Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида бир қанча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йил мартида президент “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжатда барча ҳудуд раҳбарлари олдига уларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” принципи асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, имтиёзли кредитларни мавжуд шароит ва оилаларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда ажратишга эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, мамлакат раҳбари маҳалла, туман ва йирик ҳудудларни бирорта фаолият тури ёки деҳқончилик турига ихтисослаштиришни йўлга қўйишни бир неча марта таъкидлади. “Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, анъанавий ҳунармандлик йўналишларини инобатга олиш ҳам муҳим. Мисол учун, Риштон туманида кулолчилик, Марғилонда ипакчилик, Чустда дўппи ва пичоқчилик, Олтиариқда боғдорчилик ва узумчилик йўналишлари учун замин бор”, деди президент жорий йил майида бўлиб ўтган Фарғона вилояти фаоллари иштирокидаги йиғилишда. Шунингдек, ушбу ҳудуд миқёсида, келгуси икки йилда Олтиариқ туманида 3 минг гектар майдонда узумчилик, Қува туманида 2 минг гектар ерда анорчилик, Қувасой шаҳрида эса 2 минг гектар майдонда гилосчилик кластерлари ташкил этилишини маълум қилди. Бунинг учун хонадонларга 15 миллион дона узум, 10 миллион дона гилос ва 5 миллион дона анор кўчатлари етказиб берилиши режалаштирилган.
Олтиариқ узумлари: жаҳон бозорига йўл
Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турп, ҳатто узуми билан ҳам машҳур. Туман боғбонлари бу борада ҳам ўзига хос мактаб яратган. Ўтган йиллар мобайнида миришкор томорқачилар ўнлаб турдаги янги узум навларини яратди. “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ” каби узум навлари нафақат ички бозорда, балки узоқ ва яқин хориж мамлакатларида ҳам харидоргир. Даромад манбаи сифатида ҳам унча-мунча деҳқончилик маҳсулоти узумнинг олдига туша олмайди.
Баҳромжон Бойматов – “Бойматов” фермер хўжалиги раҳбари. Олтиариқ туманида узумчилик билан шуғулланади. Айтишича, унинг аксарият ҳамюртлари каби пул топиш илинжида хорижга кетиш истаги умуман бўлмаган. Узумчилик – ота касб, боз устига, сердаромад соҳа. Бунинг учун ернинг, узум нави ва ток поясининг тилини тушуниш керак. Олтиариқ заминида етиштирилган узум мазаси ва ўзига хос хусусиятлари билан довруқ қозонган.
– Ҳозир 10 хил экспортбоп навларимиз бор, – дейди Баҳромжон. – Уларни келаси йилдан бошлаб тўғридан-тўғри экспорт қилмоқчимиз. 400-500 тонна сиғимга эга музлаткичли маҳсулот сақлаш омборларимиз бор. Бу йилги ҳосилни янги йил байрами арафасида бозорларга чиқарамиз. Узум – шифобахш неъмат. Олимлар таъкидлашича, узумни кўп миқдорда истеъмол қилиш артериал қон босими бир меъёрда бўлиши ва юрак фаолияти яхшиланишига ёрдам беради, инсон танасидаги туз миқдорини камайтиради.
– Ҳосилни шу пайтгача қайси мамлакатларга экспорт қилгансиз?
– Асосан, Россияга экспорт қилиб келдик. Бу йил ҳам 200 тонна узум экспорт қилиш режамизда бор. Келаси йилдан, агар барчаси режадагидек бўлса, Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам етказиб бермоқчимиз. Экспортёрлар келяпти, ҳаракатимиз бор. У томонларда, асосан, уруғ(данак)сиз навлар харидоргир. Аммо бизда бундай навлар кам экилади, ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз.
Баҳромжон раҳбарлигидаги “Бойматов” фермер хўжалиги экин майдонларини кенгайтириш ва ўзлаштирилган майдонларга уруғсиз узум навларини экишни режалаштирган. Асосан, тошлоқ ерларни тошдан, ортиқча ва бегона нарсалардан тозалаб, серҳосил майдонларга айлантириш анча мураккаб юмуш. Аммо бу борада анча-мунча ишлар қилинди, қўшимча ерлар деярли экин экишга тайёр ҳолга келди.
– Узум учун қанча қўшимча ер майдони ажратилган?
– Олтиариқ туманида узумнинг умумий экин майдони 3 минг гектар бўлади, дейишяпти. Бизнинг 200 гектар еримиз бор ҳозир. Шундан 15-20 гектар қўшимча майдон ҳозирлаймиз.
Жорий йил июлида Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятида интенсив технологияларга асосланган боғ ва токзорлар барпо этиш лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, 2019-2020-йилларда Фарғона вилоятнинг Ўзбекистон, Олтиариқ, Қува туманларида 2000 гектар ер майдонида дастлабки қиймати 38,6 млн. АҚШ долларига тенг интенсив технологияларга асосланган, экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари навлари жойлаштирилган боғ ва токзорлар барпо этиш вазифалари белгиланди.
– Яқинда Ҳиндистонга бориб келибсиз. Таассуротларингизни қисқача сўзлаб берсангиз.
– Ҳиндистонга узумчилик ишлари, музлаткичлардан самарали фойдаланиш, экспорт масалаларини ўргангани, тажриба алмашгани бордик. У ернинг ҳам узум навлари яхши, аммо сув масаласида муаммолар мавжудлигини кўрдик. Ёмғир сувини тўпланиб, ундан узумзорлар томчилатиб суғорилар экан.
Мутасаддилар фикри
– Вилоятда фермерларни, хусусан, узумчилик билан банд фермерларни қийнаётган қандай муаммолар бор?
Ушбу савол билан вилоят Фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Фермер хўжаликлари фаолиятини комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Сардорбек Эминзодага мурожаат қилдик.
– Бугунги кунда фермерлар кенгаши фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулот етиштиришига амалий ёрдам бериш, бугунги кунда қийнаб келаётган муаммоларига ечим топишга кўмаклашиш бобида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Дейлик, чет элдан кириб келаётган қишлоқ хўжалиги техникаси, техник воситалар, маҳсулотлари ёки уларга тегишли барча соҳалар учун божхона имтиёзлари қўлланаётгани яхши фойда бераяпти. Бундан ташқари, иссиқхоналар, ё бўлмаса, музлаткич омборлари қуриш ишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилаяпти.
– Масалан, “Бойматов” фермер хўжалигида айнан қандай ўзгаришлар юз берди, қандай қулайликлар яратилиб, қандай кўмак берилди?
– Президентимизнинг шу йил ёз фасли бошларида туманимизга ташрифидан сўнг Олтиариқ “Бир маҳалла – бир маҳсулот” принципига асосан узумчилик соҳасига ихтисослаштирила бошлади. Туман ҳокимлиги узумзорлар учун қарийб 3 минг гектарга яқин ер майдони ажратди. Бугунги кунда “Бойматов” фермер хўжалигида янгиликлар жорий этилган, яъни жорий йилда музлаткич омборлари барпо этилди, узумнинг янги навлари етиштирила бошлади. аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, узум етиштиришда унинг барча йўналишларига эътибор қаратилди: узум экспорт қилишга тайёрланмоқда, фермеримиз шахсан ўзи номидаги фирма ёрдамида четга ўзи етиштираётган маҳсулотини олиб чиқиш ҳаракатида. Албатта, биз буни қўллаб-қувватлаймиз.
– Умуман, туман бўйича узумга ихтисослашган нечта фермер хўжалиги бор? Олтиариқ туманида неча тонна узум етиштирилади?
– Олтиариқ туманида жами фермерларимиз 350 дан зиёд, аксарияти боғдорчиликни ривожлантириш йўналишида ишламоқда, узумчилик соҳасига ихтисослашган ўнлаб фермер хўжаликлари бор. Ушбу соҳада жорий йилдаги экспорт ҳажми 2018 йилдагига нисбатан 1,3 баравар ошди. 10 гектар ердан 1 – 3 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Олтиариқ туманининг умумий ер майдонига нисбатан олганда, бу – жуда яхши кўрсаткич. Туман бўйича умумий экспортга жўнатилган узум миқдорини айтишим қийин. Чунки бизда сақлаш ҳисобига ҳатто баҳор ва қиш ойларида ҳам узум экспорт қилинади. Сақлаш омборларимиз 100-200 тонналаб маҳсулот қабул қилади. Ундан ҳам каттароқлари мавжуд. Айнан узумни сақлайдиган омборларимиз ҳам бор, уларнинг ҳар бири 200 – 500 тонна узумни сақлай олади.
Ҳам миришкор, ҳам тадбиркор
Баҳромжон Бойматов ўз фермер хўжалиги қошида фирма очди. Энди барча экспорт амалиётлари ушбу фирма орқали амалга оширилади.
– Мана, музлаткичли катта сиғимли омбор қурдингиз. Буни ниманинг ҳисобига ва қандай қилиб қурдингиз?
– Бизда, асосан, “Ҳусайни” кўп, яна “Келин бармоқ”, “Мерседес”, “Қизил ҳусайни”, “Қора ҳусайни” навлари етиштирилади. Шулардан 60 фоизини “Ҳусайни”, қолган 40 фоизини (нави, ранги, йириклигига қараб) бошқа навлар ташкил қилади. Экспортга ҳам, асосан, шулар яхши кетяпти. Биринчидан, ҳокимлик тавсия берди. Кейин суриштириб кўрсак, қилса бўладиган иш экан. Дастлаб 200 тонна сиғимга эга омборни қуришга қарор қилдик. Аввал унинг самараси ва фойдасини билмаган эканмиз. Ҳозир яна 200 тонна қўшимча музлаткич қуришга киришганмиз.
– Узумни музлаткичларда қанча вақтгача сақлаш мумкин?
– Асосан, 1 йил, яъни келаси узум пишиғигача сақланади. Аксарият қисми янги йил байрами арафасида бозорга чиқарилади.
Шу ўринда яна бир маълумотни келтириб ўтиш жоиз. “Бойматов” фермер хўжали ерларининг аксарият қисми илгари ташландиқ бўлиб ётар эди. Уни ўзлаштириб, мўл ҳосил олгунга қадар анча тер тўкишга тўғри келди. Сардор Эминзода бу ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Тўғри, ҳеч нарса ўз-ўзидан бино бўлиб қолмайди. Аввал бу майдон қаровсиз жой бўлган. Мана, бугун жуда чиройли, серҳосил ерга айланди. Узумнинг барча харидоргир навлари етиштирилади. Буларни Бойматовлар оиласи барпо этди. Шундай фидойи инсонлар сабаб туманда сўнгги 5-6 йилда бундай ташландиқ жойлар қолмади. Ерга қарасак, ерга меҳр берсак, албатта, ер бизни боқади.
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурида Ўзбекистон ҳудудларидаги масъул раҳбарларга аҳолининг даромад олишга қаратилган лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, агротехника ва ветеринария хизматлари кўрсатиш, ишсиз ва банд бўлмаган кишиларни, жумладан, унинг муҳтож қатламларини тадбиркорликка ва ўзини-ўзи банд қилишнинг самарали шаклларига ўргатиш, кластер тизими орқали даромадли меҳнат фаолиятига жалб этишда амалий ёрдам бериш вазифалари белгилаб берилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзимизга савол бердик: Олтиариқ туманининг узумга ихтисослашиниши оддий аҳолига, фермерларга нима наф беради? Жавобимиз эса қуйидагича бўлди: биринчи навбатда, оилавий даромад ошишига ёрдам беради; аҳолининг турмуш фаровонлиги, иш билан бандлик даражаси ортади.