Сурат манбаси: gorod-zarechny.ru
CAAN – caa-network.org вебсайтида «ПостСоветистон» лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳа доирасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида вебсайтга жойлаштириб борилади.
“КОВИДдан сўнг” деб номланган 1-мавсумнинг 1-эпизоди пандемия даврида рақамли таълимнинг ижобий ва салбий жиҳатлари муҳокамасига бағишланган.
Эпизод 1. Рақамли таълим: масаланинг ижобий ва салбий жиҳатлари
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Дониёр Мўлдаханов:
Ассалому алайкум, «ПостСоветистон» подкастига хуш келибсиз. Мен унинг бошловчиси Дониёр Мўлдаханов бўламан.
Бизнинг синов мавсумимиз коронавирус пандемиясига – айнан пандемия постсовет жамиятларининг 3 та соҳаси: таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётга – қандай таъсир кўрсатганига бағишланади. Ушбу 3 та соҳанинг барчаси кескин тарзда ўзгариб кетади, лекин қандай қилиб? Қайси йўналишда? Биз ушбу масалаларни муҳокама қилиш учун Марказий Осиё мамлакатларидан айрим фаоллар, экспертлар, шифокорлар, ўқитувчилар ва иқтисодчиларни дастуримизга таклиф қилдик. Барча эпизодларни Фейсбукдаги “ПостСоветистон” саҳифаси ва CAAN − caa-network.org вебсайтидан топишингиз мумкин.
Шундай қилиб, дастлаб КОВИДдан сўнгги таълим ҳақида сўз юритамиз. Жорий йилда дунёнинг кўплаб мамлакатлари илк марта онлайн таълим билан боғлиқ тажрибаларни амалда қўллаб кўрди. Бу ким учундир оғриқли тажрибага айланди, бунга биринчи навбатда интернетга уланиш сифати ёмонлиги ҳамда етарли даражада техник ва дастурий жиҳозланмаганлик сабаб бўлди. Бошқа мамлакатлар учун онлайн ўқитиш ўқиш самарадорлигининг ошиши, ўқитиш жараёнининг шахсийлаштирилиши ва ҳатто тенгсизликнинг бартараф қилиниши сингари янги имкониятлар очди.
Антрополог Дэвид Гребер шундай деган эди: “Ҳозирги ҳолатдаги бошланғич мактаб XIX асрда одамларни саноат меҳнатига тайёрлаш учун шаклланган эди, деган назария мавжуд. Шунинг учун мактабларда қўнғироқлар бор ва ҳамма кабинетдан кабинетга кўчиб юриши керак – табиийки, умуман олганда, бу мажбурий нарса эмас. Барчаси фабрикада ишлаш учун кўникма ҳосил қилишга мўлжалланган бўлиб, кўплаб турли-туман таълим муассасалари фаолияти шунга асосланган. Бироқ битирувчиларнинг жуда оз фоизи фабрикада ишлаши инобатга олинса, бунинг нима кераги бор, деган савол туғилади. Нега уни бошқа нарса билан алмаштириш мумкин эмас? Энди биз саноат жамиятида яшамаётган бўлсак, бунинг нима зарурати бор? Бу одамларни ўзини ишлаётган қилиб кўрсатиш ва ишга келиб кетганини белгилаш муҳим бўлган бемаъни ишга тайёрлаш учун керак”.
Бугун каттароқ мақсадларга эришиш учун қарорлар қабул қилиш: инсоният сўнгги пайтларда орттирган барча янги кўникмалар ёрдамида мактаб таълимини ислоҳ қилиш вақти етган бўлса ажаб эмас. Замонавий болалар компьютерда ишлашни жуда тез ўрганиб олмоқда, видео жойлаштириш ва “дастурлаш”ни эплайди. Сунъий ақл эса уларнинг эҳтиёжларини, эҳтимол, анъанавий ўқитувчилардан ҳам яхшироқ тушуниб олади. Лекин бу ҳозирча Хитой ва Япония сингари мамлакатларда эҳтимол тутилаётган истиқболдир. Бизнинг минтақа – Марказий Осиёнинг бу борадаги истиқболини унчалик қувончли деб бўлмайди.
Биз вазиятни ойдинлаштириб олиш учун қозоғистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик бир неча мутахассис ва фаолларга мурожаат қилдик.
Интернет барқарор бўлмаган мамлакатларда қандай қилиб рақамли мактаб таълимини йўлга қўйиш мумкин? Биз ушбу савол билан Тожикистоннинг жанубий минтақаларида инглиз тилидан сабоқ бераётган Эражга мурожаат қилдик. Айтишича, фаолият юритаётган 65 та мактабидан фақат 12 тасида электрон доскалар бор. Бироқ у таълим бераётган гимназия биринчи бўлиб рақамли медиа орқали таълим беришга ўтган.
− Эраж, сизга биринчи саволим: Тожикистонда пандемия даврида онлайн ўқитиш қандай йўлга қўйилди?
Эраж:
− Ассалому алайкум, менинг исмим – Эраж. Саволларингиз учун раҳмат. “Рақамли таълим ҳақида фикрингиз қандай?” деган биринчи саволингизга жавоб берсам. COVID пандемияси Тожикистондаги рақамли таълим айни пайтда ривожланиб бораётганини кўрсатди, бироқ, масалан, рақамли жиҳозлар ва интернет билан таъминланмаган қишлоқ жойларда, олис туманларда чала ишлар кўп. Ушбу муаммо (мактабларнинг жиҳозланганлик масаласи) бўйича кўплаб мураккабликлар бор, шунинг учун ўқувчилар фундаментал нуқтаи назардан билим ола билмади. Масалан, ўзим 28 апрелда тил ўргатиш марказимни ёпиб, Zoom дастури орқали онлайн ўқитиш усулига ўтдим. Шу тариқа болаларни 1 ой инглиз тилига ўқитдим, алоқа сифати ёмон бўлгани сабабли кўпчилиги смартфони, планшети ва компьютери орқали дарсларга улана олмади. Алоқадан фойдаланиш сифати ҳамма жойда ҳам бир хил эмас, яъни ҳамма жойда ҳам 4G сигнали уланмаган, кўп жойларда фақат 3G сигналини тутиш мумкин, холос. Кўпчилик то шу кунгача ушбу масаланинг муҳимлигини тушунмайди, шунинг учун марказдан узоқ жойларда жиҳозланганлик даражаси жуда заиф.
Дониёр Мўлдаханов:
– Шундан сўнг Тожикистонда онлайн ўқитишни тажриба қилиб кўрмасликка қарор қилиниб, болалар узоқ муддатли таътилга чиқариб юборилди. Қирғизистондаги вазият қандай? Бу ҳақда Бишкек шаҳридаги хусусий мактаб асосчиси Екатерина Қосимова сўзлаб беради.
Екатерина Қосимова:
− Биласизми, албатта, бу масалада бизга осон бўлди, чунки мактабимиз Бишкекда жойлашган ҳамда бу ердаги ота-оналар ва ўқувчиларнинг аксариятида, озми-кўпми, барқарор интернетга уланиш имконияти бор. Ўқувчиларимизнинг ота-оналари фарзандларини зарур қурилмалар, билан таъминлай олади, бироқ пандемия нафақат мамлакатимизнинг узоқ ҳудудларида, қолаверса, бошқа жойларда ҳам рақамли технологиялардан фойдаланишда тенгсизлик мавжудлигини фош қилди. Онлайн ўқитиш, дарсларни ретрансляция қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди, чунки битта оилада бир неча ўқувчи бўлган ҳолда 1 – 5-синф дарслари одатда бир вақтда олиб кўрсатилди, оилада эса фақат битта телевизор бор эди. Айрим оилаларда телевизор йўқлиги сабабли болалар қўшнилариникига чиқиб турди. Техник воситалар билан зарур даражада таъминланмаган узоқ туманлардаги масофадан ўқитиш тизими моделида олдиндан ҳаммаси ҳисобга олиниши керак эди. Таассуфки, бундай модель ишлаб чиқилгани йўқ эди, барча қарорлар шишилинч тарзда қабул қилингани учун уни ишлаб чиқиш ҳам мушкул бўлди. Ихтиёримизда таълим беришнинг бутунлай бошқа усулига ўтиш учун фақат уч ярим ҳафта вақт бор эди. Бизга “синф-дарс” парадигмасидан шошилинч масофавий таълимга ўтиш таклиф этилди. Узоқ вақтдан бери жағ ураётганимиз, амалга ошмай келаётган таълим соҳасини рақамлаштириш, бор-йўғи, 3,5 ҳафта мобайнида воқеликка айланди. Ушбу воситаларни, камдир-мўлдир, жорий этган мактаблар у ёки бу тарзда иш услубини ўзгартириб олишга муваффақ бўлди, аммо аксарият мактаблар – Бишкекдан ташқаридаги мактаблар ҳақида сўз юритадиган бўлсак – улар таълим жараёнидан четда қолиб кетди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Ҳа, рақамлаштириш бошимизга ҳеч бир огоҳлантиришсиз айнан дўлдай ёғилди. Кейинги воизимиз Камила Ковязина “Сорос” жамғармасининг Қозоғистондаги лойиҳаси доирасида онлайн ўқитишга ўтиш муаммоларини тадқиқ қилди. Қозоғистонда онлайн ўқитиш имкониятлари олдинроқ синовда ўтказилган ва интернет бу вазифани бажаршни уддала олмаслиги тушуниб етилгандан сўнг, телевидение имкониятларидан фойдаланган ҳолда теледарсларга ўтишга қарор қилинган эди.
Камила Ковязина:
– Ўқув таътили узайтирилгандан сўнг Қозоғистонда онлайн ўқитиш имкониятлари қандай экани, интернет нечоғли кучлилигини синаб кўришга ҳаракат қилинди, чунки бундай ғоя (онлайн ўқитиш назарда тутилмоқда) аввалбошданоқ мавжуд эди. Zoom дастури орқали 2 – 3 миллион бола, яъни барча ўқувчилар интернетга уланган илк дарслар вақтида у дош бера олмай, ишдан чиқди. Назаримда, таълим вазирлиги раҳбарияти муаммони яширишга уринмай, вилоят таълим бошқармасига, “нима қилсаларинг, қилинглар, бироқ таълим онлайн бўлиши шарт”, деб буйруқ бермай, тан олгани журъатли иш бўлди. Шундан сўнг таълим бериш учун телевидениени тайёрлаш тўғрисида ўз вақтида қарор қабул қилинди. Уларга сценарийни ишлаб чиқиш ва тасвирга олиш зарур эди. Булар ҳаммаси вақт талаб этади. Мен камчиликни ўз вақтида тан олиб, бошқа йўлни танлашга ўтишни жуда яхши ҳолат деб ҳисоблайман. Албатта, интернетимиз тайёр эмаслиги ҳаммамиз учун зарба бўлди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Модомики, интертнет ҳатто Қозоғистондай мамлакатда ҳам рақамли ўқитишга тайёр эмас экан, гарчи мажбурий бўлса-да, КОВИД давридаги онлайн таълим билан боғлиқ тажриба бутун бошли Марказий Осиё минтақасида барбод бўлди, дейиш мумкинми? Афтидан, ота-оналар айнан шунақа деб ўйлаяпти. Бишкеклик Екатеринанинг фикрларига қулоқ тутамиз.
Екатерина Қосимова:
– Бу ҳам руҳий, ҳам ҳиссий жиҳатдан оғир вақт бўлди, ота-оналар ғайриихтиёрий тарзда таълим жараёнининг иштирокчисига айланди. Бир тарафдан, ота-оналарнинг таълим жараёнига теран аралашуви яхши бўлди, аммо бошқа тарафдан, бу, умуман олганда, улар ишига салбий таъсир кўрсатди, чунки кўпчилиги уйидан узоқда ишлар, машғулотларда ҳозир бўлишнинг доимий зарурати – айниқса, бу кичик ёшдаги ўқувчиларга тегишли – уларни ишидан чалғитар ва бу оилаларда асабий ҳолатни пайдо қилар эди. Ҳа, бизда ота-оналарнинг салбий ҳиссиётлари ортиб кетган лаҳзалар ҳам бўлди.
Яна шуни ҳам қайд этиш зарурки, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам масофавий таълим беришга тайёр эмас экан. Қирғизистондга ўқитувчилар ўртача 50 – 60 ёшда ва албатта ҳаммаси ҳам ахборот технологияларидан фойдаланишни билмайди. Улар – ўз ишининг усталари, ўқитиш методикасини яхши билади, унвонига кўра эмас, истеъдодига кўра чин маънодаги халқ ўқитувчиларидир, бироқ масофавий таълимга ўтиш тез орада барчасини мослашувга мажбур қилди. Бу ҳам ўқитувчилар корпусидаги ўзига хос инқироз эди. Барчасига қўшимча қилиб яна шуни айтиш мумкинки, онлайн ўқитиш тенгсизлик муаммосини бўрттириб кўрсатиб берди. Шаҳардаги таъминоти яхши оилалар фарзандлари компьюьтер ёрдамида осон ўқимоқда, Ютюбдан, махсус дастурлардан ва иловалардан янги билимларни илғор ўқитувчилар ва тенгдошларидан кўра ҳам яхшироқ олмоқда. Аксарият ҳолларда юқорида санаб ўтилган имкониятлар қишлоқ жойлардаги ўқитувчилар учун етиб бўлмайдиган орзулигича қолмоқда.
Дониёр Мўлдаханов:
– Камила, тенгсизлик ҳақида сиз нима дейсиз?
Камила Ковязина:
– Муаммо – шундоқ кўзга ташланиб турган нарса, у ҳақда давлат идоралари вакиллари ҳам, депутатлар ҳам кўп гапирмоқда, энг катта муаммо эса “шаҳар – қишлоқ” линияси бўйича яққол кўринмоқда. Айни муаммо фақат интернетга эмас, ўқитувчиларнинг малакаси ва моддий-техник инфратузилмани қандай ишлата олишига ҳам боғлиқ. Расмий маълумотларга таяниб, ҳатто айтиш мумкинки, қишлоқ мактаблари, кўпроқ жиҳозланган, уларда компьтютерлар сони кўпроқ, бироқ аслини олганда, ўша компьютерлар кўпинча эски, яроқлилик муддати тугаган бўлади. Улар орқали интернетга уланиб бўлмайди, лекин ўша мактабларга интернет ўтказилса ҳам, у қанчалик сифатли бўлади?
Назаримда, тенгсизликнинг энг йирик муаммоси ўқитувчиларнинг нечоғли малакали эканидир. Расман олиб қараганда, фарқ унча катта эмас, фақат тўлиқ комплектланмаган мактабларнинг ўқитувчилари бундан “анча четда қолган” эди, бироқ бундай ўқитувчилар бизнинг Қозоғистонда жуда кўп, бироқ улар ўқитаётган мактабларда ўқувчилар жуда кам, контингент ҳам кўп эмас, шунинг учун хавотирга ўрин йўқ, чунки улар – кам комплектланган мактаблар ва сони жуда оз. Ўртача олганда, қишлоқ ўқитувчилари шаҳарлик ҳамкасбларидан расман фарқ қилмайди, лекин аслида орадаги фарқ жуда катта, яъни интернетдан фойдаланиш имконияти йўқлиги марказлаштирилган ёндашувсиз ўқитувчилар малакасини ошириши имкониятини камайтиради. Одам ўзи қандайдир ахборотни излаб топиши, видео томоша қилиши ёки болалар учун қизиқ нарсаларни қидириши, бошқалардан тажриба ўрганиш имконияти йўқ. Мен “Сорос” жамғармаси учун ўтказган тадқиқот кўрсатишича, шаҳарлик ўқитувчилар жипсроқ бўлади, улар ўзаро учрашиб, қандайдир семинарлар ўтказади, бир-бирига нималарнидир тушунтиради. Ҳозирги кунда бизда ўрта таълимнинг янгиланган контенти жорий этилмоқда ва улар (шаҳарлик ўқитувчилар) ўқитишнинг ушбу ўта мураккаб парадигмасини ўзаро муҳокама қилиб, бир-бирига тушунтирмоқда ва уни тушунишга ҳаракат қилмоқда, қишлоқ ўқитувчилари эса фақат ўз мактаби қобиғида қолиб кетган, чунки қишлоқлар ўртасидаги масофа жуда узоқ.
Дониёр Мўлдаханов:
– Қозоғистоннинг таълим соҳасидаги тадқиқотчиларидан яна бири Жаслан Нурбаевдир. У ёзаётган нарсаларида асосий эътиборни таълимга оид тенгсизликка қаратади. Нурбаев биз билан суҳбатида шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тенгсизлик Қозоғистон мактаб таълимининг халқаро баҳоларига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳикоя қилади.
Жаслан Нурбаев:
– Биласизми, гап бу борада минтақалар ўртасида, шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўртасида қанчалик катта тафовут борлиги ҳақида кетмоқда. Мабодо фақат шаҳар мактабларида тест олинса, кўрсаткичларимиз аъло ёки Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо мамлакатлар кўрсаткичларига яқин бўлади, деб айта олмайман, лекин шунга қарамасдан, улар анча яхши бўлиши мумкин, чунки сўнгги маълумотлар қишлоқ ўқувчилари шаҳарликлардан деярли бир йил ортда қолаётганидан далолат бермоқда. Бу – PISA – Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастурнинг 2018 йилга оид маълумоти.
Дониёр Мўлдаханов:
– Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида таълим соҳасида пандемия сабаб бой берилган имкониятлар қанчалик катта бўлиши ҳақида ўйлаб кўришга ҳам қўрқади одам. Камила Ковязина Жаҳон банки маълумотларини билан таништиради.
Камила Ковязина:
– Жаҳон банки жуда ташвишли маълумотларни келтириб, саводхонлик даражаси пасайишини башорат қилмоқда. Бизда функционал саводхонлик кўрсаткичлари шусиз ҳам паст. Улар фикрича, бутун минтақа бўйича ўқувчиларнинг 78 фоизи ушбу саводхонликка эга эмас. Кўрсаткич ҳозирча 78 фоиз, аммо пандемиядан кейин мактабда 5 ой ўқимагач, болаларнинг 86 фоизи функционал саводхонликка эга бўлмайди. Кўрсаткич 8 фоиз пасаяди. Шусиз ҳам ёмон аҳволимиз янада баттарлашади. Улар Марказий Осиё бўйича PISA кўрсаткичи 425 баллдан 409 баллгача пасайиши мумкинлигини айтмоқда. Билим пул эканини ҳисобга олсак, бу ҳол ушбу болалар учун молиявий зарарга сабаб бўлиши, келгусида эса 44 миллиард АҚШ долларилик зиён кўрилишига олиб келиши мумкин.
Дониёр Мўлдаханов:
– Бу биринчи навбатда ўсиб келаётган авлод учун улкан зарардир! Кўпгина ота-оналар сифатли таълим аҳамиятини тушунган ҳолда индивидуал – уй таълими ёки хусусий таълимга ўтишга қарор қилмоқда. Бунинг ўзига яраша қандай ижобий ва салбий жиҳатлари бор? Жаслан, сиз нима дейсиз?
Жаслан Нурбаев:
– Ҳа, шу ўринда ҳар қандай оила ҳам уйда ўқитиш имконини топа олмаслигини қайд этиш лозим. Бундай имкон ўзига тўқ ва бой одамларда мавжуд, уларга бундай танлов учун нима туртки беради? Албатта, бу ижтимоийлашув (ўзаро мулоқот қилиб туриш) эмас, улар, энг аввало, фарзандига сармоя ётқизишни истайди. Табиийки, бунақа оилалар фарзандлари бошқалардан яхши бўлишини, ривожланишда тенгдошларидан олдинлаб кетишини истайди, индивидуал ўқитиш эса ота-оналарнинг истакларига мос тушади. Лекин ижтимоийлашган, бошқа тенгдошлари билан мулоқот қиладиган болалар яхшироқ ривожланишини исботловчи тадқиқотлар ҳам бор. Бир-бирига зид қарашлар мавжуд, бироқ шунга қарамасдан, ушбу масалага жуда мўл омиллар таъсир кўрсатади. Энг аввало шуни қайд этиш лозимки, оддий умумий таълим мактабларида, ҳатто шаҳар мактабларида ҳам таълим сифати мутлақо талабга жавоб бермайди. Шу сабабли фарзандларига кўпроқ нарса беришни истаган оилалар бундай мактабларга ишонмайди. Ўқув жараёни яхшироқ бўлган хусусий мактаблар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар ҳамма нарса билан таъминланган, яхши/энг яхши ўқитувчилар ўша ерга йиғилган, қолаверса, у ердаги тўлов миқдори ҳам жуда баланд. Уйда индивидуал ўқитиш харажатлари икки марта арзон бўлиши ва ота-оналар шу сабабга кўра ўқитишнинг айни шаклини танлаётган бўлиши мумкин. Агар кўпгина умумий таълим мактабларидаги таълим сифати юқори даражада бўлганида, ҳозирги босқичда қўшимча ёки индивидуал таълим бунчалик оммалашиб кетмаган бўлар эди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Жаслан, агар таълим соҳасида рақамлаштириш йўналишида ҳаракатланадиган бўлсак, бизга замонавий технологиялардан фойдаланишда ишнинг кўзини биладиган ўқитувчилар зарур бўлади. Шунга қарамай, дунёда ўқитиш жараёнида сунъий ақлдан фойдаланиш ортиб бормоқда – ушбу дастурий таъминотларнинг на яхши кўрган ўқувчиси, на ёмон кайфияти бор ва улар ўқитишга ёндашувларни йўл-йўлакай мослаштириш билан ўқувчининг эҳтиёжларига жуда тез ва самарали мослаша билади. Биз ўқитувчилар билан сунъий ақл имкониятларини биор-бирига қовуштира оламизми? Умуман олганда, ҳозир ўқитувчининг ўрни қандай?
Жаслан Нурбаев:
– Умуман ўқитувчининг ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда бу –алоҳида мавзу, улкан муаммо. Назаримда, бу нафақат Қозоғистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг, эҳтимол, бутун дунёнинг бошоғриғидир, чунки ўқитувчилик касбини кимлар танлаётгани ҳақида гапириш керак. Яна статистика маълумотларини ва фақат Қозоғистон билан боғлиқ мисолларни келтираман, лекин такрор бўлса ҳам айтаман: ушбу маълумотлар минтақанинг бошқа мамлакатларига ҳам тааллуқли деб бемалол айтиш мумкин. Масалан, Қозоғистондаги ўқитувчиларни олсак, ким бу касбни эгаллаяпти? Аввало, улар – мактабда ёмон, “уч” баҳога ўқиганлар ёки давлат гранти асосида ўқишга кирмоқчи бўлганлар, чунки давлат педагогика ихтисосига “бюджет жойлари”га кўпроқ грант ажратади. Бинобарин, мактабни аъло баҳоларга битирган ўқувчи педагогика мутахассислигига ишлаш учун бормайди. Нега? Чунки, биринчидан, бу – айни пайтда кам ҳақ тўланадиган касб, иккинчидан эса, унинг обрўси йўқ. Яна санаб ўтиш мумкин бўлган кўплаб сабаблар бор.
Дониёр Мўлдаханов:
– Тушунарли. Дарҳақиқат, бизда кадрлар ва инфратузилма билан муаммолар ошиб-тошиб ётибди. Бироқ ҳали онлайн ўқитишнинг баҳридан ўтишга эрта. Ҳа, интернет, дастурлар ва дастурий таъминот, ўқитувчилар ва ҳк. билан боғлиқ муаммолар кўп. Лекин суҳбатимизнинг бошида айтганимиздай, мактаблар рақамли келажакка мослашиши керак. болалар ҳам, катталар ҳам янги билим манбаларини қидириб топмоқда. “Duolingvo” сингари дастурлар чет тилларни яхши ўргатмоқда, интернетга ва ҳатто Ютюбга минг-минглаб китоблар жойлаштирилган. Ipad’да (Айпад) бир неча доллар эвазига ўқиш, математика ва пианино чалишни ўрганиш мумкин. Хитойда онлайн-тюторлар – репетитор дастурлар аниқ фанларни анъанавий мактабдан кўра яхшироқ ўргатмоқда. Кўпчилик суҳбатдошларим онлайн ўқитиш муқаррар келажак экани ҳақидаги фикримга қўшилади. Бишкеклик Екатеринанинг сўзларига қулоқ тутамиз.
Екатерина Қосимова:
– Биласизми, давлат мактаблари ҳақида гап кетганда, масофадан ўқитиш бир вақтда бир неча муаммоларни ҳал этишини қайд этиш лозим. Биринчидан, ўқув муассасалари етишмаслиги бугунги кунда долзарб масала бўлиб турибди, Қирғизистонда аҳоли сони ўсиб бормоқда ва Худога шукрки, биздаги демографик вазият яхши, бироқ давлатнинг янги мактаблар қуриш учун пули йўқ. Бу кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳам ҳал қилиши мумкин, чунки меҳнатга кам ҳақ тўланаётгани учун ўқитувчилик касбининг обрўси паст. Шу сабабли муаммони масофадан ўқитиш орқали ҳал этиш мумкин бўлади. Яна ижтимоийлашув масаласини ҳал этиш йўллари ҳам ишлаб чиқилса, масофадан ўқитиш, албатта, мавжуд “синф – дарс” парадигмасига яхши муқобил бўлиши мумкин. Бунинг учун ўсиб келаётган авлоднинг ижтимоийлашув билан боғлиқ муаммосини ҳал этиш даркор. Биз болаларнинг ижтимоий тармоқларда осонликча дўст орттириш сингари виртуал мулоқот қила билишидан хабардормиз, бироқ уларнинг реал ҳаётда жамоа бўлиб ишлаш, омма олдига чиқиб гапириш кўникмалари йўқ, улар уятчан ва фикрини оғзаки ифода қила олмайди. Ҳа, улар постни жуда яхши ёзиши, бирор ишни ёзма равишда бажариши мумкин, лекин оғзаки нутқи ривожланмаган. Маълум бўлишича, айрим болаларга ойлайн ўқитиш формати кўпроқ мос келар экан, улар қанча фанларни ўқишни, дарс жадвалини ўзи белгилайди, фаолиятини ўзи ташкил этади. Бир тарафдан, бу интизомини ўзи назорат қилиш учун синовдир ва кўпчилик кўз ўнгида ўқувчиларнинг катта ёшлилар ва ишини режа асосида қиладиган кишилар сингари бошқа фазилатлари намоён бўлди ҳамда кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари барча платформалар, иловалар ва онлайн технологиялар билан таниш экан. Улар бу технологияларни ота-оналари ва ўқитувчиларидан кўра тезроқ ўзлаштириб олди ва биз кўз ўнгимизда ушбу жараёнга осонлик билан шўнғиб кетган янги – Х авлодни кўряпмиз.
Дониёр Мўлдаханов:
– Шунақа денг! Бошқа воизларимизга мурожаат қилсак. Камила, сиз рақамли ўқитиш усулининг афзал жиҳатлари ҳақида қандай фикр билдирасиз?
Камила Ковязина:
– Бутун дунё фақат рақамли ўқитиш деб бўлмас-ку, аммо blended learning – аралаш ўқитиш деб аталадиган ўқитиш усулига келади, деб ўйлайман. Биз ўқитувчилар ўртасида сўров ўтказганда, сиз буни қандай кўрасиз? – бунинг кераги борми? (рақамли ўқитиш назарда тутиляпти) – деб улардан сўраган эдим. Қизиғи шундаки, ўқитувчилар сиз билан биз билган Ютюбдаги видео қидирувлар, қандайдир масалани ечишга оид ахборот қидириш, кимёвий тажрибани қандай ўтказиш сингари “дунё”ни ўзи учун кашф қилди. Сиз билан биз буни билган бўлишимиз мумкин, аммо улар ушбу янги, қизиқарли ва фойдали “дунё”ни энди-энди билиб олмоқда. Завқ-шавққа тўла жавоб берган ўқитувчилар бу имкониятлардан кейинчалик ҳам фойдаланади, лекин ҳаммада бунга қаттиқ қизиқиш уйғонди деб бўлмайди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Ўқитувчининг рақамли таълим инфратузилмасига саводли интеграцияси инсоният эволюциясига туртки бўлиши мумкин. Жаслан Нурбаев ҳатто онлайн ўқитиш қишлоқ ва шаҳар мактаблари ўртасидаги тенгсизлик ва тафовутни қисқартириши мумкин, деб ҳисоблайди.
Жаслан Нурбаев:
– Эпидемологик вазият, яъни COVID-19 пандемиясини ҳисобга олмаса, онлайн ўқитишнинг биз ҳамкасблар билан муҳокама қилган афзалликлари шу бўлдики, у масофадан туриб ишлаш имконини беради, масофа билан вақтни қисқартиради, яна у мавжуд тизимга майда қишлоқлардан мактабга қатнайдиганларнинг, ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳаётини енгиллатиши мумкин, чунки улар мактабга кўпинча ўз ҳисобидан қатнайди, буни эса чўнтаги ҳар доим ҳам кўтармайди. Агар интернет сифати яхши бўлса ва масофавий технологиялардан фойдаланилса, муаммо тез, яхшироқ ва сифатли ҳал бўлар ҳамда ўша ерлардаги таълим сифати кўтарилар эди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Раҳмат! Подкастимизнинг иккинчи қисмида биз ўқитишнинг рақамли технологияларига ишонадиган ва ҳатто уни олға силжитиш учун қандайдир ишлар қилаётган фаоллар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Рустам Курбатов Москва шаҳридаги онлайн мактаб асосчиси – у яна марказий осиёлик мигрантларнинг фарзандлари билан ишлаш баробарида уларга ҳам, катта ёшлиларга ҳам масафадан туриб, рус тилини ўргатмоқда. Бироқ унинг асосий ғояси ўқитишни онлайн режимга кўчириш, уни барча учун тенг, қизиқарли ва чўнтакбоп қилишдир. “Ковчег” (“Нажот кемаси”) онлайн мактабида 400 ўқувчи таълим олмоқда. У онлайн ўқитиш имкониятлари ўзи ва педагогларига берган “иккинчи нафас йўли очилиши” ҳақида сўз юритади. Рустам, карантин даврида ўқитишга қандай мослашганингизни гапириб берасизми?
Рустам Курбатов:
– Бошқа иложи бўлмагани учун тез мослашиб кетдим, мен 400 нафар ўқувчиси бор “Ковчег” сингари умумий таълим мактаби директори сифатида тезроқ мослашишга мажбур эдим. Бизда 80 киши 3 кун ичида онлайн ўқитишга ўрганиши ва ўтиши керак эди, шунга эришдик ҳам. Қонга педагогик адреналин тошиб чиқди ва “иккинчи нафас йўли очилди”. 30 – 40 йиллик иш стажига эга бўлган барча кишиларнинг ичида нимадир питирлаб қолди ва улар янги кучни ҳис қилди. Балки айтсам ишонмассиз – одамларда кўпроқ ишлашга иштиёқ уйғонди, чунки “Ковчег” ҳамма учун эшикларини очиб қўйди, мактабимизга турли шаҳарлардан янги ўқитувчилар кела бошлади ва биз кўзлари ёниб турган кўплаб ўқувчиларни кўрдик. Буни ҳатто экрандан ҳам кўриш мумкин эди. Шу сабаб бир ҳафта ичида жуда тез ишимизни қайта ташкил қилдик ва у юришиб кетди.
Дониёр Мўлдаханов:
– Ижтимоийлашув муаммосини қандай ҳал қилдингиз?
Рустам Курбатов
– Айтишим мумкинки, боланинг ижтимоийлашувига асосий тўсиқ умумий ўрта таълим мактабидир, айнан мактаб мулоқот ва ижтимоийлашувга халақит беради. Келинг, ўз-ўзимизга савол берайлик: қачон ижтимоийлашув ва мулоқот рўй бериши мумкин? Бола ўтириб, тинглаб ва бир марта доскага чиқадиган 40 дақиқалик дарсдами? Ижтимоийлашув нима дегани? Ижтимоийлашув ўтириб ўқитувчининг гапларига қулоқ солишми? Ёки мендан ўтилган дарсни сўраб қолиши мумкин, деб қўрқиб титраб ўтиришми? Мактаб билан уйга берилган вазифани ёмон кўришми? Фақат сафда туриш интизомига кўникиш ижтимоийлашувми? Бошқа ўқувчилар билан фақат танаффус вақтида мулоқот қилиш мумкин, шунинг учун бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ. Жонли мулоқотдан яхшироқ нарса йўқ, деган гап тўғри – албатта шундай, лекин мактабда жонли мулоқот йўқ. Бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, интернет орқали ҳам жонли мулоқот қилиш мумкин. Агар биз онлайн лекциялар ўқишни тўхтатсак ва монологлардан воз кечсак, болалар билан диалог – мулоқот қилсак, уларнинг гапларига қулоқ тутсак, муҳокама қилсак ва баҳслашсак, мана шу жонли мулоқот бўлади. Бу унчалик қўрқинчли эмас, баъзан қийин бўляпти, товуш шовқин сабаб эшитилмай қолади, лекин техника яхшиланиб бормоқда, шунинг учун мен онлайн режимда ҳақиқий жонли мулоқот мумкин деб ҳисоблайман ва бунга ишончим комил. Бунинг учун фақат бир нарсани такрорлашни: машқлар бажариш, ёдлаш, лекциялар ўқишни бас қилиб, мактаб расмиятчилигидан воз кечиб, ўқувчи билан суҳбатлашаётганда, унинг сўзларига қулоқ тутиш зарур бўлади. Ҳа, бу ўриндаги энг муҳим нарса мулоқотдир. Буни онлайн амалга оширса ҳам бўлади ва бу – жуда яхши. Назаримда, энг муҳими пандемия мактаб қотиб қолган шакл – тошга айланиб кетганини кўрсатиб берди, лекин таълим учун турлича вариантларни қўлласа бўлади; кўплаб ота-оналар – балки кўпчилиги эмас, баъзилари – ҳақиқий таълим кунлик 5 соатлик дарс, ҳар бир чорак сўнггида имтиҳон топшириш шарт эмаслигини, унинг шакллари турлича бўлиши мумкинлигини тушунади. Масалан, кўплаб ота-оналар масофавий таълимни танламоқда, чунки бугунги мактабдаги бюрократия ва электрон кундаликлар ёрдамида ҳар бир қадамни назорат қилиш, ҳафталик назорат ишлари, компьютер орқали бажариладиган вазифаларга мутлақо чидаб бўлмай қолди. Бу ерда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, шунинг учун кўплаб ота-оналар тизимдан чиқиб кетишни афзал билмоқда – бор гап шу.
Дониёр Мўлдаханов:
– Илон Маск келажак ҳақида гапириб, инсон онгини рақамлаштириш мумкинлигини айтган эди. Агар бизни чиндан ҳам онгни рақамлаштириш кутаётган бўлса, виртуал дунёдаги ижтимоийлашув истиқболидан чўчимасак ҳам бўлади. Дониёр Кусаинов ўнлаб болаларга компьютер ва планшетлар олишда кўмаклашган лойиҳаси ҳақида ҳикоя қилаётган яна бир фаолдир. У янги асрда планшет сув сингари зарурат эканига ишонади.
Дониёр Кусаинов:
– Биз карантин вақтида уйда ўтириб, ишончли компьютер билан барқарор интернет алоқаси муҳимлигини тушунган пайтимиз Гулноз билан бирга “Connected” лойиҳасини ишга туширган эдик. Қатъий карантин вақтида уйида компьютери йўқ 300 минг нафар бола борлиги ҳақида жуда кўп хабарлар ўқидик. Шу сабабли ҳар қандай техникани (ноутбук, планшет, смартфон, қулоқчинлар) йиғиш, сўнгра уларни таълим билан боғлиқ алоҳида эҳтиёжи бор ва ота-онасининг қаровисиз қолган болаларга бериш эълон қилинадиган ташаббус ва платформа яратишга қарор қилдик. Биз улар орасидан икки тоифани ажратиб олдик, чунки эҳтиёжманд болалар сони кўп, шунинг учун асосий эътиборни мана шу икки гуруҳга қаратишга ва уларга устувор аҳамият беришга қарор қилдик. Бугунги кунгача 60 та қурилма совға қилдик, яқин кунларда яна 68 та планшет ҳадя этилади, шунингдек, 15 – 20 тача янги қурилма сотиб оламиз. Биз GoFundMe онлайн платформаси орқали пул йиғдик ва қурилмаларни ушбу пул эвазига харид қиламиз. Масофавий таълим йўқлиги, онлайн ўқитиш йўқлиги, оиланинг моддий аҳволи, ота-оналарнинг ҳиссий ҳолати – ҳамма-ҳаммаси боланинг таълим олишига таъсир кўрсатади. Боланинг алоҳида хонаси, зарур қурилмаси йўқлиги ҳам умумий манзара бўлаклари бўлиб, тенгсизликни кучайтиради. Мен карантин вақтида айрим болаларнинг ўқитувчиси билан алоқага чиқиш учун ҳеч қандай имконияти йўқлиги ҳақида жуда кўп хабарларни эшитдим. Алмати вилоятининг Баканас қишлоғилик бир ўқитувчи билан гаплашдим ва у ўқувчилариннг бир қисми таълим тизимидан четга чиқиб қолганини гапириб берди. Улар (ўқувчилар) тўлиқ lockdown (изоляция) вақтида тўртинчи чоракни ўқимай ўтказди, чунки ноутбук у ёқда турсин, оддий смартфони ҳам йўқлиги учун ўқитувчилари билан алоқага чиқа олмаган. Хомчўтимизча, бундай болалар уй ишлари билан машғул бўлган, ота-онаси билан ўтириб, ўтилмай қолган дарсларни мустақил ўқиб-ўзлаштиргани даргумон. Мавжуд тадқиқотларга кўра, шаҳарлик, моддий таъминоти етарли оилалар фарзандлари яхши ўқийди, дарсларни ўзлаштириши ҳам яхши, чунки улар 3 ойлик ёзги ўқув таътили ва ўқув йили давомида қўшимча таълим олади. Албатта, бу – shadow education’нинг (қўшимча хусусий репетиторлик) бошқа бир муаммоси. Бунга давлат тизими зарур ҳажмдаги билимни, ҳамма тенг равишда сифатли таълим олишини таъминлаб бера олмаётгани сабаб бўлмоқда, давлат таълим тизимининг шу каби нуқсонлари сабаб моддий имконияти катта бўлган ота-оналар фарзандига зарур қурилмалар харид қилиш ва қўшимча таълим беришга мажбур бўлмоқда. Масалан, фарзандингиз учун инглиз тили сабоқларига Italk тил ўрганиш тизими орқали буюртма бериш пул туради. Фарзандингиз билан Skype илова дастури орқали шуғулланадиган ўқитувчи ёллаш учун пул керак, маблағ керак. Акс ҳолда қандай қилиб қўшимча таълим билан, зарур жиҳозларсиз инглиз тилини ўрганиш билан шуғулланиш мумкин? Бунинг иложи йўқ. Болалар билан суҳбатдан маълум бўляптики, аксарият оилаларда 3 – 4 нафардан бола бўлиб, улар орасида ота-онаси қаровисиз қолганлари ҳам бор. Васийлари кўпинча бувилар/боболар, аммалар/амакилар ёки тоғалар/холалардир, уларнинг бу қарамоққа олган болалардан ташқари биологик фарзандлари ҳам бор. Кўрдикки, бундай оилаларда ноутбук ёки смартфон бўлган тақдирда ҳам ундан 3 ёки 4 киши фойдаланади ва айтишларича, қурилма доимий тарзда қувват манбаига уланган бўлади, уни ҳар бир киши навбати билан ишлатади, Whatsapp иловаси орқали ўқитувчилар билан боғланади, яъни бундай ҳолат ўта ўнғайсизлик туғдиради. Мен смартфон узлуксиз қувват манбаига қантарилган ва ушбу шароитда дарс қилиш мумкин бўлган кўп фарзандли оилада яшашимни тасаввур қила олмайман. Ўқиш вақтида одамнинг ҳеч қандай сири қолмайди, у ерда ўқиш учун бирор жойга чиқиб туриш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Дониёр Мўлдаханов:
– Балки ҳар бир фарзанд туғилганда, ҳатто у туғруқхонадалигидаёқ, планшет тарқатишимиз керакдир?
Дониёр Кусаинов:
– Ҳа, бу – яхши фикр, бироқ чақалоқ катта бўлгунча, қурилма эскириб бўлади (кулади).
Дониёр Мўлдаханов:
– У ҳолда анъанавий мактабнинг офлайн тарзда қандай келажаги бўлиши мумкин?
Дониёр Кусаинов:
– Замонавий технологиялар тинимсиз ривожланиб бораётгани ҳисобга олинган тақдирда ҳам ўқитувчининг муқобилини яратиш осон бўлмаса керак. Бироқ хаёлга эрк бериб кўрилса ҳамда технологиялар ёрдамида ўқитувчи аватари ёки виртуал ҳудудлар яратилса, бола нафақат синфдошлари, қолаверса, ўқитувчиси билан бирга ижтимоийлашув жараёнини ҳис қилса, тўлиқ бўлмаса-да, аста-секин офлайн таълим фақат билим беришга эмас, фақат ижтимоийлашув мақсадларига хизмат қилади, деб ўйлайман. Аслини олганда, ҳатто мустақил ўқиб-ўрганиш билан шуғулланиб ҳам билим олиш мумкин, бу гапим учун ўқитувчилар мендан хафа бўлса, ажаб эмас (кулади). Энг бошидаги маълум босқичда бола масофадан туриб билим олиши учун уни зарур қўникмалар билан таъминлайдиган ўқитувчи керак бўлади, лекин кейинчалик ушбу билимларни ўқитувисиз ҳам олиш мумкин ва эҳтимол ўқитувчи ўзининг билим беришдаги ролини руҳий кўмакка, мураббийликка айлантирар, яъни унинг роли ўқитиш билан эмас, ушбу йўналишдаги ҳаётий кўникмалар бериш билан кўпроқ боғлиқ бўлар. Онлайн режимдаги мураббийлик, офлайн режимидагидан кўра самаралироқ бўлади. Фикримча, умуман олганда, технологиялар виртуал воқеликка, ўқитувчиси бор виртуал синфни, яъни алмаштиртиш мумкин бўлган нарсаларни аста-секин қайта яратишга интилмоқда. Бепул таълим ресурслари бисёрлиги сабаб кўпгина болалар бепул ресурсларни ишлатиш имкониятига эга бўлгандан сўнг айнан бепул контентлардан фойдаланаётгани учун қобилиятини кўпроқ рўёбга чиқара бошлайди. Негаки, узоқ бир қишлоқда яшаётган боланинг ҳатто смартфони ҳам йўқ бўлган бизнинг воқелигимизда офлайн репетитор ёллаш учун етарли пули бўлмайди, чунки ҳамма нарса унинг қишлоғи ҳадлари билан чегараланади. Мен айтган ҳолатда эса унинг учун глобал ресурсларга йўл очилиши мумкин.
Дониёр Мўлдаханов:
– Муҳтарам экспертлар, гапирилган гаплардан қандай хулоса чиқарсак бўлади? Жаслан, марҳамат.
Жаслан Нурбаев:
– Мен тиббиёт ва таълимни олиб, ўзаро солиштиришим мумкин: нега бундай вазиятда минтақадаги тиббиёт вазиятни назоратга ола билмади? Жавоб оддий: кейинги йилларда тиббиёт ҳам, таълим соҳаси ҳам етарли даражада молиялаштирилгани йўқ. Ҳамма бало шунда: мамлакатларимиздаги таълим билан тиббиёт тизими бор нарсани, яъни совет тизимидан қолган ва сийқаси чиқиб кетган тезисга кўра, ривожланган мамлакатлардан олиш мумкин бўлган барча янги нарсаларни ўзлаштириш имкониятини қўлдан чиқарди. Бинобарин, иккита қуён ортидан қувилгани учун ҳеч вақосиз қолинди. Нега оғир вазиятда эсанкираб қолинди, деб савол берилса, ривожланган мамлакатлардаги мавжуд ҳолатга қараб шундай жавоб бериш мумкин: у ерларда тиббиёт билан таълимнинг умумий тизимига, айниқса, ИҲРТга аъзо мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 14 – 15 фоизи ажратилади, бизда эса бу кўрсаткич 3 фоиздан ошмайди. Улкан тафовут ва етарли даражада молиялаштирмаслик ҳозирги вазиятга олиб келгани тушунарли. Яна бир гап. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга пул ажратилмади деб бўлмайди, бунинг учун жуда кўп миқдорда пул сарфланди. Дейлик, “Узайтирилган кун” ёки “Рақамли Қозоғистон” сингари дастурларга миллардлаб маблағ берилди. Унда нега бунчалик ғариб аҳволга тушиб қолдик? Сабаби – оддий – коррупция. Коррупция – мамлакатларимизнинг энг катта муаммоси.
Камила Ковязина:
– Булар барчаси бизга кундай равшан эди, фақат бугунги кунда каттароқ миқёсда бўртиб кўзга ташланди. Булар барчаси аниқ, бизнинг вазифамиз муаммоларни тезроқ ҳал этишдир, мени буни камида Қозоғистон қилиши керак, деб биламан, чунки таълим – нефть, ҳозир нефть нархи тушиб бормоқда, таълим эса келажагимизни таъминлаб беради. Таълим бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди, шунинг учун соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига сармояни кўпайтиришимиз зарур. Тамом – вассалом. Ушбу икки соҳадан бошқаларининг устуворлиги камроқ бўлса ҳам зиён қилмайди.
Дониёр Кусаинов:
– Ҳозир шу нарсаларни хаёлдан бир-бир ўтказиб, ҳар бир мамлакатнинг энг узоқ ҳудудларини ҳам энг юқори сифатли таълим билан таъминлаш мумкин деган хулосага келдим, чунки оддий ноутбук ва барқарор ишлайдиган интернет бўлса, қишлоқда яшаётган бола ҳам энг тажрибали ўқитувчилардан сабоқ олса бўлади, ўқитувчилар эса ўқувчиларга эга бўлиш учун мамлакат миқёсида рақобатлашади. Улар ўзининг сифатли контент/таълимини жуда кўп одамларга трансляция қилиши мумкин. Агар оддий мактабда офлайн режимда кўз ўнгингда фақат битта синф, яъни 25 ўқувчи турса, идеал ҳолатда фақат ўша ўқувчиларга ёрдам беришинг мумкин. Барча ресурслардан фойдаланиш имконияти бўлганда эса, ҳар бир бола бошқаларнинг синфига қўшилиши ва улар сингари сифатли таълим олиш имконига эга бўлади.
Дониёр Мўлдаханов:
– Таълим Марказий Осиё мамлакатлари учун ўта муҳим соҳадир ва биз ўсиб келаётган ёш авлодга энг яхши таълим бериш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимиз рарур. Энди эскича ўқита, инсон капитали сифатини йўқотишда давом эта олмаймиз.
Бир неча марта “рақамли келажак” деган сўз бирикмасини ишлатдик, аммо рақамли келажак мажбурий тарзда ҳозирги кунга айланганини англаб етиш вақти келди. Минбарлардан рақамлаштириш ҳақида оташин нутқлар сўзлашнинг ўзи кифоя эмас, белимиз майишиб бўлса ҳам, шафқатсиз рақамли воқеликка қандай интеграциялашув йўлини шошилинч топишимиз шарт, акс ҳолда Марказий Осиё учун ёрқин келажак хомхаёллигача қолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Подкастимизга обуна бўлинг – саҳифамизда транскриптлар ва фойдали ҳаволаларни кўришингиз мумкин.
Эътиборингиз учун раҳмат ва кейинги қисмда учрашгунча хайр!