Жаҳон иқтисодиёти 1930 йиллардаги Буюк тушкунлик даврига қайтиши мумкин, дейди Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) тақсимловчи директори Кристалина Георгиева. Унинг фикрича, бунга ижтимоий нотенглик ва молиявий секторнинг беқарорлиги асосий сабаблар бўлиши мумкин.
ХВЖнинг янги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, бугунги кунда 1929 йилдаги иқтисодий инқирозга олиб келган “жўшқин 1920 йиллар”нинг аломатлари мавжуд, деган Георгиева хоним. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 20 йил ичида мамлакатлар ўртасида ижтимоий ва иқтисодий тенгсизлик борасида тафовут камайди, аммо шу билан бирга бундай ҳолат давлатларнинг ичида кенгайган.
Петерсон Жаҳон иқтисодиёти институтидаги (Вашингтон) чиқишида Георгиева хоним ХВЖнинг янги тадқиқот натижалари билан бўлишди. Ушбу тадқиқот келгуси ўн йилликда ривожланган ва иқтисодиётда кенг ўрин олган молиявий сектор ҳар бир фуқаро учун янги имкониятлар яратиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, мазкур тақдиқот, молиявий сектордаги нўноқ бошқарув тенгсизликни кучайишига олиб келишини ҳам ҳам кўрсатиб беради.
UzAnalytics таҳлилий сайти ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева маърузасининг қисқартирилган матнини эътиборингизга хавола қилади.
Нотенглик ва уни енгиш воситалари ҳақида
Сўнгги икки ўн йилликда мамлакатлар ўртасидаги даромадлар тенгсизлиги кескин пасайди – бу асосан бозорлари иқтисодий ривожланиш йўлида бўлган Осиёнинг етакчи давлатлари билан боғлиқ. Айрим ҳудудлардаги вазият ҳанузгача кишини ташвишга солади. Аммо шуни таъкидлаш керакки, бу Саноат инқилобидан бери дунёда тенгсизлик пасайган биринчи ҳолат.
Бироқ, кўплаб мамлакатларда ички тенгсизликнинг ўсиши кузатилмоқда. Масалан, Буюк Британияда нисбатан кам даромадга эга фуқароларнинг 50 фоизи қанча активга эга бўлса, нисбатан бадавлат ҳисобланадиган фуқароларнинг 10 фоизи худди шунча активни тасарруф қилади. Худди шундай ҳолат Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо мамлакатларнинг кўпида кузатилади. Ушбу давлатларда даромад ва бойликларда тенгсизлик рекорд даражани ташкил этган ёки шунга яқинлашади.
Бу ташвишли тенденция ХХ асрнинг дастлабки йилларини эсга солади. Ўшанда ўзаро боғлиқ икки куч – технология ва интеграция, аввал “жўшқин 20-йиллар” деб ном берилган даврни вужудга келтирди, сўнгра эса иқтисодий инқирозга олиб келди.
Шунинг учун биз тарих сабоқларини замон талабларини инобатга олган ҳолда ўзлаштиришимиз керак. Биз биламизки, ҳаддан ортиқ тенгсизлик жамият ичидаги ва унинг институтларига бўлган ишончни йўқотади. Бу популизм кучайишига ва сиёсий силкиниш каби салбий оқибатларга олиб келади.
Тенгсизлик муаммосини ҳал қилиш учун аксарият ҳукуматлар аввало бюджет-солиқ сиёсатида бир қанча чораларни қўллашга ҳаракат қилишади. Ҳозирги кунда ва келгусида ҳам бундай чора ва тадбирлар муҳим аҳамият касб этиб қолаверади. Аммо, биз молия секторига ва унинг ривожланишига етарлича эътибор бермаяпмиз. Ушбу сектор ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатдан тенгсизликка катта таъсир кўрсатиши мумкин.
ХВЖ ходимларининг янги тадқиқотлари самарали фаолият кўрсатаётган молиявий сектор келгуси ўн йилликда барчага янги имкониятлар яратиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Аммо, ушбу тақдиқот, шунингдек, нўноқ бошқарув билан молиявий секторда тенгсизликни қандай ошириш мумкинлигини ҳам аниқлаб берди.
Молия секторининг тенгсизликка таъсир кўрсатувчи учта жиҳати
Молиявий сектор ва унинг тенгсизлик муаммосига бўлган таъсирига келсак, учта асосий жиҳатни кўриб чиқиш лозим.
а) Молия бозорини ривожлантириш
Маълумки, молия сектори ҳажмининг ўсиши мамлакат иқтисодий ривожланишига муҳим таъсир кўрсатади. Масалан, Хитой ва Ҳиндистонда 1990-йиллари молия секторининг барқарор ўсиши 2000-йилларда иқтисодий юксалиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Бу, ўз навбатида, бир миллиард кишининг қашшоқликдан қутулишига ёрдам берди.
Аммо бу мавжуд вазиятни тўлақонли акс эттирмайди. ХВЖнинг янги тадқиқоти шуни кўрсатдики, молиявий бозорнинг маълум даражада чуқурлашиши тенгсизликни даражасини кучайишига олиб келади. Тенгсизлик кўплаб омиллар билан шартланади – коррупция, регрессив (ортга тортувчи) солиқлар, авлодлар ўртасида ресурсларни тақсимлаш. Аммо молия бозорининг ҳаддан ташқари чуқурлашиши ва тенгсизлик ўртасидаги боғлиқлик турли мамлакатларда қайд этилган.
Нега биз молия бозорини чуқурлаштиришнинг тенгсизликка таъсирида бундай ўзгаришларни кузатамиз? Биз молиявий ривожланишнинг дастлабки босқичлари кам таъминланганларга фойда келтиради, деб тахмин қилсакда, вақт ўтиши билан молия сектори кўламининг ўсиб бориши ва мураккаблиги, биринчи навбатда, аҳолининг нисбатан бой қатламига наф келтиради. Ушбу салбий жараён айниқса, АҚШ каби юқори даражада ривожланган молиявий секторларга эга мамлакатларда кузатилади.
б) Молиявий барқарорликни таъминлаш
Сўнгги ўн йилликдаги иқтисодий инқирозларнинг асосий оқибатлари молиявий беқарорлик ва иқтисодий зарар бўлди. Биламизки, иқтисодий инқироз маҳсулот ишлаб чиқаришда узоқ муддатли йўқотишларга олиб келади. Бу мамлакатнинг келажакда ривожланиш йўлини ўзгартириб юбориши ва аксарият одамларни бутунлай ортда қолдириши мумкин.
Келгуси ўн йилликда барқарорликни таъминлаш муҳим ва қийин вазифа бўлиб қолади. 2020 йилларда молия сектори олдида анъанавий инқирозларни бартараф этиш ва янги инқирозларга, шу жумладан иқлим билан боғлиқ зарбаларга қарши туриш каби вазифалар юз кўрсатади.
Яқинда ХВЖ томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, иқтисодий инқироз арафасида тенгсизлик кучайиб боради. Бу хол тенгсизлик ва молиявий барқарорлик ўртасидаги яқин боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.
ХВЖнинг иқтисоди ривожланган 17 мамлакат бўйича тадқиқотида 1870 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда юз берган барча иқтисодий инқирозлар кўриб чиқилди. Унинг натижалари қуйидаги хулосаларни тасдиқлайди: тенгсизликнинг ўсиши иқтисодий ва молиявий инқироз олдидан энг тўғри башоратдир ва бу инқироз узоқ муддатли бўлиши мумкин.
Марк Твен ёзганидек: “Тарих ҳеч қачон такрорланмайди, лекин кўпинча ҳамоҳанг бўлади”. Шундай экан, тарих ҳамоҳанглиги бизга нимани англатади?
Биринчи сабоқ шундан иборатки, молиявий хизматлар, асосан – ҳайрли иш. Аммо гап шундаки, молия бозорининг ҳаддан ташқари чуқурлашиши (молия сектори ҳажмининг ҳаддан ташқари ошиши) ва иқтисодий инқирозлар тенгсизликни кучайтириши мумкин. Шунинг учун, молия секторининг иқтисодиётда чуқурлашиши ва унинг кўламини кенгайиши борасида “олтин оралиғни” топиш муҳимдир.
c) Молиявий интеграция
Молиявий интеграция шуни англатадики, аксарият инсонлар ва компаниялар молиявий хизматлардан арзонроқ ва осонроқ фойдаланиш имконига эга бўлади.
ХВЖ ходимлари олиб борган тадқиқотлар банк ҳисоб рақамларига киришни кенгайтириш ва даромадлар тенгсизлигини камайтириш ўртасида яқин боғлиқлик мавжудлигини кўрсатди.
Дунё миқёсида молиявий технологияларнинг аҳамияти муҳим роль ўйнайди, бу одамларга банк хизматларидан фойдаланиш ва яхши ҳаёт учун имкониятлар очиб беради.
Масалан, сўнгги 10 йилда Камбоджада мобил молиялаштириш технологияларини қўлланилиши қарз олувчилар сонининг 2 миллионга ошишига ёрдам берди. Бу катта ёшдаги аҳолининг деярли 20 фоизини ташкил қилади. Ушбу янги қарз олувчиларнинг аксарияти илгари ҳеч қачон банкда ҳисоб рақамига эга бўлмаган.
Ушбу ўзгаришлар даромадлар тенгсизлигининг дарҳол пасайишига олиб келмаслиги мумкин. Аммо улар имкониятлар яратади, одамларга тежаш, кичик бизнес очиш ва фарзандлари учун таълим олиш имкониятларини яхшилаш имконини беради.
Бу иқтисодиёт учун умуман нимани англатади? ХВЖ мутахассислари тадқиқоти шуни кўрсатдики, узоқ муддатли истиқболда молиявий интеграциянинг юқори ва паст даражасига эга мамлакатлар ўртасида ЯИМнинг ўсиш суръати 2-3 фоиз пунктга фарқ қилади.
Юқорида келтирилган ушбу учта жиҳатнинг ҳар бири учун молия сектори ва тенгсизлик ҳақида гап кетганда компромисс, яъни ўзаро муросага келиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Биз ишончли, аммо унчалик мураккаб бўлмаган молия секторидан манфаатдормиз. Шу боис, молиявий интеграция бутун тизим учун катта қарз юкини ва хавфини туғдирмасдан янги имкониятлар очиб бериши ва кредит олиш имкониятини кенгайтириши лозим.
Келгуси ўн йилликда инклюзив тизимни яратиш борасида чоралар
Молиявий секторнинг тенгсизликка таъсирини учта асосий турига мос келадиган сиёсатнинг учта асосий жиҳатини кўрсатиш мумкин.
1) Янада хавфсиз тизимни яратиш. Тартибга солиш ва назорат қилишга бошқа муқобил тизим мавжуд эмас. Молия бозорини чуқурлаштириш барча мамлакатлар учун муносиб мақсаддир. Аммо, молия тизими барқарор ва тизимли равишда ўсиши ва ривожланиши керак.
Бугунги кунда банкларнинг капитали ва ликвидлилигига талаб ошди. Муаммоли банкларни ёпиш осонлашди. Шаффофлик ва ҳисобдорлик ошди. Молия тизими янада хавфсиз ҳолатга келтирилди, аммо ҳали бу етарли эмас. Ушбу ютуқлар билан чекланиш катта хато бўлиши мумкин.
Бунинг ўрнига давлатлар режалаштирилган ислоҳотларни изчил амалга ошириши ва уларни янги ҳамда самарали чоралар билан тўлдириши керак. Молиявий бозорларда хавфсиз ўсиш, фуқаролар уларга қандай милоявий хизматлар таклиф қилинаётганлигини ва бу уларнинг оиласи учун нимани англатишини аниқ тушунишлари учун молиявий саводхонликни ошириш талаб этилади.
2) Янада барқарор тизимни яратиш. Агар банклар рискларни яхшироқ баҳолашни бошласа, улар кичик бизнесни кўпроқ ҳажмда кредитлай бошлайди. Бу барқарорликнинг заминидир.
ХВЖнинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, кичик компанияларни кредитлаш йирик фирмаларга қарз бериш билан солиштирганда молиявий барқарорликни оширади ва хавфларни камайтиради. Молиявий хавфлар бир неча йирик компаниялар ўрнига юзлаб кичик компаниялар ўртасида тақсимланганда, иқтисодиёт янада инклюзив ва соғлом бўлади.
3) Янада оқилона тизимни яратиш. Кам таъминланган уй хўжаликлари ва кичик корхоналар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тенгсизликни камайтиришнинг энг самарали усулларидан биридир. Жаҳон банкининг 40 мамлакатдаги 135 000 та компания орасида ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, кичик компанияларга кредит бериш даромадлар тенгсизлигининг камайиши билан бевосита боғлиқдир. Сабаби шундаки, ушбу компаниялар кўпинча ишга муҳтож бўлган одамларни ёллашади.
Аммо тез суръатлардаги ўзгаришлар бутунлай тескари ёки кутилмаган салбий натижалар бериши мумкин. Ҳукумат хатарларни самарали назорат қилиш ва бошқариш билан бирга илғор молиявий технологияларни қўллайдиган молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Хулоса
Сўнгги бир неча ўн йилликлар бизга ўсиб бораётган тенгсизлик муаммосини ҳал қилмасак, унинг янада ёмонлашишини аниқ кўрсатди.
Мазкур муаммони ҳал қилишда солиқ-бюджет сиёсати самарали восита бўлиб қолмоқда, аммо молия секторига нисбатан бўлган сиёсат ҳақида унутмаслик керак. Акс ҳолда, 2020 йиллар 1920 йилларга жуда ўхшаш бўлиши мумкин. Агар биз тарих сабоқларини ўргансак ва уларни ўз давримизга мослаштирсак, келажак муаммоларини ҳал қилишга тайёр бўлган янада мустаҳкам тизимни қура оламиз.
Сурат манбаси: 24tv.ua