Сурат манбаси: cdni.rt.com
Муаллиф: Наргиза Умарова
Ўзбекистон инсон капиталига бой мамлакат. У Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланади. Республиканинг минтақавий интеграция ҳамда хавфсизлик масалаларига қўшаётган ҳиссаси ҳам бўлакча. Мазкур омиллар сабаб Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай йўсинда ривожланяпти? Бунда қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратилган? Хитой инвестицияларини жалб этиш ҳамда жаҳоннинг ушбу иқтисодий гиганти билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистоннинг имкониятлари қандай? Мавзу юзасидан сиёсий фанлар номзоди, Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Постсовет тадқиқотлар марказининг сектор раҳбари Елена Кузьмина билан суҳбатлашдик.
– Елена Михайловна, расмий Тошкент ва Пекин ўртасидаги муносабатларнинг ўтган 30 йиллик даврдаги динамикасини қандай баҳолайсиз? Бунда қайси муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатиш мумкин?
– Ўзбекистон–Хитой муносабатлари доимо ижобий тенденцияда ривожланган. Янги аср бўсағасида эса икки томонлама ҳамкорлик янада жадаллашди. Айниқса, савдо-иқтисодий соҳада. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
2000-йилларга келиб Ўзбекистон собиқ Иттифоқ парчалангач юзага келган тизимли иқтисодий муаммоларни деярли тўлиқ бартараф этди. Бир вақтнинг ўзида Хитой ҳам Марказий Осиёга доир сиёсатининг мақсад-йўналишларини аниқ белгилаб олганди.
Президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон дунёга очилди. Мамлакат раҳбариятининг прагматик ва фаол ташқи сиёсати Хитой билан савдо алоқаларнинг кучайишига замин ҳозирлади. Натижада 2016 – 2020 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилига ўртача 17 фоизга ўсиб, ХХР Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорига айланди. Мана бу икки давлат муносабатларидаги дастлабки тарихий кўраткичдир.
Кейинги эътиборли жиҳат Хитойнинг Марказий Осиёдаги инвестицион фаоллиги билан боғлиқ. 2018 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида хитой сармоясининг улуши кескин равишда ортди. Ташқи капитал асосан транспорт-коммуникация, қурилиш, энергетика (хусусан, кичик ГЭСлар қурилиши) соҳаларига йўналтирилмоқда. Таъкидлаш жоиз, Хитой республиканинг гидроэнергетика тармоғини ривожлантиришдан манфаатдор. Чунки мазкур жараёнда у ўзининг илғор технологиялари билан иштирок эта олади. Электр энергия генерацияси манбаларини диверсификациялаш сиёсатини олиб бораётган ҳамда яшил энергетикага ўтишни кўзлаган Ўзбекистон учун бундай молиявий ва технологик кўмак айни муддао.
Умуман олганда, Хитой Ўзбекистоннинг минтақада марказий ўринга эга давлат эканини ҳамда у орқали Марказий Осиёдаги бошқа ўйинчилар, жумладан, Афғонистон билан самарали ҳамкорлик қила олишини яхши тушунади. Айни ҳолат Ўзбекистоннинг ҳам манфаатларига жавоб бермоқда.
– Нега Хитой Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда иқтисодий мавқеини оширишга интилмоқда?
– Хитойни кўпроқ минтақадаги табиий ресурслар, ер ости бойликлари ҳамда малакали ишчи кучи қизиқтиради. Ҳарқалай, Марказий Осиё давлатларида ҳам нуфузли қўшнисининг иқтисодий салоҳитидан фойдаланиб қолиш истаги кучли. Яъни қарс икки қўлдан чиқмоқда. Ўзбекистон Хитойнинг интеллектуал маҳсулотларига талабгор. Чунки республикада саноат корхоналарини техник-технологик модернизациялаш жараёни авжида. Бу бўйича хитойлик ҳамкорлар билан ишлаш фақат фойдага хизмат қилади.
Қолаверса, аввалги сиёсий тузум давридан фарқли ўлароқ, ҳозир Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳити анча яхшиланган. “Doing buisness” халқаро рейтингида мамлакат нақ 20 поғонага юқорилаганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳисобига Ўзбекистон ташқи ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга эришди. Тошкент томонидан Хитой векторининг кучайтирилишига мазкур омил ҳам ўз таъсирини кўрсатди, албатта.
Бугун Ўзбекистон хитой инвестицияларига эҳтиёж сезмоқда. Чунки хорижий капиталсиз иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди.
Бундан ташқари, республика қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда халқ истеъмоли товарларининг минтиқадаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Салкам 2 миллиард аҳолиси бор Хитой Ўзбекистон учун улкан бозор. Табиийки, маҳаллий экспортёрлар унда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, ҳозирча Хитой импорти Ўзбекистонникига қараганда таққослаб бўлмас даражада юқори (охирги беш йилда мазкур кўрсаткич 20 фоизга ўсди!). Лекин бу ХХРда ўзбек маҳсулотларига талаб оз дегани эмас. Шунчаки Хитой ички бозорини экспортдан жуда қаттиқ ҳимоялайди.
Яна бир муҳим қайд. Хитой Ўзбекистонга географик изоляциядан қутулишга кўмаклаша олади. Тошкент халқаро транспорт маршрутларини диверсификацияламоқда. Бунда нафақат Жанубий Осиё ва Кавказ йўналишидаги темир йўл магистралларидан фойдаланиш, балки Чин юрти орқали Европага чиқиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Охирги йилларда, айниқса, Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтадиган янги транспорт коридорларини барпо этиш лойиҳалари (жумладан, Покистоннинг Гвадар денгиз портига чиқадиган трансафғон темир йўли)га эътибор кучайди. Мақсад тушунарли – мамлакат нафақат ўз маҳсулотлари экспорти харажатларини қисқартириш, балки хорижий юклар транзитидан ҳам даромад кўришни хоҳлайди. Ўзбекистон манфаатларига жавоб берадиган темир йўл магистраллари қурилишида Хитой донорлик ёрдамини кўрсатишига умид бор.
Юқорида ХХР Марказий Осиёдаги ишчи кучи ва унинг сифатига жиддий эътибор қаратаётганини бежиз таъкидламадим. Яқинда Хитой минтақага доир ташқи иқтисодий стратегиясини янгилади. Унда инфратузилмавий лойиҳалар ҳамда ер ости қазилма бойликларини ўзлаштиришдан ташқари, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, шунингдек, маҳаллий корхоналарни қисман Марказий Осиё давлатларига кўчириш хусусида сўз юритилган. Демакки, Хитой минтақанинг интеллектуал салоҳияти юксалишидан манфаатдор. Ўзбекистон эса бу жиҳатдан жуда қулай позицияга эга. Сабаби республикада профессионал кадрлар тайёрлаш тизими нисбатан такомиллашган. Инсон капитали ҳам етарли.
Шу ўринда 25 январь куни бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг онлайн-саммитида жаноб Си Цзиньпин ижтимоий-гуманитар ҳамда илмий ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталганини эслатиш жоиз.
– Бундан чиқди Хитой Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга ҳам бел боғлаган.
– Ҳа. ХХР раиси саммитдаги нутқида Марказий осиёликлар учун Хитойда таълим олиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, минтақада Хитой университетларининг филиалларини очиш бўйича фикр билдирди. Бу ҳам, қайсидир маънода, инсон капиталига йўналтирилаётган сармоя.
– Хитой инвестицияларини жалб этишда Ўзбекистоннинг қўшниларига қараганда устунлик жиҳатлари борми?
– Ўзбекистонга киритилаётган Хитой инвестициялари ҳақида гап кетганда уларнинг бир қисми кредитлар эканини ёдда тутиш керак. Кредитлаш сиёсати эса, биламизки, маблағни муайян вақтдан сўнг белгиланган фоиз устамаси билан қўшиб қайтаришни назарда тутади.
Пекин доимо аниқ ва қатъий шартлар асосида қарз беради. Уни қайтариб бемаслик ёки қайтариш муддатини чўзишнинг сира иложи йўқ. Лекин кредит шартномаларида қарзни бошқа ресурслар, масалан, ер участкалари кўринишида узиш имконияти кўзда тутилган.
Инвестиция масаласига келсак, Ўзбекистон географик жойлашуви ҳамда сиёсий мавқеи жиҳатидан Хитой учун қулай ҳамкор ҳисобланади. Ушбу мамлакат иштирокисиз биронта ҳам умумминтақавий ташаббусни амалга ошириб бўлмайди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий қуввати Марказий Осиё масштабидаги йирик лойиҳалар ижрочисига айланиш имконини бермоқда. Шу боис республикани минтақавий интеграциянинг драйвери дейишга ҳақлимиз.
Хитой инвестицияларини жалб этишда Ўзбекистон, сўзсиз, бирмунча устунликларга эга. Бу миллий иқтисодиётнинг таркиби билан тушунтирилади. Ҳозир мамлакат ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бундай ҳолатда инвестициялар оқимини кўпайтириш ва диверсификациялашга эҳтиёж сезилади. Минтақанинг бошқа мамлакатларида эса ундай эмас. Ҳатто, Қозоғистонда хорижий капитал кўпроқ энергетика секторига йўналтирилмоқда.
– Ҳозир Хитой бозорига фақат айрим ўзбек товарлари ва жуда оз миқдорда кириб бормоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида асосан мош, майиз, ерёнғоққа ўрин ажратилган. Бошқа позициялар бўйича ўсиш йўқ ҳисоб. Ваҳоланки, Ўзбекистон ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавот экинларини етиштириш бўйича Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат ҳисобланади. Сизнингча, Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажмини оширишга нима тўсқинлик қилмоқда? Нега маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу улкан мамлакат бозорини эгаллай олмаяпти?
– Аввало, икки мамлакат ўртасидаги савдо таркибини кўриб чиқсак. Жаҳон савдо ташкилотининг маълумотига қараганда, Хитой Ўзбекистонда қазиб олинаётган табиий газнинг 90 фоизини сотиб оляпти. Лекин охирги йилларда республика ички эҳтиёжни қондириш истагида мазкур ёқилғи турининг экспортини қисқартиришни бошлади – йилига 12 фоиздан. Бундай қарор замирида маҳаллий газ-кимё саноатини ривожлантириш ҳамда ёқилғи хомашёсини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш мақсади ётибди.
Иккинчи навбатда Хитойга пахта ип-калаваси (умумий ҳажмнинг 43 фоизи) экспорт қилинмоқда. Учинчи позицияни мис эгаллаган – ушбу рангли металлнинг учдан бир қисми Хитойга жўнатиляпти. Кейинги ўринда кимёвий қоришмалар, биринчи навбатда, пропилен маҳсулоти турибди. Ана ундан кейингина мева ва сабзавотларни кўриш мумкин.
Эътиборлиси, охирги беш йилда Ўзбекистон Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини нақ 20 бараварга оширди. Бу ёмон натижа эмас. Лекин бир нарсада ҳақсиз – ўсиш динамикаси баъзи экин турлари ҳисобигагина таъминланмоқда. Масалан, сўнгги пайтда Хитойга мош экспорти кескин равишда ортган.
Чин бозорларига наинки Ўзбекистон, балки бошқа ўлкалардан ҳам фақат айрим мева ва сабзавотлар киритилиши кўпроқ маҳаллий аҳолининг гастрономик диди билан боғлиқ. Хитой ошхонасида Марказий Осиёда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳаммасиям ишлатилмайди.
Боз устига, юқорида айтганимдек, Хитой ички бозорини экспортёрлардан қаттиқ ҳимоялайди. Аммо тез орада вазият ижобий томонга ўзгаришига ишонаман. Яқинда ХХР иқтисодий стратегиясини қайта кўриб чиқди. Унда асосий эътибор ички истеъмолни ўстиришга қаратилган. Сабаби халқнинг турмуш даражаси ҳамда харид қобилияти аввалгидан анча юқори. Мазкур вазият Ўзбекистон учун жуда қулай бўлиб, Хитойга экспорт ҳажмини кескин ошириш имкониятини яратади.
Айтиш керак, бугунги кунда Хитой Ўзбекистондан ипак чиқиндилари, жумладан, чувишга яроқсиз пиллани кўп миқдорда сотиб олмоқда. Ушбу гуруҳдаги маҳсулотларнинг деярли 90 фоизини ўзбек ишбилармонлари етказиб беряпти. Салмоқ беш йилда 60 фоизга ўсгани соҳа истиқболи юқори эканидан далолат беради. Қолаверса, Хитойда Ўзбекистонда чиқарилаётган тери ҳамда ярим тайёр чарм маҳсулотларига талаб катта. Назаримда, шуларнинг ҳисобига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бемалол оширса бўлади.
– Яқинда бўлиб ўтган “Марказий Осиё давлатлари – Хитой” онлайн-саммити натижаларини қандай баҳолайсиз? Мазкур форум Ўзбекистон ва Хитойнинг иқтисодий ҳамкорлигини кучатириш, хусусан, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Хитой инвестицияларини жалб этиш ва, албатта, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун улкан Хитой бозорига йўл очиш нуқтаи назаридан нечоғлиқ аҳамиятли?
– ХХР раисининг саммитдаги нутқини таҳлил қилсак, у илгари сурган аксарият ташаббуслар айнан Ўзбекистон манфаатларига жавоб бериши ойдинлашади. Масалан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини тезлаштириш борасида қатъий фикр айтилди. Хитой лойиҳага инвестиция киритишга тайёр. Ўзбекистонга мазкур транспорт артерияси сув ва ҳаводек зарурлиги, у республиканинг географик ёпиқлик муаммосини ечиб беришини яхши биламиз.
Умуман олганда, форумда Хитой етакчиси транспорт коммуникациялари ҳақида кўп гапирди. Демак, соҳага жиддий қизиқиш бор. Ўзбекистон учун бу ижобий сигнал – мамлакат халқаро транспорт маршрутларини диверсификациялашда Хитойнинг молиявий кўмагидан фойдаланиб қолиши зарур.
Хитойнинг таълим ва фан соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга доир позицияси ҳам Марказий Осиё давлатларининг истиқболига хизмат қилади. Хитой минтақа акторлари билан электрон тижорат соҳасидаги тажрибаси, илғор ишланмалари билан бўлишишга тайёр. Бу эса юқори технологик ҳамкорликка йўл очади. Ўйлашимча, Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган таклиф ва лойиҳаларнинг ақалли ярми амалга ошган тақдирда ҳам, Ўзбекистон иқтисодий тараққиётда анча илдамлайди. Фақат Хитойдан катта қарз олишдан тийилиш, айни масалага ўта эҳтиёткорона ёндашиш жоиз.
Онлайн-саммитнинг кўп томонлама форматда ўтказилиши Хитой Марказий Осиёни бир макон сифатида қабул қилаётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликни бешала республика билан баравар олиб бориш истагида эканига ишора бўлса, ажаб эмас. Форум давомида иқтисодий масалада умумий “ўйин қоидалари”нинг келишиб олингани, айниқса, эътиборлидир.
Хитой Марказий Осиёни тинч, барқарор ва ривожланган минтақа сифатида кўришни хоҳлайди. Чунки гап унинг яқин қўшнилари ҳақида боряпти. Қўшнинг тинч – сен тинч, дейди ўзбек халқи. Хитой ушбу ҳикматга таяниб иш тутмоқда. Осиё аждарҳоси ўзининг Евроосиё стратегиясида Марказий Осиёга алоҳида ўрин ажратгани, минтақада хавфсизликни таъминлашга ҳамиша жонбозлик кўрсатиши ана шундан.