Суратда: CASA-1000 лойиҳасининг харитаси, манба: casa-1000.org
Муаллиф: Фарҳод Аминжонов – Шайх Зайид (Абу-Даби) университети профессори, энергетика соҳасида эксперт.
Марказий Осиёнинг энергетика ресурслари минтақа мамлакатларига даромад келтираётган асосий экспорт ресурсларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, айни энергетика ресурслари Марказий Осиё республикалари ўртасидаги муносабатлар танглигига сабаб ҳам бўлмоқда. Кўплаб энергетика лойиҳаларининг турли транспорт траекториялари, бозорлари ва ҳар хил инвесторлари бор, бу аксарият ҳолларда зиддиятларни келтириб чиқармоқда.
Мазкур мақолада бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, ташқи ўйинчилар иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида мулоҳаза юритилади.
“Туркманистон – Хитой” газ қувури 4-тармоғи қурилиши
Ушбу тармоқ Марказий Осиёдаги энергетика бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин эди, негаки, у Туркманистон – Ўзбекистон – Қирғизистон ва Тожикистонни бирлаштириши баробарида Қозоғистонни айланиб ўтмоқда.
Бироқ турли мураккабликлар сабаб қувурнинг ушбу бўлаги қурилиши чўзилиб кетди (дастлабки режаларга кўра, тармоқни 2019 йил бошида ишга тушириш режалаштирилаётган эди) ва ҳозирча лойиҳа қачон тугалланиши ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Бу 2015 йилда бошланган қурилиш ишлари айни дамда фақат қувур ётқизишнинг Тожикистондаги бўлагида олиб борилаётгани билан боғлиқ. Сўнгра юзага келган муаммолар боис қурилиш тўхтаб қолди ва 2018 йилга келиб давом эттирилди. Бугун фақат яна битта туннель қурилиши тугагани ҳақида гапириш мумкин, холос. Лекин умуман олганда, қувур ҳали Қирғизистон чегарасигача ҳам тортилгани йўқ. Қирғизистон билан Ўзбекистон эса ўзларига тегишли бўлакларда қувур ётқизишга киришгани ҳам йўқ.
Туркманистон ҳукуматининг Хитой йўналишидаги газ қувури тизимини ривожлантириш билан боғлиқ кутилмалари ўзини оқламади
4-газ қувури тармоғини тортишда юзага келган қийинчиликлар Туркманистон ҳукумати газ экспортини ранг-баранглаштиришига туртки берди, чунки унинг Хитой йўналишидаги газ қувури тизимини ривожлантириш билан боғлиқ кутилмалари ўзини оқламади. Шу маънода туркман газини ташқи бозорларга элтадиган маршрутларни, қисман бўлса-да, ранг-баранглаштириш жиддий тарзда кўриб чиқилади. Газ баҳосини ортидан тортиб кетаётган нефть нархининг пасайиши Туркманистон учун жуда ноқулай вақтга тўғри келди.
Маълумки, бугунги кунда Туркманистон Хитой газ инфратузилмаси, яъни “Туркманистон – Хитой” газ қувурларининг 3 та тармоғи (ҳар бири 7 млрд АҚШ долларидан), шунингдек, Галкиниш газ конига (жаҳонда газ захираси бўйича иккинчи ўринда туради) киритган инвестицияларнинг бир қисмини қайтармоқда. Газ нархи баланд бўлган кезлар Ашхобод бир қанча йирик лойиҳалар қурилишини бошлаган, аммо тугатмаган эди, энди эса мамлакат бюджети анча-мунча қисқариб кетди. Бошқача айтганда, Туркманистон газ қазиб олишни ва унинг экспортини кўпайтиришдан манфаатдор, бироқ лойиҳалар исталганидан кўра секин амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йилдан бошлаб, Ашхобод Россияга газ етказиб беришни тиклади.
Аммо “Туркманистон – Хитой” газ қувури 4-тармоғини қуриб битказиш ҳозирча мавҳумлигича қолаверади ҳамда унинг тугалланиши Хитой тарафига боғлиқ бўлиб қолади. Хитой томони қурилишни тезлаштириши ҳам мумкин. Ҳозирча Пекин туркман газини мавжуд учта тармоқдан импорт қилмоқда, улар 55 млрд м3 газ ўтказа олади, аммо Хитойнинг йиллик газ импорти, бор-йўғи, 40 млрд м3 бўлмоқда. Бунинг маъноси шуки, мавжуд 3 та тармоқ орқали газ узатиш ҳажмини ошириш имконияти мавжуд. Бинобарин, Хитой тўртинчи тармоқни тортишига ўткир зарурат йўқ.
Газ қувурининг 4-тармоғи билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, ушбу тармоқ қурилишига энг кўп қизиқиш билдираётган мамлакат Тожикистон эканини тахмин қилиш мумкин. Тожикистон ўртада жойлашганига қарамай, газ қувурларини ётқизишга киришган ягона мамлакатдир. Унинг қурилишини Туркманистонда бошлаш, сўнгра Ўзбекистонда, кейин эса Тожикистонда давом эттириш мантиқли бўлур эди. Аммо 4-тармоқ қурилиши аслида Тожикистонда бошланди ва ўша ерда тўхтаб қолди… Тожикистон раҳбарияти 4-тармоқ қурилиши ва Хитойнинг воситачи сифатида иштирок этиши Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар муаммосини ҳал этишда ёрдам беришини кутган эди. Айни дамда ушбу муаммо барҳам топди. 2016 йилдан сўнг Душанбе билан Тошкент бевосита мулоқот ўрнатди ҳамда томонлар ўртада мавжуд долзарб муаммоларни муҳокама қила бошлади. Қувур қурилишида Тожикистон ундан табиий газ олиши назарда тутилмаган эди. Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фақат газ қувури ўтадиган транзит мамлакатлардир. Потенциал транзит мамлакат мақомига эга бўлиш бирор мамлакатга қўшнисига босим ўтказиш мақсадида қувурдан фойдаланиш имконини беради. Аммо газ қувури билан боғлиқ барча баҳслар “Хитой + минтақанинг алоҳида битта мамлакати” форматида ҳал этилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу, кутилмалардан қатъий назар, Марказий Осиёдаги жараёнлар ва муносабатларга унчалик кўп таъсир ўтказмайди.
Роғун ГЭС
Сўнгги 10 – 15 йилда Роғун ГЭС қурилиши минтақавий лойиҳага айланиб қолган ҳамда нафақат Тожикистон билан Ўзбекистон, қолаверса, юқори ва қуйи оқимларда жойлашган барча мамлакатларни қамраб олаётган эди. Бу Роғун ГЭС қурилиши тугалланиши Марказий Осиёнинг бошқа трансчегара дарёларидаги гидротехник иншоотлар қурилишига ҳам туртки бериши ҳамда дарёларнинг қуйи оқимидаги мамлакатлар учун салбий ўрнак бўлиб хизмат қилиши билан боғлиқ эди. Роғуннинг босқичма-босқич қурилиши минтақадаги сув ресурслари тақсимланишига жиддий таъсир кўрсатмаслиги мумкин, бироқ Қирғизистониннг Қамбарота-1 ГЭС сингари бир неча йирик ГЭСлардаги қурилиш таъсир қилмай қолмаслиги аниқ эди.
Шундан келиб чиқиб, Роғунга ҳар доим кун тартибидан тушмай келаётган, аксарият ҳолларда унга энергетика хавфсизлигини, сув очишни назорат қилиш ва тартибга солиш учун зарур лойиҳа сифатида қаралаётган эди. Аммо шу билан бирга, у минтақадаги энг зиддиятли лойиҳалардан ҳам бири эди. Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар яхшилангач, Роғун ГЭСнинг минтақавий аҳамияти унчалик муҳим бўлмай қолди.
Тожикистонда ҳали ҳам, Роғун – тожикларнинг миллий лойиҳаси, деган гап юради. Лекин энди бошқа мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон унга норозилик билдирмаяпти. Лойиҳа дарёнинг қуйи оқимида жойлашган барча мамлакатларга таъсир кўрсатади, шунинг учун Ўзбекистон ГЭС қурилишининг ўзида қатнашмаётган бўлмаса ҳам, фаол кузатмоқда. Ўзбекистоннинг расмий манбаларида энди ушбу лойиҳа бевосита таҳдид сифатида кўрилмаяпти. Ш. Мирзиёев президент бўлгач, Душанбе билан Тошкент ўртасидаги музокаралар бошида Ўзбекистон томони Тожикистон чиқарган 500 миллион долларлик евробонд акцияларининг бир қисмини сотиб олишини билдирган эди. Бу Ўзбекистон тарафига барча музокараларда бевосита қатнашиш ва Роғун қурилишини ичкаридан кузатиб бориш имконини берар эди. Лекин акциялар сотиб олинмади. Тожикистон эса ГЭСни бир ўзи қурмоқда.
Айни вақтга келиб Роғун ГЭС қурилиб бўлди. Маълум бўлишича, унга ҳар бирининг қуввати 600 мегаваттлик 6 та агрегат ўрнатилди ва жами қуввати 3600 мегаваттни ташкил қилади. Биринчи ва иккинчи агрегатлар ишга туширилди. Жараён фаол давом этмоқда. Роғун Тожикистонда миллий ғурур тимсолидир. Ниҳоят, у ишга туширилди.
Бундан буён унинг қуввати босқичма-босқич ошириб борилади.
Биринчидан, бунинг шарти қуйи оқим мамлакатлари билан можаро келиб чиқмаслигидир.
Иккинчидан, Роғун дастлаб сув ресурсларини мувозанатловчи лойиҳа сифатида режалаштирилган эди. Масалан, Нурек ГЭС, асосан, баҳор ва ёз мавсумида жуда кўп электр қуввати ишлаб чиқаради. Аммо Роғун билан бирга иккита кучли сув резервуари бир-бирини тўлдиради: сув Нурек ГЭСдан баҳор ва ёзда оқизилса, ундан тепароқда жойлашган Роғундан эса қишда оқизилади. Бироқ бу сув дарёдан пастга оқизилмайди ва қуйи оқимдан жойлашган мамлакатлар ҳудудини сув босмайди, аксинча, оқизилган сув Нурек ГЭСда тўпланади, яъни ўзига хос сув баланси юзага келади. Айни дамда Тожикистон қиш мавсумида ҳам ички эҳтиёжлари учун зарур бўлган электр қуввати ишлаб чиқаради.
Умуман олганда, Тожикистонда электр қувватига бўлган эҳтиёж бир оз пасайди. Ҳукумат уни ГЭСлар ҳисобига ишлаб чиқаришни режалаштираётган эди. Хитой тарафи иштирокида Душанбедаги ТЭЦ-2 ни ишга туширилди, унинг қуввати – 400 мегаватт. Тожикистонда энди илгаригидай қиш мавсумида электр қуввати тақчиллиги йўқ. Бинобарин, Роғундаги иккита агрегат қуввати Тожикистоннинг қиш давридаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондира олади.
Роғундаги қолган агрегатлар қурилишига туртки бериш Тожикистон ҳукуматининг электр энергиясини экспорт қилиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин бу жараён осон кечмайди ҳамда ГЭС қурилишига оид молиявий муаммоларни, қуйи оқим мамлакатлари билан эса сиёсат, иқтисодиёт ва экология масалаларини ҳал этиш талаб этилади.
CASA-1000
Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида CASA-1000 лойиҳаси бўйича электр энергиясини узатишга мўлжалланган электр узатиш линиялари, асосан, мавжуд. Айни вақтда шунга боғлиқ инфратузилма барпо этилмоқда. Бундан ташқари, CASA-1000 ни қуриш учун кўп харажат талаб этилмайди, чунки иккала мамлакатда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган “Шимол – Жануб” лойиҳалари тугалланган. Бошқача айтганда, Марказий Осиё ҳудудида зарур инфратузилма яратилиб бўлган.
Лекин бу ерда бошқа муаммо бор. Бу Тожикистон билан Қирғизистонда зарур ҳажмдаги электр энергиясини ишлаб чиқариш билан боғлиқ. CASA-1000 орқали энергияни майдан сентябрга қадар экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ўз эҳтиёжлари учун ошириш қўшниларнинг салбий муносабатига сабаб бўлмаган эди. Бироқ уни экспорт қилиш мақсадида кўпайтириш – жуда нозик масала, чунки бу ҳолатда учинчи томоннинг бевосита иштироки музокараларни жиддий тарзда мураккаблаштириши мумкин. Ҳатто айни лойиҳа тез орада ишга туширилган тақдирда ҳам тўлиқ қувват билан ишлаши даргумон.
Табиийки, асосий тўсиқлардан бери Афғонистондаги вазият беқарорлиги бўлади. Ушбу электр узатиш линияси ўтадиган мамлакат шимолида террорчилик ҳужумлари сони ортаётгани CASA-1000 қурилишини ортга суриб юбормоқда. Дастлаб ушбу лойиҳада 300 мегаватт электр энергияси афғон истеъмолчиларига берилиши назарда тутилган эди. Энди ушбу ҳажм Покистонга экспорт қилинади. Бинобарин, айни лойиҳа афғон халқи учун потенциал электр энергияси манбаидан расмий ҳукумат потенциал дивидендлар олишни мўлжаллаётган лойиҳага айланди. Бундай ҳолатда Кобул ҳукумати қонунийлигига путур етказиш учун террорчилик ташкилотлари CASA-1000 ни ҳукуматга босим ўтказишнинг бош мақсадларидан бирига айлантириши мумкин.
Марказий Осиёдаги энергетика ҳалқаси (МОБЭТ – Марказий Осиёнинг бирлашган энергетика тизими)
2000 йилларнинг бошида Ўзбекистон “изоляционизм” сиёсати билан Энергетика ҳалқаси барқарор ишлашига тўсқинлик қилган асосий муаммо бўлган, деб ҳисобланар эди. Тошкент 2009 йили Энергетика ҳалқасидан чиққандан сўнг бутун бошли тизим барбод бўлди, деган тушкун баҳолар ҳам юзага келган эди.
Лекин аслида тизим барбод бўлмади. Ҳатто Ўзбекистон ундан чиқиб кетгандан сўнг ҳам электр энергияси савдоси уч томонлама (Қозоғистон – Ўзбекистон – Қирғизистон) форматда давом этди ва тизим қисман фаолият кўрсатаверди. Аммо ундан иккита томон – Тожикистон билан Туркманистон узиб ташланган эди (Туркманистон ундан 2003 йилда чиқиб кетди).
Уч томонлама формат бошқа мамлакатлар Ўзбекистонга – у бошқаларга боғлиқ бўлганидан кўра – кўпроқ боғлиқдир, деган қараш хато эканини кўрсатди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ва янги минтақавий сиёсатни қабул қилиши билан Ўзбекистон электр энергияси етказиб беришни кўпайтирди ҳамда Туркманистон ва Тожикистон билан унинг савдосини икки томонлама кўринишда тиклади.
Энди МОБЭТ ичидаги ўзаро савдо-сотиқ тикланди, аммо келишувларга икки томонлама муносабатлар форматида эришилди. Хусусан, Тошкент Туркманистондан электр энергиясини қайтадан импорт қила бошлади. Тожикистон билан ҳам электр энергияси савдоси қайта йўлга қўйилди. 2019 йилда Тожикистон Ўзбекистонга 1,5 млрд киловатт/соат электр энергияси экспорт қилди.
Тошкент яна Қозоғистон ҳудуди орқали Қирғизистонга электр энергияси экспортини оширди. Бошқача айтганда, тизим яна ишлай бошлади. Лекин бу энди қарор қабул қилинадиган ва электр энергиясини етказиб беришни тартибга соладиган ягона маркази мавжуд Марказий Осиё энергетика тизими эмас. Мамлакатлар шўролар даврида ўзаро электр энергияси савдоси учун қурилган инфратузилмадан яна фойдалана бошлади, холос. Шунинг учун мен бугунги кунда Энергетика ҳалқасини тиклаш масаласи кун тартибида турибди, деб ўйламайман.
Бу ерда гап томонлар мавжуд тармоқлардан икки томонлама келишувлар асосида самаралироқ фойдаланаётгани ҳақида кетмоқда. Шу сабабли, айниқса, кўп томонлама форматда узоқ муддатли келишувларга эришилишини кутиб овора бўлиш керак эмас. Ҳаммаси минтақа мамлакатларининг электр қувватига эҳтиёжи ва уни ишлаб чиқариш имкониятлари билан билан белгиланади. Булар қандайдир минтақавий форматда иш кўришни тақозо қилмайди.
Фақат икки томонлама келишувларга асосланган бундай қисқа муддатли режа келгусида минтақанинг энергетика соҳасидаги хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ишончли йўл эмас, лекин шунга қарамасдан, у Марказий Осиёдаги ўзаро муносабатларда амалий иш бераётган ягона форматдир. Минтақа мамлакатлари ўзаро муносабатларининг ушбу форматида ташқи ўйинчилар энергетика тизимига ҳам, Марказий Осиёдаги сув-энергетика масалалари бўйича қарор қабул қилиш ишига ҳам бирор жиддий таъсир ўтказа олмайди.
Марказий Осиё энергетика ҳалқасига минтақадаги ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлай оладиган лойиҳагина деб қарамаслик керак. Бу минтақа мамлакатларининг қўшниларнинг ички ва ташқи сиёсатига таъсир кўрсатиш воситаси ҳамдир. Мен энергетика соҳасида сўнгги 10 йилда ўта чекланган ҳамкорлик форматидан сўнг қисқа истиқболда электр энергиясининг минтақадаги инфратузилмадан максимал даражада фойдаланиладиган икки томонлама экспорти ва импортига ўтилганини мамлакатларнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг ва Марказий Осиё ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг энг ишончли усули, деб биламан.
ТАПҲ (Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон) газ қувури
Туркманистон ушбу йўналишда экспорт қилиш учун газни қаердан олади, деган савол баробарида афғон томони ҳудудидаги беқарорлик айни даврдаги ТАПҲни амалга ошириш билан боғлиқ асосий муаммодир. Афғонистон Ислом Республикасида (АИР) газ қувурини тортиш ишлари бошланиб кетди. Айни босқичда энг оғир муаммо газ қувури хавфсизлигида эмас, аксинча, лойиҳани молиялаштириш ва унинг мақсадга мувофиқлигидадир. Сўнгги келишувларга асосан, Туркманистон тарафи лойиҳа харажатларининг 51 фоизини зиммасига олиши керак эди, аммо шу кунларда мамлакатнинг бундай молиявий ресурслари йўқ.
Умуман олганда, мен ТАПҲдан кўп нарса кутмаяпман. Бу айни дамда Туркманистонда газ экспорти учун бошқа йўналишлар ҳам мавжудлигидир, аммо уларнинг ҳеч бири турли сабабларга кўра, тўлиқ ҳажмда ишлатилаётгани йўқ.
ТАПҲ ҳам CASA-1000 лойиҳаси сингари қурилиш тугагандан сўнг хавфсизлик билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келади. Афғонистон ҳукумати Туркманистон гази транзити учун 400 миллион долларга яқин пул олишни режалаштирмоқда. Бунинг учун газ қувури тўлиқ ишлаши керак, аммо яқин истиқболда бунга эришиш амри маҳол. Мабодо йирик тушумлар мамлакатлар бюджетини тўлдирадиган ҳамда террорчилик ва экстремистик ташкилотларга қарши кураш йўлида ишлатиладиган бўлса, бу ўша ташкилотлар вакиллари ушбу инфратузилмага тез-тез ҳужум қилиб туришига туртки беради.
Назаримда, ТАПҲ тақдири муаллақлигча қолмоқда, чунки иккита асосий масала: уни ким лойиҳалаштириши ва Афғонистон ҳудудида газ қувури хавфсизлигини ким таъминлаши ҳамон ҳал этилгани йўқ.
Россия билан Туркманистон
2019 йил кўкламида Россия оммавий ахборот воситалари “Газпром” газ шартномаларини 3 йил тўлиқ тўхтатиб қўйгандан сўнг Туркманистон газини сотиб ола бошлаганини хабар қилган эди. Бироқ Ўрта Осиё – Маркази (ЎОМ) газ қувури бўйлаб газ узатиш ҳажмини зиддиятдан олдинги даврдагига қадар кўпайтириш имкони борми? Менимча бундай имкон жуда оз.
Туркманистон 90-йилларда ЎОМ газ қувури орқали йилига деярли 90 млрд м3 табиий газ экспорт қилар эди. Айни вақтда бунақа ҳажмни ҳеч бир мамлакат таъминлаб бера олмайди. 2007 йилда рўй берган жанжалдан олдин Туркманистон ЎОМ газ қувури орқали йилига 40 – 45 м3 табиий газ экспорт қилаётган эди. Шу кунларда Ашхобод ҳатто Хитойга ҳам бунча газ экспорт қилаётгани йўқ. Шунинг учун Россияга олдинги ҳажмдаги газ экспорт қилишни тиклашнинг имкони йўқ.
Боз устига, Ашхобод Хитой йўналишига асосий эътибор қаратишига тўғри келади, чунки дунёдаги энг узун газ қувури тизими қурилишига энг кўп пул (2000 километрдан 3 та тармоқ, ҳар бирига 7 миллиард доллардан) сарфланган эди.
Туркманистон ҳукумати Россия йўналишида кам миқдорда, Марказий Осиё бозорига эса жуда кам миқдорда табиий газ етказиб беришни мўлжал қилиши мумкин. Россия билан Туркманистон 2024 йилга қадар йилига 5 млрд м3 табиий газ етказиб бериш тўғрисида битим тузган эди. Ушбу ҳажмлар ошиб бориши даргумон.
Хитой Туркманистон гази Россияга етказиб берилиши тикланишини қарши бўлгани йўқ. Бу Ашхобод ўз газини ХХРга экспорт қилишдан кўп фойда олмаётгани билан боғлиқ, чунки Пекин газ нархининг бир қисмини қувур қурилиши учун сарфланган инвестицияни қайтариб олиш учун ушлаб қолмоқда. Бошқача айтганда, Туркманистон ҳали-ҳамон Хитойдан олган қарзини қайтармоқда, шу сабабли мамлакатнинг Хитойга узатилаётган гази баҳоси анча-мунча пастлигича қолмоқда. Россия йўналишида экспорт қилинаётган газ нархи эса нисбатан баланд ва у мамлакат бюджетини, кам бўлса-да, тўлдиришга ҳисса бўлиб қўшилиши керак.
Тикланадиган энергия манбалари (ТЭМ)
Тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш – долзарб масала. Бироқ бу масалада Марказий Осиё мамлакатларидаги вазият бир хил эмас. Қаердадир ТЭМни кўпроқ, қаердадир камроқ ривожлантириш талаб этилади. Минтақада ТЭМни ривожлантириш даражаси шу билан изоҳланади.
Тан олиш жоизки, бугунги кунда асосан қуёш ва шамол электростанцияларини ривожлантираётган Қозоғистон етакчи ўрин эгаллайди. 2019 йилга бориб, ушбу мамлакатда жами лойиҳа қуввати 1000 мегаваттга етадиган 83 та ТЭМ объекти ишга туширилди. Яқин 5 йилда ушбу ҳажмни уч марта орттириб, 3000 мегаваттга етказиш режалаштирилмоқда ва мен буни бемалол эпласа бўладиган иш деб биламан. Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси (ҚР) модернизация ва энергиядан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ҳам кўп эътибор қаратмоқда.
Биринчидан, ҚР жаҳон ҳамжамиятида катта обрў-эътиборга эга, бинобарин, мамлакат барқарор ривожланиш ва ТЭМни ривожлантириш йўлидан бориши талаб этилади.
Иккинчидан, мамлакат ҳудуди катталигини ҳисобга олинса, Қозоғистон учун off-grid – тармоқдан ташқаридаги ТЭМни ривожлантириш ўта жозибалидир. Лекин шу пайтгача барча ТЭМ объектлари марказий электр узатиш тизимига уланган.
Учинчидан, ҚРда электр энергиясининг 70 фоизга яқини кўмир ёқиладиган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади, ваҳолонки, бу электр энергияси ишлаб чиқаришнинг энг ифлос усули ҳисобланади. Ҳавони ифлослантириш ва бошқа атроф муҳит билан боғлиқ муаммолар ҳар доим маҳаллий ва республика даражасидаги кун тартибида туради. Ушбу муаммоларни “яшил технологиялар”ни ривожлантирибгина ҳал этиш мумкин.
Шундан келиб чиқиб, давлат ТЭМга фаол тарзда субсидиялар ажратмоқда. ТЭМ ҳақидаги қонунда ТЭМ объектларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ишлаб чиқарувчилардан оширилган нархда (бир киловатт учун 35 тенге) сотиб олинади ҳамда миллий оператор KEGOC уни аҳолига умумий тарифлар бўйича (1 киловатт учун тахминан 7 тенге) сотади. Қайд этиш лозимки, давлат ёрдамисиз ТЭМни ривожлантириш ўта мушкул эди. Қозоғистон минтақада ТЭМга жуда кўп давлат маблағи ажратаётгани сабабли соҳа жадал суръатлар билан ривожланмоқда.
Ўзбекистон сўнгги йилларда ТЭМ соҳасига инвесторларни жалб қилиш учун жиддий қадамлар қўйди. Мамлакатда ТЭМни ривожлантириш бўйича лойиҳалар кўп. Бу ерда қўшимча энергия манбаларига бўлган эҳтиёж катта, чунки электр энергияси етишмайди. Аммо мамлакат ҳозирча ТЭМ соҳасидаги лойиҳаларга жиддий субсидиялар ажрата олмайди, бу сектор ривожланиши оёғига тушов бўлмоқда.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистонда бир неча қуёш электр станцияси қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳар бирининг қуввати 100 мегаваттдан бўлган 4 та, 120 мегаватт бўлган 1 та қуёш электростаницияси ишлаб чиқариш бўйича режалар мавжуд. Ҳукумат айни лойиҳаларни 2017 – 2021 йилларда ишга туширишни режалаштирган эди. Улар 5 йилдан ошиқ вақтдан бери муҳокама этилиб келмоқда. Бироқ маблағ етишмаслиги сабабли лойиҳаларни амалга ошириш ортга сурилиб кетяпти. Шу билан бирга, муайян олға силжиш борлигини қайд этиш жоиз. Бирлашган Араб Амирликлари Навоий вилоятидаги қуёш электр станцияси лойиҳасига пул топиб беришга тайёр. 100 миллион долларга яқин маблағ жалб этиш режалаштирилмоқда.
Туркманистонда газда ишловчи электр станциялари тармоғи ривожлангани сабабли ТЭМни ривожлантиришга унчалик эҳтиёж йўқ. Қирғизистон билан Тожикистонда эса кичик ГЭСлар кўп ва улар ТЭМдир. Ушбу мамлакатларнинг кичик ГЭСлар соҳасида ТЭМни ривожлантириш бўйича улкан салоҳияти бор. Лекин ҳозирча катта ГЭСларга устувор аҳамият берилмоқда ва уларда жами электр энергиясининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда.