Сурат манбаси: bigasia.ru
Муаллифлар:
Шавкат Музаффар – меъмор ва рассом, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассиси
Шерматжон Шеримбетов – меъмор ва рассом, Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассиси
Тошкент ўтмишига назар
Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти бўлибгина қолмай, Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар, илм-фан, ҳунармандчилик, санъат ва маданият марказидир. 2200 йиллик ўтмишга эга Тошкент шаҳри турли даврларда Шош, Чоч, Бинкат, Шошкент каби номлар билан аталган. Қадимги Хитой манбаларида Ши, араб манбаларида “Мадинат аш Шош” тарзида ҳам учрайди. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, биринчилардан бўлиб “Тошкент” этимологиясини Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғарий асарларида қўллашган экан. Лекин,” Тошкент” сўзи тўлалигича ХII аср мўғул тангаларида учрайди. Шунингдек, академик, археолог ва тарихчи олим Юрий Буряковнинг фикрига кўра, қадимда тош сўзи қимматбаҳо металларга нисбатан ҳам ишлатилган. Негаки, Тошкент воҳасида кўплаб мис (жез) конлари ва метал қуювчи устахоналар мавжуд бўлган. Қадимги Чоч ҳукмдорларининг тангалари ҳам мисдан эди. Бунга Юнусобод Оқтепаси ва Чилонзор Оқтепасидан топилган, ҳозирги кунда Ўзбекистон тарихи давлат музейидан жой олган экспонатлар ҳам яққол мисол бўла олади.
Бугунги Тошкент шарқона шаҳарсозликнинг гўзал намуналари акс этган файзли “Эски шаҳар” ва Европача шинамлик мужассам “Янги шаҳар” қисмларидан иборат. Бутун жаҳонга донғи кетган бу шаҳар турли халқлар ва маданиятлар уйғунлашган макон, дўстлик, биродарлик, меҳр-оқибат рамзидир. Яқин ўтмишда “Шарқ машъали”, “Шарқ юлдузи”, деб аталган Тошкент шаҳри турли анжуман, кинофестиваль, илмий конференция ва кўргазмалар, халқаро тинчлик учрашувларига мезбонлик қилган ва бугунги кунда ҳам бу бетакрор кентда кўплаб нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилмоқда.
Замондошимиз – археолог олима Маргарита Филанович ва унинг ҳаммуаллифлари ёзган “Древний Ташкент” – “Қадимги Тошкент” (“Фан” нашрёти, 1973 йил) асарида Тошкент шаҳрининг пайдо бўлиши бевосита Сирдарё, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқлари билан боғлиқ экани айтилади. Олиманинг фикрига кўра, Тошкент шаҳрининг пайдо бўлиши тарихда бир неча марта юз берган “Буюк кўчиш” жараёнларига бевосита алоқадор. Бирмунча қадимги илмлардан хабардор, нисбатан тараққий этган қабилалар гуруҳи Орол денгизидан Сирдарё бўйлаб шарққа қараб кўчиб борар экан, ўз маданияти ва қурилиш услубларини ҳам олиб келган. Тошкент бағрида сақланиб қолган ана шундай ноёб қурилмалардан бири Сергели туманидаги “Шоштепа” обидаси қолдиғидир. Жўнариқ канали бўйидаги 2400 йиллик “Шоштепа” ҳам ўз даврида шаҳар бўлганини, унда шаҳар маданияти белгилари мавжудлигини археолог олим, профессор Рустам Сулаймонов ҳам тасдиқлайди. Археологлар фикрича, айнан қадим аждодларимиз қурган тупроққўрғон ва унинг ичида қурилмалар бунёд этиш услуби шаҳарлар пайдо бўлишига, ўсиш ва ривожланишга туртки бўлган. Шундай қўрғонлардан бири ҳозирги Шимолий вокзал ёнидаги “Мингўрик” археология ёдгорлиги саналади. У қадимда жуда катта ҳудудни эгаллаган. Бугун ёдгорликнинг кичик, аммо марказий қисми сақланиб қолган. МИНГЎРИК – археологик ёдгорлик, қадимий шаҳар харобаси қолдиғи (1–13-асрлар) маҳаллий аҳоли ўртасида Афросиёб тепаси номи билан ҳам машҳур бўлган. У тўртбурчак аркка ёндашган минора-қаср ва шаҳристоннинг тепаликка айланган ҳудудидан иборат. ХIХ асрга оид харитада шаҳар майдони 30–35 га эканлиги кўрсатилган.
Ҳозирги Мингўрик шаҳар харобаси VII аср бошида Чочнинг пойтахти бўлган. Араб манбаларида тилга олинган «Мадинат аш-Шош» шу ёдгорликнинг айнан ўзи деб айтилади. Шуни қайд этиш жоизки, шаҳар араблар келгунига қадар Зардўштийлик марказларидан бири ҳисобланган. Бу ерда мангу олов ёниб турувчи ибодатхона ҳам бўлган. Саройлар тасвирий санъат асарларига бой эди. Янги эътиқод учун кураш даврида бу санъат асарларининг барчаси йўқотилган, шаҳарга араб ноиби тайинланган. Бироқ шаҳарликлар исён кўтариб, уни ўлдиришган. Шунда араблар шаҳарни иккинчи марта ишғол қилиб, уни ёқиб юборган. Шаҳар вайрона ҳолига келгач, одамлар аста-секин янги эътиқодни қабул қилиб, шарқ томонга, ҳозир кўмилиб кетган Чорсу дарёси атрофидаги қишлоқчага кўча бошлашган. Атрофи табиий қирлардан иборат бўлган Чорсу дарёси савдо учун қулай жой эди. Бу маскан араб манбааларида Бинкат деб аталган. Мазкур ҳудуд ҳозирги Хадра майдони, Эски Жува ва Чорсу оралиғида жойлашган, атрофи мустаҳкам тупроқ қўрғон билан ўралган. Икки дарвозаси бўлган, олима М.Филанович фикрича, дарвозалардан бири айни пайтдаги Гулбозор маҳалласига кираверишда Аброр Ҳидоятов номидаги театр биноси ёнида жойлашган, экан. Шаҳар шаҳристон ва рабоддан иборат эди. Шаҳристон – шаҳарнинг маркази ҳисобланиб, бу ерда алоҳида девор билан ўралган ҳукмдор қароргоҳи, саройлар, зодагонлар уйлари, маъмурий бинолар бўлган. Рабод – бу савдо ва ҳунармандлар расталари, карвонсаройлар, бозор ва маҳаллалар жойлашган қисмдир. Тез орада турли томонлардан кўплаб одамлар кўчиб кела бошлаган, шаҳарча тез суръатда кенгайиб, савдою ҳунармандлик ривожланган ва бу жойлар шаҳарга айлана борган. Эски шаҳарда Маҳсидўзлик, Кўнчилик, Дегрезлик, Темирчи, Тақачи, Эгарчи, Ўқчи, Сарчопон, Сархумдон каби маҳаллаларнинг номлари сақланиб қолган. Бу номлар шаҳарда ҳунармандлик ривожланганидан далолатдир.
Ўтган асрнинг 50-йилларида олимлар Чорсу, жумладан, Кўкалдош мадрасаси атрофида ўтказган геологик ўрганишлар маданий қатламлар, асосан, Х-XII асрга, энг қадимгиси VIII асрга бориб тақалишини кўрсатди. Шунингдек, Каллахона маҳалласидаги қазишма ишларида Х асрга оид қабрлар, оссуарийлар топилган. Айрим олимлар фикрига кўра, бу ерда ҳали шаҳар барпо бўлишидан илгари ҳам манзилгоҳлар мавжуд бўлган экан.
Ҳазрати Имом мажмуаси атрофидаги қазишмаларда Х асрга оид сопол ашёлар топилган. Бу далилларнинг бари Эски шаҳар “Чорсу” бозори марказидан бошланиб, атрофга томон кенгая боргани ва қадим Тошкентнинг бой тарихидан далолат эканини кўрсатиб турибди. Асрлар давомида маҳаллалар катталашиб, шарқ меъморчилигининг, ислом шаҳарсозлигининг ноёб намуналари вужудга келган.
Маҳаллий иқлим шаротидан келиб чиқиб, аждодларимиз иссиқ ва совуқдан яхши ҳимояловчи қурилиш материаллари, ўзига хос қурилиш услубида уйлар, маҳаллалар яратишган. Бир-бирига елкадошдек туташиб кетган баланд-паст уйларда, кўпинча, жанубга қарата очиқ айвонлар қурилган, бу айвонлар орқадаги хоналарни ёз жазирамасидан сақлаб, мўътадил ҳароратни таъминлаган. Ҳовлиларга мевали дархтлар экилиб, узум сўриси тикланган. Буларнинг ҳаммаси микроиқлим ва шинамлик яратган. Берк кўчалар – йўлаклар, одатда, бир нечта хонадонларга олиб борган. Баъзан улар устига бостирма ёки болхоналар қурилиб, жойдан унумли фойдаланилган. Бостирмаларда мева-чевалар қиш учун сақланган. Бой хонадонлар, асосан, ички-ташқи ҳовлили уйлар қуришган. Ташқари ҳовлида отхона (ҳозирги тилда гараж), меҳмонхона, ёрдамчи хоналар бўлган. Ичкари ҳовлидан ётоқхона, аёллар хоналари, ошхона ва бошқалар жой олган. Тошкент шаҳрининг “Эски шаҳар” қисмидаги бу маҳаллалар асрлар давомида сайқалланиб, ноёб шарқона шаҳарсозлик намунасини вужудга келтирди. Афсуски, бу маҳаллаларнинг кўпи яқин ўтмишда бузиб ташланди. Сақланиб қолган қисми эса тарихни ўрганишда, қолаверса, туризм ривожида ўта аҳамиятлидир.
Эски шаҳарнинг туризм ривожидаги аҳамияти ва унинг очилмаган қирралари
Тошкент шаҳрида 2200 йиллик, ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда бунёд этилган археология ёдгорликлари, ўрта аср масжид, мадраса, мақбаралари, ХХ аср меъморчилиги, кўплаб музей, галерея, кинотеатр, цирк ва ҳайкаллар, кўнгилочар боғлар, бозорлар мавжуд. Лекин, негадир сайёҳларни, асосан, “Эски шаҳар” ҳудудида учратамиз. Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёки якка ҳолда “Чорсу” бозори, “Эски шаҳар”, Сағбон, Хастимом, Чиғатой, Чувалачининг жин кўчаларида айланиб, бу ерларни томоша қилишади, фотосуратлар олишади. Албатта, шарқона ранг-барангликни сақлаб қолган “Эски шаҳар”ни очиқ осмон остидаги музей, десак, асло муболаға бўлмайди. Бу ерда қадим Тошкентнинг руҳи, қалби мужассам.
Мамлакатимиз иқтисодиётида туризм-сайёҳлик йўналиши нечоғли даромадли эканлигини барчамиз эндиликда тушуниб етмоқдамиз. Тошкентнинг “Эски шаҳар” қисмида туризмнинг ҳар бир жабҳасини ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Буларнинг бари маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилади. Аммо яқин вақтга қадар ушбу ёдгорликлар ва маданият масканларидан унумли фойдаланиш борасида, уларнинг инфратузилмаси бўйича етарлича ишлар қилинмаган эди. 2019 йил бошида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибияти ташаббуси билан Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси мутахассислари, Туризмни ривожлантириш Тошкент шаҳар департаменти билан ҳамкорликда олимлар, архитекторлар, санъатшунослар, археолог ва рассомлар, халқаро туризм соҳаси вакиллари ҳамда маданият намояндалари иштирокида тегишли комиссия тузилиб, қатор ташкилий-амалий ишлар бошланди. Комиссия томонидан нисбатан қисқа вақт ичида туризм соҳасида қилиниши лозим бўлган ишлар концепцияси ишлаб чиқилиб, бу борадаги бирламчи вазифалар белгиланди. Натижада, Тошкент шаҳридаги туризм учун аҳамиятли яна 40 дан ортиқ маданий мерос объектлари ва уларда туризм учун яратилиши лозим бўлган ишлар режаси ишлаб чиқилди. Бу ўринда Тошкентнинг “Эски шаҳар” қисмида жойлашган қадимий маҳаллалар ҳамда “Чорсу” бозорининг очиқ осмон остидаги музей сифатида туризм салоҳиятини оширишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаган бўлар эдик. Зеро, Тошкентни “Эски шаҳар”сиз тасаввур қилиш қийин. Юртимизга келган меҳмон борки, энг аввало, пойтахтнинг миллий руҳ уфириб турган ушбу қисми ва ундаги кўҳна “Чорсу” бозорини кўргиси келади. Шу боис ҳам, комиссия ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Туризмни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, қисқа вақтда туристик объектлар – маданий мерос ёдгорликлари ёнида керакли инфратузилмалар яратилди. Бунга мисол тариқасида Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти ва бошқа тегишли ташкилотларнинг жойларда ўрнатган йўл кўрсатгичлари, маълумот тахталари, QR-кодлар, санитария шохобчалари, банкоматлар, кичик кўчма савдо шохобчаларини айтиш мумкин.
Шу билан бирга, ҳали ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар талайгина. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Эски шаҳар”дан унумли фойдаланишнинг имкониятлари бундан ҳам кўп, аслида. Тошкент шаҳрини бозорларсиз, айниқса, “Эски шаҳар” қисмидаги “Чорсу” (“Эски Жува”) бозорисиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Чорсу”нинг маҳаллий ва ҳорижий сайёҳларни жалб этиш потенциали жуда ҳам юқори. Шу боис, энг аввало, бозорга туташ маҳаллаларни сақлаб қолиш муҳимдир. “Эски шаҳар” деб аталувчи бу ҳудуд, асосан, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларининг катта қисмини ўз ичига олади. Бу ерда кўплаб тарихий уйлар ва масжид-мадрасалар (Кўкалдош, Каллахона, Гулбозор, Шарофиддинбой ва бошқалар), чойхоналар мавжуд. Ҳорижликлар учун мазкур жинкўчаларни, ўзбек хонадонларини кўриш жуда қизиқарли. Ҳудудни худди Хива каби этнографик маҳаллага айлантириш айни муддаодир. Шунингдек, бу маҳаллаларда кўплаб ҳунармандларнинг уй-устахоналари бор. Ҳорижий сайёҳлар учун устахоналарга бориш, ҳунармандлар меҳнатини, иш жараёнини кузатиш ғоят ноёб ва қизиқарли ҳодиса. Бунинг учун маҳаллалардаги кўҳна уйларни сақлаб қолиш билан бирга, ўзбекона меъморий анъаналарга риоя этган ҳолда уйлар бунёд этишнинг аҳамиятини кенг оммага тушунтириш лозим. Жаҳон тажрибасидан ибрат олган ҳолда хонадон эгаларига уйнинг тарихий кўринишини сақлаб қолиш бўйича таклиф ва имтиёзлар бериш масаласини ўйлаб кўриш керак. Эски шаҳарнинг айрим тарихий маҳаллаларида меҳмон уйлари ташкил қилиш яхши самара беради.
“Чорсу” бозори қадим Тошкентнинг қалби ва энг бетакрор гўшаларидан бири. Бу ерга сайёҳлар миллий либослар, ҳунармандлик намуналари, эсдалик совғаларини кўриш, харид қилиш, миллий таомларимиздан тановвул қилиш учун келади. Албатта, бу борада энг бирламчи вазифа санитария-гигиена меъёрларига қатъий риоя қилишдир. Афсуски, ҳозирча айни масала қониқарли даражада ечим топган дея олмаймиз. Бозорда сотувчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва бошқалар учун шарқона руҳ акс этган замонавий расталар, дўконлар, биоҳожатхона, қўл ювиш шохобчаларини кўпроқ ташкил этиш, санитария маданиятини ошириш борасидаги ишларни бажариш зарурдир.
Зиёрат туризми
Зиёрат туризми ҳам сайёҳликнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Тошкент шаҳрида зиёрат туризмини ривожлантиришнинг ҳали ишга солинмаган имкониятлари мавжуд. Шаҳарда муқаддас динимизнинг эзгу ғояларини тарғиб этиш, инсониятни руҳий тарбиялашда буюк хизматлар қилган Яссавия, Нақшбандия, Суҳравардия каби ва бошқа Тасаввуф (Суфизм) мактаблари машҳур алломаларининг мақбара-зиёратгоҳлари, хонақолари мавжуд. Бундай муқаддас зиёратгоҳлар сирасига Шайх Каффол Шоший, Шайх Зайниддин бобо, Шайх Ҳованд Тоҳур, Хўжа Нуриддин бобо, Қўйлиқ ота, Ҳайрабод Эшон каби алломаларга атаб қурилган бир неча ўнлаб мақбаралар киради. “Эски шаҳар”нинг энг ноёб, гўзал гўшаларидан бири Себзор даҳасидаги Хастимом мажмуасидир. Айниқса, Абу Бакр Муҳаммад Исмоил Каффол Шоший шахси ва унга атаб қурилган мақбара алоҳида аҳамиятга эга. Аслида, Хастимом сўзи шу буюк зот номига берилган Ҳазрати Имом сўзининг қисқартмасидир. IX асрда яшаб ўтган сўфий аллома Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг энг машҳур мадрасаларида илм олиб, ўз замонасининг энг буюк фиқҳшунос олими даражасига етади. Маккага ҳаж қилиб, Тошкентга қайтгач, анча йиллар Ислом ва шариатдан дарс берган. У киши ўта муаммоли масалаларни ҳам юксак фасоҳад ила еча олган. Шайбонийлар авлодлари томонидан XVI асрда бу зотга атаб гўзал мақбара қурилган. Мақбарада Ҳофиз Кўҳакий (Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг набираси) ва Зайниддин Восифий каби алломаларимиз қабрлари ҳам бор.
Шунингдек, Ал Бухорий номидаги Илмом Институти ҳудудида жойлашган Намозгоҳ масжиди, Мусулмонлар Идораси, Бароқхон мадрасаси, Усмон мусҳаби (Қуръон нусхаси) сақланадиган Мўйи муборак мадрасаси диққатга сазовор жойлардир.
Қадимда кўплаб иншоотлари бор муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланмиш Шайхонтоҳур мажмуасида ҳозир 4 та обида сақланиб қолган. Булар – Шайх Хованд ат Тоҳур, Қалдирғочбий, Юнусхон мақбаралари, Мааминқози уйи. Ҳозирги кунда зиёратгоҳнинг қадимий дарвозасини тиклаш ишлари бошлаб юборилган.
Жаҳонда қарийб 2 млрд мусулмон аҳоли борлигини инобатга олсак, бу муқаддас масканлардан халқаро миқёсда зиёрат туризми учун унумли фойдаланиш айни муддаодир. Шунингдек, бошқа эътиқод ва дунёқарашдаги хорижий сайёҳлар ҳам бу алломаларни ҳурматлашади ва уларни зиёрат қилишни исташади. Бунинг учун пойтахтдаги барча алломаларнинг тарихини илмий тарзда асосли ўрганиб, мақбаралар, чиллахоналар (Шайхонтоҳур туманидаги Камолон мозорида жойлашган Хўжа Алламбардор чиллахонаси ўта таъмирталаб)ни таъмирлаш, таҳоратхоналар ва бошқа зарур ёрдамчи хоналар бунёд этиб, зиёратгоҳни тартибга келтириш, бу зотлар ҳақида ўзбек, рус ва бошқа жаҳон тилларида китоб, буклет, альбом ва рисолалар чоп этиш лозим. Уларни тарғиб қилиш, тараққий этган мамлакатлар билан ҳамкорликда алломаларнинг ибратли ҳаёти ва бой маънавий меросига бағишланган юқори бадиий савиядаги кинофильмлар, илмий-оммабоп, ҳужжатли фильмлар, реклама роликларини суратга олиш ва уларни жаҳон кинофестивалларида намойиш этиш лозим. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилди. Ўтган йили режиссер Мурод Одил “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олган “Сузук ота” фильми Истанбулда ўтказилган ҳалқаро ҳужжатли фильмлар кинофестивалида бош совринни қўлга киритди.
Эски шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларни сақлаб қолишнинг аҳамияти
Замондошимиз – жаҳон таниган олима М.И.Филанович таъбири билан айтганда, дунёда шаҳарлар кўп. Лекин бир вақтнинг ўзида қадимийлиги эътироф этиладиган ва пойтахт сифатида тилга олинадиган Рим, Афина, Дамашқ, Қуддуси Шариф каби шаҳарлар саноқлидир. Тошкент ҳам ана шундай – қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган гўзал шаҳарлардан бири. Эски шаҳар тушунчаси фақат қадимий шаҳарларнинг тарихий қисмига нисбатан ишлатиладиган этимология. Тошкентда “Эски шаҳар” тушунчаси ХIХ асрда пайдо бўлган. Бу Тошкентнинг асл тарихий маркази ҳисобланади. 1865 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил топишидан аввал ягона Тошкент мавжуд бўлган. “Эски шаҳар” номи шаҳарни иккига ажратиб турган Анҳор каналининг шарқий қисмида рус маъмурияти томонидан европача услубдаги янги шаҳар қурилиши бошлангач, маҳаллий аҳоли яшайдиган ғарбий қисмга нисбатан ишлатила бошланган. Бу сўз тез орада оммалашиб, аҳоли орасида ўзлаштирилди ва бугунги кунга қадар қўлланмоқда. Барча қадимий ва тарихи бой шаҳарлар каби Тошкент ҳам ўзининг “Эски шаҳар” қисмига эга. Шаҳарнинг айни қисми ўзида шарқона тароват ва миллий руҳни акс эттирган. Тошкент деганда, аввало, унинг тотли суви, соя салқин боғ-роғлари, тўкин-сочин бозорлари, ширин-шакар мевалари, иштаҳани қитиқловчи нону патирлари, ўзига хос шарқона таомлари ва албатта, меҳмондўст, бағри кенг халқи кўз олдимизга келади. Қолаверса, Эски шаҳардаги меҳмондўст маҳаллалар бир пайтлар мамлакатимизнинг турли чеккаларидан Тошкентга келиб ўқиб, яшаб, ижод этган, камол топган буюк истеъдодларимиз – олимлар, шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, ҳофизлар ва бошқалар учун бирнчи бошпана, ватан вазифасини ўтаган.
Чорсу (Эски Жува) номи билан жаҳонга машҳур кўҳна бозорга туташ қадим маҳаллаларнинг файзи ўзгача. Уларнинг ҳар бирида ўзбекона лутф, меҳр-оқибат, аҳиллик мужассам. Бири-биридан файзиёб ҳовлиларни кўрсангиз, чинору тутлар бўй чўзиб турган, нонвойхонадан нон иси уфурган кўчалар, гузарлардан ўтсангиз, ўзбекнинг руҳини ҳис этасиз. Катта ариқ бўйида сақланиб қолган чархпалаклар, шарқона либосдаги келинларнинг сув сепиб кўча супуриши, шўх-шодон болалар чопқиллаб юрган жин кўчалар, оппоқ соқолли нуроний қариялар, юзида табассум билан сайёҳларни ҳовлисидаги супага бир пиёла чой учун таклиф этаётган табаррук онахонлар – буларнинг бари азим Тошкент – Эски шаҳарга хос гўзал ва бетакрор манзара. Энг муҳими, ушбу маҳаллаларда халқимизнинг меҳмондўстлик, очиқкўнгиллик, меҳр-оқибат, одамийлик фазилатлари, каттаю кичикка иззат-икроми, демакки, миллий руҳи яшайди. Бу бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраш ва келгуси авлодларга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аслида ҳам, қадим маҳаллалар – Ватан ичра кичик Ватан. Уларни нафақат сайёҳлар, балки ўзимиз, ўзлигимиз учун ҳам асраб-авайлашимиз зарур. Зеро, глобализм – маданиятлар қоришуви жараёнида миллий ўзликни асраб қолиш ўта муҳим эканлиги барчага аён ҳақиқат.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Фойдаланилган манбалар:
1) “Древний Ташкент” Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси, Археология институти, Тошкент-1973 йил, Фан нашриёти
2) А.Муҳаммадкаримов “Тошкентнома”, Мовароуннаҳр нашрёти, Тошкент 2004 йил
3) А.Зияев “Ташкент”, 1-жилд, Санъат нашриёти, Тошкент 2009 йил