Сурат манбаси: ru.sputnik.kz
Сентябрь ойи билан таққослаганда, Марказий Осиё давлатларида октябрь нисбатан тинч-хотиржам ўтди. Шу билан бирга у муҳим воқеаларга бой ҳам бўлди. Хусусан, бу ой Қозоғистонда карантин чоралари қатъийлаштирилиши ва янги чекловлар жорий қилиниши, Қирғизистон ҳукуматида кадрлар алмашинуви ва кўплаб мансабдорларнинг лавозимидан четлатилиши, Тожикистон президентининг ҳукумат истеъфоси тўғрисидаги қарори, Туркманистоннинг ЮНЕСКО конвенцияларига қўшилиш режалари билан ёдда қоларли бўлди.
UzAnalytics сайти октябрь ойида қўшни мамлакатлар ижтимоий-сиёсий ҳаётида содир бўлган энг муҳим воқеаларнинг қисқача шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Қозоғистон
Қозоғистон сайёҳлик учун жаҳоннинг энг яхши мамлакатлари рейтингидан яна бир бор жой олди
Американинг US News & World Report нашри саёҳат ва сайр қилиш учун энг яхши мамлакатлар қайд этилган 2020 йилги рейтингни эълон қилди. Ушбу рейтингда Қозоғистон 73 та давлат орасида 70-ўринни эгаллаган. Охирги уч ўринга (71 дан 73 гача) Қатар, Уммон ва Саудия Арабистони муносиб, деб топилди. Рейтингда сўнгги ўринлардан бири бўлишига қарамай, Қозоғистон саёҳат учун жаҳоннинг энг яхши мамлакатлари рўйхатидаги ягона Марказий Осиё давлати бўлиб қолмоқда.
Умуман, охирги 5 йилда Қозоғистон ушбу рўйхатдан мунтазам жой олиб келяпти. Ўтган йили бу мамлакат 80 та давлат орасида 72-ўринни эгаллаган эди.
Сайлов санаси аниқ бўлди
Қосим-Жўмарт Тўқаев имзолаган фармонга кўра, Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлисга сайловлар 2021 йил 10 январь куни бўлиб ўтади. Қозоғистон Халқи Ассамблеяси томонидан сайланадиган Мажлис депутатлари сайлови эса ушбу сананинг эртасига – 11 январга белгиланган.
Янги сайловлар “Қозоғистондаги сайловлар тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ, президент томонидан Мажлис депутатлари ваколат муддати тугашидан камида 5 ой аввал тайинланиши керак. Ушбу муддат 2021 йил 24 мартда тугайди.
Яқинлашиб келаётган парламент сайловлари мустақил Қозоғистондаги еттинчи сайловдир. Уларнинг учтаси (2007, 2012 ва 2016 йилларда) навбатдан ташқари сайловлар бўлган.
Парранда гриппи чекиндими?
9-16 сентябрь кунлари Шимолий Қозоғистон вилоятининг еттита туманида парранда гриппи билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган эди. Тахминларга кўра, вирус Россиядан кўчиб юрувчи қушлар орқали кириб келган. Кейинчалик ўнлаб аҳоли пунктларида парранда гриппига қарши карантин режими жорий қилинди. Вирус мамлакат шимолидан шарқигача тарқалиб, кейинчалик Қозоғистон жанубига етиб борди. Хуллас, республиканинг 7 та ҳудудида паррандалар шу турдаги вирусга чалинган.
Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, 22 сентябрдан 19 октябрга қадар мамлакатдаги 870 мингдан зиёд парранда ушбу вирусдан нобуд бўлган. Бу республикада мавжуд паррандалар умумий сонининг 1,9 фоизига тенг.
Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин парранда гриппи билан боғлиқ вазият ҳозир барқарорлиги ва назорат остида эканини айтди. Шунга қарамай, ушбу касаллик тарқалиб, тегишли идораларнинг заиф томонларини кўрсатди.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири, ўз навбатида, ушбу вазирлик барча зарур чораларни олдиндан кўрганлигини, йил бошида 3 миллион дозадан ортиқ вакциналар тарқатилганини айтди. Аммо фермерлар ва тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг ҳаммаси ҳам вақтида эмлаш тадбирларини амалга оширмаган кўринади.
Айни пайтда касалликка чалинган паррандалар йўқ қилинмоқда. Ушбу харажатлар, жумладан паррандаларнинг таннархи давлат томонидан компенсация қилиняпти.
Коронавирусга оид вазият
Октябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб Қозоғистонда коронавирус аниқланган беморлар сонининг кунлик ўсиши даражаси анча тезлашди. Сентябрь бошидан октябрь ойининг ўрталарига қадар вазият нисбатан барқарор бўлиб, кундалик статистика бўйича 40 нафар дан 90 нафаргача бемор қайд этилган эди. Ҳозир бу кўрсаткич бир неча баробар ошиб, 400 нафардан кўп кишини ташкил қилмоқда.
Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, карантин чораларига қатъий риоя этиш лозимлигини айтди. Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг карантин чораларига риоя қилишига қараб, мамлакатда пандемия ривожланишига оид учта сценарийни эълон қилди. Хусусан, республикада карантин чоралари янада кучайтирилиши кутилмоқда. Реалистик сценарий бўйича карантин чораларини кучайтириш январь ойида, пессимистик сценарий бўйича эса декабрда кутилмоқда. Шунга қарамай, Қозоғистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашга жалб қилинган шифокорларга бериладиган устама ҳақи тўловлари бекор қилинди. Расмий маълумотлардан маълум бўлишича, бунга сабаб тиббиёт ходимларининг коронавирусга чалиниши эҳтимоли кам.
Мамлакатнинг айрим ҳудудларида, жумладан, пойтахт Нур-Султонда карантин чоралари кучайтирилмоқда. Шунингдек, Шимолий Қозоғистон ҳамда Шарқий Қозоғистон вилоятларига кириш ва чиқиш чекланган. Ақтўбе вилоятида эса дори-дармон танқислиги кузатилган.
Туркия вазирининг ташрифи
26 октябрь куни Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Қозоғистон Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев билан учрашувда минтақавий хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш, жанговар тайёргарлик ва қўшма ҳарбий машқлар бўйича масалалар кўриб чиқилди.
Совет Иттифоқи парчалангач, Туркия Қозоғистон Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш ва кўмак беришда биринчи давлатлардан бўлган. Туркия Қозоғистонга ҳарбий техника ва жиҳозларни бепул тақдим қилди, Қозоғистон ҳарбий хизматчилари Туркия ҳарбий ўқув юртларида ўқитилди. 2018 йилда Назарбоевнинг Анқарага расмий ташрифи чоғида узоқ муддатли ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланган эди.
Кейинчалик Туркия мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташриф буюрганини ҳисобга олиб, баъзи экспертлар Туркиянинг Тоғли Қорабоғдаги можарода иттифоқчилар қидираётганини тахмин қилишди. Масалан, россиялик сиёсатшунос Аркадий Дубновнинг фикрича, Анқара келажакдаги музокаралар жараёнида туркий тилда сўзлашадиган мамлакатларнинг қўллаб-қувватлаши ва кўмагига умид қилмоқда.
ATP 250 Astana Open теннис турнири илк бор ўтказилди
26 октябрь куни республика пойтахтида теннис бўйича ATP 250 Astana Open турнири бошланди. Бу мусобақа Қозоғистонда биринчи марта ўтказилди. Якка турнирда австралиялик теннисчи Жон Миллман, жуфтли баҳсда эса белгиялик Гўран Флиген ва Сандер Гиллет ғолиб деб топилган.
ATP 250 – бу ATP Федерацияси томонидан ташкил этилган профессионал теннис турниридир. Astana Openдан ташқари жаҳон бўйлаб яна 40 та шундай турнир мавжуд. Уларнинг энг машҳурлари Штутгарт, Санкт-Петербург, Мюнхен ва Хюстонда бўлиб ўтади. Мазкур турнирлар ғолибларига жаҳон теннис рейтингида 250 очко берилади.
Қозоғистон турнирининг мукофот жамғармаси 275 000 АҚШ долларини ташкил этди.
Ичимлик суви сифатига баҳо
Қозоғистон ичимлик суви сифати бўйича жаҳонда 54-ўринга лойиқ бўлди. Ушбу рейтинг Environmental performance index деб номланган бўлиб, уни Йейл университети жаҳоннинг 179 мамлакатида ўтказди. Қозоғистоннинг 54-ўринни эгаллаши баланд кўрсаткич саналади.
Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг ичимлик суви сифатига қуйидагича баҳо берилди: Ўзбекистон – 60, Туркманистон – 75, Қирғизистон – 78, Тожикистон 119 ўрин.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Қирғизистон
Сайловдан кейинги вазият
21 октябрь куни UzAnalytics сайтида сиёсатшунос Бекзод Зокировнинг Қирғизистон парламент сайловларидан кейин рўй берган воқеалар ҳақидаги мақоласи эълон қилинган эди. Хусусан, мақолада республикадаги сиёсий жараён ва сурункали беқарорлик сабаблари ўрганилиб, атрофлича таҳлил қилинган.
Бугунки кунга келиб, Қирғизистон икки янги сайловни кутмоқда – парламент ва президент сайловлари. Муддатидан аввал ўтказиладиган президентлик сайловларига боғлиқ вазият ҳозирча барқарор. Маълумки, Марказий сайлов комиссияси ушбу тадбирни 2021 йилнинг 10 январига белгилаган. Парламент сайловлари бўйича эса аҳвол нотинч. Қирғизистон парламентига бўлиб ўтган сайлов натижалари бекор қилингач, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайловларни шу йилнинг 20 декабрь санасига белгилаган. Бироқ, мамлакатнинг амалдаги парламенти шундан сўнг дарҳол қонун қабул қилди. Қонунга кўра, мамлакат парламентига янги сайловлар конституциявий ислоҳотлардан сўнг, аммо 2021 йилнинг 1 июнидан кечиктирмай ўтказилиши керак. Бунга параллел равишда Бишкек маъмурий суди Марказий сайлов комиссиясининг мамлакат парламентига такрорий сайловлар белгилаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси Олий судга шикоят билан мурожаат қилди. Ўз навбатида, Олий суд ушбу шикоят бўйича рад жавобини берган.
Қирғизистон ҳукуматида кадрлар алмашинуви жараёни ҳам фаол кетмоқда. Ҳозирги кунда президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларини бирин-кетин ўзгартиряпти. Ушбу раҳбарларнинг баъзилари аввалги президент Сооронбай Жеенбеков томонидан яқинда тайинланган ва улар янги лавозим курсисида бир неча кунгина ўтиришган. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг ўз аризасига биноан лавозимдан кетиши ҳолатлари ҳам кам эмас. Хулоса қилиб айтганда, республика ҳукуматида ишдан бўшатиш ва кадрлар алмашинуви жараёни шиддат билан кечмоқда.
Тартибсизликлар пайтида озод қилинган, бир неча кундан кейин яна қамоққа олинган экс-президент Алмазбек Атамбаев ҳам тинч ўтиргани йўқ. Унинг адвокати айтмоқдаки, Атамбаев тергов изоляторида канализация тизими ишдан чиққани туфайли очлик эълон қилган. Шундан сўнг уни колонияга ўтказишган.
Коронавирусга оид вазият
Октябрь ойида Қирғизистондаги коронавирусга оид вазият ҳам ёмонлашди. Сентябрь ойи охирларида кўпая бошлаган кунлик аниқланган ҳолатлар сони ўсишда давом давом этди ва 25-октябрда 600 тага етди. Эҳтимол, октябрь ойида коронавирусга оид вазиятнинг ёмонлашуви парламент сайловлари натижалари эълон қилингач содир бўлган тартибсизликлар билан боғлиқдир. Бошқача айтганда, бу коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайишига қўшимча омил бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Негаки, тартибсизликлар пайтида ижтимоий масофани сақлаш ҳамда бошқа карантин чораларига риоя қилиш имконсиз бўлди.
Шу билан бирга, мамлакатда шифокорларнинг ишдан бўшаши ҳолатлари кўпаймоқда. Шифокорлар буни маош камлиги билан изоҳлашяпти. 3-ноябрь ҳолатига кўра, пандемия бошланганидан бери Қирғизистонда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 60 минг кишидан ошди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Тожикистон
Этник нафратни қўзғатганлик учун жазо енгиллаштирилди
Илгари Тожикистонда миллий, диний, ирқий ва бошқа турдаги нафратни қўзғашга доир ҳуқуқбузарликлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланар эди. Энди бунинг учун жарима солинади, холос.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги тузатишларни мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутатлари бир овоздан маъқуллашди. Адлия вазирининг таъкидлашича, ушбу ўзгартиришлар Тожикистон қонунларининг инсонпарварлигини кўрсатади. Энди ҳуқуқбузарлик оммавий равишда ёки оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилса, айбланувчи 250 дан 500 долларгача жаримага тортилади ёки беш кундан ўн кунгача бўлган муддатга маъмурий қамоққа олинади. Худди шу ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такрорлаш эса жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Бундай ҳолда, аввалгидек 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Тожикистон паспорт индексида икки поғона пасайди
Тожикистон паспорти Henley & Partners компанияси томонидан ҳар йили тузиладиган “миллий паспортлар рейтинги”да ўтган йилга нисбатан икки поғона пастлаб, 82-ўринни эгаллади. Маълумки, Тожикистон фуқаролари жаҳоннинг 58 мамлакатига визасиз саёҳат қилишлари мумкин.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига келсак, минтақадаги “энг кучли” паспорт эгаси – Қозоғистон (67-ўрин)дир. Қирғизистон ушбу рейтингда 77-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йилга нисбатан Ўзбекистон 3 поғонага кўтарилиб, Тожикистондан кейин 83-ўринни эгаллаган. Минтақадаги “энг заиф” паспортга эга мамлакат – Туркманистон (87-ўрин) ҳисобланади.
Ушбу рейтингда биринчи ўринни Япония, охирги 106-ўринни Афғонистон эгаллади.
Эмомали Раҳмоннинг инаугурацияси
11 октябрь куни Тожикистонда президент сайловлари бўлиб ўтди. Кутилганидек, амалдаги президент Эмомали Раҳмон 90 фоиздан ортиқ овоз олиб, ушбу сайловда ғолиб бўлди.
Деярли уч ҳафта ўтгач, янги сайланган президентнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Эмомали Раҳмонга 1-даражали Юлдуз, Президент ордени ва давлат раҳбари гувоҳномаси топширилди. Шундан сўнг Эмомали Раҳмон 378 маҳбусни афв этиш ва ҳукуматни истеъфога чиқаришга доир икки муҳим фармонни имзолади. Маълумки, Эмомали Раҳмон 28 йилдан буён Тожикистон президенти лавозимини эгаллаб келмоқда.
Тожикистонда карантин чекловлари кучайтирилди
Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинган беморларнинг кунлик ўсиши билан боғлиқ кўрсаткич август ойи бошидан бери 45 кишидан ошмаяпти. Аммо шунга қарамай, республика ҳукумати вақти-вақти билан янги чекловларни жорий қилмоқда.
Коронавирусга оид кескин вазият Хўжанд шаҳрида кузатилмоқда. Октябрь ойининг биринчи ярмида қаҳвахона ва ресторанлар санитария меъёрларига мос келмагани сабабли ёпила бошланди. Кейинчалик шаҳар ҳокимлиги тўй ва базмлар ўтказиш қоидаларини қатъийлаштирди. Хусусан, энди ЗАГС залида фото ва видеосуратга олиш тақиқланади. ЗАГС залига фақат тўрт киши – келин-куёв ва икки гувоҳ киритилади. Статистик маълумотларга кўра, айнан тўйларда коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари кўп кузатилади.
Шунингдек, Тожикистоннинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Эркин Рахмоновнинг таъкидлашича, мамлакат COVID-19 нинг иккинчи тўлқинига, ҳатто энг пессимистик сценарийларига ҳам тайёр.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Туркманистон
Мари вилоятида чорва моллари нобуд бўлмоқда
turkmen.news сайтининг хабар беришича, Мари вилоятининг бир неча туманларида қорамоллар номаълум касалликдан нобуд бўлмоқда. Маҳаллий ветеринар шифокорлар бунга COVID-12 ташхисини қўйишган. Аммо, мутахассислар фикрича, бундай вируснинг ўзи йўқ, у сайёрамизнинг бошқа жойларида ҳам қайд этилмаган ва мутлақ номаълумдир.
Ушбу касалликка чалинган сигирлар ва паррандалар окситетрациклин-200 препарати билан даволанмоқда. Касалланган товуқларда ғалати аломатлар кузатилган – улар овозини йўқотган.
Россия билан хавфсизлик шартномаси
Туркманистон парламенти 24 октябрь куни Россия Федерацияси билан хавфсизлик борасидаги ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди. Ҳужжатга кўра, ҳар икки давлат ҳам ўз ҳудудидан бир-бирининг хавфсизлигига зарар етказиш мақсадида фойдаланмайди. 21 октябрь куни ушбу шартнома Россия Федерацияси Давлат Думаси томонидан ратификация қилинди.
2003 йил 10 апрелда Москвада имзоланган ушбу ҳужжат халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва жиноятчиликдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашда Туркманистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутади.
Туркманистон ЮНЕСКО конвенцияларига қўшилмоқчи
16 октябрь куни Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Туркманистонни ЮНЕСКОнинг учта конвенциясига қўшилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Таълим соҳасида камситишга қарши, маданий ибораларнинг хилма-хиллигини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги, шунингдек, олий маълумот билан боғлиқ бўлган малакаларни тан олиш тўғрисидаги конвенциялар шулар жумласидандир.
Икки ҳафта аввал Туркманистон делегацияси ЮНЕСКО экспертлари билан видеоконференцияда қатнашди. Унда Туркманистоннинг конвенцияларга қўшилиши имкониятлари муҳокама қилинди.
Туркманистон Президенти коронавирусни гиёҳлар билан даволашни маслаҳат берди
Гурбангули Бердимуҳамедов Касаллик тарқалишига қарши кураш бўйича фавқулодда комиссия раиси, соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазири Нурмуҳаммед Аманнепесов билан навбатдаги учрашувни ўтказди. Йиғилишда вазир соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар ва коронавирусдан ҳимоялаш чоралари тўғрисида ҳисобот берди.
Президент, ўз навбатида, Туркманистон юқумли касалликлардан ҳимояланганини, барча зарур эҳтиёт чоралари кўрилганини таъкидлади. Шундан сўнг Туркманистон Президенти коронавирусга қарши кураш ва уни даволаш бўйича тавсияларини берди. Телевизор экранида намойиш этилган сюжетда президент вазирга касалликни даволашда қўллаш керак дея саримсоқ, бош пиёз ва доривор ўтларни кўрсатган.
Марказий Осиё мамлакатларида COVID-19 вируси тарқалишига оид маълумотларни визуаллаштирилган ҳолда қуйидаги интерактив панелда кузатиб боринг: https://uzanalytics.com/jamiyat/7338/