Сурат манбаси: newindianexpress.com
Муаллиф: Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори
COVID-19 пандемияси жаҳондаги 1,6 миллиард боланинг таълим олиши билан боғлиқ жараёнга салбий таъсир кўрсатди. Бутун дунёдаги барча мактабларнинг 94 фоизи, ривожланмаган ва ривожланаётган мамлакатларнинг эса 99 фоизгача мактаблари пандемия шароитида у ёки бу муаммоларга дуч келди.
Ер юзининг турли бурчакларида масофавий ўқитиш амалиётига ўтилар экан, амалдаги таълим тизими бунга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Айниқса, ногирон ўқувчилар билан боғлиқ муаммолар кўп. Имконияти чекланган болаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг интернетга уланиши, онлайн дарс учун керакли материаллар билан таъминланишида катта етишмовчиликлар бор.
Кўплаб мамлакатлар имконияти чекланган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун бу борада қўшимча восита ва манбалар ишлаб чиқди. Нутқи ёки кўриш қобилиятида муаммоси бор болаларга мўлжалланган махсус жиҳозлар янада такомиллаштирилиб, махсус ўқув дастурлари соддалаштирилди ва масофавий ўқитишга мосланди. Баъзи давлатларда пандемия сабаб энг кенг қўлланган ниқоблар ҳам имконияти чекланган ўқувчиларга мослаштирилди. Масалан, Иорданияда қулоғи эшитмайдиган болаларни ўқитиш сифати тушиб кетмаслиги учун шаффоф матодан ниқоблар яратилди.
Ривожланмаган ёки ривожланаётган давлатларда пандемия туфайли имконияти чекланган ўқувчилар таълими деярли тўхтаб қолди.
Ўзбекистонда ҳам таълимнинг онлайн шаклга ўтиши имконияти чекланган болалар таълимидаги қатор муаммоларни юзага чиқарди. Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, республика бўйича жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар учун 86 та ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернат мавжуд. Ушбу таълим масканларида жами 21 363 нафар ўқувчи билим олмоқда. 2019-2020 ўқув йилида ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда таҳсил олган имконияти чекланган болаларнинг энг катта қисми, яъни 55 фоизини ақлий имконияти чекланган ўқувчилар ташкил қилган. Барча мактабларда бўлгани каби пандемия шароитида ақли заиф ўқувчилар учун ихтисослаштирилган мактаблар ҳам онлайн шаклда фаолиятини давом эттирди. Таълимнинг бу шакли мазкур мактаблар учун қатор муаммолар, мураккабликларни келтириб чиқарган бўлса-да, ўқитувчилар ишлашда узлуксиз давом этмоқда.
Дилдора Нурматова, Тошкент шаҳридаги ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган 66-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директори ўринбосари:
– Пандемия бўлишига қарамай, таълимни тўхтатиб қўймадик. Ўқувчилар билим олиши учун имкон қадар керакли саъй-ҳаракатларни қилдик. Карантин эълон қилинган илк кунлардан масофавий ўқитиш шаклига ўтилди, ўқитишда, асосан, ижтимоий медиаплатформалардан, хусусан, телеграм ижтимоий тармоғидан кенг фойдаланилди. Телеграмда ҳар бир ўқитиладиган фан учун махсус каналлар ташкил қилинган, унга ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва мактаб раҳбарияти бириктирилган. Биз ҳар бир фан учун махсус видеодарслар тайёрлаб, уларни телеграм каналларга жойлаштириб бордик. Болаларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда кўпроқ видеодарслар орқали таълим бердик. Бу жараёнда муаммолар ҳам бўлди ва биз уларни мустақил бартараф этишга ҳаракат қилдик.
Аввало, кўп йиллик тажрибамга таяниб, шуни айтишим керакки, ақли заиф болаларга онлайн дарс беришнинг натижаси самарали бўлмайди. Бундай ўқувчилар билан алоҳида ва астойдил ишлаш, ҳар бир болага индивидуал ёндашув зарур. Пандемия даврида биз қўллаган чоралар эса вазиятдан чиқиш, муаммони вақтинча бартараф этишга уриниш эди, холос.
Биринчи энг катта муаммомиз – ўқувчиларнинг махсус ўқув жиҳозлари билан таъминланмаганидир. Уларнинг аксарияти ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бўлиб, кўпчилигида замонавий сенсор экранли телефонлар йўқ, ота-онасида шундай телефон борлар ҳам катталар ишдан қайтишини кутиши керак. Планшет ёки компьютерлар эса саноқли ўқувчиларда бор. Шу маънода тан олишимиз керакки, ўқувчиларда махсус ўқув техникалари йўқлиги уларнинг масофавий таълимда иштирок этишини қийинлаштирди.
Иккинчи муаммо – интернет трафиги, унинг нархлари ва тезлиги. Тўғри, Ўзбекистонда интернет трафиги у қадар қиммат эмас. Аммо мен юқорида айтганимдек, аксарият ўқувчиларимизнинг оиласи моддий жиҳатдан мушкул вазиятга тушиб қолган. Бундан ташқари, бола доимий тиббий парваришга муҳтож. Ушбу шароитда арзон интернет ҳам ортиқча харажат ҳисобланади. Бизнинг дарслар, асосан, видео форматидаги дарслар бўлиб, улар кўп интернет трафигини талаб қилади. Ва ота-оналар машғулотларни матн ёки расм кўринишида юборишни сўрашади. Мактаб атрофида ёки унга яқинроқ ҳудудда яшовчи ота-оналар эса ўзлари келиб, биздан вазифалар олиб кетишди, сўнг бажарилган топшириқларни олиб келиб, бизга кўрсатишди.
Учинчи муаммо – руҳий қўллаб-қувватловнинг имконсиз эканлиги. Биз дарсларни масофадан туриб мунтазам ва сифатли олиб боришга интилган, сифатли форматдаги видеодарслар тақдим қилган бўлсак ҳам, бу ўқувчиларимиз учун етарли бўлмади. Чунки уларнинг ҳар бири алоҳида бир дунё, ҳар бирининг муаммоси руҳиятида, руҳиятни эса масофадан туриб бошқариш имконсиз. Ота-оналарнинг аксарияти ақлий нуқсони бор фарзанди билан ишлашни билмайди. Боласи билан машғулотлар бажариш ота-она руҳиятига қаттиқ таъсир қилиб, унинг асабларини толиқтиради.
Муаммога қандай ечим топиш мумкин?
Узоқ йиллар таълим соҳасида ишладим. Бундан аввал биз масофавий таълим ҳақида фақатгина эшитар эдик. Энди эса бу усулни амалиётда қўллаяпмиз. Пандемия даврида сабоқ бериш бўйича тўпланган кичик тажрибамга таянган ҳолда баъзи хулосаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Яна бир бор такрорлашни истардимки, ақли заиф болаларни масофадан туриб ўқитиш – самарасиз усул. Агар шундай шаклда ўқитишга тўғри келса, қуйидагиларни ҳисобга олиш зарур.
Энг аввало, ўқувчиларни сенсор экранли телефон, планшет ёки компьютер сингари махсус техникалар билан таъминлаш лозим. Буни давлат маблағлари ҳисобиданми ёки ҳомийларни жалб қилибми, қай бир йўл билан бўлса-да, ташкил қилиш жуда муҳим. Улардан вақтинчалик фойдаланиш учун ёки шахсий мулк қилиб беришни тизимли равишда йўлга қўйиш керак. Бу билан онлайн таълим сифатини бироз бўлсин, яхшилаган бўлар эдик.
Интернет трафиги муаммосини ҳам ҳал қилиш шарт, зеро, бу муаммо ўқитувчининг бир неча соатлик ҳаракатларини йўққа чиқаради, соатлаб вақт сарфланган видеодарслар трафик иқтисод қилингани учун очилмай қолиб кетади. Ўйлашимча, оффлайн режимда ишлайдиган махсус дастурлар яратилиб, мактаблар учун бепул тақдим қилиниши керак.
Пандемия шароитида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан тизимдаги анъанавий мактаблар учун телевизион дарслар ташкил қилинди. Натижада, онлайн дарслар сифати сезиларли яхшиланди ва бу ортиқча харажатларга эҳтиёж қолдирмади, энг муҳими, дарслар республиканинг барча ҳудудларини қамраб олди. Келажакда ақлий ва жисмоний нуқсони бор ўқувчилар учун ҳам махсус телевизион дарслар ўтилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Б.С. Атохаджаев, Тошкент шаҳридаги ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган 66-мактабнинг Технология фани, Косибчилик йўналиши ўқитувчиси:
– Мен ўқитадиган фан, асосан, амалиёт билан боғлиқ, чунки ҳунар ўргатаман. Пандемия даврида ўнлаб видеодарслар тайёрлаб, ўқувчиларимга етказдим. Аммо натижа яхши деб айтолмайман. Нега деганда, менинг ўқувчиларим алоҳида эътиборга муҳтож. Улар билан кўришиб, қўлидан тутиб, ўргатмасам, ижобий натижа ололмайман.
Яна бир муаммо, мен юборган видеодарсларни ўқувчиларим ва уларнинг ота-оналари доим ҳам юклаб ололмайди. Сабаби, уларда сенсорли телефонлар йўқ, интернет трафиги ҳам етарли эмас. Шунинг учун уйда ўтирган ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчиларни махсус ўқув жиҳозлари билан таъминлаш муҳим, деб ўйлайман.
Фарида, эпилептик тутқаноқ ташхиси қўйилган Абдуллоҳнинг онаси:
– Катта фарзандим тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқ ташхиси билан яшайди. Унинг ўз дунёси бор. Минг афсуски, менинг бу дунёга киришим таъқиқланган. Боламни тушуниш, унинг ичидан нималар кечаётганини билиш мендан катта машаққат талаб қилади. Бу боламдан ташқари яна икки фарзандим бор ва улар ҳали жуда ёш. Шунга қарамай, кўп вақтимни Абдуллоҳ учун сарфлайман. Унинг келажакда жамиятга бироз бўлса-да қўшилиб, қандайдир ҳунар ўрганишини, ўзини-ўзи эплай олишини истайман. Шунинг учун ҳам унинг таълимига катта эътибор қаратаман.
Пандемия даврида қарийб олти ой болаларим билан уйда ўтирдим. Таътилим тугаши билан турмуш ўртоғим таътил олди, Абдуллоҳни қаровсиз қолдиролмаганимиз учун шундай қилдик. Энг мушкули, у билан дарс қилиш, дарсларига ёрдамлашиш. Бу биз учун жуда ҳам қийинлигига сабаб, имконияти чекланган боланинг таълими билан шахсан ўзингиз шуғулланар экансиз, у қанчалар заифлигини, келажаги мавҳумлигини ва фарзандингиз бошқалардек эмаслигини янада кўпроқ ҳис қиласиз. Унинг жуда оддий вазифаларни ҳам бажаришга қийналиши азоблайди. Аслида, менинг боламга ўхшаган болалар билан дарс қилиш учун махсус тайёргарлик ва билим керак. Менда эса билим етарли эмас. Пандемия шароитида ўғлимнинг ўқиши тўхтаб қолгани йўқ, тўғри. Ўқитувчиларга минг раҳмат! Улар телеграм каналини ташкил қилиб, шу каналга дарс машғулотларини жойлаштириб боришди, биз эса берилган машғулотларни ўрганиб, уйга вазифаларни бажаришимиз керак бўлди. Аммо бу жуда самарасиз усул бўлиб чиқди. Чунки ўтилаётган дарсларнинг асосий қисми амалий кўникмаларни шакллантирувчи дарслар, масалан, нимадир ясаш, ниманидир таъмирлаш… Бу сингари сабоқлар яккама-якка ўтириб, қўлидан ушлаб ўргатиладиган дарслар, онлайн шароитда эса ўрганиш қийин.
Моҳира, психик ривожланиши суст ташхиси қўйилган Нодирнинг онаси:
– Ўғлим 14 ёш. Унинг психик ривожланиши суст. Шунга қарамай, таълим олишга қизиқиши бор, фақат ўзлаштириш қобилияти жуда паст. Унинг келажаги ҳақида кўп қайғурамиз, таълим олиши ва ҳунар ўрганиши биз учун муҳим.
Фарзандим пандемия даврида ярим йилдан кўпроқ вақт уйда ўтирди. Масофадан туриб ташкил қилинган дарсларда иштирок этиш нафақат унинг, балки менинг ҳам ўқишимни талаб қилди. Ҳаракат қилдик, аммо мен ақли заиф болалар учун ташкиллаштирилган масофавий дарсларни самарали деб айтмаган бўлардим. Биласизми, боламга ўхшаган ўқувчиларга ортиқча малака талаб қилинмайдиган бирор ҳунарни ўргатиш керак, уларнинг келажаги шунга боғлиқ, чунки бундай ташхис қўйилган болаларнинг келажакда ўз-ўзини таъминлаш имконияти жуда ҳам чекланган. Психик ривожланиши суст ўқувчиларга масофадан туриб ҳунар ўргатиш яхши натижага олиб келмайди. Масалан, менинг Нодирим олти ой давомида ёғочга ишлов бериш бўйича видеодарсларни мунтазам кўрди, бироқ бундан ҳеч бир самара бўлмади, анъанавий таълимга ўтилганидан сўнг у бу ишни икки ойда устози билан бирга ишлаб, ўрганиб олди. Ҳозир ҳунарни нисбатан яхши ўзлаштиряпти.
Анастасия, психик ривожланиши суст ташхиси қўйилган Владимирнинг онаси:
– Биз масофавий дарсларда иштирок эта олмадик, негаки, менинг сенсор экранли телефоним ҳам, интернетим ҳам йўқ. Ойда бир ё икки маротаба мактабга бориб, устозлардан вазифалар олиб келдим ва уни ўғлимга ўргатдим. Тўғри, бу жуда кам фойда беради, аммо мен каби доимий моддий таъминотга эга бўлмаган ёлғиз оналар учун бошқа бирор чоранинг ўзи йўқ. Бунинг устига пандемия даврида ишсиз қолиб, ҳомийлар ёрдами эвазига кун кечирдик. Менимча, масофавий таълимга ўтишга мажбур бўлганимизда ҳамма учун бирдек шароит яратилиши керак. Масалан, биз сингари ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз оналарнинг фарзандлари учун вақтинчалик фойдаланишга бўлса ҳам планшет ёки компьютер бериб, интернет трафиклари учун ойлик тўловларда сезиларли чегирмалар қилиб қўйилса, яхши бўларди. Бу, менимча, жуда катта маблағ талаб қилмайди.
Ўзбекистон Конституциясида барча учун таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Ва шунга асосан, миллий қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахслар учун таълим-тарбия олишда тенг ҳуқуқлар белгиланган. Аслида, ақли заиф ёки жисмоний имконияти чекланган ўқувчиларнинг илм-ҳунар ўрганишига алоҳида эътибор қаратиш мамлакат таълим тизимидаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиши лозим. Чунки, бундай ташхис билан яшаётган болалар учун илм олиш ёки ҳунар ўрганиш ҳаёт-мамот масаласидир. Имконияти чекланган болалар оддий болаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтожлиги боис, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий мослашуви ва жамиятга интеграциялашувини таъминлаш зарур.