Сурат манбаси: thepresentation.ru
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Талотўпларга бой 2020 йилнинг иккинчи ярмида Евроосиёда янги можаролар рўй берди. Беларусда давом этаётган тартибсизликлар, Қирғизистонда охирига етиб қолаёзган инқилоб ва Кавказдаги кенг миқёсли уруш ҳаракатлари – 3 та асосий воқеа минтақавий барқарорлик қанчалик мўртлиги, ҳудудий баҳсларнинг ўтмишдан қолган меросидан воз кечиб, сиёсатда адолат ва ҳалолликка эришиш нечоғли мураккаб эканидан далолат бермоқда. Евроосиёдаги минтақавий хавфсизлик муаммолари ва талаш бўлаётган шўролар меросининг оғир юки ҳақида CAAN’га берган интервьюсида АҚШ Миллий мудофаа университети қошидаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти фахрий илмий ходими Жефф Манкофф мулоҳаза юритади.
Евроосиё минтақасидаги тартибсизликлар: Беларусь, Қирғизистон ва Тоғли Қорабоғдаги воқеалар ҳақидаги фикрингизни билдирсангиз. Уларни нимадир бирлаштириб турадими?
Ушбу жойлардаги табиатан турлича бўлган воқеалар ва уларнинг турфа динамикасини бирлаштириш мумкин бўлмаса-да, ушбу тартибсизликларнинг барчаси қайсидир маънода СССРнинг парчаланиб кетиш мероси билан боғлиқ умумий характерга эга ҳамда уларга Совет Иттифоқи инқирозига олиб келган айрим ҳал этилмаган сиёсий, институционал ва жуғрофий муаммолар сабаб бўлди. Беларусда ҳам, қисман Қирғизистонда ҳам сиёсий тизимлар ижтимоий эҳтиёжларни қондиришга интилмайди ҳамда олигархлар ва ҳокимият тузилмаларида кимларнингдир ҳомийлигига таянадиган коррупцияга асосланади. Айни чоқда тобора яшариб бораётган аҳоли Совет Иттифоқини жуда кам эслайди. Сўнгги 15 – 20 йил ичида бир қатор постсовет мамлакатларида беқарорликни келтириб чиқарган турли кутилмалар, ҳафсаланинг бутунлай пир бўлиши сабаби шунда. Масалан, Қирғизистонда бундай тартибсизликлар бир неча марта рўй берди. Ваҳоланки, у қайсидир маънода собиқ Совет Иттифоқининг энг демократлашган мамлакатларидан биридир. Фикримча, Қирғизистондаги тизимнинг очиқлиги сиёсий маконда рақобат қилишга эш бўлмоқда ва қайсидир маънода бундай сафарбарлик тез-тез рўй беришига имконият яратмоқда. Бироқ ҳокимиятнинг асосий тузилмаси олигархлар назоратида, коррупция ботқоғига ботган ва аҳолининг кутилмаларига мос тушмайди.
Шунга ўхшаш ҳокимият тузилмалари Арманистон ва Озарбайжонда ҳам мавжуд, бироқ у ерда рўй бераётган воқеалар ҳукумат фаолиятининг самарасизлиги ёки масъулиятсизлигига қарши аҳолини сафарбар қилишни мақсад қилиб олмаган. Арманистонда бундай норозиликлар 2018 йилда рўй берган эди, Озарбайжонда эса улар торроқ миқёсда, қисман эса сурункали тарзда бўлиб турди. Бу ерда ҳудуд билан боғлиқ ҳал этилмаган баҳс мавжуд, бу ҳам шўролар миллий сиёсати мероси ҳисобланади ва у СССР парчаланиб кетиши билан байналмилаллашди.
Шундай қилиб, ушбу можаролар ёки тартибсизликларнинг барчаси, сиз айтаётганингиздай, турфа хил. Аммо ҳаммаси умумий постсовет силсиласига эга. Бу Совет Иттифоқининг ўзига хос институционал мероси бўлиб, сиз санаб ўтган мамлакатларда рўй бераётган тартибсизликларнинг ривожланиш характерини белгилаб берди.
Ташқи кўмак ё аралашув ушбу можароларни ҳал этишда ёрдам бериши мумкинми?
Ушбу бир-биридан кескин фарқ қилувчи сценарий ва вазиятларда ташқи кучлар иштироки ҳақидаги масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашган маъқул. Назаримда, айрим вазиятларга ташқи аралашув истиқболи муаммони янада чигаллаштириб юбориши, бошқаларига аралашув эса қайсидир маънодаги қийматга эга бўлиши мумкин.
Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги давлатлараро уруш кўпроқ ташқи кучлар аралашувини тақозо қилади, бунинг қисман сабаби шуки, можаро иштирокчилари учун қуролни ташлаб, музокара бошлаши учун чет давлатлар босимидан бошқа сабаб ҳам, рағбат ҳам йўқ. Бу ўринда Минск гуруҳи ҳамраисларининг ҳам икки мамлакатга босим ўтказиш ва ушбу можарони ҳал этишни сиёсий жараёнга қайтариш учун ўзаро келишилган саъй-ҳаракатлари зарур. Бу жуда қийин иш, чунки жойлардаги вазият жуда тез ўзгариб кетмоқда. Иккала мамлакатдаги эҳтирослар ҳаддан зиёд жўшиб кетган – тинч аҳолига ҳужумлар уюштирилмоқда, аҳоли уйини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда, ялпи зўравонлик рўй бермоқда. Ҳозирги можаро авжига чиқиб турган ва эҳтирослар босилмаётган пайтда вазиятни изга солиш йўлида муваффақиятга эришиш имконияти жуда кам. Россия бир неча кун олдин ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олган эди, бироқ сулҳга амал қилинмади. Бу мен учун яқин истиқболда ушбу можарони тўхтатиш ўта мураккаб иш эканини англатади.
Қирғизистон сингари мамлакатлардаги ички зиддиятларда ташқи кучлар – ўйинчиларнинг таъсир кучи чекланган бўлади. Европа Иттифоқи билан қалин савдо муносабатларига эга бўлган Беларусда ташқи кучлар иштироки учун муайян имкониятлар мавжуд. Европанинг ушбу мамлакатда Москванинг жуғрофий-сиёсий таянчи пайдо бўлишига оид хавотирлари асослидир. Бунақа ёндашув Украинада нималарга сабаб бўлганини кўрдик – бу на Европага, на Украинага, тўғрисини айтсам, на Россияга фойда келтирди. Европа Иттифоқи (ушбу можародан ўзини бутунлай четга олган АҚШдан фарқли ўлароқ) ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчисига ўтиши ва активларни ҳаракатдан тўхтатиб қўйиш борасида музокара қилишга уриниб кўрди. Лекин мен ЕИ билан Россия айни масалада ҳамкорлик қила олишига шубҳа билан қарайман. Бинобарин, халқаро ҳамжамият ушбу бошбошдоқлик барқарорликка хавф туғдираётгани сабабли бирор чора кўрса, айни муддао бўлур эди, аммо бу борада халқаро ҳамжамиятнинг қўлидан бир иш келиши даргумон.
АҚШнинг бу муаммоларни ҳал этишдаги иштироки ҳақида нима дейиш мумкин?
Билишимча, бу қайсидир маънода янга меъёрга айланиб қолади. Сўнгги деярли 30 йил ёки ҳатто 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида шўролар шинели остидан чиққан мамлакатлар қандайдир умумий либерал тартиб ўрнатиши ва ўша тартиб уларни сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан Ғарб дунёсига боғлаши ёки ҳеч бўлмаганда, улар Ғарб либерал қадриятларига мос келадиган сиёсий йўлдан бориши кутилган эди. Шу тариқа, Ғарб мамлакатлари ушбу мамлакатлар ичида ва ўртасида рўй бераётган воқеаларга таъсир кўрсатишга умид боғлаб келди. Албатта, бу Россияга ҳам тааллуқли, лекин билишимча, Россиянинг Ғарб моделлари билан яқинлашувига оид хомхаёллар 10 йил олдин тумандай тарқаб кетган, Украинадаги урушдан сўнг улардан асар ҳам қолмаган эди.
Бугун ЕИ ҳам, АҚШ ҳам ўз тарихининг совуқ уруш тугангандан сўнгги даврга нисбатан интроспективроқ (лот. introspecto — ичкарига қараш) бўлган босқичида турибди. Мен бу ҳол яқин келажакда ўзгаришига ишонмайман. АҚШда – мен Европадан кўра АҚШ ҳақида кўпроқ гапиришим мумкин – бу анчадан бери кузатиляпти. 2000 йилги сайловда Жорж Буш камроқ мақсадларни кўзлаган ташқи сиёсат юргизишни ваъда берганини эсга олиш лозим. У бошқа давлатларга кўмаклашиш эмас, ички муаммоларни ҳал этишга асосий эътибор қаратмоқчи бўлган эди. Бироқ 11 сентябрь воқеалари рўй бергач, ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Аммо кейинчалик – 2008 йилда Барак Обама президент этиб сайланди. У яна қўшинларни Ироқдан олиб чиқиш ва ички муаммолар ечими билан шуғулланишга ваъда берди. Қайсидир даражада бунга эришди ҳам, бироқ юз берган молиявий инқироз яна АҚШнинг бу борадаги ўрнини бошқа биров эгаллай олмаслигини кўрсатди. Трамп энг аввало Америка ишлари билан шуғулланиш ваъдаси билан президент этиб сайланди. Назаримда, сўнгги 20 йил мобайнида АҚШ ташқи сиёсатида расмий Вашингтоннинг Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг зиммасига олган айни мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш тенденцияси – тамойили биринчи ўринга чиқди. Сиёсий истеблишмент – аъёнларга жамиятнинг ушбу талабини тушуниб олиши учун бироз вақт керак бўлди. Бу Трамп маъмуриятида аниқ кўзга ташланди. Ҳатто 2021 йил январида унинг ўрнини анъанавийроқ маъмурият эгаллаган тақдирда ҳам АҚШдаги пандемия, иқтисодий инқироз ва ички сиёсатдаги танглик кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётгани сабабли уларни ҳал этиш ҳар қандай маъмуриятни бутун диққат эътиборини шунга жамлашга мажбур қилиши аниқ.
Шунинг учун регионаллашув кучайиб боради, тахминим бўйича, Россия, Туркия, Хитой ва Эрон сингари регионал аҳамиятга эга мамлакатлар дунёнинг ўзлари бефарқ бўлмаган қисмларида воқеалар динамикасини яратишга интилади. Мен мавжуд воқеликдан келиб чиқиб, асосий динамика шундай бўлади ва у яқин келгусида Евроосиёдаги минтақавий хавфсизликнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланади, деб ҳисоблайман.
Беларусь Ғарб учун ҳамон муҳим мамлакатлигича қолмоқдами? Германия ҳам, Франция ҳам мухолифатга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда, аммо Лукашенко ҳокимиятни сақлаб қоладиганга ўхшайди. Бу яна Ғарбнинг ўзгаришларга таъсир этишга қодир эмаслигини англатадими?
Бу ерда Россия бош ролни ўйнамоқда, ҳар доим шундай бўлган, тўғрими? 10 йилча олдин “Европа қўшничилиги ва Шарқий ҳамкорлик” концепцияси муҳокама қилинганда, ЕИ билан АҚШ Лукашенкога кўпроқ Ғарб сари йўналиши олиши учун таъсир кўрсатишга уриниб кўрган эди. Лекин ҳар доим ҳамма нарса Беларусдаги ички вазият воқелиги, Лукашенконинг фуқаролик жамияти билан муроса қилиш, эркин ва адолатли сайловда қатнашиш, ЕИ билан АҚШни ўзига ёрдам беришга мажбур қилиш учун қандайдир иш қилишни истамаслигига бориб тақалар эди. Унинг далили мамлакатнинг стратегик жойлашуви ҳақидаги “Агар бизга ёрдам бермасангиз, биз Росиянинг таъсирига тушиб қоламиз” деган мантрани такрорлашдан иборатлигича қолмоқда. лекин бу етарли эмас. Шунинг учун Европа Иттифоқи ёки НАТОнинг бир қисми деб билмаса-да, ўзини космополит сифатида намоён қилаётган, мамлакати дунёга очилишига кўпроқ қизиқаётган, европача қарашлари бор ёш авлод бўлишига қарамай, сиёсий тизим жипслигича қолмоқда, бинобарин, Ғарб айни босқичда Лукашенконинг хатти-ҳаракатларига қаттиқ таъсир ўтказа олмайди. Бунинг маъноси шуки, Беларусь қандай қилиб мустақил бўлгани ва ушбу мамлакат қайсидир даражада автономия олиш учун усталик билан ҳаракат қилишга интилаётгани, бироқ, асосан, Россиянинг таъсир доирасида қолаётгани бор гап ва бу шу пайтгача сизу биз кузатаётган динамикадир. Менимча, айни пайтда Лукашенко ҳозирги кунда Россияга ўтмишдагидан кўра кўпроқ муҳтож. Кремлдагилар буни жуда яхши тушунади. Ҳарбий машқлар билан иқтисодий интеграция жадаллашиб, мамлакатларни бир-бирига янада жипсроқ боғламоқда. Бироқ мен Лукашенко Кремлнинг Беларусга нисбатан узоқ муддатли режаларида қолишига ишонмайман. Ҳатто у кетса ҳам, ўрнига Ғарб билан алоқаларни ёқловчи раҳбарият келишига ишониш қийин.
Туркиянинг ўсиб бораётган роли ҳақида нима дея оласиз? Унинг Тоғли Қорабоғ можаросидаги ролини айрим фикрлар Евроосиёда пантуркизм ғоясини илгари сурилиши билан боғламоқда…
Мен Туркия сиёсатининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи пантуркизм ғояси эканига ишонмайман. Бу жамоатчилик эътиборини қозонишга интилаётган, аммо ҳали ишга солинмаган ғоя бўлиб, сиёсатчилар ундан ички сиёсий мақсадларига эришиш йўлида фойдаланади. Бироқ бу ғоянинг Туркия сиёсатининг ўзига хос ҳаракатлантирувчи кучи сифатида имконияти жуда чекланган. Мисол тариқасида Хитойнинг туркий мусулмон аҳолиси яшайдиган Шинжондаги сиёсатига нисбатан Туркиянинг ёндашувига оддий назар ташлаш кифоя. Туркия жамиятида ҳам уйғурлар муаммоларига анча-мунча ҳамдардлик бор, Истанбулда кўп кишилик уйғурлар жамоати истиқомат қилади. Бироқ Туркия ҳукумати бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бераётгани йўқ, чунки унга Хитой инвестициялари керак. Расмий Анқара Пекиннинг таъсирини тан олади ҳамда Ғарб мамлакатлари билан алоқаси ёмон бўлган пайтда Хитойга қарши боришга жазм этмайди. Шунинг учун пантуркизм идеалларига даъват қилиш бир восита, холос. У мавжуд, Туркияда уни жамоатчиилк қўллаб-қувватлайди, бироқ ундан фақат керак бўлган ҳолларда фойдаланилади.
Шундай қилиб, Туркиянинг Евроосиёдаги мотивлари қандай? Му – жуда мураккаб савол. Туркиянинг ҳозиргидай сиёсат юргизиши сабаблари унинг Ғарбдан стратегик намуна – улги олиши инқирозга юз тутгани билан боғлиқ. Совуқ уруш даврида айни улги устувор парадигмага айланган эди. Совуқ уруш тугаши ва Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши билан Туркиянинг бугунги дунёдаги ўрнини кенгроқ кўриш концепциясини, хусусан, Болқон ярим оролидан Кавказгача ушбу мамлакатнинг тарихий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлган ҳудудлар билан бирлашиш орқали амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Ва айни ҳолатни Туркия сиёсий доиралари кенг миқёсда қўллаб чиқди. Туркияни Европа давлати эмас, минтақадаги йирик давлат деб билиш концепцияси Ғарб билан Туркия ўртасидаги муносабатлар бузилганини англатади. Ғарб дунёсининг энди Туркиянинг демократияга оид нуқсонларига нисбатан муроса қилиши камайди. Туркия эса ўз навбатида ЕИга кириши учун берилган ваъдалар бажарилмаганини, АҚШ эса ўзига Сурияда хиёнат қилганини айтиб келади. Шунинг учун расмий Анқара тез-тез ўзини хос стратегик изоляцияда қолиб кетган мамлакат сифатида ҳис қилмоқда. Ғарбга юзланиш ва Совет Иттифоқи ёки Россия билан икки қутбли шароитда Ғарбнинг олд марраси деб қараш ўрнига Туркия ўзининг бугунги дунёдаги ўрнини тафтиш қилиш йўлидан борди. Энди Туркияга на Шарқ ва на Ғарбга боғланмаган, ўз минтақасини қайта тузаётган, қўшнилари билан қайта бирлашаётган, бошқа мамлакатлар ва бошқа ташкилотлар – ЕИ, Россия ёки АҚШ – билан кўпинча ўз концепциялари асосида ҳамкорликни йўлга қўяётган мамлакат сифатида кўп эътибор қаратилмоқда. Туркиянинг нафақат Евроосиё билан, қолаверса, бошқа минтақалар: Ливия, Ироқ, Сурия, Шарқий Ўрта ер денгизи, Кипр ва ҳк.даги кенгайтирилган ҳамкорлиги ортида ана шу концепция турибди, деб ўйлайман. Ҳаммага маълум иқтисодий чекловлар ва мавжуд ички беқарорлик ҳисобга олинса, Туркия ушбу йўналиш барқарорлигини таъминлай олиш ёки олмаслигини вақт кўрсатади.
Евроосиёнинг айрим қисмлари учун Ғарб модели ҳалигача жозибали бўлиб қоляпти, дея оласизми?
Менимча, ҳозирча Ғарбнинг либерал демократия модели жозибалилигича қолмоқда ва у Евроатлантика Ғарбидан ташқарида ҳам сиёсий ўзгаришларни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Агар мамлакатларнинг ушбу йўлдан боришга рағбати бўлса, буни амалга оширса бўлади, фикримча, НАТО ва ЕИга кириш истиқболи айнан шу ўринда чиндан ҳам муҳим ҳисобланади. ЕИга билан интеграциялашув бўйича аниқ режаси бўлган мамлакатлар, умуман олганда, бундай режаси бўлмаган мамлакатлар билан солиштирганда, либераллаштириш, демократлаштириш бўйича анча кўп ишларни бажарди. ЕИга аъзо бўлишига аниқ йўл кўрсатилган мамлакатлар, афтидан, бундай олға силжишга эриша билди ҳам. Шу пайтгача бундай рағбат мумкин ва фойдали бўлиб келган эди. Энди эса сизу биз ЕИ сиёсий нуқтаи назардан бундай рағбатларни таклиф этиши қийин бўлган пайтда яшаяпмиз. Албатта, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари ЕИга аъзо бўлиши тўғрисидаги ғоя ҳар доим уйдирма бўлиб келган. Лекин хабарингиз бор, бугун Грузияда НАТОга кириш имконияти муҳокама қилинмоқда. Аммо ЕИга кириш истиқболи ҳақида бир нарса дейиш қийин, шунинг учун АҚШ ва ЕИ ушбу Евроосиё мамлакатларида бундай сиёсий ўзгаришларни тарғиб қилиши жуда мураккаб кечади.
Брюссель билан Вашингтон бу мамлакатларда таъсир кўрсатиш имконияти борлигидан фойдаланиб, либераллаштириш, демократия, инсон ҳақларини ҳурмат қилиш, можароларни тинч йўл билан ҳал этишни тарғиб қилиши ёки рағбатлантириши лозим бўлади. Лекин бор ҳақиқат шуки, Евроосиё ҳақида сўз кетганда – бу контекстда Кавказ ва Марказий Осиё минтақаси назарда тутилмоқда – пировардида АҚШ ва ЕИ бу ерда катта таъсир ўтказиши қийин бўлади. Буни Тоғли Қорабоғдаги воқеалар мисолида кўрдик. На Вашингтон, на Париж ва на Брюсселнинг қўлидан ҳеч нарса келмади. Бу қисман ўша жойлардаги ички муаммолар билан боғлиқ. Яна бир қисман гап шуки, айнан Россия, Туркия ва қисман Эрон сингари минтақадаги етакчи мамлакатларнинг бу ердаги воқеаларга таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд. Шунинг учун АҚШ билан ЕИнинг воқеаларга таъсир ўтказишга ва ушбу мамлакатларни либерал ва демократик йўналишда ҳаракатланишга рағбатлантиришга иштиёқи қанчалик кучли бўлмасин, Вашингтон ёки Брюсселнинг бу борадаги имкониятлари челангани аниқ деб биламан.