2019 йил якунланишидан бир неча кун аввал Марказий банк Ўзбекистонга чет элдан юборилган пул ўзказмалари миқдори ҳақида маълумотларни эълон қилди. Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” ҳисоботида келтирилган рақамларга кўра, 2019 йилнинг 9 ойида мамлакатдаги жисмоний шахсларга – резидентларга чет элдан юборилган трансферт пул ўтказмалари миқдори қарийб 4,5 млрд. долларни ташкил қилган ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 16,4% фоизга ошган. Ушбу маблағларнинг аксарият қисмини ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз оилаларига юборган пул ўтказмалари ва аҳолининг чет элда истиқомат қиладиган қариндошлари амалга оширган ўтказмалар ташкил қилади.
Албатта, амалиётда бундай пул ўтказмалари ташқи савдо операциялари бўйича ҳисоб-китоблар мақсадида ҳам амалга оширилиши мумкин. Масалан, нисбатан кичик ҳажмдаги товар ва хизматлар экспортида. Аммо, мазкур пул ўтказмаларининг умумий ҳажмида ушбу экспорт операциялари бўйича ҳисоб-китоблар миқдори нисбатан кам қисмини ташкил қилади.
Қуйида ушбу пул ўтказмаларининг охирги 3 йиллик динамикасини, бунда кузатилаётган тенденциялар ва бу трансфертларнинг аҳоли даромадлари таркибидаги улуши ҳақида қисқача таҳлилни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Корея ва Исроилдан пул ўтказмалар ҳажми деярли 3 баравар ошди
Шуни таъкидлаш жоизки, охирги 2 йилда республикага хориждан юборилган ўтказмалар ҳажмининг ўсиши билан бирга, Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари миқдорининг ўсиш суръати бундан ҳам юқори даражада. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг 9 ойида 20,6 фоизга, 2018 йилнинг 9 ойида эса 23,7 фоизга ўсган. Бунинг сабаби, охирги бир неча йилларда республикада амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар боис импорт операциялар ҳажмининг ўсиши билан боғлиқ, деб тахмин қилиш мумкин. Лекин, республикадан четга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг юқори суръатларда ўсишига қарамай, унинг умумий миқдори Ўзбекистонга “кириб келган” пул ўтказмалар ҳажмига нисбатан анча кам миқдорда бўлиб қолмоқда. Бу дегани, пул ўтказмалари трансфертида республика катта ҳажмдаги ижобий сальдога эга. 2017-2018 йилларнинг 9 ойида амалга оширилган трансфертларда “нетто пул ўтказмалари” ҳажми, яъни Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан юборилган ўтказмалар ўртасидаги фарқ қўйидагича:
2017 йилнинг 9 ойида: $3,09 млрд.,
2018 йилнинг 9 ойида: $3,19 млрд. (+3%),
2019 йилнинг 9 ойида: $3,66 млрд. (+15%).
Кейинги 3 йилда жисмоний шахсларнинг Ўзбекистонга пул ўтказмаларини чет эл давлатлари кесимида олиб қараганда, ушбу маблағларнинг деярли 95 фоизи 6 та мамлакатдан, 83-87 фоизи эса Россия ва Қозоғистондан юборилган. Аммо, охирги 2 йилда бошқа 4 давлатдан юборилган пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиш суръати жуда юқори. Мазкур давр мобайнида пул ўтказмалар миқдори АҚШдан 36%га, Туркиядан 43%га, Корея ва Исроилдан эса қарийб 3 бараварга ошган. Шу боис, 2017-2019 йилларнинг 9 ойида Россия ва Қозоғистондан юборилган пул ўтказмаларининг умумий ҳажмдаги улуши 87 дан 83 фоизгача камайгани кузатилмоқда.
2019 йилда аҳоли даромадлари таркибида ушбу трансфертлар улуши ошган
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг аҳолини умумий даромадлари таркибидаги улуши 15,3 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун, 2018 йилда бу кўрсаткич 14,4 фоиз бўлган, яъни 2019 йилнинг 9 ойи давомида деярли 1 фоизга ўсган.
Республика ҳудудлари бўйича аҳоли даромадлари таркибида пул ўтказмаларининг улуши Хоразм (+1,2%), Сурхондарё (+1,2%), Қашқадарё (1,4%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (+1,3%) сезиларли даражада ўсган. Навоий вилоятида эса аксинча, бу кўрсаткич 0,2 фоизга пасайган.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Сурат манбаси: topwar.ru