Яқин келажакда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун Россия ҳудудидан 1 млн. гектар ер майдонини ижарага олишни режалаштирмоқда. Бунга асосий сабаблардан бири Ўзбекистондаги сув ресурслари танқислигидир. Маълум қилинишича, ижара ерлардан олинган ҳосил Ўзбекистон ички бозоридаги талаб ва эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилади.
Жорий йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири – Жамшид Хўжаев Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Сергей Левин билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ўзбекистонлик фермерларга ижарага бериш масаласини муҳокама қилди, дея хабар берди «Газета.uz» нашри.
Ушбу музокараларга кўра, илк босқичда мулоқот ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш мақсадида 35 минг гектар ерни ижарага олиш таклиф қилинди. Ушбу ерларга Россия шароитларида етиштириш мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, буғдой, соя, мойли экинлар экса бўлади ва ҳосил Ўзбекистонга олиб келинади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг қайд этишича, яқин йилларда ижарага олинган ерларнинг умумий майдони 300−500 минг гектаргача, истиқболда эса 1 млн гектаргача кенгайтирилиши мумкин.
Бунга жавобан, Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари мамлакатнинг 23 та ҳудуди ушбу лойиҳага қизиқиш билдирганини эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, Россия қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиш мумкин бўлган 8−13 млн. гектар ерга эга.
Россия томони Ўзбекистонга экин экиш ва уни етиштириш бўйича хорижий инвестиция лойиҳаларини ташкиллаштириш бўйича шарт-шароитларни батафсил тушунтириб берган. Лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва аниқ механизмлар Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Россияга ташрифи доирасида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик вазири Жамшид Хўжаев ва Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин Россия ҳудудида ўзбекистонликлар бир неча турдаги маданий ўсимликларни етиштириши учун ер майдонларини тақдим этиш масаласини онлайн-тартибда давом эттиришди.
Хабарларга кўра, экиладиган маданий ўсимликлар орасидан Россия иқлимига мос келадиган соя, буғдой кабилар танлаб олинади.
Ҳар икки томон учун ҳам манфаатли
Маълумки, Ўзбекистон – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича улкан тажриба ва меҳнат ресурсларига эга мамлакат. Аммо, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун ер майдонлари ва сув ресурслари етишмайди. Биз ушбу долзарб масала юзасидан Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали доценти – Равшан Назаровнинг фикрлари билан қизиқдик:
– Ўзбекистон аҳолисининг талаб ва эҳтиёжлари учун маҳсулот етиштиришда ер майдонлари ҳамда сув ресурслари тақчиллиги муаммосини ҳал этиш борасида Россия билан ҳамкорлик нечоғли самара беради?
– Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси сони 35 млн. нафардан ошди ва мазкур кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Бу эса ўз навбатида, халқни иш билан таъминлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида долзарб муаммоларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳайдаладиган ер ва уни суғоришда сув тақчиллиги анчадан бери мавжуд эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Бу муаммо йилдан-йилга чуқурлашиб бормоқда. Сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистон демографик кўрсаткичларининг юқорилиги оммавий меҳнат миграцияси (аввало Россия, шунингдек, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия ва ҳоказо мамлакатларга) йўли билан ҳал этилмоқда. Аммо Ўзбекистон аҳолисининг кўп қисми фақатгина қишлоқ хўжалиги юмушларида муайян кўникмаларга эга бўлган ва саноат ёки шаҳар инфратузилмаси бўйича малакаси етарли бўлмаган қишлоқ аҳолисидан иборат.
Экин майдонларини (масалан, аҳоли етишмайдиган ҳудудларда жуда кўп бўш ер майдонларига эга бўлган Россиядаги ерларни) узоқ муддатга ижарага бериш қарори юқорида қайд этилган муаммонинг оқилона ечимидир. Бу икки тарафлама фойдали битим бўлиб, унинг натижасида Ўзбекистон ўз аҳолисини иш ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммосини ҳал этса, Россия қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ишлаш ва қўшимча ҳосил олиш учун имкониятни қўлга киритади.
– Маълумки, Собиқ Иттифоқ даврида ҳам шундай тажриба мавжуд эди, яъни, ўзбекистонлик аграр соҳа вакиллари ноқоратупроқ ерларда ишлашган. Ўшанда улар қандай натижаларга эришишган эди?
– Ўзбекистондаги демографик масала ўтган асрнинг 60-йилларидан эътиборан кузатила бошланган. Айнан ўша пайтларда Россиянинг кўплаб ҳудудларида (шунингдек, ноқоратупроқ ҳудудида), айниқса, қишлоқ жойларда меҳнат ресурсларига катта эҳтиёж сезила бошланди. Рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1959 йили Россиянинг қишлоқ жойларида 55,9 млн. киши истиқомат қилган бўлса, 1970 йилга келиб, бу рақам 49,1 млн., 1979 йили эса 42,2 млн.ни ташкил этди. Ўша пайтда нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, Тожикистон, Озарбайжон каби бир қатор республикаларда ҳам қишлоқ ҳудудларда аҳоли сонининг кескин ўсиши кузатилди. Шу муносабат билан 1974 йилнинг 20 март куни КПСС МК ва СССР Вазирликлар Иттифоқининг “РСФСРнинг ноқоратупроқ зоналарида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. 1974 йилнинг 14 ноябрь куни эса Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси ва ЎзССР Вазирлар Иттифоқининг “ЎзССР вазирликлари, идоралари, лойиҳа ва жамоат ташкилотларининг Новгород ва Иваново вилоятларига патронаж ёрдамини кўрсатиш бўйича тадбирлари хусусида” қўшма қарор қабул қилинди. Ўзбекистонлик меҳнаткашлар 70-80-йилларда Россиядаги ноқоратупроқ зоналарни ўзлаштиришда энг кўп фаоллик кўрсатишди. 1975 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Россиянинг икки вилояти – Новгород ва Иваново, 1980 йилдан бошлаб эса Владимир вилоятининг масъулиятини зиммасига олди. Ўзбекистон вакиллари Иваново, Новгород, Владимир вилоятларида суғориш тизимининг яратилиши, сўнгроқ янада такомиллашуви, шунингдек, қишлоқ хўжалиги мажмуалари, маданий объектлар барпо этилишига улкан ҳисса қўшишди. Шунингдек, россияликларга мелиорация, ирригация, ер майдонларини интеграцияга кўра ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда орттирилган қимматбаҳо тажрибаларини ҳам улашишди. Хуллас, ўзбекистонлик деҳконларда Россия ерларини ўзлаштириш бўйича тажриба етарли ва бу тажрибани янгича тарихий-иқтисодий шароитларда бемалол такрорлаш мумкин.
Натижани вақт кўрсатади
Ушбу мавзу юзасидан россиялик экспертларнинг фикрини ҳам билдик.
Европа Университети профессори – Сергей Абашин:
– Дарҳақиқат, Совет даврининг 80-йилларида Ўрта Осиё аҳолисининг маълум қисмини ноқоратупроқли минтақалар ва Узоқ шарққа, яъни қишлоқларга кўчириш режаси қабул қилинган ва бу режа дарҳол амалга оширилган. Одамлар оилалари билан биргаликда Россия вилоятларига кўчиб боришган, уларнинг доимий яшаши учун бутунбошли қишлоқлар қурила бошланган. У пайтлар Ўзбекистон ва Россия бир мамлакат саналар, кишиларнинг у ердан бу ерга кўчиб бориши муаммо келтириб чиқармасди. Аммо, собиқ СССР парчаланиши билан ҳаммаси ўзгарди ва одамлар уйларига қайтишди. Бугун эса бутунлай бошқача ҳолат. Айтиб ўтишим керакки, Россияда муҳожирларга қарши лоббизм ҳам мавжуд, бундай лойиҳаларнинг чиппакка чиқиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Умуман олганда, натижани вақт кўрсатади.
Aркадий Дубнов, Марказий Осиё бўйича мустақил эксперт:
– Aгар ер узоқ вақт ташландиқ ҳолатда қолган бўлса, унинг унумдорлигини оширишга хорижлик ижарачилар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ёрдам бериши мумкин. Россияда бундай ерлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Лекин энг муҳими, мамлакатда буни уддалай оладиган ишчи кучи етишмайди. Бу ерларни Ўзбекистонга ижарага бериш орқали Россия нафақат катта даромад олади, балки ерлар янада абгорлашишининг олдини олишга муваффақ бўлади.
Россиянинг жанубий вилоятларида ўзбекистонликлар етиштирган экинлар – картошкадан тортиб қулупнайгача бўлган кенг турдаги маҳсулотларни кўриш мумкин. Бундан ташқари, пиёз, гуруч ҳам экилади. Ўзбекистонда пиёз етиштириш бўйича тажриба ниҳоятда ривожланган. Бу борада улар тарихан жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади, дея хулоса қилди эксперт gazeta.uz нашрига берган интервьюсида.
Игорь Николаев, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:
– Айтайлик, ўзбекистонлик деҳқонлар бизнинг далаларда ишлайверсин, чунки ўзимизнинг ишчи кучимиз барибир етмайди. Лекин улар ҳосилни ўз Ватанига юбориш учун ишлаши ҳам ҳақиқат. Агар ердан унумли фойдаланиш муаммосининг бошқа ечими йўқ бўлса, унда тузиладиган шартнома шартларини, тафсилотларини ўрганиш керак. Бу принциал жиҳатдан муҳим.
Ижара институти етарли даражада хусусиятларга бой (специфик). Дастлаб, қисқа муддатли, кейин узоқ муддатли, кейин эса сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара… Ҳаммага маълумки, Конституциямизга ўзгартириш киритилиб, унда еримиз билан савдо қилмаймиз, деб ёзилган. Ана шу жиҳатни унутмаслигимиз керак, деб ўйлайман, деди эксперт MKRU нашрида чоп қилинган интервьюсида.
Кўриб турганингиздек, бу борада экспертларнинг фикрлари турлича. Зеро, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар маҳсули бўлмиш ушбу ташаббус келгусида қандай натижа беришини аввалдан аниқ айтиб бўлмайди. Энг муҳими, мақсад эзгу – ҳар икки мамлакатнинг ҳам халқи фаровон яшашини, ердан унумли фойдаланган ҳолда иқтисодий тараққиётни таъминлашдир.