Сурат манбаси: gazeta.uz
Муаллиф: Фахриддин Низом (Фахриёр) – шоир, таржимон, публицист ва сценарист. Бир қанча шеърий тўпламлар муаллифи. Шеърлари рус, инглиз, хитой, уйғур, қозоқ, турк, озарбайжон, болгар, француз ва бошқа тилларга таржима қилиниб, турли тўпламларда чоп этилган. 2016 йилда ўзбек, рус ва француз тилларида иборат “L’Ombre Des Larmes” («Кўзёш сояси”) шеърий тўплами Францияда чоп этилган.
30 йилдан ошиқ вақт мобайнида миллий тил борасида юритилган сиёсат ҳолва деган билан оғиз чучимаслигини аниқ-равшан кўрсатиб берди. Давлат тили ҳақида қонун қабул қилингани билан унинг талабларини бузганлик учун жавобгарлик, яна уни ҳаётга жорий қиладиган механизм бўлмагани, янаям тўғрироғи, чала-чулпа механизм бир вақтлар амал қилгани ва у ҳам кейинчалик йўқ қилингани оқибатини бугун кўриб турибмиз – тил сиёсати борасида ташқи таъсирга боғлиқ бўлмаган ишларимиз ҳам ўлда-жўлда экан.
Булар барчаси давлат тили ҳақидаги қонун талаблари бажарилишини назорат қилувчи, тилимизга ҳар куни кириб келаётган ўнлаб, юзлаб атамалардан фойдаланишни тартибга солувчи механизм йўқлиги билан боғлиқ.
Бугунги куннинг энг катта бош оғриғи атамаларни тартибга солиш масаласидир, деб бемалол айтиш мумкин. Уларни ҳар ким ўз билганича ишлатиб ётибди. Масалан, “тамойил” сўзи аллақачон “принцип” сўзининг муқобили сифатида дарсликларга ҳам кириб кетди. Ваҳолонки, у “тенденция”, “тренд” сўзининг ўгирмасидир. Қандай қилиб, “мойиллик”ни англатувчи сўз “принцип”нинг муқобили бўлиши мумкин?
Ёки “фуқаро” сўзининг олайлик. Назаримда, “сиёсий ирода”ни бунақа хато атамаларни тиқиштиришга сарфламасдан, мутахассисларнинг фикрига қулоқ тутиб, мамлакат ва аҳолиси учун долзарб бўлиб турган муаммоларни ечишга йўналтириш кўпроқ фойда берган бўлур эди. Нега биз ҳам қардош халқлардан ўрнак олиб, “citizen” сўзини “азамат” (Қозоғистон), “ватандош” (Туркия, Озарбайжон) деб олмаймиз? Ҳатто араблар ҳам бизга “фуқаро” сўзини бериб, ўз ватандошларини مواطن (“муатин” – “ватандош”) деб атайди.
Яқинда бир таржима компаниясининг буюртмасини бажараётиб, “US Civil aviation” бирикмасини ўзимизда қабул қилинган тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, “АҚШ фуқаро авиацияси” деб таржима қилишга тўғри келди. “Фуқаро” сўзининг маъносидан яхши хабардор буюртмачи араб йигит бунга қаттиқ эътироз билдирди ва “civil” сўзининг “фуқаро”га қандай алоқаси борлигини билмай таажжубланди. Шунда мен ҳам бу атамага қарши эканимни, бироқ ўзбек тилида бу сўз “citizen”, “civil”, “civic”, сўзларининг таржимаси сифатида қабул қилинганини эшитиб, ҳайрон қолди.
Шунинг учун бунақа атамаларни қабул қилишда кабинетда ўтириб эмас, сал атрофга ҳам қараб, мутахассисларнинг фикри билан танишиб, кейин хулоса қилинса, ҳозиргидай кулгили ҳолга тушиб ўтирмас эдик.
Афсуски, тилимизда нотўғри ишлатилаётган бошқа атамалар жуда кўп. Айниқса, ахборот-коммуникация соҳасида бу яққол кўзга ташланади. Уларни тартибга солиш вақти аллақачон етган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилгани, унинг раҳбари ҳукумат амалдорларидан чет элларга чиққанда ҳам ўзбек тилида гапиришни талаб қилаётгани яхши. Лекин амалий иш-чи? Давлат тили ҳақидаги қонун ижросини назорат қиладиган, атамаларни тартибга соладиган, уларни саралаб олиб, барча давлат идоралари қўллаши учун мажбурий қилиб қўядиган механизм жорий этилдими? Бунақа механизмни яратиш учун қайтадан ғилдирак кашф этишнинг мутлақо кераги йўқ.
Туркия ва Исроил сингари мамлакатлар тажрибаси бунинг учун алоҳида институт ташкил этилиши зарурлигини ва у тил билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этиш устида иш олиб бориши, улар юзасидан ечимларни таклиф этиб, амалиётга татбиқ этилишини назорат қилиш билан шуғулланиши кераклигини кўрсатмоқда.
Масалан, Туркияда Турк тили уюшмаси 1932 йилда Мустафо Камол Отатурк ташаббуси билан ташкил этилган. Уюшма ҳозирги кунга қадар турк тили тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи расмий идора ҳисобланади. Ҳозирги кунда чет тиллардан кириб келаётган атамаларнинг туркча муқобилини топиб ишлатиш билан шуғулланади, бундан ташқари луғатлар чоп қилади.
Ёки Исроилнинг Иброний тили академиясини олайлик. У давлат муассасаси бўлиб, иврит – иброний тили, унинг тарихи ва ривожланишини ўрганади, шунингдек, ушбу тил бўйича меъёрлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Академия иброний тилини тартибга солувчи идора бўлиб, унинг грамматиик, лексик ва атамашунослик меъёрларини белгилаш, жумладан, янги сўзларни ишлаб чиқиш ва расман тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Академиянинг тил меъёрларига оид қарорлари давлат ҳужжатларининг расмий тўпламида чоп этилади ҳамда улар марказий давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари, давлатга қарашли ва илмий муассасалар, жумладан, телерадиоэшиттириш бошқармаси учун мажбурий ҳисобланади.
Бизда ҳам шундай тузилмага эҳтиёж бор.
Яна бир шошилинч ҳал этилиши керак бўлган масала давлат тили ҳақидаги қонун ижросини назорат қилиш механизмини яратишдир. Масалан, Францияда давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилинишини истеъмолчилар ташкилотлари назорат қилади. Назаримда, бизда ҳам бундай ваколатни жамоат ташкилотларига бериш ва буни давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририга киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хуллас, давлат тили ҳақида қонун қабул қилингандан бери ордан ўтган 30 йилдан кўпроқ вақт бу масалага чала-чулпа ёндашиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатди. Ўша қонунни янги таҳрирда қабул қилишда ўша хатоларга йўл қўймаслик зарур бўлади.