Муаллиф: Дамир Сатторов
Тожик тарихчиси Камолудин Абдуллаевнинг “Шинжондан Хуросон қадар. Марказий Осиёнинг ХХ асрдаги эмиграцияси тарихидан” (Душанбе, “Ирфон” нашриёти, 2009) китоби совет даврида Марказий Осиёда рўй берган эмиграция тарихини ўрганишга қаратилган илк постсовет тарихшунослиги намунасидир.
Тарихчи CAAN интернет нашрига берган интервьюсида ҳикоя қилишича, болшевиклар Қўқон (Туркистон) мухториятини ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда бостиргандан сўнг совет ҳокимиятидан қочган кишиларнинг камида 2 та оммавий миграцияси содир бўлди. Сиёсий мигрантлар – жадидлар ва босмачилар, диний қочқинлар – муҳожирлар, асосан, Афғонистон ва Ғарбий Хитойда деярли 1 миллион кишилик Марказий Осиё миграциясини ҳосил қилди. Абдуллаев ёзишича, улар кўпинча “на миллатчилик ва на исломчилик билан таниш бўлган эрксевар ва жанговор кишилар бўлган. Уларни бутун ўрта асрлар давомида минтақада юз бериб турган сон-саноқсиз босқинлар ва урушлар оқибатида орттирилган кўп асрлик ўз бошини омон сақлаб қолиш инстинкти ҳаракатга келтирган эди.”.
“Қўқон мухторияти”нинг оёққа туриш жараёни, жойларда “қизиллар” билан “оқлар” ўртасидаги муносабатлар қандай шакллангани ҳақида гапириб берсангиз.
1917 йил 1 ноябрда рўй берган болшевикларнинг давлат тўнтариши (эски саноқ бўйича) ва шундан сўнг Совет ҳокимияти эълон қилиниб, ҳокимият Тошкент кенгаши қўлига ўтиши мусулмон ташкилотларининг рус демократиясига бўлган ишончини барбод қилди. Илк Туркистон совет ҳукумати таркибига маҳаллий аҳоли вакилларидан ҳеч ким киритилмаган эди.
Бу мусулмончилик манфаатларини оз-моз ҳисобга олиб турган Муваққат ҳукумат ва ҳатто чор Россиясининг сиёсатига нисбатан ҳам бир қадам орқага кетиш эди.
Маҳаллий мусулмон кучлари Тошкент комиссарларига қарши чиқишга қарор қилди. Қўқонда 1917 йил 26 ноябрда очилган Туркистон мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойида болшевиклар назар-писанд қилмаган турли маҳаллий ташкилотлардан, жумладан, “Шўрои исломия”, “Жамияти уламо”, ўлкадаги яҳудийлар ташкилоти, Ўрта Осий яҳудийлари иттифоқи ва ҳк.дан 200 дан ошиқ делегат иштирок этди. Унинг асосий натижаси Қўқон мухторияти тузилгани эълон қилингани бўлди. Шу тариқа, Туркистон мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи ўзини Туркистон Халқ комиссарлари кенгашига қарама-қарши қўйган эди.
Қўқонда қурултой билан деярли бир вақтда – 1917 йил 5 – 13 декабр кунлари Оренбургда II умумқирғиз (умумқозоқ) қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда “Алаш-Ўрда” – “Алаш” партияси ва “Алаш мухторияти”нинг партия ва ҳукумат маркази тузилгани эълон қилинди.
Болшевиклар ва демократик кайфиятдаги мусулмонлардан ташқари атаман Дутовнинг аксилинқилобий оқ қўшинлари ҳам муҳим сиёсий ва ҳарбий куч ҳисобланар эди. Ўша қўшинлар 1917 йилда Жанубий Уралдаги Оренбургни босиб олди ҳамда Ўрта Осиёни марказ билан боғлаб турган темирйўл назоратини қўлга киритди. Дутов Оренбургдан жанубда жойлашган барча вилоятлар ва истиқомат қилган халқлар, жумладан, Бухоро амирини ўз раҳбарлиги остида бирлаштиришдай улкан мақсадни олдига қўйган эди.
Болшевиклар ва демократик кайфиятдаги мусулмонлардан ташқари атаман Дутовнинг аксилинқилобий оқ қўшинлари ҳам муҳим сиёсий ва ҳарбий куч ҳисобланар эди. Ўша қўшинлар 1917 йилда Жанубий Уралдаги Оренбургни босиб олди ҳамда Ўрта Осиёни марказ билан боғлаб турган темирйўл назоратини қўлга киритди. Дутов Оренбургдан жанубда жойлашган барча вилоятлар ва истиқомат қилган халқлар, жумладан, Бухоро амирини ўз раҳбарлиги остида бирлаштиришдай улкан мақсадни олдига қўйган эди.
Умуман олганда, шоша-пиша эълон қилинган Қўқон мухторияти ҳеч қаёққа бора олмаслиги олдиндан маълум эди. Мухториятчилар ўртасида ҳеч бир сиёсий масала бўйича якдиллик бўлмаган. Улар шўролар билан оқлар ўртасида манёвр қилиш билан “олтин ўрталиқ”ни ушлашга интилаётган эди. Айни чоқда улар миллатчиликда айбланишдан қўрққан, чунки бу қизиллар билан оқларни мусулмонларга қарши бирлаштириши муқаррар эди. Бироқ архив маълумотлари мухториятчилар оқлар билан ҳамкорлик қилишга мойил бўлганини ҳамда Дутовдан қурол-яроғ билан ўқ-дори олиб турганини тахмин қилишга асос беради. Табиийки, бундай изчил бўлмаган сиёсат пировардида мухториятчилар билан болшевик шўролар ўртасидаги можарога сабаб бўлди ва бу можарода болшевикларни арманлардан ташкил топган “Дашнакцютун” миллатчилар партияси қуролли отрядлари қўллаб-қувватлади. Дашноқлар совет ҳокимияти билан бирлашиб, улар жангарилари мусулмонлар, жумладан, аёллар ва болаларни қирғин қилишга ўтди. Дашноқларнинг террори босмачилик ҳаракати пайдо бўлишининг сабабларидан бири эди. Ҳам қизиллар, ҳам оқлар мухториятчилар билан халқни унутиб қўйгач, унинг ўзи хавфсизлиги ғамини ейишга мажбур бўлди. Қўқоннинг ўзида маҳаллий даражада катта обрўга эга Кичик Эргаш қўмондонлигида бир неча минг ёмон қуролланган деҳқонлардан иборат халқ” милицияси” отрядлари бу террорга қарши “жиҳод” бошлади. Фарғонадаги талабгор мусулмон отрядларининг қизил гвардиячиларга қарши кураши аста-секин миллий ва диний тус ола бошлади. Мухторият етакчилари воқеалар айнан шундай ўзанга бурилиб кетишидан хавфсираётган эди. Уларнинг болшевикларга қарши қуролли курашга киришган қўрбошилар ва йигитларга қандай муносабатда бўлишни билмай боши қотган эди. Зўравонлик “эски шаҳарлар” ва қишлоқларга тарқала бошлагандан сўнг мухторият етакчилари воқеалар жараёнига таъсир кўрсатиш имкониятини қўлдан чиқарди.
1918 йил февралида Қўқон мухторияти шафқатсизларча бостирилди. 1918 йил 2 – 3 март кунлари Вернийда болшевиклар етакчилигидаги қўзғолон содир бўлди. Унинг изидан Алаш-Ўрда ва Казакларнинг қўшинлар кенгаши тарқатиб юборилгани эълон қилинди. Шундай қилиб, 19018 йил мартида ўлканинг ҳамма жойида совет ҳокимияти ўрнатилди.
Кўпчилик Ўрта Осиёда босмачилик ҳаракати пайдо бўлишини айнан мухторият билан боғлайди ва босмачиларни Қўқон хонлигининг қуролли кучлари бўлган деб ҳисоблайди. Аслида Фарғона водийсидаги босмачилик ҳаракати ўз-ўзидан бошланиб кетган ва унинг Қўқон мухториятига бевосита алоқаси йўқ эди. Бу кўпроқ миллатчилар, болшевиклар ва оқ гвардиячиларнинг ўзаро келиша олмагани ёки томонлардан бирортасининг якка устунликка эриша олмагани сабаб бўлган ҳокимиятсизликка нисбатан халқнинг жавоби эди. На жадидлар ва на мухториятчиларнинг босмачилик деб от қозонган қўзғолончилар ҳаракатига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Ҳам босмачилар, ҳам болшевиклар таъқиб қилган Мустафо Чўқаев (Шўқай) ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Уни Ўрта Осиёнинг илк сиёсий мигранти деб аташ мумкин.
Тарихнинг ҳар бир ўрталиғида Ўрта Осиё эмиграцияси ички ва ташқи сиёсий тартибнинг аниқ сабаблари билан юзага келган. Унинг асосий босқичлари қанақа бўлган ва бунга айнан нималар туртки берган?
Инқилобдан сўнгги ташқи миграция 2017 йил охирида Тошкентда болшевиклар раҳбарлиги ўрнатилиши, 1918 йил бошида миллатчи Қўқон ҳокимиятининг ағдарилиши ва 1920 йилда Бухоро инқилоби ғалаба қозониши билан бошланган эди.
Кўчиб кетишнинг биринчи босқичи аҳолининг Афғонистонга қочишидан иборат бўлган, у Қизил армиянинг ҳужумидан ваҳимага тушиб, реакцион руҳонийларнинг тарғиботига ишонган. Иккинчи босқич 1926 йилдан 1932 йилгача давом этган. “Дарё орти”га қочиш 1930-йилларнинг ўрталарига келиб, совет ҳокимияти минтақадаги мавқеини анча-мунча мустаҳкамлаб олгач, энг муҳими, Афғонистон ва бошқа жанубий қўшнилари билан чегараларини тақа-тақ ёпгач, кескин камайиб кетди. Ўша вақтдан сўнг совет Ўрта Осиёси билан чегарадош мамлакатлардаги эмигрантлар жамоати қатори тўлдирилмади, “дарё орти”нинг мамлакат билан алоқалари узилиб қолди.
Ўрта Осиё инқилобдан сўнгги 2 та эмиграция тўлқинидан ташқари яна камида 2 та эмиграция: ҳарбий (1939 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши назарда тутилмоқда) ва постсовет эмиграция тўлқинини бошидан кечирди.
Ҳарбий эмиграцияни биринчи навбатда ҳарбий асирлар ташкил қилди. Улар СССРдан қочиб кетишни мўлжалламаган эди, бироқ вазият тақозоси билан чет элларга (асосан, Европа ва АҚШга) кетишга мажбур бўлди. Уларнинг бир қисми вермахтнинг Туркистон легионига тушиб қолди, бошқа қисми эса 1941 – 1945 йилларда Германия ва унинг иттифоқчилари ҳудудида “остарбайтерлар” (немисча Ostarbeiter – шарқлик ишчилар) бўлиб ишлашга жалб этилди. Урушдан сўнг кўплаб легионерлар ва “остарбайтерлар” аниқланиб, ватанга жўнатилди. Легионерлардан фақат 1000 киши омон қолиб, Ғарбий Европада яшаб қолди. Ҳозирги пайтда ушбу маълумотларни текшириб кўришнинг иложи йўқ. Бунинг учун алоҳида тадқиқот ўтказиш зарур бўлади.
1991 йил охирида СССР тарқаб кетиши ҳам минтақанинг ўзида, ҳам ундан четга чиқиш борасида аҳолининг мисли кўрилмаган кўчишига сабаб бўлди. Сўнгра юзага келган иқтисодий тартибсизликлар оммавий меҳнат миграциясини келтириб чиқарди. Россиянинг Москва, Петербург, Екатеринбург ва бошқа шаҳарларини Марказий Осиёдан борган “гастарбайтерлар” – асосан, тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар тўлдириб юборди. Улкан миқдордаги (камида 2 миллион) тожик, ўзбек ва қирғиз мавсумий меҳнат мигрантларидан ташқари сўнгги йигирма йилда сиёсий эътиқоди учун таҳидларга дучор бўлган кишилар ватанидан чиқиб кетишга мажбур бўлди. СССР пароканда бўлгандан сўнг минтақада яна сиёсий эмигрантлар пайдо бўлди. Лекин бу – алоҳида ҳикоя мавзуси.
Ўрта Осиё халқлари ҳижрат қилган мамлакатлар нима сабаб танланган эди?
1920-йилларда Ўрта Осиё мусулмонларининг асосий кўпчилиги айнан Афғонистонга отланган ва бу тасодифий эмас. Гап фақат узоқ умумий ва заиф қўриқланган чегарада эмас. Усмонлилар салтанати инқирозга юз тутиб, Туркия республика деб эълон қилингач (1918 – 1923 йй.), мустақил Афғонистон ҳинд ва хитой мусулмонларига, бухороликлар ва туркистонликларга шариат ҳукми билан яшаётган ягона “соф” мусулмон мамлакати бўлиб кўринган. Ушбу қашшоқ мамлакат ҳеч қандай иқтисодий неъматларни ваъда қилмагани билан ундан кўпроқ нарса – “кофирлар” бостириб келиши билан бузилган маънавий мувозанатни тиклаб бериши (ёки шундай мувозанат тасаввурини бериши) мумкин эди. Шунга кўра, Афғонистон амирига барча мусулмонларнинг “дор ул-исломи” – умумий уйи ҳукмдори сифатида қаралар эди. У диндошларига бошпана беришдан бўйин товлаши мумкин бўлмаган.
Бошқа қўшни мамлакатлар: Ҳиндистон ва Эрон инглизлар назорати остида, улар Ўрта Шарқ ва Жанубий Осиёдаги қарам ўлкаларига Россия инқилоби таъсир қилиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишга тушиб қолган эди. Шунинг учун Англия Ўрта Осиё ва унинг муҳожирларига нисбатан “ёпиқ эшиклар” сиёсатини ўтказаётган эди. Қаттиққўл тизим жорий этилган бўлиб, унинг мақсади Ҳиндистонга болшевиклар, шунингдек, немис ва турк хизматларига қандайдир алоқаси бўлган кишиларни киритмасликдан иборат эди.
Мусулмон мамлакатлар қочқинлари муқаддас шаҳарлар: Макка ва Мадинани энг яхши бошпана берувчи жойлар деб ҳисоблаган (ва ҳисобламоқда). ХIХ ва XX асрлар давомида бу ерга Марказий ва Жанубий Осиё, Болқон, Кавказ ва бошқа минтақаларнинг диний аъёнлари кўчиб келиб турган.
Ўрта Осиёдаги “босмачилик ҳаракати” чет элликлар ҳукмронлигидан озод қилиш йўлидаги оммавий ҳаракат бўлганми?
ХХ асрнинг дастлабки йигирма йилида минтақада мустамлакачилик ва болшевизмга муқобил ўлароқ бирлаштирадиган миллий ёки мусулмончилик ҳаракатини, Британия мустамлакачилиги муносиб жавоб бера олган ҳинд миллатчилигига ўхшаш чет элликлар ҳукмронлигига қарши озодлик ҳаракатини ташкил қилиб бўлмади. 1920-йилларда минтақада бир-бирига боғлиқ бўлмаган, бор-йўғи, 2 та қаршилик маркази бор эди: Туркистон жадидларига хайрихоҳ миллатчи пантуркистлар ҳаракати ва Бухоронинг босмачилик деб ном олган диний ва амирга хайрихоҳ қўзғолончилари.
Ислоҳотчи жадидлар глобаллашувнинг бевосита маҳсули эди. Улар ташқи (рус, Европа, турк, ҳинд татар ва ҳк.) таъсир натижасида пайдо бўлди ва ўзлари етишиб чиққан муҳитдан ташқарида фаолият кўрсата олмас эди. Жадидлар Ғарб билан мулоқот маҳсулигина бўлиб қолмай, ўзлари ҳам глобаллашув тарқатувчилари эди. Улар асосий эътиборни таълимга қаратаётганда, диний ортодокслар ва сўфийлар таъсирида қолиб келаётган анъаналарга содиқ омма қўллаб-қувватлашига эришиш учун “халқнинг ислом дини”га ислоҳот ва янгиланиш руҳини бахш эта олмади. Кейинчалик Туркистон миллатчилари анъанавий мусулмон мамлакатларига эмас, дунёвий ва Ғарб тутимларини қабул қилган Туркияга ҳижрат қилгани тасодиф эмас. Ҳаммасидан кўра, уларни Европа, сўнгра Янги Дунё жалб қилади.
Жадидлар сиёсий ташкилот даражасига кўтарилган бўлса, босмачилик маълум мақсадларни кўзлаб фаолият юритадиган ҳаракат қолипига туша олмади. Гуруҳ онги этноцентризми (ўз этник гуруҳини бошқалардан юқори қўйиш) гуруҳга аъзо бўлмаган кишиларга нисбатан тоқатсизлик ва таассубда (ола қараш) намоён бўлаётган эди. Ислом дини тарихи нуқтаи назаридан, босмачилик мусулмонлар перифериясининг (марказдан чет жой) ҳарбий кучидан бошқа нарса бўлмаган, у Марказий Осиёнинг узоқ тарихи мобайнида диний ортодоксларга жамиятни оёқ ости қилинган “ислом дини принциплари ва идеаллари” йўлида тозалаш кўп марта ёрдам берган ҳамда у жиҳод муваффақият қозонгандан сўнг нима бўлиши кераклиги хусусида аниқ тасаввурга эга бўлмай туриб, оддий калтаклашга айланиб қолган эди. Босмачилар жамоатлари билан ислом динини, ташқи хавфдан қутқаряпмиз, деб ўйлаган. Улар болшевикларни ислом эгаменлигига таҳдид ва ўша эгаменликни тиклашни муқаддас бурч деб билган. Босмачилар ва диний раҳнамолари наздида ислом дини билан “кофирлар” ва жадидлар тамсил қилган секуляризм (дунёвийлик) ва модернизм бир-бирига мутлақо зид тушунчалар эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, жадидлар етакчиларининг (Усмон Хўжаев, Заки Валидий Тўғон, Мустафо Чўқаев) босмачилар орасига киришга уринишлари ушбу ҳаракатни “мутаассиб муллалар” таъсиридан юлиб олиш ва уни дунёвий миллатчиликнинг (пантуркизмнинг) қуролли кучларига айлантиришдан бошқа нарса бўлмаган. Бу уриниш муваффақиятсиз якун топди.
Муҳожирликда у гуруҳ ҳам, буниси ҳам ўзини Ўрта Осиёда совет ҳокимиятига чет элда қарши турган асосий ва ягона сиёсий куч қилиб кўрсатишга кўп уринган. Парижда яшаган бухоролик бой муҳожир ҳожи Юсуфбой Муқимбой (амир тарафдори) билан бирга жадид Усмон Хўжаев ҳам 1927 йилда Миллатлар Лигаси минбаридан халқ номидан жаҳон жамоатчилиги олдида баёнот билан чиқишга ҳаракат қилган. Униси ҳам, буниси ҳам ўзи ва дўстлари “Ўрта Осиёнинг болшевиклар зулми остида эзилаётган халқларининг ҳақиқий вакили” эканини иддао қилиб чиққан. Бир-бирига чин маънода мухолиф бўлган 2 та муҳожирлар гуруҳи саъй-ҳаракатларининг келишилмагани ва ўзаро душманлиги Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари эътиборидан четда қолмади ва улар ўша муҳожирлар гуруҳларининг ҳеч бирига кўмак бермади. Албатта, Туркияга бориб жойлашган миллий (жадидлар) эмиграцияси амир тарафдорлари бўлган консерваторлардан кўра тараққийпарварроқ эди. Болшевикларга қарши барча кучларни жипслаштиришга йўналтирилган ўлкани сиёсий жиҳатдан модернизация қилишда айнан жадидлар кўмаклашди. Бироқ Туркия ҳукумати Сталин ҳукуматининг душманларча муносабат билдиришидан чўчиб, туркистонликларнинг сиёсий фаолиятини ҳар хил йўллар билан чеклаб келди. Жадидлар муҳожирликда сиёсатдан кўра адабиёт билан кўпроқ шуғулланишга мажбур бўлди.
1920-йилларнинг охиридан бошлаб Туркистон-Бухоро муҳожироти сиёсий жараёнлари сўна борди. Унинг маданий ва бадавлат қисми Европа, Туркия, Ҳиндистон ва араб мамлакатларига кўчиб ўтди. Муҳожирлар совет ҳокимиятига қарши кураш мақсадидан воз кечиб, асосий эътиборини бегона юртлардаги ҳаётга мослашиш ва интеграциялашув муаммоларини ҳал этишга қарата бошлади.
Ўрта Осиё халқларининг ўз ватанидан чиқиб кетиши қандай оқибатларга сабаб бўлди?
Марказий Осиё мамлакатлари тарихшунослари ўз вазифасини бажариш учун минтақасида ХХ асрнинг дастлабки учдан бир қисмида қандай воқеалар юз берганига оид манзарани ўта аниқ белгилаб олиши керак бўлади. Минтақа халқлари тарихида ўша даврда энг кўп одамлар қурбон берилди. Чиқиб кетиш, ҳалок бўлганлар, уйларини ташлаб кетганлар, бошқа мамлакатларга кўчиб ўтганлар, мамлакатни мажбуран тарк этганлар, ҳар бир тожик, ўзбек, қирғиз, қозоқ ва туркман учун муқаддас оила ришталари узилиши сабабларини аниқлаш зарур. 1917 йилги давлат тўнтариши сабаб вужудга келган муҳожиротда қўшни мамлакатларда Марказий Осиё халқлари диаспоралари вужудга келди. Диаспора келиб чиққан мамлакати айни бўлган кишиларнинг тарихий ватандан ташқарида юзага келган гуруҳидир. Одатда диаспора беқарор ва вақти чекланган тоифадир. Уни бориб жойлашган мамлакатида интеграция ёки чиқиб кетган мамлакатига қайтиш (яъни реэмиграция) кутади. Мабодо ўша муҳожирларни қабул қилган мамлакатнинг жуғрофий муҳити, одатлари ва дини улар чиқиб кетган мамлакатникидан деярли фарқ қилмаса, интеграция осон кечади. Шунинг учун тожиклар ва туркий халқлар Афғонистон ва Туркия жамиятига миллий-маданий кимлигига унчалик таҳдид туғилмаган ҳолда интеграциялашди.
Интеграция янги муҳитда бутунлай йўқ бўлиб кетишни, аккультрация (яъни бегона маданият ва тилни ўзлаштириш) ва ассимиляцияни (қўшилиб кетиш) англатмайди. Ватанидан узилиб қолган диаспоранинг ўз маданияти, тили ва жамоавий хотирасини сақлаб қолишга мойиллиги бўлади. Дин маданий анъаналарни сақлаб қолиш, муҳожирларнинг жамоавий хотирасини бир авлоддан бошқасига узатишида энг муҳим рол ўйнаган ва ўйнайди.
Муҳожирот аҳолининг этник гуруҳлари учун турли оқибатларни келтириб чиқарди. Туркман, ўзбек, қирғиз ва қозоқларнинг жипслашган қабила гуруҳлари ташқи таъсир воситаларига ягона организм сифатида жавоб қайтариб турди. Кўчиш ҳақида жамоавий қарор қабул қилингандан сўнг уни қабиланинг барча вакиллари бажарар эди. Кўчманчи туркий халқлар ўз қабиласи ва уруғи бутунлигига жиддий зарар етмаган ҳолда бир жойдан бошқасига кўчар эди. Умуман, муҳожиротнинг биринчи тўлқинида (1918 – 1926 йй.) ўтроқ тожиклар эмас, чегара бўйидаги кўчманчи халқлар (ўзбеклар ва туркманлар) кўп бўлган, ваҳолонки улар Шарқий Бухоро аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган.
Туркий тилли кўчманчилар, айниқса, қўлида қуроли ва уни қўллаш ҳуқуқига эга бўлган кишиларнинг кўчиб кетиши Кўлоб, Ҳисор, шунингдек, Вахш ва Сурхондарё водийларида демографик мувозанатни тожиклар фойдасига ўзгартириб юборди. Жанубий Тожикистонда туркий қабилалар ва қабила тузилмалари аҳамияти пасайди, аксинча, тожик маданияти компоненти ва шаҳар маданияти таъсири кучайди. Форсий (тожик) тилли аҳоли янги ташкил этилган Тожикистон совет республикасида демографик жиҳатдан етакчига айланди. Эслатиб ўтамиз, олдинги форсий сулола ҳукмронлиги 999 йилда барҳам топган эди. Ўша пайтда Сомонийлар ҳокимияти қулаши билан Ўрта Осиёнинг шахдам туркийлашуви бошланиб кетди ва у 1924 йилга келиб тўхтаб қолди.
Бошқа тарафдан, шўролар қирғоғидан келган туркий халқлар Афғонистондаги туркманлар ва ўзбеклар тамсилини кучайтирди ҳамда Шимолий Афғонистоннинг олачипор этник палитрасига қўшимча ранг-баранглик олиб кирди. Айнан 1920-йилларда ўн минглаб ўзбеклар келиши билан Афғонистон ўзбеклари сонига кўра ушбу мамлакатнинг учинчи (пуштунлар ва тожиклардан сўнг) этник гуруҳига айланди.
Ўрта Осиё эмиграциясида “қочқин” ва “эмигрант” таърифлари ўртасидаги чегара қаердан ўтади?
Эмиграциянинг илк тўлқинига (1918 – 1926 йй.) болшевиклар ўзлари босиб олган ҳудудларда бошлаб юборган инқилобий уруш сабаб бўлган эди. Амир ва унинг аъёнлари ҳам муҳожиротга юз тутди, яна, асосан, чегара бўйида истиқомат қилган кўчманчи ва ярим кўчманчи ўзбек ва туркман қабилаларини қамраб олди. Улар қизиллар отрядлари босқини сабаб бўлган бевосита таҳдидлар ортидан жон сақлаш учун қочишга мажбур бўлди. Ўша кишилар эмигрант ва муҳожирлардан кўра қочқинлар эди. Улар на миллатчилик ва на исломчилик билан таниш бўлган эрксевар ва жанговор кишилар бўлган. Уларни бутун ўрта асрлар давомида минтақада юз бериб турган сон-саноқсиз босқинлар ва урушлар оқибатида орттирилган кўп асрлик ўз бошини омон сақлаб қолиш инстинкти ҳаракатга келтирган эди.
Эмиграциянинг иккинчи тўлқини олдингисидан кўп ўтмай, 1920-йилларнинг иккинчи ярмида бошланди ҳамда совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёдаги анъанавий жамиятни бузишга қаратилган кенг қамровли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий тадбирлари вақтида – 1929 йилдан 1932 йилга қадар энг юқори нуқтасига етди. У биринчи тўлқин билан бирга Афғонистон ва Шарқий Хитойда Ўрта Осиё эмиграциясининг деярли бир миллион кишилик отрядини ташкил қилди. Икки тўлқин вақтида чет элга турли синфлар вакиллари, жумладан, минтақанинг турли қисмларидан бўлган ўқимишли шаҳарликлар қочган эди. Бу енгилган армиянинг тумтарақай қочиши ёки кимнингдир ҳаётига хавф туғилгани сабаб бўлган қочиш бўлмаган. Аксинча, “оёқ билан овоз бериш”дай пухта ўйланган амал, совет ҳокимиятининг қатағон ва атеистик сиёсати билан принципиал келиша олмаслик намойиши эди. Айнан иккинчи тўлқин вакилларини сиёсий эмигрантлар ва муҳожирлар деб аташ мумкин. Масалан, 1920-йиллар охирида Кўлобда қишлоқ хўжалиги артели раиси бўлган Муҳаммад Қосирни олайлик. Бир куни Куфелд деган давлат сиёсий бошқармаси бошлиғи унга иш вақтида намоз ўқиётгани учун танбеҳ беради. Жанжал билан тугаган суҳбатдан сўнг раис чегара яқин бўлгани учун қочишни зарур деб билади. У 1931 йилда шундай қилади ҳам. Муҳаммад Қосир дастлаб чегарада Чаябга (Чоҳи Оби) бориб жойлашади, сўнгра мамлакат ичкариси – Бағлонга жўнатилади, ўша ерда 1941 йили унинг фарзанди Башир дунёга келади. Жаноб Башир Бағлоний 1980-йилларда коммунистларга мойил Афғонистон ҳукуматининг адлия вазири бўлиб хизмат қилади. У Афғонистонда юксак ҳукумат лавозимида ишлаган асли келиб чиқиши тожикистонлик бўлган ягона киши эди. 1990 йилда Бағлоний истеъфога чиқади, 1991 йилда Тожикистонга қочишга (ёки қайтишга) мажбур бўлади ва “Хатлон” фирмасига асос солади. Муаллиф жаноб Бағлоний билан 1991 ва 2006 йилларда бир неча марта учрашиб, унинг ёрдами билан 1930-йиллардан 1990-йилларга қадар Марказий Осиё эмигрантлари тарихининг айрим ўринларини тиклаш имконига эга бўлган эди.
Умуман, мигрантларининг барча тоифалари: қочқин, эмигрант ва муҳожирни ўз миллати номи билан аталувчи мамлакатлардан ташқарида яшаётган марказий осиёликларга қўллаш мумкин. Нима бўлганда ҳам, улар ҳуқуқий жиҳатдан бўлмаса-да, ҳиссий жиҳатдан Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан боғлиқ бўлган.
Ўрта Осиё эмиграцияси миллий белгиларига қараб бўлиниб кетганми?
Умуман, эмигрантлар ўзини афғон миллатига, тожик ёки ўзбек элатига ва ёхуд сиёсий ҳаракат сифатидаги пантуркизмга мансуб деб эмас, мусулмончиликка дахлдор деб қарашга мойил бўлган. Афғонистонда муҳожирлар, тожиклар ва ўзбеклар ватанини камдан-кам ҳолларда “Туркистон” деб атаган ва уни туғилган жойи номи билан ва ёки “бухороликлар” деб аташни афзал билган. Улар вақт ўтиши билан авлодлар ўртасида барқарор ворислик алоқаларини ўрнатиб, “дарё ортида”ги ҳаёт, оталар ва боболарнинг болшевикларга қарши кураши ҳақидаги ҳикоялар оғиздан-оғизга кўчиб юриши билан асл ватанлари ҳақидаги жамоавий хотирани сақлаб қолган. Ушбу ҳикоялар азоб-уқубат тафсилотлари билан безалган эди. Бундай ўзига хосликлар муҳожирларни дарёнинг нариги томонидаги биродарларидан ажратиб турган, улар учун дин “халқ учун афюн” деб эълон этилган ва унинг ўрнига коммунистик дин таклиф этилган эди. Янги динни ҳаётга асосий татбиқ этувчи сайёра қуруқлигининг олтидан бир қисмини эгаллаган кучли давлат – Совет Иттифоқи бўлган эди. Айни чоқда социалистик давлат иқтисодий ўсишга кучли туртки берди. Совет Ўрта Осиёсининг барча жойларида саноат корхоналари пайдо бўлиб, шаҳарлар, йўллар, шифохоналар, мактаблар барпо этилди…
Туркистон легионерларига келсак, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг улар фашистлар билан ҳамкорлик қилмаганини, фақат “Туркистон мустақиллиги” учун курашганини исботлаб, Нюрнберг судидан қутулиб қолганини кўрамиз. Туркистонликлар 1940-йилларда пантуркизм ғоясини бутунлай барбод қилди. Улар ўзбек, татар-бошқирд ва қозоқ – уч қисмга бўлиниб, “Туркистон” деб номланган асосий ташкилот деб аталиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ўзаро курашга киришиб кетди, бундан мақсад Ғарб мамлакатлари бераётган молиявий ёрдам оқимини ўзига қаратиш бўлган. “Совуқ уруш” йилларида айрим туркистонликлар якка тартибда америкаликлар ва инглизлар билан ҳамкорлик қилган.
Совет Ўрта Осиёси ва уларнинг узоқ чет ўлкалардаги биродарлари аста-секин бир-биридан узоқлаша бошлаганининг ажабланарли жойи йўқ. Улар тарихни турлича тушунадиган ва талқин қиладиган бўлди. Шу сабаб бўлса керак, 1991 йилда мустақилликка эришилганига қарамай, дарёнинг икки тарафидаги тожиклар, туркманлар ва ўзбеклар ўзаро бирлаштирувчи миллатчилик ғоясини ишлаб чиқа олмади.
Ўрта осиёлик эмигрантларнинг ижтимоий аҳволи қандай бўлган ва улар ўзлари бориб жойлашаб, яшаб қолган мамлакатларда қандай қийинчиликларга дуч келган?
Марказий Осиёдан мигрантларнинг аксарияти мусулмон мамлакатлари: Афғонистон, Эрон ва Туркияга қочган. Улар сони мусулмонлар Ҳиндистонида (1947 йилдан бошлаб – Покистон) жуда кўп эди. Мусулмонлар фақат битта мақсад – эътиқодини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш йўлида ҳижрат қилганини эсдан чиқармасликка ҳаракат қилган. Қолган афғонлар этник устунлиги ва фуқаро сифатидаги мақоми баландроқ эканини уқтириш учун ҳар қандай қулай вазиятдан фойдаланган бўлса-да, диний (маънавий-ахлоқий) биринчилик кўпинча ўрта осиёлик эмигрантлар тарафида бўлган. Бошқа тарафдан, афғонларга “ансорлар” (тубжой аҳоли) сифатида мужоҳидларни қўллаб-қувватлаш ва шу йўл билан (умумий) исломий эътиқодни мустаҳкамлаш имконияти берилган эди. Бу муҳожирларнинг афғон муҳитига ассимиляция бўлишга шошилмаслигига ва ҳатто ўз мақомини мустаҳкамлаб олишга сабаб бўлган. Рисоладагидай ҳолатда ҳижрат дор ул-ҳарбдан муҳожиротга юз тутишни истамаган ҳамюртлар билан алоқаларни узишни олқишлайди. Муҳожирларга кўчиб кетилган юрт соғинчи ўрнига қабул қилувчи давлат билан (кўчиб кетилган мамлакат ҳақидаги хотираларини ардоқлаб келаётган дунёвий диаспоралардан фарқли ўлароқ) устмиллий, яъни диний асосда бирлашиш таклиф этилган. Сиёсий чегараларни тан олмайдиган универсал устмиллий мусулмонлар идентитети – кимлиги мустамлакачилик бўлишини ҳамда миллий давлат ва миллатчиликнинг дунёвий концепцияси жорий этилганига қарамай, яшаб қолди. Ўрта Осиё муҳожирлари ва мужоҳидлари динни обрў-эътибор ва эмансипация манбаи деб билган, чунки дин уларга Афғонистонда хавфсиз бошпана топишида ҳамда маҳаллий пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа афғон гуруҳлари билан мулоқот этиш ва социализацияда (ижтимоийлашув) ёрдам берди. Исломий эътиқод ва тақводорлик рамзий сармоя сифатида муҳожирларнинг ижтимоий мақоми ва ишончини орттирар эди.
Ўрта Осиёсидан Афғонистон ва бошқа мусулмон мамлакатларига бориб қолган барча эмигрантлар сунний ҳанафийлар эди. Ўрта ва Жанубий Осиё мусулмонларининг аксарияти, жумладан, пуштунлар ушбу мазҳабга амал қилади. Бунинг маъноси шуки, бошқа жойдан кўчиб келган муҳожирлар билан маҳаллий ансорлар ўртасида дин билан боғлиқ можаролар учун асос бўлмаган: улар ҳам, булар ҳам намозни бир хил ўқиган, умумий муқаддас жойларни эъзозлаган, фарзанд туғилиши, никоҳ ўқиш ва дафн маросимларида бир хил урф-одатларни адо этган. Уларнинг асосий маданий қадариятлари ҳам бир-бирига мос тушган. Тураржой, маиший ҳаёт ва таомлар ҳам “дарё ортидаги” билан деярли бир хил бўлган.
Бироқ ислом дини мусулмонлар – муҳожирлар ва ансорларнинг амалий тенглигини таъминлай олмас эди. Афғонистонга кўчиб борган ўрта осиёлик эмигрантлар ўзлари мутлақо кутмаган қийинчиликларга дуч келган. Амалдаги этник иерархия (мартабалар силсиласи), этник тенгсизлик ва қайсидир маънода ҳатто камситишлар диний умумийлик, муҳожирларга ҳамдардлик билан текисланиб кетар ва омма кўз ўнгида қораланар эди.
Эмигрантлар чет элларда турли ерларга бориб жойлашувининг миқдорий ва миллий таркиби қандай бўлган?
Биринчи тўлқин даврида 500 000 га яқин киши қочиб кетган. Унда ўтроқ тожиклар эмас, чегара бўйидаги халқлар – ўзбеклар ва туркманлар кўп бўлган, ваҳолонки улар Шарқий Бухоро аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган. Қочқинлар қаердан кетган? Энг аввало, ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган, айнан Афғонистонга чегарадош бўлган замонавий жанубий Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларидан кўчиб кетган. СССР ҳудудидан 1926 – 1934 йилларда тахминан бир хил миқдордаги кишилар Афғонистон, Ғарбий Хитой ва Эронга ҳижрат қилган. Дастлабки совет ҳокимияти даврида Ўрта Осиёдан чиқиб кетган кишиларнинг умумий сони 1 миллион кишига етиб қолади. Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, шўролар афғон чегарасини тақа-тақ ёпиб қўйган ва Ўрта Осиёдан оммавий эмиграция барҳам топган.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Китоб муаллифи фикрича, “Марказий Осиё” ва “Ўрта Осиё” иборалари агар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек, шимоли-ғарбий Хитойнинг (Шинжон) чегарадош ҳудудлари, шимолий Афғонистон ва шимоли-шарқий Эронга нисбатан қўлланадиган бўлса, бир хил маънони англатади. Бироқ тарихий тадқиқот нуқтаи назаридан ушбу минтақани ўрганилаётган даври учун Ўрта Осиё (Central Asia) деб аташ мақсадга мувофиқдир. “Марказий Осиё” атамаси энг янги даврда – 1991 йил охирида мустақилликка эришилгандан сўнг кенг истеъмолга киритилган эди.