2021 йил ҳам якунига етай деб қолди, саноқли соатлардан сўнг ҳаётимизга яна бир Янги йил кириб келади. Ортда қолган ҳаётимиз эса яхши ва ёмон, қувончли ва қайғули, ёдда қоларли ва унутилишга мойил бир қанча воқеаларга бой бўлди. Бу йил ҳам бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда пандемия оқибатларини бартараф этиш устувор аҳамият касб этганини қайд этиш жоиз. Энг муҳими, коронавирусга қарши кураш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, вирус юқишининг олдини олиш ва беморларни даволаш билан боғлиқ бир қанча муаммолар ҳал этилди. Жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида рўй берган ўзгаришлар эса келажак йўлидаги муҳим қадамлардандир. Хусусан, бу йил мамлакатимизда катта тайёргарлик билан ўтказилган президентлик сайловлари халқимизнинг сиёсий онгги, фуқаролик позицияси ва эртанги кунга ишончи нечоғли баланд эканини кўрсатди.
UzAnalytics сайти мухбири 2021 йилда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган шу каби муҳим воқелик ва ўзгаришлар, тенденциялар ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича 2022 йилга тааллуқли прогнозлар ҳақида иқтисодчи, сиёсатшунос экспертлар билан суҳбатлашди.
Бу йил мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар нимаси билан ёдда қолди? 2021 йил қайси воқеалари билан аҳамиятли йил бўлди?
Равшан Назаров, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали доценти:
2021 йилда юз берган Ўзбекистон ички сиёсий ҳаётидаги асосий воқелик, шубҳасиз, Президент сайлови бўлди. Амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг ишончли ғалабаси шуни кўрсатдики, 2016 йил биринчи президентлик муддати бошида Давлат раҳбарига билдирилган ишонч ҳали сўнмаган эди. Сайловчилар ўз фикрини билдирди ва Президент сиёсатини қўллаб-қувватлади.
2021 йилнинг август ойида қўшни Афғонистонда сиёсий режим ўзгариши ва “Толибон” радикал ҳаракатининг ҳокимият тепасига келиши ташқи сиёсий ҳаётдаги асосий воқеалардан бири бўлди.
Бу воқеалар Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида жиддий саволлар туғдиради ва Марказий Осиё доираси, шунингдек, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки беради.
2021 йилнинг декабрь ойида Қозоғистон Республикаси билан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланганлиги ташқи сиёсатдаги яна бир муҳим жиҳатлардан биридир. Унда икки қардош мамлакат ва халқларнинг ҳаётий ҳамда узоқ муддатли миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳар томонлама ҳамкорлик мақсадлари очиқ белгилаб берилган.
Шунингдек, қуйидаги муҳим воқеалар содир бўлди:
– Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Қийинчиликлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси (2021 й. июль);
– Токиодаги олимпиа ўйинлари (2021 й. июль-август) – Ўзбекистон спортчилари қўлга киритган 3 та олтин и 2 та бронза медал;
– Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви ( 2021 й. август, Туркманистон);
– “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиш маросими ( 2021 й. 31 август);
– Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги (2021 й. 1 сентябрь);
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўзлаган нутқи (2021 й. 21 сентябрь);
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий бандларини амалга ошириш якунланди.
Станислав Притчин, тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академияси қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Постсовет тадқиқотлари маркази катта илмий ходими:
Натижалар орасидан мен учта энг муҳим воқеага алоҳида урғу берган бўлардим. Биринчиси, шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловидир. У жуда ишончли тарзда ўтди ва амалдаги Президент ўз мандатини кейинги 5 йил учун тасдиқлади. Шавкат Мирзиёев, албатта, ислоҳотларни давом эттиради, бу менимча, кутилган ва мантиқий жиҳатдир, чунки, унинг ривожланиш дастури бу йилгидан кўра кенгроқ миқёсда режалаштириш мантиғига тўғри келади, шунинг учун ҳам Президент Ўзбекистонни бундан кейин ҳам бошқариш ҳуқуқини тасдиқлаши кутилган воқеа бўлди.
Яна бир воқелик – америкаликларнинг Афғонистондаги 20 йиллик қўноғидан сўнг шу йилнинг 15 августида ҳокимият тепасига Толибоннинг келиши билан Афғонистон кескин ўзгаришга юз тутганидир. Бу ҳолат минтақадаги геосиёсий вазиятни тубдан ўзгартирди, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг минтақа хавфсизлигига мутлақ масъулиятсиз ёндашганини кўрсатди, чунки, бу масалада ҳеч ким билан маслаҳатлашилмади, мумкин бўлган оқибатлар ҳисобга олинмаган ҳолда қарорлар қабул қилинди. Натижада, Толибон ҳокимият тепасига келди ва ҳозир бутунлай бошқача воқеликка гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ва учинчи муҳим воқелик, яна ҳам аниқроғи, янгилик бу – Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё транспорт йўлларининг интеграциялашувига бағишланган юқори даражадаги анжумандир. Тадбир бўлиб ўтган пайтда у халқаро миқёсда минтақадаги энг муҳим воқелик бўлиб туюлди. Аммо орадан бир ой ҳам ўтмасдан содир бўлган бошқа бир воқеа – Толибоннинг ҳокимият тепасига келиши – унинг аҳамиятини ўзгартирди.
Юлий Юсупов, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази раҳбари:
Иқтисодчилар, кўпинча, ҳукумат ҳал қилиши керак бўлган “бозор муваффақиятсизликлари” ҳақида гапиришади. Ўзбекистонда ҳамон бозордан ташқари иқтисодиёт мавжуд ва асосий иқтисодий жараёнларни давлат вакиллари бошқаради. Шунинг учун ҳам биз кузатадиган асосий муваффақиятсизликлар бозорга эмас, давлатга тааллуқлидир.
2021 йилда:
– Давлат солиқ қўмитаси («нақд пул» иши) томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳужум, Тошкент шаҳридаги реклама иншоотларини демонтаж қилиш, электр таъминотидаги узилишлар;
– қонунбузарликларнинг давом этиши;
– автосаноатнинг монополияга қарши кураш қўмитаси устидан қўлга киритган мутлақ ғалабаси;
– давлат харидлари, ерларнинг коррупция йўли билан сотилиши, ношаффоф хусусийлаштириш, фермерлар ва улар етиштирган буғдой билан боғлиқ можаролар;
– импорт ва экспортни тартибга солиш, импортни чеклаш ва айрим компанияларга имтиёзлар бериш орқали сунъий монополияларни яратишга бўлган тинимсиз уринишлар;
– инфляцияни рағбатлантирувчи имтиёзли кредитлар бериш орқали банк секторига аралашувнинг давом этиши имтиёзли бўлмаган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб туради ва рақобатни бузади;
Афсуски, мен эслашга уринган ижобий ҳолатлар кўп эмас:
– қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларга хусусий мулкчилик шаклининг қонун йўли билан таъминланиши, ҳаво транспорти соҳаси ислоҳ қилиниши, божхона йўналишини такомиллаштириш борасидаги ютуқлар;
– банклар ва корхоналарни хусусийлаштириш режалари;
– Давлат раҳбарининг қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни камайтириш (асосийси, бунинг ортидан аввалгиси каби бошқа солиқлар оширилмаслиги лозим, сўнгги бор ҚҚС пасайтирилганида фойда солиғи оширилган эди), микромолия секторини либераллаштириш, темир йўл транспортини ислоҳ қилиниши.
Фарҳод Мирзабоев, мустақил эксперт:
Якунига етиб бораётган йилда асосий мавзулар – пандемия, президентлик сайловлари, қишлоқ хўжалигида сув тақчиллиги ва кўпгина ҳудудларда пахта ҳосили яхши бўлмаганлиги, ҳар доимгидек энергетик инқироз, қонунсизлик – давлат идоролари ва амалдорларнинг конституция ва бошқа қонунларни қўпол равишда бузиши ҳолатлари бўлди.
Пандемиянинг иккинчи йилида соғлиқни сақлаш тизими ушбу офатга қарши кураш борасида анча ривожланиб, мослашиб, тажрибаси ошгани кузатилди, ўлим ҳолатлари ҳам анча камайгандек туюлди. Бундан ташқари, ҳукумат керакли миқдорда вакциналар таъминотини йўлга қўйгани ҳам ижобий ҳолатдир.
Махсус очилган ковид-шифохоналарда пандемия авжига чиққан ёз ойларида тайёрланган жойлар етишмовчилиги кузатилган бўлса-да, мазкур шифохоналар таъминоти давлат томонидан яхши йўлга қўйилгани сезилди. Хусусан, ушбу йўналишдаги шифо масканларида асосий дорилар ва озиқ-овқатлар бепул тарқатилди, қолаверса, шифохоналарни керакли тиббий жиҳозлар билан таъминлашда катта ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Президент сайлови кутилган натижа билан якунланди. Нима бўлганда ҳам сиёсий инқирозларсиз бу синовдан ҳам ўтиб олдик.
Энергетик инқироз охирги 5 йилда бироз юмшаган бўлса-да, ҳали-ҳамон долзарб бўлиб турибди. Бу йил ҳам инқироз аломатлари мамлакатнинг барча ҳудудларида сезилиб турди. Кўпинча, одамлар энергетик инқироз деганда фақат аҳоли хонадонларида свет ва газ ўчишини тушунишади, аслида, бу муаммонинг кўлами жуда кенг бўлиб, мамлакатдаги тадбиркорлик ривожи ва иқтисодий ўсишга ҳам салбий таъсир қилишини ёддан чиқармаслик керак.
Олаётган миллиардлаб доллар қарзларимизни тўлай олишимиз учун иқтисодиётимиз муттасил равишда ўсиши керак ва бунга энергетика соҳасидаги ҳозирги кунда кузатилаётган тақчилликлар билан эришиш қийин. Давлат идоралари ва амалдорларининг мамлакат конституцияси ва қонунларига зид хатти- ҳаракатлари, афсуски, тўхтамаяпти, коррупция муаммоси сингари бу муаммони ҳам қуруқ сўз билан йўқ қилиб бўлмайди. Пировардида, мамлакат халқаро рейтингларда паст ўринларда қоляпти, масалан, хусусий мулк дахлсизлиги бўйича халқаро рейтингда юртимиз энг паст поғоналарда турибди, бу эса бизнинг давлат тизимига нисбатан хорижий ҳамкорларнинг ишончи паст бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.
2022 йил учун тахмин ва прогнозларингиз? Келгуси йилдан қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?
Равшан Назаров:
– 2022 йил – «Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси”ни амалга оширишнинг биринчи йили;
– Янги стратегиянинг асосий йўналишлари: мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш; фуқаролар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш; халқ маънавиятини янада юксалтириш; миллати, тили ва динидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни кафолатланган даромад манбаи, тиббий хизмат ва уй-жой билан таъминлаш, сифатли таълим; қашшоқликни қисқартириш ва муҳтож аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш; мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳамда обрўсини ошириш.
– 2022 йил – “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинув йили” бўлади, яъни, икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳалари (иқтисодиёт, сиёсат, хавфсизлик, ижтимоий-гуманитар соҳалар) кенгаяди;
– 2022 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 839,9 триллион сўм даражасида башорат қилинмоқда. ЯИМ ўсиши 6% бўлиши кутилмоқда. Қурилиш ҳажмини 8,1 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 7 фоизга, хизматлар кўрсатишни 6,5 фоизга, қишлоқ хўжалигини 3,3 фоизга ошириш режалаштирилган;
– 2022 йилда инфляция даражасини 9 фоизгача, ўрта муддатли истиқболда 5 фоизгача пасайтириш, давлат қарзини ўртача даражада ушлаб туриш, давлат ғазнаси тақчиллигини 3 фоиздан зиёд оширмаслик назарда тутилмоқда; – 2022 йил солиқ сиёсатида Ўзбекистон иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш таклиф этилмоқда: 2022 йилнинг 1 январь санасидан эътиборан, юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ ставкасини 2%дан 1,5%гача камайтириш; даромад солиғини ҳисоблаганда янги технологик асбоб-ускуналар учун инвестиция ажратмалари ҳажмини 10%дан 20%га, бинолар учун эса 5%дан 10%га ошириш кўзда тутилган. Амортизация ставкаларини ўртача 2,5 баробарга ошириш таклиф этилмоқда.
Станислав Притчин: Мен тарангликни юзага келтирган нуқта тўғрисида гапирмоқчиман. Вазият бундан сўнг қандай тус олиши ҳақида олдиндан бир нима дейиш қийин, аммо ташвишли йўналишлардан бири бу Қирғизистон-Тожикистон муносабатларидир. Бу муносабат ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда унинг шаклланиш динамикасига ўз таъсирини, албатта, кўрсатади. Чунки, ҳалигача ЕИИга киришнинг фундаментал масалалари бўйича якуний қарор қабул қилингани йўқ.
Атом электр станциясини қуриш бўйича имзолаш келишуви ҳам қабул қилинмади.
Толибон билан алоқалар эса расман ўрнатилмаган. Шунинг учун бу ерда биз вазият қандай бўлишини кўриб чиқамиз: келгуси йили бу масалаларнинг аксарияти ҳал қилинади, акс ҳолда улар ўз маъносини йўқотиши мумкин.
Юлий Юсупов: прогнозлар йўқ, аммо қуйидаги умидлар бор:
– пандемия устидан ғалаба қозониш ва ундан қаттиқ жабр кўрган тармоқларни тиклаш;
– ҳалол аукционлар ва тендер савдолари орқали муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга ошириш;
– энергетика, транспорт, коммунал соҳаларни ислоҳ қилиш;
– банк ислоҳотини давом эттириш (банкларни хусусийлаштириш, имтиёзли кредитлаш кўламини қисқартириш, нобанк секторни ривожлантириш);
– аграр ислоҳот, биринчи навбатда, мажбурий давлат буюртмаларини бекор қилиш, ерга эгалик ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва бу ҳуқуқлар учун бозорларни яратиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ресурслари бозорларида рақобатни ривожлантириш;
– тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ ва маъмурий юкни камайтириш, жумладан, ташқи савдодаги тўсиқларни камайтириш ва якка тартибдаги имтиёзларни бекор қилиш орқали рақобат муҳитини ривожлантириш; – давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, сиёсий рақобат механизмларини ривожлантириш, ўзаро чеклов ва балансни мувофиқлаштириш.
Фарҳод Мирзабоев: Кейинги йилда иқтисодий соҳага оид янгилик ва ислоҳотлар кўпроқ бўлса керак. Шулар қаторида нархлар ошиши ва инфляция ҳам юқори бўлиши мумкин.
Давлат активларини хусусийлаштириш давом этади. Кутилаётган йирик воқеалардан мамлакатимизнинг Евроосиё Иттифоқига кириши ёки кирмаслиги, Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича якуний келишувлар имзоланиши ёки имзоланмаслиги кабилардир.
UzAnalytics сайти таҳририяти экспертлар – , Равшан Назаров, Станислав Притчин, Юлий Юсупов ва Фарҳод Мирзабоевга мазкур интервью учун миннатдорлик билдиради ва Янги йилда барчага муваффақиятлар тилаб қолади!