Сурат манбаси: ecoenergy.uz
Муаллиф: Рустам Ашуров – физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), материалшунос тадқиқотчи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг катта илмий ходими
БМТнинг ҳисоботига кўра, 2050 йилга келиб, жаҳон аҳолиси сони 9.8 миллиардга етади. Демографик ўсиш, табиийки, инсониятга янгидан-янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Озиқ-овқат етишмовчилиги, ичимлик суви муаммоси, аҳоли зичлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлик шулар жумласидандир. Ва яна шундай муаммо ҳам борки, унинг ечими қолган мушкулотларнинг аксариятини бартараф эта олади. Бу – энергия муаммоси. Бугун унинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам бирдек муаммо туғдиряпти: энергия етишмовчилиги ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг мураккаблашувига сабаб бўлса, энергия ишлаб чиқариш қуввати кўплиги табиатга салбий таъсир кўрсатади. Чунки бирламчи энергиянинг 80 фоиздан кўп миқдори анъанавий углеводород манбалари ва ядро энергетикасига тўғри келади. Энергия транспортировкаси эса суюқ ҳолатда – нефть-газ шаклида амалга оширилади.
Қазилма энергия манбаларининг чеклангани давлатлар иқтисодиётига таъсир ўтқазишидан ташқари, минтақалар геосиёсий муаммоларига ҳам сабаб бўляпти. Шу боис, ХХ асрнинг сўнгги декадаларида анъанавий энергия манбалари ўрнига қайта тикланувчи энергияни жорий қилиш борасидаги илмий-амалий саъй-ҳаракатлар бошланди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг истиқболи борасида жуда кўп гапирилди. Масалан, қуёшдан келаётган радиациянинг сайёрамизга тушадиган энергия миқдори ўртача 1.3-1.4 кВт/м2ни ташкил қилади. Атмосферадан космосга қайтиб кетадиган радиация миқдорини ҳисобга олмасак, ер юзасига ўртача 1 кВт/м2 энергия тўғри келади. Бу энергия сайёрамизнинг айни дамдаги энергия эҳтиёжидан 9000 маротаба кўпдир. Шу сабабли янги қўшилаётган энергия қуввати анъанавий энергия эмас, балки қайта тикланувчи манбалар ҳисобидан амалга ошириляпти.
IRENA халқаро ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2019 йили глобал энергия ишлаб чиқаришда 248,6 ГВт қўшимча қувват қўшилган. Шундан 179 ГВт қувват қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади. Бу жаҳон бўйлаб умумий қўшилган энергиянинг 72 фоизи деганидир. Ва шундан 90 фоизи – қуёш ва шамол энергияси. Хусусан, қуёш энергияси 2019 йилда 97 ГВт қувватга ортган.
Сўнгги 10 йилликда қўшилиб бораётган қайта тикланувчи энергия манбаларининг турлар бўйича улуши эволюциясини қарайдиган бўлсак, қуёш энергетикаси қўшилаётган энергия қувватида энг тез ўсаётган қайта тикланувчи энергия саналади. Бунга асосий сабаб сифатида қуёш энергетикаси қурилмаларининг кичик масштабда ҳам рентабелли бўла олиши ва соҳага технологик инновациялар доимий татбиқ қилинишини кўрсатиш мумкин.
Энергетика бўйича барча ҳисоботларда қуёш энергетикаси ўсиб келаётгани ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин. Шундай экан, нега бугун биз кундалик энергетик эҳтиёжларни қуёш энергетикаси орқали ҳал қилмаяпмиз? Нега олис қишлоқларда энергия муаммоси мавжуд бўлса-да, ҳамон қуёш фотоволтаик қурилмаларидан кенг фойдаланилмайди?
Ушбу мақолада қуёш энергетикасининг юртимизда кенг тарқалишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар кўриб чиқилади. Мақолада фақат фотоволтаик (PV, қуёш радиациясини тўғридан-тўғри электр энергиясига ўтказувчи ярим ўтказгичли қурилма) қурилмалар ва панеллар тилга олинади. Қуёш концентраторлари ва радиациясининг фойдали энергияга айлантирувчи бошқа қурилмалари ҳақида сўз юритилмайди.
Қуёш энергетикасидаги “нарх-наво”лар
Қуёш энергия станциялари генерация қиладиган энергия, аслида, нечоғли қиммат? Бугун жаҳонда 1 кВт соат электр энергияси учун ўртача нарх 0.14 АҚШ долларини ташкил этмоқда, яъни 14 цент. Ўзбекистонда эса 0.028 доллар (295 сўм 0 тийин) – 2,8 цент. Энди қуёш станцияларида генерация қилинадиган электр-энергия нархи ҳақида тўхталамиз.
2019 йили қуёш радиациясидан олинган электр-энергия нархи жаҳон бўйлаб ўртача 0.045 долларни (4,5 центни) ташкил қилган эди.
Охирги 10 йилда нархлар сезиларли тушиб келган ва бу тенденция сақланиб қолмоқда. 2020 йили ишга тушган қуёш станциялари ҳатто 1 кВт соат учун 0.033 доллар қийматидаги нархларда ҳам ўз рентабеллигини сақлаб қолади.
Қуёш энергетикаси технологиялари саноат миқёсида кенг қўллаш учун “пишиб етилгани” қуёш панелларини катта масштабда ишлаб чиқариш имконини берди.
Ушбу соҳада технологиялар яратиш учун киритилган инвестициялар ишлай бошлагач, қолаверса, инновациялар давомий жорий қилиниши натижасида панеллар нархи сўнгги 10 йилда 90 фоизга пасайди ва умумий генерация қуввати 400 фоизга ошди.
Қисқа давр ичида нархларнинг бу қадар тушиб кетиши – технологик ютуқ. Лекин биз нархлар “шўнғиши”ни худди шу темпда яна қайтара оламизми? Мутахассисларнинг ҳеч бири бу саволга “ҳа”, деб жавоб беришга шошилмаяпти. Чунки нархлардаги бу тариқа кескин пасайишда субсидия ва йирик лойиҳаларнинг сезиларли ўрни бор. Аммо технологик жиҳатдан нархларга зарба бериш мумкин бўлган нуқталар мавжуд.
Ҳозирча бевосита нархга таъсир қилувчи қуйидаги муаммолар мавжуд:
- қуёш энергетикасини лойиҳалаш, маркетинг ва лицензиялаш ишларини амалга ошириш тенг қувватларда муқобилларига нисбатан кўпроқ харажат талаб қилади. Бу харажатлар, (soft costs) одатда, уйингизга ўрнатиладиган станциянинг 15-20 фоизини ташкил қилади;
- қуёш энергетикаси самарадорлигининг анъанавий муқобилларидан пастлиги ва унга ишлатиладиган хом ашё материаллари нисбатан қимматлиги ишлаб чиқарилаётган энергия таннархига таъсир қилади;
- қуёш панелларини лойиҳалашда индивидуал интеграцияга муҳтожлик лойиҳалаш ва ўрнатиш жараёнида қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Хонадонларга ўрнатиладиган станциялар уларнинг архитектурасидан келиб чиқиб лойиҳаланади. Том ёки уйнинг бошқа қисмига панелларни мослаш, одатда, қўшимча техник ечим талаб қилади ва бу таннархга таъсир ўтқазади. Агар уй қурилиши лойиҳаларида қуёш панеллари инобатга олинса, ушбу харажат камайган бўлар эди.
Шунга қарамай, қуёш станцияларида ишлаб чиқариладиган фотоволтаик энергия нархи рақобатбардош бўла олди. Айниқса, бу тенденция катта станцияларда сезилади. Германияда янги қурилаётган станциялардан олинган энергия нархи бўйича қуёш станциялари энг яхши кўрсаткичга эга.
Бу ҳолат барча давлатларда кузатиляпти. Шундай экан, Ўзбекистонда ҳам янги электростанцияларни қуришда тўғри танлов қилиниши лозим. Чунки Ўзбекистон энергия инфраструктураси бўйича минтақада энг салбий кўрсаткичга эга. Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 75 фоизида эксплуатация даври 30 йилдан ошган. Фақатгина 7 фоиз инфраструктура ишга тушганига 5 йилдан ошмаган. Яъни, Ўзбекистонда электр энергия ишлаб чиқариш структураси ҳам маънан, ҳам технологик жиҳатдан эскирган ва модернизацияга муҳтож. Янги инфраструктурани шакллантиришда жаҳоннинг “қуёшли” инфраструктурасига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Лекин унга қадар фуқаролар автоном равишда мини станцияларни эксплуатация қилиш орқали ўзини-ўзи таъминлаши неча пулга тушишини кўриб чиқамиз.
Юртимизда бугун қуёш панелларини индивидуал лойиҳа асосида биноларга ўрнатиб берувчи 10 га яқин компаниялар мавжуд. Ушбу мақола учун электр таъминотига муҳтож бир бино танланди ва унинг қуёш панеллари орқали 24 соат ичида 0.5 кВт соат (500 Вт соат) узлуксиз энергия истеъмолини таъминлаш учун керак бўладиган инвестиция ҳисоблаб чиқилди. Қуёш панеллари текис томга ўрнатилиши масалани янада енгиллаштирди. Компаниялардан қўйилган техник талабларга мос таклифларни олдик ва уларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги нархларни шакллантирдик.
Юқорида келтирилган ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, 60 млн. сўм инвестиция сизнинг уйингизда 10 та 12 Вт қувватли LED лампа, 250 Вт музлатгич ва 130 Вт қувватли телевизорни 24 соат давомида умумий электр тармоғидан ҳеч қандай электр энергиясини олмай туриб ишлатиш имконини беради.
1 кВт ли тизим эса 130-150 млн. сўм атрофида нархланди.
Кутилган умидлар оқланадими?
Кўпинча, қуёш энергия станциясини хонадонга ўрнатиб, автоном энергия олишдан кутилган натижалар бўлмаслиги кузатилади. Масалан, сиз 2 кВт лик станция ўрнатасиз-у, 1 кВтдан кўп энергия ололмайсиз. Бунинг бир нечта сабаби бор.
Қуёш панелларини ўрнатишдаги камчиликлар
Қуёш панеллари қуёшдан келаётган радиацияни электр энергиясига айлантирар экан, максимал энергия олиш учун қуёш радиацияси панель юзасига максимал даражада тик тушиши лозим. Панеллар юзасидан ютилмай қайтган ёруғлик энергия генерациясида ишламайди. Шу боис, хўжаликка қуёш панелларини ўрнатишда профессионал лойиҳага таяниш лозим. Зеро, қўшнингизга тўғри келган лойиҳа сизнинг уйингизга тўғри келмайди. Бунинг учун уйингизда қуёш панеллари ўрнатиладиган жой кун давомида қуёшдан келаётган энергияни максимал даражада тик ҳолатда қабул қилиши учун шароит бўлиши керак. Бунда панелларни ўрнатиш бурчаги, панеллар конфигурацияси муҳим роль ўйнайди. Панелларни ўрнатиш бурчаги жойлашган локацияда қуёшга нисбатан жойлашув ҳисобга олинади. Бу ҳисоб-китобларни амалга оширишда махсус қурилмалар ва спутник маълумотларидан фойдаланилса, шунингдек, ўлчов ўта аниқ олинса, панеллар кутилган натижага максимал яқинлашади. Бундан ташқари, монтаж ишларини қуёш панеллари бўйича мутахассислар бажаргани маъқул. Кўпинча, бу иш электрикларга топширилгани учун панеллар юзасида қисқа туташувлар кузатиляпти. Бу, кўпинча, истеъмолчи мустақил равишда панеллар ҳамда автоном ва гибрид ишлаш учун қолган қисмларни сотиб олиб ўрнатишга ҳаракат қилганида кузатиляпти. Айни ҳолатни ўрганиш учун махсус сўровнома ўтқаздик. Сўровномада мустақил равишда қуёш панелларини ўрнатган 10 нафар истеъмолчи қатнашди. Улардан 9 нафари кутилган самарадорлик йўқлигидан нолиди, 4 кишида эса техник муаммо кузатилган. Сўровномада қатнашганларнинг 6 нафари монтаж ишларини мустақил амалга оширган ва қолган тўрт иштирокчи электрик хизматидан фойдаланган. Электрик хизматидан фойдаланган 4 истеъмолчининг 3 нафари сўровномада техник муаммо борлигини билдирди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, электр монтаж хизматини амалга оширувчи электрикларнинг барчаси ҳам қуёш станцияларининг электр монтажи билан боғлиқ ишларни тўғри олиб бора олмайди. Бунинг учун махсус таълим олган мутахассис ва муҳандислар тажрибаси керак. Хуллас, бугун муқобил энергетика соҳасида мутахассисларга эҳтиёж сезиляпти. ОТМлар ўқув дастурига муқобил энергетика соҳасида лойиҳалаш ва қурилмаларни эксплуатация қилиш, электр таъминоти каби мавзуларни киритиш керак. Техника йўналишидаги таълим муассасаларида бу йўналиш энди ўқитила бошланди. Келгусида мутахассислар сафи кенгайса, қуёш панеллари сони ва уларни ўрнатиш сифати ҳам ортади.
Қуёш панеллари самарадорлигининг пастлиги
Қуёш панелининг самаралилиги унга тушаётган қуёш радиацияси электр энергиясига айланган миқдорининг фоизлардаги қиймати билан ўлчанади. Самарадорлик ҳақида сўз юритганда, қуёш элементининг самарадорлиги ва умумий панел самарадорлигига алоҳида баҳо берилади. Чунки, қуёш элементи самарадорлиги уларни панелга жойлагандан сўнг панел конфигурацияси ва токни ечишдаги йўқотишлар ҳисобига пасаяди. Шу сабабли умумий панелнинг самарадорлиги алоҳида қуёш элементиникидан паст бўлади. Бугунги кунда стандарт қуёш панелларининг самарадорлиги 15-20% оралиғидадир. Сўнги йилларда самарадорлик ортиши стандарт қуёш панелининг чиқиш қувватини 250 Вт дан 340 Вт гача оширди. Қуёш элементларининг турига қараб, унинг самарадорлиги фарқланади. Бугунги кунда бозордаги 90 фоиздан ортиқ қуёш элементлари кремний асосида ясалган. Кристал тури (моно, поли, мульти), структураси ва бошқа техник-технологик ечимларига қараб, кремний қуёш элементлари турланади ҳамда самарадорлиги бўйича фарқланади.
Ўзбекистон бозорида, асосан, поликристал кремний асосидаги 16-17 % самарадорликка эга бўлган қуёш панеллари сотилмоқда. Баъзи PERC (passivated emitter rear contact) ва SHJ (silicon heterojunction solar cells) қуёш элементлари 22% дан баланд самарадорликка эгадир. Афсуски, қуёш панелларининг ташқи кўриниши ўхшашлиги туфайли қурилма сифатини бир қарашда ажратиб олиш мушкул. Шунинг учун истеъмолчи ҳар доим ҳам сифатли қуёш панелини харид қилавермайди. Юқоридаги сўровномада қуёш панелларини харид қилганларнинг 10 нафаридан фақат 3 киши мазкур қурилманинг типи ва характеристикаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эканлиги аён бўлди. Қуёш панелини махсус қурилмалар орқали текшириб кўрмасдан унинг сифатига баҳо бериш деярли имконсиз. Панелларнинг камчилиги табиий равишда 5 йил давомида намоён бўлади. Яъни бунинг учун табиий агрессив (иссиқ, совуқ) шароитда узоқ вақт талаб қилинади. Панеллар вақт ўтгач, ташқи шароит таъсирида чиқишдаги қувватини пасайтириб боради, яъни табиий деградацияга учрайди. Биринчи 2 йилда чиқишдаги қувват деградацияси 2-3 фоизни ташкил қилса, кейинги йилларга бориб, деградация тезлиги кескин камаяди ва йилига 0.5-0.7 фоизни ташкил қилади. Ушбу кўрсаткичлардан четлашган ва деградация тезлиги баланд бўлган панеллар сифатсиз ҳисобланади. Шу сабабли қуёш панелларини харид қилганда, ишлаб чиқарувчи ва сотувчидан камида 5 йил кафолат сўраш керак.
Иқлимнинг самарадорликка таъсири
Қуёш панелларининг самарадорлигига панеллар жойлашган локациянинг иқлим шароитлари ҳам таъсир ўтқазади. Ишлаб чиқарувчи қуёш элементлари ва панелларни сотувга чиқаришдан аввал уларни махсус лабораторияда синаб кўради. Кўрсаткичлар қуёш панеллари характеристикасининг белгиланган стандартларига жавоб бериши лозим. Қурилма паспортига ҳам шу кўрсаткичлар ёзилади. Ва биз шу характеристика асосида маҳсулотни харид қиламиз. Муаммо шундаки, паспортда кўрсатилган характеристиканинг Ўртаер денгизи иқлим шароитига мос қийматлари келтирилган. Яъни паспортда кўрсатилган характеристика амалиётда тўлиқ намоён бўлиши учун қиш юмшоқ (10-16 °С), ёз эса қуруқ ва ўртача иссиқ (22-30°С) бўлиши керак. Ҳаво намлиги ёзда 50—65 %, қишда 65—80 %ни ташкил қилиши лозим. Қуёш панеллари мана шу иқлимга яқин шароитда тест қилиниб, характеристикаси ёзилади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, 1000 Вт/м² радиация, қуёш спектри учун ҳаво массаси коэффициенти 1.5, панеллар температураси 25°С бўлган шароит стандарт тест шароити (STC) ҳисобланади. Шунинг учун ишлаб чиқарувчи кўрсатган характеристик маълумот лаборатория шароитидан фарқ қилувчи ердаги ҳақиқий қийматидан фарқ қилади. Умуман олганда, қуёш панелларининг ишлаш самараси 5 та асосий омилга боғлиқ: қуёш радиацияси интенсивлигининг йиллик тақсимоти, шу интенсивликка мос равишда панеллар самарадорлиги ўзгариши, йиллик температура тақсимоти, панелларнинг температура коэффициенти ва вақт бўйича деградация бўлиш тезлиги. Самарадорликка бевосита таъсир кўрсатувчи энг асосий омил атроф-муҳит температурасидир. Ҳаво ҳарорати ошгани сайин қуёш панелларининг самарадорлиги пасайиб боради. Бир қарашда қанча кўп радиация миқдори панель юзасига тушса, шунча кўп электр энергияси генерация бўладигандек туюлиши мумкин, лекин аслида, ундай эмас. Температура ортиши қуёш элементида ички қаршилик ошишига олиб келади. Температура электронлар оқими ортишини вужудга келтиради. Бу эса ток кучи ошиши ва кучланиш тушишига олиб келади. Лекин кучланиш тушиши ток кучи ошишига қараганда кўпроқ бўлгани учун умумий қувват камаяди. Панелларнинг температура коэффициенти маълум температура остида кўрсатилган стандарт характеристикадан қанчалик фарқ қилишини баҳолайди. Температура коэффициенти қуёш панелларининг турига қараб фарқланади. Юртимизда энг кўп сотиладиган монокристалл кремний асосидаги панеллар 25°С ҳароратдан баланд температураларда – ҳар бир градусда самарадорлик 0.5 %га камайиб боради. Мисол учун, 17% самарадорликка эга бўлган, Ўзбекистон бозорида энг кўп сотиладиган монокристалл кремний панелини олайлик. Унинг паспортида температура коэффициенти умумий самарадорликдан -0.45% кўрсатилган. Яъни 17% самарадорликка эга панель 25°С ҳароратда – ҳар бир градусда 0,077% га самарадорлигини йўқотади. Температура 30°С бўлганда самарадорлик 16,6%, 35°С да 16,2% бўлади. Агар температура 40°С дан ошиб кетса, самарадорлик 10% дан тушиб кетади. Юртимиздаги ёз фаслида худди шундай ҳолат кузатилади. Куннинг иссиқ пайтида қуёш панеллари самарадорлиги икки баробаргача тушиб, генерация қилинаётган электр-энергия миқдори ҳам шунчага камайиб кетади.
Бу муаммонинг икки ечими бор. Биринчиси, қуёш панелларини ўрнатишда ҳаво циркуляциясини ҳисобга олиш лозим ва иложи борича панелларни бир-бирига тақамаслик керак. Ўрнатиш локациясида шамол йўлларига максимал мос жойни танлаш керак. Панелларнинг каркас материалларига эътибор бериш зарур. Имкон қадар иссиқликни яхши ўтказувчи ва локал қизишга йўл қўймайдиган материаллардан ясалган панелларни харид қилиш керак. Иккинчиси, иқлимга мос қуёш элементларидан ташкил топган панелларни танлашдир. Юқорида таъкидланганидек, температура коэффициенти панелларнинг турига қараб фарқланади:
- Поликристал кремний ҚЭ- 0.40 – 0.43 % /°C
- Монокристал кремний ҚЭ – 0.38 – 0.40 % /°C
- Монокристал IBC – 0.30 to 0.32 % /°C
- Монокристал SHJ – 0.26 to 0.27 % /°C
Бизнинг иқлим шароитимизга энг мос келадиган қуёш панеллари бу – SHJ қуёш элементларидан ташкил топган панеллардир. Уларнинг температура коэффициенти анъанавий кремний элементларникидан 1.5-2 баробар кам.
Яна бир муаммо – чанг миқдори. Панеллар юзасига чанг зарралари қўниши натижасида юз берадиган чангланиш самарадорликка салбий таъсир кўрсатувчи энг асосий омиллардан биридир. Афсуски, географик жойлашувимиз, асосан, текисликлардан иборат рельеф бўлгани боис, юртимиз иқлимида чанг зарралари кўп. Панеллар юзасининг чангланиш характеристикаси икки омилга боғлиқ: чангнинг хусусияти ва атроф-муҳит. Чангнинг хусусияти, деганда, чанг зарралари ўлчами, шакли, оғирлиги, зарра юзаси, кимёвий ва биологик хусусиятлари тушунилади. Буларнинг бари чанг зарраси маълум юзада йиғилишига таъсир кўрсатади. Агар чанг зарраси оғир бўлса ва юзаси силлиқ бўлмаса, юзада чанг ўтириб қолиши ҳамда йиғилиши эҳтимоли баланд ёки аксинча. Чанг билан қопланган юза кейинги қатламларга чангни яхшироқ тортади. Чангланиш хусусида гап кетганида, атроф- муҳитни ҳам инобатга олиш керак. Панеллар ўрнатилган локация атрофида қишлоқ хўжалигига доир ишлар ёки автомобиль трассаларининг жойлашуви чангланиш даражасини белгилайди. Агар ушбу локацияда енгил шамол бўлса, чангланиш даражаси ҳам юқори бўлади. Кучли шамол юзаларни чангдан тозалаши эвазига чангланиш миқдорини камайтиради. Шу сабабли фотоэлектрик қуёш панелларини ўрнатишда атроф-муҳит ва ўша муҳитдаги чангнинг хусусиятлари инобатга олинади. Бу борадаги тавсияларни мутахассислар ва адабиётлардан олиш мумкин. Бундан ташқари, панеллар юзасида профилактик тозалов ишларини амалга ошириш лозим. Яна бир ечим сифатида панеллар юзасини гидрофоб ва чангдан ҳимояловчи шаффоф қатламлар билан ҳимоялаш тавсия этилади.
Масаланинг ҳуқуқий жиҳати
Муқобил энергиядан фойдаланиш оммалашмаганига яна бир сабаб – кўпчиликнинг масалани ҳуқуқий жиҳати хусусида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Бу борада 2019 йил 22 август куни имзоланган “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги №ПП-4422 сонли Президент қарорига мурожаат қиламиз. Ушбу қарорда қуйидагилар белгиланган:
- қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан, беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан;
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан, 10 йил муддатга мол-мулк солиғини ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан;
- ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан, 3 йил муддатга ер солиғини тўлашдан
озод этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қуйидаги компенсация ва имтиёзларни тақдим этиш ҳам белгиланган:
а) муқобил энергия манбаларини жорий қилган жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горйелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:
- қуёш фотоэлектрик станциялари учун — 3 миллион сўмдан;
- қуёш сув иситкичлар учун — 1,5 миллион сўмдан;
- газ-горелкали қурилмалар учун — 200 минг сўмдан
ошмайдиган миқдорда компенсациялар.
б) муқобил энергия манбаларини жорий қилишда имтиёзли кредитлар:
- жисмоний шахсларга 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;
- юридик шахсларга 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда.
Хулоса шуки:
- Қуёш энергетикаси бугун ишлаб чиқарилган энергия нархи бўйича анъанавий энергетика билан рақобатбардош бўлиб улгурди.
- Ўзбекистон Республикаси ўз инфраструктурасини янгилаганда муқобил энергетика, хусусан, қуёш электростанцияларини ҳам жорий қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
- Қуёш фотопанелларини жисмоний шахслар ўрнатса, қатор имтиёзлар мавжуд ва бюрократик тўсиқлар минимал даражага туширилган. Аммо автоном қуёш системаларининг биринчи инвестиция миқдори катталиги боис, жисмоний шахслар ушбу технологияни жорий қилиши учун имкониятлар пасаймоқда.
- Мутахассисларнинг камлиги ушбу технологиялар етарлича ёки тўғри жорий этилмаётганига сабаб бўлмоқда ва бу, ўз навбатида, қуёш фотоэлектрик тизимларининг тўлиқ имкониятидан фойдаланмасликка ёки нотўғри фойдаланишга олиб келмоқда.
- Муқобил энергетика, хусусан, қуёш фотоэлектрик тизимларини жорий этиш энерготежамкорлик маданияти шаклланишига ва маиший ҳаётда тежамкор техника-технологиялар оммалашувига олиб келади.