Тарих фанлари доктори, Ал-Форобий номидаги Козоғистон миллий университетининг тарих кафедраси профессори Жанат Кундакбаеванинг “Дастлабки совет даври модернизацияси Қозоғистон аёллари тақдирида, 1920 – 1930 йиллар: Монография” (Ал-Форобий номидаги Козоғистон миллий университети, 2017 йил) китобида Қозоғистонда совет идентитети – кимлигининг гендер билан боғлиқ жаҳатларини: “янги совет аёли”нинг мафкура конструкти[1] қандай яратилгани ва ўша конструкт дастлабки совет даврида Қозоғистон аёллари тақдирида қандай акс этганини тадқиқ қилади. Ўша конструкт доирасида аёлга янги ахлоқ меъёрлари, ахлоқнинг бошқа стандартлари, оила ва жамиятдаги янги роллар белгилаб берилган. Совет қозоқ аёли бошқача ўйлаши, гапириши ва ўзгача кўриниши керак эди. Жанат Кундакбаева CAAN сайтига берган интервьюсида ўша тадқиқоти ҳақида ҳикоя қилади.
Инқилобдан олдинги даврда (XIX аср –1917 йилгача) қозоқ овулида аёлларнинг аҳволи / ҳуқуқи ва уларга муносабат қандай бўлган?
Маълумки, инқилобга қадар қозоқларнинг ўз ижтимоий ташкилоти бўлган ва уларда гендер роллари аниқ белгилаб қўйилган ва рамзий таркиб юқори даражада бўлган. Унга эркак билан аёл ўртасидаги патриархал келишув асос бўлиб хизмат қилган. Мен бу ерда Дениз Кандиотти (Deniz Kandiyoti) назариясига таянаман. Унга кўра, мен қозоқ жамиятидаги патриархал муносабатларни ҳукмронлик – бўйсуниш муносабатлари эмас, кўчманчилик ҳаёт тарзи шароитидаги ижтимоий муносабатлар мувозанатини ушлаб туриш механизми сифатида кўриб чиқаман. Маълумки, инқилобга қадар қозоқларнинг уч хил: кўчманчи, ярим кўчманчи ва ярим ўтроқ хўжаликлари мавжуд бўлган. Аммо барча хўжаликларда кооперация – меҳнатни ташкил этиш механизми даражаси юқори эди, чунки ўша хўжаликларда меҳнат жуда кўп талаб қилинган. Жониворларни сув билан таъминлаш энг кўп меҳнат талаб қилувчи фаолият эди. Шу билан бирга, жониворларни қишда боқиш учун ҳам кўп жисмоний ҳаракатлар зарур бўлган, чунки кўпинча қалин қор ёққандан сўнг чорва табиий ўт-ўлан билан озиқланишини таъминлаш учун яйловларни тозалаш керак бўлган. Меҳнат фаолиятида жамиятнинг барча аъзолари иштирок этиши шарт эди. Фақат унда болаларнинг бир қисми, қариялар, касаллар ва энди кўзи ёриган аёллар қатнашмаган.
Қозоқларнинг анъанавий жамиятида меҳнат тақсимоти бўлган.
Пода билан кўчиб юриш, молларни боқиш ва суғориш, ахта қилиш, эмлаш ва сўйиш, қудуқ қазиш ва хўжаликдаги қурилиш ишлари билан шуғулланиш эркакларнинг иши эди. Шу билан бирга, эркакларга мақоми ва ёшига қараб, турли ишларни бажариш топширилган. Масалан, катта ёшли эркаклар чорва билан боғлиқ режалаштириш ва қарорлар қабул қилишга масъул бўлган, кичик ёшли эркаклар ва ўғил болалар жисмоний меҳнатнинг асосий қисмини бажарган. Аёллар кичик қора ва ушоқ молларга қараган, чорвачилик маҳсулотларига ишлов бериш билан шуғулланган, сут, мой, пишлоқ ишлаб чиқарган, гўнгдан ёқилғи тайёрлаган, жунни ва ҳайвонлар терисини қайта ишлаш, гўшт сақланишига масъул бўлган. Бундан ташқари, аёллар хўжалик ишларини юритган – овқат пиширган, бичиб-тиккан, йиғиштирган, кир ювган, ўтовни тикиб, йиғиб олган. Болалар, кексалар, ёш қора ва ушоқ молларга қараган.
Аёллар хўжалик ишларида фаол қатнашган (оиланинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш: овқат пишириш, чорвани соғиш, сут ва гўшт маҳсулотларига ишлов бериш уларнинг зиммасида эди, улар моддий маданият буюмлари: намат, гилам, кийимни тўқиган, тиккан ва ҳк.), лекин умуман олганда, улар эрлари паноҳида бўлган. Аёл, одат меъёрларига кўра, эркаклар – қизлигида отаси ва турмушга чиққандан сўнг эри қарамоғида бўлиш ҳуқуқига эга эди. Никоҳни бекор қилиш сабабларидан бири 6 ою 13 кун эрининг аёлини боқишдан бўйин товлаши бўлган.
Суратда: “Никоҳ тўйи саҳнаси. Семипалатинск вилояти, С.М. Дудин, 1907 йил”. Кунсткамера тўпламларидаги Қозоқ анъанавий маданияти албом-тўпламидан. – Алмати: Маданий сиёсат ва санъатшунослик институти, 2008 – 30-бет.
Аёлнинг мулк ҳуқуқи бўлмаган, у эри билан бирга мол-мулкдан фойдаланган, лекин тасарруф қила олмаган. Чорва ва чорвачилик маҳсулотларига уруғнинг эркак вакиллари эгалик қилган, уруғнинг катта ёшлилари имтиёзларга эга бўлган. Қозоқ жамиятида эркакларнинг аёллар олдидаги масъулияти юқори, қозоқ эркаклар ҳаётида эндогамия[2] даражаси ўта паст ва бу ҳол келинчакнинг қариндошлари билан алоқалари бутунлай узилиб қолишига сабаб бўлган. Етти авлодгача никоҳ қуришга тақиққа сўзсиз риоя этилгани сабабли қозоқ аёли Хитойда бегона юртли аёл бўлган, чунки турли уруғларга мансуб кўчманчилар ўртасидаги масофа жуда олис экани сабабли қариндошлар билан алоқаларнинг узилиб қолиш даражаси ҳам юқори бўлган.
Суратда: “Келиннинг куёв уйига келиши, Еттисув вилояти, 1897 йил”. Кунсткамера тўпламларидаги Қозоқ анъанавий маданияти албом-тўпламидан. – Алмати: Маданий сиёсат ва санъатшунослик институти, 2008 – 130-бет.
Қозоқ аёллари эркаклар устунлигига мослашувнинг қандай шаклларини ишлаб чиққан эди? Қозоқ жамиятида гендер тартиби ижтимоий меъёрлар билан тартибга солинган. Ушбу жамиятнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, норасмий ижтимоий назорат ижтимоий танбеҳ ёки маъқуллаш кўринишидаги ижтимоий фикр вазифасини бажарган. Одам учун жазонинг энг юқори кўриниши гуруҳ аъзоларининг нафрати ва қоралаши, энг юқори мукофот эса атрофдагиларнинг маъқуллаши бўлган. Аёл ҳаётий стратегияларини ижтимоий меъёрларга мос равишда қурган. У болалигидан бошлаб олдиндан белгилаб қўйилган ахлоқ меъёрлари, ҳуқуқи ва мажбуриятлари, жамоадаги мақоми ва иерархиядаги ўз ўрнини таниб борган. Қозоқ аёли ўйин қоидаларига риоя қилган – унинг овоз бериш ҳуқуқи йўқ, эркакнинг оила фаровонлиги учун тўлиқ жавобгарлиги эвазига ҳаракатлар эркинлигига эга эмас. Аёлнинг айтганни қилмаслиги, эрининг иродасига қарши бориши қозоқларнинг анъанавий тасаввурига кўра, иллат саналган. Шунга асосан, аёл эрига ва унинг қариндошларига таъсирини кўз-кўз қилмайди, яъни итоат кўрсатади. Бироқ инқилобдан олдинги кўплаб тадқиқотчилар қозоқ аёллари меъёрий ислом маданиятига эга бўлган аёлларга нисбатан кўпроқ эркинликка эга бўлганини қайд этган. Улар кундалик ҳаётда юзини ёпмаган, шариат меъёрлари билан қонунлаштирилганига кўра, уйга қамалиб ўтирмаган, ҳуқуқий жиҳатдан эрининг рухсатисиз бошқа оилалар аъзолари билан мулоқот қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаган. Ваҳолонки, ушбу қоидалар одатларда белгиланган эди. Аёл кўпинча барча оилавий ишларни ҳал этишда фаол қатнашган, мавсумий узоқ муддатли кўчиб юриш вақтида эри уйда бўлмаганда оилага бош бўлган. Бироқ бу етакчилик эрнинг оила ва уруғчилик гуруҳи доирасида, қолаверса, оила ичида ҳам яширин кўринишда бўлган. Масалан, бу оила отасининг обрў-эътиборини фарзандлари орасида кундалик итоат билан қўллаб туриш учун, отанг нима деса, шу бўлади, отангдан рухсат сўраш керак, қабилидаги гаплар орқали ифодаланган. Лекин умуман олганда, аёлнинг ижтимоий мақоми ҳар доим эри билан ўғилларининг мақомига боғлиқ бўлган.
Расмий нуқтаи назарга кўра, аёлнинг асосий вазифаси бола туғиш ва уни тарбиялаш эди. Шунинг учун кўп фарзандлилик аёл жамиятда юқорироқ мақомга эришишига сабаб бўлган. Аёлнинг фертил (кўп фарзанд кўра билиш) потенциали устидан эрининг оилавий-уруғ гуруҳи назорат қилган. Қозоқларнинг патриархал жамиятида эр наслини, шунингдек, мол-мулкини сақлаб қолиш мутлақ қадрият ҳисобланган. Шунинг учун насл ва оилани давом эттирувчилар сифатида ўғилларнинг туғилиши зарур саналган. Қиз болаларга муносабат бошқача бўлган, чунки улар турмушга чиққандан сўнг уйдан кетган. Шунинг учун кўп ўғил болаларнинг онаси бўлган аёлнинг мақоми жуда баланд эди. Аёллар учун формал сиёсий институтлар эшиги ёпиқ бўлган. Кўчиб юриш маршрути, можароларни ҳал этиш ва қўшни қабилалар билан ўзаро муносабатлар бўйича қарорларни эркаклар қабул қилган, бу масалада уруғнинг ёши улуғ кишиси катта ҳуқуққа эга эди. Аёллар судда қасамёд қила олмаган, уларнинг судда бевосита қатнашишга ҳеч қачон ҳаққи бўлмаган, уларнинг манфаатларини ё эри, ёки эрининг қариндошлари ҳимоя қилган. Шу тариқа қозоқ жамиятидаги тақиқлардан бири аёлни ижтимоий соҳага яқинлаштирмаслик эди. Қозоқларнинг этикет – одоб-ахлоқ қоидалари эркаклар билан аёлларнинг хулқ-атворини аниқ чагаралаган, яъни жамиятда гендер билан боғлиқ аниқ тафовут бўлган. Этикетга кўра, эркакларнинг устунлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватланган. Масалан, ўтовнинг ичи уч қисмга бўлинган: ўнг томони – эркаклар, чап томони – аёллар ва марказий қисми – оила бошлиғи, чоллар ва меҳмонларга мўлжалланган. Аёлларнинг жисмоний аҳволи билан боғлиқ хулқ-атворига оид – ҳомиладор ёки туғруқдан сўнг танасидан қон кетаётган бўлса ёки ҳайз кўрса – тақиқлар ҳам бўлган. Ушбу тақиқлар милтиқ, қопқон, анжомлар, қопқон, эгар, қамчи устидан ҳатлаб ўтишга тегишли эди. Ҳиссиётларни ошкор қилиш этикети майда-чуйдасигача баён қилинган. Масалан, эркак кишига жаҳл чиқиши, ғазабланиш, қайсарлик қилиш, сабрсизлик мумкин бўлган, аммо аёл киши бундай қилишига йўл қўйилмаган. Қозоқ жамиятидаги эркакнинг рисоладиги тимсоли қаттиққўллик, эркаламаслик ва камгаплик бўлган. Аёл кишининг тимсоли 3 та фазилат: камтарлик, меҳрибонлик ва сабр-тоқатдан иборат эди. Аёлнинг вазифаси уй-рўзғорга қараш бўлган, у фарзандларини авайлаб-асраган, ҳимоя қилган, содиқ ва вафоли хотин, эрининг кўмакчиси бўлган. Анъанавий қолиплардан четга чиқиш: бепуштлик, рўзғор қила олмаслик, бевафоликка одатлар бузилиши сифатида қаралган.
Аёлнинг одатларда кўзда тутилган никоҳ тўйи, туғиш ва дафн маросимларидан бошқа ҳолатларда ҳиссиётларини ошкор қилишга ҳаққи бўлмаган. Қозоқ аёлининг мақом билан боғлиқ ролларига оид китоб муаллифи Инга Стасевич эрининг ўлимига аза тутаётган аёлнинг тана ҳаракатлари билан боғлиқ қоидаларни тавсифлаб берган. Унга кўра, аёл хулқ-атворидаги дафн ва хотирлаш маросимлари пайтидаги барча белгилар унинг чорасизлигини (танасига шикаст етказиш – юзи, қўли ва кўкрагини тимдалаш), ожизлигини (у ўзини етказиши керак бўлган ҳиссий транс ҳолати), ҳимоясизлигини (матнли ва тизимлаштирилган айтимлар айтиб қаттиқ йиғлаш) кўрсатиши керак бўлган. Эрига аза тутаётган аёлнинг турган ҳолати ва унинг макондаги жойлашуви ҳам ўзига хос ифода касб этган. Шундай қилиб, у ўчоқнинг ёнида ўнг оёғи букилган ҳолда унга қараб ўтириши, айни чоқда чап оёғи тиззасидан букилган бўлиши керак эди. Бундай ўтириш ўта ноқулай, ўтирган аёлнинг оёқлари шишиб кетади, елкасида оғриқ туради. Шундай қилиб, ушбу тана ҳолати таянчини йўқотган аёл учун заифлик, ҳаёти барбод бўлгани рамзи ҳисобланади. Аксинча, козоқларнинг дафн маросими тартибига кўра, эркак кишининг туриш ҳолатидан бошлаб вафот этган қариндошига – таёққа суяниб турган ҳолда – аза тутиши, йиғидан ўзини тийиши, марсия айтмасдан айрим ибораларни айтиб туриши унинг бардошлилиги, ҳаётий қуввати ва масъулиятидан далолат берган.
Кундалик ҳаётда аёлнинг хулқ-атвор этикети унинг ёши ва ижтимоий мақомига боғлиқ бўлган. Аёл киши учун ҳар бир ёш гуруҳига тегишли меъёрлар олдиндан белгилаб қўйилган ва у ўша меъёрларга оғишмай риоя қилган. Масалан, жувон учун хулқ-атвор ва этикетнинг янги меъёрлари билан боғлиқ бир қанча тақиқлар бўлган: эрининг отаси, ака-укалари ва ҳатто ўзини исми билан аташ ман этилган.
Шу тариқа, қозоқ жамиятида эркак ва аёлларнинг вазифалари ва хулқ-атвор қоидалари аниқ ёзиб қўйилган ва улар эркак билан аёл ўртасидаги патриархал келишувга асосланган гендер тартибини сақлаб турган. Эркак боқувчи вазифасини бажаради, аёл эса бунга жавобан итоатгўйлик ва ғамхўрлик қилади.
Тарихчилар ўртасида Қозоғистон Россия таркибига кирганда судлар аёлларнинг эркакларга қарши даъво аризалари билан тўлиб кетган ва аста-секин аёлларнинг ўз ҳуқуқи учун кураши бошланган, деган фикр бор. Бу қанчалик ҳақиқатга мос келади?
Ўша даврда аёлларнинг ўз ҳуқуқи учун кураши ҳақида гапиришга эрта эди, деб ҳисобалйман, чунки Россия империяси қозоқларнинг иқтимоий ҳаёт тарзини тубдан ўзгартира олгани йўқ. Ҳа, қозоқ ерлари одамларни кўчириш жамғармаси учун тортиб олингандан сўнг мол боқиш учун яйловлар қисқарди, ҳа, кўчманчилик қилиш йўллари бекилиб қолди. Бироқ Россия мавсумий кўчманчиликка асосланган анънавий иқтисодий ҳаёт тарзини бузмади. Мажбурлаб ўтроқлаштириш, кўчманчилик ишлаб чиқаришини синдириш фақат 1930-йилларга келиб рўй берди. Шунинг учун кўчманчиларнинг қайта ишлаб чиқариш шароитида жамоатдан ташқарида ҳеч ким, айниқса, аёл киши омон қолиши мумкин эмас эди.
Қозоғистонда совет сиёсатининг аёллар масаласида “аёллар бўлимлари” қандай рол ўйнаган?
Мен китобни ёзиш жараёнида ВКП(б)нинг Киров вилоят компартияси қошидаги Ишчи ва деҳқон аёллар[3] бўлимидан қолган барча ҳужжатларни ўрганиб чиқдим. Улар 1919 йилда партия марказий ва маҳаллий қўмиталари қошида ҳамма жойда яратилган. Бундан кўзланган мақсад ушбу бўлимлар аёлларни социализм руҳида тарбиялаш борасидаги барча ишларга раҳбарлик қилиши керак бўлган. Боз устига, улар ишни аёлларни бошқа кишиларга айлантириш йўлида ташкил қилиши, аёллар социализм ғояларини тушуниши ва қабул қилиши, ишлаши, омма кўз ўнгида ва ўз овозига эга бўлиши шарт эди. Улар никоҳ қуриш ва никоҳни бекор қилиш, ҳомилани кўтариб юриш ва туғруқ, рўзғор юритиш ва жамоат ишларида ишлаш – барчаси қўлида эканини англаши керак эди. Бугун аёллар бўлимлари (1919 – 1930 йй.) ишини баҳолар экан, кўпгина олимлар уларни сафсатадан иборат бўлган, ўша бўлимлардан қолган тоғ-тоғ ҳужжатларни қоғозбозликдан бошқа нарса эмас, дейди. Лекин мен аёллар бўлимлари Қозоғистонда ҳам, бутун совет маконида ҳам улкан ишни бажарган, лекин у ўша вақтнинг ўзидаёқ натижа бермасдан, кейинчалик самара берган, деб ҳисоблайман.
Қозоғистонда аёллар бўлимлари 1921 йилда ташкил топиб, 1930 йилга қадар фаолият юритган, ўшанда ВКП(б) марказий қўмитасининг аёллар билан ишлаш бўлими тугатилиб, партия қўмиталари ташвиқот ва оммавий кампаниялар бўлимининг аёллар секторига айлантирилган эди. Бу ҳол 1934 йилга қадар сақланиб қолди. Шундай қилиб, аёллар бўлимлари Қозоғистонда 10 йилга яқин фаолият кўрсатди. Қайд этиш жоизки, умумий қийинчиликлар баробарида (кадрлар етишмовчилиги, молиявий мушкулотлар) Қозоғистонга хос бўлган машаққатлар ҳам мавжуд эди. Бу ҳудуди катта бўлган ва ўзига хос хусусиятга эга бўлган минтақалар эди. Масалан, Уралск губерниясидаги аёллар бўлимлари қозоқ аёллар (кўчманчилар овулларидаги), рус аёллари ва Урал казак аёллари билан иш олиб бориши керак эди. 1924 йилги миллий чегаралаш вақтида ҚАССРга қўшиб олинган Жанубий ва жануби-шарқий Қозоғистонда (Сирдарё вилояти, Олатов округи ва Қорақалпоғистон автоном вилояти) аёлларнинг миллий таркиби олақуроқ, ҳаёт тарзи ва маданий муҳити (исломий одатлар ва анъаналар зўравонлиги) бошқача бўлган. Оддий қилиб айтганда, бу ерда паранжи кийиб юрган аёллар кўп бўлган.
Қийинчиликларга қарамай, Қозоғистондаги аёллар бўлимлари ушбу республиканинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритган. Бунда аёллар бўлимларига бошчилик қилган аёлларнинг катта хизмати бор. Жойларда бундай бўлимлар аёлларни қўллаб-қувватлаш идораларига айланиб кетган ва улар адолат излаб, бу ерга келиши мумкин эди. Гап бу ерда аёллар Қозоғистондаги барча аёллар совет ҳокимиятини қабул қилишидай асосий ишини қанчалик эплагани ёки улар саводсизликни бартараф қилишда қанчалик муваффақиятга эришгани ва ёки 1920-йиллар охирида қанча болалар муассасаси пайдо бўлганида эмас. Қозоғистон аёллар бўлимлари ўзининг асосий вазифаси – ҳар бир аёлга болшевикларнинг асосий ғоялари, яъни коммунистик партия мафкурасини етказишни аъло даражада ўтаган эди. Ўша бўлимлар аёлларнинг маълум қисми учун фаолиятини бошлаш майдончаси ва келгуси фаолияти учун трамплин вазифасини бажарган. Ва ниҳоят, аёллар бўлимлари ҳар бир аёлга ўз ҳаққини таниб олиш ва жамиятда ўрнига эга бўлишда кўмаклашди. Албатта, бутун мамлакатда бўлгани каби, 1930-йилларда аёллар бўлимлари ишида бир оз расмиятчилик кузатилади. Лекин умуман олганда, урушдан олдинги даврда аёллар бўлимлари фаолияти муайян натижалар берган: давлат муассасаларида лавозимларни эгаллаган, ишчи касбларини ўзлаштириб олган, ҳатто ўқимишли аёллар қатлами шаклланган эди.
Оила ва никоҳ тартиб-қоидаларининг янгиланиш ҳамда қозоқ аёлларига янги таълим, гигиена ва тиббиёт амалиётларини сингдириш усуллари қандай бўлган?
Олдинроқ айтиб ўтганимдек, қозоқларнинг алоҳида оила ва никоҳ муносабатлари тизими бўлган. Бу тизим ҳақида уни тавсифлаб берган рус тадқиқотчиларининг асарларидан биламиз. Шундай қилиб, А. Левшин қайд этишича, қалин тўланмагунча, никоҳ тўйи қилинмайди. Тўрғай вилояти губернатори Л.Ф. Баллюзек қозоқлар никоҳ муносбатларининг 2 та ўзига хос жиҳатини ажратиб кўрсатган. Биринчиси – никоҳ бўйича шерикнинг мажбурийлиги. Иккинчиси – никоҳ ўқитишга асос бўлиши учун қалин тўлаш. Бундан ташқари, қозоқларда кўпхонтилиликка рухсат берилганини, шунингдек, аманггерлик (ўлган акаси ёки укасининг хотинига уйланиш, яна бир кўриниши: ака ёки ука ўлганда, унинг оиласини боқувга олиш) ҳам мавжуд бўлган. Болшевиклар қалиннинг алоҳида моддий жиҳатини тушунган: “бешиклигидаёқ қалин учун сотиладиган қиз”. Улар кўпхотинлиликни эркак билан “шармандали кўпхотинлилик одатларининг қули” бўлган аёл ўртасидаги муносабатлар тенгсизлиги деб билган, аманггерлик одати эса ҳуқуқсизликнинг квинтэссенцияси – асосий моҳияти саналган: “эр ўлгандан сўнг эркак қариндошлари қўлига ўтадиган нарса”.
Болшевиклар ҳокимиятга келгандан сўнг бир қанча қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш орқали оила ва никоҳ муносабатлари соҳасидаги эски урф-одатларга қарши курашни бошлади. Қозоғистонда ўша ҳужжатлар сирасига ҚАССР МИҚ ва ХККнинг 1920 йилда қабул қилинган қалинни бекор қилиш тўғрисидаги декрети, ҚАССР ХКК 1921 йил 17 январда қабул қилинган қирғизларнинг никоҳ ҳуқуқи тўғрисидаги декрети ва 1921 йилда қабул қилинган “Кўпхотинлиликнинг жазоланиши тўғрисида”ги қонун қиради. 1920-йиллар ўрталарига келиб, болшевиклар эрга тегишга мажбурлаш (1922 йил), иккихотинлилик ва кўпхотинлилик (1924 йил), балоғат ёшига етмаганларга уйланиш, қиз олиб қочиш ва аманггерлик (1925 йил) учун қонун йўли билан жавобгарликни белгилаб қўйди.
Бироқ болшевиклар қиса муддат ичида жазолаш йўли билан қозоқларнинг оила ва никоҳ муносабатлари соҳасида қарор топган тартиб-қоидаларини ўзгартириш мумкин эмаслигини яхши билар эди. Бу ҳам етмагандай, улар қозоқларнигн кўҳна урф-одатлари олдида совет адлияси заиф эканини ўз кўзи билан кўрди. Улар жамиятнинг, аввало, аёлларнинг ушбу эскилик сарқитларига муносабатини ўзгартириш жуда кўп саъй-ҳаракатларни талаб қилишини тушунар эди, ниҳоят, болшевиклар кўчманчиликка асосланган ишлаб чиқариш шароитида қозоқ аёлларининг эркакларга иқтисодий жиҳатдан қарамлик даражасини англар эди. Шунинг учун улар никоҳ билан боғлиқ эски тартиб-қоидаларга қарши курашда ташвиқот ва тарғиботнинг турли шаклларидан моҳирона фойдаланган. Шу билан бирга, болшевиклар оммавий байрамлар орқали омма онгига таъсир кўрсатишни ҳам ичига олган умумий лойиҳа ишлаб чиқди. Қайд этиш жоизки, қизил байрамлар маданияти ҳар доим большевикларнинг фойда берадиган қуроли бўлган. Совет байрамлари ҳақидаги китоб муаллифи, немис олими Малте Ролф қайд этишича, байрам тадбирлари билан бирга сиёсат ҳам бўлган, чунки “ғояларни оммалаштиришга хизмат қилган” ва ҳукмронликнинг ўзига хос шакли бўлган. Улар одамларни “истаган кўйга солиш” воситаси, шунингдек, “режим сиёсати амалга оширилган каналлардан бири” эди.
Шунинг учун аёлларга социализм ғояларини таништириш учун 8 март Аёлларнинг ҳалқаро куни – “пролетар – йўқсил аёлларни озод қилиш” байрами сифатида жорий этилди. У 1921 йилда календарга киритилди, ва Қозоғистонда 1923 йилдан нишонлана бошлади, лекин одамлар эътиборини қозона олмади. Шунинг учун 1924 йилдан бошлаб қалинни бекор қилишни нишонлаш куни сифатида 1924 йил янги байрам сифатида нишонланадиган бўлди. “Қалини бекор қилиш куни” кампаниясини ташкил этиш совет байрам маданиятини ривожлантириш борасидаги умумий тамойилларга мос равишда ўтказилган. Ҳамма нарсага пухта тайёргарлик кўрилган ва ҳар бир нарсада марказдан келган йўриқларга қаттиқ риоя қилинган. Дастлаб мажлислар, сўнгра тантанали намойишлар ўтказилган, қозоқ овулларида қизил зиёфатлар ташкил этилган. Ушбу кампания ёрдамида ва рамзий ҳаракатлар йўли билан болшевиклар қозоқ аёлларининг “қалбини ҳиссий йўл билан эгаллашга умид қилган”. Бироқ унинг байрамлар календарига киритилиши кўрсатишича, болшевиклар Буюк ўзгаришга эришгунга қадар “шаклланиб бўлган маданий амалиёт” – қозоқларнинг этно-маданий тартиб-қоидалари билан ҳисоблашишга мажбур бўлган. Бу болшевиклар байрамни жорий этиш билан қозоқларнинг келин учун қалин пули тўлашдай оила ва никоҳ муносабатлари илдизига болта урганидан далолат беради. Шу билан бирга, кампаниянинг сиёсий ва психологик таъсирини ҳам ҳисобга олмасдан бўлмайди. У тез орада эмас, кейинчалик таъсир кўрсатди. Бироқ унинг ўтказилиши болшевиклар умумий сиёсатининг муҳим ҳалқаси эди.
Суратда: “Рус ва қозоқ аёлларидан кўнгилли ташкилотчиларни қайта тайёрлаш бўйича Оқмўладаги губерния курслари, Оқмўла шаҳри, 1926 йил” // Қозоғистон Республикасининг кино-фото ҳужжатлар ва овозли ёзувлар бўйича марказий давлат архиви. 2-8540 рақамли инвентар.
Қозоқ аёлларига янги таълим, гигиена ва тиббиёт амалиётларини ўргатишга келсак, уларга бутун ва пухта ўйланган совет модерн лойиҳасининг бир қисми сифатида қараш керак бўлади. Гап шундаки, ушбу лойиҳада ҳамма қабул қилиши мумкин бўлган умумий рамзларни яратиш марказий ўрин эгаллайди. Жамиятнинг шундай янги рамзларидан бири “маданиятлилик” бўлди. Маданиятлиликнинг болшевикларга хос тушунчасини сталинизмнинг америкалик машҳур тадқиқотчиси Шейла Фицпатрик тушунтириб берган эди. У совет кишиси ўзлаштириши керак бўлган маданиятнинг 3 та даражасини ажратиб кўрсатган. Биринчи даража – шахсий гигиена маданияти ва оддий саводхонлик. Иккинчи даража – стол атрофида ўтиргандаги, жамоат жойлардаги ўзини тута билиш қоидалари, аёл билан муносабат. Учинчи даража – яхши ва тўғри нутқ, тоза кийим, адабиёт, мусиқа ва балетни муҳокама қила олаш қобилияти. Болшевиклар маданиятлиликнинг шундай ягона стандартига мос равишда қозоқ аёлини ўзгартиришга киришиб кетган эди. Бунинг учун тарғибот ва ташвиқотнинг кенг воситалари, жумладан, Қозоғистон учун махсус ишлаб чиқилган кўчма ташвиқот маскани – Қизил ўтовдан фойдаланилди. Қизил ўтов овулдан овулга кўчиб юрар экан, нафақат аёлларга коммунистик мафкура (ўтовнинг қизил бурчагида мафкура мавзусига бағишланган суҳбатлар, газета ва журналлар ўқиш), қолаверса, маиший ҳаётнинг янги шакллари, гигиена ва санитариянинг бошқалар стандартлари билан таништирар эди. Гап шундаки, Қизил ўтов гуруҳи таркибида тиббиёт ходимлари ҳам бўлиб, аёлларни кўрикдан ўтказган, юқумли касалликлар мавзусида лекциялар ўқиган. Улар гигиена, саломатлик, бола парвариши қонун-қоидалари, юқумли тери касалликлари, тери-таносил касалликлари тўғрисида суҳбатлар ўтказган. Шу ўринда 1917 йилги инқилобдан сўнг гигиена принциплари тиббиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг бир бўлаги бўлгани ҳақида тушунча беришга ўтиш лозим бўлади. Шунинг учун болшевиклар “маиший ҳаёт қолоқлиги ва жаҳолати”га қарши уруш эълон қилди. Бизнинг ҳолатда Қозоғистонда айнан фелдшерларга ушбу сиёсатни ўтказиш топширилган эди. Албатта, фелдшерлар тайёрлаган матнларга “маданий мустамлакачилик”нинг нуқси яққол уриб қолган эди. Улар қозоқларга маиший ҳаётда тозаликка, ижтимоий гигиенага риоя қилиш йўли билан турли касалликларнинг олдини олишга қаратилган тиббиётга асосланган амалиётни модернизация қилиш ҳақидаги ғояларни етказиш билан шуғулланган. Василева деган фелдшер ҳисоботида мана бундай деб ёзган эди: “Мана шу – бизнинг ўтовимиз, у кир ювиш, болаларни чўмилтириш, нон ёпиш, яхши пишлоқ ва мой тайёрлаш, мол боқиш, томорқага экин экиш, китоб ўқиш, масалаларни ва кооперация амалиётини ўртага қўйиш, ёзиш, ҳатто ўйлаш ва гапиришни ўргатади аёлларга”.
Суратда: “Қозоғистон тарихида Қизилўрдада бўлиб ўтган қозоқ аёллари делегатларининг биринчи кенгаши” деб номланган ва 1925 йилда олинган сурат // Қозоғистон Республикасининг кино-фото ҳужжатлар ва овозли ёзувлар бўйича марказий давлат архиви. 2-38507 рақамли инвентар.
Мен бу ўринда тозалик ҳақидаги дискурсни чин маънода тушунмаслик кераклигига урғу бермоқчиман. Уни бирлик рамзи, эски фикрлардан тозаланиш ва янги фикрларни жорий этиш, одамларнинг онгини тозалаш ва ўзгартириш сифатида тушуниш зарур. Аслида фелдшерлар ўзлари ўрганган гигиена принципларини жорий этишни кўзлаши керакдай эди. Бироқ болшевикларнинг ниятлари узоқроқни кўзлайди. Ахир, бошқача маиший ҳаёт юритиш учун қозоқлар, аввало, ўтроқлашуви керак эди. Қизил ўтовда қозоқларга ўтов кўринишининг янги шакллари йўл-йўлакай ўргатилган. Гап шундаки, Қизил ўтов карвонида қозоқлар учун янги маиший ҳаёт буюмлари: стол, стул, жавон ва умивалниклар бўлган. Қозоқларнинг бутун маиший ҳаёти кўчманчилар ҳаёт тарзига мослаштирилгани маълум. Уларнинг маиший ҳаёт буюмлари тўплами чекланган бўлган, бундан улар “ифлос” яшаган экан деган хулоса келиб чиқмаслиги керак. Қозоқларда рўзғор юритишнинг бошқа маданий амалиётлари бўлган, холос. Уларнинг егулиги яшаш жойларида сақланган, овқатни умумий идишдан қўли билан еган, турмушида стол ва стуллар бўлмаган. Яъниким, қозоқларнинг кўчманчилик анъаналари ва меъёрий ислом маданиятига асосланган алоҳида маданиятлилик ва гигиена меъёрлари мавжуд эди. Қозоқларнинг этнографик хусусиятлари ҳақидаги билимларни сайёҳлар, илмий экспедициялар иштирокчилари ва мустамлакачилик аппарати амалдорлари битикларидан оламиз. Улар барчаси қозоқларнинг санитария ва гигиена меъёрлари юқори бўлганини якдил қайд этган. Қозоқларнинг кундалик ҳаётига меъёрий ислом қай даражада чуқур кириб боргани хусусида баҳслашиш мумкин. Лекин бир нарсага шубҳа йўқ – қозоқлар кундалик турмуш амалиётида ислом меъёрларидаги тозаликка риоя қилиш талабларини бажариб келган.
Машҳур турколог олим В.В. Радлов ёзганидек, “айнан ислом динининг таъсири натижаси ўлароқ, қирғизларга кийим ва тураржойида улкан саранжом-саришталик, тозалик, тартибга солинган оилавий муносабатлар ва юксакроқ ахлоқ-одоб принциплари хос бўлган”. Қозоқлар миясига болалик йиллариданоқ Яратган тоза ва саранжом-саришта одамларни яхши кўради, деган фикр қуйилган. Гигиена қоидаларини билиш, шунингдек, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш Яратганга сажда қилиш ва унинг ажрини – мукофотини олиш рамзи бўлган. Қозоқлар болалик йилларидан бошлабоқ ислом маданиятининг санитария меъёрларини ўзлаштирган ва танани, сочни, қулоқни, бурунни, томоқни, тишларни қандай тозалаш, кундалик ҳаётда ва намоздан олдин соқолни қандай кузаш, тирноқни олиб туриш қоидаларини билган. Танадаги тукларни олиб туриш, киндикни кесиш ва ўғил болаларни хатна қилиш, уй ҳайвонларини одамлар билан бир бинода сақламаслик гигиенанинг мажбурий қоидалари бўлган. Қозоқлар сўзсиз риоя қилган ислом гигиенасига одам танасининг теккан жойини ифлос қиладиган ёмон, яроқсиз нарсалар рўйхати ҳам тааллуқли бўлган. Ёмон нарсаларга сийдик, нажас, маний (сперма), қусуқ, қон, ўлимтик, чўчқа эти, итнинг сўлаги, спиртли ичимликлар, туя ва бошқа ҳайвонлар танасидан ажралган тер кирган. Тозалик дискурсини маданиятшунослик тушунчаси сифатида олиб қарайдиган бўлсак, болшевикларнинг гигиена ва тозаликнинг янги принципларини жорий этиши, энг аввало, қозоқ аёллари онгини эски фикрлар ва одатлардан тозалаш истаги ўлароқ амалга оширилган.
Қандай қилиб болшевиклар эркаклар билан аёллар ўртасидаги янгича муносабатлар, янги совет аёли тимсолини тарғиб қилиш учун матбуот ва қозоқ адабиётидан фойдаланишни истаган?
Қозоқларнинг гендер муносабатлари андозалари шу заҳотиёқ болшевикларнинг эҳтиборига тушди. Улар ушбу тизимни бузиб ташламоқчи бўлди. Айни чоқда болшевиклар дастлаб гендер муносабатларига қозоқлар эски ижтимоий тартибининг бир бўлаги сифатида қаради. Оқибатда улар ҳам аёл, ҳам эркак учун янги роллар ҳақида кўрсатмалар бера бошлади. Болшевиклар янги лойиҳада аёлларни ишловчи оналарга айлантирмоқчи бўлди. Улар фикрича, аёл ҳам ишлаши, ҳам “ишчиларнинг янги авлодларини туғиб бериши”, шу билан бирга, рўзғорни ҳам юритиши керак эди. Давлат уларга, худди иш билан таъминлаганидай, ҳимоя ва мустақиллик бераётган эди. Россиялик тадқиқотчи И. Тартаковская таъкидлаганидай, ушбу лойиҳага “аёлларни ҳам худди эркаклардай давлат ҳокимиятига бўйсундириш учун патриархал оилавий муносабатлар ҳокимиятидан озод этиш” ғояси асос қилиб олинган эди. Эркакларнинг роли ҳам ўзгарди. Оила бошлиғи вазифасини давлат зиммасига олди, айни чоқда эркаклар коммунистик тизимни барпо қилиш ва янги давлатни бошқариш ишига бош-қош бўлиши, шу тариқа, эркак ўзининг доминантлик – устунлик ролини кўрсатиши керак эди. Бироқ уйда устунлик қилиш олдингидай унинг жинсига эмас, ижтимоий мақомига боғлиқ бўлиб қолган эди энди.
Давлат ижтимоий ўзгаришларда аёлларга таянди. Давлатнинг эркак билан билан эмас, аёл билан иттифоқи тузилди. Аёллардан ижтимоий ўзгаришлар агенти сифатида фойдаланилади. Бу эркаклар ҳукмронлигига тўғридан-тўғри таҳдид эди. Биринчидан, аёлларни ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилиш тез-тез юз берадиган гендер муносабатларига таъсир кўрсатди, чунки аёлларга эркаклардан иқтисодий ва ижтимоий эркинлик берди. Иккинчидан, оналикни сиёсийлаштириш ва оталикка нисбий беписандлик аёлларнинг болалар устидан назоратини қонунийлаштирди, эркакларнинг оиладаги мақомига путур етказди. Учинчидан, аёллар аста-секин давлатнинг интизом гумашталарига айланди, чунки давлатга эркакларнинг хулқ-атворини назорат қилишда ёрдам беради. Совет жамиятида эркакнинг анъанавий ролини турлича тушуниш борасида зиддият юзага келди. Эркакнинг гапи энди қонун бўлмай қолди, аёлнинг эркакнинг камчиликларига қарши норозилик билдириш ҳуқуқи бор. Бу ҳам етмагандай, аёллар эркакларнинг уй ишларида қатнашмаётганидан, боқувчи вазифасини бажармаётганидан норози бўлаётган эди.
Суратда: “Алмати атрофидаги Тау-Чилик. Ўтовдаги қозоқлар оиласи” деб номланган 1934 йилги сурат. // Қозоғистон Республикасининг кино-фото ҳужжатлар ва овозли ёзувлар бўйича марказий давлат архиви. 2-115091 рақамли инвентар.
Жамият аъзолари ушбу янги гендер тартибини қабул қилиши учун болшевиклар ташвиқот ва тарғибот, шунингдек, матбуотдан усталик билан фойдаланди. Энг аввало, матбуот, ташвиқот ва тарғибот орқали қозоқ аёли – кўп кишилик оила онасининг одамлар миясига ўрнашиб қолган қолипи синдирилади, у рўзғорни моҳирона бошқараётган эди. Ўтмишдаги аёл энди хўрланган, ҳуқуқсиз ва турмуш эзиб ташлаган қилиб кўрсатилади. Унга янги – эркин, озод бўлган, ишлаётган ўқимишли аёл қарама-қарши қўйилади. 1930-йилларда эркаклар устунлигига қарши кураш тўхтатилди, аммо уларнинг хусусий ҳокимиятига олдингидай шубҳа билан қаралаётган эди. Ушбу ишончсизлик жамоат жойларда эркаклар ҳақида гапирмасликдай мафкуравий кўрсатмаларда акс этган эди. Оналар улуғланади, аёллар ҳақида ёзилади, лекин эркаклар тилга олинмайди, бундан мақсад арбоб оталар билан мусобақа бўлишига йўл қўймаслик эди. Эркакларни хусусий соҳадан рамзий жиҳатдан сиқиб чиқариш юз беради, даврий нашрларда уларнинг хотинлари ва фарзандлари билан уй ва оилавий муҳитда тушган суратлари чиқмайди.
Ёзувчиларга ҳам қонун-қоидалар белгилаб берилган эди. Улар, аввало, эски урф-одатлар ва анъаналарни, қадриятлар ва тартиб-қоидаларни даҳшатли бир нарса сифатида тасвирлаши керак бўлган. Адабиётда ўтмиш аёли қалин эвазига сотилган, тенгсиз никоҳ қуришга мажбур бўлган, ҳамма нарса ва ҳуқуқдан маҳрум заифа сифатида тасвирланиши шарт эди. Совет ҳокимиятидан олдинги аёллар образи қийинчиликлардан бели букилган, ўз жонига қасд қилишгача умидсизликка тушиб қолган бўлса, совет даври аёли эса қаддини ғоз тутган, ҳаётнинг бошқа истиқболларини кўрган аёл тимсоли эди.
Мен китобда яна қозоқларнинг биринчи аёллар журнали болшевикларга совет қозоқ аёлининг янги тимсолини яратишда қандай ёрдам берганини ҳам ўрганганман. Журналнинг мўлжалдаги ўқувчиси овулда яшайдиган оддий қозоқ аёли эди. Журналда қозоқ аёлларига улар ўз ҳаётини барпо этиши шарт бўлган мавжудликнинг бутунлай бошқа кўриниши тиқиштирилган эди. Янги қозоқ аёли саводли ва ўқимишли бўлиши, турмушда совет гигиенаси стандартларига риоя этиши шарт эди. Болшевиклар фикрича, янги совет аёли жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши, янги социалистик давлат қурилишида иштирок этиши керак эди. Айни пайтда журнал ўзи мўлжалланган ўқувчиларга максимал даражада яқинлаштирилган. Ўқувчилар билан “дўстона ва бирор нарсага қаттиқ эътибор қаратилмаган” мулоқот усули шундан дарак беради. Журналда қаттиқ иш услуби бўлган ташвиқот нашрларининг йўналтирувчи стратегияси учрамайди. Аксинча, мақолалар оҳанги ҳиссиётларга урғу берилган ва шахсий мулоқотдан иборат, чунки мақолалар субъектив ва шахсий хат усулида ёзилган. Журнал саҳифаларида яратилган ишонч уйғотувчи ғамхўрлик янги совет воқеликларининг ваҳимали ўзгаришларига қозоқ аёлини ишонтира билди.
Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида қозоқ совет ёзувчиларининг совет гендер тартибига муносабати қандай бўлган?
Шундай қилиб, ёзувчиларга бадиий тимсоллар орқали болшевиклариннг янги гендер тартибини мустаҳкамлаш топшириғи берилган эди. Лекин улар бу ишни ўз асарларида қандай гавдалантирди? Мен китобда ушбу тартиб-қоидалардан четга чиқиб кетмаган таниқли совет ёзувчиларининг асарларини адабий таҳлилга тортдим. Ғ. Мусреповнинг бир қанча асарлари (“Унинг исми Улпан”, “Она жасорати” ҳикоялар туркуми: “Ана жыры” (“Она қўшиғи”), “Ана” (“Она”), “Адамның анасы” (“Одамнинг онаси”), “Өлімді жеңген ана” (“Ўлимни енгган она”), “Ашынған ана” (“Аччиқланган она”), “Ананың арашасы” (“Онанинг орага тушиши”), “Ерана” (“Эрана”) ва “Ананың анасы” (“Онанинг онаси”), шунингдек, Бейимбет Мейлиннинг “Коммунист аёл Равшан” қиссаси, М. Жумабоевнинг “Шолпанның күнәсі” (“Чўлпониннг гуноҳи”) ҳикояси ва Сакен Сейфуллннинг бир қанча ҳикоялари шулар сирасига киради. Қозоқ совет ёзувчилари, бир тарафдан, ўйин қоидаларига риоя қилган ҳолда ижод қилади. Улар, жумладан, гендер муносабатларида ҳам янги тартибни қабул қилаётганини кўрсатиб беради. Бошқа тарафдан, ёзувчилар патриарх вазифасини давлат зиммасига олгандан сўнг эркаклар билан аёлларнинг янги ролларига, патриархалликка нисбатан янгича кўзқарашга яширин муносабатини бадиий воситалар билан ифода қилади. Битта мисол келтираман: Ғ. Мусреповнинг “Айжан қойшының түндері” (“Чўпон қиз Ойжоннинг тунлари”) ҳикоясини олайлик. Бир қарашда асар сурув, 2 та от ва туяни қутқариш учун яйловда бир ўзи қолган чўпон қиз Ойжоннинг уч кунлик бўрон давомида кўрсатган жасорати, бардоши ҳақидаги ҳикояга ўхшаб кўринади. Аслида ҳикоя ритмикаси, унинг композицияси аёлларни социализм қуриш майдонига ирғитган янги патриах бўлмиш давлатни тинимсиз қоралашга айланиб кетади. Шундай қилиб, ёзувчи кичик ва ҳимоясиз аёл сурув (600 та қўй) билан ва 2та от ва 1 та кўркам туя ва 2 та содиқ ит ҳамроҳлигида уч кун зулматга ва қаҳратонга чўмган, сўнгсиз чўл ўртасидаги табиат ҳодисаси – қутурган қор бўронида қолиб кетади ва 3 та очиликдан қутурган ва эти суягига ёпишиб кетган бўри ҳужумига дуч келади. Ёзувчи Ойжоннинг эрини ҳам уни яйловда ёлғиз қолдиргани учун қоралайди, лекин бошқа чўпон 2 кунга жавоб сўраганини билар эди. Ёзувчи бир чизги билан Ойжоннинг эри беўй бўлганини кўрсатиб беради. Дастлаб ёзувчи йигитни хушчақчақ, ҳар доим некбинларча хиргойи қилиб юрадиган деб тасвирлайди: бир йигитга учқур от билан сулув хотиндан бошқа яна нима керак! Лекин кейинчалик оти ҳам унчалик учқур бўлмаганини, хотини ҳам сулув эмаслигини қўшимча қилади. Ёзувчи ҳокимият вакиллари: қишлоқ хўжалиги бўлими мудири ва бағритош ферма мудирини ҳам қоралайди; ҳикояда қишлоқ хўжалиги бўлими мудирининг юзи йўқ, фақат тинмай бақираверганидан дўриллаб, хириллаб қолган овози бор, у мадори қолмаган, овоз чиқармай йиғлаб ўтирган ва совуқ урганидан юзи чуйкаб кетган қаҳрамон Ойжондан ҳикоя сўнггида, молларга зиён етмадими, деб сўрайди.
Биз китобда урушдан олдинги даврда яшаб ижод қилган қозоқ ёзувчилари асарларининг арзимас қисмига мурожаат қилдик. Лекин келтирилган таҳлил ҳам айрим хулосалар чиқаришга имкон беради. Қозоқ ёзувчилари, бир тарафдан, давлат буюртмасини бажаради. Бошқа томондан, беихтиёр бадиий воситалар билан янги гендер тартиби, эркак ва аёлларнинг янги роллари, патриархалликка, яъни давлат патриархга айланган ва барча: эркаклар ҳам, аёллар ҳам шунга бўйсунган ҳолатдаги янгича қарашга нисбатан субъектив муносабатини ифода қилади.
Сиз китобнинг сўнгги бобида аёлларга тегишли ҳужжатлар асосида уларнинг ҳаёти тарихини ўргангансиз. Совет ҳокимиятининг гендер дискурси таъсирида аёлларнинг турли тоифалари қанчалик ўзгарди?
Китобимда у ёки бу аёлнинг тақдирида совет лойиҳаси қанчалик акс этганига бағишланган боб бор. Модернизация даврида қозоқ жамиятида юз берган кескин ўзгаришлар аёлларнинг ҳаётида қандай акс этган эди? Улар бундай мураккаб даврда ўзларини қандай ҳис қилган? Инқилоб ва совет мафкурасини қанчалик ичига сингдира билган? Ниҳоят, улар совет тизимида ўз ўрнини қандай белгилаб олган? Мен бундай саволларга жавоб бериш учун аёллар ўз қўли билан ёзган битикларни топишим керак эди. Лекин улар жуда-жуда кам экан. Китобнинг ўша қисми профессионал тарихчи бўлмаган ўқувчилар қабул қилиши нуқтаи назаридан энг мураккаби бўлди.
Фотима Ғабитованинг авлодлари асраб қўйган ва чоп эттирган кундаликлари, хатлари, эсдаликлари, эссе ва очерклари жуда қимматли манба бўлди. Лекин бу Сталининнг қатағон режимидан энг кўп азият чеккан қозоқ ижодий интеллигенцияси тор доирасига мансуб аёлнинг овози эди. Фотима ким бўлган ўзи? У ўзини қандай баҳолайди? Ўзи ёзган таржимаи ҳолида Фотима Ғабитова ҳам сулувлиги, ҳам туғма фазилатлари билан ноёб аёл сифатида намоён бўлади. У кўз олдимизда фавқулодда истеъдодли, ўқимишли ва сабот-матонатли аёл сифатида гавдаланади. Фотима битикларининг ижтимоий ва структурал таҳлили қўрсатишича, у расмий ва мафкура тилидан ўзини четга тортган. Бу унинг ижтимоий ҳаётда безовта қилаётган нарсалар ҳақида ўйламаслик ва ёзмаслик ҳамда бутун борлиғи билан шахсий ҳаётга шўнғиш орқали ўзига хос омон қолиш тактикаси эди.
Битикларнинг иккинчи гуруҳи аёллар ҳаракати фаолларига тегишли. Фаол аёллар, пенсия ёшида бўлишига қарамай, ўзини мафкура тилисиз тасаввур қила олмаган. Улар партия дастурларини юрагидан ўтказавериб, тез орада мафкуравий кучга айланган ва партия етакчилари билан бирдай елкама-елка туриб, ҳаракат қилган. Таржимаи ҳолни тавсифлаш парадигмаси қаҳрамонликка урғу берилган агиография (авлиёлари таржимаи ҳоли) модели эди. Улар наздида битик амалиёти профессионал нуқтаи назардан мажбурий, социализм қурилиши иштирокчиси мавқеидан туриб ёзиш узвий позиция эди. Ушбу битикларда “Мен” доимий тарзда “Биз”га айланиб туради. Катта сиёсат олами эсдаликлар муаллифлари билан чамбарчас боғланиб кетган. Улар ҳокимиятга тегишли тузилмаларда ишлайди. Эсдаликларида давлат билан ҳокимият жуда кўп ўрин эгаллайди. Ҳатто пенсия ёшида ҳам ижтимоий аҳамиятга молик воқеаларда доимий қатнашиш ва уларни муҳокама қилиш кузатилади. Уларнинг дам олиши ҳам коммунистик перформансдан – бурчни адо этишдан иборат бўлади. Саводлилик ва маданият ресурси – юксак, аммо қолиплардан иборат.
Фотима Ғабитованинг битиклари бунинг бутунлай тескариси бўлган субъективликдан иборат. Унинг модернга кириши олдинроқ ва бошқа шароитда рўй берган. Унга модерн кўринишидаги гендер муносабатлари ва ота-оналик хосдир. Янги кўринишдаги, патриархал бўлмаган ҳамда дўстлик ва тенгҳуқуқлиликка асосланган оила. Ҳар доим эрни тавсифлаш учун баҳолаш ва ҳиссиётга чулғанган сўзлардан фойдаланилади. У эри ҳақда тез-тез бош ҳарф билан “У” деб ёзади ва шу йўл билан унинг универсум марказида турганини ифода этади. Эрлар билан муносабатлар дўстлик ва муҳаббатга асосланади. Муаллиф учун “хусусий” – “шахсий”нинг синоними. “Мен” концепцияси аниқ-тиниқ жаранглайди. “Мен” – фақат ўша аёл, фақатгина у. Уларда ҳокимиятдан узоқлашиш қатъий белгиланган. У мавҳум тарзда “совет ҳокимияти” деб атаган ҳокимиятни ҳеч қачон ўзига сингдирмаган. Ф. Ғабитованинг кундаликлари ва эсдаликларида мафкура нарративлари билан муносабатларнинг онгли ва онгсиз амалиётлари намойиш этилган. У террорнинг Сакен Сейфуллин ва Беимбет Майлин оилалари ва тизимнинг бошқа минглаб қурбонларига нисбатан ҳамдардлик билдиради, улар билан бирдамлик изҳор қилади, исмларини келтиради.
Фотима Ғабитова модерн дунёда яшаётгани шубҳасиз. Фаол аёллар ҳам, Фотима Ғабитова ҳам, “Мен” деб мулоҳаза қилаётган субъектлардир, улар онгли равишда тарихий вақтда ўз мавқеини баён қилади. Улар ўзлари ёзаётган универсал бутунликнинг бир қисми бўлган вақт лаҳзасини тушунади ва таҳлил этади. Афсуски, бугун оддий ва саводсиз аёллар овозини эшитиш қийин, чунки улар ўз қўли билан ёзган манбалар йўқ. Қайсидир маънода ушбу бўшлиқни авлодларга улар гапириб берган воқеалар баёни ва суҳбатлар тўлдириши мумкин, бироқ бу энди бошқа тадқиқотлар мавзуси бўлади.
Сиз ўрганаётган тарих даврида Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидан фарқли ўлароқ, совет Қозоғистонида аёлларнинг аҳволи / ҳуқуқи ва уларга муносабатлардаги фарқлар қандай бўлган?
Инқилобдан олдинги кўплаб тадқиқотчилар қайд этганидай, дастлаб қозоқ аёллари норматив ислом маданияти ҳукмрон мамлакатларда яшаётган аёллар билан таққослаганда, кўпроқ эркинликка эга бўлган. Улар кундалик ҳаётда юзини ёпмаган, шариат қонунларига кўра, уйда қамалиб ўтирмаган, юридик жиҳатдан эрининг рухсатисиз бошқа оилалар аъзолари билан мулоқот қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаган. Одатга кўра, ушбу қоидалар белгилаб қўйилган эди. Лекин Қозоғистонинг жанубий минтақаларида ислом меъёрларига амал қилинган.
1926-1927 йиллар сурати: Оқтўба губернияси, Қирғиз оиласидаги тўй вазияти” // Қозоғистон Республикасининг кино-фото ҳужжатлар ва овозли ёзувлар бўйича марказий давлат архиви. 2-39675 рақамли инвентар.
Болшевиклар қозоқ жамиятидаги аёллар аҳволининг ўзига хослигидан яхши хабардор бўлган, шунинг учун улар ҳар бир минтақада ана шу ўзига хосликларни ҳисобга олган ҳолда иш олиб борган. Гендер муносабатлари ислом меъёрлари асосида тартибга солиб турилган минтақаларда паранжини ечиш аёллар эркинлиги рамзи бўлган. Ўзбекистонда шундай бўлган эди: 1917 йил 8 мартида ВКП(б) Ўрта Осиё бюросининг биринчи котиби Исаак Зеленский ташаббуси билан Самарқанддаги Регистон майдонида минглаб ўзбек аёллари паранжиларини ташлаган ва улар бир жойга уйилиб, ёқиб юборилган. Озарбайжонда ҳам шундай бўлган, 1929 йил давомида 270 минг озарбайжон аёли паранжидан воз кечган. Тожик аёлларииннг бир қисми ҳам, ўзбек аёллари каби аёл кишининг юзи ва танасини тўлиқ ёпадиган паранжи кийган. Ушбу кийим тури ҳозирги Тожикистоннинг шамолий, текислик қисми Хўжанд шаҳри ва унинг атрофига хос бўлган. (Аёллар бошини чопониннг бошқа турлари билан ҳам ёпиши мумкин эди.)
Туркманистонда шўролар ҳокимиятни эгаллангандан сўнг бўрк қийишга қарши кураш бошланди. Кампания “Йўқолсин бўрк” деб аталган ва оммавий тарзда ўтказилган: журналларда карикатура босилган, ўша бош кийими оғир экани ҳақида тиббий мақолалар ёзилиб, оғирлиги сабаб тик қоматга ва елкага, умуман олганда эса, саломатликка зиён етказиши айтилган, унга қарши сатирик қўшиқлар тўқилиб, радио орқали эшиттирилган. Энг қизиғи колхозчилар паспорт ола бошлаган 70-йилларда рўй берди. Паспорт учун бош кийимсиз суратга тушиш керак эди. Бошни ёпишдан кўра паспорт олиш истаги кучлироқ бўлгани сабабли бўркдан воз кечиш жараёни тезлашиб ва осонлашиб кетди. Қозоғистонда эса паранжини ечтириш фақат Сирдарё вилоятидаги аёлларга дахл қилди. Гап бу ерда аёлларнинг танаси ва юзини ёпиб юришида эмас, гендер муносабатларида ислом меъёрлари ва одатларининг устунлик қилганлик даражасидадир.
Бугун, Ғарбда аёлларнинг эмансипация жараёни (яъни аёлларга ижтимоий, меҳнат ва оилавий ҳаётда тенг ҳуқуқ бериш) биздагидан кўра анча эрта бошланган эди, деган гап тез-тез қулоққа чалинмоқда. Аслида ҳам шундайми?
Бугун феминизм ҳаракати фаоллари, гендер муносабатлари соҳасидаги олимлар, сиёсатчилар – барча-барчаси совет аёллари “Ғарб аёлларидан ўртача 50 йил олдин эркин бўлган эди”, деган фикрда якдилдир.
Совет аёли таълим оладиган бўлди, ишлаш имконияти ва даромад манбасини эга бўлди, яъни у эридан иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш имкониятини қўлга киритди. Австрияда фақат 1975 йилда аёл кишига ишлаши учун эрининг рухсати шарт эмаслиги тўғрисида қонун қабул қилинди. Айни чоқда социалистик Венгрияда бундай қонун бир авлод олдин қабул қилинган эди. Ёки эрнинг рухсатисиз кредит картасини олиш ҳуқуқи-чи? Ҳатто Ҳиллари Клинтон эслашича, 1970-йилларда унинг кредит карта олиш тўғрисидаги илтимоси рад этилган. “Менга бир хат келди, унда ўзим учун кредит картаси олишга ариза бера олмаслигим ёзилган эди. Бу қандайдир кўҳна тарих эмас, – деди у Эллен у Деженерес шоусига “The Ellen DeGeneres Show) берган интервюсида. – Мен ўша пайт эримдан кўп пул ишлаб топаётган ва чиндан ҳам ўз кредит картамга эга бўлишга тайёр эдим”.
Совет аёли университетда ўқиш, фан, техника, математика ва табиий фанлар соҳасида бирор касбни эгаллаш ҳуқуқига эга бўлди. Печак лигаси уюшмаси[5] (The Ivy League) муассасалари то ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар бакалавриат дастурида ўқиган талабалар сафига қизларни қабул қилмаган.
Оила ҳуқуқини олайлик. Совет аёллари ажрашиш, никоҳдан ўтгандан сўнг ўз фамилиясини сақлаб қолиш, аборт қилиш, эридан ажрашиш биланоқ болаларни ўз боқувига олиш ҳуқуқига эга бўлган. Масалан, Австрияда аёл кишининг никоҳдан ўтгандан сўнг фамилиясини сақлаб қолиш ҳуқуқи борлиги тўғрисидаги қонун 1995 йили қабул қилинди. Ёки ҳомиладорликдан воз кечишни олайлик. Социалистик мамлакатларда ҳомиладан воз кечиш ҳуқуқи капиталистик мамлакатлардагидан анча эрта берилган. Масалан, аборт қилишга СССРда 1920 йилда, сўнгра 1954 йилда, Англияда 1967 йилда, АҚШда 1973 йилда, Австрияда 1974 йилда, Францияда эса 1979 йилда рухсат берилган.
Бугун феминистлар, социализм давридаги эмансипация аёлларга тепадан туширилган, бунинг натижасида улар эрининг назорати ўрнига давлат ўзларини назорат қилишига эга бўлди (давлат патриархга айланди), деб айтади. Постсоциалистик гендер тадқиқотлари соҳасига қўшган ҳиссаси билан машҳур Пенсилвания университети профессори Кристен Годси бунга шундай жавоб беради: “Кескин сабоқ шуки, давлат аралашиб, аёллар номидан айрим яхши ишларни ҳам – болаларнинг кундузги тарбияси, аборт қилиш ҳуқуқи ва ҳк. – қилди ва бу уларнинг ҳаётини сезиларли даражада яхшилади. Ғарбнинг чизилган плакатлар ва жипслаштирувчи қичқириқлар кўринишидаги феминистик фаоллиги бунақа нарсаларга эришгани йўқ. Буни бюрократлар амалга оширди”.
Аёллар социалистик эмансипациясининг бошқа танқиди эса, аёл иккиёқлама юкни кўтаради: ҳам боқувчи вазифасини бажаради, ҳам рўзғор қулидир, тарзида янграйди. Бунга Годси шундай жавоб беради: “Аёллар овқатланиш, тураржой ва тиббий хизматлардан баҳраманд бўлишдай асосий эҳтиёжлар масаласида эрларига қарамликдан қутулиши биланоқ ҳаёти устидан ҳатто сиёсий ҳақлар чекланган режимларда ҳам муайян назоратни қўлига олди. Ахир, бу аёлларнинг ҳаёти устидан назоратни қўлга олишини таъминлашга интилаётган феминизмнинг асосий мақсадларидан бири эмасми?
Шу тариқа саволингизга жавоб шундай бўлади: совет / социалистик мамлакатлар аёллари эга бўлган таълим олиш, иқтисодий мустақиллик ва юридик мақом даражасига уларнинг ғарблик тенгдошлари анча кейин эришган.
_______________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Конструкт – илмий таҳлил ва умумлаштириш воситаси бўлган тушунча.
[2] Эндогамия (қадимги юнонча ἔνδον — ичида + γάμος — никоҳ) — бирор ижтимоий гуруҳ ёки тоифа ичида никоҳ тузиш.
[3] Аслида бу совет даврида ўзбек тилидаги расмий ҳужжатларда “хотин-қизлар бўлимлари” деб ўгирилган, лекин бу ном қулоққа оғир эшитилгани “аёллар бўлимлари” дейиш тузукрок кўринади.
[4] Таранчи – деҳқончилик билан шуғулланадиган уйғурлар маъносида
[5] The Ivy League – Печак лигаси; АҚШ шимоли-шарқидаги 7 та штатда жойлашган 8 та Америка хусусий университети уюшмаси.