмуа яратиляпти. Ҳиндистон айнан информацион технологиялар соҳасида жаҳон бўйича пешқадам давлатлардан бири ҳисобланади. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларида ҳам ҳиндистонлик мутахассисларга талаб жуда катта. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ҳам салоҳиятини, аслида, эътироф этиш керак. Ахборот технологиялари соҳасида интеллектуал салоҳиятимиз катта бўлганлиги учун Ҳиндистон бу борадаги ҳамкорликни мувафаққиятли давом эттириши мумкин. Ва бу бизга ҳам жуда керак.
Яна бир соҳа – бу ҳам мустақиллик йилларида тажриба тўпланган соҳа, яъни, фармацевтикадир. Биз биламизки, Ҳиндистон ахборот технологиялари соҳасида бўлганидек, фармацевтикада ҳам жуда катта ютуқларга эришган мамлакат. Жаҳон бўйича Ҳиндистоннинг ютуқлари тан олинган. Ҳатто, ўз шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 90-йиллар боши ва ўрталарида Ўзбекистондан Ҳиндистонга конференциялар, умуман, илмий мақсадлар учун сафар қилганимда самолётда пассажирлар кам бўлар эди. Ҳозир эса бўш жойнинг ўзи йўқ, бораётганларнинг аксарияти соғлиғини тиклаш, тиббий муассасаларда даволаниш ёки жарроҳлик операциялари каби мақсадлар билан боряпти. Яъни, Ҳиндистонда соғлиқни сақлаш тизими бўйича потенциал жуда катта.
Ўзбекистон фуқаролари даволаниш муваффақиятли кечишига умид қилиб, ушбу давлатга бормоқда. Бунга жуда кўп шоҳид бўлганман. Шунинг учун ҳам фармацевтика, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик яна бир муҳим йўналиш деб ўйлайман.
Яна бир йўналиш, менинг назаримда, бу хавфсизлик соҳаси. Ҳиндистон Ўзбекистон билан 2011 йилдан буён стратегик шерик ҳисобланади. Ўшанда, яъни 2011 йили Биринчи Президентнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи амалга оширилган ва стратегик шериклик ўрнатилган. Яъни, Ҳиндистон билан ўзаро стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилиши назарда тутилган ҳужжат қабул қилинган. Агар ўша стратегик шериклик шартномаси матни билан танишилса, бир қатор йўналишлар ичида хавфсизликка оид бандлар, мақсадлар аниқ-равшан қайд этилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, диний экстремизм, терроризмга қарши кураш олиб бориш ғояси ҳам – худди шу стратегик шериклик шартномасида қайд этилган. Демак, бу соҳада ҳам манфаатларимиз муштарак бўлиб, изчил ҳамкорлик олиб боришимиз мумкин.
Ва албатта, яна бир йўналиш – бу ҳозирги кунда кўпчилик муҳокама қилаётган, долзарблиги ошиб бораётган савдо-сотиқ алоқалари, иқтисодий ҳамкорлик, қўшма корхоналар… Ҳозир қандай қилиб, Ҳиндистон билан Ўзбекистон орасида транспорт алоқаларини йўлга қўйиш мумкин, деган масала устида бош қотирилмоқда. Зеро, бу икки давлат бевосита чегарадош эмас ва улар орасида Афғонистон ва Покистон бор, бу ҳудудлар ҳозир барқарор эмас, хавфсизлик кафолатланмаган. Шунинг учун ҳам, транспорт йўллари, инфратузилмаларини яратиш жуда мушкул. Бу қийинчиликлар Афғонистонда тинчлик ўрнатилгунига қадар, терроризм ўчоқлари йўқ қилингунига қадар давом этади.
Ва ниҳоят, яна бир йўналишга урғу берган бўлардим. Бу таълим ва илм-фан соҳаси. Маълумки, Ўзбекистонда, адашмасам, учта Ҳиндистон университетининг филиаллари очилган бўлиб, уларда ҳозир минглаб талабалар таҳсил оляпти. Тасаввур қилинг, қандай потенциал бор, бу соҳада. Қолаверса, Ҳиндистоннинг ўзида ҳам кўплаб талабаларимиз магистрлик ва докторлик даражаларини олиб келмоқда. Хусусан, нуфузли Жавоҳарлал Неру университетида ўзимизнинг ёшлар таҳсил олмоқда. Шунинг ўзи ҳам, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўп қиррали эканидан далолат бериб турибди.
2021 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 490 млн. долларни ташкил этганига қарамай, бунинг 90,4 фоизи, яъни, 461 млн. доллар Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт ҳажмини ташкил қилади. Ўзбекистондан Ҳиндистонга экспорт ҳажми эса атиги 29 млн. доллар эди. Ваҳоланки, Ҳиндистон деярли 1,5 миллиардга яқин аҳолиси бор улкан бозор ҳисобланади. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун мазкур бозорга чиқиш ҳамда бу йўналишда экспорт ҳажмини ошириш стратегик аҳамиятга эга.
Фарҳод Муҳаммадиевич, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ташқи савдода экспорт ва импорт ҳажмининг бундай катта фарқини қандай изоҳлайсиз?
Фарҳод Мирзабоев: Ҳиндистон маҳсулотларига бизнинг эҳтиёж кўпроқ. Масалан, Ҳиндистондан фармацевтика маҳсулотлари, жуда кўп дори-дармонлар бозоримизга кириб келган. Улар арзонлиги билан бошқа ишлаб чиқарувчи мамлакатлар маҳсулотларидан устун. Шунингдек, Ўзбекистонга текстиль соҳасидаги ускуналар кириб келган. Катта-катта фабрикаларга ўрнатиляпти. Шу билан бирга, Самарқанддаги МAN заводининг айрим кузовларидан тортиб, катта қисмларигача Ҳиндистондан келади. Чунки, МAN заводининг катта йирик корхонаси Ҳиндистонда жойлашган. Машина қисмлари ўша ердан олиб келиниб, бу ерда йиғилади. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмлари кириб келади, бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам айтишимиз мумкин. 8 мингдан зиёд аҳолимиз даволаниб келди. Жарроҳлик операциялари амалга оширилди. Қолаверса, Ҳиндистондан ҳатто телефонларгача кириб келади. Бизда эса улар учун қизиқ маҳсулотлар кам. Бўлса ҳам, транспорт-логистика муаммоси бор.
Фарҳод Фозилович, агар ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, фикрингизча, Ҳиндистон Ўзбекистон товарлари учун ўз бозорини очишга нечоғли тайёр?
Фарҳод Толипов: Албатта, бу саволга иқтисодчилар, савдогарлар ва тадбиркорлар атрофлича жавоб бериши мумкин. Ўзбекистон ҳозирги кунда ўз маҳсулотларини қайси давлатларга жўнатаётганини айта оламан. Олис мамлакатларга ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб боряпти. Гилос, помидор, пиёз, ҳатто тарвуз-қовунларимиз Лондон бозорларига, Хитой ва Япония бозорларига ҳам етиб борган, яъни, бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз сабзавоту мевалар ва бошқа шу каби маҳсулотлар жаҳон бозорларини, озроқ муболаға билан айтадиган бўлсак, эгаллаяпти. Экспорт товарларимиз орасида текстиль маҳсулотлари ҳам ҳозир жуда истиқболли соҳа ҳисобланади. Лекин, бизнинг саноат ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга нисбатан жаҳон бозорларида қизиқиш кучли бўлса-да, ҳар бир бозор, дейлик, ҳар бир мамлакатнинг қизиқиши ўзгача. Ҳиндистонни оладиган бўлсак, ўз бозори бор ва озиқ-овқат ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми жуда катта бўлгани учун бошқа ҳудудлардан келадиган маҳсулотларнинг бу бозорларга кириши нечоғли манфаатли бўлади, талабга жавоб берадими ёки йўқ деган маънода ҳисоб-китоб қилинади. Лекин, қандай бўлмасин, биз биламизки, Ҳиндистон томонидан очиқ-ойдин айтилган: худди шу савдо йўлларини очиш, транспорт алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Ҳиндистон манфаатдор. Ва бундай лойиҳаларни у очиқ-ойдин қўллаб-қувватлайди. Мисол учун, ўтган йили июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган катта конференцияда Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон вакиллари очиқ-ойдин шундай ғояни қўллаб-қувватлашди, яъни, Марказий Осиёни темир йўллари билан боғлаш, савдо йўлларини очиш ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйиш ғоясини назарда тутяпман. Бу конференция айнан шу мақсадга бағишланган эди. Қолаверса, “шимол томон”, яъни, Марказий Осиё томон йўл очиш стратегияси негизида ҳам айнан шу ғоя мужассам. Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан савдо-сотиқни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Демак, сиёсий ирода мавжуд, қизиқиш бор, имконият ҳам бор. Лекин бу ерда масаланинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олиш лозим. У ҳам бўлса, Ҳиндистон билан Ўзбекистонни боғловчи ҳудуд – Афғонистон ва Покистон. Улар беқарор ўлка. Шунинг учун ҳам, турли лойиҳалар қанчалик жозибадор бўлиб кўринмасин, амалга ошириш ҳозир жуда мушкул. Биламизки, 90-йилларнинг охиридан бошлаб, бир неча лойиҳалар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланган эди. Шу жумладан, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркманистон ҳам. Лекин ҳанузгача бу лойиҳалар амалга ошгани йўқ. Энди “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” конференциясида транспорт орқали боғланиш ғояси ҳам ўртага ташланди. Қўллаб-қувватлов мавжуд, лекин, амалда, албатта, ҳали беқарорлик, хавфсизликка таҳдид, терроризм ўчоқлари билан боғлиқ тўсиқлар бисёр. Балки шунинг учун ҳам, савдо-сотиқ ҳам, иқтисодий алоқалар ҳам, у қадар тезкор суръатда амалга ошмаётгандир.
Демак, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларида афғон омили муҳим роль ўйнайди. Шундайми?
Фарҳод Толипов: Албатта, Афғонистондаги беқарорлик, терроризм ўчоқларининг тобора кўпайиб, тарқалиб кетиши бошқа давлатлар билан Афғонистон орқали олиб бориладиган ҳамкорликка фақат салбий таъсир кўрсатади ва ҳар қандай лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилиши, бу лойиҳаларни секинлаштириши ёки кечиктириши мумкин. Ва аслида, ҳар доим шундай бўлди ҳам. Афғонистондаги ҳозир биз кузатаётган вазият, гарчи, ўтган йилнинг августида содир бўлган бўлса-да, ундан аввалроқ ҳам, кўп йиллар давомида Афғонистон халқининг урушдан боши чиқмаган. 90-йиллар ўрталаридан то 2001 йилга қадар Толибон биринчи маротаба ҳукуматга келиб, ҳокимиятни эгаллаганда ҳам тинчлик ўрнатилмаган эди. Толибон мамлакатни бошқара олмаган ва фуқаролик уруши содир бўлган. Охир-оқибат, 2001 йилда Толибон ҳокимиятдан ағдарилди, Америка, НАТО қўшинлари кириб келди ва ҳоказо. Ўтган йили август ойида Толибон иккинчи маротаба ҳокимият тепасига келди ва биз ҳали барқарорлик аломатларини кўрмаяпмиз. Аксинча, вазият янада кескинлашиб боряпти, ҳозирча бу мамлакатда, бу ҳудудда иқтисодий ҳамкорликлар ёки транспорт йўлларини яратиш учун тегишли, кафолатли шароитлар мавжуд, деб айта олмаяпмиз. Шунинг учун ҳам, ҳозир Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликка Афғонистондаги вазият фақат салбий таъсир кўрсатяпти. Ва бу вазият то Афғонистондаги ҳолат ўзгармагунига қадар, яъни, тинчлик “кафолатли” даражада ўрнатилмагунча Ҳиндистон билан ҳамкорлик қандайдир бошқача шаклда олиб борилиши мумкин. Лекин транспорт алоқалари, инфратузилмаларни яратиш лойиҳалари ё секинлашади, ёки кечиктирилади. Биласизми, бу бизнеснинг иқтисодий жараёнларнинг қонуниятлари айнан шундай. Ҳеч қайси инвестор, ҳеч қайси тадбиркор уруш зонасига, можаро содир бўлаётган ҳудудга кирмайди. У ерга ўзининг капиталини, молиявий улушларини киритиш масаласига эҳтиёткорона муносабатда бўлади. Ёки умуман бундан тийилиб туради. Чунки, бизнес учун, ҳар қандай инвестор учун тинчлик – бу биринчи шарт. Тинчлик бўлса, инвестициялар, пуллар қумга сингиб кетгандай ғойиб бўлмайди. Ё коррупцион қопқонларга тушиб қолмайди. Мана шунинг ўзи ҳам айтиб турибдики, иқтисодий, транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун бизга Афғонистонда ҳозир кафолатли барқарорлик ва тинчлик керак.
Ҳиндистон Эрон йўналишидаги трансафғон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватламоқда. Фарҳод Муҳаммадиевич, мазкур лойиҳанинг минтақамиз учун аҳамияти нимада?
Фарҳод Мирзабоев: Эрон йўналиши бу яқинда бошланган масала эмас. Эрон орқали биз Жанубий Осиёга чиқиш масалаларини аввалдан кўриб келганмиз. Лекин, биламизки, Эрон ҳозирги кунда ҳали-ҳамон дипломатик изоляция, иқтисодий санкциялар остида яшаётган мамлакат. Бу борада ҳали якуний бир ечимга келингани йўқ. Шунинг учун масалан, Ҳиндистоннинг ҳам Эрон орқали Марказий Осиёга йўлак очиш бўйича интилишлари ўзгариб турган. Буни тан олишимиз керак. Масалан, Нарендра Моди ҳозир кучли раҳбар бўлгани учун АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг босимига қарамай, шу ишни амалга оширяпти. Аммо, тарихда шундай босқичлар бўлганки, масалан, Ҳиндистон ғарб мамлакатларининг босими остида Эрон билан қандайдир лойиҳаларни вақтинча музлатиб қўйишга мажбур бўлган. Шунинг учун бу масала неча йилдан бери тўлиқ ечимини топгани йўқ. Ҳозир Ҳиндистон Эроннинг Чорбаҳор портига бир неча юз миллион доллар сармоя киритиб, ушбу порт ривожига ҳисса қўшяпти. Мақсад – Эрон орқали Марказий Осиё мамлакатларига, қолаверса, Кавказорти мамлакатларига чиқиш. Шу боис, бу биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Трансафғон, энди Афғонистондан ўтадиган бўлса (Чорбаҳорга етиб олишимиз учун), у ҳам Афғонистондаги вазиятга боғлиқ. Туркманистон орқали ўтган тақдирда ҳам, қандайдир, транспорт-логистика таннархи ва барча масалалар кўриб чиқилади.
Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги фаоллигини минтақада ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилаётган бошқа йирик ўйинчилар, яъни акторлар қандай қабул қилмоқда?
Фарҳод Толипов: Турлича. Чунки, манфаатлар ёки геосиёсий қарашлар, позициялар деганда, юқорида айтганимдек, Ҳиндистон билан геосиёсий рақобатда бўлган давлатлар ҳам бор, стратегик шериклар ҳам бор. Шу нуқтаи назардан, биз турли давлатлар Ҳиндистоннинг ҳаракатларига турлича ёндашганини кўрсатишимиз мумкин. Ҳиндистоннинг ўзида ҳам ўз сиёсатини юритаётганида, минтақавий стратегиясини олиб бораётганида шундай ибора ишлатилади: “Покистон Ҳиндистоннинг қадамларидан нималарни кутар экан? Покистон улар тўғрисида нима деб ўйлайди? Хитой-чи, у нима қилади? Яъни, Хитойнинг жавоб ҳаракатлари қандай бўлади? Покистоннинг ўйлаши, реакцияси нима бўлади? Маълумки, Ҳиндистон азалдан Покистон билан, Хитой билан қандайдир геосиёсий қарама-қарши муносабатларга тушиб қолган. Иккала давлат билан, Покистон билан ҳам, Хитой билан ҳам қисқа муддатли тўқнашувлар бўлган, чегара зоналарида урушлар содир бўлган. Улар орасидаги муносабатлар илиқ, уйғун деб бўлмайди. Яъни, антагонизм мавжуд. Шу боис, Ҳиндистон ўз хатти-ҳаракатларида Хитойни жиловлаш ёки унга нисбатан геосиёсий тийиб туриш стратегиясини қўллашга ҳаракат қилади. Хитой ҳам Ҳиндистонга нисбатан шундай позицияда. Худди шу Покистон билан бўлган алоқаларда ҳам кўзга ташланади. Биласизми, далил сифатида бир тарихий фактни келтиришим мумкин. Икки давлат – Покистон ва Ҳиндистон 90-йилларда ядровий қуролни кашф этди. Ҳиндистон ўз кучига таянган ҳолда ядровий давлатга айланди, Покистон эса Хитойнинг ёрдамида шундай натижага эришди. Ўша пайтларда Ҳиндистон пешқадам бўлаётганини кўрган Покистон раҳбарияти “ерни чайнасак ҳам, атом бомбасини яратамиз”, деган. Бу ибора ҳатто ўқув қўлланмаларда, китобларда ҳам эслатилади. Яъни, покистонликлар қанчалик қийин бўлмасин, барибир атом бомбасини яратамиз, Ҳиндистонга жавобан дея таъкидлаб келишган. Шу фактнинг ўзи ҳам айтиб турибдики, Покистон ва Ҳиндистон бир-бирига нисбатан нафақат антагонистик кескинликдаги, балки энди ядровий давлат бўлиб ҳам чиқди. Энди уларнинг кескинлашуви кўпроқ хавф туғдиради, чунки, иккиси ҳам ядровий мамлакат бўлди. Шу боис, Ҳиндистоннинг позицияси, хатти-ҳаракатлари минтақавий давлатлар томонидан турлича қабул қилинади. АҚШ томонидан ёки узоқдаги улкан давлатларни олсак, уларнинг позицияси бироз бошқача. Ҳиндистон билан АҚШ орасидаги муносабатлар, уларнинг ҳамкорлиги жуда ҳам яхши ривожланяпти. Улар стратегик шерик ҳисобланади, биламизки, агар Покистон ёки Хитой нодемократик давлат деб ҳисобланса, Осиёда, ҳатто, жаҳонда Ҳиндистон энг йирик демократик давлатдир, дейишади. Шунинг ўзи ҳам, яъни, сиёсий тизими айтиб турибдики, уларнинг ички сиёсий қарашлари, позициялари ташқи сиёсатга ҳам таъсир қилади ва сезилади. Демократик давлатлар жаҳон саҳнасида ўзини бошқача, авторитар тизимлар бошқача тутади. Бу ҳам Ҳиндистонни бошқа қўшни давлатлардан ажратиб турувчи омилдир.
Жорий йилнинг январь ойи охирида онлайн форматда “Ҳиндистон-Марказий Осиё” саммити ўтказилди. Ушбу форум натижалари ҳамда унинг Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари истиқболига таъсири ҳақида нималар дея оласиз?
Фарҳод Толипов: Бу форум илк бор ташкил этилди. Биласизми, ушбу формат бизга бошқа шунга ўхшаш форматларни эслатади. Уларнинг умумий номи С5+1 деб аталади. Яъни, С5 деганда Марказий Осиёдаги 5 мамлакат назарда тутилса-да, +1 дейилганда, ё улкан давлатлар, ё ўрта даражадаги минтақавий давлатлар назарда тутилади. Илк бор С5+1 га ўхшаш ташаббусни Япония билан Жанубий Корея илгари сурган. Яъни, улар турлича ном остида, хусусан, “Ипак йўли дипломатияси” ёки “Евроосиё дипломатияси” номи остида айнан шу С5+1 форматини илгари сурган. Марказий Осиё билан Японияни алоҳида олсак, ёки Жанубий Кореяни алоҳида олсак, ўша давлатларнинг сиёсати назарда тутилади. Яъни, бунда Марказий Осиё билан қандай ҳамкорлик ўрнатиш керак, қандай умумий ишларни амалга оширишимиз мумкин, минтақавий ҳамкорликка қандай ҳисса қўшишимиз мумкин, деган ғоя мужассам. Бу икки давлатдан сўнг АҚШ ўзининг айнан С5+1 деб номланган стратегиясини илгари сурди. Ва бу тахминан 2015 йилларда бошланди. Худди шу С5+1 доирасида дипломатик алоқалар ва қандай йўналишлар бўйича АҚШ Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлигига ҳисса қўшиши мумкин, минтақа мамлакатларига қайси соҳаларда ёрдам бериши мумкин, деган мақсадда мунтазам, ҳар йили камида бир маротаба дипломатик учрашувлар уюштирилади. Бундан кейин Россия ҳам ўзининг С5+1 вариантини ишлаб чиққан бўлиб, худди АҚШга жавобан қилингандек, Россия билан Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари ҳам мунтазам равишда дипломатик музокараларни олиб борадиган формат яратишди. Сўнг Хитой айнан шундай С5+1 номли форматни яратди. Европада ҳам шундай формат мавжуд. Кўриб турибмизки, Марказий Осиё улкан давлатларнинг эътиборига тушган, улкан давлатлар томонидан ёки ўрта даражадаги давлатлар томонидан шундай бир-бирига ўхшаш С5+1 номли форматлар яратилган. Қизиғи шундаки, Марказий Осиё, ана шундай С5+1лар орқали йирик геосиёсий жараённинг эпицентрида жойлашиб қолган экан. Ўзининг С5+1 форматидаги стратегиясини ишлаб чиқмаган бир Ҳиндистон қолган эди. Агар у шундай стратегияни илгари сурмаганида биз, албатта, ҳайрон бўлардик. Зеро, Ҳиндистон ҳам ўсаётган, улкан давлат, глобал даражада нуфузи, мавқеи, кучи, салоҳияти ошаётган давлат. Қолаверса, демографик нуқтаи назардан, яқинда аҳоли сони бўйича Хитойдан ҳам ўзиб кетади. Ва юқорида айтганимдек, жаҳондаги энг йирик демократик мамлакат ҳисобланади. Унинг нуфузи жуда баланд. Албатта, у четда қолиши мумкин эмас эди. С5+1 га ўхшаш Ҳиндистоннинг ўзига хос варианти бўлиши керак эди. Ва мен биламанки, Ҳиндистон аввалги йилларда ҳам бу билан машғул бўлган. Яъни, “Шимолга йўл очиш”,” Марказий Осиё стратегияси” деган иборалар турли конференцияларда, китобларда ифодаланар эди. Ниҳоят, шундай форматда 27 январь куни бўлиб ўтган саммит бунинг ифодаси бўлди, бизнингча. Яна ҳам аниқроғи, Ҳиндистон ўзига яраша С5+1ини илгари сурди ва намойиш этди. Ҳатто аввалги С5+1лар ташқи ишлар вазирлари даражасида уюштирилган бўлса, бу сафар Ҳиндистоннинг С5+1и президентлар даражасида уюштирилди. Шундан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, Ҳиндистоннинг амбициялари, ниятлари жуда катта ва ўзига бўлган ишонч кучли, анча йилдан бери ишлаб чиқилаётган стратегия яққол ифодаланди, дейишимиз мумкин. Биринчи учрашув бўлганлиги учун биз, содда қилиб айтганда, танишув учрашуви ёки шу форматнинг бир апробацияси, унинг намойиши, деган мақсадда уюштирилди, деб айтишимиз мумкин. Чунки, конкрет шартномалару лойиҳалар эълон қилинганича йўқ. Умумий ниятлар, манфаатлар борлиги, изҳор этилганлиги билан чекланган, деган таассурот қолдиряпти, бу учрашув. Ҳар ҳолда буни Ҳиндистоннинг С5+1и бўлди, эълон қилинди, деб хулоса қилсак ҳам бўлади. Энди кейинги “Ҳиндистон+Марказий Осиё” деган саммитлар қандай тус олади, қандай шаклда олиб борилади, бунда қандай қарорлар қабул қилинади, шуни кузатишимиз керак. Чунки, масалан, АҚШнинг С5+1ида ҳам биринчи, иккинчи учрашувлар умумий шаклда олиб борилган бўлса-да, ҳозирги кунга келиб, бир неча маротаба шундай учрашувлар ташкил этилди ва энди конкрет йўналишлар белгиланди. Яъни, АҚШ қайси йўналишда С5+1 форматида Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда иш олиб боради, деган мазмунда. Менимча, Ҳиндистон ҳам аста-секин кейинги учрашувларда энди Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда олиб бориладиган ҳамкорликнинг истиқболларини, ҳозир кўп тилга олинаётган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқса, ажаб эмас. Ниҳоят, энди Ҳиндистоннинг “профили”, яъни, Марказий Осиёдаги кўриниши, мавжудлиги яққол кўзга ташланади.
Демак, Ҳиндистон йўлга қўяётган ушбу формат унинг Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда мулоқот қилишга интилиши сифатида қабул қилиниши мумкин.
Фарҳод Толипов: Албатта. Бу алоҳида эмас. Унинг ҳамма давлатларда ўхшаш ном билан аталиши, С5+1 дейилиши бежиз эмас. Яъни, 5 та мамлакат билан биргаликда бир бўлиш, у қайси давлат бўлмасин, АҚШми, Россиями, Хитойми ё Япониями… Мана, энди Хитой биргаликда минтақавий лойиҳаларни, минтақавий даражадаги ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган, шуни кўзлаган формат бўлади. Шуниси ҳам биз учун жуда қизиқ. Икки томонлама ҳамкорлик шу пайтга қадар ҳақиқатан, у ёки бу даражада муваффақиятли давом этиб келди. У хоҳ Ўзбекистон ва Ҳиндистон бўлсин, хоҳ Қозоғистон ва Ҳиндистон бўлсин, Тожикистон ва Ҳиндистон бўлсин, ривожланди ва изчил ривожланишда давом этяпти. Энди минтақавий миқёсда ҳамкорлик қандай бўларкин ва бу минтақавий ҳамкорликда Ҳиндистоннинг роли ва улуши қандай бўлар экан, мана шуниси билан қизиқ туюляпти менга (Ҳиндистоннинг С5+1 формати).
Ҳиндистоннинг минтақавий ҳамкорликка урғу бераётгани Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларга таъсир кўрсатадими?
Фарҳод Толипов: Бу Ҳиндистоннинг масалага оид таклиф ва ташаббуслар билан қанчалик чиқишига боғлиқ. Иккинчи томондан эса Марказий Осиё давлатларининг ўзи нечоғли минтақавий ҳамкорликни давом эттиряпти, кўтаряпти ва бу йўналишда бошқа давлатларнинг ёрдамига муҳтож. Ва ҳозир кузатяпманки, Марказий Осиё мамлакатлари консультатив учрашувлар форматида аста-секин минтақавий ҳамкорлигини кучайтиряпти. Ва албатта, минтақавий миқёсда олиб борилаётган вазифалар, лойиҳаларни амалга оширишда хорижий ёрдам берувчи давлатлар иштирок этиши мумкин. Лекин айнан мана шу интеграцион жараёнларда ҳам ўзига яраша геосиёсий ўлчам мавжуд. Марказий Осиёда юқорида айтганимдек, улкан давлатлар ҳам бир-бири билан рақобатга киришган. АҚШ, Хитой, Россия бир-бири билан, бу томондан эса Европа, энди Ҳиндистон ҳам қўшилди. Шу боис, Марказий Осиёда минтақавий интеграцион жараён осон кечмайди. Балки шу ҳам С5+1ларнинг кўпайишига сабаб бўлгандир.
UzAnalytics сайти таҳририяти экспертлар Фарҳод Толипов ва Фарҳод Мирзабоевга мазкур суҳбат учун миннатдорлик билдиради.
Муаллифлар: Навруз Мелибаев, Наргиза Умарова
Овоз режиссери: Тимур Исмаилов