Хитойда Марказий Осиё қай тарзда ўрганилмоқда? Минтақага оид тадқиқотлар мустақил республикалар ташкил топишидан анча олдин бошланган эди.
Марказий Осиё минтақаси бўйича тадқиқотлар ўтказиш йўлида турган оёққа туриш, ютуқлар ва муаммолар босқичлари ХХР Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сун Чжуанчжининг “Хитойдаги Марказий Осиё тадқиқотларининг 70 йиллиги: ютуқлар ва муаммолар” деб номланган мақоласида (中国中亚研究70年:成就与问题)яққол кўрсатиб берилган.
Ушбу мақоланинг қисқартирилган таржимаси (рус тилида) CAAN нашрида эълон қилинган, қуйида унинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Халқаро сиёсатда “Марказий Осиё минтақаси” тушунчаси XIX асрда пайдо бўлган, бироқ унинг жуғрофий қамрови нисбатан дудмаллигича қолиб келмоқда. Совет даврида “Марказий Осиё” (Ўрта Осиё) маъмурий бўлинмаси 4 та республикани (Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ичига олар, улар қаторига Қозоғистон кирмас эди. 1991 йилдан бошлаб Марказий Осиё минтақанинг 5 та мамлакатини ўз ичига оладиган бўлди.
Шинжон мухтор туманига яқинлиги сабабли Хитойнинг минтақага оид тадқиқотлари нисбатан эрта бошланганига қарамай, Марказий Осиё бўйича чин маънодаги тизимли ва кенг қамровли илмий тадқиқотлар сўнгги 30 йилда ўтказилди.
Айрим Хитой тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари Марказий Осиё муаммоларини ўрганишга ихтисослашган институтлар ташкил қилди ва уларнинг нисбатан барқарор тадқиқотчилар гуруҳи мавжуд. Марказий Осиё ва ҳар бир мамлакатга бағишланган алоҳида тадқиқотлар тобора теранлашиб бормоқда, улар натижалари, асосан, барча соҳалар ва йўналашларни қамраб олмоқда.
Дастлабки босқич
1949 йилда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилгандан сўнг Совет-Хитой муносабатлари 10 йил давомида “асал ойи даври”ни бошидан кечирди. Хитойнинг Совет Иттифоқига нисбатан ички пропагандаси – тарғиботи ва турли соҳалардаги мулоқотлари нисбатан қалин бўлди. Кейинчалик ушбу муносабатлар ёмонлашиб, икки томон ўртасидаги чегара ҳудудида рўй берган танглик сабаб узилиб қолди. Ўша пайтда Совет Иттифоқига оид ички тадқиқотлар тизимли йўлга қўйилмаган эди. Бундай аҳвол ислоҳот ва очиқлик даврига қадар сақланиб қолди.
1980-йилларга келиб, Совет-Хитой муносабатлари илиқлашуви муносабати билан хитойлик олимлар шўролар тарихи, этник масалалар ва иқтисодий муаммолар, жумладан, Хитойга ёндош минтақалардаги асосий шароитларни ўрганишга кўпроқ аҳамият бера бошлади.
Шинжон ижтимоий фанлар академиясининг 1980 йилда асос солинган Марказий Осиё институти жуда салмоқли ўринга эга. Унинг таркибида минтақа тарихи, маданияти, миллий тили ва бошқалар бўйича бир қанча экспертлар бор. Институтда Марказий Осиё бўйича “Марказий Осиёнинг совет тадқиқотлари” деган илк даврий нашр чоп қилиниб тарқатилган эди; 1983 йилда нашрнинг номи “Марказий Осиё тадқиқот материаллари” деб ўзгартирилди, 1986 йили эса “Марказий Осиё тадқиқотлари” деб яна бир марта ўзгартирилди, уни чоп қилиш 1998 йилда тўхтаб қолди. Нашрнинг Марказий Осиё минтақавий сиёсатига оид 60 та сони чоп этилди. Гарчи уларнинг аксарияти Шинжонга бағишланган бўлса-да, Марказий Осиёни ўрганиш учун асос бўлиб ҳам хизмат қилади. Марказий Осиё мамлакатлари 1991 йилда мустақилликни қўлга киритиши биланоқ Шинжон ижтимоий фанлар академиясининг Марказий Осиё институти ўша йиғилган маълумотларга таянган ҳолда, “Марказий Осиёдаги тўртта мамлакатнинг умумий аҳволи” ва “Қозоғистон Республикасининг умумий аҳволи” китобларини, кейинчалик эса 2 та китобни бирлаштириб, “Марказий Осиёнинг бешта мамлакатига умумий назар” номи билан чоп қилди. Унга ўша пайтда институт директори бўлган тадқиқот Ван Пей бош муҳаррирлик қилган эди.
1980-йилларда Хитой ижтимоий фанлар академияси, кўплаб коллежлар ва университетлар Совет Иттифоқи муаммоларини фаол ўрганган эди. Улар орасида тарих ва этник мансубликни, шунингдек, Марказий Осиёга ҳам тааллуқли бўлган иқтисодий ва савдо-сотиқ масалаларини ўрганиш бор эди, лекин улар тадқиқотчиларнинг диққат марказида турган эди, деб айтиш қийин. Фақат Марказий Осиё мамлакатлари 1991 йилда мутақилликка эришгандан сўнг хитойлик олимлар ушбу минтақани халқаро муаммолар нуқтаи назаридан ўрганишга киришди. Шу пайтдан бошлаб илмий мақолалар ва монографиялар чоп қилина, семинарлар ўтказила бошлади ҳамда Хитойда аста-секин Марказий Осиё бўйича нуфузли эспертлар гуруҳи пайдо бўлди.
1992 йилда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Совет ва Шарқий Европа институти Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти деб ўзгартирилгандан сўнг ташкил этилган Марказий Осиё тадқиқотлари маркази шундай обрўли тузилмалардан бирига айланди.
1990-йилларда Марказий Осиёни тадқиқ қилиш нисбатан юқори даражага кўтарилди. Бу Совет Иттифоқи муаммоларини ўрганиш ва дастлабки босқичда кўплаб экспертларнинг рус тилини билиши билан боғлиқ эди. Марказий Осиё бўйича энг биринчи мутахассислар, асосан, Совет Иттифоқининг муайян соҳаси бўйича шуғуланиб келган олимлар эди. Улар Марказий Осиёда янги мамлакатлар пайдо бўлганини ва уларнинг вужудга келишини турли нуқтаи назарлардан талқин қилар эди. Тез орада Марказий Осиё бағишланган монографиялар туркуми эълон қилинди, чоп этилган илмий мақолаларнинг қамрови жуда кенг бўлди. Ҳужжатлар сифатида, асосан, Россияда чоп қилинаётган материаллар, жумладан, Марказий Осиёдаги рус тилидаги газеталар ва даврий нашрлар, шунингдек, рус олимларининг асарларидан фойдаланилар эди. Ўша пайтда илмий доиралар асосий эътиборини Марказий Осиё мамлакатларидаги вазият ривожига қаратган ва ҳар томонлама тадқиқотлар ўтказиб, ўқувчиларни Марказий Осиё мамлакатларининг миллий шароити ва тарихи билан таништириш учун бир қанча монографиялар чоп қилган эди. Албатта, ушбу тадқиқотлар натижалари жамиятнинг барча қатламларига мансуб кишиларга Марказий Осиёни тушуниш ва у билан танишиш имконини бериш баробарида Хитой таҳлилшунослигида Марказий Осиё муаммоларини ўрганиш учун таянч фанлар асосини ҳам яратиб берди.
Тадқиқотлар ҳақидаги дастлабки мақолалар ва ҳисоботларда вазият таҳлили, жумладан, минтақавий ва миллий вазият, сиёсий ва иқтисодий воқеаларга умумий кўзқараш бор эди. Уларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатларининг бир тузумдан бошқасига ўтиш даври мобайнида юз берган зиддиятлар ва муаммолар, Марказий Осиёдаги этник муаммоларни тушуниш ҳақида эди. Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар алоҳида олиб қаралган. Ўша даврда Шинжон олимларини, асосан, Марказий Осиёдаги “панисломий ва пантуркий” масалалар хавотирга солаётган эди.
Марказий Осиёга оид тадқиқотлар чуқурлашиб боргани сари тадқиқот объектлари шартли тарзда икки тоифага бўлинди: минтақалар ва мамлакатлар. Биринчи тоифага кўра, Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати умумий тарзда кўриб чиқилади ҳамда бутун минтақанинг ривожланиш тамойиллари, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ва ташқи алоқаларга эътибор қаратилади. Иккинчи тоифада муайян мамлакатлар учун Хитойнинг сиёсати ва турли соҳалардаги ҳолати таҳлил қилинади. Марказий Осиё тадқиқотлари моҳият нуқтаи назаридан, асосан, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, ташқи сиёсат, гуманитар фанлар ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
Илмий-тадқиқот институтлари ва кўплаб университетлар ҳам фан соҳаларини белгилаб олиш ва истеъдодлиларни ўқитишга эътибор қарата бошлади. Масалан, Хитой ижтимоий фанлар академияси Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтининг Марказий Осиё бўлими (кейинчалик Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти – РШЕМОИ деб ўзгартирилди) дастлаб ўқув фанларининг “мақсадли бошқарув” бўлинмаси сифатида ташкил этилган эди.
Шинжон ижтимоий фанлар академиясининг Марказий Осиё тадқиқотлари ушбу илм даргоҳининг 4 та асосий йўналишидан бирига айланди. Марказий Осиё муаммоларини тадқиқ қилишда машҳур олимлар иштирок этди.
1990-йилларда Хитой ижтимоий фанлар академияси, Ланчжоу университети ва Миллатлар масалаларини ўрганувчи марказий университет Марказий Осиё муаммолари бўйича докторантлар ва магистрантларни тайёрлашга киришди. Марказий Осиё бўйича кўп сонли диссертациялар ҳам Марказий Осиё бўйича илмнинг янги асрда ушбу минтақа учун муаммоли бўлган заиф жойларини тўлдира бошлади.
Марказий Осиё тадқиқотларининг чуқурлашуви ва олға силжиши
Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстона муносабатлар ҳукм сураётган пайтда янги асрга қадам қўйган Марказий Осиё тадқиқотлари чуқурлашишда давом этди ва тадқиқотларнинг барча жиҳатлари ижобий натижалар бера бошлади. Обрўли тадқиқот институтлари бир қанча илмий ишлар ва маълумотномалар эълон қилиб, ўз жамоаларининг кучли тарафларини намойиш этди. Шу тариқа тадқиқотларнинг умумий даражаси ошганини акс эттирувчи кўплаб репрезентатив – тамсилий натижалар пайдо бўлди.
Хитойлик олимлар таъкидлашича, бошланғич тараққиёт нуқтаси ва маданий анъаналари ўхшаш бўлган Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати орадан ўтган неча ўн йиллик мустақиллик даврида бир-биридан узоқлашди. Алоҳида миллий ўзига хосликлар тобора кўпроқ индивидуаллашди, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий шароитларда тафовутлар вужудга келди. Дипломатия ва хавфсизлик масалалари билан бир қаторда аста-секин ижтимоий, иқтисодий ва демографик сиёсатни ўрганиш даражаси ошди, яна турли мамлакатларнинг сиёсий тизими, жумладан, президентлик ва парламент бошқаруви тизимларининг солиштирма тадқиқотлари ўтказилди. Шу тариқа, Марказий Осиё мамлакатларида улар мустақилликка эришгандан сўнг ўтказилган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга оид ўз хулосаларимизни теранроқ даражада чиқаришимиз мумкин.
2001 йилда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилиши олимларга минтақадаги вазият билан боғлиқ ўзгаришлар ҳамда Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконини берди.
2011 йилдан сўнг Хитой олимлари Марказий Осиё муаммоларини ҳар томонлама тадқиқ қилишга ўтди. Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар мустаҳкамланаётгани ва ўзаро сафарлар кўпайиб бораётгани учун кўплаб ёндашувлар текшириб кўрилиши мумкин, шу йўл билан Марказий Осиёга нисбатан қарашлар ҳаққоний бўлишига эришилади.
2013 йилда Қозоғистонда Хитой президенти Си Цзинпиннинг “Ипак йўли иқтисодий камарини яратиш” бўйича ташаббуси эълон қилингандан сўнг Хитойда “Макон ва йўл” борасидаги тадқиқотлар шиддати кўп жиҳатдан Марказий Осиё муаммоларини ўрганишга эш бўлди ва тадқиқотлар истиқболини бойитди. Турли тадқиқот институтлари ва университетларнинг инвестициялари, олиймақом форумлар ва семинарлар сони ортди. Уларда қатнашишга Марказий Осиё бўйича машҳур таҳлил марказлари экспертлари таклиф этилмоқда, уларда тадқиқот соҳасидаги ютуқларини тақдим этмоқда. Айни пайтда тадқиқот усулларини ранг-баранглаштириш, тармоқ ахбороти тадқиқотчиларга биринчи қўлдан чет тилларда ахборот олиш, шу йўл билан тадқиқотларга кетадиган вақтни қисқартириш ва натижалар қамровини кенгайтириш имконини бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2001 йилдан бери Марказий Осиё бўйича минтақадаги тадқиқот натижаларининг профессионал даражасини акс эттирувчи мавзули ва долзарб масалалар юзасидан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бормоқда. Масалан, сиёсий вазият тадқиқотларига бағишланган илмий ишларда Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатидаги сиёсий тараққиёт ва институционал ўзгаришларга оид тавсифномалар ўзаро таққосланиб, тизимлаштирилмоқда. Қайд этилишича, “Назорат остидаги демократлаштириш Марказий Осиёнинг муайян тарихий шароитларида шаклланаётган демократлаштириш йўлидир, унинг оёққа туриши ва ривожланишини Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва халқаро унсурларидан ажратиб бўлмайди”. Айрим хитойлик олимлар фикрича, “Марказий Осиё мамлакатларида сиёсий демократия масаласи зиддиятли назарий масала бўлиши билан бирга мураккаб ва долзарб масала ҳамдир. Яна олимлар Марказий Осиёнинг 5 та давлати ўртасида сиёсий тафовутлар борлигини ҳам таъкидлайди: “Марказий Осиёдаги 5 та мамлакатнинг сиёсий тизимлари ўртасида узилиш пайдо бўлди. Уларнинг айримлари вазият босими билан боғлиқ, бошқалари эса олдиндан режалаштирилган эди”. Хитойнинг Миллий билимлар базасидаги Марказий Осиёнинг сиёсий масалалар, этник ва диний зиддиятлар бўйича 1991 йилдан 2017 йилгача бўлган адабиётлар рўйхатидан журналлардаги 256 та илмий мақола, шунингдек, магистрлик ва докторлик диссертацияларини топиш мумкин, уларнинг аксарияти 2001 йилдан сўнг эълон қилинган.
Марказий Осиё тадқиқотларига қизиқиш минтақадаги вазият ўзгариши билан бевосита боғлиқ.
Биринчидан, 1990-йиллар охирида экстремизм ва терроризмнинг Марказий Осиёга таъсири Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви ва “Толибон” ҳаракатининг майдонга чиқиши билан бевосита боғлиқ бўлган эди. Ўша даврда тадқиқот натижалари Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларини ўрганишга йўналтирилди. Хитойлик тадқиқотчилар таъкидлашича, геосиёсий ўзгаришлар сабаб Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатида миллий масала трансмиллий характерга эга бўлиб қолди. Этник ва диний омилларни омухта қилиш, ултрамиллатчилик ғоясига хизмат қилиш учун диндан фойдаланиш этник муносабатларга таъсир кўрсатувчи омил бўлади ҳамда миллий иқтисодий тикланишни чеклайди ва минтақавий хавфсизликка таҳдид қилади. Яна исломий “Озодлик партияси”нинг минтақага кириб келиши ва Марказий Осиёдаги террорчилик фаолиятининг халқаро контексти сингари ташқи омиллар ҳам чуқур ўрганилди.
Иккинчидан, 2005 йилда Қирғизистонда рўй берган “рангли инқилоб” олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Тадқиқотчилар Қирғизистондаги ғалаёнларни Грузия билан Украинадаги режимлар алмашуви билан таққослади, унинг сабаблари, жараёни ва оқибатларини таҳлил қилди, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги хулоса ва мулоҳазаларини билдирди. Ўша даврда кўплаб хитойлик олимлар Марказий Осиёдаги “авторитар сиёсат”нинг институционал нуқсонларини, шунингдек, бундай сиёсатнинг сиёсий ва ижтимоий хатарларини ўргана бошлади. Айрим олимлар қайд этишича, авторитаризм Марказий Осиё мамлакатларида ўтиш даврида шаклланган демократик модель бўлган. Қолоқ ва барқарор иқтисодий шароитлар, миллатчиликнинг авж олиши, элиталарнинг қонунийлиги мавжудлиги, анъанавий сиёсий маданият мероси, фуқаролик жамияти заифлиги ва демократик институтларнинг қаттиқ чекловлари Марказий Осиё мамлакатларида демократик ўзгаришлар тараққиёти йўлига тўғаноқ бўлиб турибди, айни чоқда барча мамлакатлардаги “авторитар сиёсат”нинг ўзига хос белгилари барчага маълум. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, айрим мамлакатлардаги улкан воқеалар катта қизиқиш уйғотди ва Марказий Осиёни ўрганишга ёрдам берди.
Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб тайёрланган тадқиқотлар эришилган натижаларни умумлаштириш ва таҳлил қилишга йўналтирилган эди. Улар жуда кўп соҳаларни қамраб олади ва юксак тадқиқот қийматига эга.
Тўртинчидан, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларига бағишланган илмий ишларда йирик давлатларнинг минтақадаги ўйинлари ҳам тадқиқ қилинган. Йирик давлатларнинг Марказий Осиёдаги ўйинлари ҳам тадқиқотларнинг долзарб мавзусидир.
“Ипак йўлининг иқтисодий камари” ташаббуси илгари сурилгандан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди. Олимлар яна Марказий Осиёнинг “Макон ва йўл” қурилишига қўшаётган ноёб ҳиссасини ҳар томонлама муҳокама қилмоқда.
Марказий Осиё бўйича тадқиқотчилар Хитойда дуч келаётган муаммолар ва қийинчиликлар
Муаллиф таъкидлаётганидай, Марказий Осиё тадқиқотлари Хитойда ҳам, чет элларда ҳам ривожланаётган илм йўналишидир. Қисқа вақт мобайнида анча-мунча олға силжишга эришилди, тадқиқотлар барқарорлигини таъминлаш йўлида кўп тер тўкилди. Масалан, Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази тадқиқотчилари тайёрлаган “Марказий Осиё мамлакатлари тараққиёти хусусидаги ҳисобот”ни олайлик, у 2011 йилдан бери ҳар йили чоп этилиб келмоқда. Айни ҳисоботда Марказий Осиё мамлакатлари ривожланиши натижалари ҳаққоний ёритилмоқда. Бироқ кўпинча материал йиғиш жараёнида қийинчиликлар туғилмоқда ва экспертларни танлаш имконияти чекланган. Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатида вазият тез ривожланиб ва ўзгариб бораётгани ва мамлакатдаги тадқиқот базаси нисбатан заифлиги сабабли, умуман олганда, халқаро сиёсат соҳасида Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш муҳим тадқиқот йўналиши ҳисобланмайди. Тадқиқот натижалари ҳам, тадқиқот гуруҳлари миқёси ҳам ҳали ривожланишни тақозо қилади. “Ҳозирги вақтда Марказий Осиёга дахлдор кўплаб масалалар тадқиқ қилиш учун етарли даражада теран ва асосли эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё муаммоларини ўрганаётган хитойлик олимлар миқёси кенгроқ долзарб воқеалар таъсири сабабли аксарият ҳолларда каттароқ муаммолар таҳлилига қўл урмоқда, шунинг учун у ёки бу масалани синчиклаб ўрганиш ҳоллари камайиб бормоқда”. Айни контекстда Марказий Осиё муаммоларии ўрганишнинг илмий тузилмасини ва тадқиқотлар йўналишини тегишли тартибда тузатиш зарур бўлади.
Биринчидан, муаллиф фикрича, тадқиқотларнинг мазмуни нисбатан бир хил. Олимлар Марказий Осиёдаги сиёсий масалалар, хавфсизлик ва дипломатия масалаларига, айниқса, Хитой билан муносабатларга ҳамда Марказий Осиёда йирик давлатларнинг рақобати ва ҳамкорлигига кўпроқ эътибор қаратган. Марказий Осиё мамлакатларида эълон қилинаётган маълумотлар тўлиқ бўлмагани учун, шунингдек, жойига чиқиб, тадқиқот ўтказиш ва маълумот йиғиш билан боғлиқ қийинчиликлар борлиги сабабли ижтимоий, иқтисодий тараққиёт ва тарихий-маданий анъаналар сингари чуқур илдиз отган масалаларга кам эътибор қаратилмоқда.
Иккинчидан, Марказий Осиё тадқиқотлари илм тизимини тузишда нисбатан бўйсунувчи ҳолатга эга. Марказий Осиё ташқи кучларнинг қаттиқ таъсирида экани сабабли, йирик давлатлар омили шундай кўзга ташланиб туради. Марказий Осиё Россия билан қалин алоқаларга эга. Россиялик тадқиқотчилар, олимлар ва ОАВ Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида жуда кўп миқдордаги ахборотга эга. Хитойлик олимлар Россия манбалари ва материалларига тез-тез мурожаат қилишига тўғри келмоқда. Марказий Осиёни ўрганаётган кўплаб олимлар Россия муаммоларига эътибор қаратади. Айрим ёш тадқиқотчилар ва мутахассислар Марказий Осиё масалаларини тадқиқ қилаётганда инглиз тилидаги манбаларга мурожаат қилади, шу тариқа Ғарб тадқиқотчиларининг чалғитувчи ахборотини олади.
Учинчидан, Марказий Осиё айрим мамлакатлари, айниқса, Туркманистон ёпиқлигича қолмоқда. Марказий Осиёнинг турли мамлакатларидаги тадқиқотлар натижа бераётганига қарамай, тизимлилик ва теранлик етарли эмаслиги муаммоси ҳамон сақланиб қолмоқда. Айрим давлатларни тадқиқ қилиш, асосан, Марказий Осиёнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон сингари йирик давлатларини ўрганишга йўналтирилган. Айрим тадқиқотлар назарий характерга эга. Гарчи муаммолар тилга олинса-да, улар теран ва ҳар томонлама тадқиқ қилинмайди. Қирғизистондаги сиёсий вазият ўзгаришларини тадқиқ қилаётган айрим олимлар ушбу мамлакатдаги муаммолар илдизи анъанавий трайбализм (жамиятларнинг ўз қабиласи, этноси, гуруҳининг алоҳида, устун аҳамияти, унинг ўтмиш ва ҳозирги кундаги устувор роли ҳақидаги тасаввурга асосланган, одатда бошқа гуруҳларга душманлик билан йўғрилган ижтимоий-сиёсий тузум шакли) сиёсий маданиятига бориб тақалишини тахмин қилган эди. Ушбу нуқтаи назар янги, бироқ аслида муаммони жўнлаштиришдан бошқа нарса эмас. Бундан ташқари, айрим олимлар давлат бошқарувининг парламент тизими айни тарихий муаммони ҳал этишда ёрдам бериши мумкин деб ҳисоблайди, бироқ аслида Қирғизистонда сиёсий кучларнинг тинч-тотув яшашига эришиш қийин бўлади. Ўзбекистонда ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчисига ўтиши ва Қозоғистонда Назарбоев сиёсий ислоҳотлари хусусидаги фикрларнинг тўлиқ бўлмагани тадқиқотларнинг дипломатия амалиётига мослаша олмаётганидан далолат беради. Марказий Осиё айрим мамлакатларини тадқиқ қилишдаги биринчи навбатда ҳал этилиши зарур бўлган муаммо Марказий Осиёдаги асосий халқлар тилини биладиган тадқиқотчи ва олимлар бармоқ билан санарли эканидир. Бу янги материаллардан фойдаланишда чекловларга сабаб бўлмоқда. Марказий Осиё мамлакатларида рус тилида чоп этилаётган материаллар камайиб кетаётгани уларни биринчи манбалардан олишни тобора қийинлаштириб юбормоқда.
Тўртинчидан, тадқиқот усулларида инновация йўқ. Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатларини тадқиқ қилиш жараёнида адабиётларни тадқиқ қилишнинг анъанавий ва асосий эътиборни сифатга қаратиш усулидан фойдаланилмоқда, миқдор таҳлили йўқ, шу тариқа етук назарий базанинг шаклланиш жараёни мураккаблашиб кетди. Айрим ёш хитойлик олимлар, масалан, Ғарб сиёсий тадқиқотларига таяниб, иқтисодиёт, социология, ўйин назарияси ва бошқаларни далил қилиб кўрсатиб, концепцияларни олға суриш учун тадқиқотларнинг янги усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, бироқ буни Марказий Осиё мамлакатларидаги муайян вазият билан тасдиқлаш мушкул.
Бешинчидан, мутахассислар сони ўсиши нисбатан суст кечмоқда. Марказий Осиё масалалари бўйича ёш хитойлик олимлар резерви унчалик кўп эмас. Ҳали ҳам 1990-йилларда ном қозонган экспертлар Марказий Осиё мамлакатлари бўйича етакчи тадқиқотчилар бўлиб турибди. Уларнинг ёши улғайиб қолди, мамлакат ва чет элларда эътироф этилган ёш олимлар сони жуда кам. Шу билан бирга, ёш мутахассисларнинг ўзига яраша камчиликлари ва устун жиҳатлари бор. Масалан, айрим тадқиқотчиларга Марказий Осиё мамлакатларида ўқиш тажрибаси етишмайди. Бугунги кунда кўплаб университетлар ва ўқув муассасалаларида Марказий Осиёни ўрганиш учун нисбатан яхши тадқиқот гуруҳини шакллантириш анча мураккаб иш. Четдан ёрдам олиб ишламайдиган тадқиқотчилар кўп учрайди. Бундан ташқари, ички ҳамкорлик қилишга мўлжалланган платформалар сони оз. Гарчи Марказий Осиёда турли семинарлар кўп ўтказилаётган бўлса-да, турли омиллар таъсири сабаб биргаликдаги тадқиқотларни самара берадиган қилиб ўтказиш жуда қийин.
Марказий Осиё муаммоларини тадқиқ қилиш истиқболлари ва йўналишлари
Сўнгги йилларда Хитой университетлари қошида минтақавий ва давлатлараро марказлар ташкил этилиб, уларга Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш ҳам киритилмоқда. Бундан халқаро масалалар бўйича яхши тадқиқот базасига ва чет тилларни ўқитишнинг узоқ анъанасига эга университетлар манфаатдордир. Улар Таълим вазирлиги ва вилоятлар ҳокимиятидан жиддий кўмак олмоқда. Умуман олганда, жамият ва илмий доиралар, ўтган йиллардаги вазият билан солиштирганда, Марказий Осиё муаммоларини ўрганишдан кўпроқ манфаатдор бўлмоқда.
Яъниким, бугунги кунга келиб, Марказий Осиё тадқиқотлари “гуллаб-яшнаш” даврига кирди, деб айтиш мумкин – уларнинг қамрови кенгайди ҳамда бошқа долзарб халқаро сиёсий муаммоларга кўпроқ интеграциялашуви билан ажралиб туради.
Бироқ мақола муаллифи қайд этишича, қуйидаги даражаларда бундан буён ҳам кенгайтириш ва ривожлантириш зарур:
Биринчидан, Марказий Осиёни глобал ва халқаро нуқтаи назарлардан ўрганиш. Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиши дунёдаги вазият билан тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қолди. Хитой раҳбари олға сурган “Макон ва йўл” ташаббуси Марказий Осиёнинг Евроосиё қитъасидаги муҳим транспорт тугуни сифатидаги мақомини яна бир карра эсга солди. Йирик давлатлар Марказий Осиё минтақасига алоҳида стратегик аҳамият бермоқда, чунки кўплаб “транспорт йўлаклари режалари” ушбу минтақа билан боғлиқ. Хитойлик олимлар “Макон ва йўл” қурилиши имкониятлари ва дуч келаётган муаммоларини ўрганиб чиқмоқда, шу маънода Марказий Осиё кўплаб масалаларда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. “Доимий тарзда янги омил пайдо бўлмоқда, у Марказий Осиё мамлакатларида хавфсизлик соҳасидаги тамойилларга қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин – Ипак йўли иқтисодий камари қурилиши билан Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш стратегияси, шунингдек, ундан олинадиган фойда минтақа мамлакатлари сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини сақлаб қолиш учун муҳимдир”. Йирик давлатларнинг муносабатлари, халқаро майдондаги ўзгаришлар ва ҳатто глобал бошқарувнинг яхшиланиши ва тамаддунлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш сингари масалаларни ўрганиш чоғида Марказий Осиёнинг ноёб аҳамиятини эсдан чиқариб бўлмайди.
Иккинчидан, минтақавий ва давлатлараро муносабатлар истиқболи контекстидаги Марказий Осиё масаласи. Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимият алмашуви даврига қадам қўйгани сари сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар сабаб вужудга келадиган муаммолар ва зиддиятлар тобора ортиб боради ҳамда Марказий Осиё бўйича кўплаб экспертлар айни масалани чуқур ўрганмоқда ва таҳлил қилмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидаги ўтиш даври ҳали-ҳамон тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Қуйидагилар ушбу босқичнинг асосий белгилари ҳисобланади:
- сиёсий тузилма барқарорликка интилади, партиялараро кураш, этник можаролар ва хулқ-атворнинг кескин кўринишлари маълум даражада тийиб турилади;
- миллатчилик асосий мафкуравий мейнстримга (асосий йўналиш) айланиб қолди, на Ғарбнинг демократлаштируви ва ни исломнинг сиёсийлашуви бунга таъсир кўрсата олмади;
- давлат бошқарувининг парламент тизими ва партия тизимини иқтидордаги ҳокимият “тартибга солиб туради”, кучли президент бошқаруви тизими ўрнатилган.
“Марказий Осиёнинг келгуси барқарорлиги шартли ва чекланган бўлади. Марказий Осиёдаги барқарорликни қўллаб-қувватловчи омилларнинг ўзида ҳам беқарорлик унсурлари мавжуд. Мабодо вазият нотўғри ҳал этилса ёки кутилмаган ўзгаришлар рўй берса, беқарор омиллар тобора кўпроқ кўзга ташланиши ва шу тариқа Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солиши мумкин… Марказий Осиёдаги симметрик бўлмаган сиёсий ва иқтисодий ўтиш трансформация жараёнига ҳам таъсир кўрсатди. Ҳокимият ва демократиянинг иккиланган роли иқтисодий ўтишни дилеммага рўпара қилмоқда ва Марказий Осиё трансформацияси узоқ муддатли жараён бўлишга маҳкум”.
Учинчидан, Марказий Осиё муаммоларини маданият нуқтаи назаридан ўрганиш. Маданиятининг ўзига хослиги Марказий Осиё 5 та мамлакати тараққиёти йўналишини белгилаб беради. Айрим олимлар фикрича, Марказий Осиёнинг мўртлик, ўзгарувчанлик, бўлиниш ва узилиш, истибдод ва ҳокимиятни ўзига бўйсундириш билан изоҳланувчи сиёсий ва маданий анъаналари турли мамлакатлардаги сиёсат, иқтисодиёт ва жамият соҳасидаги ўзгаришларга таъсир кўрсатувчи асосий омилларга айланди… Марказий Осиё мамлакатлари мустақиликка эришгандан сўнг минтақанинг глобал миқёсдаги стратегик мақоми орта борди ва у тобора кўпроқ турли глобал маданий кучларнинг рақобати марказига айланди. Ислом дини, Ғарб ва Хитой таъсирида Марказий Осиё глобал маданий кучлар таъсири остидаги бўшлиқ ҳудудидан турли маданиятлар ўзаро қоришиб кетган минтақага дўнди. Турли маданий кучлар Марказий Осиёда мусобақалашиш, ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини мувозанатда тутиб туришни давом эттиради”.
Тўртинчидан, Хитой билан Марказий Осиё муносабатлари ривожланишини тадқиқ этиш истиқболлари. Марказий Осиё Хитойнинг яқин қўшнисидир, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар барча даражаларда амалга оширилмоқда. Лекин яна Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти сингари ўрганишни талаб қиладиган масалалар бор, чунки Марказий Осиё ушбу ташкилотда кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий минтақаси ҳисобланади. Хитой минтақада ҳаётга татбиқ этилаётган бир қатор дипломатия концепцияларини илгари сурган эди. Қўшни мамлакатларга нисбатан яқинлик, самимият ва очиқликка асосланган яхши қўшничилик сиёсати ёки янги турдаги халқаро муносабатларни бирга барпо қилиш соҳаси бўлишидан қатъий назар, назарий тадқиқотларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда барча йўналишларда оқилона танлов йўлини таклиф этиш зарур.
Бешинчидан, Марказий Осиё муаммоларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ўрганиш. Марказий Осиё экстремизм ва терроризм урчиши учун “энг заиф ҳудуд” ҳисобланади, ушбу минтақадаги ноанъанавий хавфсизликнинг таъсирини тадқиқ қилиш асосий йўналиш ҳисобланади. Марказий Осиёда “Ислом давлати” аъзоларини ёллаш ва экстремистик ғояларнинг тарқалиши минтақадаги ижтимоий зиддиятлар ривожланишининг катализатори бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари қонунларини такомиллаштириш, ижтимоий бошқарувни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, анъанавий маданиятни олға суриш, оммавий ахборот воситалари сифатини ошириш ва ишонч телефонларини ишга тушириш орқали экстремизмнинг реал таҳдидларига қарши чоралар кўрмоқда. 2013 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги вазиятга таъсир кўрсатувчи етакчи омиллар заифлаштирилгани ёки ҳал этилгани йўқ. Аксинча, улар минтақадаги нисбатан осойишта вазиятда кўзга ташланмай, тўпланишда давом этмоқда. Бу Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш даврида вужудга келадиган бошбошдоқ сиёсий вазият ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга қўшилиб, Марказий Осиёдаги вазиятни янада мўрт қилиб қўйиши мумкин. Марказий Осиё хавфсизлиги келажаги мавҳумотга тўла. Айни пайтда минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақола муаллифи хулоса қилиб шуни таъкидлайдики, Хитойнинг Марказий Осиё тадқиқотлари бундан буён ҳам сифатлироқ натижаларга эришилган ҳолда ривожланиб боради. Ушбу тадқиқотлар Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик шериклигига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, “Макон ва йўл” ташаббуси контекстида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун интеллектуал жиҳатдан кўмак беради. Кўпроқ ёш тадқиқотчилар келиб қўшилиши, шунингдек, тадқиқотларнинг инновацион усулларини жорий этиш билан келгусида илмий даража ва халқаро таъсир кўламини ошириш мумкин бўлади.