Сурат манбаси: president.kg
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония)
Беларусдаги оммавий намойишлар ва Кавказдаги ҳудудий муаммолар тугамасдан, қўшни мамлакат Қирғизистонда сиёсий парокандалик бошланиб кетди. Мамлакат саноқли кунлар ичида муҳим сиёсий воқеаларни бошидан кечирди: 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари сохталаштирилиши оқибатида вужудга келган тартибсизликлар, сайлов натижаларининг бекор қилиниши ҳамда президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфоси натижасида вужудга келган сиёсий куч бўшлиғи шулар жумласидандир. Мустақиллик тарихида икки маротаба сиёсий беқарорликни бошидан кечирган қўшни мамлакатни кузатиб, ушбу ўзгаришлар қаршисида ҳайрон қолган кўпчиликни бир савол қийнаётган бўлса ажаб эмас: Марказий Осиёдаги демократия оролчаси деб таърифланадиган Қирғизистон учинчи маротаба сиёсий тўнтаришни бошидан кечиряптими?
Сайловдан кейинги ҳолат
Бугунги сиёсий инқироз замирида 2020 йил 4 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловлари ётгани кўпчиликка маълум. Сайловда бир палатали миллий парламент, Жўқорғи Кенешнинг 120 ўрини учун ўн олти партия кураш олиб борди. Собиқ президент Жээнбеков ҳеч бир партияни қўллаб-қувватламаслигини бир неча бор таъкидлаган бўлсада, собиқ ҳукумат амалдорлари ва бадавлат ишбилармонлардан ташкил топган “президент тарафдорлари учлиги” – «Биримдик» («Бирлик», президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков), «Мекеним Қирғизстан» («Ватаним – Қирғизистон», коррупция схемаларининг «меъмори» деб ном олган божхона хизмати бошлиғининг собиқ муовини Раимбек Матраимов) ва Қирғизистон партияларининг сайловда 58 фоиз овоз орқали бошқа йирик партияларни саҳнадан четлатиб, парламентнинг 88 фоиз ўрнига даъвогарлик қилиши сайловнинг адолатли ўтганини шубҳа остига қўйди.
Сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан республика пойтахти Бишкек марказида бошланган намойишлар, бир қатор расмий муассасаларни қамал қилиниши ҳамда оммавий зўравонлик ва талон-тарожлик ҳаракатига уланиб кетди. Вужудга келган сиёсий тартибсизликлар Марказий сайлов комиссиясини сайлов натижаларини бекор қилишга, бош вазир бошчилигидаги ҳукуматни эса истеъфога чиқишга мажбур қилди. Шунингдек, намойишчилар қамоқ жазосини ўтаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳамда Садир Жапаровни ҳибсдан озод қилишди.
Амалдаги ҳукумат истеъфоси мамлакатнинг сиёсий бошқарувини сўроқ остида қолдирди: нафақат ташқи дунё, балки оддий қирғиз халқи ҳам мамлакатни айни дамда ким бошқараётганини билмас эди. Натижада, вужудга келган вазиятдан фойдаланиб сиёсий бўшлиқни тўлдириш учун саҳнага янги сиёсий даъвогарлар чиқа бошлади. Мамлакатнинг сиёсий тақдири куч учун курашаётган уч гуруҳ қўлида қолди: 1) кичик меҳмонхонада парламентнинг фавқулодда йиғилишини ўтказиб, Садир Жапаровни Бош вазир сифатида тайинлаган амалдаги депутатларнинг бир қисми, 2) эски порахўр сиёсий элитани ҳукуматдан тозалаш истагида бирлашган ва сиёсий тажрибасиз ёшлардан ташкил топган Халқ Мувофиқлаштириш Кенгаши ва 3) амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков истеъфоси талаби билан чиққан амалдаги мухолиф партиялардан иборат Мувофиқлаштириш Кенгаши. Ва ниҳоят, Садир Жапаров 15 октябрда президент Жээнбеков истеъфога чиққандан сўнг, парламент спикери президентлик вазифаларини бажаришдан бош тортгандан кейин амалдаги президент ҳамда бош вазир лавозимини эгаллади.
Сиёсий беқарорлик тарихига назар
Халқ намойишлари натижасида сиёсий ҳокимиятнинг ўзгариши Қирғизистон учун мутлақ бегона эмас. 2005 йил март ойида мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаев халқ намойишлари босими остида ҳокимиятдан кетишга мажбур бўлган эди. Сиёсий кучи турли ҳудудий гуруҳлар орасида сиёсий мувозанат сақлашга қурилган Акаевнинг ҳокимиятни аста-секин ўз назорати остида тўплаши ҳамда 2005 йилги парламент сайловларида оила аъзоларини сиёсий саҳнага олиб киришга уриниши унинг сиёсий карьерасига якун ясаган эди. Халқ ҳаракатлари эса Акаев мамлакатни тарк этиши билан сўниб, етакчилик яна эски сиёсий элита қўлига ўтди.
Ҳудди бугунги кунда содир бўлаётганидек, мухолифат вакиллари Курманбек Бакиевни Бош вазир вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида танлашди. Бакиев 2005 йил июнь ойида ўтказилган президентлик сайловида ғолиб чиқиб, ҳукумат тепасига келди. Аммо, орадан кўп вақт ўтмай, ўзгаришлар моҳиятан эмас, фақат исмларда эканлиги аён бўла бошлади: ҳокимиятни эгаллаган Бакиев собиқ президент Акаев сингари ҳукумат таркибига қариндош ва оила аъзоларини жалб қилиб, бошқарувда кўплаб коррупцион услубларга қўл ура бошлади. Натижада Бакиев ҳам 2010 йилги халқ намойишларидан сўнг ҳокимиятдан четлаштирилди.
Мустақиллик тарихида икки маротаба сиёсий бўҳронларни бошидан кечирган Қирғизистон сиёсий барқарорлик учун 2010 йил янги сиёсий тажрибага қўл урди: давлат конститутциясига киритилган ўзгариш натижасида мамлакат парламент ва президент кучи мувозанатини сақлайдиган сиёсий бошқарув шаклига ўтди. Аммо, бугунги парокандали вазият парламентар бошқарув тизими ички сиёсий барқарорликни фақатгина Алмазбек Атамбоевнинг 2011-2017 йиллардаги сиёсий раҳбарлиги даврида таъминланганидан далолат бермоқда.
Нега Қирғистонда сиёсий парокандалик сурункали касалликка айланди?
Хўш, Қирғизистон нега доимо такрорланиб турадиган сиёсий парокандаликдан қийналади? Машҳур олим, агар маълум воқеа бир марта содир бўлса – бу бахтсиз ҳодиса, иккинчи марта – тасодиф, учинчи мартада эса одатга айланади, деган эди. Қирғизистонда учинчи марта содир бўлаётган сиёсий парокандалик ҳам асло тасодиф эмас, балки у одатга айланди. Парокандаликнинг тез-тез такрорланиб туриши бу одатнинг чуқур илдизи борлигини англатади. Қирғизистоннинг “сиёсий одати” замирида бир неча муҳим омил ётади.
Булардан бири бу сиёсий кучнинг турли ҳудудий гуруҳлар орасида бўлинишидир. Аслида, мамлакат ички сиёсатидаги гуруҳий бўлинмалар Марказий Осиё мамлакатлари учун ёт эмас. Аммо бу Қирғизистонда ўзига хос тарихга эга. 1990 йиллар якунида турли миллатлар орасидаги чиққан жанжаллар туфайли Қирғизистон Коммунист партиясининг раҳбари Масалиев ўз лавозимидан четлатилгач, собиқ иттифоқ маркази республикада янги сиёсий раҳбар тайинлаш жараёнига аралашмасдан, уни ўз ҳолига қўйиб қўяди. Ўз навбатида, бу вазият сиёсий кучнинг ягона марказда мустаҳкамланмасдан, турли гуруҳлар орасида тақсимланишига олиб келган. Элита яҳлидлиги ҳамда мустаҳкам давлат тузулмасини шакллантириб улгурган қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистондан фарқли равишда, Қирғизистоннинг сиёсий тақдири манфаатлар қарама-қаршилиги натижасида тарқоқ ҳолга келган сиёсий гуруҳлар қаршисида қолиб кетади.
Тарихий мерос натижасида пайдо бўлган ва бугунги кунда “Шимол ва Жануб” шаклида намоён бўладиган сиёсий бўлинишлар нафақат 2005 ва 2010 йиллардаги давлат тўнтаришлари ҳамда вужудга келган тартибсизликларда, балки бугунги кунда кузатилаётган жараёнларда ҳам акс этмоқда.
Шунингдек, мустақилликнинг дастлабки йилларида иқтисодиётни либераллаштириш сиёсати натижасида вужудга келган эркин жамият ва иқтисодий жиҳатдан заифлашган давлат ҳам бугунги Қирғизистоннинг сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Собиқ иттифоқ даврида марказий ҳукумат бутун мамлакат иқтисодиётини таъминлаб турган. Аммо СССРни парчаланиши натижасида, Қирғизистон давлати иқтисодий жиҳатдан қудратсиз (нисбатан заиф) ҳолга келиб қолган эди. Қўшни мамлакатлардан фарқли равишда, Қирғизистоннинг сиёсий барқарорликни таъминлашда муҳим саналадиган нефт, газ ёки бошқа табиий бойликларнинг етарли миқдордаги заҳиралари каби “иқтисодий пойдевори” мавжуд эмас. Натижада, қудратсиз давлат ўрнини аҳолини иқтисодий таъминлай оладиган хусусий сектор эгалари, бадавлат тадбиркорлар эгаллай бошлаган. Қисқа қилиб айтганда, иқтисодий эркинлик давлатни иқтисодий заифлашуви билан бирга мамлакат аҳолисининг аксарият қисмини давлатга қарамлигини кескин камайтириб, сиёсий эркинликларини очиқ талаб қила олишига имкон ҳам яратган.
Мамлакатнинг бугунги куни
Охирги пайтда Қирғизистонда кузатилаётган сиёсий тартибсизликлар замирида тарихий мерос билан биргаликда албатта сўнгги бир неча йилларда содир бўлган ўзгаришлар ҳам турибди. Биринчи муҳим омил 2010 йилги инқилобдан кейин аҳолининг сиёсий ўзгаришларга бўлган умидларнинг пучга чиқиши билан боғлиқ. Қирғизистон халқи 2005 йилдан буён ўзгаришлар ўрнига, фақат инқилоб келтириб чиқарган турғунлик, янада авж олаётган порахўрлик ва давлат лавозимларининг суистеъмол қилинишига гувоҳ бўлишди. Бу эса ўз навбатида давлат қонунчилиги ҳамда сиёсий элитага бўлган ишончни кундан кунга заифлашишига олиб келди. 2019 йилги маълумотларга кўра, Қирғизистон коррупцияни қабул қилиш индекси рўйхатида 180 та мамлакат орасида 126-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, ушбу норозиликлар пандемия даврида вужудга келган иқтисодий таранглик билан ҳам боғлиқ. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кузатилганидек, Қирғизистонда ҳам аҳоли қатор иқтисодий қийинчиликларга дуч келди. 2018 йилги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг тахминан тўртдан бир қисми, яъни 27 фоизи кам таъминланганлар сирасига киради, бу дегани – қашшоқлик чегарасида кун кечиради.
Шунингдек, Қирғизистон иқтисодиётининг чет элдан келадиган (меҳнат муҳожирлари юборадиган) пул ўтказмалари ҳажмига қарамлиги ҳам юқори даражада. Ушбу трансфертлар мамлакат ЯИМнинг 28 фоизига тўғри келади. Пандемия даврида юз минглаб меҳнат муҳожирлар ишсиз қолиб, ушбу пул ўтказмалари ҳажми ҳам анча пасайган. Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда ишсизлик даражаси 13,6 фоизни ташкил қилади, йил оҳиригача бу кўрсатгич 21 фоизгача кўтарилиши мумкин. Шунингдек, реал ЯИМ ҳажми 2020 йилнинг дастлабки олти ойида 5,3% пасайган.
Қисқа қилиб айтганда, мамлакатда илдиз отган коррупция ва пандемия туфайли кундалик ҳаётнинг қийинлашиб бориши халқни кўчага чиқишга мажбур қилган асосий омиллар ҳисобланади.
Мавжуд сиёсий беқарорликка барҳам бериш қийин масала
Қирғизистонда одатий ҳолга айланган давлат тўнтаришларини кузатиб, яна бир савол туғилади: сиёсий эркинликни таъминлай оладиган ушбу давлат нима учун энди гуруҳий бўлинишларга барҳам бериб, коррупцияни жиловлайдиган ва инвестиция муҳитини яхшилайдиган демократик бошқарув тизимини қура олмайди? Аслида, шу саволдан англаш мумкинки, демократиянинг ўзи мамлакатдаги бошқарув билан боғлиқ муаммоларга ечим бўла олмайди. Қирғизистонда мустаҳкам демократик бошқарувининг илдиз отишини таъминлашда иккита асосий тўсиқ мавжуд: институционал муаммолар ва заиф фуқаролик жамияти.
Институционал муаммолар мамлакатнинг ўзига хос парламентар тузуми ва сайлов қонунчилигида вужудга келган беқарорлик билан боғлиқ. Гап шундаки, 2010 йилги конституция ва сайлов қонунчилиги билан боғлиқ ўзгаришлар мамлакатда сиёсий ва иқтисодий беқарорликни келтириб чиқарадиган янги сиёсий “ўйин қоидаларини” яратди. Президент ваколатларини чеклашга қаратилган янги конституция президентлик муддатини 6 йиллик ҳамда фақат бир марталик муддат (бир шахс фақат бир марта сайланиши мумкин) қилиб белгилади. Ўз навбатида, бу ҳолат шахсий манфаатларни қисқа муддат ичида амалга оширишга бўлган рағбатни уйғотди. Муддатнинг қисқалиги, шунингдек бошқа давлат ҳизмати лавозимларига келадиганлар учун ҳам коррупция билан боғлиқ айни рағбатни уйғотди.
Фуқоролик жамиятининг заифлиги ҳам демократик бошқарувнинг мустаҳкамланишида тўсиқлардан яна бири ҳисобланади. Қирғизистон халқининг сиёсий иродаси кўпчиликнинг ҳамоҳанг фикрларини тинч йўл билан сиёсий ечимга айлантирадиган институтционал каналлар (партияга аъзолик, сайловларда иштирок этиш ва ҳоказолар) орқали эмас, балки ғазабли тўнтариш ва тартибсизликлар шаклида ифодаланишини кузатмоқдамиз. Мустаҳкам фуқаролик жамиятининг белгиларидан бири бу кўпчиликнинг фикрини умумлаштирувчи сиёсий партиялар ҳисобланади. Қирғизистондаги мавжуд сиёсий партиялар маълум ғоя атрофида бирлашган жамоа эмас, балки бадавлат тадбиркорлар ва сиёсий элитанинг шахсий манфаатларини олға сурадиган восита сифатида қўлланилади. Шу маънода, мамлакат аҳолиси Қирғизистон парламентини ижтимоий ва иқтисодий муаммолар муҳокама қилинадиган форум эмас, балки маълум кичик қатлам учун ҳизмат қиладиган макон сифатида кўришади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Қирғизистондаги парокандалик бугунга келиб маълум даражада юмшаган бўлсада, давлатнинг сиёсий келажаги ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Мамлакат келажагига боғлиқ муҳим сиёсий қарорларнинг жиноятга аралашган шахслар томонидан “парда ортида” қабул қилиниши халқ манфаатларини ҳудди 2005 ва 2010 йиллардаги каби яна кичик гуруҳ манфаати тагида қолиб кетганини англатади. Нима бўлганда ҳам, янги ҳокимият ишни коррупцияни жиловлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва ички бўлинишларга барҳам бериш, мустаҳкам давлат бошқаруви тизими ҳамда демократик институтларни шакллантиришдан бошламас экан, ушбу мамлакат тақдири мунтазам равишда такрорланиб турадиган сиёсий парокандалик остида қолиб кетиши шубҳасиз.