«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Подкастнинг “Марказий Осиёдаги ҳокимият ва жамият” деб номланган 3-мавсуми Марказий Осиёдаги ҳокимият ва жамият муносабатлари бағишланган. Ушбу мавсумнинг навбатдаги эпизодида “Тингловчи давлат” ҳодисасига назар ташланади ва буни муҳокамасига икки сўзловчи таклиф қилинган: Швециянинг яқинда Ўзбекистонда ваколатхонасини очган “Марказий Осиё” жамияти раҳбари Пўлат Охунов ва қозоғистонлик PR бўйича маслаҳатчи, машҳур блогер Ринат Балгабаев. Қуйида ушбу подкастни ўзбек тилига таржимасини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳокимият алмашганига ҳали унча кўп бўлгани йўқ. Натижада ҳокимиятга янги амалдорлар келди, бюрократия рўйхати ўзгарди. Бошқа тарафдан қарасак, халқ ҳам қандайдир талабларини аниқроқ ва баландроқ айта бошлади. Масалан, Қозоғистонда “Тингловчи давлат” канали ишга туширилганини эълон этишди. Билишимча, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш нарса бор, шунинг учун қизиқиб, сиздан мана шу “Тингловчи давлат”нинг вазифаси нима ва у қай тарзда мамлакатларимизда самарали тарзда қўлланиши мумкин, деб сўрамоқчиман.
Пўлат Охунов:
Ўзбекистон мисолидан шуни тушундимки, “Тингловчи давлат” каналидан аҳолининг норозилигидан огоҳлантириш бўйича профилактика мақсадида фойдаланилади. Хўш, Ўзбекистонда “Тингловчи давлат” қандай расмийлаштирилди? Президент портали очилди, у ерга исталган киши мурожаат қилиши ва бунга муносабат билдирилиши мумкинлиги ва ҳк. дастлабки бир неча ой давомида шов-шувларга сабаб бўлди. Одамларнинг норозилиги ва шикоятларига қайсидир тарзда давлатдан жавоб олина, уларга ёрдам берила бошланган эди – кейинчалик бу йўқола бошлади.
Ўзбекистонда ҳокимият алмашганининг биринчи йили ва бир неча йил давомида ҳокимият алмашгани, давлат бошқарувини янги президент қўлга олгани ва у жуда кўп халқ кутган баёнотларни бергани одамларни руҳлантириб юборган эди. Дастлабки йилларда улкан кўтаринкилик бор эди. Жумладан, мен ҳам бошланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган эдим. Шу сабабли халқ орасида ҳам катта кўтаринкилик бор эди. Аммо Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув тизими ўзгармади: эски тизимдаги одамлар яна ҳокимиятда қолди. Оқибатда президент қабул қилаётган яхши қарорлар жойларда саботажга учраб, бажарилмаяпти, ўша улкан ислоҳотлар аслида жойларга етиб бормаяпти.
Дониёр Мўлдакан:
Сиз ҳозир вилоятларда, жойларда президентнинг қандайдир топшириқлари бажарилмаяпти, бошқа топшириқлари эса менсилмаяпти, деб айтяпсиз. Нега бунақа бўлаётганини тушунтириб бера оласизми?
Пўлат Охунов:
Одатдагича, бу ерда ҳамма бало кадрларда, чунки бизнинг президент янгича тафаккур қилади. Президент атрофида, президент администрациясида мамлакатга зарур бўлган янги ғоялар ва ислоҳотлар ташаббуси билан чиқадиган одамлар бор. Бироқ президент атрофидаги ислоҳотчилар қаноти улкан Ўзбекистондаги ёлғиз оролга менгзайди. Халқни бошқарадиган ва у билан иш кўрадиган амалдорлар, бюрократия эса жойларда. Улар [амалдорлар, бюрократлар] бу ислоҳотларни қабул қилмайди, уларнинг фикрлаши ўзгармаган.
Президент командасининг ислоҳотларни кўзлаётгани зўр, бироқ ушбу ғояларни жойларда ҳаётга татбиқ қилишга гал келганда, ўша ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлган одамлар бу ишни эплай олмайди, чунки улар янги режимда ишлашга мослашмаган, уларнинг фикрлаши эски даврда қолиб кетган. Мирзиёев жойлардаги лавозимларга янги кишиларни тайинламагани ислоҳотларига тўсиқ бўлмоқда. Агар давлат раҳбари кимлардир сайланишига янгича имконият яратганда, халқ вилоятлар ва жойлардаги одамларнинг ҳаётини ўзгартира олиши мумкин бўлган ташаббускор, янгича фикрловчи кишиларни сайлай олганда эди [вазият бошқача бўлиши турган гап эди].
Дониёр Мўлдакан:
Бошқача айтганда, эҳтимол улар [маҳаллий амалдорлар] жон-жон деб зарур бўлганидай ҳаракат қилиш мумкин эди, бироқ қўлидан келмайди ёки…?
Пўлат Охунов:
Ҳа, мутлақо ҳақсиз, қўлидан келмайди, чунки Шавкат Мирзиёев бошқарув тизимини демократлаштириш ҳақида гапирамиз, лекин бунинг учун катта масъулият керак, қолаверса, халқ устидан назоратимиз жуда кучли, одамларга эркинлик бериш лозим, милиция инсон ҳақларини ҳимоя қилиши зарур, деяпти. Қайсидир туман ёки шаҳар ҳокими бу гапларни тушунмайди. Мирзиёев тадбиркорлар эркин бўлиши ҳақида гапиряпти: фермерлар муаммоларини ўзи ҳал этиши даркор, чунки бу ерда гап хусусий мулк тўғрисида кетяпти, фермер бозорга ўзи чиқиши, рақобатлашиши, ривожланиши керак. Бироқ фермер фаолият юритаётган туманда ҳоким уни чақириб, “сенинг бажарадиган режанг бор. Уни бажармасанг, милиция бошлиғи қамоққа тиқиб қўяди”, дейди. Оддий маъмурий буйруқбозлиқ усуллари ҳали ҳам жойлардан ҳеч қаерга ғойиб бўлгани йўқ. У [фермер] қандай экин экишни, етиштиришни, унинг ҳосилини қаерга ва қайси баҳода сотишни ўзи ҳал этиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайди. Жойларда фермерга эркинлик берилмай турибди. Ваҳолонки, президент Шавкат Мирзиёев фермерлик, қишлоқ хўжалиги – [ривожланиш] потенциалимиз, биз унга эркинлик беришимиз, ҳамма ишини ўзи ҳал қилиши учун фермерга йўл очишимиз, унинг ишларига ҳеч ким аралашмаслиги зарур, деб айтган эди. Лекин амалда фермер маҳаллий ҳокимият етовидаги колхозчилигича қолмоқда. У мустақил эмас.
Дониёр Мўлдакан:
Келинг, “Тингловчи давлат” концепциясига қайтамиз. Ҳокимият мана шу “Тингловчи давлат” концепцияси билан сиёсий партияларнинг қайсидир вазифалари алмаштираётгани турган гап. Сиёсий партиялар қандай ишлаши керак ва нима учун улар шикоят ёзиш мумкин бўлган интернет платформалари дан фарқли равишда халқ овозини [ҳокимиятга] эшитадиган қилиб етказа олади?
Пўлат Охунов:
Бу сиз айтаётган “Қулоқ солувчи давлат” анъанасими ёки “Тингловчи” демоқчимисиз?
Дониёр Мўлдакан:
Ҳа, “Тингловчи”.
Пўлат Охунов:
“Тингловчи давлат” – ахир, халқимиз зеҳниятида тингловчи давлат тўғрисидаги орзу ҳар доим мавжуд бўлиб келган. 1000 йил ортга назар солинса, эртакларда ҳукмдор амир дарвиш кийимини кийиб олиб, кўчаларга чиққан ва халқнинг дардига қулоқ тутган, кечқурун эса адолатли қарорлар қабул қилган. Бизда бундай халқнинг дардига қулоқ тутадиган ва уни биладиган одил ҳукмдор орзуси ҳар доим бўлган. Бизнинг зеҳниятимизда ҳукмдор адолатли бўлиши ва раиятининг дардига қулоқ осиши керак, деган тушунча ўрнашиб қолган. Лекин бу ишни уддалашнинг қанчалик имкони борлиги – бошқа масала, чунки ҳамма ўзи идрок қила оладиган ва билимлари даражасида тушунади.
Дониёр Мўлдакан:
Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам партияларнинг на шакли ва на шамойили бор. Масалан, “Тадбиркорлар партияси” сингари партиялар бор, лекин улар мафкураси ҳар хил, сиёсий тузум ёки мамлакатнинг тараққиёт модели ҳақидаги турлича қарашларга эга бўлган профессионал гуруҳдан бошқа нарса эмас. Уларнинг бизнесдаги манфаатлари нари турсин, қадриятлари ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Нега Қозоғистон билан Ўзбекистонда либераллар ва консерваторлар, сўл ва ўнг кучларга ажратишдай тушунарли ва аниқ бўлиниш йўқ? Ёки бизда улар – консерваторлар ҳаддан зиёдми?
Пўлат Охунов:
Ҳа, биздаги жамият, туб аҳолининг ўзи аввалбошдан ўта консерватив. Ҳатто кўчада демократ бўлиб, давлатнинг олдига талаблар қўйсак ҳам, ҳар бир ўзбек – уйида диктатор. Ўз уйида – феодал диктатор. Шу маънода жамиятни ўзгартириш ниҳоятда қийин. Вақт ўтиши билан глобаллашув [ўзгариш учун] таъсир кўрсатиши керак – мен ёшлар демократроқ, эркин бўлармикан, сиёсий қизиқишлардан келиб чиқиб, бирлашармикан, деб кузатяпман, шунга мойиллик бор-йўқлигини қидиряпман. Лекин бу ҳали муртак ҳолида. Мана шу нарса – демократия, либерализм ҳақида жуда кўп ёзаётганимиз ҳафсалани пир қилади. Ўзим либерал сифатида Ўзбекистонда либерал ғояларни тарғиб этишга ҳаракат қиляпман, лекин бунга қизиқиш билдираётган одамлар ниҳоятда оз. Одамлар қандайдир сиёсий ғоя, сиёсий мафкура ҳаётини ўзгартириши мумкинлигига ишонмайди. Улар, “қандай қилиб сиёсий мафкура менинг ҳаётим ўзгаришига таъсир кўрсатиши мумкин?” деб ўйлайди.
Дониёр Мўлдакан:
Марказий Осиё мамлакатлари: Қозоғистон, Ўзбекистон, эҳтимол қачонлардир ҳатто Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонда сиёсий партиялар ривожланиши учун қандай чоралар кўриш керак? Жамият қайсидир тарзда ўз манфаатларини илгари суриши зарурлигини тушуниб олиши учун нима даркор?
Пўлат Охунов:
Келган хулосам шу бўлдики, сизга айтиб ўтганимдай, жамият ўзгариши учун, аввало, одамнинг ўзи ўзгариши, фуқаролик жамиятини шакллантириш билан шуғулланиш керак. Одамлар, аҳоли билан ишлаш, уларга ҳаёти яхшиланиши учун нима иш қилиши, қандай ишлаш, ҳокимиятга қандай таъсир ўтказиш лозимлигини тушунтириш зарур.
Тараққиёт шундай нарсаки, жамиятда ривожланиш баробарида эҳтиёжлар ҳам пайдо бўлади. Айни ҳол, ҳеч бўлмаганда, тижорат манфаатлари бор кишиларнинг етарли миқдори ҳосил бўлишига, пировардида, буларнинг барчаси муайян сиёсий линия шаклланишига таъсир кўрсатади. Лекин бу мафкура таъсири бўлмайди. Назаримда, минтақамизда сиёсий партиялар бўлади, лекин сиз тадбиркорлар ҳақида айтганингиздек, бу ерда яқин йилларда бизнес манфаатлари, иқтисодий манфаатлар асосида сиёсий кучлар шаклланади. Бироқ бу гуруҳлар қандайдир қадриятлар ёки мафкурани кўзлаб иш тутмайди.
Дониёр Мўлдакан:
PR бўйича маслаҳатчи ва блогер Ринат Балгабаев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ислоҳотлари ҳақидаги мулоҳазаларини баҳам кўради.
Ринат, сиз Қозоғистондаги “Тингловчи давлат” концепцияси ҳақида қандай фикрдасиз?
Ринат Балгабаев:
Назаримда, у умуман расмийлаштирилган эмас. Ижтимоий тармоқларда бирор нарса ҳақида шов-шув кўтарилган пайтда ҳокимият у ёки бу тарзда муносабат билдиради, айнан ўша пайтда шу концепция мавжудлигини, озми-кўпми, тушуниш ёки ҳис қилиш мумкин. Масалан, қандайдир шов-шувли ҳолат, фавқулодда вазият юзага келиб, аҳоли уни муҳокама қила бошлаши билан президент ўзининг Twitterда[ги аккаунтида] шу масала бўйича қарорини эълон қилади ёки уни ҳал этиш учун топшириқ беради. Кўришимиз ёки тушунишимиз мумкин бўлган нарса – бор-йўғи, шу. Қолган барчаси – эълон қилинган узуқ-юлуқ нарсалар. Адашмасам, ватандошларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича президентнинг ёрдамчиси тайинланган эди. Энди онлайн петицияларни қонунийлаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Сўнгги кунларда ва ойларда тармоқда [Интернетда] маиший зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жўшқин муҳокама қилинди. Ушбу қонундан норози бўлган фаолларнинг бир қисми унда аллақандай нуқсонларни топди ва президентни ўша қонунни қайтариб олишга мажбур қилди. Гарчи ўша қонун жуда зарур бўлса-да, шов-шув нега бунақа бўлаётгани, нега одамлар шовқин кўтараётгани, нега уларга қонун ёқмаётгани ва ким бақир-чақир қилаётганини аниқлаб етмасдан муносабат билдирилгани менга асоссиздай туюлди. “Тингловчи давлат”нинг бу қабилда намоён бўлиши, яъни ўзига хос микроменежменти мени бир оз ташвишлантиради. Бирор киши бирорта итни тепса, президент Twitterда, биз итларни ҳимоя қиламиз, итларни тепиш мумкин эмас, деб ёзишини бир тасаввур қилинг. Ёки дейлик, бирор тюлен тошбўрон қилинса. Айтмоқчиманки, президент бунақа масалаларни ечиш билан шуғулланмаслиги керак. Президент бундай майда-чуйда нарсаларга чалғимаслиги учун давлатда ҳар бир нарса институционал даражада ишлаши зарур. Манзара эса, афсуски, шундай.
Дониёр Мўлдакан:
Умуман олганда, бу концепт давлат жамият билан мулоқот қилиш учун тайёр эканини англатади. Тушунишим бўйича, “Тингловчи давлат”нинг асосий айтилмоқчи бўлган гапи жамият билан давлат ўртасида конструктив мулоқот каналини яратишдан иборат. Мамлакатда сиёсий партиялар билан боғлиқ вазият қайғули ва шакл-шамойилсиз бўлган ҳолатда қандай қилиб буни амалга оширса бўлади? Ахир, сиёсий партиялар аҳоли алоҳида гуруҳларининг манфаатларини ҳимоя этадиган, тамсил қиладиган ва ўша манфаатларни кўзлаб давлат идораларига босим ўтказадиган халқ вакиллари-ку.
Ринат Балгабаев:
Мавжуд тизимимизда тўлақонли партиялар йўқ, бу – тушунарли. Алланечук битта партия бор ва амалда у турли номлар билан аталади. Партия ватандошларнинг айнан мафкуравий талабларини тамсил этадиган мафкуравий ташкилотдир, лекин бизда ҳамма нарса параллел равишда рўй бермоқда. Тизимга қайсидир янги партиялар ва реал муқобил фикрлар керак эмас. Ҳали ҳеч нарса ўзгармаганини, сиёсий рақобат йўқлигини, ҳатто амалда мафкуралар баҳси ҳам мавжуд эмаслигини парламент сайлови кўрсатиб берди. Айни йўналишда ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Гўё биз янада кўпроқ ўз қобиғимизга ўралиб қолгандаймиз. Ҳатто ўтган йилги президент сайловидан сўнг сиёсийлашган одамлар ҳам бу йил ҳеч бир тарзда ўзини намоён қилмади ва кўрсатмади.
“Тингловчи давлат” ижтимоий тармоқларда хизмат кўрсатаётган қандайдир корпорациянинг жавоб ҳаракатларига ўхшайди. Фойдаланувчилар қандайдир мавзу бўйича изоҳлар ёза бошлайди, давлат эса бунга муносабат билдиради. Агар фойдаланувчилар ҳеч нарса ёзмаса, давлат ҳам муносабат билдирмайди.
Дониёр Мўлдакан:
Сиз биз худди янада кўпроқ консервативлашиб қолгандай туюлаётганимиз ҳақида гапириб ўтдингиз. Мени ташвишга солаётган қизиқ савол шуки, нега бизнинг Қорзоғистонда либераллар ва консерваторлар ёки сўллар ва ўнгларга тушунарлироқ қилиб ажратиш йўқ? Масалан, бизда коммунистлар партияси бор, у ҳозир халқ партияси бўлган. Яна шартли равишда “Оқ жўл” партияси бор. У моҳиятан қишлоқ хўжалиги манфаатларини ҳимоя қилади. Лекин бизда мафкура жиҳатидан бўлиниш йўқ. Нега? Бу жамият ўзини консерваторлар ва либералларга ажратмагани учунми? Нега бундай бўляпти?
Ринат Балгабаев:
Фирким қанчалик тўғри, қанчалик ўзига хослигини билмайман. 90-йилларда мафкураси аниқ шаклланган Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг, тўғрироғи, Совет Иттифоқи ҳукм сурганининг сўнгги йилларида ушбу мафкурани ташувчилари бўлган ва тушунган кишилар унга ишонмай қўйган эди. Мафкуранинг ҳар қандай зоҳир бўлиши, унинг тарғиботи – ҳамма-ҳаммаси ёлғон эканини одамлар тушуниб қолганди. Мафкура ва тарғибот билан боғлиқ ҳамма-ҳамма нарса иккиюзламачилик эканини одамлар англаб етган эди. Шунинг учун Иттифоқ парчаланиб кетганда, биз мустақил давлатга айландик, лекин эскисининг ўрнига ҳеч қандай янги мафкура пайдо бўлмади, бунинг ўрнига ҳар қандай мафкурани ва ҳаётга нисбатан ҳар қандай шаклланган муносабат – четдан тиқиштирилган ёки кимдир, қайсидир зиёлилар, кишилар шакллантирган муносабат, шу сабабли у ёлғон, кераксиз нарса ва ҳк. деган англам юзага келди. Одамлар фақат тирикчилик билан банд бўлиб қолгани, ҳозир оиламизни боқишимиз керак, иш топиб бўлмаяпти деб ўйлагани учун бу ҳақда ўйлашни кейинга қолдирди. Аввал – иқтисод, кейин – сиёсат, деган тушунча оилада ҳам амал қила бошлади. Кейинчалик аҳолининг янги қатлами, яъни янги авлод ўсиб чиқди. Ота-оналаримиз ўша мафкура даврида яшаган, улар инқироздан сўнг янги мафкурага эга бўлмади. Ушбу янги мафкурани ўйлаб топмади, қабул қилмади, яъни тушунмади ва ҳк. Айни чоқда мафкура хусусида баҳслашиш учун жамиятда сиёсий маданият йўқ. Шу сабабли шахс ҳақида, у ёки бу шахснинг манфаати ва бошқа нарсалар ҳақида баҳслашамиз, аммо янги мафкура, ўзимизни қайси мафкурага мансуб деб билишимиз хусусида шаклланган муҳокаманинг ўзи йўқ жамиятда. Гўё бунга эҳтиёж ҳам йўқдай, яъни ўзимизда ушбу эҳтиёжни шакллантира олмадик. Одамлар ўзида муайян мафкуравий доира ёки йўналишга мансублик эҳтиёжини пайдо қилмади. Вазият, тахминан, шундай. Орамизда ёрқин вакиллар йўқ. Афтидан либерал бўлиб кўринган мухолифат бизда бўлишига қарамай, ўнгга оғиш мойиллиги, миллатчилик кўринишлари ва миллий популизмга ўчлик бор. Ёки аксинча, кредитлар бўйича амнистия бериш сингари ғалати нарсаларни таклиф этаётган ўнглар ҳам учраб туради, ваҳолонки, булар соф социалистик ғоялар ҳисобланади ва ҳеч бир ўнгчи бундай қилишини ақлга сиғдириб бўлмайди. Кимнингдир қатъий ишончи бор ва ўнглар ғоясини аниқ тушунади. Яъниким, барчамиз қозоқ амбивалентлиги[1] – ишқилиб, қандай эканини аниқ билмайман – деб аталадиган платформадамиз. Бунинг маъноси шуки, биз ҳамма нарсага жуда тез мослашамиз.
Қисқа даврда бирор нарса ўзгариб кетишига ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, истиқболда эса албатта ўзгаради, деб ўйлайман.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Амбивалентлик (лотинча ambo — “қўш” ва valentia — “куч”) – бирор нарсага муносабатда гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оғиш (парчаланиш), айниқса, бирор нарсанинг одамда бир вақтда ўзаро зид ҳиссиётларни қўзғаши.