Манба: Foreign Policy, What to Expect in Biden’s First 100 Days in Foreign Policy, 2021 йил 19 январи (қисқартириб таржима қилинди)
Собиқ президент Доналд Трамп лавозимга киришганидан сўнг ўтган дастлабки 100 кунда президент Барак Обама меросининг асосий унсурларини бекор ва йўқ қилишга ва “Энг аввало Америка” платформасини илгари суришга қаратилган бир уюм фармонларга имзо чеккан эди. Бу ҳол узоқ йиллардан бери ташқи сиёсат борасида 2 та партия ўртасида сақланиб келган муроса мувозанатини бузиб юборди.
Кутилишича, АҚШнинг янги президенти Жо Байден миллий хавфсизликка бўлган кўплаб таҳдидларга қарши туриш мақсадида ушбу сиёсатни изига қайтаради. Ушбу таҳдидлар сирасига давом этаётган коронавирус пандемиясидан тортиб, АҚШ билан Хитой ўртасидаги муносабатлар таранглигининг кескинлашиб кетгани ҳамда ядро қуроли ишлаб чиқариш остонасида турган Эрон муаммоларигача киради.
Бироқ Сенатда Трампга иккинчи марта импичмент эълон қилиниши билан боғлиқ ички сиёсий масалалар Байденнинг қонунчилик борасидаги кун тартибини секинлаштириб қўйиши мумкин, ушбу кун тартибини президент маслаҳатчилари у ўз лавозимига киришганининг илк куниёқ олға сурмоқчи бўлган эди. Маслаҳатчилар президент Байден тез ва дадиллик билан иш кўрмоқчи эканини айтмоқда: “У икки йиллик вақт уфқи[1] ҳақида ўйлаётгани йўқ, у дастлабки бир неча ой ичида кўп иш қилишни муҳим деб билади”.
АҚШнинг собиқ юқори лавозимли расмий шахслари ва экспертлари фикрича, миллий хавфсизликка таҳдидлар ва партиялар ўртасидаги кескин келишмовчиликлар бирикуви янги маъмурият учун жиддий муаммо туғдирмоқда. Бироқ ташқи сиёсатда Байден зудлик билан иттифоқларни тиклашга ўтиши ва бутун дунёни Америка яна етакчиликни қўлга олишга тайёр эканига ишонтириши зарур. Экспертлар билдиришича, бошқа тарафдан, Байден Обама бошлаган ишни давом эттириш ўрнига АҚШнинг ташқи сиёсати нималарни англатишини яна бир карра ўйлаб кўриши зарур бўлади.
Умуман олганда, АҚШ янги президентининг ташқи сиёсат борасидаги кутилмаларини, турли экспертлар билдираётган мулоҳазаларга кўра, қуйидагича умумлаштириш мумкин.
Хитой – энг асосий муаммо
Трампнинг Хитойга нисбатан қаттиққўл ёндашуви Байден даврида ҳам сақланиб қолади, бироқ бу унчалик кўзга ташланмайди ва АҚШнинг иттифоқчилари билан яқиндан мувофиқлаштирилади. Яна бир муҳим муаммолардан бири Трамп маъмуриятининг АҚШ расмий шахслари билан уларнинг Тайвандаги ҳамкасблари ўртасидаги анча олдинги мулоқот чекловини бекор қилишга Пекиннинг жавоби бўлади, чунки Хитой Тайванни ўз ҳудудининг бир қисми деб билади. Яна энг аввало ҳал этилиши зарур бўлган вазифалардан бири Гонконгдаги инсон ҳақлари таъқиб қилиниши кучайиб бораётганига қандай муносабат билдирилиши бўлади. Маълумки, у ерда жорий ойда ўнлаб мухолифатчи қонун чиқарувчилар ва фаоллар ҳибсга олинди.
Трампдан Байденга Хитой билан савдо уруши мерос бўлиб қолди, янги президент ўтган йил декабрида New York Times газетасига берган интервьюсида тарифларни бекор қилиш бўйича ҳеч қандай шошилинч қадам қўймаслигини айтган эди. Трамп Хитой билан савдо-сотиқдаги тақчилликдан хавотирга тушган бўлса, Байден “ўрта синф учун ташқи сиёсат” ҳақида кўп гапириб, кўп ёзган эди. Унинг фикрича, бундай сиёсат иш ўринлари ва АҚШ саноатини интеллектуал мулк ўғирланишидан ҳимоя қилади. Байденнинг Хитойга нисбатан ташқи сиёсатини шакллантирадиган асосий арбоблардан бири Оқ уйнинг Ҳинд – Тинч океани минтақаси бўйича мувофиқлаштирувчи этиб тайинланган Курт Кэмпбелл бўлади.
Бироқ АҚШнинг айрим собиқ расмий шахслари сўнгги воқеалар Америка обрўсига ҳам иттифоқчилари, ҳам рақиблари наздида ювган билан кетмайдиган доғ бўлиб тушганини, айни ҳол АҚШ билан Хитой рақобатини кескинлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
– Байден бизни Обама даври воқелигига қайтариши умуман эришиб бўлмайдиган ҳолатдир, – дейди собиқ профессионал дипломат ва Обама маъмурияти вақтида Оқ уйда глобал ҳамкорлик бўйича директор бўлиб ишлаган Бретт Бруен. – Ўсиб бораётган таҳдидлар ва Хитойнинг ривожланишини тийиб туришга умид қилаётган Америка дипломатияси тўғонидан Трамп президентлиги давридаги ларзалар ва 6 январь воқеалари сабаб сув сизиб чиқиши давом этмоқда.
Россия билан муносабатлар “қайта юкланмайди”
Трампнинг россиялик ҳамкасбига тушунарсиз хайрихоҳлиги борлигига қарамай, унинг маъмурияти Москвани изоляция қилишга, у сайловларга, нотўғри ахборот тарқатиш кампанияларига ва Украинада давом этаётган урушга аралашгани учун иқтисодий санкцияларни кучайтиришга қаратилган агрессив сиёсат юргизиб келди. Байден бундан буён ҳам Москвага нисбатан қаттиқ позицияда туриши кутилмоқда – буни Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик хизматидаги муҳим лавозимларни мос равишда эгаллайдиган Виктория Нуланд ва Андреа Кендалл-Тейлор сингари “қарчиғайлар”нинг келиши ҳам тасдиқлайди.
– Ушбу масалада Байден маъмурияти бирор қийинчиликка дуч келади, деб ўйламайман, – дейди Жорж Буш маъмуриятида давлат котибининг Европа ва Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган собиқ дипломат Дэниел Фрид.
Байден миллий хавфсизликка Россия билан боғлиқ дастлабки таҳдидларга оид муаммоларнинг катта рўйхатини мерос қилиб олади. Байден инаугурациясидан сўнг икки ҳафта ўтгач, Россия билан Стратегик ҳужум қуроллари (СҲҚ) ҳақидаги янги шартноманинг амал қилиш муддати тугайди. Байден ҳам, Россия ҳам шартномани узайтиришга тайёр эканини изҳор қилди. Бошқа муаммолар қаторига россиялик ҳакерларнинг камида 20 дан ортиқ АҚШ федерал агентлиги вебсайтларини бузиб киришига жавоб қайтариш; Вашингтон лойиҳани бекор қилишга жон-жаҳди билан тиришаётганига қарамай, Россияни Германия билан туташтирадиган ва тез орада якунланиши кутилаётган “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилиши; шунингдек, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва ҳибсга олиниши киради.
Эрон билан эски музокараларга қайтиш
Трамп Обама даврида Эрон билан ядро қуроли бўйича эришилган келишувни бекор қилиш тўғрисидаги ваъдасини бажарганидай, Байден ҳам Теҳрон билан дипломатияга қайтишга ваъда берди. Бироқ ўша эришилган келишув тақдири барбод бўлаётгани, Эрон эса ядро қуроли яратиш дастурини тиклаш устида иш олиб бораётгани ҳисобга олинса, ишни Обама тўхтаган жойдан давом эттириш худди шартномани тиклаш сингари осон бўлмайди.
Трамп маъмурияти яқинда яна бир санкциялар туркумини эълон қилди ва бу ҳол Трамп президентлигининг сўнгги кунларида Теҳрон билан шусиз ҳам оғир бўлган муносабатларни янада кескинлаштириб юборди. Байден CNN телеканали сайти учун ўтган йил сентябридаги мақоласида шундай деб ёзган эди: “мен Теҳронга дипломатияга қайтишнинг ишончли йўлини таклиф қиламан. Агар Эрон ядро дастури бўйича келишувга қаттиқ амал қилса, Қўшма Штатлар бўлғуси музокаралар учун бошланғич нуқта сифатида битимга қўшилади”. Ҳозирги кунда Эрон ядро битими доирасида рухсат этилганидан кўра 12 марта кўп бойитилган уранга эга, бу унга музокара вақтида таъсир кўрсатиши учун анча-мунча имконият беради.
Гарчи Байденнинг маслаҳатчилари янги маъмурият Трамп Эрон ва уни қўллаб-қувватлаётган – яқинда Ямандаги ҳусийлар террорчилик гуруҳи деб эълон қилингани сингари – ташкилотларга қарши жорий қилган айрим санкцияларни бекор қилишга ҳаракат қилиб кўриши мумкинлигига оид шамаларига қарамай, Байден энги ядро битими тузишни истаб қолиши мумкин. Айни чоқда баъзи собиқ амалдорлар янги президент Теҳронга нисбатан Трамп давридаги санкциялардан фойдаланган ҳолда янада қаттиқроқ ёндашувни қўллаши мумкинлигини кутмоқда.
– Байден Обама даврида қабул қилинган шартномани тиклабгина қолмай, қўшимча ён беришларга эришиш ва буни ўз ютуғи ситфатида тақдим этиш мақсадида Трамп Хитой, Эрон ва Кубага нисбатан қўллаган радикал позицияларнинг айримларидан фойдаланишга интилишини кўрамиз, – дейди Бруен.
Абадий урушлар барҳам топадими?
Байденнинг Ироқ ва Афғонистондаги сиёсати Трамп асос солган йўлдан боради ва минтақадан қўшинларни олиб чиқишни кўзлайди. У ҳам ўтмишдоши сингари, АҚШнинг Яқин Шарқдаги – Осиё ғарбидаги деярли 20 йилдан бери давом этаётган жуда қиммат ҳарбий экспансиясини назарда тутиб, “абадий урушлар”га барҳам беришни ваъда қилди. Бироқ Трамп ва Обамага ўхшаб, урушларга чек қўйиш тўғрисида ваъда бериш билан уларни чиндан ҳам тугатиш ўртасида катта фарқ бор.
– Бу “абадий урушлар”га чек қўйиш керак, – деб баёнот берган эди Байден ўтган йил сентябрида, кейин шундай деб қўшиб қўйган эди: “Мен қўшинлар олиб чиқилишини қўллаб-қувватлайман. Бироқ терроризм ва [Ислом давлати] катта муаммо бўлиб турибди”. Трамп маъмурияти Ислом давлати халифатига қақшатқич зарба бергани билан мақтаниши мумкин, бироқ Байденга Осиё шарқида омонат вазиятни мерос қилиб қолдирмоқда. Сурия раҳбари Башар ал-Асад ҳали ҳам ҳокимиятни эгаллаб турибди ва уни Россия билан Эрон қўлламоқда, АҚШ Ислом давлатига қарши жангларда иштирок этган курд жангариларини қўллаб-қувватлашни давом эттираётгани учун Туркия билан муносабатларда кескинлик мавжуд.
Байден президентлик лавозимига киришишидан бир ҳафта олдин АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер Америка қуролли кучлари Афғонистон ва Ироқдаги қўшинларини толибларнинг зўравонлиги авж олиб кетганига қарамай, ҳар бир мамлакатда 2500 кишигача қисқартирганини эълон қилди.
“Шу тариқа АҚШнинг мамлакатдаги кучлари 2001 йилдан бери энг паст даражага туширилди”, дейилади Миллернинг 15 январда тарқатилган баёнотида. Қайд этилишича, Қўшма Штатлар иккала мамлакатда ҳам терроризмга қарши кураш миссиясини адо этмоқда ва агар жойлардаги шароит имкон берса, май ойига бориб, қўшинларини бутунлай олиб чиқиб кетиши мумкин.
Европа билан олдинги алоқаларни тиклаш
Бир тарафдан Байденга Европа билан муносабатларни Трамп тўрт йил суиистеъмол қилгандан кейин яхшилаш осон бўлади.
– Назаримда, у кўп иш қилиши шарт эмас. Фақат ўша ерга борса бўлди, – дейди Эстония ташқи ишлар вазири Марина Калюранд. У айни пайтда мамлакатининг Европа парламентидаги вакилидир.
Байден ҳали ҳам давом этаётган мунозараларда қатнашишга мажбур бўлади, бироқ гап оҳанги ўзгариши тайин, янги президент НАТО бўйича иттифоқчи мамлакатлар ҳукуматларини мудофаа харажатларини оширишга ундаши кутилмоқда. Лекин у яна Трампнинг Германияга жойлаштирилган Америка қўшинлари сонини 1/3 қисмга қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилиши мумкин. АҚШнинг Польша билан Болтиқбўйи мамлакатларидаги ҳозир бўлиб туриши келажаги мавҳумлигича қолади, чунки ушбу мамлакатлар Америка қўшинларининг ўз ҳудудида кенгроқ ротация усулидаги ҳозирлигига умид қилаётган эди.
Эҳтимол Байден Вашингтонда 6 январь куни рўй берган воқеалардан сўнг Европадаги ультра ўнг экстремизмга янада ишончлироқ қаршилик кўрсатар. Аммо айрим европаликлар фикрича, қитъани АҚШнинг дипломатик ва ҳарбий қудрати ҳамда иқтисодий таъсирига қарамлигини камайтириш йўлидан бориш керак бўлади.
– Ишончсизликни бирдан бартараф қилиш, – деди Германиянинг юқори лавозимли амалдори. – Бундан кейин нима бўлишидан қатъи назар, Америка энди ҳар доим Трампни сайлаган мамлакат бўлиб қолаверади.
Саудия Арабистони билан муроса қилинмайди
АҚШ конгресси, жумладан, республикачи президент иттифоқчиларининг дарғазаб эътирозларини эътиборга олмай, Трамп маъмурияти Саудия Арабистонини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келди, қонун чиқарувчиларнинг АҚШнинг Ямандаги урушни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни бекор қилиш тўғрисидаги уринишларини эътиборга олмади. АҚШ разведкаси маълумотларига қарамасдан, Трамп саудиялик жосуслар Washington Post газетаси журналисти Жамол Қошиқчини ўлдиргани учун ушбу мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни жавобгарликка тортишни рад этди.
Байден жамоаси бошқа йўлдан бормоқчи эканини аниқ белгилаб олди. Байден ўтган йил октябрида Қошиқчи ўлдирилганинг йиллиги муносабати билан берган баёнотида мана бундай деган эди: “Биз Байден – Ҳаррис маъмурияти ҳукмронлиги даврида Қироллик билан муносабатларимизни қайта баҳолаймиз, Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни тўхтатамиз ҳамда Америка қурол-яроғ сотиш ва нефть харид қилишга қадриятларини алмашмаслигига ишонч ҳосил қиламиз”. Байденнинг ҳокимиятни қабул қилиш жамоасига яқин бўлган кўплаб экспертлар янги президент АҚШ Саудия Арабистонининг Ямандаги кампаниясини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни бас қилишини ҳамда Саудия Арабистони ва унга қўшни бўлган Бирлашган Араб Амирликларига оммавий тарзда қурол-яроғ сотишни тўхтатиб туришини кутмоқда. Бироқ ар-Риёзнинг Қўшма Штатлар учун жуғрофий-стратегик аҳамияти ҳисобга олинадиган бўлса, Байден АҚШ билан Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни қанчалик кучли ўзгартириши мавҳум бўлиб қолаверади.
Трампнинг Исроилга оид мероси тақдири нима бўлади?
Трамп даврида АҚШ ташқи сиёсати Исроилга жуда кўп эътибор қаратиб келди. Трамп фаластинликларга ёрдам беришни тўхтатди, Исроилнинг Қуддус шаҳрига бўлган даъволарини қабул қилди ва АҚШ элчихонасини ўша шаҳарга кўчирди – булар барчаси Трамп маъмуриятининг Исроил билан қалин муносабатлар ўрнатганини кўрсатади. Трамп маъмурияти Исроилнинг 4 та араб мамлакати: Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Судан ва Марокаш билан муносабатлари изга солинишига ҳам ёрдам берди. Дипломатия соҳасидаги ушбу ёриб ўтишни Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорлари Яқин Шарқ тарихидаги тарихий бурилиш нуқтаси деб атамоқда.
Байден маъмурияти ушбу масалада нисбатан холисроқ позициясини эгалласа ажаб эмас. Трамп сиёсатидаги ўзгаришларга танқидий кўз билан қараган Байден унинг элчихонани Қуддусга кўчиришини “калтабинлик ва енгилтаклик” деб атаган эди, бироқ сайловолди кампанияси вақтида элчихонани ўша ерда сақлаб қолмоқчи эканини айтди. У яна Трамп даврида бекор қилинган Ғарбий қирғоқ ва Ғазо бўлгасига АҚШ ёрдамини ва тараққиётни молиялаштиришни тиклашга ҳам ваъда берди.
Байден яна бир бор Трамп маъмуриятининг машъум тинчлик режаси таҳдид қилаётган икки давлатнинг тинч-тотув яшаши тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнот берди. Лекин бу ўринда ҳам жиддий тўсиқлар мавжуд. Трамп 14 январда АҚШнинг Марказий қўмондонлигига Исроилни ўз масъулият ҳудудига қўшишга буйруқ берди, бунинг учун Исроилни ёқловчи гуруҳлар курашаётган эди. Айни ҳол Байденнинг ташқи сиёсат кун тартибига таъсир кўрсатиш учун сўнгги дақиқаларда рўй берган кўп уринишлардан бири эди. 11 апрелда Исроил ишғол этилган Ғарбий соҳилда 800 та янги уй қуриш режасини эълон қилди ва бу янги маъмурият учун яна бир бошоғриққа айланди.
Шимолий Корея бўйича янги вариантлар йўқлиги
Трамп маъмуриятининг Шимолий Корея муаммосини ҳал этиш масаласига умид кўзини тикканига, Трамп билан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида 2 та олиймақом учрашув бўлиб ўтганига қарамай, Шимолий Корея яқинда сув ости кемаларидан учириладиган янги баллистик ракетага ўхшаш нарсани намойиш этиб, Байден бўлғуси маъмуриятининг ғашига тегди.
– Одатда Шимолий Корея бирор ишни Жанубий Корея ёки Америка маъмурияти фаолиятининг дастлабки ойларида кўз-кўз қилади, – дейди Heritage Foundation жамғармаси эксперти ва МРБнинг собий таҳлилчиси Брюс Клингнер.
Клингнер таъкидлашича, Шимолий Кореянинг илгариги бундай иғвогарликлари олдинги маъмуриятларни қаттиқ позицияни эгаллашга мажбур қилган эди. Ким Чен Ир партиянинг ўтган ҳафта бўлиб ўтган 8-қурултойида янги қурол ишлаб чиқиш бўйича улкан режаларини эълон қилган ва шу йўл билан Вашингтондаги янги маъмурият ўз режимининг хулқ-атворини ўзгартира олмаслигини уқтирмоқчи бўлган эди.
Иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этиш
Сиёсатдаги энг йирик ўзгаришлардан бири иқлим ўзгариши масаласи бўлади. Рад этиб бўлмас илмий далиллар ва тобора ортиб бораётган ҳалокатли табиий офатларга қарамай, Трамп узоқ вақт иқлим ўзгариши оқибатларини пасайтириб кўрсатиб келди. У 2015 йилда иқлим ўзгаришига қарши кураш ва ис газларининг атфосферага чиқишини камайтириш бўйича Париж битимидаги иштирокини тўхтатган ва АҚШнинг экология меъёрларини бекор қилган эди. Иқлим ўзгаришини “замонамизнинг ҳақиқий таҳдиди” деб атаган Байден лавозимига киришишининг дастлабки куни Париж битимларига қайта қўшилди ва у собиқ давлат котиби Жон Керрини президентнинг иқлим масалалари бўйича махсус элчиси этиб тайинлади.
Пандемия оқибатларини ҳал этиш
Байден коронавирус пандемиясига қарши жавоб чораларини бошқариш учун соғлиқ сақлаш масалалари бўйича 13 нафар маслаҳатчидан иборат гуруҳ ташкил этилишини ва Қўшма Штатлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидаги аъзолигини зудлик билан қайта тиклашини эълон қилди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Вақт уфқи (инглизча – time horizon) – режалаштириш уфқи ҳам деб аталади. Келгусида муайян жараёнлар баҳоланадиган ва тугади деб тахмин қилинадиган вақтнинг олдиндан белгилаб олинган нуқтаси.