Сурат манбаси: east-fruit.com
EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Нидерландия, мамлакатнинг майдон бирлиги бўйича олиб қаралса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Ўзбекистонга қараганда 720 баробар кўпроқ экспорт қилмоқда. Нидерландиядан экспорт қилинаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, Ўзбекистондаги кўрсаткичдан 130 баробарга юқоридир. Агар мева-сабзавот маҳсулотлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Нидерландия 19 баробар кўп мева ва сабзавот экспорт қилади, аҳоли жон бошига ҳисобланганда ушбу икки мамлакат ўртасидаги тафовут Нидерландия ҳисобига 37 баробар кўпдир.
EastFruit таҳлилий сайтида эълон қилинган “О тепличных технологиях, трансфере знаний и инвестициях в плодоовощной Узбекистан – интервью с Хэнком Стигтером” (“Иссиқхона технологиялари, билимларни муқобиллаш ва Ўзбекистоннинг мева-сабзавот етиштириш соҳасига инвестициялар киритиш тўғрисида – Хенк Стигтер билан суҳбат”) номли мақолада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ташқи бозорларга экспорт қилишда Нидерландия тажрибаси ҳамда уларни Ўзбекистонда тадбиқ қилиш истиқболлари ҳақида сўз юритилади. Қуйида ушбу мақоланинг ўзбек тилига таржимаси эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
Жорий йилнинг 28-30 июнь кунлари УЗЭКСПОМАРКАЗда бўлиб ўтадиган AgroExpo Uzbekistan/Agrotech Expo кўргазмасига тайёргарлик доирасида EastFruit Нидерландиянинг Москвадаги элчихонасининг қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича элчи маслаҳатчиси Хэнк Стигтер билан суҳбатлашди. Унинг ваколати доирасида қишлоқ хўжалиги саноати ва қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида савдо-сотиқ ва инвестицияларни ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, Россия, Ўзбекистон, Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон бозорларига киришни таъминлаш ўрин олган. Жаноб Стигтер Нидерландия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг ёрқин истиқболи хусусида тўхталиб ўтар экан, шунингдек, кўргазмада иштирок этмоқчи эканлиги, шунингдек, агросоҳадаги инновацион ечимлар ва қишлоқ хўжалигининг замонавий технологиялар ҳақида ҳам сўзлаб берди.
— Жаноб Стигтер, Нидерландия қишлоқ хўжалик соҳаси, айниқса, мева-сабзавотчилик саноатидаги муваффақиятлари сири нимада эканлиги ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
— Нидерландия — қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг савдоси ва уни етказиб бериш бўйича дунёда муҳим ўрин эгаллаган кичик бир мамлакат. У 2020 йили 95,6 млрд евро миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилди. Нидерландия қишлоқ хўжалик махсулотларини экспорт қилиш бўйича дунё миқёсида АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Бу ғайриоддий туюлиши мумкин, лекин аслида Нидерландия – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги инновацион технологияларга йўналтирилган улкан инвестицияларга эга, ўз мамлакати ва бутун дунё аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг энг самарали технологияларидан бирини ярата олган кичик бир мамлакат.
Бу давлатга тегишли муваффақиятларнинг аксарияти лабораториялардан бошланади, чунки Вагенинген университети озиқ-овқат ишлаб чиқаришда инқилоб қилишни ўз олдига мақсад қилган етакчи тадқиқот марказларидан биридир. Умуман олганда, инновациялар Нидерландияга жуда катта таъсир кўрсатди ва узоқ йиллардан буён бу ривожланиш давом этиб келмоқда ва чиндан ҳам қишлоқ хўжалигини юритиш усулларини модернизация қилиш ўз натижасини берди.
National Geographic таҳлилига кўра, инновацияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш дунё бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқаришнинг энг самарали усуллари пайдо бўлишига олиб келди. Мисол учун, Нидерландия етиштириладиган картошканинг ўртача ҳосилдорлиги дунёдаги кўрсаткичга нисбатан икки баробар юқори. Нидерландия усули кўплаб маданий экинларни ўстиришда сувдан икки баробар кам фойдаланишни тарғиб қилади. Улкан иссиқхоналарда кимёвий ўғитлардан фойдаланиш деярли ман этилган.
Нидерландия 2030 йилга бориб барқарор қишлоқ хўжалиги тармоғида дунёда етакчи бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бу мақсад – ишлаб чиқариш хажмини кўпайтириш ва табиат билан уйғунликда ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун харажатларни камайтиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу истиқболли режаларни амалга ошириш учун хукумат ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқди.
Қишлоқ хўжалиги ресурсларини тежашни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган хукумат саъй-ҳаракатлари дехқончилик ва қишлоқ хўжалиги инновацияларини ривожлантириш, тажрибалар учун жуда кўп имкониятлар яратиш, деҳқончиликнинг барқарор усуллари учун мукофотлаш ва яна бошқа кўплаб режаларни ўз ичига олади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Нидерландия қишлоқ хўжалигининг муваффақияти сири – “олтин учбурчак” да яширинган, яъни хукумат, хусусий сектор ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги яқин хамкорликдадир.
— Маълумки, Ўзбекистонда иссиқхоналар бизнесини ривожлантириш учун мўътадил иқлим шароитлари мавжуд. Бугунги кунда Ўзбекистон иссиқхона сабзавотларини (ҳолбуки ушбу бозорда рақобат жуда юқори) етказиб берувчиси сифатида унга нисбатан эътибор, қизиқишнинг кескин ошиши кузатилмоқда. Айтингчи, Нидерландия нимаси билан иссиқхона бизнеси масаласида бошқалардан устунроқ? Нима сабаддан ўзбек фермерлари нидерландлар технологияларига эътибор қаратиши керак?
— Нидерландия иссиқхона технологиялари, мана бир асрдан ошдики, ўсимликшуносликда халқаро ўлчов бирлигини ўрнатган ва бу борада мамлакат ўз мавқеини ҳамон сақлаб келяпти. Мисол учун, “Венло” усулидаги иссиқхона муваффақияти шундаки, у ишлаб чиқариш масштабидаги мева, сабзавот ва гулларнинг жамики турларини етиштиришга имкон яратди. Бир пайтлар ўз ҳудудида ҳосил етиштириш учун иқлим шароитига боғланиб қолган деҳқон эндиликда голланд иссиқхона технологияси туфайли иқлимни иссиқхона ичида бемалол бошқара олади. Бугунги кунда бу технологиялар Сибирь ва Канада каби совуқ худудларда ҳам тропик экинларни етиштириш имконини беради. Эндиликда янги бодринг ва эндигини эгатдан узилган салат-латукни Яқин Шарқ ва Марказий Американинг чўл ҳудудларида ҳам етиштириш мумкин.
Бизнинг фирмаларимиз лойиҳалаштириш ва юқори сифатли, олий технология асосидаги иссиқхоналар қуришда кўп йиллик билим ва малакага эга, шунингдек, ишлаб чиқаришга инновациялар ҳамда янги усулларни доимий равишда жорий этиб боради.
Иссиқхона бизнесида таълим пойдевор ролини ўйнайди. Ишни бошлашдан аввал ходимларга етарли билим бериш қишлоқ хўжалиги экинлари учун тасодифий зарарни камайтириш ва ўсимликларга хос бўлган касалликларни олдиндан аниқлашга ёрдам беради. Нидерландия амалиётига кўра, биринчи йилда ёки ҳар бир лойихага нидерландиялик иккитадан мутахассис бириктириб қўйилади. Бу вақт давомида ушбу мутахассислар лойихани тўлиқ назорат қиладилар. Агрономимиз эса компания ходимларини ўқитади. Бу нидерландча усул агрономик билимларни дунё бўйича тарқатишнинг энг мақбул усули бўлиб чиқди.
— Ўзбекистон хукумати сув ресурсларини тежайдиган технологиялар учун материаллар импортига қўшимча субсидиялар жорий этди. Сизнинг фикрингизча, об-ҳаво шароитига қарамасдан, йилбўйи юқори сифатли, экологик жиҳатдан тоза сабзавотларни етиштириш учун биринчи навбатда нималарга эътибор қаратиш лозим ва буни қандай таъминлаш мумкин?
— Денгиз сатҳидан паст даражадаги ҳаёт бизни сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда етук мутахассисга, шунингдек, бутун дунёдаги сув ресурслари бўйича инновацион ҳамкорга айлантирди. Нидерландия сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигини бошқариш, шунингдек, иссиқхоналарда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича малакага эга. Нидерландиянинг қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти соҳаси, сув таъминоти ночор ёки тупроқнинг шўрланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда ҳосилни ошириш орқали, бутун дунё бўйича озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашда муҳим рол ўйнаши мумкин. Тупроқ унумдорлиги, намлик даражаси, сувнинг буферлаш қобилияти ва суғориш бўйича усуллар ва маълумотларни бирлаштириш – айнан шуларни биз сув ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига комплекс ёндашув деб атаймиз.
Янги ва қулай технологиялар сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, ҳосилдорликни ҳам юксалтириши мумкин. Ўсимликларнинг ҳолатини ўша жойнинг ўзида мониторинг қилиш ва геомаълумот каби инновацион усуллар фермерларга ўз сув ресурсларини яхшироқ англашлари учун имкон беради. Тупроқ сифати ва намлик даражасини ўлчаш эса суғориш ва ўғитлаш бўйича фермер томонидан ўз вақтида тўғри чоралар кўриш имконини беради. Мураккаб экологик шароитлар, шунингдек, қурғоқчилик ва тупроқнинг шўрлашига чидамли қишлоқ хўжалигик экинларининг янги навларни яратишни талаб этади.
Ҳозирги пайтда иссиқхоналарда такрорий сувдан фойдаланиш – жуда муҳим масала ва соҳанинг барқарор ривожланиши йўлида ташланган улкан қадамдир. Нидерландия қишлоқ хўжалиги, табиат ва озиқ-овқат сифати вазирлиги топшириғига биноан, 2030 йилга келиб мамлакатда иссиқхона экинлари ишлаб чиқариш бутунлай ёпилиши керак. Бунинг маъноси шуки, барча ишлатилган сувдан такрорий фойдаланиш лозим. Тозаланган оқава сувлардан, суғоришни ҳисобга олган ҳолда, фойдали мақсадларда фойдаланиш мамлакатнинг сув ресурсларининг умумий ҳажмини сезиларли даражада ошириши мумкин.
— Нидерландия тадбиркорлари Ўзбекистон мева-сабзавот саноатига инвестиция киритишдан қанчалик манфаатдор?
— Нидерландия ва Ўзбекистон — кўплаб муносабатларда ажойиб шерикдирлар. Қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, ҳар икки мамлакат узоқ йиллардан бери хамкорлик қиладилар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари соҳаси эса биз учун устувор хисобланади. Шунинг учун Нидердандия Ўзбекистон хукумати, илмий-тадқиқот институтлари, хусусий сектор ва халқаро молиявий ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистондаги ўсимликшуносликнинг кейинги ривожига, албатта, ўз ҳиссасини қўшади.
Нидерландия қишлоқ хўжалиги, табиат мухофазаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш вазирлиги томонидан ташкил қилинган ва 2018-2020 йиллар давомида Тошкент, Наманган, Самарқандда ўтказилган қишлоқ хўжалиги савдо миссиялари сўзимнинг исботидир. Ушбу савдо миссияси Нидерландия компанияларидан таркиб топган бўлиб, уларнинг вакиллари қишлоқ хўжалигининг турли соҳалари, шу жумладан сут етиштириш, паррандачилик, чорва моллари учун озуқа, турли хил қишлоқ хўжалиги техникалари, тайёр иссиқхоналар қуриш, иссиқхона ускуналари, ўсимликларни биологик мухофаза қилиш ва чанглатиш, картошка, сабзавот уруғлари, мева ва резаворлар учун материаллар ва шу кабиларни намойиш этишди.
Бундан ташқари, бизнинг компанияларимиз қишлоқ хўжалиги кўргазмаларида фаол иштирок этишди ва 2019 йили Тошкент шаҳрида пандемияга қадар ташкил этилган AgroExpo Uzbekistan /Agrotech Expo кўргазмасида Нидерландиянинг миллий павильонида вакил бўлишди. Натижада, ҳар икки мамлакат ўртасида шериклик муносабатларидан манфаатдорликнинг давоми сифатида, ўсимликшунослик ва чорвачилик соҳаларида ҳамкорлик лойҳаларига гувоҳ бўляпмиз.
— Сизнинг салоҳиятли шерикларингиз кимлар ва ушбу хамкорликдан яқин йиллар ичида нималарни кутсак бўлади?
— Биз ишонамизки, ўзбекистонлик шериклар билан ўсимликшунослик, шу жумладан, мева, сабзавот ва картошка соҳаларида хамкорлик қила оламиз. Иссиқхона қурилиши бўйича ҳам самарали режаларимиз бор.
Бизнинг Ўзбекистонда олиб борган сўнгги тадқиқотларимиз бўйича шуни айтишимиз мумкинки, билим, ўргатиш ва замонавий технологияларни намойиш этиш бизнинг иккитомонлама хамкорлигимизнинг асосий жиҳати бўлиб қолиши мумкин. Шу тариқа, бизнинг салоҳиятли шерикларимиз бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги компаниялари, кластерлар, таълим муассасалари, ҳукумат бирликда – Нидерландия тажрибаси ва билимини ўзлаштирган ҳолда қишлоқ хўжалигининг ўзбекча муваффақиятли тарихини яратишга манфаатдор тарафлардир.
— Сиз AgroExpo Uzbekistan /Agrotech Expo кўргазмасида биринчи марта қатнашаётганингиз йўқ ва бу йил AgroExpo Uzbekistan кўргазмасининг онлайн шаклида Нидерландия павильонига вакил бўлдингиз. Айтинг-чи, Ўзбекистон сизни нимаси билан ўзига жалб этди ва жорий йилнинг 28-30 июнь кунлари ташкил этиладиган кўргазмада фаол жамоатчилик иштироки кутилаяптими?
— Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги сиёсатини эндигина ислоҳ қилмоқда ва ўсимликшунослик ривожига самарали аҳамият қаратмоқда. Мамлакатингиз ширин мевалари, сабзавотлари ва аҳолининг тадбиркорлиги билан машҳур. У боғдорчилик ва қўшилган қиймат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг асосий иштирокчисига айланиш борасида йирик салоҳиятга эга. Ўзбекистон ҳукумати 2020-2030 йилларга мўлжалланган янги қишлоқ хўжалиги стратегиясини ишлаб чиқди ва ҳукумат қишлоқ хўжалиги махсулотлари соҳасини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш учун кўп миқдорда маблағлар ажратмоқда.
Барча далилларни ҳисобга олган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг агробизнеслари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан имкониятлар мавжуд. Шу сабабдан биз бугун шу ердамиз.
AgroExpo Uzbekistan / Agrotech Expo кўргазмасининг жонли шаклида бизнинг компанияларимиз билан бирга Нидерландия павильонида иштирок этиш имконияти туғилганидан мамнунмиз ва июнь ойи якунини интиқлик билан кутяпмиз. Ишонамизки, кўргазма арафасида сафар билан боғлиқ чекловлар олиб ташланади ва биз Тошкентга келиб, ҳамкорларимиз билан юзма-юз кўриша оламиз.