Сурат манбаси: intex-press.by
Эрика Ченовет Жон Ф. Кеннеди номидаги Ҳарвард давлат бошқаруви мактабининг инсон ҳуқуқлари ва халқаро муносабатлар бўйича профессори ва Рэдклифф номидаги истиқболли тадқиқотлар институти профессори. У халқаро миқёсда эътироф этилган мутахассис, 2013 йилда Foreign Policy журнали талқини бўйича “Жаҳоннинг 100 нафар энг машҳур мутафаккири” рўйхатига киритилган.
Сўнгги 50 йилда куч ишлатмай қаршилик кўрсатиш фуқаролик ҳаракатининг энг кўп тарқалган шаклига айланди. Бироқ ушбу ҳаракатлар дунё бўйлаб 2010-йилларда авжига чиққан бўлса-да, уларнинг самарадорлиги пасая бошлади. Эрика Ченоветнинг “Куч ишлатмай қаршилик кўрсатиш келажаги” (Chenoweth, Erica. “The Future of Nonviolent Resistance.” Journal of Democracy 31, no. 3 (2020): 69–84.) номли мақоласида охирги юз йилликда дунё мамлакатларида рўй берган оммавий норозиликлар, иш ташлаш ва намойишлар тарихи ва уларнинг келажаги ҳақида сўз юритилади. Қуйида ушбу мақоланинг қисқартирилган таржимаси эътиборингизга ҳавола қилинади.
2019 йили инсоният тарихида илк марта фуқаролар ҳаракатларининг энг йирик зўравонликсиз оммавий тўлқини рўй берган бўлса ажаб эмас. Ўнлаб мамлакатларда оммавий норозиликлар, иш ташлаш ва намойишлар мисли кўрилмаган миқёсда бўлиб ўтди. Гарчи 2011 йил норозилик билдирувчилар йили деб аталган бўлса-да, 2019 йилнинг ушбу номга сазовор бўлиш учун ундан ҳам кўпроқ асоси бор. Айрим ҳолларда бу намойишлар аянчли оқибатларга олиб келди. 2019 йил апрелида Дарфурдаги юз минглаб кишиларнинг оммавий қирғинига бош-қош бўлган, 1990-йилларда жиноий гуруҳларга бошпана берган ҳамда рақибларини ҳибсга олиш, қийноқ ва қатл этиш билан таниқли суданлик мустабид ҳукмдор Умар ал-Башир ҳокимиятдан кетди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, Жазоир президенти Абдулазиз Бутефлика ҳам “Табассум инқилоби” деб аталган оммавий норозиликлар сабаб лавозимидан четлатилди. 2019 йил июлида Пуэрто-Рико губернатори юз минглаб пуэрто-риколиклар оммавий намойишларга йиғилиб, иш ташлаганини эълон қилгандан сўнг истеъфога чиқди. Ўша йил октябридан бошлаб Ироқ, Ливан ва Боливия сингари турли мамлакатларда юз берган норозилик ҳаракатлари натижасида ҳукуматлар истеъфога чиқди. Чилидаги қатъий тежаш тадбирларига қарши норозиликлардан сўнг ҳукуматнинг молиявий сиёсат бўйича узоқ муддатли музокара бошлади. Ҳонгконгда жиноятда гумон қилинган кишилар ҳақидаги Пекин манфаатларини ёқловчи қонун қабул қилинишига қаршилик кўрсатиш учун майдонга чиққан етакчиларсиз ҳаракат оммалашиб кетди, 2019 йил ноябридаги маҳаллий сайловда демократия тарафдори бўлган партия ғолиб чиқди. Минглаб ҳиндлар фуқароликни рўйхатга олиш режаларига қаршилик кўрсатишга бағишланган оммавий кампанияга йиғилиб, Ҳиндистон бош вазири Моди ва унинг ўнг қанот сиёсатига жиддий қаршилик кўрсатди. Агар ушбу қонун қабул қилинса, миллионлаб мусулмонлар фуқароликсиз қолиши тайин эди. АҚШда 2017 йилдан бери ирқий адолат, ўқ отувчи қуроллар назорати, аёллар ҳуқуқи, иқлим билан боғлиқ адолат ва LGBTQ[1] ҳақларига риоя қилиш талаблари билан сафарбар қилинган оммавий ҳаракатлар тўлқини тўхтамаяпти.
Шунга қарамасдан, 2020 йилда дунё бошига ёпирилган глобал пандемия – ва ҳукуматларнинг уни бартараф этиш учун кўрган жавоб чоралари – одамларни оммавий намойишлардан воз кечишга мажбур қилди. Пандемия билан боғлиқ танаффус сўнгги йилларда оммавий норозилик ҳаракатлари сабаб вужудга келган жиддий муаммоларга эътибор қаратишни тақозо этади. Гарчи сўнгги ўн йилликда куч ишлатмай қаршилик кўрсатиш кампаниялари янги энг авж нуқтасига етган бўлса-да, улар самарадорлиги пандемия тарқалмасидан олдин пасая бошлаган эди. Бунинг сабабини ҳаракатлар тузилмасидаги ўзгаришлар ва имкониятлардан қидириш керак бўлади. Қизиғи шундаки, коронавирус пандемияси муносабатларни қарор топтириш, оммавий тадбирларни ташкиллаштириш, оммани жалб қила оладиган дастурлар стратегияси ва уларни ишлаб чиқишга эътибор қаратиш орқали ушбу асосий муаммолардан айримларини ҳал этишга ёрдам берган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Кейинроқ 2020 йилда кўплаб ҳаракатлар, жумладан, Америка Қўшма Штатларида узоқ муддатли ўзгаришларга эришиш учун қайта майдонга чиқди.
Оммавий норозиликларда куч ишлатмаслик шаклининг кенгайиши
Куч ишлатмай қаршилик кўрсатиш норозиликлар, намойишлар, иш ташлаш ва музокарадан воз кечиш орқали ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва сиёсий мақсадларга эришиш учун рақибига қарши турадиган кураш усули ҳисобланади. Айрим ҳолларда ушбу ҳаракатлар (куч ишлатмай зўравонликсиз ҳаракатлари) бутун дунёдаги сиёсий ҳаракатларнинг таянчига айланди. Масалан, 1900 йилдан 2019 йилгача бўлган давр мобайнида жами 628 та кескин талаблар қўйган оммавий кампания рўй берди, уларнинг 325 таси тўлиқ зўравонликсиз фуқаролик кампаниясига таянган. 1970-йиллардан бошлаб зўравон исёнчилар ҳаракатлари сони қисқариб борган, қаршиликсиз кампаниялар эса кенгроқ тарқалган. Аммо сўнгги ўн йилликда (2010 йилдан 2019 йилга қадар) 1900 йилдан бери энг кўп куч ишлатмай оммавий норозилик ҳоллари рўй бергани баробарида, 96 тадан кам бўлмаган энг кескин талабларни олиб чиққан куч ишлатилмаган кампанияси кузатилди. Фақат 2019 йилда 15 та оммавий зўрвонликсиз кампания бошланди, уларнинг яна 24 таси 2019 йил охирига қадар давом эттирилди.
Бунинг бир неча ижтимоий сабаблари бор. Биринчидан, дунёда тобора кўпроқ кишилар куч ишлатмай оммавий норозилик билдиришни ўзгаришларга эришишнинг нисбатан қонуний ва самарали усули деб ҳисоблаётган кўринади.
Иккинчидан, янги ахборот технологиялари воқеалар ҳақида маълумот олишни соддалаштиради. Интернетдан фойдаланиш имконияти кенгайиб боргани сари тобора кўпроқ одамлар хабарлар билан газеталар вебсайтлари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа кўплаб онлайн манбалар орқали танишмоқда. Монголиядаги кишилар Малави аҳолисининг турли тадбирлари ҳақида ўқиб билиши, улардан илҳомланиши ва ўрганиши мумкин. Тобора кенг тарқалаётган ва самарали кураш воситасига айланаётган фуқаролик қаршилиги бутун дунёдаги хабар агентликлари ва олимларнинг эътиборини кўпроқ жалб қилади. Янги алоқа каналларидан фойдаланишга ўтган одамлар ўзига ҳамфикр деб билган бошқа кишилар билан мулоқот қила бошлайди. Айни чоқда ахборот оқимини илгаригидай осон назорат қилиш қийин масалага айланмоқда.
Учинчидан, зўравонлик бозори қисқариб бормоқда. Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши билан зўравон гуруҳларни ташқаридан қўллаб-қувватланиши кескин пасайди. Совуқ уруш даврида АҚШ билан СССР Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги ўнлаб қўзғолончилар гуруҳларини қўллаб-қувватлаб, молиявий жиҳатдан таъминлаб турар эди. 1991 йилдан сўнг кучлар мувозанатининг глобал миқёсда ўзгариб кетиши ушбу билвосита – by proxy[2] қарама-қаршиликка амалда чек қўйди.
Тўртинчидан, урушдан сўнгги даврда адолат, инсон ҳақлари ҳимояси ва кераксиз зўравонликка йўл бермаслик сингари қадриятлар тарафдорлари тобора кўпайиб бормоқда. Эҳтимол, ушбу меъёрий силжиш аҳолининг инсон ҳақларини ҳимоя қилиш усули сифатидаги фуқаролик ҳаракатига қизиқишини ошириб юборгандир. Ўтмишдагидан кўра уруш даҳшатлари ҳам, унга муқобил бўлган бошқа воқеликлар ҳам яққол кўзга ташланиб қолди.
Бешинчидан, яна бир хавотирли ҳолат шуки, одамлар бугун оммавий норозиликда қатнашиш учун олдингидан кўра мойилроқдир. Сўнгги ўн йилликда демократик ҳукуматлар тез-тез халқнинг қўллаб-қувватловини йўқотиб, ўрнини авторитар режимларга бўшатиб бера бошлади. Кейинги йилларда демократик ҳақларнинг емирилиши 2017 йилдан бери Миср, Венгрия ва Туркия сингари авторитар мамлакатларда ҳам, Бразилия, Польша ва АҚШ сингари демократик мамлакатларда ҳам оммавий норозилик ҳаракатларини келтириб чиқарди. Трамп ҳокимиятга келиши билан АҚШдаги кўплаб кишилар фуқаролик ҳаракати назарияси ва билимларига мурожаат қилиб, ушбу ғояларни ҳаётга татбиқ қилиш йўлига ўтди. АҚШнинг демократия соҳасида глобал кун тартибидан чекиниши – ва Қўшма Штатларнинг ўзида демократия институтининг емирилиши – мавжуд институтлар ирқий адолат, иқлим ўзгариши, ижтимоий соғлиқни сақлаш ва тенгсизликнинг ўсиши сингари кечиктириб бўлмайдиган сиёсий муаммоларни ҳал этишга тайёрлиги ёки уларни ҳал этишга қобиллигига оид ишончга путур етказди. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ёшлар сони ортиб бормоқда ва ушбу демография босими иш ўринлари, таълим ва иқтисодий имкониятларга талаб ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Айрим жойларда олий маълумотли ёшлар мисли кўрилмаган даражада ишсизлигича қолмоқда. Пандемия бутун дунёда иқтисодий рецессия келтириб чиқармасидан бурун аҳолининг иқтисодий адолат ва имкониятларга оид кутилмалари 2008 йилги молиявий инқироз оқибатида заифлашиб қолган мамлакатлар иқтисодиётидаги ҳафсалани пир қилувчи воқеликка дуч келди.
1980-йиллар охири – 1990-йиллар бошида Совет Иттифоқи қўллаб-қувватлаб келган давлатларда оммавий норозиликлар 3 та ўн йилликнинг кескин ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Ушбу силжишларнинг барчаси – тўлиқ ёки қисман – барқарор оммавий фуқаролик ҳаракатлари натижаси бўлди. Дарҳақиқат, демократлаштиришнинг учинчи ва тўртинчи тўлқини маълум маънода ҳукуматларидан индивидуал сиёсий ҳақлар ва адолатли сайловга асосланган масъулият, эркин матбуот, жиноятларни судда кўриб чиқишнинг адолатли тизими ва ҳоказоларни кенгайтиришни талаб қилувчи ҳаракатлар сабаб юзага келган эди. Сўнгги 120 йил давомида бошланиб, ниҳоясига етган 565 та кампания орасида куч ишлатилмаган кампанияларнинг қарийб 51 фоизи тўлиқ натижага эришган. Бундан ташқари, фуқаролик ҳаракати кампаниялари ўтказилган мамлакатларда демократик уюшқоқлик, нисбий зиддиятсиз барқарорлик даврлари учун имкониятлар ва ҳаёт сифатининг турли кўрсаткичлари фуқаролар урушини бошидан кечирган мамлакатлардагига нисбатан юқори бўлган.
Албатта, фуқаролик ҳаракати кампаниялари ҳар доим ҳам тинчлик ва тараққиётга олиб келмайди. Сурияда 2011 йили вужудга келган можаро деярли 10 йилдан бери давом этмоқда ва жорий асрдаги энг кўп қон тўкилган фуқаролик урушига айланиб кетди, 3 миллиондан ошиқ кишининг мамлакатдан чиқиб кетишига сабаб бўлди. 2011 йилда АҚШ қўллаб-қувватлаган Баҳрайн ҳукумати у ерда ҳукмронлик қилаётган монархияга қарши чиққан зўравонликсиз ҳаракатни бостирди. Украинада эса оммавий норозиликлар натижасида 2014 йил февралида Россия қўллаб-қувватлаб турган Виктор Янукович ҳокимиятдан четлаштирилди, бироқ кейинчалик бу ҳолат Қримни аннексиясига ҳамда Украина шарқидаги урушни бошланишига олиб келди.
Шунга қарамай, статистика сўнгги ўн йилликда зўравонликсиз кампаниялар ўтмишга нисбатан кўпроқ муваффақият қозонганини кўрсатмоқда. Тахминан 1960-йиллардан 2010 йилга қадар инқилобий зўравонликсиз кампаниялариннг кўрсаткичлари 40 фоиздан юқори бўлиб келди, 1990-йилларда эса 65 фоиз қадар ўсди. Аммо кейинчалик бу кўрсаткичлар пасайди. 2010 йилдан бошлаб зўравонликсиз ҳаракатларнинг 34 фоиздан камроғи, куч ишлатилган ҳолларда эса, бор-йўғи, 8 фоизи ўз натижаларига эришди.
Шу тариқа, сўнгги ўн йилликда қизиқарли ҳолат юзага келди: ҳатто фуқаролик ҳаракати оммавий норозиликларнинг энг кўп тарқалган тури бўлса ҳам, унинг самараси – камида қисқа истиқбол учун – пасайди.
Хўш, нима ўзгарди?
Фуқаролик ҳаракати кампаниялари самарадорлиги пасайишининг улар ҳаракат қилаётган муҳит ўзгариши билан боғлиқ энг қизиқ важ-карсонлари қуйидагича.
Биринчидан, ҳаракатлар кўп йиллик курашларда тобланган ҳамда маҳаллий иттифоқчилари ва асосий гуруҳлар қўллаб-қувватлаётган мустаҳкам режимлар билан тўқнаш келди; улар катта таъсир кучига эга халқаро тарафдорларининг дипломатик паноҳига эгадир. Беларусь, Эрон, Сурия, Туркия ва Венесуэла каби мамлакатлар ҳукуматлари қуйи табақалар норозиликларидан мутлақо чўчимаслигини кўрсатди. Бироқ бу важнинг ўзига яраша камчиликлари бор. Судандаги Башир ҳукумати барқарор ва енгилмас бўлиб кўринар эди. Шундан сўнг экспертлар ўша режимлар заиф экани ҳақида гапира бошлади. Лекин тарихнинг Аугусто Пиночет давридаги Чили, Эрих Хонеккер давридаги Шарқий Германия, Ҳусни Муборак давридаги Миср ва коммунистик Польша сингари бир пайтлар барқарор бўлган тизимлар кўп йиллик саъй-ҳаракатларнинг энг авж нуқтаси бўлган ва пухта ўйлаб уюштирилган сафарбарликдан сўнг мағлубиятга учраган эди.
Иккинчидан, ҳукуматлар қуйидан бўлаётган норозилик ҳаракатларидан кўп нарса ўрганиши ва уларга мослашиши лозим. Айрим давлатларда ҳукумат кўпинча оммавий норозиликлар қўққисдан бошланиб кетишидан ажабланган ҳамда ўша намойишларни куч йиғиб, кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришганига қадар бостириб улгурмаган. Аъёнлар кўпинча юзага келган вазиятни етарли баҳолай олмаган. Бугун муваффақиятга эришган зўравонликсиз кампанияларнинг тарихий тажрибасини ҳисобга олиб, давлат арбоблари бундай ҳаракатларни ҳақиқий таҳдид сифатида қабул қилади.
Учинчидан, 2016 йилда Доналд Трамп президент этиб сайланиши билан Қўшма Штатлар демократияни ёқловчи кун тартибига асосланган буюк давлатнинг глобал ролидан чекинди. Гарчи кўпчилик ушбу кун тартибини неоимпериализмнинг либерализм билан ниқобланган янги шакли сифатида танқид қилган бўлса-да, АҚШ ва Ғарбнинг бошқа етакчи мамлакатлари ўрнатган либерал халқаро тартиб ҳам ҳуқуқ ҳимояси режимлари кенгайиши билан бир вақтга тўғри келди ҳамда ушбу режимлар инсон ҳақлари ҳимоясига отланган давлат ва нодавлат ташкилотлари ташкил этилишига сабаб бўлди. Ниҳоят, Қўшма Штатлар урушдан кейинги даврда ўнг қанот автократлари, жумладан, Эронда шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий, Конгода Жозеф Мобуту, Чилида Аугусто Пиночет сингари ўзи қўллаб-қувватлаган давлат тўнтаришлари оқибатида ҳокимиятга келганларга кўмаклашишнинг узоқ тарихига эга.
Айни чоқда куч ишлатмаслик кампаниялари самарадорлиги пасайишининг энг ишонимли изоҳлари ўша кампанияларнинг ўзгараётган характери билан боғлиқ.
Биринчидан, ўтмиш билан солиштирганда ва ўртача олганда, фуқаролик ҳаракати кампаниялари сони қисқарди. 2010 йилдан бошлаб йирик-йирик оммавий намойишлар бўлиб ўтди. 2017 ва 2019 йилларда миллионлаб кишилар Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши норозилик намойишларига чиқди. Чилида эса 2019 йил октябрида президент Себастян Пинйера ҳукуматига қарши рўй берган норозиликлар, хабар қилинишича, бутун мамлакат бўйлаб миллион кишини жалб этди. Гарчи жамоат жойларига йиғилган тумонат одам акс этган тасвирлар кўрсатилган бўлса-да, умуман олганда, ушбу ҳаракатлар авжига чиққан пайтларда 1980-йиллар охири ва 90-йилларда рўй берган ҳаракатларга нисбатан камроқ муваффақият қозонди. 1980-йилларда куч ишлатмаслик кампанияси ўтказилган жойларда, ўртача олганда, мамлакат аҳолисининг 2 фоизга яқини иштирок этган. 1990-йилларда эса аҳолининг 2,7 фоизи кампанияда қатнашган. Бироқ 2010 йилдан бошлаб, иштирокчиларнинг ўртача қатнашиши даражаси, бор-йўғи, 1,3 фоиз бўлди, ушбу кўрсаткич 2000-йиллардан бошлаб пасайиб келди. Бу – жиддий ўзгариш.
Иккинчидан, замонавий ҳаракатлар умумий иш ташлаш, оммавий фуқаролик бўйсунмаслиги сингари усулларни менсимай оммавий намойишларга ҳаддан зиёд таянишга мойилдир. Бироқ умумий иш ташлаш ва уйдан чиқмаслик сингари музокарадан воз кечиш усуллари иқтисодий ҳаётга жуда катта зарар етказиши мумкин. Учинчи муҳим омил ҳаракатларнинг оммавий намойишлар ва маршларга керагидан ортиқ таяниши билан боғлиқ: яқинда рўй берган ҳаракатлар ишни рақамли воситалар, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали ташкил қилишга суяниб қолаётганини кўрсатди. Бунинг ҳам кучли, ҳам заиф жиҳатлари бор. Бир тарафдан, рақамли воситалар ёрдамида ташкил қилиш қисқа муддатда иштирокчиларни оммавий тарзда йиғиш имконини беради. Бироқ бунинг натижасида вужудга келадиган ҳаракатлар ўз миқдорини режалаштириш, музокара юритиш, умумий мақсадларни белгилаб олиш ва бошқа маънода унинг самарали ташкил қилинишига унчалик қобил бўлмайди.
COVID-19 пандемияси бутун дунё бўйлаб фуқаролик ҳаракатини ижтимоий масофаланиш чекловлари сабаб тўхтатиб қўйди. Аммо оммавий намойишлар даври на Қўшма Штатларда ва на бошқа жойларда тез орада барҳам топиши даргумон.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] LGBTQ (ингл.) – жинсий камсонли гуруҳларни англатувчи қисқартма: lesbian – ҳамжинслари билан ишқий муносабат қилувчи аёл, gey – гей, bisexual – ҳам эркаклар, ҳам аёллар билан ишқий муносабат қилувчи киши, transgender – жинси номаълум киши, quuer – жинс масаласида иккиланувчи киши).
[2] By proxy (ингл.) – бировнинг қўли билан, билвосита.