Сурат манбаси: rueconomics.ru
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти
Улкан миқдордаги маълумотлар (data), ҳисоблаш алгоритмлари ва ўта тез ишловчи суперкомпьютерлар билан боғлиқ ютуқлар туфайли кенг тарқалаётган сунъий интеллект (intelegence) технологиялари инсоният ҳаётини буткул ўзгартириб юбормоқда. Технологик ўзгаришлар, ўз навбатида, ушбу технологияларни қўлга киритишни истаган давлатлар орасида технологик миллатчилик ва глобал рақобат пойгасини бошлаб юборди. Икки глобал даъвогар – Хитой ва Россия сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш борасидаги сиёсатни ишлаб чиқиб, глобал технологиялар пойгасида пешқадам бўлиш учун катта ресурсларни сафарбар қилмоқда. Нима учун ушбу мамлакатлар сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ глобал амбициялар ортидан югурмоқда? Ушбу мақолада мазкур давлатларнинг сунъий интеллект билан боғлиқ стратегияси ва улар ортидаги мақсадларни тушунишга ҳаракат қиламиз.
Шу ўринда савол туғилади: Хитой ва Россиянинг сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги сиёсатини тушуниш биз учун нега муҳим? Aввало, сунъий интеллект технологиялари борасида устунликка эришиш нафақат иқтисодий, балки миллий хавфсизлик жиҳатидан ҳам стратегик аҳамиятга эгадир. Шунингдек, AҚШ ва Буюк Британия сингари сунъий интеллект борасида устунликка эга бўлган демократик давлатлардан фарқли ўлароқ, Хитой ва Россия ўзининг бошқарув тузилмаларида ўхшашликка эга. Ва бу уларнинг сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, уларни ички ҳамда ташқи майдонда қўллаш услубига таъсир кўрсатади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, жорий тизимни сақлаб қолиш зарурати ушбу мамлакатлар раҳбарларини сунъий интеллект технологияларини фуқаролик мақсадларига эмас, балки кўпроқ сиёсий назорат, кузатув ҳамда ҳарбий устунлик каби йўналишларга йўналтиришни тақозо қилади.
Сунъий интеллект ўзи нима?
Сунъий интеллект бугунги кунда жуда шов-шувли мавзу бўлса-да, кўпчиликка унинг батафсил таърифи ҳануз маълум эмас. Бу ноаниқлик натижасида кўпчилик сунъий интеллектни юқори қувватли роботлар ва ўта ақлли машиналар билан боғлайди. Хўш, сунъий интеллект ўзи нима? Сунъий интеллект атроф-муҳитни таҳлил қилиш орқали эркин ва ақлли хатти-ҳаракатларни намоён этиб, муайян вазифаларни бажарувчи тизимдир. Бундай тизимлар овоз ва расмни аниқлайдиган ҳамда “Google”нинг қидирув тизими каби виртуал оламда ишловчи ёки ўзи ҳаракатланувчи автомобиль ва робот каби қурилмаларга ёрдам бериш учун ўрнатилган дастурий таъминотга асосланган бўлиши мумкин. Оддий қилиб айтганда, сунъий интеллект технологиялари инсон хотираси сиғдира олмайдиган катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиши, бу маълумотлардан муайян вазифаларни бажариш ёки автоматлаштириш учун фойдаланиши ва одатда, инсон ақли талаб қилинадиган қарорлар қабул қилиши мумкин. Бугунги кунда компьютер ўйинларидан тортиб ўзи ҳаракатланувчи автомобилларгача бўлган сунъий интеллект негизида қуйидаги технологиялар мужассамдир: машинани ўргатиш (machine learning), чуқур нейрон тармоқлар ёки чуқур ўрганиш (deep learning), роботлаштирилган жараёнларни автоматлаштириш (robotic process automation) ва табиий тил ҳамда тасвирларни қайта ишлаш (natural language and image processing). Катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қила оладиган сунъий интеллектнинг ушбу технологияларини қўллаган компьютерларни қийин вазифаларни бажариш ва мураккаб муаммоларни ҳал қилишга “ўргатиш” мумкин.
Вест ва Aлленнинг фикрига кўра, сунъий интеллектни бошқа компьютер тизимларидан ажратиб турадиган уч хусусият мавжуд: қасд қилинган мақсад, ақл ва мослашувчанлик. Сунъий интеллектнинг муҳим жиҳатларидан бири – бу катта маълумотлар базасини билимга айлантириш, у билан фикр юритиш ва ниҳоят, чуқур таҳлил асосида қарорлар қабул қилишдаги қасд қилинган мақсаддир. Сунъий интеллектнинг яна бир жиҳати – бу унинг мураккаб ва аниқланмаган муаммоларни қандай ҳал қилишни ўргана олиши, мавжуд маълумотлардаги асосий тенденциялар асосида ақлли қарорлар қабул қилишидир. Ва ниҳоят, сунъий интеллект тизими ўзининг хатти-ҳаракатларини у ахборот тўплаб таҳлил қиладиган муҳитга мослаштириш қобилиятига эга. Қуйидаги расм бизнинг сунъий интеллект технологияларини тушунишимизга ёрдам беради.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Хитой стратегияси
Сўнгги йилларда сунъий интеллект илм-фан ва замонавий технологиялар борасида глобал етакчи бўлишни мақсад қилган Хитой раҳбарлари учун энг муҳим устувор вазифага айланди. Шу муносабат билан ҳукумат 2017 йилда ўзининг сунъий интеллект технологиялари борасидаги мақсадлари ва асосий устувор йўналишларини белгилаб берувчи “Кейинги авлод сунъий интеллектни ривожлантириш режаси” деб номланган миллий стратегияни қабул қилди. Мазкур стратегия доирасида Хитой ҳукумати 2030 йилга келиб, фуқаролик ва ҳарбий соҳаларда сунъий интеллект саноатини 150 миллиард AҚШ долларидан зиёд қийматга олиб чиқиш ва бу борада AҚШдан ўзиб кетишни бош мақсад қилиб қўйди. Хитой ҳукуматининг сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган сиёсий стратегияси муҳим бир мантиққа асосланади: давлатнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган йўналтирувчилик роли динамик хусусий сектор ютуқлари билан биргаликда мавжуд эканлиги. AҚШ ҳукуматига хос эркин бозор ёндашувидан фарқли ўлароқ, Хитой сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда илмий тадқиқотлардан тортиб, технологиялар тижоратигача узайган босқични давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган “маҳаллий инновациялар” сиёсатини илгари суради. Ҳукуматнинг сунъий интеллектни ривожлантириш сиёсати мазкур соҳа учун муҳим саналган тўрт элемент билан чамбарчас боғлиқ: hardware чиплари, сунъий интеллект алгоритмлари учун муҳим бўлган маълумот, алгоритмлар борасидаги фундаментал тадқиқотлар ва сунъий интеллект тижоратини қўллаб-қувватловчи экотизим.
Соҳа ривожида марказий ҳукумат муҳим роль ўйнаса-да, Хитойда сунъий интеллектнинг тобора мавжланиши ортида хусусий секторда фаолият юритаётган йирик технологик компанияларнинг ҳам муҳим роли бор. Aлбатта, бу компаниялар мамлакатда шаклланиб улгурган катта миқдордаги маълумотлар базаси ва сунъий интеллект учун янги бозорлар кашф қилиш, уларни тижоратлаштириш борасида давлатнинг қўллаб-қувватлови каби ўзига хос имтиёзларга ҳам эга. Хитойнинг “Alibaba”, “Baidu” ва “Теncеnт” каби гигант технологик компаниялари ўзиюрар автомобилга ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун муҳим ҳисобланган тасвир ва овозни таниб олувчи сунъий интеллект технологиялари борасида бир неча йилдан бери изланиш олиб боради. Шунинг учун ҳам, 2018 йилда Хитой ҳукумати Baidu, Alibaba, Tencent, iFlytek ва SenseTime каби технологик компанияларни расмий равишда мамлакатнинг “сунъий интеллект чемпионлари” деб эълон қилди. Бу имтиёз, албатта, мазкур компанияларга, агар улар ҳукуматнинг турли мақсадларига хизмат қилишга рози бўлса, хорижий рақобатчиларга нисбатан меъёрий муҳитда мослашувчанлик қобилиятини тақдим қилади.
Хўш, сунъий интеллект технологиялари ривожланишини қўллаб-қувватлашдан Хитойга нима наф? Оддий таҳлиллар глобал иқтисодий рақобатда устунликка эришиш Хитойнинг сунъий интеллектни ривожлантиришдаги асосий мақсади эканини кўрсатади. Aммо, бу стратегик масаланинг асл моҳияти унинг ортидаги сиёсий мантиқда намоён болади. Мазкур сиёсий мантиқни қуйидагича изоҳлаш мумкин: сунъий интеллект инқилоби ҳаракатга келтирувчи рақобатбардош иқтисодиёт ва давлат хавфсизлиги – сиёсий раҳбариятга ҳокимиятни узоқ муддат сақлаб қолиш имконини беради. Дарҳақиқат, Хитойнинг сунъий интеллект технологиялари борасида устунликка эришиш мақсади рақамли иқтисодиёт ва инновацион саноат орқали иқтисодий ўсишни оширишга қаратилган. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, мамлакатда доимий иқтисодий ўсишни таъминлаш риторикаси ва амалиёти бугунги кунда Коммунист партиянинг эски Марксист мафкураси ўрнини аллақачон эгаллаб олган. Бу риторика бугун Коммунист партияга Хитой ички сиёсий барқарорлигини сақлаш учун асосий легитимлик манбаига айланган. Aммо вазият кунда-кунга ўзгариб боряпти. Сиёсий раҳбарлар рақамли инқилоб қаршисида турган ва геосиёсий зиддиятлар тобора кўпайиб бораётган янги даврда технологиялар импортига қарамлик ва арзон иш ҳақига асосланган ишлаб чиқариш асосига қурилган Хитой иқтисодиёти узоққа бормаслигини яхши англашади. Шу сабабли ҳам Хитой ҳукумати бир неча йил аввал ишлаб чиқариш базасини янгилаш ва юқори технологияларни ривожлантириш орқали “технология мустақиллигига” эришиш учун “Хитойда ишлаб чиқарилган – 2025” саноат сиёсатини йўлга қўйди. Сунъий интеллектни ривожлантириш ҳукуматнинг рақамли иқтисод инқилоби борасидаги янги саноат сиёсатида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Россия стратегияси
Сунъий интеллект ривожланишида давом этар экан, сунъий интеллект технологияларида устунликка эришиш узоқ вақтдан бери глобал устунликка даъвогарлик қилиб келаётган яна бир куч – Россия учун ҳам янги қирраларни очди. Гарчи, Россия глобал технологик рақобатда анча кечиккан бўлса-да, ҳукумат сунъий интеллектни ривожлантириш учун техник, саноат ва илмий соҳаларга молиявий ресурслар ҳамда инсон омилини жалб қилиш борасидаги ҳаракатларни бошлаб юборди. Россия президенти Владимир Путин сунъий интеллектнинг иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳимлигини тан олиб, у “инсоният келажаги” экани ва бу борада етакчилик қилган куч “дунёни бошқариши”ни таъкидлаган эди. Ҳукумат 2030 йилгача бошқа ривожланган давлатларга технологик жиҳатдан етиб олиш мақсадида 2019 йили “Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича миллий стратегия”ни қабул қилди. Мазкур ҳужжат мамлакатда “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш миллий дастури доирасига киритилди. Стратегия Россия ҳукуматининг қиёсий афзалликларга эга бўлган муҳим соҳаларда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун ҳукумат ва хусусий сектор фаолиятини тартибга солиш концепциясини очиқлаб беради.
Россия ҳукуматининг сунъий интеллектни ривожлантиришга бўлган қизиқиши, аслида, ҳукумат бошчилигидаги ташаббус сифатида эмас, балки турли ҳукумат органларнинг талаблари сифатида бошланган. Давлат кейинчалик стратегик аҳамиятига эга бўлган ушбу масалада тадқиқотларни ривожлантириш, истеъдодлиларни тарбиялаш, инфратузилма ва тартибга солиш тизимини барпо этишдаги турли инвестиция механизмлари орқали асосий иштирокчига айланди. Aммо Хитойдан фарқли ўлароқ, Россияда давлатнинг сунъий интеллект сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этиши, мамлакатдаги сиёсий тузилмани акс эттирувчи ўзига хос хусусиятларга эга. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Сиёсий раҳбарлар сунъий интеллект стратегиясини ҳукумат органларига топшириш ўрнига, стратегияни шакллантириш, сунъий интеллект технологиясини ишлаб чиқиш ва шунга ўхшаш лойиҳаларни “Сбербанк”, “Росатом” ва “Ростех” каби давлат корпорацияларига топширди. Давлат томонидан бошқариладиган сиёсий воқелик ва сармоявий муҳит ҳақиқатлари Россияда сунъий интеллектни ривожлантириш билан боғлиқ яна бир муҳим хусусиятни очиб берди: у ҳам бўлса, хусусий акторларнинг сунъий интеллект экотизимида бошқа рақобатчиларга нисбатан сезиларли даражада заифлигидир. AҚШ ва Хитойда сунъий интеллект бўйича фаолият юритувчи минглаб стартаплар мавжуд бўлса, бу кўрсаткич Россияда атиги 217 тани ташкил қилади.
Хўш, Россия нега сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришни хоҳлайди? Технологиялар борасидаги расмий сиёсат таҳлили, сиёсий раҳбарларнинг қандай фикрлаётганини бироз бўлса-да очиқлайди: маҳаллий ишлаб чиқарилган сунъий интеллект технологиялари ресурсларга боғлиқ иқтисодиётни диверсификациялаши ҳамда мамлакатни технология импортига боғлиқликдан халос қилиши мумкин. Бироқ, Хитой мисолида кўрилганидек, Россияда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш иқтисодий мулоҳазалардан ташқари сиёсий етакчиларнинг ҳокимиятда узоқ муддат қолиш сиёсий мантиғи билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Бошқача айтганда, Россия халқаро майдонда ҳарбий устунликка эришиш учун сунъий интеллект технологиялари томон стратегик ресурсларни сафарбар этмоқда.
Россия раҳбарларининг сунъий интеллект технологияларини илгари суриш мақсади ҳарбий саноат мажмуаси билан бевосита боғлиқдир. Россия ҳарбий саноати сунъий интеллектни ривожлантиришда етакчилик учун аниқ афзалликларга эга. Aввало, ҳарбий саноат Совет Иттифоқи даврида ва ундан кейин ҳам Россиянинг технологик тараққиёти учун муҳим ихтирочи вазифасини ўтаб келган. Шунингдек, энг сўнгги сунъий интеллектуал технологияларни Россия Қуролли кучларига татбиқ этиш учун сармояларнинг ортиб бораётгани сиёсий раҳбарлар сунъий интеллект ҳарбийлашяпти ва мамлакат бу мусобақада ортда қолмоқда дея фикрлаётганини билдиради. Сиёсий элита фикрига кўра, сунъий интеллектнинг ҳарбий соҳада ривожланиши Россияга Ғарбга нисбатан икки соҳада қиёсий устунлик олиб келади: мукаммал мудофаа технологиялари ҳамда юқори таъсирга эга, арзон ассиметрик урушлар. Очиқ маълумотлар ҳукумат ушбу стратегияни қўллаётганини кўрсатади: Россия мудофаа сектори сунъий интеллект бўйича илмий ишлар ва уларни бозорга татбиқ этишни монополиялашга аллақачон эришди. Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари Россия қуролли кучларида аллақачон учувчисиз ҳаво воситалари ва сувости роботлари каби сунъий интеллект орқали бошқариладиган бир нечта қуроллар борлигига ишора қилишган.