Маълумотларга кўра, 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат мигранти сифатида хорижда истиқомат қилади. Уларнинг оилаларига жўнатаётган пул ўтказмалари ҳажми республика вилоятига қараб, умумий аҳоли даромадининг 5 фоиздан 23 фоизгача бўлган қисмини ташкил этади. Бу айрим вилоятларда ўртача статистик оила даромадининг йигирмадан бир қисмини, бошқа вилоятларда эса аҳоли даромадларининг, тахминан, тўртдан ёки бешдан бир қисмидан иборат деганидир.
Ўзбекистонликларнинг аксарият қисми Россияда меҳнат қилаётган бўлса-да, 2018 йилда мамлакатга қарийб 1 миллиард АҚШ долларилик пулни бошқа хорижий юртларда ишлаётган мигрантлар жўнатди. Сўнгги йилларда бошқа мамлакатларга меҳнат миграцияси тобора ошиб бормоқда. Бизнингча, бунга 2014 йилда Россия рублининг кескин қадрсизланиши ва меҳнат мигрантларининг иш ҳақи доллар ҳисобида бир ярим ёки икки баравар камайиб кетгани сабаб бўлди.
Ушбу мақолада сўнгги бир неча йил ичидаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат миграциясининг асосий тенденциялари эътиборингизга ҳавола этилади.
“Ажойиб еттилик”
Иш топиш мақсадидаги миграция географияси сўнгги 5 йилда ўзгара бошлади ҳамда АҚШ, Туркия, Исроил, Жанубий Корея, БАА ва Қозоғистонга ишчилар оқими тобора ўсиб бораётгани кузатилмоқда.
Юқоридаги иллюстрациядан кўриниб турганидек, қарийб 95 фоиз пул ўтказмалари меҳнат миграциясининг “ажойиб еттилик”ка кирувчи мамлакатларидан жўнатилган.
Иш топиш мақсадида Россияга кетаётган ўзбекистонликлар сони йилига 850 минг – 1 миллион киши бўлиб турган пайтда бошқа мамлакатларга кетаётган меҳнат мигрантлари оқими тобора ошиб бормоқда. 2018 йилда Россиядан юборилган пул 2 фоиз камайган бўлса, қолган мамлакатлардан жўнатилган ўтказмалар улуши ортди.
2018 йилда Қозоғистонга сафари мақсадини “иш” деб кўрсатган ўзбекистонликлар статистикаси бундан мустасно. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, бундай мигрантлар 3,5 миллион кишини ташкил этади. Аҳолиси 18 миллион киши бўлган Қозоғистон учун бу рақамга “ақл бовар қилмайди”.
Афтидан, бундай фуқароларнинг аксарияти Қозоғистонга бошқа мақсадда чиққан. У ерга борган меҳнат мигрантларининг ҳақиқий сони бундан анча кам. Қозоғистондан Ўзбекистонга жўнатилган пул ўтказмалари миқдорининг 2017 йилга нисбатан 28 фоиз ошганига қараганда, 2018 йилда Қозоғистонга кетган меҳнат мигрантлари сонини 650 минг – 800 минг нафар деб тахмин қилса бўлади. АҚШ ва Туркияга иш топиш мақсадида кетган ўзбекистонликлар сони ҳам амалда бир оз камроқ бўлиши мумкин. Бироқ 2018 йилда ушбу мамлакатлардан жўнатилган пул ўтказмалари 30 фоизгача ошди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси сони кўпайиши баробарида иш қидириб четга чиқаётган фуқаролар сони ҳам ошиб бормоқда. Шуниси қизиқки, бу рақамларнинг ўзаро нисбати 10 − 11 фоиз атрофида деярли ўзгармас бўлиб турибди. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг ҳар ўнинчи иқтисодий фаол фуқароси ҳар йили иш топиш мақсадида хорижга чиқади. Шу ўринда 2018 йил статистикасида келтирилган маълумотлар (4,1 миллион киши) бундан мустасно эканини қайд этиш жоиз.
Бироқ бу хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларнинг умумий сонини акс эттирмайди. Ушбу рақамга ойдинлик киритиш учун меҳнат миграциясининг “ҳаммабоп” йўналиши бўйича статистикага мурожаат қиламиз. Россия Федерацияси ИИВ ва Марказий банкидан олинган маълумотларга кўра, сўнгги 3 йилда йилига қарийб 4 миллион Ўзбекистон фуқароси ушбу мамлакатда миграция ҳисобига қўйилган. Уларнинг қарийб ярми Россияга “иш” топиш мақсадида борган.
Ушбу рақам Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетганлар миқдори билан таққосланганда, мантиқсизлик бордай кўринади. Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитасининг маълум қилишича, 2016 – 2018 йиллар мобайнида ҳар йили 1,18 -‒ 1,3 миллион ўзбекистонлик Россияга чиққан. Россия миграция хизмати ҳисобида турган Ўзбекистон фуқаролари сони бу ердан Россияга борганлар сонидан бир неча бор кўп. Буни қандай тушуниш керак?
Назаримизда, бундай тафовутнинг иккита сабаби бор. Биринчидан, Ўзбекистон фуқаролари йил мобайнида икки ёки уч маротаба, масалан, ҳар сафар 3 ойдан ҳисобга қўйилган бўлиши мумкин. Иккинчидан, кўплаб ўзбекистонликлар Россияга узоқ муддатга – бир неча йилга боради. Улар ўз ватанига қайтмаган ҳолда регистрацияни узайтиради ёки қайта миграция ҳисобига қўйилади.
Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари сони тобора ортиб бормоқда. Буни миграция ҳисобининг ижобий сальдоси ҳам тасдиқлайди – ҳисобга қўйилган ва ҳисобдан чиқарилган Ўзбекистон фуқаролари сони ўртасидаги фарқ йилига қарийб 1,3 миллион кишини ташкил этади.
Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари динамикаси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу ўтказмаларнинг умумий миқдори Россия фуқаролари ва норезидентлар – Ўзбекистон фуқаролари жўнатган маблағлардан иборат. Пулнинг аксарият қисмини Ўзбекистон фуқаролари (норезидентлар) жўнатгани юқоридаги графикдан ҳам кўриниб турибди. Ўтган 10 йиллик динамиканинг кўрсатишича, 2009 йилдан 2013 йилгача пул ўтказмалари миқдори барқарор ўсиб, йилига 6,69 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Лекин ундан кейинги 3 йил ичида бу кўрсаткич 2,74 миллиард долларгача камайди. Бунга Россияда юз берган иқтисодий инқироз ва 2014 йилда рублнинг кескин қадрсизланиши сабаб бўлди. 2016 йилдан бошлаб 2018 йил охиригача Россиядан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари миқдори атиги 4 миллиард долларга етди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев жорий йил январида “Бизнес лабораторияси” лойиҳасига берган интервьюсида мамлакат меҳнат мигрантларининг умумий сони тўғрисида ўз қарашларини билдирди[2]. Вазирнинг фикрича, қарийб 2,6 миллион Ўзбекистон фуқароси хорижда меҳнат қилмоқда. Уларнинг 80 – 85 фоизи Россияда экан. Иқтисодий фаол аҳоли сони 14,6 млн киши экани ҳисобга олинса, бу ишга лаёқатли ҳар бешинчи ўзбекистонлик меҳнат мигранти, ҳар еттинчи иқтисодий фаол фуқаро Россияда ишлаяпти, деганидир.
[1] https://stat.uz/ru/press-tsentr/novosti-komiteta/5301-sovokupnyj-dokhod-naseleniya
[2] https://mover.uz/watch/Ah2zIYi?fbclid=IwAR1F2_eXmcNuToNPCKp20rZ75cqqe-hSdzjU2lm_UrtKINc-nCnP64OiJ9U