Сурат манбаси: dw.com
Кўплаб танқидчилар толибларнинг Афғонистондаги ҳайратомуз ғалабаси ва АҚШ кучларининг шошилинч олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиёда минтақавий бўшлиқни юзага келтиришини ва уни муқаррар тарзда Хитой билан Россия тўлдиришини кутмоқда. Аслида ҳам шундайми?
Гарриман институти директори Александр Кули бундай мулоҳазалар Марказий Осиёни бошбошдоқлик ҳукм сураётган минтақа сифатида эскирган қарашларга асосланади, деб ҳисоблайди. Аксинча, бугунги кунда минтақавий тартиб мавжуд, у Вашингтоннинг йўқлигига мослашиши мумкин.
Қўшма Штатларнинг Афғонистонга 11 сентябр воқеаларидан сўнг бостириб кириши Марказий Осиёнинг сиёсий динамикасида чуқур силжишларни келтириб чиқарди. Қўшма Штатлар ва унинг НАТО бўйича бошқа иттифоқчилари билан кўп томонлама шериклик Марказий Осиё мамлакатларига кўп векторли деб номланувчи ўзига хос ташқи сиёсат юргизиш имконини берди, унга кўра, ҳар бир мамлакат муносабатларини АҚШ, Хитой ва Россия ўртасида пухта мувозанатда сақлашга интилди ва бунда ташқи кўмак олиш учун ўзаро рақобатлашаётган буюк давлатларнинг потенциал таъсирига далил сифатида таянди. Афғонистоннинг қўшнилари Қўшма Штатларнинг кўпинча зиддиятли талаблари ҳамда Хитой билан Россиянинг АҚШнинг давом этаётган ҳарбий ҳозирлигига муносабатлари ўртасида усталик билан ҳаракат қилишни ўрганди. Натижада Марказий Осиё бугунги кунда кўп қутбли маконга айланди, бу ерда турли мамлакатлар янги ташкилотлар, меъёрлар ва тармоқлар орқали таъсир ўтказмоқда, булар АҚШ ва иттифоқчилари ташкилотлари билан мос тушиши ва улар билан рақобат қилиши мумкин.
Сиёсий бўшлиқ ҳосил бўлишига оид кутилмаларга сабаб йўқ, бу ерда ҳар хил тузилмаларнинг ранг-баранг майдони мавжуд, Марказий Осиё мамлакатлари ўз минтақасини бошқариш учун улардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бундан ташқари, ушбу янги тартиб доирасида АҚШ ўзининг кўп нарса талаб қилмайдиган ва маълум мақсадларга эришишга йўналтирилган кун тартибини олға суриш учун имкониятлари ҳамон мавжуд. Қўшма Штатлар бундан буён маҳаллий даражада Хитой ва Россия билан бевосита рақобатлашаётгани йўқ, қолаверса, яқин келажакда Америка кўп сонли қўшинларининг минтақага қайтиши эҳтимоли ҳам кам. Шунга қарамай, Вашингтон айнан иқтисодий тараққиёт, коррупцияга қарши кураш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кўмаклашиш соҳасида иштирок этишнинг муқобил шаклларини таклиф этиши ва бу АҚШни тенгсиз бўлмаса-да, муҳим ўринга эга эканини кўрсатиши мумкин.
Вашингтоннинг Россия билан Хитой Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги дабдурустдан ҳозир бўлишига кўнишига мажбур бўлган таъсирининг энг баланд нуқтасидан ўтилди. Россиянинг Афғонистондаги кампанияни қўллаб-қувватлаши Москванинг муҳим глобал ўйинчи ва минтақавий шерик сифатидаги имконияти ошишига сабаб бўлди. Хитой АҚШ ҳарбий ҳозирлигидан ўзининг терроризм ва уйғур экстремизмига қарши ички курашини оқлаш учун фойдаланиб қолди.
Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистондаги халқаро коалицияга кўмаклашиб турди, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди ва фуқаролик жамияти фаолиятига рухсат берди. Ўзбекистон Андижон воқеаларидан сўнг Вашингтон билан алоқаларни узишга журъат этди. АҚШ қўшни Қирғизистонда ҳам Афғонистонга кириб-чиқаётган деярли барча ҳарбий ходимлари учун плацдарм – Манас аэропорти яқинидаги ўз ҳарбий базаси билан боғлиқ бир қанча сиёсий муаммоларга дуч келди.
Хитой билан Россия АҚШнинг Марказий Осиёдаги таъсирини камайтириш учун Вашингтон билан Марказий Осиё мамлакатлар ҳокимияти ўртасидаги таранг вазиятда ушбу минтақада ўз институтларини ривожлантирмоқчи эди. Россия КХШТ фаолиятини кенгайтирди, Манас аэропорти яқинидаги АҚШ ҳарбий базасининг шундоқ биқинида янги база очди, Тожикистон билан эса ушбу мамлакат ҳудудида 5000 дан оши ҳарбий хизматчини жойлаштириш тўғрисида битимга эришди. ШҲТда тобора Америкага қарши кайфият авж ола бошлади. Ташкилот бир неча минтақавий ташаббусни ишлаб чиқди, бунга ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган ҳарбий машқлар ҳам киради, Тошкентда эса ташкилотнинг терроризмга қарши кураш маркази иш бошлади.
АҚШнинг Афғонистонни, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё билан бирлаштириш ҳисобига минтақадаги иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари салбий жавоб муносабатларига сабаб бўлди. Бунга жавобан, Хитой 2013 йилда “Бир макон – бир йўл” ташаббусини илгари сурди. Ўз тарафидан Россия минтақавий иқтисодий ташаббусини – Евроосиё иқтисодий иттифоқини (ЕОИИ) фаоллаштирди.
2010-йилларнинг ярмига бориб, халқаро аралашув Марказий Осиёдаги сиёсий тартибни бутунлай ўзгартириб юборди. Мамлакатлар ҳокимияти ва аҳолиси АҚШнинг ташқи сиёсатига бутунлай ишончсизлик билан қарай бошлади ҳамда АҚШ президенти Барак Обаманинг Америка қўшинларининг асосий қисмини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарори Хитой билан Россия ҳамкорлигининг фаоллашувига бутунлай тескари бўлди. Американинг сўнгги қўшинлари Манас аэропорти яқинидаги ҳарбий базадан 2014 йилда чиқиб кетди. Марказий Осиёнинг жуғрофий мўлжал олиши ШҲТнинг принциплари билан тез орада мос тушди, ушбу ташкилот экстремизм, терроризм ва сепаратизмга қарши курашишга интилаётган ва аралашмаслик принципини кўп нарсадан устун қўяётган эди.
Натижада бир вақтлар ҳудудида АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари йигирма йил олдингидан анча кучайди. Толибларнинг ҳокимиятга келиши билан Тожикистон ва Ўзбекистон ҳокимиятлари афғон қочқинлари учун чегараларни ёпмоқда ва эҳтимол тутилган чегарабўйи можаролари сабаб қуролли кучларини шай ҳолатга келтирмоқда. Бироқ 20 йил олдинги вазият билан солиштирганда, Марказий Осиё мамлакатлари толиблар билан муносабатда кўпроқ прагматиклашди. Айни чоқда минтақа мамлакатлари раҳбарлари Афғонистон хавфсизлиги ва иқтисодиёти муаммоларини ҳал этиш ишига астойдил содиқдир.
Хитой билан Россия яқинда рўй берган инқироз даврида хавфсизлик соҳасидаги ҳаракатларини фаоллаштирди. Москванинг учинчи минтақавий амалиёти доирасида июлдан эътиборан Россия қўшинлари август бошида тожик-афғон чегараси яқинида ўзбек ва тожик ҳарбий кучлари билан бирга қўшма машқлар, орадан бир неча кун ўтиб эса Хитой қўшинлари Тожикистонда терроризмга қарши машқлар ўтказди.
Дарҳақиқат, Пекин билан Москва Афғонистонга нисбатан сиёсатини ўзаро мувофиқлаштирмоқда. Иккала мамлакат ҳам толиблар билан музокара қилди. Июль бошида юзлаб афғон ҳукуматига қарашли аскарлар Тожикистонга қочгандан сўнг толиблар делегацияси вакиллари Москвага борди ва Россия расмий шахсларини халқаро принципларни ҳурмат қилажаги ва Афғонистондаги дипломатик амалдорлар ва ваколатхоналар хавфсизлигини кафолатлажагига ишонтиришга уринди. Орадан бир неча кун ўтиб, Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Афғонистон ҳукуматини толиблар билан фаол музокара ўтказишга чақирди.
Айни чоқда толиблар Хитой инвестицияларини ва Пекин кўмаги эвазига Шинжоннинг чегарабўйи ҳудудларини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлашини эълон қилди. Энди Афғонистон Хитой билан Россияга уларнинг стратегик шериклигини кенгайтириш ҳамда иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги бир-бирини такрорловчи ташаббуслар бўйича қўшма дастурини амалга оширишда яна бир майдон таклиф этмоқда.
Вашингтоннинг кетиши ва қонуний Афғонистон давлатини мутаҳкамлашга ноқобиллик АҚШнинг инқирози ва буюк давлатларнинг рақобати тўғрисидаги нарративга муқаррар тарзда туртки бермоқда. Ҳозирги кунда Кобулда элчихонаси бўлган мамлакатлар, жумладан, Хитой, Эрон ва Россия АҚШнинг асосий рақибларидир. Лекин ушбу мамлакатлар хавфсизлик кафолати бериш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ҳокимиятнинг сиёсий йўл билан тинч алмашувини таъминлаш билан боғлиқ амалий муаммоларга дуч келмоқда. Айни чоқда Қўшма Штатлар олдингидай муҳим халқаро таъсир ўтказиш пишанги, жумладан, банклардан капиталнинг узоқ муддатли қочиши олдини олиш ва Халқаро валюта жамғармаси ташқи молиялаши учун ўта зарур бўлган доллардан фойдаланишни назорат қилиш имкониятига эга. АҚШ расмий шахслари, масалан, халқаро донорлардан ёрдамни молиялаш, барча манфаатдор томонлар иштирокида сиёсий ҳокимиятнинг алмашуви ва инсон ҳақларининг асосий кўрсаткичларига риоя этилишини шарт қилиб қўйишни талаб этиши мумкин.
АҚШ қўшинларининг ва Афғонистондаги дўстона ҳукуматнинг йўқлиги ҳам минтақадаги янги дипломатик шериклик ва дастурлар учун имконият очади. АҚШ расмий шахслари Афғонистон хавфсизлигини Покистон билан бўлажак икки томонлама музокараларда кўплаб муҳокама қилинажак масалаларнинг бири сифатида қўйиши ва ушбу мавзудан Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатлари билан C5 + 1 форматидаги мунтазам мулоқоти кун тартибини кенгайтириш учун фойдаланиши мумкин. АҚШ сиёсатчилари КХШТ ва ШҲТ билан хавфсизлик ва гуманитар масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар бошлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Вашингтон ҳамон бўлғуси Афғонистон ва Марказий Осиёнинг муҳим қисми бўлиб қолиши мумкин. АҚШ сиёсатчиларидан мижоз ҳукумат билан сиёсий жиҳатдан нозик муносабатлардан қутулгач, минтақа билан эҳтиросга берилмасдан иш олиб боришини кутса бўлади. АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий аралашув даври ниҳоясига етиши Вашингтон таъсирини бутунлай йўқолиб кетишини англатмайди.